Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Аҳоли /

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизация агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 31.05.2019 й. 450-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 31 майдаги

450-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва

саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизация

агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизация агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) урбанизация жараёнларини давлат томонидан тартибга солишни, шунингдек, ер участкалари муомаласи ва улардан фойдаланиш соҳасида замонавий бозор механизмлари жорий этилишини таъминлаш соҳасида ваколатли давлат органи ҳисобланади.


2. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг буйруқларига, ушбу Низомга, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилади.


3. Агентлик ўз фаолиятини унга юкланган вазифаларни бажариш билан боғлиқ масалалар бўйича бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа ташкилотлар, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширади.

Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.

Агентликнинг урбанизацияни ривожлантириш масалалари бўйича ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир.


4. Агентлик юридик шахс ҳисобланади, ўзининг мустақил балансига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, бошқа зарур муҳрлар ва штампларга, ғазначилик ва банк ҳисобрақамларига, шу жумладан, валюта ҳисобрақамларига эгадир.


5. Агентликнинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизация агентлиги, қисқартирилган номи - Урбанизация агентлиги;

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Агентство урбанизации при Министерстве экономики и промышленности Республики Узбекистан, қисқартирилган номи - Агентство урбанизации;

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - Urbanization Аgency under the Ministry of Economy and Industry of the Republic of Uzbekistan, қисқартирилган номи - Urbanization Аgency.


6. Агентлик жойлашган жой (почта манзили): Тошкент шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, 45а-уй.



2-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

урбанизация жараёнларини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

саноатлаштириш сиёсатининг суръатлари, босқичлари ва натижаларини узоқ муддатли режалаштириш, шаҳар ва қишлоқлардаги узоқ муддатли демографик тенденцияларни таҳлил қилиш, жадал саноатлаштириш шароитида шаҳарларнинг демографик сиғимлари ҳамда ишчи кучига бўлган эҳтиёжларини ҳисоблаш;

"ўсиш полюслари"ни аниқлаш, бошқарув марказлари жойларини танлаш, таълим, меҳнат бозорини шакллантиришни келишиш, ички ва ташқи миграция соҳаларидаги сиёсатни тартибга солиш;

қишлоқ аҳолисини янги саноат ўқитиш ва қайта тайёрлашга қаратилган қатор институционал ва ташкилий чора-тадбирларни белгилашни назарда тутувчи, ишчи кучининг қишлоқлардан шаҳарларга ҳаракатланишини рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш;

илғор энергияни тежайдиган, экологик тоза технологиялар ва материалларни жорий этиш асосида ҳамда ижтимоий, муҳандислик-коммунал ва йўл-транспорт инфратузилмаларини қамраб олган йўлдош шаҳарлар бунёд этилишини ҳисобга олган ҳолда шаҳар агломерацияларини шакллантиришни бошқариш;

жаҳон амалиётини ҳисобга олган ҳолда шаҳар аҳолисини жойлаштириш тизимини комплекс ривожлантиришни тартибга солиш, кичик, ўрта, катта ва йирик шаҳарларнинг самарали нисбатини шакллантириш.


8. Агентлик ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) урбанизация жараёнларини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш соҳасида:

ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмалари билан биргаликда янги саноат корхоналарини комплекс жойлаштириш орқали аҳоли пунктларида урбанизация жараёнларини фаоллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилма билан таъминланган, ипотека кредити бериш ва тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурсларини жалб қилиш механизмларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан, кам ва ўрта даромадли оилалар учун арзонлаштирилган турар жойларни қуришга йўналтирилган инвестицияларни қўллаб-қувватлаш бўйича махсус чора-тадбирларни назарда тутувчи мутлақо янги уй-жой сиёсатини амалга оширишда урбанизация жараёнларини мувофиқлаштириб боради;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ер участкаларини хусусийлаштириш ва бозор нархини аниқлаш соҳасида умуман урбанизация соҳасида ва ер муносабатларини тартибга солиш бўйича давлат сиёсатини такомиллаштириш масалалари бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикасида шаҳарлар, йирик қишлоқ аҳоли пунктлари ва шаҳар посёлкаларини истиқболли ривожлантиришнинг асосий йўналишларини ишлаб чиқади, шунингдек, тегишли концепция доирасида дастурлар ва лойиҳалар тайёрланиши ва амалга оширилишини методик қўллаб-қувватлашни таъминлайди;

республикада урбанизация жараёнларини тартибга солиш мақсадида аҳоли пунктлари урбанизациясини ривожлантиришни баҳолаш учун миллий индикаторлар тизимини ишлаб чиқади ва такомиллаштиради;

урбанизацияни ривожлантириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, давлат органлари ва хусусий сектор, халқаро молия институтлари, донор ташкилотлар ва бошқа манфаатдор томонлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштиради ва тизимли қўллаб-қувватлайди;

урбанизация жараёнларини тартибга солиш соҳасида халқаро ва давлатлараро ҳамкорликни ривожлантиради;

муаммоларни тизимли ўрганиш ва ислоҳотлар амалга оширилиши якунлари асосида илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда урбанизацияни ривожлантириш бўйича давлат концепциялари ва дастурларни ишлаб чиқади ва амалга оширади;


б) саноатлаштириш сиёсатининг суръатлари, босқичлари ва натижаларини узоқ муддатли режалаштириш, шаҳар ва қишлоқлардаги узоқ муддатли демографик тенденцияларни таҳлил қилиш, жадал саноатлаштириш шароитида шаҳарларнинг демографик сиғимлари ҳамда ишчи кучига бўлган эҳтиёжларини ҳисоблаш соҳасида:

чуқур таҳлил қилиш асосида мавжуд салоҳиятни ҳисобга олган ҳолда корхоналарни жойлаштириш ҳамда шаҳарлар, йирик қишлоқ аҳоли пунктлари ва шаҳар посёлкаларининг самарали саноат тузилмасини шакллантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

шаҳар аҳолиси бўйича ҳисобга олиш ва статистика ҳисоботини, шунингдек, халқаро талабларга мувофиқ урбанизация даражасини ҳисоблаб чиқиш методологиясини такомиллаштиришда иштирок этади;

шаҳарлар, йирик қишлоқ аҳоли пунктлари ва шаҳар посёлкаларида турар жой, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектларини ва саноат корхоналарини жойлаштиришда ҳисобга олиш мақсадида демографик сиғим ҳисоб-китобини амалга оширади;

шаҳарлар, йирик кишлоқ аҳоли пунктлари ва шаҳар посёлкаларида уй-жой, ижтимоий, муҳандислик инфратузилмалари ва саноат корхоналарини реконструкция килиш ва қуришнинг самарадорлиги ва мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқади;


в) "ўсиш полюслари"ни аниқлаш, бошқарув марказлари жойларини танлаш, таълим, меҳнат бозорини шакллантиришни келишиш, ички ва ташқи миграция соҳаларидаги сиёсатни тартибга солиш соҳасида:

халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда "ўсиш полюслари"ни аниқлаш методикаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

давлат ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда шаҳарлар, йирик кишлоқ аҳоли пунктлари ва шаҳар посёлкаларини ривожлантириш бўйича бошқарув функцияларини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

урбанизация жараёнларини устувор ривожлантириш учун минтақаларни аниқлаш ва танлаш мақсадида ваколатли давлат органлари билан биргаликда шаҳарлар ва шаҳар посёлкаларини уларни демографик, меҳнат, инфратузилма ва ишлаб чиқариш салоҳияти жиҳатидан ўрганиш юзасидан хатловдан ўтказади;

меҳнат бозори ҳолатининг доимий мониторингини олиб боради ва шаҳарларда уни шакллантириш ва ривожлантириш бўйича таклифлар киритади;

ички ва ташқи миграцияни тартибга солиш чора-тадбирларини ишлаб чиқишда иштирок этади;


г) қишлоқ аҳолисини янги саноат ўқитиш ва қайта тайёрлашга қаратилган қатор институционал ва ташкилий чора-тадбирларни белгилашни назарда тутувчи, ишчи кучининг қишлоқлардан шаҳарларга ҳаракатланишини рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш соҳасида:

иш кучларининг қишлоқдан шаҳарга эркин ҳаракатланиши йўлидаги мавжуд тўсиқларни аниқлайди ва ваколатли давлат органлари билан биргаликда уларни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

давлат-хусусий шериклик асосида ва тегишли ҳудудларда жойлашган таълим муассасалари негизида (янги саноат мутахассисларини очиш ҳисобга олинган ҳолда) қишлоқ аҳолисини ўқитиш ва қайта ўқитиш дастурини ишлаб чиқади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, тадбиркорлик субъектлари учун урбанизация соҳасида мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этади;


д) илғор энергияни тежайдиган, экологик тоза технологиялар ва материалларни жорий этиш асосида ҳамда ижтимоий, муҳандислик-коммунал ва йўл-транспорт инфратузилмаларини қамраб олган йўлдош шаҳарлар бунёд этилишини ҳисобга олган ҳолда шаҳар агломерацияларини шакллантиришни бошқариш соҳасида:

шаҳар агломерацияларини шакллантириш имкониятларини аниқлаш мақсадида илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда йирик шаҳар (ядро) ва унинг атрофидаги аҳоли пунктлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни ўрганади;

шаҳар агломерацияларини шакллантириш учун истиқболларни ўрганиш мақсадида йирик шаҳар чеккасида жойлашган шаҳарлашган манзилгоҳларнинг ижтимоий, муҳандислик-коммунал ва йўл-транспорт инфратузилмалари ҳолатини баҳолайди;

тегишли давлат органлари билан биргаликда йирик шаҳарлар чеккасида йўлдош шаҳарлар ташкил этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

шаҳарларда ижтимоий, муҳандислик-коммунал ва йўл-транспорт инфратузилмаларини ташкил этишда илғор энергияни тежайдиган (энергия жиҳатидан самарали), экологик тоза технологиялар ва материалларни жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

энергия жиҳатидан самарали ва экологик технологиялар жорий этилишини назарда тутувчи аҳоли пунктларини "яшил шаҳарлар"га айлантириш механизмини ишлаб чиқади ва жорий этади;

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ва Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда тегишли ҳудудлар ва аҳоли пунктларининг бош режаларига мувофиқ 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасида урбанизацияни ривожлантириш концепциясини (кейинги ўринларда Концепция деб аталади) амалга ошириш мақсадида қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадда фойдаланиладиган ер участкаларини аниқлайди;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Концепция доирасида белгиланган ер участкаларини зарур муҳандислик, транпорт ва ижтимоий инфратузилмалар билан жиҳозлаш устидан назорат қилинишини таъминлайди;


е) жаҳон амалиётини ҳисобга олган ҳолда шаҳар аҳолисини жойлаштириш тизимини комплекс ривожлантиришни тартибга солиш, кичик, ўрта, катта ва йирик шаҳарларнинг самарали нисбатини шакллантириш соҳасида:

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда шаҳарсозликни режалаштириш, Ўзбекистон Республикаси, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудларини режалаштириш, ҳудудлар ва тармоқларни ривожлантириш схемаларини ишлаб чиқишда қатнашади;

халқаро амалиётни ҳисобга олган ҳолда кичик, ўрта, катта ва йирик шаҳарларнинг самарали нисбатларини шакллантириш тенденцияларини ўрганади;

субурбанизация йўли билан йўлдош шаҳарларнинг ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

ўзининг расмий веб-сайтида ва оммавий ахборот воситаларида урбанизация масалаларига оид ахборот ва маълумотлар эълон қилинишини таъминлайди;

урбанизация масалаларига оид халқаро ва миллий илмий анжуманлар, симпозиумлар, конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирларни ташкил этади ва уларда иштирок этади.



3-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


9. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

урбанизацияни тартибга солиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқишда қатнашиш, шунингдек, улар ҳақида ўз хулосаларини бериш;

ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича маълумот ва материалларни давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, республика ташкилотларидан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

тегишли Концепциялар доирасида ташкил этиладиган янги шаҳарлар ва йўлдош шаҳарлар лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида бош режаларни ишлаб чиқиш бўйича ўз таклифларини киритиш;

урбанизация жараёнларини тартибга солиш соҳасида халқаро лойиҳалар ва дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни молиялаштириш учун грантлар ва кредитларни жалб этиш масалалари бўйича халқаро молия институтлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

урбанизацияни тартибга солиш соҳасида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг, нодавлат нотижорат ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий-таълим муассасалари, халқаро ва хорижий ташкилотларнинг юқори малакали ходимларини ҳамда мутахассисларни жалб этиш.

Агентлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


10. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функциялар самарали бажарилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


§ 1. Агентлик фаолиятини ташкил этиш


11. Агентликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор - Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазирининг ўринбосари бошчилик қилади.


12. Агентлик директорининг биринчи ўринбосари ва ўринбосари бўлади.

Агентлик директорининг ўринбосарлари директорнинг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазирининг буйруғи билан лавозимга тайинланадилар ва лавозимидан озод қилинадилар.



§ 2. Агентлик раҳбарларининг

функционал вазифалари


13. Агентликка юкланган вазифаларга мувофиқ Агентлик раҳбарлари қуйидаги функционал вазифаларни бажарадилар:


а) Агентлик директори:

яккабошчилик асосида Агентлик фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ҳамда Агентликка юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

директор ўринбосарлари ва Агентлик бошқа мансабдор шахсларининг ваколатларини ҳамда фаолиятнинг айрим йўналишлари ва участкаларига раҳбарлик қилиш учун шахсий жавобгарлиги даражасини белгилайди;

Агентлик юритиши соҳасига кирадиган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишда урбанизацияни ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатига қатъий риоя қилинишини таъминлайди, ҳужжатларнинг тайёрланган лойиҳаларига виза қўяди. Тегишли ҳужжатлар қабул қилингандан кейин уларнинг амалга оширилиши устидан тизимли назорат ташкил этилишини таъминлайди;

ўз ваколатлари доирасида Агентлик ходимлари ижро этиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

Агентлик ходимларини белгиланган тартибда ишга қабул қилади ва улар билан меҳнат шартномаларини бекор қилади;

Агентлик таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомни ва унинг ходимларининг лавозим йўриқномаларини тасдиқлайди;

"Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ижро этиш муддатларига қатъий риоя қилинишини таъминлайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


б) директорнинг ўринбосари:

Агентликка юкланган вазифаларни амалга оширишда Агентликнинг тегишли бўлинмалари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

раҳбариятнинг топшириғи бўйича урбанизацияни ривожлантиришнинг устувор вазифалари ва дастурлари бажарилишини мувофиқлаштиради;

Агентликнинг топширилган ва мутасаддилик қилинадиган бўлинмаларига бевосита раҳбарлик қилади;

Агентликнинг, шунингдек, Жамғарманинг бошлиқлари ва мутахассислари лавозимларига номзодларни белгиланган тартибда директорнинг тасдиқлаши учун киритади;

Агентликнинг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалари бошлиқлари ва мутахассисларини қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, рағбатлантириш ва уларга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида таклифлар киритади;

мутасаддилик қилинадиган бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш ишларини тизимли асосда ташкил этади;


в) Агентлик таркибий бўлинмалари бошлиқлари:

тегишли таркибий бўлинма тўғрисидаги тасдиқланган низом доирасида аниқ йўналишлар бўйича вазифалар сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлайди;

функционал вазифаларни бажаришда Агентликнинг бошқа таркибий бўлинмалари ва раҳбарияти билан ўзаро ҳамкорликни ташкил этади;

таркибий бўлинманинг вазифаларини амалга ошириш доирасида маълумотлар базаларини бошкариш тизимлари яратилишини ташкил этади ва уларнинг ишини таъминлайди;

Агентлик олдига қўйилган вазифалар ва функциялар амалга оширилишининг амалий чора-тадбирлари ва механизмлари бўйича Агентлик раҳбариятига аниқ таклифлар киритади.



§ 3. Агентлик раҳбарларининг жавобгарлиги


14. Директор:

ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатлари билан унга юкланган вазифалар сифатли ва ўз вақтида бажарилиши, шунингдек, Агентлик ишидаги камчиликларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар кўрилиши;

амалга ошириладиган дастурлар, стратегиялар ва концепциялар натижаларига эришиш;

Агентликда ижро интизомига сўзсиз риоя қилиниши учун жавоб беради.


15. Директорнинг ўринбосарлари:

тегишли йўналишлар бўйича топшириқлар бажарилишининг натижадорлиги ва ўз вақтидалиги;

мутасаддилик қилинадиган йўналишлар бўйича урбанизацияни ривожлантириш вазифалари ва дастурлари самарали амалга оширилишини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ва натижадорлиги учун жавоб берадилар.


16. Агентликнинг таркибий бўлинмалари бошлиқлари:

қонун ҳужжатлари, Агентлик раҳбариятининг топшириқлари, шунингдек, таркибий бўлинма ва Агентликка юкланган вазифалар ва функциялар ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан таъсирчан назорат қилиниши;

урбанизацияни ривожлантириш дастурлари белгиланган тартибда ишлаб чиқилиши ва тегишли йўналишлар бўйича улар амалга оширилиши назорат қилинишини таъминлаш учун жавоб берадилар.



§ 4. Агентликнинг давлат ва хўжалик бошқаруви

бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти

органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро

ҳамкорлик қилиши тартиби


17. Агентлик, давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилишда:

Агентлик ваколатларига тааллуқли масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини мувофиқлаштиради:

Агентлик ваколатларига тегишли масалалар бўйича таклифлар тайёрланишида ва белгиланган тартибда киритилишида иштирок этади;

урбанизацияни тартибга солиш соҳасида, шунингдек, Агентлик ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар бўйича ягона давлат сиёсатини амалга ошириш доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан, шу жумладан, ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларининг интеграцияси орқали ҳамкорлик қилади.



5-БОБ. АГЕНТЛИКНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ, УНИНГ

ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ ВА

МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


18. Агентлик фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари, вақтинча бўш маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


19. Агентлик ходимларига Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг марказий аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш шартлари татбиқ этилади.

Агентлик ходимларининг лавозим маошларига ҳар ойлик устамалар ва рағбатлантирувчи тусдаги қўшимчаҳақлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан келишган ҳолда Агентлик директори томонидан тасдиқланадиган низомларга мувофиқ тўланади.


20. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Агентлик ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатантириш манбалари ҳисобланади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


21. Агентликни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 1 июнь















































Время: 0.0063
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск