язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июнь, 2019 й./ Меҳнат қонунчилиги асослари/ Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 31.05.2019 й. 3163-сон билан рўйхатга олинган бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 10.05.2019 й. 19-2019-Б-сон буйруғига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2019 йил 31 майда 3163-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

бандлик ва меҳнат

муносабатлари вазирининг

2019 йил 10 майдаги

19-2019-Б-сон буйруғига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш

давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидия

ва грантлар ажратиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 мартдаги ПҚ-4227-сон "2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси (бундан буён матнда жамғарма деб юритилади) маблағлари ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш тартибини белгилайди.


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ ишсиз шахслар - ўн олти ёшдан то пенсия билан таъминланиш ҳуқуқини олишгача бўлган ёшдаги, ҳақ тўланадиган ишга ёки даромад келтирадиган машғулотга эга бўлмаган, иш қидираётган ва иш таклиф этилса, унга киришишга тайёр бўлган ёхуд касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтишга ёки малакасини оширишга тайёр бўлган меҳнатга лаёқатли шахслар (бундан таълим муассасаларида таълим олаётганлар мустасно).


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 мартдаги ПҚ-4227-сон "2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисида"ги қарорига мувофиқ субсидиялар қуйидаги мақсадлар учун ажратилади:

иш берувчиларга - аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари (бундан буён матнда АБКМ деб юритилади) йўлланмаси бўйича ишга қабул қилинган ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга сарфланадиган харажатларни қоплаш учун - ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 4 баравари миқдорида тўловни амалга ошириш;

аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида рўйхатдан ўтган, тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз шахсларга - якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, кичик корхоналар ва микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш, тадбиркорликка ўқитиш ва кредит олишда суғурта полиси тўлови учун харажатларни энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида тўлаш;

ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансуб шахсларни квоталанган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилотларга - ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида ҳақ тўлаш;

енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш учун - "Томорқа хизмати" МЧЖ, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ва томорқа ер эгалари ўртасида тузилган уч томонлама шартномалар асосида энг кам ойлик иш ҳақининг 3 бараваридан 10 бараваригача бўлган миқдорда тўлаш.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 мартдаги ПҚ-4227-сон "2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисида"ги қарорига мувофиқ грантлар қуйидаги мақсадлар учун ажратилади:

касб-ҳунар таълими муассасаларига - банд бўлмаган шахсларни, айниқса, меҳнат миграциясидан қайтган фуқаролар, кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизларни касбга қайта ўқитишга сарфланадиган харажатларни молиялаштириш;

касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, коллежлар ва олий ўқув юртларида касб-ҳунарга тайёрлаш, агротехнология, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичилик соҳасида фермер ва деҳқон хўжаликларининг раҳбарлари ва ишчилари ҳамда томорқа ер эгаларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни молиялаштириш.


4. Субсидия ва грант Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ҳар йили тасдиқланадиган Республика бўйича ҳудудлар кесимида алоҳида смета ҳужжатларига мувофиқ ажратилади.


5. Субсидия АБКМ томонидан, шунингдек грантлар Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармалари (бундан буён матнда ҳудудий бош бошқарма деб юритилади) томонидан смета ҳужжатларида белгиланган маблағлар доирасида берилади.



2-БОБ. ИШ БЕРУВЧИЛАРГА АБКМ ЙЎЛЛАНМАСИ

БЎЙИЧА ИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН ХОДИМЛАРНИ

КАСБГА ТАЙЁРЛАШ, ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА УЛАРНИНГ

МАЛАКАСИНИ ОШИРИШГА САРФЛАНАДИГАН

ХАРАЖАТЛАРНИ ҚОПЛАШ УЧУН СУБСИДИЯ

АЖРАТИШ


6. АБКМ йўлланмаси асосида ишга қабул қилинган ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида субсидия олиш учун иш берувчи тегишли ҳудуддаги АБКМга ёзма равишда мурожаат қилади. Бунда, мурожаатда касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш режалаштирилган ходимнинг Ф.И.О., касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш жойи ва муддати, иш берувчи ташкилотнинг субсидия тўлаб берилиши лозим бўлган ҳисоб рақами кўрсатилиши, шунингдек мурожаатга ходимнинг ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқ нусхаси илова қилиниши шарт.


7. АБКМнинг масъул ходими иш берувчи томонидан субсидия ажратишни сўраб тақдим этилган ҳужжатларни 5 иш куни ичида ўрганиб чиқади. Масъул ходим ҳужжатларни ўрганиб чиқишда касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш режалаштирилган ходим АБКМ йўлланмаси асосида ишга қабул қилинганлиги ва узлуксиз ушбу ташкилотда ишлаётганлиги, шунингдек мазкур Низомнинг 6-бандида назарда тутилган маълумотлар тўлиқ кўрсатилганлиги ҳамда ходимнинг ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқ нусхаси тақдим қилинганлигига эътибор қаратиши лозим.


8. АБКМнинг масъул ходими томонидан иш берувчи ташкилот томонидан тақдим этилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилган, унда барча зарур маълумотлар кўрсатилган ва АБКМ томонидан ходим учун берилган йўлланма ҳақиқий деб топилганда, у ўрганиш натижаси бўйича иш берувчининг мурожаатида кўрсатилган ходимнинг касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириши учун субсидия ажратиш тўғрисида АБКМ раҳбарига ёзма шаклда таклиф киритади.

Бунда, АБКМ раҳбари масъул ходимга иш берувчининг мурожаатида кўрсатилган ходимнинг касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириши учун субсидия ажратиш тўғрисида розилик билдиради ва субсидия ажратиш тўғрисида буйруқ расмийлаштирилади. Буйруқда субсидия суммаси ва уни ажратиш муддати кўрсатилиши зарур.


9. АБКМнинг масъул ходими томонидан иш берувчи ташкилот томонидан тақдим этилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган ёки унда барча зарур маълумотлар кўрсатилмаган ёхуд АБКМ томонидан ходим учун берилган йўлланма ҳақиқий эмас деб топилганда, ўрганиш натижаси бўйича иш берувчининг мурожаатида кўрсатилган ходимнинг касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириши учун субсидия ажратишни рад этиш тўғрисида иш берувчи ташкилотга рад этишнинг сабаблари асослантирилган ҳолда кўрсатилган хат юборилади.


10. АБКМнинг масъул ходими иш берувчи ташкилот томонидан тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотларни ўрганиш натижаси бўйича билдирилган таклиф ёки рад этиш асослантирилганлиги учун масъул ҳисобланади.


11. АБКМ раҳбарининг субсидия ажратиш тўғрисидаги буйруғига асосан иш берувчи ташкилотга унинг мурожаатида кўрсатилган ходимнинг касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида ҳар бир ходим учун 6 ой давомида ҳар ойда энг кам ойлик ҳақининг 4 баравари миқдорида субсидия ажратилади ва АБКМ томонидан иш берувчига тўлаб берилади.


12. Иш берувчи касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш режалаштирилган ходимнинг касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш якунланган кундан бошлаб 5 иш куни ичида ушбу ходимнинг касбга тайёрлашдан ёки қайта тайёрлашдан ўтганлиги, шунингдек унинг малакаси оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхасини тегишли АБКМга тақдим этиши шарт.


13. Иш берувчи томонидан ходимнинг касбга тайёрлашдан ёки қайта тайёрлашдан ўтганлиги, шунингдек унинг малакаси оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхасини 5 иш куни ичида тегишли АБКМга тақдим этилмаган ҳолларда АБКМ томонидан ходимнинг касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга сарфланган харажатларни қоплаш учун ажратилган ва иш берувчи ташкилотга тўлаб берилган субсидияни қайтариш чоралари кўрилади.



3-БОБ. АБКМДА РЎЙХАТДАН ЎТГАН,

ТАДБИРКОРЛИК ҚИЛИШНИ ХОҲЛОВЧИ ИШСИЗ

ШАХСЛАРГА ЯККА ТАРТИБДАГИ ТАДБИРКОР

СИФАТИДА РЎЙХАТДАН ЎТИШ, КИЧИК КОРХОНАЛАР

ВА МИКРОФИРМАЛАРНИ ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН

ЎТКАЗИШ, ТАДБИРКОРЛИККА ЎҚИТИШ ВА КРЕДИТ

ОЛИШДА СУҒУРТА ПОЛИСИ ТЎЛОВИ УЧУН

СУБСИДИЯ АЖРАТИШ


14. АБКМда рўйхатдан ўтган, тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз шахслар тегишли ҳудуддаги АБКМга тадбиркорлик қилишни режалаштирганлиги тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.


15. АБКМнинг масъул ходими АБКМда рўйхатдан ўтган, тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз шахснинг мурожаатини кўриб чиқади ва унга қуйидаги харажатларни жамғарма маблағлари ҳисобидан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида тўлаб берилишини таклиф қилади:

якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш;

кичик корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш;

микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш;

тадбиркорликка ўқитиш;

кредит олишда суғурта полиси тўлови.


16. АБКМнинг масъул ходими томонидан тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз шахсга мазкур Низомнинг 15-бандида назарда тутилган харажатларни энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида тўлаб беришнинг таклиф этилганлиги ва тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз шахснинг улар орасидан ўзига кераклисини танлаганлиги мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ шаклдаги Тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз шахсларга субсидиялар таклиф этиш бўйича сўровнома билан расмийлаштирилади.


17. Сўровномада кўрсатилиши лозим бўлган барча маълумотлар тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз шахс томонидан кўрсатилади, шунингдек унга таклиф этилаётган харажатларни энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида тўлаб бериш кўрсатилган катакчалар орасидан ўзига кераклисига белги қўяди ва сўровномани имзолайди.


18. АБКМнинг масъул ходими тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз шахс томонидан тўлдирилган сўровномани қабул қилиб олади ва уни қабул қилган кундан бошлаб 3 иш кунидан кўп бўлмаган муддатда ушбу шахсга зарур бўлган харажатларни тўлаб бериш бўйича субсидия ажратиш тўғрисида АБКМ раҳбарининг буйруғи расмийлаштирилади.

Буйруқда субсидия ҳисобидан қопланадиган харажатлар турлари, ажратиладиган субсидия миқдори ва уни ажратиш муддати кўрсатилиши лозим.


19. АБКМ раҳбари буйруғининг нусхаси унинг номига расмийлаштирилган тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз шахсга унинг ихтиёрига асосан АБКМнинг масъул ходими томонидан тақдим этилиши шарт.


20. Тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз шахс:

якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш ёки кичик корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш ёхуд микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш, учун 1 ой ичида тегишли ҳудуддаги Давлат хизматлари марказига ўзининг шахсин тасдиқловчи ҳужжат билан мурожаат қилиши;

тадбиркорликка ўқиш учун 2 ой ичида тадбиркорлик бўйича ўқитиш билан шуғулланадиган тегишли муассасасига ўзининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан мурожаат қилиши;

кредит олишда суғурта полиси тўловини унга ажратилган субсидия ҳисобидан амалга ошириш учун тегишли суғурта шартномасини 2 ой ичида АБКМга тақдим этиши керак.


21. Тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз шахс якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш ёки кичик корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш ёхуд микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун Давлат хизматлари марказига мурожаат қилгандан кейин Давлат хизматлари маркази томонидан тегишли харажатларни тўлаб бериш бўйича автоматлаштирилган ахборот тизими орқали тегишли ҳудуддаги АБКМга электрон сўровнома юборади.


22. АБКМнинг масъул ходими Давлат хизматлари маркази томонидан юборилган сўровномадаги маълумотларни АБКМ раҳбарининг ушбу шахсга зарур бўлган харажатларни тўлаб бериш бўйича субсидия ажратиш тўғрисидаги буйруғи асосида ўрганиб чиқади ва сўровномада кўрсатилган маълумотлар тўғри деб топилганда сўровнома қабул қилинган вақтдан бошлаб 30 дақиқа ичида жамғарма маблағлари ҳисобидан зарур пул маблағларини электрон шаклда тегишли Давлат хизматлари марказининг ҳисобварағига ўтказади.


23. Давлат хизматлари маркази зарур пул маблағлари АБКМ томонидан Давлат хизматлари марказининг ҳисобварағига тўланганлигига ишонч ҳосил қилгандан кейин тегишли тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз шахс учун белгиланган хизматни кўрсатиш чораларини кўради.


24. Тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз шахс тадбиркорликка ўқиши учун келишув асосида шахснинг ўзи ёки тегишли АБКМ ушбу тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз шахсни тадбиркорликка ўқитиш учун тадбиркорлик бўйича ўқитиш билан шуғулланувчи муассасага мурожаат қилади.


25. Тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз шахсни тадбиркорликка ўқитиш тегишли АБКМ ва тадбиркорлик бўйича ўқитиш билан шуғулланувчи муассаса ўртасида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади. Бунда тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз шахсни тадбиркорликка ўқитиш учун харажатларнинг энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида тўлов амалга оширади.


26. Тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз шахс кредит олишда суғурта полиси тўловини унга ажратилган субсидия ҳисобидан амалга ошириш учун тегишли суғурта шартномасини АБКМга тақдим этгандан кейин АБКМ ушбу суғурта шартномаси асосида кредит олишда суғурта полиси тўлови учун харажатларни энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида амалга оширади.



4-БОБ. ИЖТИМОИЙ ЭҲТИЁЖМАНД АҲОЛИ

ҚАТЛАМЛАРИГА МАНСУБ ШАХСЛАРНИ

КВОТАЛАНГАН ЭНГ КАМ СОНДАН ОРТИҚ

МИҚДОРДА ИШГА ҚАБУЛ ҚИЛГАН

ТАШКИЛОТЛАРГА СУБСИДИЯ АЖРАТИШ


27. Мазкур Низом мақсадлари учун қуйидагилар ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансуб шахслар ҳисобланади:

ўн тўрт ёшгача ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ва кўп болали ота-оналар;

умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшлар, шунингдек, олий таълим муассасаларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари;

сафарбарлик чақируви захирасида хизматни ўтаган ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар;

ногиронлар ва пенсияолди ёшидаги (эркаклар учун 58 ёшдан 60 ёшга тўлишгача ва аёллар учун - 53 ёшдан 55 ёшга тўлишгача пенсияга чиқишдан олдинги ёш) шахслар;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суднинг қарорига кўра тиббий тусдаги мажбурлов чоралари қўлланилишидан озод қилинган шахслар;

одам савдоси қурбонлари.


28. Ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансуб шахсларни квоталанган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилот квоталанган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилинган ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансуб шахсларни ишга қабул қилганлиги ва субсидия тўлаб беришни сўраб тегишли ҳудуддаги АБКМга ёзма равишда мурожаат қилади.


29. Мурожаатда ушбу ташкилотга ишга қабул қилинган шахснинг Ф.И.О., ушбу шахс ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансублиги, ушбу шахс ташкилотда квоталанган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилинганлиги ҳамда ташкилотнинг субсидия тўлаб берилиши лозим бўлган ҳисоб рақами кўрсатилади, шунингдек ташкилотга квоталанган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилинган шахснинг ишга қабул қилинганлигини тўғрисидаги буйруқ илова қилинади.


30. АБКМнинг масъул ходими 3 иш куни ичида ташкилотнинг мурожаатида кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилигини ўрганиб чиқади.


31. АБКМнинг масъул ходими томонидан ўрганиш натижаларига кўра мурожаатда тақдим этилган маълумотлар тўғри деб топилганда, мурожаат этувчи ташкилотга ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида ҳақ тўлаш тўғрисида буйруқ расмийлаштирилади ва бу ҳақда субсидия тўлаб беришни сўраб мурожаат этган ташкилотга хабар берилади.


32. АБКМнинг масъул ходими томонидан ўрганиш натижаларига кўра мурожаатда тақдим этилган маълумотлар нотўғри деб топилганда, мурожаат этувчи ташкилотга ҳар бир ходим учун 12 ой давомида ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида ҳақ тўлашни рад этиш ҳақидаги асослантирилган хат юборилади.


33. Ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли қатламларига мансуб шахсларни квоталанган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилган ташкилот квоталанган энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилинган шахснинг ушбу ташкилотда ишлаётганлигини тасдиқлаш мақсадида ходимга иш ҳақи ҳисобланганлиги ва даромад солиғи тўланганлиги тўғрисидаги маълумотларни 12 ой давомида ҳар ойда тегишли АБКМга тақдим этиб бориши керак.


34. АБКМ ҳар ой учун кейинги ойда тегишли ҳудуддаги Давлат солиқ хизмати органидан тегишли ташкилотда энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилинган шахсга иш ҳақи ҳисобланганлиги тўғрисида маълумот олади.


35. АБКМ раҳбарининг субсидия ажратиш тўғрисидаги буйруғи чиқарилгандан кейин АБКМнинг масъул ходими мурожаат этувчи ташкилотнинг мурожаатида кўрсатилган субсидия тўлаб берилиши лозим бўлган ҳисоб рақамига ушбу ташкилот учун ажратилган субсидияни тўлаб бериши керак.

Бунда, давлат солиқ хизмати органидан тегишли ташкилотда энг кам сондан ортиқ миқдорда ишга қабул қилинган шахсга иш ҳақи ҳисобланмаганлиги тўғрисида маълумот берилганда, ушбу маълумот берилган вақтдан бошлаб ташкилот учун ажратилган субсидияни тўлаб бериш тўхтатилади.



5-БОБ. ЕНГИЛ КОНСТРУКЦИЯЛИ ИССИҚХОНАЛАР

ЎРНАТИШ, УРУҒЛИКЛАР, КЎЧАТЛАР ВА СУҒОРИШ

ВОСИТАЛАРИ ХАРИД ҚИЛИШ УЧУН

СУБСИДИЯ АЖРАТИШ


36. Банд бўлмаган томорқа ер эгаси енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш ва (ёки) уруғликлар, кўчатлар ёхуд суғориш воситалари харид қилиш учун субсидия ажратишни сўраб тегишли ҳудуддаги АБКМга мурожаат қилади.


37. АБКМнинг масъул ходими банд бўлмаган томорқа ер эгасининг мурожаати келиб тушган кундан бошлаб 3 иш куни ичида жойига чиққан ҳолда мурожаатчининг томорқа ерида енгил конструкцияли иссиқхона ўрнатиш, шунингдек уруғликлар, кўчатлар ёхуд суғориш воситалари харид қилиниши учун томорқа ерининг майдони ва шароитини ўрганади ҳамда ўрганиш натижаси бўйича далолатнома тузади.

Далолатномада ўрганиш давомида аниқланган барча маълумотлар кўрсатилиши керак.

Шу билан бирга, АБКМ масъул ходими томонидан мурожаат қилган шахснинг бандлик ҳолати ўрганилади.


38. Ўрганиш натижасига кўра мурожаат қилган шахс банд бўлмаган ҳолларда унга унинг томорқа ерига мос келадиган енгил конструкцияли иссиқхона ўрнатиш ва (ёки) уруғликлар, кўчатлар ёхуд суғориш воситалари харид қилиниши бўйича АБКМнинг масъул ходими "Томорқа хизмати" МЧЖ, АБКМ ва томорқа ер эгаси ўртасида уч томонлама шартнома тузиш чораларини кўради.


39. Ўрганиш натижасига кўра мурожаат қилган шахс банд бўлганда ёки унинг томорқа ер майдони мавжуд бўлмаганда мурожаат қилган шахсга асослантирилган жавоб хати юборилади.


40. "Томорқа хизмати" МЧЖ, АБКМ ва томорқа ер эгаси ўртасида уч томонлама шартнома тузилганда АБКМ томонидан ушбу уч томонлама тузилган шартнома асосида энг кам ойлик иш ҳақининг 3 бараваридан 10 бараваригача бўлган миқдорда субсидия ажратиш тўғрисида АБКМ раҳбарининг буйруғини расмийлаштиради ва тегишли тўловни амалга оширади.



6-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИ

ҲИСОБИДАН ГРАНТЛАР АЖРАТИШ


41. АБКМ тегишли ҳудуддаги меҳнат бозори эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда:

ушбу ҳудуддаги банд бўлмаган шахслар, айниқса, меҳнат миграциясидан қайтган фуқаролар ва кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизлар орасидан касбга қайта ўқиш истаги бўлганлар;

агротехнология, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичилик соҳасида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш истаги бўлган фермер ва деҳқон хўжаликларининг раҳбарлари ва ишчилари, томорқа ер эгалари рўйхатини шакллантиради.

Бунда АБКМ томонидан тегишли ҳудуддаги касбга қайта ўқиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш истаги бўлганларни аниқлаш мақсадида оммавий ахборот воситаларида эълон берилиши мумкин.


42. АБКМ томонидан тегишли ҳудудий бош бошқармага грант ажратишни сўраб талабнома юборилади.


43. Талабномада АБКМ томонидан шакллантирилган рўйхат асосида ҳудуддаги банд бўлмаган шахслар, шунингдек меҳнат миграциясидан қайтган фуқаролар ва кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизларнинг, шунингдек агротехнология, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичилик соҳасида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш истаги бўлган фермер ва деҳқон хўжаликларининг раҳбарлари ва ишчилари, томорқа ер эгаларининг сони, касбга қайта ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш йўналишлари ва муддатлари ҳамда тегишли ҳудуд кўрсатилиши лозим.


44. Ҳудудий бош бошқарма АБКМ томонидан юборилган талабномани 3 иш куни ичида кўриб чиқади.


45. Ҳудудий бош бошқармада АБКМ томонидан юборилган талабнома бўйича эътирозлар мавжуд бўлмаганда, талабномада кўрсатилган шахсларни касбга қайта ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилиш учун касб-ҳунар таълими муассасалари, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, коллежлар ва олий ўқув юртлари танловини "Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари талаблари асосида амалга оширади.


46. Ҳудудий бош бошқарма ва тегишли касб-ҳунар таълими муассасаси, касб-ҳунарга ўқитиш маркази, коллеж ёки олий ўқув юрти ўртасида тузилган шартномага асосан тегишли ҳудудий бош бошқарма банд бўлмаган шахсларни, айниқса, меҳнат миграциясидан қайтган фуқаролар, кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизларни касбга қайта ўқитишга, шунингдек агротехнология, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичилик соҳасида фермер ва деҳқон хўжаликларининг раҳбарлари ва ишчилари ҳамда томорқа ер эгаларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга сарфланадиган харажатларни молиялаштиради.



7-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


47. Мазкур Низом талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.


48. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази, Марказий банки, Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан келишилган.






Низомга

ИЛОВА



Тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз шахсларга

субсидиялар таклиф этиш бўйича

СЎРОВНОМА


1. Тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз шахс ҳақидаги маълумотлар:

а)

(Ф.И.О.)

б)




(манзили)

в)

(СТИР)

г)

(электрон почта манзили ва телефон рақами)

2. Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваригача миқдорида тўлаб бериладиган харажатлар:

якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш

q

кичик корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказиш

q

микрофирмаларни давлат рўйхатидан ўтказиш

q

тадбиркорликка ўқитиш

q

кредит олишда суғурта полиси тўлови

q





(сана)

(имзо)

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 31 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 3 июнь, 22-сон, 423-модда