ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Давлат хизматлари /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 07.06.2019 й. 468-сон "Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

07.06.2019 й.

N 468



ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИГА

ЎҚИШГА КИРИШ УЧУН ҲУЖЖАТЛАРНИ ҚАБУЛ

ҚИЛИШ   БЎЙИЧА   ДАВЛАТ   ХИЗМАТЛАРИНИ

КЎРСАТИШНИНГ МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИНИ

ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 12 декабрдаги ПФ-5278-сон, "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида" 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сон фармонлари ҳамда "Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 14 майдаги ПҚ-4319-сон қарорига мувофиқ олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 14 майдаги ПҚ-4319-сон қарорига мувофиқ:

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан белгиланадиган давлат олий таълим муассасаларига бакалавриатга ўқишга кириш учун абитуриентлар давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиши белгиланганлиги;

тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан (ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар бундан мустасно) тест синовларида иштирок этиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида тўлов ундирилиши маълумот учун қабул қилинсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Адлия вазирлиги билан биргаликда беш кун муддатда 2019/2020 ўқув йилида бакалавриатга ўқишга кириш учун абитуриентларни рўйхатдан ўтказишни давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади) орқали ташкил этадиган давлат олий таълим муассасасалари бўйича Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига таклиф киритсин.


3. Белгилансинки, абитуриентлар томонидан давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали кириш тест синовларида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш белгиланмаган давлат олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган амалдаги тартиб сақлаб қолинади.


4. Қуйидагилар:

Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти 1-иловага мувофиқ;

Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлган абитуриентлар тоифаси ҳамда уларнинг реестрини шакллантириш учун масъул бўлган ваколатли органлар рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар:

а) қабул параметрлари тасдиқланган кундан бошлаб бир ҳафта муддатда:

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтларда олий таълим муассасаларида бакалавриат таълим йўналишлари бўйича қабул режаларини жойлаштиришни;

тизимидаги олий таълим муассасалари ҳузурида абитуриентларга олий таълим муассасасида яратилган шароитлар ҳамда мавжуд факультетлар ва бакалавриат таълим йўналишлари моҳияти, шунингдек жорий ўқув йили қабул режалари тўғрисида батафсил маълумотларни олишга ёрдам берувчи алоқа марказлари (call-center) ташкил этишни;

б) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда меҳнат қонунчилигига риоя этган ҳолда, пуллик асосда жалб этиладиган масъул ходимлар, олий таълим муассасаларининг масъул ходимлари иштирокида ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентни амалда қўллаш самарадорлиги ва натижадорлиги даражасини оширишга йўналтирилган ўқув семинарларини доимий равишда ўтказишни;

в) абитуриентларни олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун давлат хизматлари марказлари орқали рўйхатга олишда амалий ёрдам бериш мақсадида ўқув йилига қабул бошлангунга қадар ҳудудлардаги олий таълим муассасаларидан вакиллар ажратилишини таъминласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар билан биргаликда абитуриентларга олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун давлат хизматлари марказлари орқали давлат хизматларини кўрсатиш учун меҳнат қонунчилигига риоя этган ҳолда, кўнгиллилар гуруҳини пулли асосда жалб этишни таъминласин.


7. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор билан биргаликда 2019 йил 10 июнга қадар, имтиёзга эга бўлган абитуриентларнинг электрон реестри ваколатли органлар томонидан реал вақт режимида киритиб борилишини таъминловчи ягона платформа яратилишини таъминласин.


8. Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун имтиёзга эга бўлган абитуриентларнинг реестрини шакллантириш учун масъул бўлган ваколатли органлар 2019 йил 10 июнга қадар, ўзлари масъул бўлган имтиёзлар бўйича охирги уч йил ичида имтиёзга эга бўлган абитуриентлар тўғрисидаги маълумотларнинг электрон реестрини шакллантириб, қарорнинг 7-бандида кўрсатиб ўтилган ягона платформага доимий равишда маълумотлар киритиб борилишини таъминласин.

Ушбу ваколатли органлар имтиёзлар ҳақидаги маълумотларнинг ахборот тизимига ўз вақтида ва тўлиқ киритиб борилиши учун шахсан масъул ҳисобланади ҳамда ахборот тизимига киритилмаган маълумотлар бўйича давлат хизматлари марказлари томонидан имтиёзли ҳуқуқ асосида абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинмайди.


9. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги "Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази" ДУК Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда белгиланган олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларининг ЯИДХП орқали жорий этилишини таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат тест маркази, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги "Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази" ДУК билан биргаликда фуқароларнинг электрон расмлари мавжуд бўлган ахборот базасини 2019 йил 10 июнга қадар Электрон ҳукумат идоралараро интеграцион платформаси ва Давлат тест марказининг ахборот тизимига интеграциялаштириш чораларини кўрсин.


11. Белгилаб қўйилсинки, тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан (ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар бундан мустасно) тест синовларида иштирок этиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида ундириладиган тўлов:

абитуриентлар олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш учун мурожаат этганда - жойлардаги банклар кассалари томонидан;

абитуриентлар давлат хизматлари марказлари орқали рўйхатдан ўтиш учун мурожаат этганда - давлат хизматлари марказларида жойлашган банк кассалари ҳамда марказлар ходимлари томонидан нақд ёки нақд пулсиз кўринишида қабул қилинади.

Мазкур тўловлар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.


12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ўқишга кириш учун ўтказиладиган дастлабки имтиҳон июнь ойида ўтказилишини таъминласин.


13. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги:

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, олий таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларнинг абитуриентларга олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг белгиланган тартибини амалга оширишга доир фаолияти юзасидан, жумладан, ЯИДХП орқали доимий назорат ўрнатсин;

ушбу қарор билан тасдиқланган маъмурий регламент талаблари бузилганлиги учун давлат хизматларини кўрсатишда иштирок этувчи ташкилотларнинг мансабдор шахсларига нисбатан маъмурий жазо чораларини белгиланган тартибда қўлласин.


14. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.


15. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.К. Давлетов, олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори М.М. Каримов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                   А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 7 июндаги

468-сон қарорига

2-ИЛОВА



Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун

имтиёзга эга бўлган абитуриентлар тоифаси ҳамда

уларнинг реестрини шакллантириш учун

масъул бўлган ваколатли органлар

РЎЙХАТИ

     

Т/р

Имтиёзлар турлари (тоифалари)

Имтиёзларни бериш учун масъул

ваколатли органлар

1.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг фарзандлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти

давлат хавфсизлик хизмати,

Мудофаа вазирлиги,

Ички ишлар вазирлиги,

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги,

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини

ривожлантириш вазирлиги,

Давлат хавфсизлик хизмати,

Миллий гвардия

2.

Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлар ва мусобақалар ғолиблари бўлган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларининг битирувчилари

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги,

Халқ таълими вазирлиги,

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги,

Ўзбекистон Бадиий академияси

3.

Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари

Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси

4.

"Мард ўғлон" давлат мукофоти соҳиблари

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи

5.

"Йилнинг энг яхши тарбиячиси" республика танлови ғолиблари,


Мактабгача таълим вазирлиги,


Тиббиёт муассасалари ҳамшираларининг "Ҳамшира" республика танлови ғолиблари,


Соғлиқни сақлаш вазирлиги,


Бадиий академиянинг тасвирий санъат бўйича республика танлови ғолиблари,


Ўзбекистон Бадиий академияси,


"Ниҳол" мукофоти совриндорлари

Маданият вазирлиги

6.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг республика комиссияси томонидан берилган тавсиянома соҳиблари (педагогика таълим йуналишларига)

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи

7.

Тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги,

Халқ таълими вазирлиги,

Қорақалпоғистон Республикаси

Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва

Тошкент шаҳар ҳокимликлари

8.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган фуқаролар

Мудофаа вазирлиги,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

давлат хавфсизлик хизмати,

Ички ишлар вазирлиги,

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги,

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини

ривожлантириш вазирлиги,

Давлат хавфсизлик хизмати,

Миллий гвардия

9.

Чет тилини билиш даражаси тўғрисида давлат намунасидаги В1 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатга эга бўлган абитуриентлар

Давлат тест маркази

10.

Ҳарбий қисм қўмондонлиги ва Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти тавсияномасига эга бўлганлар фуқаролар

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи,

Мудофаа вазирлиги

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 8 июнь










































Время: 0.0048
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск