ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ташқи иқтисодий фаолият / Халқаро кўргазмалар, танловлар, савдолар, кимошди савдолари, ярмаркалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.06.2019 й. ПҚ-4355-сон "Конгресс-кўргазма тадбирларини давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро даражаларда ташкил этиш ва ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

07.06.2019 й.

N ПҚ-4355



КОНГРЕСС-КЎРГАЗМА ТАДБИРЛАРИНИ

ДАВЛАТЛАРАРО, ҲУКУМАТЛАРАРО ВА ИДОРАЛАРАРО

ДАРАЖАЛАРДА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ

ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасида халқаро конференциялар, кўргазмалар, ярмаркалар, форумлар ва бошқа тадбирларни сифатли ташкил этиш ва ўтказиш, мамлакатимизнинг хориждаги имижини янада ошириш, инвестиция, савдо-иқтисодий, дипломатик ҳамкорликнинг долзарб масалаларини, ташқи иқтисодий, ташқи сиёсий, маданий-гуманитар ва бошқа фаолият турлари йўналишларини муҳокама қилиш учун ягона майдонча яратиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг:

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида "InterForum" давлат унитар корхонасини (кейинги ўринларда - "InterForum" ДУК) ташкил этиш;

"InterForum" ДУК таъсисчилигида "InterНotel" масъулияти чекланган жамиятини (кейинги ўринларда - "InterНotel" МЧЖ) ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


2. Қуйидагилар "InterForum" ДУКнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ташқи иқтисодий ва ташқи сиёсий фаолият, шунингдек, маданий-гуманитар, маънавий-маърифий ҳамда бошқа йўналишларда давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро даражаларда халқаро конгресс-кўргазма тадбирларини (кейинги ўринларда - тадбирлар) ташкил этиш ва ўтказиш;

белгиланган тартибда тадбирларни ахборот жиҳатдан таъминлаш, ўтказиладиган тадбирларни атрофлича ёритиш мақсадида, шу жумладан хорижий оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш;

Ўзбекистон Республикасида тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ масалалар бўйича хорижий шериклар ва ишбилармон доиралар билан самарали мулоқотни ташкил этиш;

тадбирларни ўтказиш концепцияларида кўрсатилган ташкилий, техник ва логистик талабларни бажариш;

Ўзбекистон Республикаси ва хорижда тадбирлар ташкил этиш ва ўтказиш, шу жумладан медиа жиҳатдан қўллаб-қувватлашни ўз ичига олган комплекс тижорат хизматларини кўрсатиш.


3. Белгилансинки:

"InterНotel" МЧЖ комплекс меҳмонхона хизматларини кўрсатиш мақсадида ташкил этилмоқда;

"InterForum" ДУК "Халқаро ҳамкорлик маркази" ва "Ўзэкспомарказ" миллий кўргазма комплекси" акциядорлик жамиятларининг устав капиталларидаги (жамғармаларидаги) давлат акциялари (улушлари) пакетлари бўйича акциядор ҳуқуқини амалга оширади;

"International Hotel Tashkent" меҳмонхонасининг туташ ҳудуди билан бино ва иншоотлари, шунингдек, унда жойлашган илгари ""Интерсервис" республика хўжалик ҳисобидаги ташқи савдо бирлашмаси" давлат корхонасига тегишли бўлган мол-мулк беғараз равишда мажбуриятлар билан "InterHotel" МЧЖга ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда бинолар, иншоотлар ва бошқа мол-мулкларни, шу жумладан давлат акциялари (улушлари) пакетлари ўтказилишини, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги эса уларни қабул қилиб олинишини ҳамда келгусида мақсадли фойдаланилишини таъминласин.


4. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги "InterForum" давлат унитар корхонасининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги "InterForum" давлат унитар корхонасининг бошқарув аппарати тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


5. Белгилансинки:

а) "InterForum" ДУКнинг директори Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

б) "InterForum" ДУК ўзининг мустақил баланси, Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида миллий ва хорижий валютадаги ҳисобрақамлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби ва ўз номи туширилган муҳрга эга;

в) "InterForum" ДУКнинг соф фойдаси қисман Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг бюджетдан ташқари Ривожланиш ва моддий рағбатлантириш жамғармасига йўналтирилади;

г) қуйидагилар "InterForum" ДУКнинг маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

пуллик хизматлардан келиб тушадиган маблағлар;

халқаро молия институтлари ва ташкилотларининг грантлари ва кредитлари;

юридик ва жисмоний, шу жумладан хорижий шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

юридик шахсларнинг устав капиталидаги (жамғармасидаги) "InterForum" ДУКга тегишли акциялар (улушлар) пакетлари бўйича олинадиган даромадлар;

"InterForum" ДУКнинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;

д) "InterForum" ДУК ва унинг таркибий тузилмасига кирувчи ташкилотларга тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш учун зарур бўлган товарларни етказиб бериш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатишга оид шартномаларни товарларни (ишлар, хизматлар) етказиб берувчилар ёки уларнинг расмий дилерлари (дистрибьюторлари, субпудратчилари) билан шартномаларни белгиланган тартибда экспертизадан ўтказган ҳолда энг яхши таклифларни танлаш асосида тузишга истисно тариқасида рухсат этилади.


6. "InterForum" ДУК 2022 йил 1 январга қадар республикада ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда рўйхати шакллантириладиган материаллар ва бошқа товар-моддий бойликларни олиб киришда божхона божи тўловларидан озод этилсин.


7. "InterForum" ДУК Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, 107Б-уй манзилида бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.


8. Тошкент шаҳри, Миробод тумани, И.Каримов кўчаси, 1-уй ва Т.Шевченко кўчаси, 34а-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотлар туташ ҳудуди билан бирга, шу жумладан уларда мавжуд мол-мулк Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги балансига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида ўтказилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки бир ой муддатда бинолар, иншоотларни туташ ҳудуди билан бирга, шу жумладан уларда мавжуд мол-мулкни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига ўтказилишини, вазирлик эса уларни қабул қилиб олинишини ҳамда келгусида мақсадли фойдаланилишини таъминласин.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига Тошкент шаҳри, Миробод тумани, И. Каримов кўчаси, 1-уй манзилида жойлашган бинода қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш учун тўғридан-тўғри шартномалар тузишга рухсат берилсин.

9. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги "Тошкент шаҳрида "Delta city" кўп функцияли комплексини қуриш" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича масъул орган ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Д.Р. Ли ва Тошкент шаҳар ҳокими Ж.А. Артикходжаев бир ой муддатда "Posco E&C" компаниясининг (Корея Республикаси) ваколатли шахслари билан "Тошкент шаҳрида "Delta city" кўп функцияли комплексини қуриш" инвестиция лойиҳасини пойтахтнинг бошқа қисмида амалга ошириш бўйича музокаралар ўтказсин ва натижалар, шу жумладан ушбу инвестиция лойиҳасини бошқариш механизмлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклифлар киритсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 июлдаги "Тошкент шаҳрида "Delta city" халқаро юқори технологияли инновация маркази" лойиҳасини амалга оширишга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-3833-сон қарорининг 1, 3, 4, 5-бандлари ва 6-бандининг "б" кичик банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


11. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бир ой муддатда:

"InterForum" ДУК ва "InterНotel" МЧЖнинг уставлари белгиланган тартибда ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ва уларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.М. Ғаниев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                       Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 7 июндаги

ПҚ-4355-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи

савдо вазирлиги ҳузуридаги "InterForum"

давлат унитар корхонасининг

ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ

     

"InterForum" ДУК

"Ўзэкспомарказ" МКК" АЖ

Халқаро ҳамкорлик маркази" АЖ

"InterHotel" МЧЖ






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 7 июндаги

ПҚ-4355-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи

савдо вазирлиги ҳузуридаги "InterForum" давлат

унитар корхонасининг бошқарув аппарати

ТУЗИЛМАСИ

      

Директор

Тадбирларни режалаштириш ва

ўтказиш бўлими

Молия-иқтисодиёт бўлими

Маркетинг ва жамоатчилик

билан алоқалар бўлими

Кадрлар бўйича инспектор

Бош юрисконсульт

     

Изоҳ: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири бошқарув ходимлари штат бирликлари сонини белгилайди.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 8 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 10 июнь, 23-сон, 432-модда







































Время: 0.2001
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск