ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.05.2019 й. 429-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 24 майдаги

429-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги

ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш

жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш, бошқариш ва ундан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг (кейинги ўринларда Транспорт вазирлиги деб аталади) ғазначилик ҳисобварақларида жамланади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ВА УЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


3. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:

шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро автомобилларда йўловчилар ва юк ташишга лицензия берилганлиги учун давлат божи тўлашдан олинган тушумларнинг 60 фоизи;

Транспорт вазирлигининг ҳудудий бошқармалари инспекторлари томонидан автомобиль ташувчилари соҳасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида тузилган баённомалар бўйича ундириладиган жарима тўловлари тушумининг 60 фоизи;

темир йўл транспортида йўловчилар ва юк ташиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия берилганлиги учун давлат божининг 20 фоизи;

автомобиль ва темир йўл транспортида йўловчилар ва юк ташиш ҳуқуқи учун лицензия олишга берилган аризаларни кўриб чиқиш, шунингдек, халқаро автомобилда ташишларни амалга ошириш учун рухсатнома бланкалари берилганлиги учун йиғимларнинг 100 фоизи;

шаҳар, шаҳар атрофи ва вилоят ички шаҳарлараро йўналишларини йўлга қўйиш учун тендерларда иштирок этиш учун тўловларнинг 100 фоизи;

"Ўзаэронавигация" маркази" ДК соф фойдасининг 5 фоизи;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини Ўзбекистон Республикаси тижорат банклари депозитларида жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари кредитлари (қарзлари) ва грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


4. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

транспорт соҳасидаги илмий-тадқиқот ишлари;

йўловчи автовокзаллари ва автостанцияларини, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тегишли бўлган умумий фойдаланишдаги фуқаролар қатнов йўлининг оралиқ тўхташ бекатларини (кейинги ўринларда инфратузилма объектлари деб аталади) қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш дастурлари;

Транспорт вазирлиги тузилмасидаги ихтисослаштирилган автотранспорт корхоналари учун янги автотранспорт воситаларини сотиб олиш, уларни техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш (газ-балон ускунасини, автотранспорт воситалари фаолиятини кузатиш тизимини ва бошқа шу каби ускуналарни ўрнатиш);

транспорт соҳасини бошқариш тизимига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш;

Транспорт вазирлигининг марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалари, унинг тузилмасига кирадиган ташкилотлар ходимларини моддий рағбатлантириш, Транспорт вазирлигини сақлаш ва унинг моддий-техника базасини ривожлантириш харажатларини молиялаштириш.


5. Жамғарма маблағлари қонун ҳужжатларига мувофиқ Транспорт вазирлиги ҳайъатининг (кейинги ўринларда ҳайъат деб аталади) қарорига мувофиқ ушбу Низомнинг 4-бандида назарда тутилмаган бошқа мақсадларга ҳам йўналтирилиши мумкин.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

БОШҚАРИШ


6. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш ҳайъат томонидан амалга оширилади.


7. Ҳайъат мажлиси унинг мажлисида ҳайъат таркибининг ярмидан кўпи қатнашса ҳақиқий ҳисобланади. Кўрилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Қабул қилинган қарорлар баённомалар шаклида расмийлаштирилади.


8. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлашда қуйидагилар ҳайъатнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Жамғармага тушган маблағлар доирасида даромадлар ва харажатлар сметасини тасдиқлаш;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилиш;

Жамғарма маблағларини ушбу Низомда кўрсатилган мақсадларга йўналтириш (ажратиш) тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

чорак якунлари бўйича Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича ижро этувчи органни шакллантириш (кейинги ўринларда Ижро этувчи орган деб аталади);

Жамғарма маблағларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда дарҳол бартараф этиш, асосланмаган харажатлар ва етказилган зарарни қоплаш бўйича тегишли чоралар кўриш.


9. Ҳайъат ўз фаолиятини Ижро этувчи орган орқали амалга оширади. Ижро этувчи орган таркиби транспорт вазирининг буйруғи билан тасдиқланади ва  бухгалтерия бўлими ва Транспорт вазирлиги марказий аппаратининг тегишли бўлинмаларининг Жамғарма маблағларидан фойдаланиш йўналишлари бўйича лойиҳаларни шакллантириш билан шуғулланувчи мутахассисларидан иборат бўлади.


10. Қуйидагилар Ижро этувчи органнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Жамғарма маблағларидан фойдаланиш йўналишлари бўйича лойиҳаларни шакллантириш;

Жамғарма маблағларидан фойдаланиш йўналишлари бўйича Транспорт вазирлигининг тегишли бўлинмалари ва унинг идоравий мансуб ташкилотларидан тушган молиялаштириш бўйича буюртманомаларни кўриб чиқиш.

Лойиҳанинг ташаббускори лойиҳани иқтисодий асослаш учун масъул ҳисобланади.


11. Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштирилиши мўлжалланаётган лойиҳалар уларнинг мақсадга мувофиқлиги ва зарурлигини баҳолаш учун Ижро этувчи орган томонидан Транспорт вазирлигининг Илмий-техник кенгашига экспертизага киритилади.


12. Транспорт вазирлигининг Илмий-техник кенгаши тақдим этилган лойиҳаларни кўриб чиқади, уларни қабул қилиш мақсадга мувофиқлиги ва зарурлигини баҳолайди ва ўз қарорини баённома шаклида расмийлаштиради.

Транспорт вазирлиги Илмий-техник кенгашининг лойиҳани молиялаштириш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги қарори лойиҳани кўриб чиқиш учун ҳайъатга тақдим этишга асос ҳисобланади.


13. Ҳайъат Ижро этувчи орган томонидан тақдим қилинган лойиҳаларни кўриб чиқади ва лойиҳани Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштириш ёки лойиҳанинг мақсадга мувофиқлиги ва иқтисодий самарадорлиги етарли асосланмаган тақдирда молиялаштиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Молиялаштиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда ҳужжатлар қайта ишлаш ёки уларнинг мақсадга мувофиқлигини қўшимча баҳолаш учун Ижро этувчи органга қайтарилади.


14. Ҳайъатнинг лойиҳани Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштириш тўғрисидаги қарори асосида Транспорт вазирлигининг бухгалтерия бўлими Жамғарманинг дастлабки сметасини ишлаб чиқади.

Транспорт вазирлигининг бухгалтерия бўлими Жамғарманинг дастлабки сметасини тузишда:

келгуси йилда Жамғармага пул маблағлари тушумининг умумий ҳажмини белгилайди;

прогнозлаштирилаётган йил бошида Жамғарма маблағлари қолдиғини ва йил давомида прогнозлаштирилаётган тушумлар ва харажатлар ҳажмини ҳисобга олади.

Транспорт вазирлигининг бухгалтерия бўлими томонидан тузилган Жамғарманинг дастлабки сметаси ҳайъат томонидан кўриб чиқилади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ЙЎНАЛИШЛАР БЎЙИЧА ФОЙДАЛАНИШ

ШАРТЛАРИ


§ 1. Илмий-тадқиқот ишларини молиялаштириш


15. Илмий-тадқиқот ишларини молиялаштиришда Ижро этувчи орган томонидан қуйидаги талабларга жавоб берувчи лойиҳалар танлаб олинади:

транспорт хизматлари хавфсизлигини таъминлашнинг илғор инновацион технологияларини жорий қилиш;

юқори сифатли транспорт хизматлари, назарий-методик ҳужжатлар ва автомобиль транспорти стандартларининг иқтисодий-математик моделлаштирилиши (оптимизация);

асосан янги техника, технология ва материалларнинг муайян турларини яратишга йўналтирилган лойиҳалар ёки комплекс назарий ёки эксперементал тадқиқотлар жараёнида амалий натижаларга эришиш.



§ 2. Инфратузилма объектларини лойиҳалаштириш,

қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш


16. Инфратузилма объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашнинг йиллик ҳажмлари Ўзбекитон Республикаси Президентининг "Автомобиль транспортини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 6 мартдаги ПҚ-3589-сон қарори, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари ва топшириқлари билан тасдиқланган параметрлар асосида шаклантирилади.


17. Жамғарма маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган лойиҳа-қидирув ишларининг манзилли рўйхатларини шакллантириш, инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун лойиҳа-смета ҳужжатларини тасдиқлаш Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 26 июлдаги 240-сон қарори билан тасдиқланган Марказлаштирилган инвестициялар ҳисобига молиялаштириладиган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш учун лойиҳа-тадқиқот ишларининг манзилли рўйхатларини шакллантириш, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ Ижрo этувчи орган томонидан амалга оширилади.


18. Инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун пудратчи ташкилотларни аниқлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


19. Инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун пудратчи ташкилотларни молиялаштириш (тўловларни амалга ошириш) Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 12 сентябрдаги 395-сон қарори билан тасдиқланган Марказлаштирилган маблағлар ҳисобига қурилишни ташкил этиш, молиялаштириш ва кредитлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.


20. Mанзилли рўйхатларга киритилган инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича лойиҳа ҳужжатлари, ажратилган молиялаштириш маблағларининг мақсадли ишлатилиши, бажарилган ишларнинг ҳажми ва сифати Транспорт вазирлиги томонидан амалга оширилади.

21. Инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш манзилли рўйхатларига йил давомида қўшимча объектларни киритишга авария ҳолатларида ва молиялаштириш маблағлари мавжуд бўлганда рухсат берилади.



§ 3. Автортранспорт воситаларини сотиб

олиш учун маблағлар ажратиш


22. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан тасдиқланган автотранспорт воситаларини янгилаш (сотиб олиш) параметрлари доирасида автомобиль транспорти ташувчиларига автотранспорт воситалари сотиб олиш учун шартнома асосида қайтариш шарти билан маблағ ажратилади.


23. Жамғарма маблағларини олиш учун автомобиль транспорти ташувчиси Транспорт вазирлигига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

Жамғарма маблағларини олиш учун буюртманома;

пул маблағларини сарфлаш йўналишлари кўрсатилган бизнес-режа;

учинчи юридик шахсдан кафиллик шартномаси;

солиқ органлари томонидан тасдиқланган сўнгги ҳисобот давридаги молия ҳисоботи шакллари, янги тузилган хўжалик субъектлари бундан мустасно;


24. Маблағларни олиш учун Транспорт вазирлиги ва олувчи ўртасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда икки томонлама шартнома тузилади.



§ 4. Транспорт соҳасини бошқариш тизимига

ахборот-коммуникация технологияларини

жорий қилиш учун маблағ ажратиш


25. Транспорт соҳасини бошқариш тизимига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш учун маблағлар Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметаси доирасида ажратилади.


26. Транспорт соҳасини бошқариш тизимига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш учун маблағ ажратиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 мартдаги ПҚ-3589-сон қарори билан тасдиқланган Автомобиль транспорти бошқарув тизимида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастури доирасида амалга оширилади.



§ 5. Транспорт вазирлиги ходимларини

моддий рағбатлантиришни молиялаштириш,

моддий-техника базани ривожлантириш

ва бошқа харажатлар


27. Транспорт вазирлиги ходимларини моддий рағбатлантиришга харажатлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармаси ҳисобига Транспорт вазирлиги ва унинг идоравий мансуб ташкилотлари ходимларини қўшимча моддий рағбатлантириш тартибига мувофиқ амалга оширилади.


28. Транспорт вазирлигини сақлаш харажатларига:

жорий харажатларни;

моддий-техника базани ривожлантириш харажатларини;

Ўзбекистон Республикасида ва хорижий давлатларда Транспорт вазирлиги томонидан ташкил этиладиган бизнес-форумлар, семинарлар, кўргазмаларни ўтказиш харажатларини;

йўловчилар ва юкларни автомобиль транспортида ташиш ҳуқуқига лицензия олиш учун берилган аризаларни кўриб чиқиш, эълонлар бўйича харажатларни ҳисобга олган ҳолда рухсатномалар бланкалари ва тендер ҳужжатлари тўпламларини тайёрлашнинг ҳақиқий таннархи бўйича уларни тайёрлаш харажатларини;

халқаро автомобилда ташиш масалалари бўйича қўшма/аралаш комиссиялар мажлисларини ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш харажатлари, ушбу соҳада Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини амалга ошириш доирасида вакиллик харажатларини;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий ва таълим муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар, хорижий компанияларнинг юқори малакали мутахассислари ва экспертларни маслаҳатчилар сифатида жалб қилиш харажатларини ўз ичига олади.

Барча харажатлар Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметаси доирасида молиялаштирилади.


29. Экология, соғломлаштириш ва хайрия ташкилотлари, маданият ва соғлиқни сақлаш муассасалари, мехнат органлари, жисмоний тарбия ва спорт, таълим муассасалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўз ўзини бошқариш органлари учун ҳомийлик ва хайрия ёрдами шаклидаги субсидиялар, тўловлар, маблағлар фақат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига мувофиқ ажратилади.


30. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 мартдаги ПҚ-3584-сон қарорининг 3-бандига асосан ихтисослаштирилган компаниялар томонидан жалб қилинган кредитларни қайтаришга ва харажатларни қоплашга йўналтириладиган, улар бўйича фоизлар ва воситачилик ҳақи тўлаш билан боғлиқ бўлган маблағлар Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметаси доирасида ажратилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


31. Жамғарманинг жорий йилда сарфланмаган маблағлари кейинги йилга ўтказилади ва қайтариб олинмайди.


32.Транспорт вазирлигининг ҳайъати ва бош бухгалтери Жамғарма маблағларининг қонунийлиги ва мақсадли йўналтирилиши учун жавоб беради.


33. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 27 май










































Время: 0.1871
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск