язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июнь, 2019 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Алоҳида соҳалар фаолиятини ташкил этиш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.05.2019 й. 442-сон "Наманган вилоятининг Наманган шаҳрида хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

29.05.2019 й.

N 442




НАМАНГАН ВИЛОЯТИНИНГ НАМАНГАН

ШАҲРИДА ХУСУСИЙ ТАДБИРКОРЛИКНИ

РИВОЖЛАНТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА



Наманган вилоятининг Наманган шаҳрида хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратиш, жумладан, ахборот технология маркази ҳамда инновацион технопаркни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, "Ўзбекнефтгаз" АЖ ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг "Карбонам" МЧЖга тегишли Наманган шаҳар А.Хўжаев кўчаси, 38-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотларни (кейинги ўринларда объект деб аталади) белгиланган тартибда Наманган вилояти ҳокимлигига давлат мулки сифатида оператив бошқарувга бепул бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. "Ўзнефтмаҳсулот" АЖ бир ой муддатда объектнинг қолдиқ (баланс) қиймати бўйича берилишини, Наманган вилояти ҳокимлиги эса қабул қилинишини таъминласин.


3. Наманган вилояти ҳокимлиги "Ўзбекнефтгаз" АЖ билан биргаликда уч ой муддатда Наманган шаҳридаги "Карбонам" МЧЖга тегишли коммуникация тармоқлари мавжуд бўлган ер участкасини ажратиш, жамият ходимларининг иш жойларини сақлаб қолган ҳолда мавжуд ишлаб чиқариш технологик ускуналарини демонтаж қилиб кўчириб ўтказиш ва инвесторларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқаришни ташкил этиш чораларини кўрсин.


4. Наманган вилояти ҳокимлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлигининг объект негизида энг илғор хорижий тажрибалар намунасида "IT park" мажмуасини (кейинги ўринларда мажмуа деб аталади) ташкил этиш ҳамда мазкур мажмуада замонавий ахборот дастурларини яратиш учун инновацион технологиялар асосида ишлайдиган "IT school" ахборот технологиялари марказини жойлаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


5. Қуйидагилар "IT school" ахборот технологиялари марказининг асосий фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:

ахборот технологиялари соҳасида рақобатбардош маҳсулот ва хизматларни, инновацион ишланмаларни ишлаб чиқариш, уларни ички ва ташқи бозорларда илгари суришга қулай шарт-шароитлар яратиш ва кўмаклашиш;

юқори технологияли маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқариш занжирининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида илмий, таълим, ишлаб чиқариш ташкилотларининг интеграциялашувига кўмаклашиш;

маҳаллий дастурчилар маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспортини амалга оширишга кўмаклашиш, миллий дастурий маҳсулотларнинг ишлаб чиқувчилар ва уларнинг маҳсулотлари тўғрисидаги ахборотнинг ягона электрон банкини шакллантириш;

етакчи компаниялар ва уларнинг мутахассислари иштирокида курслар, тренинглар ва мастер классларни, шунингдек, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган ва малакали мутахассислар синфини шакллантириш учун илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш.


6. Наманган вилояти ҳокимлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда "IT school" ахборот технологиялари марказининг низомини белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминласин.


7. Вазирлар Маҳкамасининг "Нефть-газ тармоғи ташкилотларининг активларидан янада самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 25 августдаги 685-сон қарорига 1-иловадан 151-банд чиқариб ташлансин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - транспорт вазири А.Ж. Раматов ва Наманган вилояти ҳокими Х.Х. Бозаров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Бош вазири                            А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 30 май