ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Адабиёт. Кутубхона иши /

Оммавий ижрога мўлжалланган драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақини тўлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 08.05.2019 й. 385-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 8 майдаги

385-сон қарорига

ИЛОВА



Оммавий ижрога мўлжалланган драматик,

мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги

учун муаллифлик ҳақини тўлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом оммавий ижрога мўлжалланган драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақини тўлаш тартибини белгилайди.


2. Оммавий ижрога мўлжалланган драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақи Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузурида ташкил этиладиган Драматик ва мусиқий асарларни танлаш ва харид қилиш бўйича ишчи гуруҳнинг (кейинги ўринларда Ишчи гуруҳ деб аталади) хулосасига кўра, Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг буйруғига асосан тўланади.


3. Ишчи гуруҳ коллегиал маслаҳат органи ҳисобланади ва унинг фаолияти жамоатчилик асосида ташкил этилади. Ишчи гуруҳ аъзолари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тавсияси билан асосий иш жойидан белгиланган тартибда рағбатлантирилиши мумкин.


4. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг Театр ва цирк санъатини ривожлантириш бошқармаси Ишчи гуруҳнинг ишчи органи (кейинги ўринларда Ишчи орган деб аталади) ҳисобланади.


2-БОБ. ИШЧИ ГУРУҲНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


5. Ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Ишчи орган томонидан тақдим этилган асарларни кўриб чиқиш;

тақдим этилган асарларни муҳокама қилиш ва унинг моҳияти ва мазмуни, бадиий, ғоявий, маънавий, маърифий, тарбиявий аҳамияти ва томошабоплигини баҳолаш;

асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақини тўлаш бўйича хулосаларни тайёрлаш;

тақдим этилган асарларни яратганлиги учун муаллифлик ҳақини қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда белгилаш;

асарларнинг давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларида саҳналаштирилиши ва ижро этилиши бўйича тавсиялар бериш;

маданият ва санъат муассасаларининг репертуарини юксак бадиий ғояга эга бўлган мусиқий ва драматик асарлар билан бойитиб боришга кўмаклашиш ва бу борада тегишли таклифлар тайёрлаш;

асарларни кўриб чиқиш натижалари бўйича тайёрланган хулоса ва тавсияларни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига тақдим этиш;

оммавий ижрога мўлжалланган драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақи билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан талаб этиладиган маблағлар бўйича сўровни шакллантириш.



3-БОБ. ИШЧИ ГУРУҲНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


6. Ишчи гуруҳ ўзига юкланган асосий вазифаларни бажариш доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

асарлар муаллифларига асарларни қайта кўриб чиқиш ва Ишчи гуруҳга киритиш тўғрисида тавсиялар ва таклифлар бериш;

асарларни кўриб чиқиш жараёнига соҳанинг етакчи мутахассисларини жалб этиш.

Ишчи гуруҳ қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


7. Ишчи гуруҳ мазкур Низомда белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлашга мажбур.

Ишчи гуруҳ қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.



4-БОБ. ИШЧИ ГУРУҲ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Ишчи гуруҳ таркиби Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси билан келишган ҳолда, қоида тариқасида, 15 нафардан (Ишчи гуруҳ раҳбари, ўринбосари, масъул котиби ва комиссия аъзолари) иборат таркибда шакллантирилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тасдиқланади.


9. Ишчи гуруҳ таркибига етакчи театршунослар, санъатшунослар ва драматурглар, композиторлар, мутасадди раҳбарлар, театр адабий эмакдошлари, режиссёрлар ва актёрлари, шунингдек, маданият ва санъат соҳасидаги таълим ва фан муассасаларининг ходимлари киритилади.


10. Ишчи орган:

оммавий ижрога мўлжалланган драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақи тўлаш мақсадида тақдим этилган асарларни қабул қилади, уларнинг рўйхатини шакллантиради ҳамда асарларни кўриб чиқиш ва қийматини баҳолаш учун Ишчи гуруҳга тақдим этади;

Ишчи гуруҳда иш юритилишини ташкил этади, ҳужжатларни сақлаш ва улардан фойдаланишни белгиланган тартибда таъминлайди.


11. Ишчи гуруҳ мажлислари заруратга қараб, лекин ҳар чоракда камида бир маротаба ўтказилади.


12. Ишчи гуруҳ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 августдаги ПҚ-3201-сон қарори билан тасдиқланган Оммавий ижро учун драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик, адабий асарлар яратиш бўйича буюртмаларни бажаргани, ҳайкалтарошлик асарлари, тасвирий санъат асарлари яратгани, бадиий лойиҳалаштириш ва конструкциялаш ишлари учун муаллифлик ҳақининг энг кам ставкалари, шунингдек, ушбу пул Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланганда унинг энг юқори ставкаларига мос равишда асарларнинг баҳосини белгилайди.

Ишчи гуруҳга маълум бир асарга хулоса бериш эҳтиёжи туғилганда, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан соҳа мутахассислари қўшимча жалб этилиши мумкин.


13. Ишчи гуруҳ мажлиси Ишчи гуруҳ раҳбари ва унинг ўринбосарлари раҳбарлигида ўтказилади ҳамда Ишчи гуруҳ қарори аъзоларнинг камида 2/3 қисми иштирок этган тақдирда, очиқ овоз бериши йўли билан мажлисда қатнашаётган аъзоларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади ва баённома билан расмийлаштирилади. Овозлар тенг бўлган ҳолларда, мажлисга раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

Ишчи гуруҳнинг ҳар бир аъзоси умумий қарордан норози бўлган тақдирда, ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга ва бу баённомада қайд этилади. Баённомада ҳар бир асар бўйича овоз бериш натижалари кўрсатилади. Қўшимча таклиф этилган маслаҳатчилар ва экспертлар овоз беришда иштирок этмайдилар.


14. Ишчи гуруҳ мажлисларининг баённомаларида қуйидаги маълумотлар бўлиши шарт:

Ишчи гуруҳ мажлисида иштирок этган аъзолар ва таклиф этилганларнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;

тақдим этилган асарларни давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари репертуарига киритишнинг (киритилганлигининг) мақсадга мувофиқлиги;

тақдим этилган асарлар ҳақида қисқа маълумотлар (асар номи, муаллифи, қисқа визуал таърифи, жанри, имзонинг мавжудлиги ҳамда асарга тақризлар кўрсатилган ҳолда);

тақдим этган муаллифларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, почта манзили ва паспорт маълумотлари.


15. Комиссия баённомасининг қарор қисмида асар муаллифига муаллифлик ҳақини тўлаш тўғрисидаги тавсия ёзилади.

Баённома Комиссия раиси, котиби ва мажлисда иштирок этган барча аъзолар томонидан имзоланади.


16. Оммавий ижро учун драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақи тўлаш бўйича барча асарлар мазкур Низомга 1-иловага мувофиқ намунавий аризага асосан муаллифларининг паспорт нусхаси, СТИР, шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варақаси, мутахассисларнинг (санъатшунос, театршунос, мусиқашунос) тақризлари ҳамда давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг маълумотномаларини илова қилган ҳолда Ишчи органга тақдим этилади.

Ишчи гуруҳ томонидан зарур ҳолларда муаллифдан қўшимча ҳужжатлар талаб этилиши мумкин.


17. Ишчи гуруҳ томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилган ҳамда муаллифлик ҳақи тўлаш мақсадга мувофиқ деб топилган асарлар бўйича хулосалар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Ишчи гуруҳ томонидан киритилган оммавий ижро учун драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақи тўлаш бўйича хулосаларга мувофиқ асар муаллифлари билан "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан муаллифлик шартномасини тузиш масаласини кўриб чиқади.

Бунда асар муаллифи Комиссия хулосасида асарни яратганлик учун муаллифлик ҳақи қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда тўланишига розилик билдирганда, у билан белгиланган тартибда муаллифлик шартномаси тузилади.


18. Оммавий ижро учун драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақи тўлаш бўйича асар муаллифлари билан шартномалар:

муаллифлик ҳақи Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланганда - Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги;

муаллифлик ҳақи давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан тўланганда - тегишли давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари томонидан белгиланган тартибда тузилади.

Бунда Ишчи гуруҳнинг хулосасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ёки тегишли давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан муаллифлик ҳақини тўлаш кўрсатилади.



5-БОБ. АСАРЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ, ҲАР БИР

АСАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБ ВА МЕЗОНЛАР


19. Асарларни кўриб чиқиш тартиби мазкур Низомга 2-иловадаги схемага асосан амалга оширилади.


20. Асарлар қуйидаги талаб ва мезонларга жавоб бериши шарт:

а) драматик асарлар:

асарнинг ғоявий жиҳатдан етуклиги;

асар матнининг бадиийлиги;

драматизмнинг ранг-баранглиги;

образлар тўқнашувининг таъсирчанлиги ва томошабоплиги;

персонажлар характери ва тилининг ўзига хослиги;

асар қаҳрамонининг иккинчи даражадаги образлардан фарқи;

жозиба ҳукмронлиги;

асар яратишда жанрларга қатъий амал қилинганлиги;

б) мусиқий асарлар:

асар ғояси, бадиий моҳияти, шакли, ривожланиш жанр қонуниятлари ва талабларига жавоб бериш керак;

композитор мусиқий асарларнинг миллий хусусиятлари, баён этиш услубига эътибор бериш керак;

саҳна асарлари - опера, балет, мусиқали драма, мусиқа каби жанрлар мавзусининг долзарблиги, замонавийлиги билан жалб этиши лозим. Ватанпарварлик ва қаҳрамонлик ғоялари, ёшларни маънавий тарбиялаш, уларга маънавий озуқа бериш саҳна асарларининг асосий мақсадига айланиши лозим. Ҳажм нуқтаи назардан, опера ва балет камида 2 актни ташкил этиши зарур. Операдаги ария, дуэт, ансамбль, хор шаклан мукаммал, бадиий ғояни очиб беришга йўналтирилган бўлиши керак. Балетда бундай моҳият оркестр имкониятлари, мусиқанинг саҳна ҳаракатлари билан мутаносибликда йўналиши билан характерланади. Мусиқали драма ва комедия 10-15 та мусиқий номердан кам бўлмаслиги керак. Улар ария ва дуэтларни, ансамблларни ўзида мужассам этиши шарт. Мусиқий лейтмотивлар асар драматургиясини очиб бериши лозим;

симфония, концерт, оркестр учун яратилган йирик жанрдаги асарлар жанр талабларига мувофиқ глобал ғояларни ўзида мужассам этиши, уни босқичма-босқич очиб бериши, симфония, концерт жанрлари сонат-симфоник туркум шаклини ўзида намоён этиши керак. Концерт жанри мавзусини очиб бериш баробарида ундаги солист партияси ёрқин, лирик ва техник ривожланишни ҳам ўзида мужассам этиши, ижрочилар маҳоратини оширишда ёрдам бериши ҳамда замонавий оркестровка, техника омилларини кўрсатиб бериши лозим;

ўқув-педагогик ва концерт репертуарлари учун мўлжалланган йирик жанрдаги асарлар камер чолғу ва камер вокал асарларни ижро этувчи талабаларнинг ижро маҳоратини оширишга, техник ривожланишига хизмат қилиши, шу билан бирга, асарлар бадиий моҳиятни касб этиши лозим;

камер чолғу асарлар оддий ва мураккаб икки қисмли, уч қисмли, рондо, вариация, аралаш шаклларда баён этилиши, улар ўқувчи ва талабаларнинг бадиий дидини, мелодик тафаккури, ладо - тонал, гармоник, техник хусусиятларини шакллантириш ва амалий кўникмаларини оширишга хизмат қилиши, шунингдек, асарлар (ноктюрн, баллада, прелюдия, мазурка, марш, скерцо, этюд, полька ва бошқалар) 3 бетдан (100 тактдан) кам бўлмаслиги керак;

романс бадиий моҳияти, услубий йўналиши нуқтаи назардан мукаммал, хонандаларнинг ижро имкониятларини ривожлантиришга, йўналтирувчи хусусиятларга эга бўлиши, ижро кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилиши, улар уч қисмли, мураккаб аралаш шаклларда (3 бет - тахминан 100 тактдан кам бўлмаслиги) баён этилган бўлиши керак;

қўшиқ банд - нақорат шаклида, лирик, тантанавор руҳни ўзида мужассам этиши, жўровоз партияси романсга нисбатан оддий, гамофон-гармоник ва аккордли тузилмалар асосида ривожланиши зарур.



6-БОБ. МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА ҲИСОБ-КИТОБ ТАРТИБИ


21. Оммавий ижро учун драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақини тўлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига ушбу мақсадлар учун ажратилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари доирасида ҳамда давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


22. Оммавий ижро учун драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақини тўлаш учун Ишчи гуруҳнинг хулосасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг тегишли буйруғи ҳамда унга асосан муаллиф билан тузилган шартнома асос бўлади.


23. Асарнинг бадиий-ғоявий савиясидан келиб чиққан ҳолда, муаллифлик ҳақининг миқдори белгиланади ҳамда оммавий ижро учун драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муаллифлик ҳақи тўланади ва улар билан ҳисоб-китоб қилиш бўйича тузилган шартномага асосан тўловлар амалга оширилади.


24. Оммавий ижро учун драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарлар яратганлиги учун муаллифлик ҳақини тўлаш бўйича тузилган барча шартномалар ва ушбу шартномаларга асосан амалга оширилган харажатлар ҳисоби ва ҳисоботлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида алоҳида юритилиши зарур.


25. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларининг репертуарларини шакллантириш ва тўлдириш учун бадиий-ғоявий юксак асарларни харид қилиш учун буюртма бериш ҳуқуқига эга.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


26. Ишчи гуруҳ фаолияти Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан назорат қилинади.


27. Ишчи гуруҳ томонидан асарларни яратганлик учун муаллифлик ҳақи тўлаш бўйича ижобий хулоса берилган муаллифлик асарларининг нусхалари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигида сақланади.


28. Муаллифлик ҳақи тўланган асарлар 6-12 ой давомида давлат театрлари ва концерт-томоша муассасаларида саҳналаштирилиши ҳамда ижро этилиши шарт.


29. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Муаллифлик ҳақини олиш бўйича аризанинг

НАМУНАВИЙ ШАКЛИ


Ўзбекистон Республикаси

Маданият вазирлигига


___________________да

(манзил)


яшовчи фуқаро

___________________дан

(Ф.И.О.)

АРИЗА


Менга ______________________ ни кўриб чиқиб, белгиланган тартибда муаллифлик ҳақи тўлаб берилишини сўрайман.

                                    (асар номи)


Асар нусхаси ва тегишли ҳужжатлар илова қилинади.





Маълумот учун телефон рақами: ____________


Имзо: ___________


Сана: ___________






Низомга

2-ИЛОВА



Асарларни кўриб чиқиш

СХЕМАСИ

Босқичлар


Субъектлар

Тадбирлар


Бажариш

муддатлари

1-босқич


Муаллифлар

Зарур ҳужжатлар ва саҳна асарларини Ишчи органга тақдим этади.


ўз ташаббусига кўра










2-босқич


Ишчи орган

Асарни Низом талабларига жавоб беришини текширади, агар талабларга жавоб бермаса қайтаради.


5 иш куни ичида







Тақдим этилган асарларни кўриб чиқади ва қийматини баҳолаш учун Ишчи гуруҳга тақдим этади.


20 кун ичида









3-босқич


Ишчи гуруҳ

Асарларни кўриб чиқади, хулосалар тайёрлайди ва асарлар баҳосини белгилайди.


ҳар чоракда камида бир маротаба










4-босқич


Ишчи гуруҳ

Ишчи гуруҳ томонидан ижобий деб топилган асарлар юзасидан хулосаларни тақдим этади.


3 кун ичида










5-босқич


Маданият вазирлиги

Ишчи гуруҳ томонидан тақдим этилган хулосага асосан муаллифлар билан белгиланган тартибда муаллифлик шартномаларини тузади ҳамда муаллифлик ҳақи тўлаш бўйича тегишли буйруқ қабул қилади.


Ишчи гуруҳ томонидан қабул қилинган ижобий қарордан кейин 10 кун ичида



            

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 10 май









































Время: 0.1994
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск