язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июнь, 2019 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Алоҳида соҳалар фаолиятини ташкил этиш/ Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Халқаро фестиваллар дирекциясининг Устави (ЎзР ВМ 30.05.2019 й. 444-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 30 майдаги

444-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги

ҳузуридаги Халқаро фестиваллар дирекциясининг

УСТАВИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Устав Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Халқаро фестиваллар дирекциясининг (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) мақоми, вазифалари ва функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Дирекция давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ғазначилигида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар бўйича шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.


3. Дирекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда ушбу Уставга, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг буйруқларига амал қилади.



2-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


4. Дирекциянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

ўзбек санъатининг барча йўналишларида халқаро ва республика миқёсидаги фестиваллар, кўрик-танловлар ҳамда унинг доирасида кўргазмалар, конференциялар, илмий-амалий анжуманларни ва бошқа барча давлат тадбирларини ўтказиш;

халқаро мусиқа фестиваллари ташкилотлари билан ўзаро ижодий ҳамкорлик қилиш;

ўзбек миллий санъатини Ўзбекистонда ва хорижда кенг тарғиб қилиш ҳамда унинг энг ноёб намуналарини сақлаб қолиш, уларни келажак ёш авлодга етказиш ҳамда уни янада оммалаштириш ишларини олиб бориш;

ўзбек миллий санъатини, халқаро ва республика миқёсидаги фестивалларни, кўрик-танловларни оммавий ахборот воситалари орқали, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида кенг ёритилишини ташкил этиш.


5. Дирекция ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:


а) ўзбек санъатининг барча йўналишларида халқаро ва республика миқёсидаги фестиваллар, кўрик-танловлар ҳамда унинг доирасида кўргазмалар, конференциялар, илмий-амалий анжуманларни ва бошқа барча давлат тадбирларини ўтказиш соҳасида:

тадбирларда юксак профессионал маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, балетмейстрлар, саҳна рассомлари ва дизайнерлари, ижодий жамоалар ва яккахон ижрочи санъаткорларни кенг жалб этиш;

тадбирлар иштирокчиларига янги саҳна либослари, пойабзаллар тиктириш, сунъий улама сочлар, саҳна безаклари ҳамда ижодий гуруҳ буюртмасига кўра асбоб-ускуна, жиҳоз, гелий гази билан тўлдирилган ҳаво шарлари ва бошқа маҳсулотлар харид қилиш;

тадбирлар ўтказиладиган асосий майдонларни бадиий безаш декорациялари эскизларини ишлаб чиқиш ва уларнинг дизайнларини тайёрлаш, монтаж-демонтаж ишларини амалга ошириш;

белгиланган тартибда шартнома асосида тадбирларнинг дастурлари, таклифнома, баннер ва рухсатномаларини чоп этиш, фестиваллар логотипи ва статуэткалари ҳамда эсдалик совғаларни (сувенир) тайёрлаш;

болалар лавҳалари иштирокчиларини саҳна либослари ва реквизитлар билан таъминлаш;

тадбирларнинг асосий байрам дастурларида иштирок этувчиларни (раққосалар, ижодий жамоалар, техник гуруҳлар, ансамбллар, Ижодий гуруҳлар аъзолар) транспорт, иссиқ овқат ҳамда машғулотлар жойларида қўшимча озиқ-овқатлар ҳамда рағбатлантириш меҳнат ҳақи ва гонорарлар билан белгиланган тартибда таъминлаш;

тадбирларда шоирлар, бастакорлар ҳамда мусиқий сайқалчилар билан янги қўшиқлар тайёрлаш борасида тегишли шартномалар тузиш;

тадбирларда иштирок этадиган хорижий давлатларнинг давлат байроқларини харид қилиш, асосий саҳна ва саҳна олдини табиий гуллар билан безаш ҳамда овоз кучайтиргич мосламаларини шартнома асосида ўрнатиш;

тадбирлар доирасида рассомлар, ҳунармандлар ва бошқа тадбиркорларнинг кўргазмаларини ташкил этиш;

ўзбек миллий санъати бўйича конференция ва илмий-амалий анжуманлар, семинарлар, маданият, санъат, илм-фаннинг атоқли арбоблари билан учрашувлар ва маҳорат сабоқлари уюштириш;

бенефис, театр спектакллари, махсус тайёрланган дастурлар, дам олиш ва ижодий кечалар, маросим кечалари ва бошқа томоша тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказиш;

аҳолининг турмуш маданиятини ошириш, миллий қадриятлар, урф-одатлар, миллий байрамлар ва анъаналарни тиклаш ва турли халқ сайиллари уюштириш;

Дирекция томонидан ташкил этилган тадбирларга тайёргарлик кўриш олдидан ва унинг якунлари бўйича матбуот анжуманлари ташкил этиш;


б) халқаро мусиқа фестиваллари ташкилотлари билан ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш соҳасида:

санъат соҳасидаги хорижий ташкилотлар билан ўзаро тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорлик шартнома ва меморандумлар имзолаш;

республикада ташкил этиладиган тадбирларга хорижий ҳамкорларни таклиф этиш ва хорижий фестивалларда белгиланган тартибда қатнашиш;

халқаро мусиқа фестивали ташкилотларининг турли бирлашма ва уюшмаларига аъзо бўлиш;

хорижий тажрибаларни ўрганиш орқали фаолиятни янада ривожлантириш;


в) ўзбек миллий санъатини Ўзбекистонда ва хорижда кенг тарғиб қилиш, энг ноёб намуналарини сақлаб қолиш, уларни келажак ёш авлодга етказиш ва уни янада оммалаштириш ишларини олиб бориш соҳасида:

тадбирларда хорижий давлатлар иштирокчилари, жамоалари, олим ва мутахассисларини жалб этиш ҳамда халқаро тадбирларда ўзбек миллий санъати вакиллари ва жамоалари иштирокини таъминлашда кўмаклашиш;

хорижий давлатларда Ўзбекистон маданияти кунларини ташкил этиш ва ўтказишда кўмаклашиш;

миллий истиқлол ғояларига ҳамоҳанг, бадиий жиҳатдан юксак оммавий тадбирларни саҳналаштириш, томоша ва концерт дастурларини ташкил этиш;

халқимиз, айниқса, ёшлар қалбида миллий ғурур, миллий ифтихор туйғуларини шакллантириш, уларни она Ватанга муҳаббат, умумбашарий қадриятларга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган тадбирларни ташкил этиш;

ўзбек миллий санъати ривожлантириш ва кенг тарғиб этишда ходимларнинг малакасини ошириш чораларини кўриш, уларни маънавий ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ташаббускорликни рағбатлантиришнинг самарали усулларини жорий этиш;


г) ўзбек миллий санъатини, халқаро ва республика фестивалларни, кўрик-танловларни оммавий ахборот воситалари орқали, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида кенг ёритилишини ташкил этиш соҳасида:

тадбирлар веб-сайтлари ва реклама видеороликларини яратиш, уларни мунтазам янгилаб бориш;

ижодий жамоалар, малакали мутахассислар ва олимларни жалб этган ҳолда ҳамкорликда турли телекўрсатув, мулоқот ва концерт дастурларини телеканалларда уюштириш;

Интернет жаҳон ахборот тармоғида тадбирлар жараёнлари ва тафсилотлари тўғрисида маълумотлар бериб бориш;

Дирекция томонидан ташкил этилган тадбирларга тайёргарлик кўриш олдидан ва унинг якунлари бўйича матбуот анжуманлари ташкил этиш.

Дирекция қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.




3-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


8. Дирекция:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан келишилган ҳолда, соҳанинг етакчи мутахассисларидан иборат кенгашлар тузиш;

ижодий жамоалар, студиялар ташкил этиш;

нуфузли халқаро фестиваллар ташкилотларига аъзо бўлиш;

хорижий давлатларда ташкил этиладиган фестиваллар ва кўрик-танловларда қатнашиш учун ижодий жамоалар ва иштирокчиларни тавсия этиш;

белгиланган тартибда аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

фестиваллар, кўрик-танловлар, илмий-амалий анжуманлар, конференциялар спектакллар, маданий тадбирлар, театрлаштирилган томоша ва концерт дастурларини белгиланган тартибда ташкил этиш ва ўтказиш;

аҳолига маиший, ижара ва давлат-хусусий шерикчилик асосида бошқа пулли хизматлар кўрсатиш;

фаолияти бўйича реклама ишларини белгиланган тартибда амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Дирекция қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


9. Дирекция:

ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни сифатли бажариш;

ўзбек миллий санъатини ривожлантириш йўлида ижодий, инновацион илмий-техник ишланмаларидан ва маҳсулотларидан устувор даражада фойдаланиш;

Дирекциянинг ташкилий, молиявий, моддий-техник масалаларини ҳал этиш, ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини кўриш;

фестиваллар, кўрик-танловлар, илмий-амалий анжуманлар, конференциялар, спектакллар, маданий тадбирлар, театрлаштирилган томошаларни мунтазам ривожлантириб бориш, ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш юзасидан чора-тадбирлар режалари, дастурлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш;

ўзбек миллий санъатини ривожлантириш, тарғиб қилиш ва уни янада оммалаштириш, ўзбек санъатининг барча йўналишларида республика ва халқаро фестиваллар ва кўрик-танловларни ташкил этиш, хорижий халқаро мусиқа фестиваллари ташкилотлари билан ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш мажбуриятларини амалга ошириш;

Дирекциянинг молиявий ресурслари ва моддий-техника базасидан самарали фойдаланиш ва уларни асрашга мажбур.

Дирекция қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.



4-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИ БОШҚАРИШ


10. Дирекцияга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади.


11. Директор:

Дирекция фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

Дирекция мол-мулки ва маблағларини белгиланган тартибда тасарруф этади;

Дирекция номидан юридик ва жисмоний шахслар билан тегишли хизматлар кўрсатиш учун шартномалар (контрактлар) ва битимлар тузади;

ходимларнинг мансаб йўриқномаларини ва ички меҳнат тартиби қоидаларини ўрнатилган тартибда тасдиқлайди, ходимларни меҳнат шартномаси асосида ишга қабул қилади ва белгиланган тартибда меҳнат шартномасини бекор қилади;

Дирекция фаолиятига оид буйруқларни, йўриқномаларни ва бошқа ҳужжатларни чиқаради;

ишда алоҳида намуна кўрсатган ходимларни қонунчиликка асосан рағбатлантиради;

ходимларга нисбатан интизомий жазо чораларини кўради;

ўз ваколатлари доирасида бошқа масалаларни кўриб чиқади ва ҳал қилади.

Директор ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва вазифаларини бажаришда Дирекция манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилиши шарт.

Директор Дирекция фаолияти натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига ҳисобот беради.


12. Дирекция директорининг ўринбосари - Бадиий раҳбар директор тавсиясига кўра, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири томонидан лавозимига тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.



5-БОБ. ДИРЕКЦИЯНИНГ МОЛ-МУЛКИ ВА

УЛАРНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


13. Дирекция ўзига берилган мол-мулкдан қонун ҳужжатларига, ўз фаолиятининг мақсад ва вазифаларига мувофиқ фойдаланади ҳамда тасарруф этади.


14. Дирекция томонидан белгиланган тартибда ташкил этиладиган ва ўтказиладиган фестиваллар, кўрик-танловлар, кўргазмалар, конференциялар, илмий-амалий анжуманлар, концерт-томошалар ҳамда бошқа тадбирлар, унинг ўз даромадлари, ҳомийлик хайриялари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


15. Давлат тадбирлари - халқаро ва республика миқёсидаги фестиваллар, кўрик-танловлар, байрамлар ва маросимлар белгиланган тартибда қонун ҳужжатларида назарда тутилган манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


16. Дирекцияни сақлашга доир харажатлар унинг ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади, сақлаш харажатлари учун ушбу манбалар маблағларининг етишмаган қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Маданият вазирлигига ажратиладиган маблағлар ҳисобига қопланади.

Бунда бюджет ташкилотлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга асосан бюджет сўровномаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этилади. Бюджетдан маблағ ажратилган тақдирда, белгиланган тартибда бюджет харажатлари сметаси тузилади, тасдиқланади ва рўйхатдан ўтказилади ҳамда унинг ижроси бўйича ҳисоботлар тайёрланади.


17. Дирекция ҳар йили қонунчиликда белгиланган муддатларда харажатлар сметасини тузиш ва рўйхатга олиш жараёнида даромадлар ва харажатлар прогнозини шакллантиради.


18. Дирекциянинг ўз даромадлари ва молиялаштириш манбаларига қуйидагилар киради:

тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишдан тушадиган тушумлар (мазкур Уставнинг 15-бандида назарда тутилган давлат тадбирларидан ташқари);

ижара ва хўжалик фаолиятидан тушадиган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтлари ҳамда донор ташкилотлар грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


19. Дирекция балансида бўлган саҳна либослари, пойабзаллар, сунъий улама сочлар, саҳна безаклари, асбоб-ускуналари ва бошқа тадбирлар ўтказиш учун зарур бўлган жиҳозларни бепул ижарага бериш тақиқланади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


20. Ушбу Устав талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.


21. Дирекция қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади, қайта ташкил этилади ёки тугатилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 30 май