ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Қишлоқ ва сув хўжалигининг давлат томонидан тартибга солиниши ва қўллаб-қувватланиши /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20.03.2019 й. ПҚ-4246-сон "Ўзбекистон Республикасида боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

20.03.2019 й.

N ПҚ-4246



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

БОҒДОРЧИЛИК ВА ИССИҚХОНА ХЎЖАЛИГИНИ

ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Боғдорчилик тармоғи ва иссиқхона хўжаликларида бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этиш, шунингдек, замонавий ресурс тежамкор технологиялар асосида юқори сифатли, рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтириш мақсадида:

2. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигининг (кейинги ўринларда - Агентлик) асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

интенсив мева-сабзавотчилик, узумчилик ва иссиқхона хўжаликларини барқарор ривожлантиришни таъминлашга қаратилган мақсадли комплекс дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

замонавий ресурс тежамкор технологияларни, шу жумладан томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимларини қўллаган ҳолда интенсив мева-сабзавотчилик, хўраки, кишмишбоп узум плантациялари ва иссиқхона хўжаликлари майдонларини кенгайтириш, шунингдек, бозор конъюнктураси таҳлилини ҳисобга олган ҳолда, интенсив усулда етиштириладиган мева-сабзавот, узум маҳсулотлари турларини кўпайтириш чораларини кўриш;

ҳудудларнинг тупроққлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда, боғдорчилик, узумчилик ва иссиқхона хўжалигида илмий ютуқлар, илғор илмий ишланмалар ва интенсив агротехнологиялардан кенг фойдаланишни ташкил этиш;

узумнинг хўраки ва кишмишбоп навлари плантацияларини кенгайтириш, узумчилик корхоналарини комплекс модернизациялашга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, экспорт салоҳиятини ошириш;

Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда боғдорчилик хўжаликлари, хўраки, кишмишбоп узум плантациялари ва иссиқхона хўжаликларига халқаро сертификатлаш стандартларини жорий этишда кўмаклашиш;

мева-сабзавотчилик, узумчилик маҳсулотларини сақлаш, саралаш, қайта ишлаш ва экспортини ташкил этиш, шунингдек, ушбу соҳаларда "даладан растагача" тамойили асосида қўшилган қиймат занжирини яратувчи мева-сабзавотчилик кластерлари (кооперациялар) фаолиятини ривожлантириш;

бозорлар конъюнктураси бўйича чуқур маркетинг тадқиқотларини ўтказиш йўли билан рақобатбардош маҳсулот етиштириш, уни сотишни ташкил қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида соҳага маҳаллий ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишга кўмаклашиш;

ташқи бозорларда талаб юқори бўлган мева ва узум навларини жойлаштириш ва етиштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

интенсив мева-сабзавотчилик, узумчилик ва иссиқхона хўжаликлари соҳасида мутахассисларни ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш, инновацияларни ривожлантириш ва жорий этиш масалалари бўйича маҳаллий ва хорижий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари, хорижий ташкилотлар ва тармоқнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги билан биргаликда боғларва иссиқхона хўжаликлари майдонларининг ҳамда узум плантацияларининг электрон реестрини юритиш.

4. Белгилансинки:

а) Агентлик:

ўз фаолияти бўйича Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;

б) Агентлик директори:

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартлари бўйича вазир ўринбосарига тенглаштирилади;

в) Агентлик директорининг ўринбосари Агентлик директорининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

6. Юридик шахс мақомига эга бўлмаган Агентлик қошидаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) ташкил этилсин ва уни шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги қошидаги "Электрон онлайн-аукционларни ташкил қилиш маркази" давлат унитар корхонасининг очиқ савдоларида сотилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бошланғич баҳосидан ошган сумманинг 50 фоизи;

халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотларининг кредитлари (қарз маблағлари) ва грантлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа маблағлар.

Белгилаб қўйилсинки, Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадлар учун сарфланади:

интенсив мева-сабзавотчилик, хўраки, кишмишбоп узум плантациялари ва иссиқхона хўжаликларини барқарор ривожлантиришни таъминлашга қаратилган мақсадли комплекс дастурларни амалга ошириш;

боғларда, хўраки, кишмишбоп узум плантацияларида ва иссиқхоналарда ирригация тадбирларини ўтказиш, жумладан, сув етказиб бериш, артезиан қудуқлари, қудуқлар ва резервуарлар барпо этиш, сув етказиб бериш учун насос ва қувурлар, сув сақлаш учун сиғимлар харид қилиш;

маҳаллий шароитда етиштирилган интенсив кўчатлар (пакана ва ярим пакана) ҳамда пайвандтагларни сотиб олиш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар ажратиш;

Агентлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар (лойиҳа офислари)нинг ҳамда "Агросервис оператор" ДУКнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жамоа шартномасига мувофиқ ходимларни моддий рағбатлантириш, устамалар тўлаш;

интенсив мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳаларига хорижий мутахассислар ва консультантларни жалб этиш, шунингдек, Агентлик ходимлари, боғбонлар ва иссиқхона хўжаликлари эгаларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

Агентлик зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа тадбирлар.


7. Белгилансинки:

а) суғориладиган ерлар ҳисобидан боғдорчилик, узумчилик ва бошқа кўп йиллик дарахтзорлар ҳамда енгил типдаги иссиқхоналарни ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хулосасига асосан амалга оширилади;

б) томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш асосидаги сув тежовчи суғориш технологияларини жорий қилган янги ташкил этиладиган боғлар, хўраки, кишмишбоп узум плантациялари ва иссиқхона хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш Жамғарма ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қуйидагилар учун субсидия ажратиш орқали амалга оширилади:

юқорида кўрсатилган сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этишга қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда;

майдони 35 гектардан зиёд боғларда сув чиқариш учун бурғиланган қудуқни, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортиш учун насос станциясини қуришга ҳар 35 гектар учун 120 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда;

хўраки ва кишмишбоп узум токзорларида ирригация тадбирларини ўтказиш, жумладан сув етказиб бериш, артезиан қудуқлар, қувурлар ва резервуарлар барпо этиш, сув етказиб бериш учун насос станцияларини қуриш, сув сақлаш учун сиғимлар сотиб олишга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорда;

сувдан фойдаланиш мақсадида туташ ҳудудларда жойлашган ҳар бирининг умумий майдони 35 гектардан ошмайдиган бир неча фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ўзаро келишуви асосида сув чиқариш учун бурғиланган қудуқни, шунингдек дарёлар, каналлар ҳамда бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортишга насос станциясини қуриш учун сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш бўйича ваколатли органлар томонидан бериладиган тегишли рухсатномага асосан ҳар 35 гектар майдонга 120 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда субсидия ажратилиши белгилансин;

Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан субсидияларнинг бошқа суммалари ҳамда боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини молиялаштиришнинг қўшимча йўналишлари белгиланиши мумкин.


8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда бир ой муддатда мева маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг сув тежовчи технологияларни жорий қилишга кетган сарф-харажатларини қоплаш тўғрисидаги низом лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:

а) 2019 йил 1 августга қадар мавжуд мевали боғлар ва иссиқхона хўжаликларини ҳар бир фермер хўжалиги, қишлоқ хўжалиги корхонаси кесимида яроқсиз ва иқтисодий жиҳатдан самарасиз боғлар ва иссиқхона хўжаликларини аниқлаш нуқтаи назаридан хатловдан ўтказсин ва иқтисодий самарадор янги боғлар ва иссиқхона хўжаликларини барпо этиш бўйича таклифлар киритсин;

б) 2019 йил 1 сентябрга қадар:

кейинчалик мева маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига тавсиялар бериб бориш мақсадида мевали кўчатларнинг юқори ҳосилли навларини танлаб олиш ва уларни етиштиришнинг ҳудудий чегараларини аниқлаш нуқтаи назаридан табиий-қишлоқ хўжалиги бўйича районлаштиришни амалга оширсин;

ишлаб чиқарувчи, ер участкаси, боғларнинг ҳолати, навлар, барпо қилинган вақти ва бошқа кўрсаткичларни ўз ичига олган боғ плантациялари ва иссиқхона хўжаликларининг ягона электрон реестрини шакллантирсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси 2020 йил 1 январга қадар муддатда ўзлаштирилмаган ерларда ер ости сув ресурсларининг мавжудлиги ва уларнинг қишлоқ хўжалигида фойдаланишга яроқлилигига алоҳида эътибор қаратиб, мавжуд ер ости сув ресурсларининг миқдори ва сифати тўғрисидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда ер ости сувлари хариталарини ишлаб чиқсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда мавжуд мевали боғлар ва иссиқхона хўжаликларини хатловдан ўтказиш якунларидан сўнг икки ой муддатда экспортбоп сифатли мева маҳсулотлари ҳажмини кенгайтириш мақсадида ҳудудлар кесимида янги интенсив боғлар ва иссиқхона хўжаликлари барпо этиш бўйича манзилли чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда мевали дарахт ва буталарнинг уруғлик материаллари ва кўчатларини ишлаб чиқарувчи ва реализация қилувчи корхоналар фаолиятини тартибга солиш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

2019 йил 1 октябрга қадар ўз веб-сайтида ҳудудлар ва маҳсулот ишлаб чиқарувчилар кесимида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг навлари, турлари ва прогноз кўрсаткичлари, пишиш вақти тўғрисидаги зарур маълумотларни олиш имконини берувчи ахборот платформасини ишга туширсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги икки ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда республикадаги боғдорчиликка ихтисослаштирилган туманларда "ишлаб чиқариш - тайёрлаш - сақлаш - қайта ишлаш - қадоқлаш (тара) - ташиш - ички ва ташқи бозорларга етказиб бериш" тамойили асосида занжир шакллантиришни назарда тутувчи мева савдо-логистика марказларини;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда стратегик импортёр давлатлар ҳудудида улгуржи тақсимлаш марказлари қошида савдо корхоналарини ташкил этиш юзасидан таклифлар киритсин.


14. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бир ой муддатда:

а) қуйидаги низомларни тасдиқлашни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги қошидаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси тўғрисидаги;

б) Агентликни унинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун зарур назарий билимлар ва амалий кўникмаларга эга юқори малакали мутахассислар билан тўлдирсин.


15. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Агентликнинг 2019 йилда ушбу қарорни амалга ошириш доирасидаги харажатларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида маблағ ажратсин ҳамда 2020 йилдан бошлаб ҳар йили зарур бюджет маблағларини назарда тутсин;

Агентликка 4 та автотранспорт воситаси, шу жумладан, 2 та шахсий бириктирилган автотранспорт воситасини сақлаш учун лимит белгиласин;

Агентликнинг асослантирилган ҳисоб-китобларига биноан унинг маъмурий биносини таъмирлаш ҳамда моддий-техника базасини шакллантириш учун зарур ускуналар ва ахборот-коммуникация технологияларини сотиб олишга маблағлар ажратилишини таъминласин.


16. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳри, Абай кўчаси, 6-уй манзили бўйича жойлашган бинонинг бир қисмини Агентликнинг оператив бошқарувига берилишини таъминласин.


17. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Агентлик зарур алоқа, шу жумладан, ҳукумат алоқаси билан ва кенг полосали интернет тармоғига уланишини белгиланган тартибда таъминласин.


18. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Ж. Вахабов ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаевга - Агентлик фаолиятини ташкил этиш бўйича масалаларни, ташкилий-техник, молиявий, ҳуқуқий ва бошқа тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, мавжуд мевали боғлар ва иссиқхона хўжаликларини хатловдан ўтказишни самарали мувофиқлаштириш юзасидан;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимларига - боғлар, узумзорлар ва иссиқхона хўжаликлари ташкил этиш учун ер участкалари ўз вақтида ажратилиши, шунингдек, мавжуд мевали боғлар, хўраки, кишмишбоп узум плантациялари ва иссиқхона хўжаликларини хатловдан ўтказишни сифатли бажариш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

19. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифларни киритсин.


20. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                             Ш. Мирзиёев


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 21 март


"Халқ сўзи", 2019 йил 22 март


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 25 март, 12-сон, 229-модда












































Время: 0.0054
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск