язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Лицензиялаш. Рухсат бериш тартиб-таомиллари/ Қурилиш. Архитектура. Ёнғин хавфсизлиги/ Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 07.05.2019 й. 381-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 7 майдаги

381-сон қарорига

1-ИЛОВА



Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб

чиқиш бўйича фаолиятни лицензиялаш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолиятини лицензиялаш тартибини белгилайди.


2. Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолиятини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги (кейинги ўринларда лицезияловчи орган деб аталади) томонидан амалга оширилади.


3. Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолияти билан ушбу Низом талабларига мувофиқ белгиланган тартибда лицензия олган юридик шахслар шуғулланишлари мумкин.

Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолиятини лицензиялаш 1-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.


4. Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия (кейинги ўринларда лицензия деб аталади) лицензия талабгорининг сўровномасига кўра умумий лойиҳалаш фаолияти турига ёки ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатлари классификаторига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Объектларнинг лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишлари бўйича мураккаблик тоифалари классификаторига (кейинги ўринларда Объектларнинг мураккаблик тоифалари классификатори деб аталади) асосан архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқишнинг турлари учун берилади.

Лицензияларнинг амал қилиши лойиҳалашнинг барча босқичларига татбиқ этилади.


5. Лицензия амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади.


6. Лицензия бериш тўғрисидаги сўровнома билан биринчи марта мурожаат қилган юридик шахсларга лицензия объектларнинг мураккаблик тоифалари классификатори бўйича I ва II тоифадаги объектларнинг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун берилади.


7. Давлат хизматлари марказлари ва лицезияловчи орган ўртасида ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони (кейинги ўринларда ЭРИ деб аталади) мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат идоралараро электрон ўзаро боғланиш ёрдамида амалга оширилади.



2-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА

ШАРТЛАРИ


8. Қуйидагилар архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолиятини амалга ошириш бўйича лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

а) қонун ҳужжатлари, давлат стандартлари ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига мажбурий риоя этиш;

б) юридик шахснинг штатида ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ талабларга жавоб берадиган қуйидаги мутахассисларнинг мавжуд бўлиши:

Объектларнинг мураккаблик тоифалари классификатори бўйича I тоифадаги объектлар учун - камида 6 нафар мутахассис, шу жумладан, директор ва лойиҳа бош муҳандиси асосий иш жойи бўйича, қолган 4 нафари асосий иш жойи бўйича ёки ўриндошлик асосида ишлаши;

Объектларнинг мураккаблик тоифалари классификатори бўйича II тоифадаги объектлар учун - камида 15 нафар мутахассис, шу жумладан, директор, камида 2 нафар лойиҳа бош муҳандиси, 1 нафар лойиҳа бош архитектори ва 1 нафар архитектор асосий иш жойи бўйича, қолган 10 нафар мутахассис асосий иш жойи бўйича ёки ўриндошлик асосида ишлаши;

Объектларнинг мураккаблик тоифалари классификатори бўйича III тоифадаги объектлар учун - камида 25 нафар мутахассис, шу жумладан, директор, камида 3 нафар лойиҳа бош муҳандиси, 1 нафар лойиҳа бош архитектори ва 3 нафар архитекторлар асосий иш жойи бўйича, қолган 17 нафар мутахассис асосий иш жойи бўйича ёки ўриндошлик асосида ишлаши;

в) юридик шахсда ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ фаолиятнинг лицензияланаётган турини амалга ошириш учун зарур бўлган, унга мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосда тегишли бўлган бинолар, хоналар, асбоб-ускуналар ва жиҳозларнинг мавжуд бўлиши;

г) III тоифадаги объектларнинг архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолиятига лицензияни олиш учун лицензия талабгорининг камида бир йил мобайнида фаолият юритганлиги ҳамда ўнтадан кам бўлмаган объектни лойиҳалаш бўйича жами бажарилган ишларнинг рўйхати мавжуд бўлиши;

д) лицензияловчи орган томонидан белгиланган тартибда амалга ошириладиган ишлаб чиқилаётган архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатлари сифатини назорат қилиш тизимининг, шунингдек, белгиланган ҳолларда муаллифлик назорати ҳужжатларининг мавжуд бўлиши шарт.



3-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШ ТАРТИБИ


9. Лицензия талабгори лицензия олиш учун Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат қилади ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади) давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.


10. Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда Давлат хизматлари маркази ходими лицензия талабгори номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса лицензия талабгори мустақил равишда ушбу Низомга 5-иловага мувофиқ шакл бўйича давлат хизматидан фойдаланиш учун сўровномани электрон тарзда тўлдиради.

Сўровномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

соҳа бўйича маълумотга эга бўлган бош муҳандислар ва лойиҳа архитекторлари, бош ҳамда етакчи мутахассислар дипломлари;

корхонага ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқлар нусҳалари;

мулк ҳуқуқи билан ёки бошқа қонуний асосда фаолиятнинг лицензияланаётган турини амалга ошириш учун зарур бўлган бино-иншоот ҳамда асбоб-ускуналар ва инвентарларнинг талабгорга тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари.

Лицензия талабгори III тоифадаги объектларнинг архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолиятига лицензияни олиш учун кўшимча равишда ўнтадан кам бўлмаган объектни лойиҳалаш бўйича жами бажарилган ишларнинг рўйхатини, улар юзасидан мазкур соҳада тегишли ваколатга эга бўлган экспертиза органлари берган хулосалар нусхаларини ҳамда ушбу объектлар бўйича муаллифлик назорати дафтарларини тақдим этиши лозим.

Лицензияловчи орган лицензия бериш учун бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган зарур ҳужжатлар ва ахборотларни белгиланган тартибда ўзаро ахборот ҳамкорлиги йўли билан, шу жумладан, электрон тарзда мустақил равишда олади, ушбу Низомнинг 10-бандида назарда тутилган ҳужжатлар бундан мустасно.

Лицензия талабгорларидан ушбу бандда кўрсатилмаган маълумотларни ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.


11. Зарур маълумотлар расмийлаштирилгандан ва сўровномага киритилгандан сўнг лицензия талабгори уни ўз ЭРИси билан тасдиқлайди.

Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда сўровномани ЭРИси билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тегишли имзолар идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан ҳам тасдиқланиши мумкин.


12. Давлат хизмати кўрсатилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари миқдорида йиғим ундирилади. Лицензия олиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда ушбу бандда кўрсатилган йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.

Давлат хизматлари кўрсатилганда йиғим тўланганлигини тасдиқлаш ахборот-коммуникация тизимлари орқали амалга оширилади.

Йиғимлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:


а) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этганда:

20 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобрақамига ўтказилади;

қолган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобрақамига ўтказилади;


б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобрақамига ўтказилади;

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг махсус ҳисобрақамига ўтказилади;

қолган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобрақамига ўтказилади.

Лицензия талабгори лицензия бериш рад этилган кундан бошлаб ўн иш куни мобайнида лицензияни олиш учун йиғимни тўламасдан қайта мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


13. Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши, шунингдек, лицензия олиш учун йиғимни тўламаслик давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Давлат хизматлари кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш қатъиян тақиқланади.


14. Лицензия талабгори давлат хизматидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга.

Лицензия талабгори давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортганда унинг сўровномаси кўрмасдан қолдирилади. Бунда, тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.


15. Ўзи келиб мурожаат этганда Давлат хизматлари марказлари сўровнома тўлдирилган вақтдан бошлаб бир соат мобайнида уни лицензияловчи органга юборадилар.

ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса сўровнома автоматик тарзда лицензияловчи органга юборилади.



4-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШ ЁКИ ЛИЦЕНЗИЯ

БЕРИШНИ РАД ЭТИШ


16. Лицензияловчи орган сўровнома тушганидан сўнг етти иш куни мобайнида сўровномада қайд этилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини текширади ва лицензия талабгорига лицензия бериш учун ҳисобварақ-фактурани лицензия беришнинг давлат божи қийматини кўрсатган ҳолда Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда) ёки лицензия талабгорига (электрон шаклда мурожаат қилган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон шаклда юборади ёки рад этишнинг аниқ сабабларини ва қонунчилик нормаларини кўрсатган ҳолда уни юборишни рад этади.

Давлат хизматлари маркази ҳисобварақ-фактура тушганидан бошлаб бир соат мобайнида бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали лицензия талабгорини хабардор қилади.


17. Лицензия талабгори ҳисобварақ-фактура тушганидан сўнг бир ой мобайнида лицензия беришнинг давлат божи қийматини ҳисобварақ-фактурада қайд этилган миқдорда тўлайди.

Лицензия бериш учун давлат божи қиймати тўланганлиги ахборот-коммуникация тизими орқали тасдиқланади.

Белгиланган муддатда тегишли давлат божи тўланмаслиги лицензия беришни рад этиш учун асос бўлади. Ушбу ҳолатларда лицензия талабгори умумий тартибда давлат хизматидан фойдаланиш учун такроран мурожаат қилишга ҳақли.

Давлат хизматидан фойдаланиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда ушбу банднинг биринчи хатбошида кўрсатилган йиғим суммасининг 90 фоизи ундирилади.


18. Лицензия берилганлиги учун ундириладиган давлат божи миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Давлат божи қуйидаги тартибда тақсимланади:


а) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этганда:

20 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобрақамига ўтказилади;

қолган маблағлар тенг миқдорда Давлат бюджетига ва Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобрақамига ўтказилади;


б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобрақамига ўтказилади;

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг махсус ҳисобрақамига ўтказилади;

қолган маблағлар тенг миқдорда Давлат бюджетига ва Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобрақамига ўтказилади.


19. Лицензия Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан келишилган шакл бўйича электрон шаклда расмийлаштирилади ва лицензияловчи органнинг ЭРИси билан тасдиқланади.

Лицензияловчи орган лицензия учун давлат божи тўлиқ тушганидан сўнг бир иш куни мобайнида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган лицензияни электрон шаклда расмийлаштиради ва тегишли Давлат хизматлари марказига юборади.


20. Давлат хизматлари маркази лицензия тушганидан сўнг ўн минут мобайнида уни лицензия талабгорининг электрон манзилига юборади ва лицензия талабгорини бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Давлат хизматлари маркази лицензия талабгорининг сўровига кўра унга лицензияни электрон шаклда ёки қоғоз шаклида бериши мумкин.


21. Агар лицензияловчи орган лицензия бериш тўғрисидаги мурожаатни кўриб чиқиш муддати давомида лицензия бериш учун ҳисобварақ-фактура ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилмаса, кўрсатилган муддат ўтганидан сўнг лицензия талабгори сўровномада кўрсатилган фаолият турини амалга ошириш ҳуқуқига бу ҳақда лицензияловчи органни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда эга бўлади.

Бунда лицензияловчи орган лицензия талабгорининг ёзма хабари олинганидан кейин беш иш куни ичида унга лицензия бериши шарт. Тақдим этилган ҳужжатларнинг улар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган рўйхати ҳамда лицензия талабгори томонидан лицензияловчи органга юборилган ёзма хабар лицензия олингунига қадар лицензияга тенглаштирилади ва шундай фаолиятни амалга ошириш учун асос бўлади. Бунда лицензия талабгори лицензиясиз фаолият билан шуғулланганлик учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.


22. Қуйидагилар лицензия беришни рад этиш учун асос бўлади:

Лицензия талабгорининг ҳужжатларни лозим тарзда расмийлаштирмай тақдим этиши;

лицензия талабгори тақдим этган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги;

лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига номувофиқлиги.

Бошқа асосларга кўра, шу жумладан, лицензия бериш мақсадга мувофиқ эмас деган важ билан лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.



5-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ


23. Лицензиат ўзгартирилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтганидан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида сўровнома бериши шарт.

Янгидан ташкил этилган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида фаолиятнинг айни бир лицензияланадиган турини амалга ошириш учун лицензияга эга лицензиатлар қўшиб юборилган тақдирда, ушбу банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.

Лицензиянинг амал қилиши лицензияланадиган фаолият турининг бир қисми (қисмлари) учун тўхтатилган тақдирда, лицензия қайта расмийлаштирилади.


24. Лицензиат лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.

Лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензияловчи орган лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияни қайта расмийлаштириш лицензияловчи орган томонидан тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида талабгордан сўровнома қабул қилинган кундан эътиборан ёки лицензиянинг амал қилишини лицензияланадиган фаолият турининг бир қисми (қисмлари) учун тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч кун ичида амалга оширилади.


25. Лицензияларни қайта расмийлаштиришда лицензия талабгорининг лицензия бериш тўғрисидаги сўровнома кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади.

Бунда, йиғим миқдори ушбу Низомнинг 9-банди талаблари асосида тақсимланади.



6-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА

ШАРТЛАРИГА РИОЯ ЭТИЛИШИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


26. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат амалга оширилаётганда лицензияловчи органлар ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эгадирлар:

лицензиатлар лицензия талаблари ва шартларига риоя этаётганлиги устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режали текширувлар ўтказиш;

лицензия талаблари ва шартларига лицензиат томонидан риоя этилиши юзасидан қисқа муддатли текширишларни жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида махсус ваколатли органнинг қарорига кўра қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказиш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан текширувлар ўтказилаётганда юзага келадиган масалалар бўйича лицензиатдан зарур маълумотларни талаб қилиш ва олиш;

текширув натижалари асосида лицензиат йўл қўйган лицензия талаблари ва шартларининг аниқ қоидабузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

лицензиат зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай қоидабузарликларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш.

Лицензияловчи органлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширишлари мумкин.


27. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини ўрганиш вақтида лицензияловчи органнинг масъул ходимлари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, унинг бир нусхаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси лицензияловчи органда қолади.



7-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ ВА

ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕКОР ҚИЛИШ


28. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасига мувофиқ амалга оширилади.


29. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасига асосан амалга оширилади.


30. Лицензияни бекор қилиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасига мувофиқ амалга оширилади.


31. Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ёки лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан судга шикоят қилиниши мумкин. Бундай қарорнинг асоссиз эканлиги суд томонидан эътироф этилган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида лицензиат кўрган зарар миқдорида жавоб беради.



8-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ


32. Лицензияловчи орган "Лицензия" ахборот тизимлари комплекси воситасида лицензиялар реестрини шакллантиради, унда қуйидагилар кўрсатилади:

лицензиатнинг номи ва унинг жойлашган жойи (почта манзили);

алоқа телефони рақами;

ҳисоб-китоб рақами;

электрон манзили (веб-сайт);

солиқ тўловчининг идентификация рақами;

ташкилот раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми;

лицензиянинг берилган санаси ва рақами;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тўхтатиш, қайта тиклаш асослари ва санаси;

лицензияларни бекор қилиш асослари ва санаси;

лицензияларни қайта расмийлаштиришнинг асослари ва санаси.

Лицензиялар реестрида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.


33. Лицензиялар реестридаги маълумотлар лицензияловчи органнинг расмий веб-сайтидаги "Лицензия" ахборот тизимлари комплексида жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ ҳисобланади.



9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


34. Давлат хизматлари марказлари ва лицензияловчи орган ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган лицензия олувчи ҳақидаги маълумотларнинг махфийлигини таъминлаши керак.


35. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва Давлат хизматлари марказлари ушбу Низом талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти юзасидан, шу жумладан, ЯИДХП орқали, доимий назоратни ва мониторингни амалга оширадилар.


36. Лицензия талабгори давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.


37. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини

ишлаб чиқиш фаолиятини лицензиялаш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш

муддатлари

 

 

1-босқич

Лицензия талабгори

1. Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолиятини амалга оширишга лицензияни олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилиш ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтиш.

2. Давлат хизматларини кўрсатиш учун йиғим тўлаш.

1. Хоҳишига кўра

 

2. Мурожаат

қилинганда

2-босқич

1. Давлат хизматлари маркази

2. Ягона интерактив давлат хизматлари порталида

Сўровномани ва белгиланган ҳужжатларни лицензияловчи органга юбориш.

1. 1 соат мобайнида


2. Автоматик тарзда



3-босқич


Лицензияловчи орган

Сўровномада қайд этилган маълумотларнинг ҳаққонийлигини текшириш ва лицензия талабгорига лицензия бериш учун ҳисобварақ-фактурани лицензия беришнинг давлат божи қийматини кўрсатган ҳолда Давлат хизматлари марказига юбориш.

7 иш куни

мобайнида



4-босқич

1. Давлат хизматлари маркази

2. Ягона интерактив давлат хизматлари порталида

Лицензия талабгорига ҳисобварақ-фактурани бериш.

Мурожаат келиб

тушган куннинг

ўзида



5-босқич

Лицензия талабгори

Хабарномада белгиланган йиғимни тўлаш.

1 ой мобайнида

6-босқич

Лицензияловчи орган

QR-код (матрик штрихли код) қўйилган лицензияни электрон шаклда расмийлаштириш ва тегишли Давлат хизматлари марказига юбориш.

1 иш куни

мобайнида

 

7-босқич

1. Давлат хизматлари маркази


2. Ягона интерактив давлат хизматлари порталида

QR-код (матрик штрихли код) қўйилган лицензияни лицензия талабгорининг электрон манзилига юбориш ва ўзи келиб мурожаат қилганда лицензияни лицензия талабгорига бериш.

1. 1 соат

мобайнида


2. Автоматик

тарзда



 





Низомга

2-ИЛОВА



Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатлари

КЛАССИФИКАТОРИ


А гуруҳи

Тўлиқ комплексда лойиҳалаш бўйича фаолият турлари

(лойиҳалашнинг барча босқичларида архитектура-шаҳарсозлик

ҳужжатларини ишлаб чиқиш, шу жумладан, лойиҳаларнинг дастлабки

техник-иқтисодий асослари, техник иқтисодий асослари ҳамда дастлабки

техник-иқтисодий ҳисоблар, техник-иқтисодий ҳисобларни ишлаб чиқиш)


1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ва ҳудуди қисмларини ривожлантиришни режалаштириш тўғрисидаги ҳужжатлар.


2. Ўзбекистон Республикаси минтақалари ҳудудини ривожлантиришни режалаштириш тўғрисидаги ҳужжатлар.


3. Аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантириш тўғрисидаги ҳужжатлар.


4. Аҳоли пунктлари ҳудудларини қуриш тўғрисидаги ҳужжатлар.


5. Қурилиш объекти учун муҳандислик-техник қидирувларини (муҳандислик-геодезия қидирувларидан ташқари) бажариш.


6. Уй-жой-хўжалик қурилиши учун объектлар ва комплекслар лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, шу жумладан, уларнинг муҳандислик тармоқлари ва тизимларини лойиҳалаштириш.


7. Саноат қурилиши учун объектлар ва комплекслар лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, шу жумладан, уларнинг муҳандислик тармоқлари ва тизимларини лойиҳалаштириш.


8. Сув хўжалиги қурилиши учун объектлар ва комплекслар лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, шу жумладан, уларнинг муҳандислик тармоқлари ва тизимларини лойиҳалаштириш.


9. Қишлоқ хўжалиги қурилиши учун объектлар ва комплекслар лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, шу жумладан, уларнинг муҳандислик тармоқлари ва тизимларини лойиҳалаштириш.


10. Энергетика қурилиши ва алоқа объектлари ва комплексларини лойиҳалаштириш, шу жумладан, уларнинг муҳандислик тармоқлари ва тизимларини лойиҳалаштириш.


11. Транспорт ва йўл қурилиши объектлари ва комплексларини лойиҳалаштириш, шу жумладан, уларнинг муҳандислик тармоқлари ва тизимларини лойиҳалаштириш.


12. Магистрал муҳандислик тармоқларини (магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларидан ташқари) лойиҳалаштириш.


13. Умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш.


14. Архитектура ёдгорликларини таъмирлаш учун ҳужжатлар.



Б гуруҳи

Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларининг айрим

бўлимларини ишлаб чиқиш бўйича фаолият турлари


1. Объектларнинг асослари ва пойдеворлари бўлимини лойиҳалаштириш.


2. Объектларнинг металл конструкциялари бўлимини лойиҳалаштириш.


3. Объектларнинг темир-бетон конструкциялари бўлимини лойиҳалаштириш.


4. Махсус объектлар ва иншоотларни лойиҳалаштириш.


5. Қурилиш объектларини капитал ва жорий таъмирлаш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари.


6. Бинолар ва иншоотларнинг техник ҳолатини текшириш.


7. Бинолар ва иншоотларни мустаҳкамлаш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари.


8. Коррозияга қарши ҳимояни ишлаб чиқиш.


9. Бинолар ва иншоотларнинг муҳандислик тармоқлари ва тизимларини лойиҳалаштириш:

иситиш, вентиляция, кондиционерлаштириш;

сув қувури ва канализация;

газ таъминоти;

газ асбоб-ускуналари;

совуқ ҳаво таъминоти;

энергия таъминоти;

электр асбоб-ускуналари;

электр билан ёритиш;

электр билан иситиш;

автоматлаштириш ва паркдан фойдаланиш коэффициенти;

кучсиз токли қурилмалар;

вертикал режалаштириш.


10. Капитал қурилишда товарлар, ишлар ва хизматлар харид қилиш учун танлов (тендер) ҳужжатларини тайёрлаш.






Низомга

3-ИЛОВА



Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини

яратиш бўйича лицензияланадиган фаолиятини

амалга ошириш учун асосий мутахассислар

билан мажбурий таъминланганлик

ЖАДВАЛИ

      

Мураккаблик

тоифалари

Лойиҳаларнинг

бош муҳандислари

Лойиҳаларнинг

бош архитекторлари

Бош

мутахассислар

Етакчи

муҳандислар

Муҳандислар

Ўрта махсус

касб-ҳунар

маълумотига

эга бўлган

мутахассислар

Талаб қилинадиганиш стажи

10 йилдан

ортиқ

5-

10 йил

3 йилдан

5 йилгача

10 йилдан

ортиқ

5-

10 йил

3 йилдан

5 йилгача

5 йилдан

10 йилгача

3 йилдан

5 йилгача

камида

5 йил

Иш стажига

талаб йўқ

А гуруҳи

1



+



+

+


+

+

+

2


+



+


+


+

+

+

3

+



+



+


+

+

+

Б гуруҳи

1


+





+


+

+

+

2

+






+


+

+

+

3

+






+


+

+

+

Изоҳ.


1. "+" белгиси ходимларнинг мажбурий мавжуд бўлишини кўрсатади. Лицензия талабгори томонидан ҳужжатлар тақдим этилганда "+" белгиси ўрнига штатдаги ходимларнинг амалдаги сони кўрсатилади.


2. Ташкилот таркибида лойиҳалар бош архитекторларининг мавжуд бўлиши бажариладиган ишларнинг хусусияти билан белгиланади.






Низомга

4-ИЛОВА



Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини яратиш

соҳасидаги лицензия талабгорларининг мажбурий

жиҳозланганлиги бўлиши

Жадвали

Мураккаблик

тоифалари

Технологик

лойиҳалаш ва

лойиҳаларни

бошқаришнинг

замонавий

дастурий-техник

комплекслари

Муҳандислик

тармоқлари

бўйича амалий

дастурлар

Сметаларни ҳисоблаб

чиқишда қўллаш учун

тавсия қилинган

дастурий комплекслар

Махсус асбоб-ускуна*

Ташкилий

техника

(компьютер,

принтер ва

нусха

кўпайтириш

техникаси)

Бурғулаш

техникаси ва

асбоб-ускуна

Тупроқ кимёвий

лабораторияси

Махсус

лабораториялар

ва асбоблар

А гуруҳ

1


+

+

-

-

-

+

2


+

+

+

+

+

+

3

+

+

+

+

+

+

+

Б гуруҳ

1


+

+

-

-

-

+

2


+

+

+

+

+

+

3

+

+

+

+

+

+

+





Низомга

5-ИЛОВА




(сана)

(рақам)


Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини

ишлаб чиқиш бўйича фаолиятни лицензиялаш

давлат хизматларидан фойдаланиш учун

СЎРОВНОМА

I. Ариза берувчи - юридик шахс тўғрисида маълумот:

1. тўлиқ номи:


2. СТИР:


3. МФО:


4. ИФУТ:


5. ҳисобрақами:


6. хизмат кўрсатувчи банкнинг номи:


7. юридик манзили:


8. телефон рақами:


9. электрон почта манзили:



янги лицензия расмийлаштириш

лицензияни қайта расмийлаштириш

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш

лицензияни бекор қилиш

Лицензия объектларнинг мураккаблик тоифалари классификатори бўйича танлаш:

I тоифа

II тоифа

III тоифа

II. Юридик шахснинг мутахассислари ҳақидаги маълумотлар:


Ф.И.О

Лавозими

Мутахассислиги бўйича иш стажи

(мавжуд бўлса)

1.




2.




3.




4.




5.




6....




III. Фаолият турлари

Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатлари классификатори

А гуруҳи

1.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ва ҳудуди қисмларини ривожлантиришни режалаштириш тўғрисидаги ҳужжатлар

2.

Ўзбекистон Республикаси минтақалари ҳудудини ривожлантиришни режалаштириш тўғрисидаги ҳужжатлар

3.

Аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантириш тўғрисидаги ҳужжатлар

4.

Аҳоли пунктлари ҳудудларини қуриш тўғрисидаги ҳужжатлар

5.

Қурилиш объекти учун муҳандислик-техник қидирувларни (муҳандислик-геодезия қидирувларидан ташқари) бажариш

6.

Уй-жой-хўжалик қурилиши учун объектлар ва комплекслар лойиҳа-смета ҳужжатларини яратиш, шу жумладан, уларнинг муҳандислик тармоқлари ва тизимларини лойиҳалаштириш

7.

Саноат қурилиши учун объектлар ва комплекслар лойиҳа-смета ҳужжатларини яратиш, шу жумладан, уларнинг муҳандислик тармоқлари ва тизимларини лойиҳалаштириш

8.

Сув хўжалиги қурилиши учун объектлар ва комплекслар лойиҳа-смета ҳужжатларини яратиш, шу жумладан, уларнинг муҳандислик тармоқлари ва тизимларини лойиҳалаштириш

9.

Қишлоқ хўжалиги қурилиши учун объектлар ва комплекслар лойиҳа-смета ҳужжатларини яратиш, шу жумладан, уларнинг муҳандислик тармоқлари ва тизимларини лойиҳалаштириш

10.

Энергетика қурилиши, алоқа объектлари ва комплексларини лойиҳалаштириш, шу жумладан, уларнинг муҳандислик тармоқлари ва тизимларини лойиҳалаштириш

11.

Транспорт ва йўл қурилиши объектлари ҳамда комплексларини лойиҳалаштириш, шу жумладан, уларнинг муҳандислик тармоқлари ва тизимларини лойиҳалаштириш

12.

Магистрал муҳандислик тармоқларини (магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларидан ташқари) лойиҳалаштириш

13.

Умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун лойиҳа-смета ҳужжатларини яратиш

14.

Архитектура ёдгорликларини таъмирлаш учун ҳужжатлар

Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатлари классификатори

Б гуруҳи

15.

Объектларнинг асослари ва пойдеворлари бўлимини лойиҳалаштириш

16.

Объектларнинг металл конструкциялари бўлимини лойиҳалаштириш

17.

Объектларнинг темир-бетон конструкциялари бўлимини лойиҳалаштириш

18.

Махсус объектлар ва иншоотларни лойиҳалаштириш

19.

Қурилиш объектларини капитал ва жорий таъмирлаш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари

20.

Бинолар ва иншоотларнинг техник ҳолатини текшириш

21.

Бинолар ва иншоотларни мустаҳкамлаш учун лойиҳа-смета ҳужжатлари

22.

Коррозияга қарши ҳимояни ишлаб чиқиш

23.

Бинолар ва иншоотларнинг муҳандислик тармоқлари ва тизимларини лойиҳалаштириш


иситиш, вентиляция, кондиционерлаштириш

сув қувури ва канализация

газ таъминоти

газ асбоб-ускуналари

совуқ ҳаво таъминоти

энергия таъминоти

электр асбоб-ускуналари

электр билан ёритиш

электр билан иситиш

автоматлаштириш ва паркдан фойдаланиш коэффициенти

кучсиз токли қурилмалар

вертикал режалаштириш

24.

Капитал қурилишда товарлар, ишлар ва хизматлар харид қилиш учун танлов (тендер) ҳужжатларини тайёрлаш

    

IV. Сўровномага илова:

1. Соҳа бўйича маълумотга эга бўлган бош муҳандислар ва лойиҳа архитекторлари, бош ҳамда етакчи мутахассислар дипломлари


2. Корхонага ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқлар нусхалари


3. Мулк ҳуқуқи билан ёки бошқа қонуний асосда фаолиятнинг лицензияланаётган турини амалга ошириш учун зарур бўлган (Низомнинг 3-иловасига мувофиқ) бино-иншоот, асбоб-ускуналар, инвентарлар ва тегишли дастурий таъминотоларнингталабгорга тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари


4. Ўнтадан кам бўлмаган объектни лойиҳалаш бўйича жами бажарилган ишларнинг рўйхатини, улар юзасидан мазкур соҳада тегишли ваколатга эга бўлган экспертиза органлари берган хулосалар нусхаларини ҳамда ушбу объектлар бўйича муаллифлик назорати дафтарлари нусхалари (III тоифадаги объектларнинг архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолиятига лицензияни олиш учун тақдим этилади)


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 8 май