ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Мактабгача таълим муассасалари /

Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси (ЎзР Президентининг 08.05.2019 й. ПҚ-4312-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 8 майдаги

ПҚ-4312-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим

тизимини 2030 йилгача ривожлантириш

КОНЦЕПЦИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 сентябрдаги "Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3955-сон қарорини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, 2030 йилгача мактабгача таълим тизимини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олади.

Концепция Ўзбекистон Республикасида мактабгача таълимни ривожлантиришнинг мақсадлари, вазифалари, устувор йўналишлари, ўрта ва узоқ муддатли истиқболдаги босқичларини белгилайди ҳамда мактабгача таълим соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган дастурлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлади.



2-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИНГ ЖОРИЙ

ҲОЛАТИ ВА УНИ РИВОЖЛАНТИРИШДАГИ

МАВЖУД МУАММОЛАР


Бугунги кунда Ўзбекистонда 7 104 та мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритади, улардан 5 604 таси (79 фоиз) - давлат, 63 таси - идоравий ва 1 437 таси (21 фоиз) - нодавлат муассасалардир.

2017-2018 йилларда 752 та мактабгача таълим ташкилотлари филиаллари негизида юридик шахс мақомига эга тўлақонли мактабгача таълим ташкилотлари ташкил қилинган.

3-7 ёшдаги болаларнинг умумий сонидан (2,5 млн) 932 310 нафари (37,7 фоиз), шундан шаҳарларда 500 236 нафари (20,2 фоиз) ва қишлоқ жойларда 432 074 нафари (17,4 фоиз) мактабгача таълим билан қамраб олинган.

Республика аҳолисининг умумий сони 2019 йил 1 январь ҳолатига 32,7 млн кишини ташкил қилди. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, аҳолининг узоқ муддатли ўртача ўсиш суръатлари 1,7-1,8фоизни ташкил қилади. Мактабгача ёшдаги болалар ўртасида ўлим коэффициентининг бошқа барча ёш гуруҳларига нисбатан пастлигини инобатга олганда, 3-7 ёшдаги болалар сонининг ўсиш суръатлари бутун аҳолининг ўсишига қараганда юқоридир.

Ўзбекистонда яшовчи 3-7 ёшдаги 2,5 миллиондан ортиқ болаларнинг 67,8 фоизи Самарқанд (12,1 фоиз), Фарғона (10,8 фоиз), Қашқадарё (10,5 фоиз), Андижон (9,3 фоиз), Сурхондарё (8,5 фоиз), Наманган (8,4 фоиз) ва Тошкент (8,2 фоиз) вилоятларида истиқомат қилади.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, ҳар йили Ўзбекистон Республикасида 700 мингдан ортиқ бола туғилади, бу эса мактабгача таълим ташкилотларига тушадиган юкни оширади.

Чунончи, мактабгача таълим ташкилотларига тушадиган умумий ортиқча юк республика бўйича 12 фоизни ташкил қилса, унинг энг юқори даражаси Қорақалпоғистон Республикасида (21 фоиз), Жиззах (35 фоиз) ва Бухоро (21 фоиз) вилоятларида, энг паст даражаси эса Сурхондарё (9 фоиз) ва Фарғона (9 фоиз) вилоятларида, шунингдек Тошкент шаҳрида (6 фоиз) кузатилмоқда.

Умуман, мамлакат бўйича 3-7 ёшдаги ҳар 100 нафар болага мактабгача таълим ташкилотларида 28,1 та жой тўғри келади.

Сўнгги 20 йил ичида мактабгача таълим ташкилотлари сони 45 фоиздан зиёдга қисқарган. Бундай қисқариш кўпроқ Андижон, Фарғона, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари каби туғилиш даражаси юқори бўлган ҳудудларда кузатилди. Бугунги кунда Ўзбекистондаги барча мактабгача таълим ташкилотларининг 55 фоиздан ортиғи Тошкент шаҳрига (14,8 фоиз), Фарғона (12,6 фоиз), Тошкент (9,8 фоиз), Наманган (9 фоиз) ва Самарқанд (8,9 фоиз) вилоятларига тўғри келади.

Мактабгача таълимни ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини муваффақиятли юритишга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммолар ва камчиликлар сақланиб қолмоқда, улар қаторида қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин:

мактабгача ёшдаги болаларнинг тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш учун мактабгача таълим ташкилотлари сонининг етарли эмаслиги;

қишлоқ жойларда мактабгача таълимнингпаст даражада ривожланганлиги;

мактабгача таълим ташкилотларининг моддий-техник ҳолати лозим даражада эмаслиги;

мактабгача таълим ташкилотларининг малакали педагог кадрлар билан жамланмаганлиги;

мактабгача таълим тизимида бошқарув кадрларининг танқислиги ва улар малакасининг пастлиги;

ота-оналарнинг бола шахсининг шаклланишида мактабгача таълимнинг ижобий жиҳатлари ва фойдаси ҳақида етарлича маълумотга эга эмаслиги;

замонавий ўқув-методик материаллар ва кўргазмали қуролларнинг етишмаслиги;

алоҳида эҳтиёжли болалар учун мавжуд мактабгача таълим ташкилотларининг техник жиҳозланиши ва услубий таъминоти даражасининг пастлиги;

мактабгача таълим ташкилотларида тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва тиббиёт ходимларининг малакаси замон талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги.


3-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ МАҚСАДЛАРИ

ВА УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ


Ушбу Концепциянинг мақсади бола ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларини ривожлантиришни таъминловчи муҳим манбабўлган сифатли мактабгача таълимдан фойдаланиш механизмларини ишлаб чиқишдан иборат.

Мактабгача таълим тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари қуйидагилардир:

мактабгача таълим соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш;

мактабгача ёшдаги болаларни интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний жиҳатдан ҳар томонлама ривожлантириш учун шароитлар яратиш;

болаларни сифатли мактабгача таълим билан қамраб олиш кўламини ошириш, ундан тенг фойдаланиши имкониятларини таъминлаш, мазкур соҳада давлат-хусусий шерикчиликни ривожлантириш;

мактабгача таълим тизимига инновацияларни, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

мактабгача таълимни бошқариш тизимини такомиллаштириш, мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини молиялаштиришнинг шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлаш;

мактабгача таълим тизимига ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, танлаб олиш ва ривожлантиришга мутлақо янги ёндашувларни жорий этиш;

мактабгача таълим ташкилотларида болаларни соғлом ва баланслаштирилганозиқ-овқат, сифатли тиббий парвариш билан таъминлаш.


1-§. Мактабгача таълим соҳасида меъёрий-ҳуқуқий

базани янада такомиллаштириш


Мактабгача таълимни ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсати ишлаб чиқилаётган меъёрий-ҳуқуқий базада ўз аксини топади.

Мактабгача таълим соҳаси кўплаб қонун ҳужжатлари билан тартибга солинишига қарамай, мактабгача таълим хизматларини кўрсатишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш талаб этилади.

Шу муносабат билан, Концепцияни амалга ошириш доирасида мактабгача таълим соҳасида меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

1) илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда таълим-тарбия жараёнини ташкил қилишга қўйиладиган амалдаги давлат талабларини қайта кўриб чиқиш ҳамда қуйидагиларни назарда тутувчи Мактабгача таълимнинг давлат стандартини ишлаб чиқиш:

мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларида шакллантирилиши лозим бўлган билимлар, кўникмалар ва маҳоратларга қўйиладиган талабларни;

болаларни парваришлаш, уларга қараш, соғлиғини сақлаш ва яхшилаш бўйича хизматлар кўрсатиш тартибини;

2) мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларини моддий ресурслар, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш нормативларини тасдиқлаш;

3) мактабгача таълимнинг муқобил шакллари фаолиятини тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

4) мактабгача таълим ташкилотларининг намунавий уставларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

5) касалликларнинг профилактикаси ва диагностикаси тартибини такомиллаштириш, шунингдек, идоралараро ўзаро ҳамкорлик механизмлари орқали болаларни психологик-тиббий-педагогик қўллаб-қувватлашни таъминлаш;

6) мактабгача таълимни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган халқаро меъёрлар ва стандартларни имплементация қилиш;

7) мактабгача таълим ташкилотларида инновацион педагогик фаолиятни ва уни молиявий қўллаб-қувватлашни тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


2-§. Мактабгача ёшдаги болаларни интеллектуал, ахлоқий,

эстетик ва жисмоний жиҳатдан ҳар томонлама

ривожлантириш учун шароитлар яратиш


Мактабгача ёшдаги болаларни интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний жиҳатдан ҳар томонлама ривожлантириш учун шароитларни яратиш мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия жараёнини ташкил қилишнинг мавжуд тартибини қайта кўриб чиқишни ҳамда мактабгача таълим хизматларини кўрсатишнинг замонавий усулларини жорий этишни талаб қилади.

Таълим-тарбия жараёнини такомиллаштириш болаларнинг ривожланганлиги даражасини ва уларнинг умумий бошланғич таълимга тайёрлигини, шунингдек, уларнинг ижтимоий, шахсий, ҳиссий, нутқий, жисмоний ва ижодийривожланишини баҳолаш асосида амалга оширилиши лозим.

Бунда болаларда Ватанга муҳаббат ҳиссини, оилага, ўз халқининг миллий, тарихий, маданий қадриятларига ҳурмат, атроф-муҳитга нисбатан эҳтиёткорона муносабатни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилиши лозим.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида қуйидагилар назарда тутилади:

1) мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини, шунингдек, боланинг ривожланиши ва унинг умумий бошланғич таълимга тайёрлигини комплекс баҳолашнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

2) мактабгача таълим ташкилотлари учун ўқув-методик, дидактик материаллар ва бадиий адабиётларни танлаб олишни ва экспертизасини ишлаб чиқилган тартибга мувофиқ ўтказиш;

3) мактабгача таълимнинг муқобил шакллари учун янги ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш;

4) "Илк қадам"давлат ўқув дастурини кенг жорий этиш;

5) тарбияланувчиларнинг якка тартибдаги иш дафтарлари, карточкалар, тарқатма ва саноқ материаллари мазмуни ва дизайнини ўрнатилган талабларга мувофиқ ишлаб чиқиш;

6) ривожланишида жисмоний ёки руҳий бузилишлари бўлган болалар таълимининг комплекс технологияларини ишлаб чиқиш, инклюзив таълим, энг янги реабилитация ва абилитация усулларини кенг жорий этиш, уларнинг изчил ижтимоийлашуви ва умумий мактабгача таълим умумий тизими интеграциялашувига кўмаклашадиган мослаштирилган дастурлар ва якка тартибдаги таълим йўналишларини ишлаб чиқиш;

7) мактабгача таълимда фанларни ривожлантирувчи муҳитнинг инновацион технологиялари ва модулларини ишлаб чиқиш, мактабгача ва умумий бошланғич таълим изчиллигининг мазмун ва процессуал компонентларини оптималлаштириш;

8) машғулотлар давомийлигининг энг мақбул вақтини ва уларнинг кетма-кетлигини аниқлаш мақсадида ўқув режалари ва таълим дастурларини оптималлаштириш;

9) болаларни соғлом турмуш тарзини юритишга ўргатиш, гимнастика ва фаол ўйинлар бўйича машғулотлар ўтказиш орқали тарбияланувчиларда жисмоний тарбия машғулотлари ва спортга қизиқиш уйғотишни шакллантириш, жисмонан соғлом ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялаш;

10) мактабгача ёшдаги болаларнинг бадиий-эстетик ва мусиқий тарбия ҳамда таълим даражасини ошириш, эрта ёшдан бошлаб STEAM ўқитиш асосларини жорий этиш;

11) боланинг келгусида ўзиниўзи муваффақиятни намоён қилиши учун асос сифатида ижтимоий-эмоционал кўникмаларни ривожлантириш;

12) мактабгача таълим ташкилотларига қатнамайдиган болалар учун таълим хизматлари турлари: пуллик таълим хизматлари, қисқа муддатли гуруҳлар ва бошқаларни кенгайтириш.


3-§. Болаларни сифатли мактабгача таълим билан

қамраб олиш кўламини ошириш, ундан тенг фойдаланиши

имкониятларини таъминлаш, соҳада давлат-хусусий

шерикчиликни ривожлантириш


Болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўламини ошириш бўйича вазифаларни ҳал этиш биринчи навбатда мактабгача таълим ташкилотлари қувватларини оширишни тақозо этади.

Мактабгача таълим тизимини молиялаштиришнинг ҳозирги ҳажми, туғилишнинг ўсиши динамикаси сақланиб қолаётган бир пайтда, мактабгача ёшдаги болаларнинг қамровини мавжуд даражада сақлаб туришни таъминлаб беради, аммо унинг ўсишига ёрдам бермайди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларининг чекланганлигини эътиборга олиб, нодавлат сектор мактабгача таълим ташкилотлари сони ўсишининг ҳаракатлантирувчи кучларидан бири бўлиши, давлат-хусусий шерикчилиги эса хусусий тадбиркорлик субъектларини мактабгача таълим тизимига жалб этишнинг асосий механизмига айланиши лозим.

Мактабгача таълимнинг ҳаммабоплигини, шу жумладан республиканинг олис туманларида ҳамда мактабгача таълимнинг стандарт шаклларини кенгайтириш қийин бўлган жойларда таъминлаш янги муқобил шаклларни жорий этиш ҳисобига ҳам амалга оширилиши лозим.

Болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишни таъминлаш бўйича мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун қуйидаги тадбирлар амалга оширилишини назарда тутади:

1) Ўзбекистон Республикасининг ривожлантириш давлат дастурлари доирасида ва бошқа манбалардан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан янги давлат мактабгача таълим ташкилотларини қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш;

2) мактабгача таълим соҳасида қулай инвестиция муҳитини яратиш, хусусий секторни мактабгача таълим ташкилотларининг қувватларини оширишга янада рағбатлантириш ва манфаатдорлигини ошириш;

3) мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикчилигини, жумладан унинг қуйидаги шаклларини янада ривожлантириш:

мавжуд давлат мактабгача таълим ташкилотларини реконструкция қилиш ва жиҳозлаш шарти билан хусусий шерикка нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини ташкил қилиш учун ер участкаларини ёки мавжуд давлат таълим ташкилотлари биноларини бепул асосида бериш;

кўп квартирали тураржой бинолари қурувчилари учун давлат буюртмасини жойлаштириш;

давлат мактабгача таълим ташкилотларини хусусий шерикка ишончли бошқарувга бериш;

концессия асосида қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун ер участкаси ёки бино ажратиш;

ҳомийлик ва бошқалар;

4) фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларини нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини ташкил қилишда услубий қўллаб-қувватлаш;

5) бўш турган давлат мулки объектлари ва собиқ мактабгача таълим ташкилотларининг ишламаётган бинолари негизида мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини ташкил қилиш мақсадида уларни хатловдан ўтказиш;

6) ҳамма жойда болаларни умумий бошланғич таълимга бепул мажбурий бир йиллик тайёрлашнинг ягона тизимини жорий этиш;

7) мактабгача таълимнинг мослашувчан иш жадвали ҳамда ривожлантирувчи, тузатувчи хизматлар ва тадбирларнинг кенг кўламини ўз ичига олган қуйидаги муқобил шаклларини жорий этиш ва ривожлантириш:

ҳар хил ёшдаги болалар учун қисқа муддатли мактабгача таълим гуруҳлари - "Плей-гуруҳлар";

мактабгача ёшдаги болаларга уйига бориб мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш дастури - "Home visits";

мактабгача таълим ташкилотлари корпоратив гуруҳлари ва бошқалар;

8) енгил қурилиш конструкциялари ва замонавий энергия самарадор материаллар ва технологиялардан фойдаланган ҳолда, шинамлик ва экологик хавфсизлик талабларига мувофиқ қуриладиган мактабгача таълим ташкилотларининг янги бинолар лойиҳаларини ишлаб чиқиш (шу жумладан ривожланишида жисмоний ва руҳий бузилишлари бўлган болалар учун тўсиқсиз муҳит элементларини ҳисобга олган ҳолда);

9) мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш ва самарали ташкил қилиш заруратини ҳисобга олган ҳолда, қурилаётган тураржой комплекслари ва бошқа объектларни керакли ижтимоий инфратузилма билан таъминлаш;

10) республиканинг барча мактабгача таълим ташкилотларини ичимлик суви, иситиш тармоғи, электр энергияси ва табиий газ билан, шу жумладан замонавий энергия тежовчи технологияларни жорий этиш йўли билан босқичма-босқич таъминлаш;

11) таълим хизматларини кўрсатишнинг вариативлиги ҳисобига ривожланишида жисмоний ёки руҳий бузилишлари бўлган болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўламини ошириш;

12) мактабгача таълимнинг бола шахсини шакллантиришдаги роли ва муҳимлиги ҳақида тушунтириш тадбирларини олиб бориш, ушбу фаолиятга нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик ва ота-оналарни фаол жалб қилиш.



4-§. Мактабгача таълим тизимига илғор педагогика

ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш


Мактабгача таълимни янада ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири таълим-тарбия жараёнига замонавий педагогика ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишдир.

Сўнгги вақтларда ушбу йўналишда Мактабгача таълимни бошқаришнинг ахборот тизимини (EMIS), шунингдек, болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотларига Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Интерактив давлат хизматларининг ягона портали орқали қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тизимларини жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги (кейинги ўринларда - Вазирлик) томонидан таълим-тарбия жараёнига замонавий илғор ўқитиш шакллари, янги педагогик ва ахборот технологияларини жорий қилиш орқали тарбияланувчиларнинг ҳар томонлама ривожланиши таъминланмоқда.

Шу билан бирга, мактабгача таълимнинг ҳозирги ҳолати телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантиришни, мактабгача таълим ташкилотларининг кенг полосали Интернет тармоғига уланишини таъминлашни, маънавий етук ёш авлодни тарбиялашнинг самарали ташкилий ва педагогик шаклларини ва усулларини ишлаб чиқишни тақозо этади.

Мактабгача таълим соҳасида инновацион жараёнларни ривожлантириш ва жорий этиш мақсадида қуйидаги тадбирларнинг амалга оширилиши назарда тутилмоқда:

1) Вазирлик ахборот хавфсизлигининг муносиб даражасини таъминлаш, ягона ахборот майдонини яратиш;

2) мактабгача ёшдаги болаларни ривожлантириш соҳасида илғор халқаро тажрибани ўрганиш, умумлаштириш ва жорий этиш мақсадида хорижий мамлакатларга ўқув сафарларини ташкил қилиш;

3) мактабгача таълим соҳасида дастурий воситалар, ахборот маълумотлар базалари, мультимедиа маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва уларни мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятида қўллаш;

4) Мактабгача таълимни бошқаришнинг ахборот тизимини (EMIS) янада такомиллаштириш ва ривожлантириш, маълумотларни киритиш ва тезкор алмашиш учун мобил иловаларни яратиш;

5) ўқув ва ўқув-методик адабиётларнинг янги авлодини тайёрлаш ва нашр этишни ташкил қилиш, рақамли таълим ресурслари, уйдан туриб масофали таълим бериш ва ота-оналар билимини ошириш технологияларини жорий этиш;

6) мактабгача ёшдаги болаларни эрта ривожлантириш соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш, илғор илмий ишланмалар ва технологияларни мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятига интеграция қилиш;

7) инновация лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида хўжалик юритувчи субъектлар, стартап-лойиҳалар ташаббускорлари, олимлар, молиявий институтлар ва бошқа манфаатдор шахслар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш учун зарур ташкилий-техник ва молиявий-иқтисодий шарт-шароитларни яратиш;

8) мактабгача таълим тизими ходимларининг инновацион ахборот-коммуникация ва педагогика технологиялари соҳасидаги билимлари ва малакасини ошириш, инновацион таълим муҳитини ташкил қилиш;

9) биринчи босқичда ҳар бир туман таянч мактабгача таълим ташкилотини, кейинчалик эса республиканинг ҳар бир мактабгача таълим ташкилотини Интернет тармоғига чиқадиган персонал компьютерлар билан таъминлаш.


5-§. Мактабгача таълимни бошқариш тизимини такомиллаштириш,

мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини молиялаштиришнинг

шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлаш

Сўнгги йилларда мактабгача таълимни бошқариш тизимида институционал ислоҳотлар амалга оширилди:

Вазирлик ва унинг жойлардаги ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди;

замонавий бошқарув шаклларини жорий этиш мақсадида давлат мактабгача таълим ташкилотларида Кузатув кенгашлари ташкил этилди;

Мактабгача таълимни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди, унинг асосий вазифалари мактабгача таълим ташкилотларининг моддий-техник ҳолатини яхшилаш, мактабгача таълим тизими ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирларини ҳамда Вазирлик фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган бошқа тадбирларни молиялаштиришдан иборат;

Тошкент шаҳрининг учта туманида ҳамда Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида синов режимида жон бошига норматив молиялаштириш жорий этилмоқда;

давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини рағбатлантириш мақсадида уларга қўшимча пуллик хизматлар кўрсатиш ҳуқуқи берилган.

Шу билан бирга, мактабгача таълимни бошқариш ва молиялаштириш тизимини янада такомиллаштириш қўшимча чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этади, улар қаторида:

1) мактабгача таълим тизимида давлат талабларининг мониторинги ва уларга риоя этилишининг самарали механизмларини яратиш;

2) Мактабгача таълим вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятининг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларга ахборот беришнинг замонавий шаклларини жорий этиш, жамият ва бизнес билан ўзаро ҳамкорликда ортиқча маъмурий оворагарчиликларга барҳам бериш;

3) Вазирликнинг бошқарув жараёнига ишни режалаштириш ва ташкил қилишнинг замонавий инновацион усулларини, сифат менежменти тизимларини, аниқ натижаларга эришишга қаратилган мақсадли индикаторларни, ходимларни танлаб олиш, мотивация қилиш, ривожлантириш ва баҳолаш усулларини жорий этиш;

4) жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, аҳоли билан очиқ мулоқотни, жумладан, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда йўлга қўйишнинг янги самарали механизмлари ва усулларини жорий этиш;

5) мактабгача таълим ташкилотларининг турлари, шакллари ва ихтисослаштирилганлигини ҳисобга олган ҳолда, бутун республика бўйича мактабгача таълимни жон бошига норматив молиялаштиришни изчил жорий этиш;

6) мактабгача таълим соҳасида бюджетдан молиялаштиришни бошқаришдаги янги ёндашув сифатида, мактабгача таълим ташкилотлари хизматларига давлат буюртмасини жорий этиш;

7) давлат мактабгача таълим ташкилотларининг ишлашдан мақсадларини ҳамда товарлар ва хизматларни табиий кўринишда истеъмол қилишнинг оқилона меъёрларини ҳисобга олган ҳолда уларни молиялаштиришнинг янги нормативларини ишлаб чиқиш ҳисобига мактабгача таълим хизматларидан кенг аҳоли қатламлари фойдаланишини таъминлаш;

8) молиявий назорат, мактабгача таълим ташкилотлари томонидан бюджет қонунчилиги бузилишининг олдини олиш ва профилактикасини амалга ошириш механизмларини янада такомиллаштириш;

9) мактабгача таълим тизимига хорижий инвестициялар ва грантларни жалб қилиш, улар иштирокидаги амалдаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш.



6-§. Мактабгача таълим тизимига ходимларни тайёрлаш,

қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, танлаб олиш

ва ривожлантиришга мутлақо янги ёндашувларни

жорий этиш


Сифатли мактабгача таълимни бериш асосларидан бири бошқарув ва педагог кадрларни тайёрлаш даражаси ва уларнинг профессионализми ҳисобланади.

Ўтган давр мобайнида ушбу йўналишда кенг кўламли ишлар бажарилди. Чунончи, "Мактабгача таълим" бакалавриат таълими йўналиши бўйича олий таълим муассасаларига қабул қилиш квоталари оширилди, мазкур йўналишда ўқиш муддати уч йилгача қисқартирилди.

Республика мактабгача таълим ташкилотлари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув-методик маркази негизида Мактабгача таълим ташкилот директорлари ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ташкил этилди ва унга мактабгача таълим тизими ходимларида замонавий менежмент ва педагогик технологиялар бўйича билим ва кўникмаларни шакллантириш вазифаси юклатилди.

Шу билан бирга, мактабгача таълим соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг амалдаги тизимини таҳлил қилиш қуйидаги тадбирларни амалга ошириш зарурлигидан далолат беради:

1) халқаро талабларга жавоб берадиган ягона кўп даражали узлуксиз таълим тизимини яратиш;

2) таълим ва амалиётни интеграциялаштирган ҳолдахалқаро таълим стандартлари, ўқув-методик режа ва дастурлар, интерактив ва муаммоли-вазиятли ўқитиш усуллари ва тренинглари, илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

3) мактабгача таълим тизими ходимларига қўйиладиганмалака талабларини янада такомиллаштириш, уларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини ҳамда педагог ходимларнинг касбий стандартини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

4) таълим жараёнига хорижий мутахассисларни жалб қилиш йўли билан мактабгача таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, мактабгача таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш тизимини ташкил қилиш учун, шу жумладан мамлакат ҳудудларида, таълим муассасалари сонини ошириш;

5) мактабгача таълим тизими ходимларининг хориждагиетакчи университетларда, илмий марказларда ва бошқа таълим ташкилотларида стажировка ўташини ташкил қилиш;

6) Вазирликнинг педагогика коллежлари фаолиятини ташкил қилиш, уларни малакали профессор-ўқитувчилар таркиби билан таъминлаш чораларини кўриш;

7) хорижий мамлакатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан узоқ муддатли муносабатларни янада ривожлантириш, мактабгача таълим соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш учун Ўзбекистон Республикасида уларнинг филиалларини очиш;

8) тажриба алмашиш, таълим-тарбия жараёни сифатини ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш мақсадида педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан шуғулланувчи таълим ва илмий-тадқиқот, шу жумладан хорижий мамлакатларнинг муассасалари билан самарали идоралараро ҳамкорликни чуқурлаштириш;

9) ўзларига юклатилган хизмат вазифаларини энг юқори профессионал даражада бажара оладиган, юқори интеллектуал қобилият ва ахлоқий хислатларга, чуқур касбий билимларга эга энг малакали ходимларни саралаб олишда рақобат муҳитини таъминлайдиган кадрларни шаффоф танлов асосида танлашнинг янги механизмларини жорий этиш;

10) мактабгача таълим тизими ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурларини ишлаб чиқиш;

11) мактабгача таълим ташкилотлари директорларига зарурий касбий компетенциялар рўйхатини ўз ичига олган талабларни белгилаш, сертификатлаш тизимини жорий этиш;

12) стратегик бошқарув, молиявий ва HR-менежмент асосларини мажбурий жорий этган ҳолда, мактабгача таълим тизимида бошқарув кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш.



7-§. Мактабгача таълим ташкилотларида болаларни

соғлом ва баланслаштирилган озиқ-овқат, сифатли

тиббий парвариш билан таъминлаш

Мактабгача таълим ташкилотларининг асосий вазифаларидан бири болаларнинг соғлом овқатланишини, улар соғлиғини мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш хизматлари билан таъминлаш, шунингдек, тарбияланувчиларнинг соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шароитлар яратишдан иборат.

Соғлом, хавфсиз ва сифатли овқатланишни таъминлаш бўйича вазифаларни ҳал қилиш учун давлат мактабгача таълим ташкилотларида бундай хизматларни кўрсатиш қисман аутсорсинг шартлари асосида тадбиркорлик субъектларига берилган.

Мактабгача таълим ташкилотларида болаларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, мактабгача таълим тизимидаги тиббиёт ходимларининг малакасини тизимли ошириш бўйича чора-тадбирлар фаол қўлланилмоқда.

Шу билан бирга, соғлом авлодни тарбиялаш вазифаларини самарали ҳал қилиш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларнинг амалга оширилиши назарда тутилмоқда:

1) мактабгача таълим ташкилотларини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва етказиб берувчиларнинг нарх сиёсатига амал қилишини назорат қилишнинг шаффоф марказлаштирилган тизимини яратиш;

2) тайёр таомларни тайёрлаш ва мактабгача таълим ташкилотларига етказиб бериш учун ихтисослашган умумий овқатланиш корхоналарини, жумладан аутсорсинг асосида жалб қилиш;

3) мактабгача таълим тизимида соғлиқни сақлаш хизматларининг сифатини ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами хизматлари билан мактабгача таълим ташкилотлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш;

4) болаларнинг мактабгача таълим ташкилотларидаги таъминоти учун муносиб, жумладан, тўлақонли, тўғри, баланслаштирилган, соғлом овқатланиш, асосланган тиббий кўрсатмаларда белгиланган ҳажм ва тезликдаги, кўнгилочар машғулотлар ва билим олиш элементлари мавжуд фаол ўйинлар ва машқлардан иборат шароитларни яратиш;

5) ривожланишида жисмоний ёки психик бузилишлари бўлган болаларга барвақт комплекс ёрдам бериш тизимини такомиллаштириш;

6) ривожланишида жисмоний ёки психик бузилишлари бўлган болаларда асосий компетенцияларни зарурий сифат даражасида шакллантиришга эришиш, уларнинг ижтимоий мослашуви ва жамиятга интеграциялашувини таъминлаш.



4-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИ АМАЛГА ОШИРИШДАН

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


Концепцияни амалга оширишдан қуйидаги натижалар кутилмоқда:

барча болаларга сифатли мактабгача таълим олиш учун бир хил имкониятларни таъминловчи мактабгача таълимнинг самарали инновацион тизимининг шаклланиши;

мактабгача таълимни инсоннинг бутун ҳаёти давомидаги узлуксиз таълимнинг биринчи босқичи сифатида белгилаш, боланишахс сифатида жисмоний, интеллектуал ва ахлоқий жиҳатдан баркамол қилиб тарбиялашда унинг роли оширилиши;

мактабгача таълим ташкилотларининг намуна ва турлари хилма-хиллиги асосида мактабгача таълим тизимида институционал ўзгаришлар амалга оширилиши, мазкур соҳада соғлом рақобат муҳитининг яратилиши;

замонавий энергия ва ресурс тежовчи технологияларни жорий этиш асосида мактабгача таълим ташкилотларининг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашнинг кенгайтирилиши, уларнинг ўқув-методик, дидактик материаллар, ривожлантирувчи ўйинлар ва ўйинчоқлар, бадиий адабиётлар, мебель, компьютер техникаси, ўқув ускуналари билан жиҳозланиши;

мактабгача таълим соҳасига хусусий секторнинг жалб қилиниши, унинг ижтимоий жавобгарлиги оширилиши, молиялаштириш манбаларининг кенгайтирилиши ва мактабгача таълим хизматлари турларининг кўпайиши;

мактабгача таълим тизимини молиялаштиришнинг кўпайтирилиши, мактабгача таълим хизматларини кўрсатишда бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигининг оширилиши, педагог ходимлар меҳнатига муносиб ҳақ тўлашнинг таъминланиши;

мактабгача таълим сифатини бошқаришнинг ижтимоий-давлат тизими жорий этилиши;

олти ёшли болаларнинг мажбурий бир йиллик бепул умумий бошланғич таълимга тайёрлаш билан тўлиқ қамраб олинишининг таъминланиши;

3-7 ёшгача болаларнинг 80,8 фоизини мактабгача таълим билан қамраб олинишининг таъминланиши;

мактабгача таълим ташкилотларида педагог ходимлар сони 247,7 мингтагача етказилиши.


5-БОБ. КОНЦЕПЦИЯНИНГ АМАЛГА

ОШИРИЛИШИНИ МОНИТОРИНГ ҚИЛИШ


1. Концепциянинг амалга оширилишини тизимли мониторинг қилиш, умумий мувофиқлаштириш, республикада мактабгача таълимнинг ривожланишига тўсқинлик қилувчи муаммоли масалаларни тезкор кўриб чиқиш ва ҳал қилиш Вазирлик томонидан амалга оширилади.


2. Концепцияни амалга ошириш мониторинги иловага мувофиқ Концепцияда кўзда тутилган тадбирларни ўз вақтида, сифатли ва тўлақонли бажариш бўйича ваколатли органлар фаолиятини баҳолаш индикаторлари асосида амалга оширилади.






Концепцияга

ИЛОВА


Концепцияда назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида,

сифатли ва тўлақонли ижро этиш бўйича ваколатли

органларнинг фаолиятини баҳолаш

ИНДИКАТОРЛАРИ

Т/р

Кўрсаткич


Ахборот манбалари


Кесими


Мактабгача таълим билан қамраб олинган 3 - 7 ёшдаги болалар

1.

Мактабгача таълим ташкилотлари (кейинги ўринларда - МТТ) сони


МТВ ва Давлат статистика қўмитаси маълумотлари


Вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича


2.

Уларнинг умумий сонида нодавлат МТТ улуши


МТВ ва Давлат статистика қўмитаси маълумотлари


Вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича


3.

Амалдаги оилавий МТТлар сони


МТВ маълумотлари


Вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича


4.

МТТга қатнайдиган болалар сони


МТВ ва Давлат статистика қўмитаси маълумотлари


Вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича


5.

Тарбияланувчилар умумий сонида нодавлат МТТга қатнайдиган болалар улуши


МТВ маълумотлари


Вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича


6.

Оилавий нодавлат МТТга қатнайдиган болалар сони


МТВ маълумотлари


Вилоятлар ва туманлар бўйича


7.

Тарбияланувчилар умумий сонида оилавий нодавлат МТТга қатнайдиган болалар улуши


МТВ маълумотлари


Вилоятлар ва туманлар бўйича


8.

МТТдаги жойлар сони


3-4 ёш ва 5-6 ёшли болалар учун жойлар бўйича алоҳида ҳисобга олинадиган МТВ маълумотлари


Вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича


9.

Уларнинг умумий сонида нодавлат МТТдаги жойларнинг улуши


3-4 ёш ва 5-6 ёшли болалар учун жойларни алоҳида ҳисобга олган ҳолда МТВ маълумотлари


Вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича


10.

3-4 ёш ва 5-6 ёшдаги болаларнинг мактабгача таълим хизматлари билан қамраб олиниши (МТТга қатновчи болалар сонининг шу ёшдаги болаларнинг доимий аҳоли таркибидаги умумий сонига фоизли нисбати)


МТВ ва Давлат статистика қўмитаси маълумотлари (демографик статистика)


Вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича


Кадрлар салоҳияти кўрсаткичлари

11.

МТТ педагог ходимлари сони


МТВ маълумотлари


Вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича


12.

Олий маълумотли педагог ходимлар улуши


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва МТВ маълумотлари


МТТ, туманлар ва шаҳарлар бўйича


13.

Сўнгги 5 йил ичида малакасини оширган МТТ педагог ходимлари улуши


МТВ маълумотлари


МТТ, туманлар ва шаҳарлар бўйича


14.

Давлат МТТ педагог ходимлари ўртача иш ҳақининг мамлакат бўйича ўртача иш ҳақига нисбати


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва МТВ маълумотлари


Вилоятлар бўйича


15.

5-6 ёшдаги тарбияланувчилар гуруҳлари билан ишлайдиган битта педагогга тўғри келадиган 5-6 ёшдаги тарбияланувчилар сони


МТВ маълумотлари


Вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича


16.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳудудий бўлинмалари ходимларининг сони


МТВ маълумотлари


Вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича


17.

МТТдаги бўш иш ўринлари сони


МТТ маълумотлари


Туманлар ва шаҳарлар бўйича


Болаларнинг ривожланиши ва уларнинг умумий бошланғич

таълимга тайёрлиги даражаси кўрсаткичлари

18.

МТТни битирган ҳамда Ўзбекистон Республикаси эрта ва мактабгача ёшдаги болаларнинг ривожланишига Давлат талабларида ҳамда "Илк қадам" Давлат ўқув дастурида назарда тутилган мактабга тайёрликнинг энг паст даражасидан ҳам паст ривожланиш кўрсаткичларига эга 6-7 ёшдаги болаларнинг улуши


Ҳар бир ўқув йили якунлари бўйича МТТ тарбияланувчилари ҳақида маълумотлар натижаларини тўплаш


Вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича


19.

Биринчи йиллик аттестация якунларига кўра қониқарсиз баҳо олган умумий бошланғич таълим муассасалари ўқувчиларининг улуши


ХТВ ва МТВ маълумотлари


Вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича


Болаларга тиббий хизмат кўрсатиш кўрсаткичлари

20.

Мактабга чиққанда ривожланишидаги оқсоқликлар ёки сурункали касалликлар биринчи марта аниқланган болалар сони


ССВ ва ХТВ маълумотлари


Вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича


21.

Тиббий кўрсатмаларга кўра тиббий хизмат кўрсатилаётган ва парваришланаётган махсус эҳтиёжли МТТ тарбияланувчилари улуши


МТВ ва Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги маълумотлари

Вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича


22.

Ўқув йили давомида камида бир марта педиатрнинг профилактик кўригидан ўтган МТТ тарбияланувчилари сони


МТВ ва ССВ маълумотлари


Вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича


23.

МТТда бўлган пайтда болаларнинг юқумли касалликларни юқтириши ҳоллари сони


ССВ маълумотлари


Вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича


24.

МТТда бўлган пайтда болаларнинг овқатдан заҳарланиши ва жароҳат олиши ҳоллари сони


ССВ маълумотлари


Вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича


           


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 10 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 13 май, 19-сон, 364-модда




































Время: 0.1813
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск