язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июнь, 2019 й./ Ташқи иқтисодий фаолият/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.06.2019 й. ПҚ-4355-сон "Конгресс-кўргазма тадбирларини давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро даражаларда ташкил этиш ва ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

07.06.2019 й.

N ПҚ-4355



КОНГРЕСС-КЎРГАЗМА ТАДБИРЛАРИНИ

ДАВЛАТЛАРАРО, ҲУКУМАТЛАРАРО ВА ИДОРАЛАРАРО

ДАРАЖАЛАРДА ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ

ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-

ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасида халқаро конференциялар, кўргазмалар, ярмаркалар, форумлар ва бошқа тадбирларни сифатли ташкил этиш ва ўтказиш, мамлакатимизнинг хориждаги имижини янада ошириш, инвестиция, савдо-иқтисодий, дипломатик ҳамкорликнинг долзарб масалаларини, ташқи иқтисодий, ташқи сиёсий, маданий-гуманитар ва бошқа фаолият турлари йўналишларини муҳокама қилиш учун ягона майдонча яратиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги "Delta city" халқаро юқори технологияли инновацион маркази ҳудудида янги объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси" давлат унитар корхонаси негизида "InterForum" давлат унитар корхонасини (кейинги ўринларда - "InterForum" ДУК) ташкил этиш ва кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига ўтказиш;

"InterForum" ДУК таъсисчилигида "InterНotel" масъулияти чекланган жамиятини (кейинги ўринларда - "InterНotel" МЧЖ) ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


2. Қуйидагилар "InterForum" ДУКнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ташқи иқтисодий ва ташқи сиёсий фаолият, шунингдек, маданий-гуманитар, маънавий-маърифий ҳамда бошқа йўналишларда давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро даражаларда халқаро конгресс-кўргазма тадбирларини (кейинги ўринларда - тадбирлар) ташкил этиш ва ўтказиш;

белгиланган тартибда тадбирларни ахборот жиҳатдан таъминлаш, ўтказиладиган тадбирларни атрофлича ёритиш мақсадида, шу жумладан хорижий оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш;

Ўзбекистон Республикасида тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ масалалар бўйича хорижий шериклар ва ишбилармон доиралар билан самарали мулоқотни ташкил этиш;

тадбирларни ўтказиш концепцияларида кўрсатилган ташкилий, техник ва логистик талабларни бажариш;

Ўзбекистон Республикаси ва хорижда тадбирлар ташкил этиш ва ўтказиш, шу жумладан медиа жиҳатдан қўллаб-қувватлашни ўз ичига олган комплекс тижорат хизматларини кўрсатиш.


3. Белгилансинки:

"InterНotel" МЧЖ комплекс меҳмонхона хизматларини кўрсатиш мақсадида ташкил этилмоқда;

"InterForum" ДУК "Халқаро ҳамкорлик маркази" ва "Ўзэкспомарказ" миллий кўргазма комплекси" акциядорлик жамиятларининг устав капиталларидаги (жамғармаларидаги) давлат акциялари (улушлари) пакетлари бўйича акциядор ҳуқуқини амалга оширади;

"InterForum" ДУК ушбу қарорнинг 9-банди биринчи хатбошисида назарда тутилган тадбирлардан ташқари, унга берилаётган объектлар қисми бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги "Delta city" халқаро юқори технологияли инновацион маркази ҳудудида янги объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси" давлат унитар корхонасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда бинолар, иншоотлар ва бошқа мол-мулкларни, шу жумладан давлат акциялари (улушлари) пакетлари ўтказилишини, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги эса уларни қабул қилиб олинишини ҳамда келгусида мақсадли фойдаланилишини таъминласин.


4. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги "InterForum" давлат унитар корхонасининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги "InterForum" давлат унитар корхонасининг бошқарув аппарати тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


5. Белгилансинки:

а) "InterForum" ДУКнинг директори Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

б) "InterForum" ДУК ўзининг мустақил баланси, Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида миллий ва хорижий валютадаги ҳисоб рақамлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби ва ўз номи туширилган муҳрга эга;

в) "InterForum" ДУКнинг соф фойдаси қисман Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг бюджетдан ташқари Ривожланиш ва моддий рағбатлантириш жамғармасига йўналтирилади;

г) қуйидагилар "InterForum" ДУКнинг маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

пуллик хизматлардан келиб тушадиган маблағлар;

халқаро молия институтлари ва ташкилотларининг грантлари ва кредитлари;

юридик ва жисмоний, шу жумладан хорижий шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

юридик шахсларнинг устав капиталидаги (жамғармасидаги) "InterForum" ДУКга тегишли акциялар (улушлар) пакетлари бўйича олинадиган даромадлар;

"InterForum" ДУКнинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар;

д) "InterForum" ДУК ва унинг таркибий тузилмасига кирувчи ташкилотларга тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш учун зарур бўлган товарларни етказиб бериш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатишга оид шартномаларни товарларни (ишлар, хизматлар) етказиб берувчилар ёки уларнинг расмий дилерлари (дистрибьюторлари, субпудратчилари) билан шартномаларни белгиланган тартибда экспертизадан ўтказган ҳолда энг яхши таклифларни танлаш асосида тузишга истисно тариқасида рухсат этилади.


6. "InterForum" ДУК 2022 йил 1 январга қадар республикада ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда рўйхати шакллантириладиган материаллар ва бошқа товар-моддий бойликларни олиб киришда божхона божи тўловларидан озод этилсин.


7. "InterForum" ДУК Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, 107Б-уй манзилида бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.


8. Тошкент шаҳри, Миробод тумани, И.Каримов кўчаси, 1-уй ва Т.Шевченко кўчаси, 34а-уй манзилида жойлашган бино ва иншоотлар туташ ҳудуди билан бирга, шу жумладан уларда мавжуд мол-мулк Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги балансига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида ўтказилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки бир ой муддатда бинолар, иншоотларни туташ ҳудуди билан бирга, шу жумладан уларда мавжуд мол-мулкни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига ўтказилишини, вазирлик эса уларни қабул қилиб олинишини ҳамда келгусида мақсадли фойдаланилишини таъминласин.


9. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги "Тошкент шаҳрида "Delta city" кўп функцияли комплексини қуриш" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича масъул орган ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори Д.Р. Ли ва Тошкент шаҳар ҳокими Ж.А. Артикходжаев бир ой муддатда "Posco E&C" компаниясининг (Корея Республикаси) ваколатли шахслари билан "Тошкент шаҳрида "Delta city" кўп функцияли комплексини қуриш" инвестиция лойиҳасини пойтахтнинг бошқа қисмида амалга ошириш бўйича музокаралар ўтказсин ва натижалар, шу жумладан ушбу инвестиция лойиҳасини бошқариш механизмлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклифлар киритсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 июлдаги "Тошкент шаҳрида "Delta city" халқаро юқори технологияли инновация маркази" лойиҳасини амалга оширишга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-3833-сон қарорининг 1, 3, 4, 5-бандлари ва 6-бандининг "б" кичик банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


11. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бир ой муддатда:

"InterForum" ДУК ва "InterНotel" МЧЖнинг уставлари белгиланган тартибда ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ва уларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.М. Ғаниев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                       Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 7 июндаги

ПҚ-4355-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи

савдо вазирлиги ҳузуридаги "InterForum"

давлат унитар корхонасининг

ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ

     

"InterForum" ДУК

"Ўзэкспомарказ" МКК" АЖ

Халқаро ҳамкорлик маркази" АЖ

"InterHotel" МЧЖ






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 7 июндаги

ПҚ-4355-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи

савдо вазирлиги ҳузуридаги "InterForum" давлат

унитар корхонасининг бошқарув аппарати

ТУЗИЛМАСИ

      

Директор

Тадбирларни режалаштириш ва

ўтказиш бўлими

Молия-иқтисодиёт бўлими

Маркетинг ва жамоатчилик

билан алоқалар бўлими

Кадрлар бўйича инспектор

Бош юрисконсульт

     

Изоҳ: Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири бошқарув ходимлари штат бирликлари сонини белгилайди.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 8 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 10 июнь, 23-сон, 432-модда