язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июнь, 2019 й./ Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳуқуқни қўлловчи органлар/ Ички ишлар вазирининг 26.04.2019 й. 111-сон "Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари вақтинча сақлаш ҳибсхоналарининг ички тартиб қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Буйруғи (АВ томонидан 31.05.2019 й. 2929-1-сон билан рўйхатга олинган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

31.05.2019 й.

N 2929-1




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРИНИНГ

26.04.2019 й.

N 111


БУЙРУҒИ



Ўзбекистон Республикаси ички ишлар

органлари вақтинча сақлаш ҳибсхоналарининг

ички тартиб қоидаларига ўзгартириш

ва қўшимчалар киритиш тўғрисида



Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги ПФ-5441-сон "Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони, 2017 йил 1 майдаги ПҚ-2940-сон "Ички ишлар органларининг жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 29 мартдаги ЎРҚ-421-сон "Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги, 2017 йил 29 августдаги ЎРҚ-440-сон "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида"ги, 2017 йил 29 августдаги ЎРҚ-441-сон "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги ва 2018 йил 22 октябрдаги ЎРҚ-503-сон "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ БУЮРАМАН:


1. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2017 йил 14 августдаги 171-сон буйруғи (рўйхат рақами 2929, 2017 йил 12 сентябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 37-сон, 1015-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари вақтинча сақлаш ҳибсхоналарининг ички тартиб қоидаларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Вазир                                                       П. Бобожонов






Буйруққа

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси ички ишлар

органлари вақтинча сақлаш ҳибсхоналарининг

ички тартиб қоидаларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. 6-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"6. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари ВСҲга монеликсиз кириш ҳуқуқига эга. Бунда ВСҲ маъмурияти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимларининг хавфсизлиги таъминланади.".


2. 33-банддаги "тергов ҳибсхонасининг бир кишилик камерасида қамоқда сақлаб турилиши мумкин" деган сўзлар "ВСҲнинг бир кишилик камерасида сақлаб турилиши мумкин" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


3. 90-банд "гиёҳвандлик воситалари" деган сўзлардан кейин ", уларнинг аналоглари" деган сўзлар билан тўлдирилсин.


4. 152 - 154-бандлар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"152. Адвокатнинг ўз ҳимоя остидаги шахс билан аудио ва видео кузатув қурилмалари бўлмаган махсус хонада ҳамда бегона шахсларнинг иштирокисиз ўз вақтида ва ҳеч қандай тўсиқларсиз учрашиши таъминланади.

Адвокатнинг ҳимоя остидаги шахс билан учрашиш жараёнида электрон воситалардан (мобил телефон, фотоаппарат ва диктофон) фойдаланиш имконияти яратилади. Бунда адвокат томонидан электрон воситалардан маълумотларни қайд этиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланади.

153. ВСҲда сақланаётган шахсларнинг адвокат билан учрашувлари уларнинг суҳбатини учинчи шахслар эшитишини истисно этган ҳолда, уларни визуал кўриб туриш имконияти сақлаб қолинадиган шароитларда ўтказилади.

Учрашув жараёнида адвокат томонидан ВСҲда сақланаётган шахсларга Қоидаларнинг 2-иловасида кўрсатиб ўтилган тақиқланган ашёлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини топшириш ҳолатлари аниқланганда учрашув муддатидан олдин тўхтатилади.

Адвокат билан учрашув муддатидан олдин тўхтатилган ҳолларда, ВСҲ маъмурияти томонидан адвокатлик сири ва дахлсизлигини таъминлашга доир қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилган ҳолда далолатнома расмийлаштирилади. Далолатнома нусхаси Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармасига ва ушбу адвокатга гувоҳнома берган ҳудудий адлия органига юборилади.

154. Қариндошлар ва бошқа шахслар билан учрашувлар ВСҲ ходимларининг назорати остида амалга оширилади. Ҳимоячи, қонуний вакил, қариндошлар ва бошқа шахслар томонидан ВСҲда сақланаётган шахсларга мазкур Қоидаларнинг 2-иловасида кўрсатиб ўтилган тақиқланган ашёлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини топширишга уринилган ҳолларда учрашув муддатидан олдин тўхтатилади. Учрашувга келган шахс бу ҳақда учрашув бошланишидан олдин ВСҲнинг масъул ходимлари томонидан огоҳлантирилиши шарт.".


5. 176-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"176. Суд, прокурор, ҳимоячи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ёки ВСҲларни текшириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа давлат органлари номига, шунингдек жиноят ишини юритаётган мансабдор шахсга ёки органга йўлланган ариза, таклиф ва шикоятлар цензурадан ўтказилмайди ҳамда берилган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай муҳрланган тарзда олувчиларга юборилади ёки топширилади, телеграммалар эса дарҳол юборилади.".


6. 187-банддаги "қўриқлаб бориш хизмати" деган сўзлар "конвой бўлинмалари" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


7. 226-банд "прокурор ёхуд суднинг қарори" деган сўзлар "прокурорнинг қарори ёхуд суднинг ажрими" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


8. 2-илованинг 5-банди "гиёҳвандлик воситалари," деган сўзлардан кейин "уларнинг аналоглари" деган сўзлар билан тўлдирилсин.


9. Мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий суди, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Адвокатлар палатаси билан келишилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 1 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 3 июнь, 22-сон, 425-модда