ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Кредитлаш / Курилишларни кредитлаш. Ипотека кредити /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 13.05.2019 й. ПФ-5715-сон "Ипотека кредити бозорини ривожлантириш ва кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

13.05.2019 й.

N ПФ-5715



ИПОТЕКА КРЕДИТИ БОЗОРИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ ВА КЕНГАЙТИРИШГА

ОИД ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


2016-2018 йилларда ипотека кредити амалиётининг кенгайиши 82 мингдан ортиқ уй-жойларнинг фойдаланишга топширилишини таъминлади, бунинг натижасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги 400 мингга яқин фуқаролар турар жой шароитларини яхшилашга эришди.

Қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар ва шаҳарларда кўп қаватли уйлар, ёш оилаларга, ҳарбий хизматчиларга, бюджет ташкилотлари ходимлари ва аҳолининг бошқа тоифалари учун уй-жойлар қуриш бўйича давлат мақсадли дастурларини (кейинги ўринларда - мақсадли дастурлар) изчил амалга ошириш давом этмоқда. Мазкур мақсадлар учун республиканинг тижорат банклари томонидан жами 10 триллион сўмдан ортиқ ипотека кредитлари берилди.

Шу билан бирга, мамлакатимиз уй-жой секторини ривожлантириш зарурати ипотека кредитларини тақдим этиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг барча қатламлари учун бозор тамойиллари асосида ипотека кредитларидан фойдаланиш имкониятларини ошириш юзасидан қўшимча чоралар кўришни талаб этмоқда.

Аҳолининг турмуш даражасини изчил ошириш, ипотека кредити механизмларидан фойдаланиш амалиётини янада такомиллаштириш ва кенгайтириш, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноати ва қурилиш индустриясини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар ва рағбатлар яратиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Осиё тараққиёт банки (кейинги ўринларда - ОТБ) билан биргаликда Ўзбекистонда ипотека бозорини ривожлантириш дастурини 2019-2021 йилларда амалга ошириш концепцияси ишлаб чиқилганлиги, унинг доирасида бозор тамойиллари асосида узоқ муддатли барқарор ипотека молиялаштириш тизимини яратиш учун ОТБ томонидан 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қарз маблағлари ажратиш назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Марказий банки ва тижорат банкларининг:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан бошланғич устав капитали миқдори 25 млрд сўм бўлган акциядорлик жамияти шаклидаги Ипотекани қайта молиялаштириш компаниясини (кейинги ўринларда - Компания) таъсис этиш;

республика тижорат банклари ва бошқа юридик шахсларга ихтиёрий равишда Компаниянинг таъсисчилари бўлиш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

Қуйидагилар Компаниянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

маҳаллий ва халқаро капитал бозорларида молиявий ресурсларни, шу жумладан, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг (кейинги ўринларда - ХМИ ва ХҲМТ) маблағларини жалб қилиш ва кейинчалик уларни ипотека кредитларини қайта молиялаштиришга йўналтириш;

аҳолининг арзон уй-жойларга ўсиб бораётган эҳтиёжини қаноатлантириш учун бозор тамойиллари асосида тижорат банкларига молиявий ресурслар тақдим этиш;

шу жумладан, ипотека қимматли қоғозларини чиқариш ва уларни инвесторлар орасида жойлаштириш;

ипотека кредити тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш, ипотека бозорини ривожлантиришнинг замонавий услублари ва воситаларини татбиқ этиш, ипотека кредити ва ипотека қимматли қоғозлар бозорида хавфларни камайтириш ва ликвидликни ошириш;

ипотека кредити ва қайта молиялаштириш соҳасида, шу жумладан, хорижий эксперт ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда методологик ва норматив-ҳуқуқий базасини ишлаб чиқишда иштирок этиш.


3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги уч ой муддатда Компания фаолиятини ташкил этишга техник кўмаклашиш (грант) маблағларини ажратиш масаласини ОТБ билан кўриб чиқсин.


4. Белгилаб қўйилсинки, Компания томонидан ипотека кредитларини қайта молиялаштириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

а) Компания акциядорлар маблағларини ҳамда ХМИ ва ХҲМТнинг қарз маблағларини, шунингдек, қимматли қоғозлар чиқариш орқали маҳаллий ва халқаро капитал бозорларидаги узоқ муддатли ресурс маблағларни жалб этади;

б) Компания жалб қилинган маблағларни Компания томонидан ўрнатиладиган малакавий талабларга мос келувчи тижорат банкларига кредит ресурсларини ажратиш йўли билан қайта молиялаштиради;

в) тижорат банклари Компания томонидан белгиланган шартларда қарз олувчиларга ипотека кредитларини тақдим этади;

г) тижорат банклари ипотека кредитлари, ипотека шартномалари бўйича талаб ҳуқуқларидан ёки гаров хатлари бўйича ҳуқуқлардан Компания фойдасига воз кечади;

д) Компания тижорат банклари билан ҳуқуқлари аввал Компанияга ўтказиб берилган ипотека кредитига хизмат кўрсатиш шартномасини ёки гаров хатларини ишончли бошқарувга бериш шартномасини тузади;

е) тижорат банклари қарз олувчилар ва ипотека берувчилар томонидан кредит шартномалари ва ипотека шартномаларининг Компания фойдасига лозим даражада бажарилишини таъминлайди.

Компания томонидан ипотекани қайта молиялаштиришнинг қонунчиликка зид бўлмаган бошқа шакллари ҳам татбиқ этилиши мумкин.


5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш ва тартибга солиш соҳасида ваколатли давлат органи этиб белгилансин.


6. Ўзбекистон Республикасида 2019-2021 йилларда ипотека кредити тизимини ривожлантириш бўйича "Йўл харитаси" 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг:

а) 2020 йил мақсадли дастурлар ижроси доирасида қуйидагилар назарда тутилган янги шартларда ипотека кредитлари ажратиш:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан иштирок этувчи банкларга ажратилаётган кредит ресурслари ҳамда аҳолига берилаётган ипотека кредитлари бўйича имтиёзли даврни 1 йилгача қисқартириш;

кредитдан фойдаланишнинг биринчи 5 йили давомида ҳар йили фоиз ставкасини қатъий белгиланган 7 фоиздан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси даражасигача бир меъёрда ошиб борадиган ставкада ва кейинги даврда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасида белгилаш;

ипотека кредитлари фоизларини аннуитет тўловлари формуласи бўйича ҳисоблаш тартибини татбиқ этиш (ойлик тўлов асосий қарз қолдиғига ҳисобланган фоизлар бўйича тўлиқ тўловни ҳамда кредитнинг бир қисмини ўз ичига олади, бу шундай ҳисоблашни назарда тутадики, ҳар ойлик барча тўловлар кредит тўлашнинг бутун даврида бир хил бўлади);

б) қонун ҳужжатларида белгиланган малакавий талабларга жавоб берадиган юридик шахсларга мақсадли дастурларни амалга оширишда буюртмачи ёки бош пудратчи сифатида қатнашиш ҳуқуқини бериш;

в) мақсадли дастурларни амалга оширишда иштирок этаётган тижорат банклари сонини ошириш;

г) мақсадли дастурларни амалга ошириш доирасида уй-жойлар ва квартираларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш учун кредитлар бериш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 ноябрга қадар мақсадли дастурларни амалга ошириш доирасида уй-жойларни харид қилишга талабгор жисмоний шахсларни уй хўжаликларининг даромади, қурилиш майдони, кўчмас мулк қиймати нархлари ва бошқа шартлардан келиб чиққан ҳолда танлаб олишнинг янгиланган тартиби ва мезонларини тасдиқлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


9. 2020 йил 1 январдан бошлаб 2020 йил ва келгуси йилларда мақсадли дастурларни амалга ошириш доирасида тақдим этилган қўшилган қиймат солиғи (шу жумладан импортда) бўйича амалдаги имтиёзлар бекор қилинсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 1 декабрга қадар мақсадли дастурларни амалга ошириш самарадорлигини ҳар томонлама баҳолаш ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида қуйидагилар бўйича таклифлар киритсин:

а) қуйидагиларнинг амал қилишини бекор қилиш:

бош пудрат ташкилотлари, пудрат ташкилотлари ва субпудрат ташкилотларига, қурилиш материаллари, асбоб-ускуналар, қурилиш техникаси ва автотранспорти ишлаб чиқарувчи ташкилотларга, шунингдек, уларни ташишда қатнашадиган ташкилотлар, ишлар (хизмат) кўрсатиш корхоналари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари, транспорт корхоналари, "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК" МЧЖ, "Ўзшаҳар қурилиш инвест" ИК, "Қишлоқ қурилиш лойиҳа" МЧЖ, "Ўзсаноатэкспорт" АЖ ҳамда "Тошкент қишлоқ қурилиш сервис" МЧЖга берилган солиқ имтиёзлари (қўшилган қиймат солиғидан ташқари);

жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи бўйича имтиёзлар;

б) якка тартибдаги уй-жой ёки кўп қаватли уйдаги хонадоннинг қиймати 300 миллион сўмдан ошмаган тақдирда, олинган ипотека кредитларини ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплаш учун йўналтириладиган ва солиқ солинадиган жисмоний шахслар ва улар оила аъзоларининг (бирга қарз олувчилар) жами 15 миллион сўмгача бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммаси солиқ даври давомида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмаслигини кўзда тутувчи тартибни ўрнатиш;

в) бекор қилинаётган солиқ имтиёзлари ўрнига уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож шахслар ва қонун билан белгиланадиган фуқароларнинг бошқа тоифаларига ипотека кредити бўйича бошланғич бадал ва (ёки) фоизларни тўлаш учун субсидиялар бериш.


11. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари Г.К. Саидова медиа-режани тасдиқласин ва аҳоли орасида кенг тушунтириш ишлари олиб борилишини, хусусан ипотека кредитлари беришнинг янги шартлари ҳамда мазкур Фармонда кўрсатилган бошқа масалаларни ёритиш бўйича мавзуга оид студиядаги ва сайёр туркум телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларни ташкиллаштирсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тузилмасида бошқарув ходимларининг 12 та штат бирлигини қўшимча ажратган ҳолда Ипотека кредити бозорини молиялаштириш ва ривожлантириш департаменти ташкил этилсин.

Департаментнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

мақсадли дастурлар ижроси самарадорлигини таҳлил қилиш ва мониторингида иштирок этиш, улар бўйича ягона маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш;

мақсадли дастурларни амалга ошириш тадбирларини молиялаштиришни таъминлаш, ипотека кредити бозорини ривожлантиришга ХМИ ва ХҲМТ маблағларини жалб этишда иштирок этиш;

молиявий институтлар билан ҳамкорликда ипотека қимматли қоғозларни ва молиявий воситаларни тартибга солиш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича, шу жумладан, илғор жаҳон тажрибасини ва корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини инобатга олган ҳолда таклифлар тайёрлаш;

мақсадли дастурларни амалга ошириш доирасида олиб борилаётган чора-тадбирлар, белгиланган тартиб-таомиллар ва қўлланилаётган механизмлар тўғрисида жамоатчиликни кенг хабардор қилишни ташкил этиш.


13. 2019 йил 1 январга қадар қурилишга рухсат этилган уй-жой фонди объектларини (2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурига, 2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурига киритилган объектлар бундан мустасно) бирламчи уй-жой бозорида реализация қилиш обороти 2019 йил 1 январдан 2020 йилнинг 1 январига қадар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


15. Белгилансинки, ушбу Фармоннинг 2-иловаси 3-банди "б" кичик бандида назарда тутилган ўзгартириш 2019 йил 1 октябрдан кучга киради.


16. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


17. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Г.К. Саидова зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 13 майдаги

ПФ-5715-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида 2019-2021 йилларда

ипотека кредити тизимини ривожлантириш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"

Т/р

Тадбир номи


Амалга ошириш

механизми


Бажариш

муддати


Масъул ижрочилар


I. ИПОТЕКАНИ ҚАЙТА МОЛИЯЛАШТИРИШ БЎЙИЧА КОМПАНИЯ

ТУЗИШ ВА УНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ

1.

Акциядорлик жамияти кўринишидаги Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси (кейинги ўринларда - Компания) фаолиятини ташкил қилиш чораларини кўриш.


Вазирлар Маҳкамаси қарори


2019 йил

1 августгача


Молия вазирлиги (Ашрафханов), Марказий банк (Нурмуратов)


2.

Компаниянинг ички сиёсати ва ҳужжатларини, шу жумладан қайта молиялаштириш учун тижорат банкларини танлаш мезонларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашда ёрдам кўрсатиш.


Компаниянинг ички ҳужжатлари


2019 йил

1 декабргача


Молия вазирлиги (Ашрафханов), Марказий банк (Нурмуратов)


3.

Ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотларининг фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш механизмини кўзда тутувчи "Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида"ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


Ўзбекистон Республикаси Қонуни

2019 йил

1 августгача

Марказий банк (Нурмуратов), Молия вазирлиги (Ашрафханов), Адлия вазирлиги (Давлетов)


4.

Осиё тараққиёт банки маблағлари иштирокида Ўзбекистонда ипотека бозорини ривожлантириш дастурининг амалга оширилишини таъминлаш.


Ташкилий чора-тадбирлар комплекси


2019 йил

1 ноябргача


Молия вазирлиги (Ашрафханов), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Умурзаков), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Ходжаев), Марказий банк (Нурмуратов)


5.

Ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотларининг фаолиятини тартибга солувчи, шу жумладан улар учун иқтисодий ва бошқа мажбурий нормаларни (капитал етарлилиги, ликвидлик ва бошқалар бўйича талаблар) белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш.


Норматив-

ҳуқуқий ҳужжатлар


2019 йил

1 декабргача

Марказий банк (Нурмуратов), Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги (Назиров), Адлия вазирлиги (Давлетов)


II. ИПОТЕКА КРЕДИТИ БОЗОРИНИ ВА УШБУ СОҲАНИНГ

МОЛИЯВИЙ ВОСИТАЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

6.

Ипотека қимматли қоғозларини чиқариш, эмиссия қилиш, тақдим этиш ва муомаласида юзага келувчи муносабатларни, шунингдек, қайд этилган ипотека қимматли қоғозлари бўйича мажбуриятларни бажариш қоидаларини тартибга солувчи "Ипотека қимматли қоғозлари тўғрисида"ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


Ўзбекистон Республикаси Қонуни


2020 йил

1 январгача

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги (Назиров), Марказий банк (Нурмуратов), Молия вазирлиги (Ашрафханов), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Ходжаев)


7.

Гаров шартномаси ва гаров хати бўйича ҳуқуқларни расмийлаштириш, рўйхатга олиш ва бошқага бериш, шунингдек, ижобий жаҳон амалиётини ҳисобга олган ҳолда гаровга қўйилган мулкни ундирувга қаратиш тартибини такомиллаштиришни назарда тутадиган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


Ўзбекистон Республикаси Қонуни

2020 йил

1 январгача

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги (Назиров), Адлия вазирлиги (Давлетов), Давлат активларини бошқариш агентлиги (Хайдаров), Молия вазирлиги (Ашрафханов), Марказий банк (Нурмуратов), "Давергеодезкадастр" қўмитаси (Абдуллаев)


8.

Қимматли қоғоз чиқарувчининг ўз капитали доирасида ипотека облигацияларини чиқариш чекловларини бекор қилишни назарда тутган ҳолда акциядорлик жамиятлари томонидан қимматли қоғозлар чиқариш тартибини такомиллаштириш.


Норматив-

ҳуқуқий ҳужжатлар

2019 йил

1 августгача

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги (Назиров), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Умурзаков), Молия вазирлиги (Ашрафханов), Марказий банк (Нурмуратов), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Ходжаев)


9.

Етакчи хорижий экспертлар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда ипотека кредити соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш.


Ташкилий чора-тадбирлар

2019-2021

йиллар

давомида


Молия вазирлиги (Ашрафханов), Марказий банк (Нурмуратов)


10.

Хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини инобатга олган ҳолда Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри ва гаров реестрини юритиш тартибини такомиллаштириш.


Норматив-

ҳуқуқий ҳужжатлар

2019 йил

1 сентябргача


"Давергеодезкадастр" қўмитаси (Абдуллаев), Марказий банк (Нурмуратов)


11.

Институционал инвестор (пенсия жамғармалари, суғурта компаниялари ва бошқалар) томонидан қимматли қарз қоғозларига, шу жумладан ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари томонидан чиқарилган қимматли қоғозларга қўйилмалар тартибини бошқаришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.


Норматив-

ҳуқуқий ҳужжатлар

2020 йил

1 июнгача

Молия вазирлиги (Ашрафханов), Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги (Назиров)


12.

Серияли облигациялар чиқарилишини олдиндан рўйхатга олиш тартибини жорий қилиш.

Норматив-

ҳуқуқий ҳужжат

2020 йил

1 июнгача

Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги (Назиров), Молия вазирлиги (Ашрафханов)


III. АРЗОН УЙ-ЖОЙЛАР ҚУРИШ ДАВЛАТ МАҚСАДЛИ ДАСТУРЛАРИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

13.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ипотека кредити бозорини молиялаштириш ва ривожлантириш департаменти фаолиятини ташкил қилиш, шу жумладан уни малакали кадрлар билан тўлдириш.

Ташкилий чора-тадбирлар

2019 йил

1 июлгача

Молия вазирлиги (Ашрафханов)


14.

Банк ёки бошқа қонун билан ҳимояланган маълумотлар махфийлигини таъминлайдиган, консолидациялашган қарз олувчилар, ипотека кредитларининг сони, тури, ҳажми, гаровга қўйилган мулкнинг нархи, кредитлар қиймати, кредит қарзлари тўланмаганлиги тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ипотека бозорининг ягона маълумотлар базасини шакллантириш.


Ташкилий чора-тадбирлар

2020 йил

1 декабргача

Молия вазирлиги (Ашрафханов), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Ходжаев), Марказий банк (Нурмуратов), манфаатдор вазирлик ва идоралар


15.

Арзон уй-жойлар қуриш давлат мақсадли дастурлари, шахсий ва кўп қаватли уй-жойлар қурилиши нархи, сони ва жойлашуви тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилган веб-портални ишлаб чиқиш.


Ташкилий чора-тадбирлар

2021 йил

1 январгача

Молия вазирлиги (Ашрафханов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Садиков), Марказий банк (Нурмуратов)


16.

Халқаро амалиёт ва умумқабул қилинган стандартларга мувофиқ ипотека бозори ҳолати бўйича тўлиқ маълумотни акс эттирувчи янгича ҳисобот шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.


Норматив-

ҳуқуқий ҳужжат

2019 йил

1 августгача

Давлат статистика қўмитаси (Бегалов), Молия вазирлиги (Ашрафханов), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Ходжаев)


17.

Қуйидагилар бўйича янги ёндашувни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш:

уй хўжаликлари ва уй-жой сектори даромадлари тўғрисидаги зарур маълумотларни йиғиш ва тарқатиш;

уй хўжаликлари даромадларини тегишли кичик тоифалар кесимида, шунингдек, жорий уй-жой шароитлари ва аҳоли турмуш даражасининг бошқа жиҳатларидан келиб чиқиб тақсимлаш;

янги ва мавжуд кўп квартирали ва якка тартибдаги турар жой уйлари нархлари бўйича маълумотларни йиғиш ва тарқатиш ҳамда илғор халқаро амалиётга мувофиқ уй-жой нархлари индексини ишлаб чиқиш.


Идоравий ҳужжат

2020 йил

1 январгача

Давлат статистика қўмитаси (Бегалов), Молия вазирлиги (Ашрафханов)

18.

Юридик шахсларнинг арзон уй-жойлар қуриш давлат мақсадли дастурларни амалга оширишда буюртмачи ёки бош пудратчи сифатида қатнашиши учун малакавий талабларни ишлаб чиқиш.


Норматив-

ҳуқуқий ҳужжат

2020 йил

1 октябргача

Қурилиш вазирлиги (Тўхтаев), Молия вазирлиги (Ашрафханов), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Ходжаев)


19.

Арзон уй-жойлар қуриш давлат мақсадли дастурларининг ижроси самарадорлигини хатловдан ўтказиш ва таҳлил қилиш, шунингдек, уларни унификация ва консолидация қилиш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи таклифлар ишлаб чиқиш:

аҳолининг кенг қатламлари учун уй-жойлар ва квартираларни харид қилиш имкониятларини ошириш мақсадида кредит ажратиш шартларини қайта кўриб чиқиш;

қурилиш ҳажмларини оптималлаштирган ҳолда намунавий лойиҳалар асосида мавжуд ипотека кредити дастурларини амалга оширишни босқичма-босқич якунлаш;

аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашни кучайтириш.


Таҳлилий маълумотнома

2019 йил

1 августгача

Молия вазирлиги (Ашрафханов), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Ходжаев), Давлат статистика қўмитаси (Бегалов), Қурилиш вазирлиги (Тухтаев)

20.

Арзон уй-жойлар қуриш давлат мақсадли дастурларини амалга ошириш доирасида жисмоний шахсларга уй-жой ва квартираларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш учун ипотека кредитини бериш тартибини ишлаб чиқиш.


Норматив-

ҳуқуқий ҳужжат

2019 йил

1 августгача

Марказий банк (Нурмуратов), Молия вазирлиги (Ашрафханов), Монополияга қарши курашиш қўмитаси (Шарипов)


21.

Тижорат банкларининг кредитларини жалб қилган ҳолда қурилган шахсий уй-жойлар ва кўп квартирали уйлардаги квартираларнинг аҳолига сотилмаган қисмини инвентаризация қилиш ва улардан келгусида самарали фойдаланиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш.


Таҳлилий маълумотнома

2019 йил

1 сентябргача

Молия вазирлиги (Ашрафханов), Марказий банк (Нурмуратов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари


22.

"Қишлоқ қурилиш инвест" ИК ва "Ўзшаҳар қурилиш инвест" МЧЖ фаолияти самарадорлигини ўрганиш ва уй-жой қурилиши соҳасида рақобатни янада кучайтириш бўйича таклиф киритиш.


Таҳлилий маълумотнома

2019 йил

1 декабргача

Молия вазирлиги (Ашрафханов), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Ходжаев), Монополияга қарши курашиш қўмитаси (Шарипов)


         

Изоҳ:


1. Ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш предмети ва соҳасидан келиб чиқиб, чора-тадбирларни амалга ошириш шакли ўзгартирилиши, ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар бирлаштирилиши мумкин.


2. Икки ва ундан ортиқ бандлар бирлаштирилганда ушбу бандлар учун ўрнатилган энг узоқ муддат ижро муддати этиб белгиланади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 13 майдаги

ПФ-5715-сон Фармонига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим ҳужжатларига киритиладиган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги "2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида"ги ПҚ-2639-сон қарорининг 12-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"12. 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури доирасида:

а) 2020 йил 1 январгача:

пудрат ташкилотлари - "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК" МЧЖ билан тузилган шартномалар бўйича фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш шартларида массивларда уйлар, сув таъминоти объектлари ва автомобиль йўллари қуриш бўйича ишлар ҳажмлари учун;

қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи ташкилотлар, шунингдек, уларни ташийдиган ташкилотлар - фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш шартларида уйлар қуриш учун "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК" МЧЖга ва "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК" МЧЖ билан шартномалар тузган бош пудрат ташкилотларига қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналарни реализация қилиш ва уларни ташиш (жумладан импорт материалларни) ҳажмлари учун;

"Қишлоқ қурилиш инвест" ИК" МЧЖ;

"Қишлоқ қурилиш лойиҳа" МЧЖ - "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК" МЧЖ билан тузилган шартномалар бўйича уйлар, муҳандислик-транспорт коммуникациялари ва инфратузилма объектларини қуриш бўйича бажарилган лойиҳа-қидирув ишлари ҳажмлари учун;

"Ўзсаноатэкспорт" АЖ - 7-иловага мувофиқ республикада ишлаб чиқарилмайдиган, четдан олиб келинадиган ёғоч-тахта материаллари, томга ёпиладиган металл листлар учун, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича бошқа қурилиш материаллари учун, шу жумладан улар "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК" МЧЖга сотилганда;

"Тошкент қишлоқ қурилиш сервис" МЧЖ ва транспорт корхоналари - металл листларни қайта ишлаш ва уларни "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК" МЧЖга етказиб бериш бўйича ишлар ҳажмлари учун қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод этилсин;

б) 2022 йил 1 январгача:

пудрат ташкилотлари - "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК" МЧЖ билан тузилган шартномалар бўйича фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш шартларида массивларда уйлар, сув таъминоти объектлари ва автомобиль йўллари қуриш бўйича ишлар ҳажмлари учун солиқлар тўлашдан (қўшилган қиймат солиғидан ташқари);

субпудрат ташкилотлари - массивларда уйлар, сув таъминоти объектлари ва автомобиль йўллари қуришга "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК" МЧЖ билан шартномалар тузган бош пудрат ташкилотлари билан тузилган контрактлар бўйича улар томонидан бажариладиган ишлар ҳажмлари учун ягона солиқ тўлови тўлашдан;

қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи ташкилотлар, шунингдек, уларни ташийдиган ташкилотлар - фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш шартларида уйлар қуриш учун "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК" МЧЖга ва "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК" МЧЖ билан шартномалар тузган бош пудрат ташкилотларига қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналарни реализация қилиш ва уларни ташиш (жумладан импорт материалларни) ҳажмлари учун ягона солиқ тўлови тўлашдан;

"Қишлоқ қурилиш инвест" ИК" МЧЖ - солиқлар тўлашдан (қўшилган қиймат солиғидан ташқари);

"Ўзсаноатэкспорт" АЖ - 7-иловага мувофиқ республикада ишлаб чиқарилмайдиган, четдан олиб келинадиган ёғоч-тахта материаллари, томга ёпиладиган металл листлар учун, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича бошқа қурилиш материаллари учун божхона тўловлари тўлашдан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона йиғимларидан ташқари);

"Тошкент қишлоқ қурилиш сервис" МЧЖ ва транспорт корхоналари - металл листларни қайта ишлаш ва уларни "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК" МЧЖга етказиб бериш бўйича ишлар ҳажмлари учун ягона солиқ тўлови тўлашдан озод этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ушбу қарорда назарда тутилган солиқ ва божхона имтиёзларининг тўғри қўлланилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин".


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 ноябрдаги "2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2660-сон қарорининг рус тилидаги матнининг 17-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"17. Освободить, в рамках реализации Программы:

а) физических лиц (заемщиков) от уплаты налога на имущество по приобретенным квартирам до погашения ими ипотечного кредита, предоставленного АКИБ "Ипотека банк", АКБ "Узпромстройбанк" и АКБ "Асака банк";

б) сроком до 1 января 2020 года от уплаты налога на добавленную стоимость:

генеральные подрядные и субподрядные организации - в части объемов работ, осуществляемых ими по строительству и реконструкции объектов многоквартирных домов на условиях "под ключ";

организации-производителей строительных материалов, оборудования, строительной техники и автотранспорта (на территории республики) - в части реализуемых ИК "Узшахар курилиш инвест" и подрядным организациям объемов строительных материалов, оборудования, строительной техники и автотранспорта для строительства и реконструкции объектов многоквартирных домов на условиях "под ключ";

генеральные подрядные организации - за ввозимые для строительства и реконструкции объектов многоквартирных домов сырье, изделия, узлы, конструкции, строительные материалы, строительную технику и оборудование, а также запасные части к ним, автотранспортные средства, включая дорожно-строительную технику, по перечням, утверждаемым в установленном порядке;

организации-импортеров - за импортируемые строительные материалы, сырье, изделия, узлы и конструкции, включая пиломатериалы и кровельные металлические листы, пассажирские лифты, индивидуальные котлы, оборудование и запасные части к ним, в том числе комплектующие детали и материалы для их производства (или сборки), а также в части поставок импортируемых товаров в адрес ИК "Узшахар курилиш инвест" и генеральных подрядных организаций;

организации, выполняющие работы (услуги), включая нерезидентов Республики Узбекистан, - в части, связанной с реализацией Программы;

ИК "Ўзшаҳар қурилиш инвест";

в) сроком до 1 апреля 2021 года:

генеральные подрядные и субподрядные организации - от уплаты налогов (за исключением налога на добавленную стоимость) в части объемов работ, осуществляемых ими по строительству и реконструкции объектов многоквартирных домов на условиях "под ключ";

организации-производителей строительных материалов, оборудования, строительной техники и автотранспорта (на территории республики) - от уплаты единого налогового платежа в части реализуемых ИК "Узшахар курилиш инвест" и подрядным организациям объемов строительных материалов, оборудования, строительной техники и автотранспорта для строительства и реконструкции объектов многоквартирных домов на условиях "под ключ";

ИК "Ўзшаҳар қурилиш инвест" и генеральные подрядные организации - от уплаты таможенных платежей (за исключением налога на добавленную стоимость и таможенных сборов) за ввозимые для строительства и реконструкции объектов многоквартирных домов сырье, изделия, узлы, конструкции, строительные материалы, строительную технику и оборудование, а также запасные части к ним, автотранспортные средства, включая дорожно-строительную технику, по перечням, утверждаемым в установленном порядке;

организации-импортеров - от уплаты таможенных платежей (за исключением налога на добавленную стоимость и таможенных сборов) за импортируемые строительные материалы, сырье, изделия, узлы и конструкции, включая пиломатериалы и кровельные металлические листы, пассажирские лифты, индивидуальные котлы, оборудование и запасные части к ним, в том числе комплектующие детали и материалы для их производства (или сборки), а также единого налогового платежа в части поставок импортируемых товаров в адрес ИК "Узшахар курилиш инвест" и генеральных подрядных организаций;

организации, выполняющие работы (услуги), включая нерезидентов Республики Узбекистан, - от уплаты единого налогового платежа в части, связанной с реализацией Программы;

ИК "Ўзшаҳар қурилиш инвест" - от уплаты налогов (за исключением налога на добавленную стоимость)".


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 январдаги "Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3479-сон қарорида:


а) 10-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"10. "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК" МЧЖга ёғоч-тахта материаллари, том ёпиш учун темир листлар ва темир ясси прокатининг энг яхшиларини танлаб олиш натижалари бўйича тендер савдоларини ўтказмасдан импорт контрактларини Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказида экспертизадан ўтказган ҳолда ишлаб чиқарувчилардан мустақил сотиб олиш ҳуқуқи берилсин.

"Қишлоқ қурилиш инвест" ИК" МЧЖ:

а) ёғоч-тахта материаллари, том ёпиш учун металл листлар ва темир ясси прокатини импорт қилишда божхона тўловларини тўлашдан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно);

б) 2020 йил 1 январгача:

янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойларни қуриш доирасида бош пудрат ташкилотларига ёғоч-тахта ва том ёпиш учун металл листларни;

"Ўзбекистон асаларичилари" уюшмасининг буюртмасига мувофиқ асалари уяларини ишлаб чиқарувчи ташкилотларга ёғоч-тахта ва темир ясси прокатини реализация қилишда қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод қилинсин.

Белгилаб қўйилсинки, "Қишлоқ қурилиш инвест" ИК" МЧЖ томонидан ёғоч-тахта материаллари, том ёпиш учун металл листлар ва темир ясси прокатини бош пудрат ташкилотларига, шунингдек, "Ўзбекистон асаларичилари" уюшмасининг буюртмасига мувофиқ асалари уяларини ишлаб чиқарувчи ташкилотларга тўғридан-тўғри шартномалар бўйича реализация қилиш рентабеллиги 5 фоиздан ошмаган нархда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги "Қишлоқ қурилиш банк" АТБ билан биргаликда ўн кун муддатда ёғоч-тахта материаллари ва том ёпиш учун металл листлар импортини молиялаштириш манбалари ва механизмлари бўйича таклифлар киритсин";


б) 3-илованинг 1-бандидаги "Цемент, шу жумладан, цемент клинкери" сўзлари "Цемент клинкери" сўзлари билан алмаштирилсин.



"Халқ сўзи", 2019 йил 14 май


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 15 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 20 май, 20-сон, 367-модда






































Время: 0.1932
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск