язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июнь, 2019 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Транспорт/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 04.06.2019 й. 460-сон "Йўл ҳаpaкати хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

04.06.2019 й.

N 460




ЙЎЛ ҲАPAКАТИ ХАВФСИЗЛИГИНИ

ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА



Йўл ҳаракати барча иштирокчиларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун зарур шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг "Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида" 2019 йил 9 апрелдаги 292-сон қарори билан куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт қилиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Белгилансинки, 2021 йил 1 январга қадар:

а) куннинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шартлиги бўйича талаб автоматик ёниб турувчи кундузги сигнал чироқлари билан жиҳозланмаган автомототранспорт воситаларига нисбатан татбиқ этилмайди;

б) куннинг ёруғ вақтида қуйидаги ҳолларда яқинни ёритувчи чироқлар ёқилиши керак:

транспорт воситалари ташкилий жамланма сафида ҳаракатланаётганда;

йўловчиларни ташиёттан автобус ва йўналишли транспорт воситаларида;

болалар гуруҳини ташкилий ташишда;

хавфли, катта ўлчамли ва оғир вазнли юкларни ташишда;

механик транспорт воситаларини шатакка олишда (шатакка олиб кетаётган транспорт воситасида);

мотоцикл ва мопедларда.


3. 2020 йил 1 январдан шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ:

мамлакатда ишлаб чиқариладиган барча автомототранспорт воситалари ички бозорга ишлаб чиқарувчи томонидан автоматик ёниб турувчи кундузги сигнал чироқлари билан жиҳозланган ҳолда чиқарилади;

республикага чет элдан импорт қилинадиган автомототранспорт воситаларида кундузги сигнал чироқларининг мавжудлиги сертификациядан ўтказиш учун мажбурий техник талаб сифатида белгиланади.


4. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги "Ўзстандарт" агентлиги, "Ўзавтосаноат" акциядорлик жамияти билан биргаликда икки ой муддатда Муомалага чиқарилаётган гилдиракли транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан ҳамкорликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига куннинг ёруғ вақтида автомототранспорт воситаларининг яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланмаганлиги учун жавобгарликни енгиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - транспорт вазири А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                              А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 7 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 10 июнь, 23-сон, 433-модда