ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Малака ошириш /

Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 31.05.2019 й. 451-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 31 майдаги

451-сон қарорига

ИЛОВА



Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг

малакасини ошириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги раҳбар ва мутахассислар, ишчи касб эгаларининг (кейинги ўринларда лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар деб аталади) малакасини ошириш тартибини белгилайди.


2. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар малакасини оширишнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар касбий малака даражасини мунтазам ошириш асосида уларни қонунчилик нормалари, назария, илмий ва амалий тадқиқотлар, янги технологиялар ва қурилиш соҳасидаги инновациялар бўйича сўнгги ютуқлар билан таништириш;

лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар фаолиятини талаб даражасида ташкил этиш ва самарадорлигини оширишни таъминлаш мақсадида юқори самарали инновацион технологияларни, илғор хорижий тажрибаларни кенг жорий этган ҳолда соҳа мутахассислари малакасини ошириш бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларини тубдан янгилаш;

лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар томонидан Интернет жаҳон ахборот тармоғи, мультимедиа тизимлари ва масофадан ўқитиш усулларидан фойдаланган ҳолда, ахборот-коммуникация ва инновацион технологияларни эгаллаш ҳамда уларни ишлаб чиқариш жараёнига фаол татбиқ этишини таъминлаш.


3. Хорижий ташкилотлар ва жисмоний шахслар буюртмаларига асосан лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш ихтиёрий равишда, тузилган шартнома асосида мазкур Низомга мувофиқ амалга оширилади.


4. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш ишларини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги (кейинги ўринларда ваколатли давлат органи деб аталади) томонидан манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилади.


5. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар малакасини ошириш ушбу Низомнинг 1-иловасида келтирилган малака ошириш жараёни схемаси бўйича амалга оширилади.


6. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


бино ва иншоотларни техник кўрикдан ўтказиш билан шуғулланадиган ташкилот мутахассислари - бино ва иншоотларни техник кўрикдан ўтказиш билан шуғулланадиган мутахассис, автомобиль йўллари ва кўприк иншоотларни техник кўрикдан ўтказиш билан шуғулланадиган мутахассис;


буюртмачи - идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида фаолият юритадиган ташкилотлар;


ишчи касб эгаси - қурилиш соҳасидаги ташкилотларда ўрта махсус маълумотли ёки тегишли йўналиш бўйича сертификатга, ишчи касбларда тажрибага эга бўлган, муайян вазифаларни бажарувчи ишчилар (бино ва иншоотлар бўйича техник-архитектор, умумқурилиш ишлари устаси, қурилиш-пардозлаш ишлари устаси, дурадгорлик ва пол ётқизиш ишлари устаси, ободонлаштириш бўйича техник ва б.);


лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги ташкилотларнинг раҳбарлари - лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги ташкилотларда бошқарув функциялари ва вазифаларини бажарувчи ходимлар;


лойиҳалаш соҳасидаги раҳбарлар ва мутахассислар - бино ва иншоотларни лойиҳалаш бўйича етарли иш тажрибасига эга, қурилиш соҳасида меъёр ва қоидаларни лойиҳалаш жараёнида тўғри қўллай оладиган, ўзи тайёрлаган лойиҳа бўйича муаллифлик назоратини олиб борувчи мутахассис (лойиҳа бош муҳандиси, лойиҳа бош архитектори, тузилма бўлими бошлиғи, лойиҳа ҳужжатлари қисмини ишлаб чиқишни амалга оширувчи бош мутахассис (йўналишлар: умумқурилиш ишлари, сув таъминоти, оқава сувларни оқизиш, иссиқлик таъминоти, шамоллатиш ва кондиционерлаш, электр таъминоти ва б.);


қурилиш соҳасидаги раҳбарлар ва мутахассислар - етарли иш тажрибасига эга, бино ва иншоотларнинг лойиҳаси асосида қурилиш жараёнини таъминлайдиган, қурилишда иш жараёнини ташкил этувчи, назоратни олиб борувчи мутахассис (бош муҳандис, техник-ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи, қурилишда иш юритувчи (прораб), уста, сметачи (йўналишлар бўйича: умумқурилиш ишлари, сув таъминоти, оқава сувларни оқизиш, иссиқлик таъминоти, шамоллатиш ва кондиционерлаш, электр таъминоти ва б.);


ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси раҳбарлари ва мутахассислари - лойиҳа раҳбари, техник назорат бўйича мухандис (йўналишлар бўйича: умумқурилиш ишлари, сув таъминоти, оқава сувларни оқизиш, иссиқлик таъминоти, шамоллатиш ва кондиционерлаш, электр таъминоти ва б.).



2-БОБ. ЛОЙИҲАЛАШ ВА ҚУРИЛИШ

СОҲАСИДАГИ МУТАХАССИСЛАРНИНГ

МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ КУРСЛАРИ

МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


7. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасига замонавий бозор механизмлари ва халқаро стандартларни, технологиялар ва "ноу-хау"ни жорий этиш, шунингдек, мутахассислар малакасини замонавий ўқув дастурлари асосида зарур бўлган касбий билимлар, кўникмалар, малакалар ва компетенцияларини мунтазам равишда янгилаб бориш малака ошириш курсларининг мақсади ҳисобланади.


8. Малака ошириш курсларининг вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

мутахассисларнинг касбий билимлари, кўникмалари, малакалари ва компетенцияларини узлуксиз ошириб бориш механизмларини жорий этиш, замонавий талабларга мувофиқ лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси фаолияти самарадорлиги ва сифатини таъминлаш учун зарур даражада касбий малака даражасини ошириш;

малака оширишнинг тўғридан-тўғри ва билвосита шаклларини (масофавий ёки мустақил) амалиётга жорий этиш;

соҳанинг истиқболли ривожланиши ҳамда лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида замон талабларига мос ҳолда ўқув-меъёрий ҳужжатларга зарур ўзгартиришлар киритиб бориш;

малака ошириш жараёнларини ишлаб чиқариш ва фан-техника билан интеграциясини таъминлаш, мутахассислар малакасини ошириш тизимини янада ривожлантириш ва модернизация қилиш.



3-БОБ. МАЛАКА ОШИРИШ КУРСЛАРИДАН

ЎТИШ ТАРТИБИ


9. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар учун тегишли йўналишларни инобатга олган ҳолда, беш йилда камида бир марта малака оширишнинг тегишли йўналишлари бўйича малакасини оширадилар.


10. Малака ошириш жараёни белгиланган тартибда тасдиқланган давлат таълим талаблари, ўқув режа ва дастурлари асосида амалга оширилади.

11. Ҳар йили 20 ноябрга қадар лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида фаолият олиб борадиган ташкилотларнинг буюртманомалари (фамилияси, исми ва отасининг исми, қачон ва қайси таълим муассасасини битирганлиги, диплом бўйича мутахассислиги, иш жойи ва стажи, лавозими, охирги малака оширган вақти малакасини оширган бўлса, кўрсатилган ҳолда) асосида малака ошириш таълим муассасалари томонидан белгиланган малака ошириш курсларидан ўтиш даврийлигига мувофиқ кейинги календарь йил учун ўқиш йўналишлари бўйича малака ошириш курслари тингловчиларининг гуруҳлари шакллантирилади.


12. Таълим муассасаси томонидан умумлаштирилган буюртмалар асосида малака ошириш курсларини ташкил этиш бўйича йиллик режа белгиланган тартибда тасдиқлангандан сўнг, малака ошириш таълим муассасаси малака ошириш курслари бошланиши тўғрисида буюртмачини беш кун олдин хабардор қилади.


13. Тасдиқланган йиллик режага мувофиқ лойиҳалаш ва қурилиш соҳасининг мутахассислари ўқиш йўналиши бўйича доимий фаолият юритадиган малака ошириш таълим муассасаларига юборилади.


14. Буюртмачилар мазкур режа асосида лойиҳа ва қурилиш соҳаси мутахассисларининг таълим муассасасига ўқишга етиб боришларини таъминлайди.


15. Курсларга тингловчиларни қабул қилиш тасдиқланган режа ва жўнатувчи томоннинг буюртманомаси асосида тегишли малака ошириш таълим муассасаси директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Малака ошириш курсларига тингловчиларни қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ курслар бошланиши санасидан бошлаб уч иш куни мобайнида расмийлаштирилади. Тингловчилар гуруҳини шакллантиришда, курснинг ўқув режа ва дастурларини тайёрлашда базавий маълумот, мутахассислик, тоифа ва эгаллаб турган лавозими, шунингдек, буюртмачининг талаблари ҳисобга олинади.


16. Малака ошириш курслари бошлангандан кейин уч иш куни мобайнида келмаган тингловчилар, келмасликнинг сабабларидан қатъий назар, курсларга қўйилмайди.


17. Малака ошириш таълим муассасаси тингловчиларнинг малака ошириш курсларига ўз вақтида келмаганлигининг барча ҳолатлари тўғрисида жўнатувчи томонга ва ваколатли давлат органига хабар беради.


18. Малака ошириш курсларидаги ўқув жараёни гуруҳларнинг тўлдирилишига боғлиқ ҳолда тингловчилар сони, камида 10, кўпи билан 25 нафар тингловчи бўлган академик гуруҳларда ташкил этилади.


19. Малака ошириш курсларини ташкил этиш, уларни талаб даражасида ўтказиш, таълим самарадорлигини таъминлаш учун шароитлар яратиш масъулияти таълим муассасаси раҳбари зиммасига юкланади.


20. Тингловчилар қуйидаги сабабларга кўра тингловчилар сафидан четлаштирилади:

ўз хоҳишига биноан;

саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);

ўқув интизомини ва таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини мунтазам равишда ёки бир маротаба қўпол равишда бузганлиги учун;

малака ошириш (18 академик соатдан ортиқ) курсидаги дарс машғулотларини узрли сабабларсиз қолдиргани учун;

шартнома асосида ўқитиш билан боғлиқ мажбуриятларни бажармагани учун;

суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги сабабли;

вафот этганлиги сабабли.


21. Тингловчиларнинг касаллиги тасдиқланган тақдирда, уларнинг малака ошириш курсларидан ўтиш муддатлари таълим муассасаси ва буюртмачи билан келишув бўйича тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ энг кеч муддатга кўчирилади. Тўланган маблағлар ўқиш учун сақланади.


22. Тингловчилар малака ошириш курсидан четлатилганда унга сабаблари кўрсатилган ҳолда маълумотнома берилади, шунингдек, бу ҳақида буюртмачига маълум қилинади.


23. Малака ошириш курсидан четлатилган ёки якуний назоратдан ўта олмаган тингловчи малака ошириш курсидан бир йил мобайнида такроран ўтади.


24. Узоқ ҳудудлардан келган тингловчилар шартнома мажбуриятларига биноан ўқиш даврида таълим муассасаси имкониятларига кўра вақтинча турар жой билан таъминланиши мумкин.

Лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси мутахассисларининг малакасини ошириш шакллари қуйидагилардан иборат:

тўғридан-тўғри малака ошириш (кундузги, таълим дастурлари бўйича ўқитиш);

масофавий таълим асосида малака ошириш.

Таълим муассасасида мутахассисларининг малакасини ошириш лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси кадрларига қўйиладиган малака ва меҳнат бозори талабларига мувофиқ тингловчиларнинг касбий билимлари, малака ва кўникмаларини чуқурлаштиришга мўлжалланган таълим дастурларидан иборат бўлади.


25. Малака ошириш муддати буюртмачилар таклифига кўра, йўналишга қараб камида 36 академик соат этиб белгиланиб, асосий иш жойидан тўлиқ ажралган ҳолда амалга оширилади.


26. Малака оширишнинг тўғридан-тўғри шакллари учун аудитория машғулотлари ва мустақил ишларнинг энг юқори ҳажми ҳафтасига 36 соат этиб белгиланади.

Бунда ўқув юкламасининг энг кўп ҳажми ҳар ҳафтада 36 соатни (54 академик соатни), аудитория машғулотларининг энг кўп ҳажми ҳар ҳафтада 24 соатни (36 академик соатни) ташкил қилади.

Малака ошириш курслари ахборот узатишнинг замонавий ахборот-коммуникация воситалари ва малака ошириш бўйича махсус курслар мавжуд бўлган ва зарур моддий-техник база билан жиҳозланган, етарли илмий-методик ва интеллектуал салоҳиятга эга бўлган таълим муассасаларида амалга оширилади.


27. Масофавий таълим асосида малака ошириш соҳа мутахассисларининг касбий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган ва масофадан ўқитишни амалга оширишга мўлжалланган махсус таълим дастури ҳисобланади.


28. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси мутахассисларининг масофавий таълим асосида малака ошириш таълим дастурлари таълим муассасаси томонидан ишлаб чиқилади ва ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.


29. Масофавий таълим асосида малака ошириш шакли соҳада 10 йилдан кам бўлмаган, шунингдек, хорижда стажировка ёки малака оширишдан ўтган, юқори салоҳиятга эга бўлган, замонавий ахборот технологиялари билан ишлашнинг амалий кўникмаларини эгаллаган, замонавий техника ва технологиялар билан ишлайдиган соҳа мутахассислари учун ташкил этилади.

Такроран малака ошириш курсларидан ўтадиган тингловчилар асосий ишдан ажралмаган ҳолда курсларнинг ўқув дастурларини масофадан ўқитиш усуллари орқали ўзлаштириш асосида амалга оширилиши мумкин.


30. Масофадан ўқитиш усуллари бўйича таълим олган тингловчилар якуний назоратга киритилади. Якуний назорат тегишли йўналишлар бўйича таълим муассасалари ҳузуридаги аттестация комиссиялари томонидан амалга оширилади.


31. Масофавий таълим асосида малака оширишни жорий этишда барча таълим жараёнларининг асосий компонентлари ўқитишнинг илғор усулларига асосланган, таълим олувчи ҳамда таълим берувчи ўртасидаги ўзаро муносабатлар тартиби аниқланган бўлиши ва таъминланиши зарур.


32. Масофавий таълим асосида малака ошириш курсларида электрон мультимедиали қўлланмалар, виртуал кутубхоналар, видеоконференциялар, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ёрдамида мулоқот ва ахборот олиш имкониятларидан фойдаланилади.


33. Масофавий таълим асосида малака ошириш курслари тингловчиси Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали малака ошириш муассасалари веб-сайтларининг электрон рўйхатидан ўтиши учун ўз анкета маълумотларини киритади.


34. Тингловчилар масофавий таълим асосида малака ошириш курсининг ўқув жадвали бўйича модулларни веб-саҳифада тақдим этилган ўқув-услубий материаллар асосида мустақил равишда ўзлаштирадилар.


35. Тингловчилар малака ошириш курсини ўзлаштириб бўлгандан сўнг, малака ошириш муассасаси томонидан якуний назорат ўтказилади.


36. Якуний назорат учун Давлат аттестация комиссияси тузилади. Комиссия томонидан тингловчиларнинг малакани ҳимоя қилиш ишлари баҳоланади.


37. Якуний назоратдан ўтган малака ошириш курслари тингловчиларига ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ қатъий ҳисобда турадиган давлат намунасидаги ҳужжат ҳисобланадиган сертификат берилади.


38. Жадвалга киритилган ва малака ошириш курсларида ўқийдиган тингловчилар учун ўқишнинг барча даврида уларнинг асосий иш жойи бўйича эгаллаган лавозими ва ўртача иш ҳақи сақланади.



4-БОБ. МАЛАКА ОШИРИШ КУРСЛАРИ

ТАШКИЛОТЧИЛАРИ ВА УЛАРНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ


39. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, малака ошириш таълим муассасалари ҳамда лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида фаолият олиб борадиган ташкилотлар малака ошириш курслари ташкилотчилари ҳисобланади.


40. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги:

малака ошириш курсларига умумий раҳбарликни амалга оширади;

малака ошириш курсларининг ўқув жараёнини такомиллаштириш механизмлари ва услубларини белгилайди;

тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни (малака талаблари, ўқув режа ва дастурларини, масофадан ўқитиш таълим усулларини ташкил этиш ва ўтказиш, тингловчиларнинг малакасини ҳимоя қилиш ишини тайёрлаш ва ҳимояга тақдим этиш, амалиётни ташкил этиш ва ўтказиш тартибларини) тасдиқлайди.


41. Малака ошириш таълим муассасалари:

замон талаблари, соҳадаги инновацион ривожланишларни ҳамда таълим дастурларининг узлуксизлигини, кетма-кетлигини ҳисобга олган ҳолда, соҳа мутахассисларини ўқитиш йўналишлари бўйича малака талаблари, ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқади;

умумэътироф этилган халқаро таълим стандартлари ва талаблари, шунингдек, ўқитишнинг замонавий шакллари ва услублари, ахборот-коммуникация ва инновацион технологияларидан фойдаланиб тайёрланган ўқув режа ва дастурлари асосида ўқитишнинг модул тизимини қўллаган ҳолда ўқув жараёнини ташкил этади;

тасдиқланган жадвалга асосан, ишдан ажралган, шу жумладан масофавий ўқитиш усулларини қўллаган ҳолда соҳа мутахассисларининг малакасини оширади;

лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси мутахассисларини малакасини ошириш бўйича хорижий тажрибани ва таълим муассасаларининг эътироф этилган ютуқларини таҳлил қилади ва умумлаштиради;

курслар доирасида сифат жиҳатидан юқори ташкилий ва касбий даражада машғулотлар ўтказиш учун зарур ўқув, услубий ва моддий-техника базасини ташкил этади;

масофадан ўқитиш усуллари асосида лойиҳалаш ва қурилиш соҳаси мутахассислари учун ташкил этиладиган малака ошириш курсларининг тегишли ўқув-методик ресурсларини ишлаб чиқади;

малака ошириш курсларида машғулотлар ўтказиш учун олий таълим муассасаларининг етакчи педагог кадрларини, амалиётчи мутахассисларни, шунингдек, шартнома асосида лойиҳа илмий-тадқиқот муассасаларнинг юқори малакали кадрларини ва хорижий мутахассисларни кенг жалб этишни таъминлайди;

малака ошириш йўналишлари бўйича зарур ахборот-маълумотлар базасини шакллантиради, малака ошириш жараёнига замонавий инновацион педагогик, мультимедиа ва ахборот-коммуникация технологияларини ишлаб чиқишни ва уларни жорий этишни ташкил этади.


42. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида фаолият олиб борадиган ташкилотлар:

мутахассислар таркибидан тегишли йўналишлар бўйича малака ошириш курсларидан ўтиши керак бўлган тингловчилар контингентини шакллантиради;

малака ошириш курсларининг тасдиқланган жадвали асосида ўз ходимларининг курсларга белгиланган муддатларда ўз вақтида келишларини таъминлайди;

ташкилотларнинг мажлисларида малака ошириш натижаларини муҳокама қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этади;

курсларни муваффақиятли тамомлаган мутахассисларнинг илғор тажрибасини, янги билимлари ва кўникмаларини оммалаштиришни ташкил қилади;

малака ошириш курсларидан ўтган шахсларнинг касбий фаолияти бўйича доимий мониторингни ташкил этади.



5-БОБ. МАЛАКА ОШИРИШ КУРСЛАРИДА

ЎҚУВ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


43. Малака ошириш курсларида ўқув жараёнини ташкил этиш тегишли йўналишлар бўйича тасдиқланган малака талаблари, ўқув режалари ва дастурлари, машғулотлар жадвали билан тартибга солинади. Ўқув режалари ва дастурлари фан, техника, технологиялар ва ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари асосида ҳар йили такомиллаштирилади.


44. Малака ошириш курсларида ўқув машғулотларининг қуйидаги асосий турлари - маъруза, интерактив семинарлар, амалий машғулот, кўчма машғулот, тажриба алмашиш, мустақил ўқиш ва малака амалиёти қўлланилади.


45. Тегишли ахборот-методик ва ташкилий-техник база мавжуд бўлган тақдирда, малака ошириш ўқув курслари масофадан ўқитиш усуллари қўлланилган ҳолда ташкил этилиши мумкин.

Масофадан ўқитиш усуллари асосидаги курсларда ўқув машғулотлари онлайн ва оффлайн шаклларида ташкил этилади.


46. Аудиторияда ўтказиладиган барча машғулотлар турлари 80 дақиқа давом этади, ўқув машғулотлари оралиғидаги танаффус - камида 10 дақиқани ташкил этади.


47. Тингловчиларнинг малака амалиёти соҳадаги етакчи лойиҳалаш ва қурилиш ташкилотлари базасида ташкил этилади.


48. Малака ошириш курсларида меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартлари билан тингловчиларни ўқитадиган педагоглар таркибининг ўқув юкламаси ҳажми ўқув йили мобайнида белгиланган нормативлар бўйича улар амалда бажарадиган ўқув ишларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.



6-БОБ. ЛОЙИҲАЛАШ ВА ҚУРИЛИШ СОҲАСИДАГИ

МУТАХАССИСЛАРНИНГ МАЛАКАСИНИ

ОШИРИШНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


49. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш тадбирларини молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидагилар ҳисобига амалга оширилади:

ушбу мақсадлар учун ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутиладиган маблағлар;

малака ошириш тизимида таълим муассасаларининг лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларини ўқитиш учун буюртмачиларнинг маблағлари;

лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг малакасини ошириш учун жалб этиладиган маҳаллий ва хорижий грантлар;

таълим хизматларини кўрсатиш, илмий-педагогик, ишлаб чиқариш ва бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


50. Шартнома асосида малака ошириш курслари учун ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш асосида сарф-харажатлар сметаси таълим муассаси томонидан тузилади ва унинг раҳбари томонидан тасдиқланади.


51. Сметада курснинг ўқув дастури ва режасида назарда тутилган барча дарс машғулотлари учун тўланадиган соатбай ҳақ, курснинг моддий-техника таъминоти, курсни ташкил этиш ва ўтказишга жалб этилган (раҳбар, педагог ва техник) ходимларга тўланадиган иш ҳақи, уларни рағбатлантириш, шунингдек тўланадиган солиқлар учун маблағлар назарда тутилади. Бунда қайта тайёрлаш курсларида ўқиш учун тингловчи томонидан тўланадиган маблағ мазкур курсларни ўтказиш учун сарфланадиган харажатлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда (сметадаги жами харажатларни тингловчилар сонига бўлиш орқали) ҳисоблаб чиқилади.


52. Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассислар малакасини ошириш марказлари ва курсларини аттестациядан ўтказиш ҳамда уларнинг молиявий ҳисоботлари қонун ҳужжатлари асосида олиб борилади.



7-БОБ. МАЛАКА ОШИРИШ КУРСЛАРИ

ТИНГЛОВЧИЛАРИНИ АТТЕСТАЦИЯДАН

ЎТКАЗИШ ВА БАҲОЛАШ


53. Тингловчилар ўқув курслари таълим дастурларини ўзлаштириб бўлгандан сўнг, таълим муассасаси томонидан аттестациядан ўтказилади. Аттестация якуний тест синовлари ва битирув иш ҳимоясидан иборат бўлиб, ишчи касб эгалари учун эса амалий имтиҳон ўтказилади.


54. Аттестация комиссияси раисининг номзоди таълим муассасаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигига келишиш учун тавсия этилади. Аттестация комиссияси таркиби беш нафардан иборат таркибда таълим муассасаси томонидан тасдиқланади.


55. Аттестация комиссияси таркибига таълим муассасаси, етакчи ташкилотлар, уюшмалар вакиллари жалб қилиниши мумкин.


56. Аттестация комиссияси таркибининг учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.


57. Малака ошириш таълим муассасаларининг аттестация комиссиялари аъзолари меҳнатига ҳақ тўлаш аттестация комиссияси таркибида ишларни бажаришнинг белгиланган нормативларидан келиб чиққан ҳолда меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


58. Якуний тест малака ошириш ўқув режасидаги барча модуллар бўйича саволларни қамраб олган ҳолда тайёрланган тест саволлари асосида ўтказилади. Якуний тест асосида тингловчининг билим даражаси 50 дақиқа давомида 50 та тест саволлари асосида 100 баллик баҳолаш тизими орқали аниқланади. Тест натижаси тест якунланиши билан дарҳол экранда акс эттирилади. Ушбу тест синовларини ўтказиш таълим муассасасининг серверида жойлаштирилган электрон тизимга видеокузатувни ёзиб бориш орқали амалга оширилади.


59. Малака ошириш курсларининг 36 ва 72 академик соат бўлган йўналишлари учун якуний тест синовлари топширилади. Якуний тест синови умумий 100 балл деб белгиланади ва умумий баллдан камида 55 балл (55 фоиз) тўплаган тингловчи тест синовларидан ўтган ҳисобланади. Ушбу курс тингловчилари якуний битирув иши ва амалий имтиҳон топширмайди.

Малака ошириш курсларининг 144 академик соат бўлган йўналишлари учун якуний битирув иши умумий 100 балл деб белгиланади ва умумий баллдан камида 55 балл (55 фоиз) тўплаган тингловчи ўтган ҳисобланади. Ушбу курс тингловчилари якуний тест синовлари ва амалий имтиҳон топширмайди.

Ишчи касб эгаларининг малакасини оширишда ўқув курс йўналишлари бўйича амалий имтиҳон ўтказилади ва унда умумий балл 100 балл деб белгиланади. Умумий баллдан камида 55 балл (55 фоиз) тўплаган тингловчи ўтган ҳисобланади. Ушбу курс тингловчилари битирув ишлари ва якуний тест синовлари топширмайди.


60. Мутахассислар учун якуний тест синови ёки битирув иши ёхуд ишчи касб эгалари учун амалий имтиҳоннинг умумий 100 баллидан камида 55 балл (55 фоиз) тўплаган тингловчи малака ошириш курсини тугатган ҳисобланади ва тингловчига давлат намунасидаги сертификат берилади.


61. Якуний тест синови ёки якуний битирув иши ва амалий имтиҳоннинг умумий баллидан 55 балл (55 фоиз) тўпламаган тингловчи малака ошириш курсларидан ўтмаган ҳисобланади.


62. Якуний тест синови ёки якуний битирув иши ва амалий имтиҳоннинг умумий баллидан 55 балл (55 фоиз) тўпламаган тингловчи ушбу назоратлар натижалари эълон қилинган кундан бошлаб 24 соат ичида таълим муассасаси директорига ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.

Аппеляция комиссияси таркиби 3 нафардан иборат таркибда таълим муассасаси томонидан тасдиқланади. Аппеляция комиссияси аппеляцияга келиб тушган аризани 24 соат ичида кўриб чиқади ва натижасини аризачига эълон қилади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


63. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.






Низомга

1-ИЛОВА



Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мутахассисларнинг

малакасини ошириш жараёни

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш

муддати

1-босқич

Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги ташкилотлар (буюртмачи)


Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги ташкилотлар буюртманомаларни шакллантиради ва курсларда таълим олишга номзодлар рўйхатини малака ошириш таълим муассасасига тақдим этади.


Ҳар йили, 20 ноябрга қадар









2-босқич

Малака ошириш таълим муассасалари (ижрочи)


Малака ошириш таълим муассасалари томонидан номзодлар рўйхати ва гуруҳлари (йўналишларда 10-25 нафар тингловчи) шакллантирилади.


Гуруҳлар шаклланиши билан бир иш кунида









3-босқич

Малака оштриш таълим муассасалари (ижрочи)


Малака ошириш таълим муассасаси малака ошириш курслари бошланиши тўғрисида буюртмачини беш кун олдин хабардор қилади.


Тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ









4-босқич

Малака ошириш таълим муассасалари (ижрочи)


Малака ошириш таълим муассасалари йиллик режа ва рўйхат бўйича (шартнома асосида) ўрнатилган тартибда тингловчилар учун малака ошириш курсларини ташкил этади.


Келишилган ҳолда тасдиқланган йиллик режа асосида









5-босқич

Лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги ташкилотлар (буюртмачи)


Буюртмачи тасдиқланган йиллик режа ва рўйхат бўйича тингловчилар учун белгиланган муддатларда шартнома шартларини бажаради ва курсларда тингловчиларни қатнашишини таъминлайди.


Келишилган ҳолда тасдиқланган йиллик режа асосида









6-босқич

Малака ошириш таълим муассасаси (ижрочи)


Курсларга тингловчиларни қабул қилиш тасдиқланган режага мувофиқ таълим муассасаси директорининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Тингловчининг курсларга ўз вақтида келмаганлиги (3 кун давомида курсларга келмаса курсдан четлатилади) тўғрисида жўнатувчи томонга ва ваколатли давлат органига хабар беради.


Ўқув жараёни бошланланиши санасидан уч иш куни давомида









7-босқич

Малака ошириш таълим муассасаси (ижрочи)


Малака ошириш муддати буюртмачилар таклифига кўра, йўналишига қараб бир ҳафтага 36 академик соат, икки ҳафтага 72 академик соат ва бир ойлик курслар учун 144 академик соат этиб белгиланади.

Ўқув жараёни маъруза, амалий машғулот, семинар тренинг, кўчма машғулот, малака амалиёти, махорат дарслари ва бошқа шаклларда олиб борилади.


Тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ









8-босқич

Таълим муассасаси (ижрочи), Давлат аттестация комиссияси, тингловчи (буюртмачи)


Ўқув курсининг йўналиши ва муддатига қараб якуний назорат қуйидаги шаклларда ўтказилади:

- 36 ва 72 академик соат бўлган ўқув курсларда ўқиган мутахассислар учун якуний тест синовлари шаклида;

- 144 академик соат бўлган ўқув курсларда ўқиган мутахассислар учун битирув иши шаклида;

- 36 ва 72 академик соат бўлган ўқув курсларда ўқиган ишчи касб эгалари учун амалий имтихон шаклида.


Тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ









9-босқич

Таълим муассасаси (ижрочи), Давлат аттестация комиссияси


Мутахассислар учун якуний тест синови ёки битирув иши ёхуд ишчи касб эгалари учун амалий имтиҳоннинг умумий 100 баллидан камида 55 балл (55%) тўплаган тингловчи курсни тугатган ҳисобланади ва тингловчига давлат намунасидаги "Сертификат" берилади.


Малака ошириш курсидан ўтган тингловчига бир иш куни мобайнида сертификат берилади, ўта олмаган тингловчилар рўйхати эълон қилинади.








10-босқич

Таълим муассасаси (ижрочи), Давлат аттестация комиссияси, тингловчи (буюртмачи)


Якуний назоратга ажратилган 55 баллдан (100 баллнинг 55%) кам балл тўплаган тингловчи малака ошириш курсидан ўтмаган ҳисобланади. Малака ошириш курсидан четлатилган ва якуний назоратдан ўтмаган тингловчилар бир йил мобайнида курслардан такроран ўтади.








Низомга

2-ИЛОВА



Малака ошириш ҳақида давлат намунасидаги

СЕРТИФИКАТ

(тавсифи)


Малака ошириш тўғрисидаги сертификат А4 форматли оқ қоғозда офсет усулида беш хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун - қора рангда, расмлар тасвири учун - яшил, кўк, қизил рангларда, фон учун - оч кул рангда босиб чиқарилади.

Варақнинг чап қисмида четидан 10 мм чекинган ҳолда эни 32 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган тасма жойлаштирилади. Тасманинг юқори қисмида диаметри 30 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири, паст қисмида эса - 35 мм ўлчамли иккита квадрат қўшилишидан ҳосил бўлган саккиз қиррали юлдуз, юлдузнинг ўртасида муҳр учун 25 мм диаметрли оқ айлана жойлашган.

Варақнинг қолган қисмида юқорида лотин ёзуви билан давлат тилида "O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI. Malaka oshirish haqida SERTIFIKAT" сўзлари босилади. Сертификат икки лотин ҳарфи - MO ва олти рақамли сондан иборат тартиб рақами билан таъминланган. Барча матн нақшли растрдан иборат оч кул ранг фонда босиб чиқарилади.

Сертификат:

босиб чиқаришнинг икки усули - офсет ва юқори усули;

ёруғлик воситасида нусха кўчиришни қийинлаштириш учун очиқ ранглар;

нақшли растр;

ҳар хил рангли растрлардан фойдаланиш йўли билан турли рангларни ташкил этиш;

махсус қоғозлар;

ўзгарадиган рақамлардан иборат тартиб рақами қўлланган ҳолда олтита ҳимояга эга.




(Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири)


O`zbekiston Respublikasi

Malaka oshirish haqida

SERTIFIKAT

MO N 000000


     


(tinglovchining familiyasi, ismi, otasining ismi)

20___ yil ________________dan 20___ yil _____________________gacha

      

    

         

(malaka oshirish ta`lim muassasasining nomi)

      

    

Jami


soatli

       

(malaka oshirish kursining nomi)

bo`yicha malakasini oshirdi.



Muhr o`rni



Direktor ______________



Sana _______________                                           Qayd raqami _______



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 1 июнь




































Время: 0.1803
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск