язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июнь, 2019 й./ Таълим/ Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг Маъмурий регламенти (ЎзР ВМ 07.06.2019 й. 468-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 7 июндаги

468-сон қарорига

1-ИЛОВА



Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш

учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича

давлат хизматларини кўрсатишнинг

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР



1. Ушбу Регламент абитуриентларга Давлат хизматлари марказлари (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда ЯИДХП деб аталади) орқали республика давлат олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга кириш учун ҳужжатлар топшириш бўйича давлат хизматини (кейинги ўринларда давлат хизмати деб аталади) кўрсатиш тартибини белгилайди.


2. Регламент талаблари:

Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан белгиланадиган давлат олий таълим муассасаларига нисбатан тадбиқ этилади;

хорижий, хусусий ҳамда ҳарбий олий таълим муассасаларига, олий таълим муассасаларининг магистратурасига, тест синовларисиз ижодий имтиҳонлар орқали ўқишга қабул қилинадиган олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга кириш учун, олий таълим муассасаларига хорижий фуқаролар томонидан ҳужжат топширишга ҳамда Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан Марказлар ёки ЯИДХП орқали кириш тест синовларида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш белгиланмаган давлат олий таълим муассасаларига нисбатан тадбиқ этилмайди.


3. Марказлар, Давлат тест маркази ҳамда олий таълим муассасалари ўртасидаги ахборот алмашинуви электрон рақамли имзони (кейинги ўринларда ЭРИ деб аталади) мажбурий тартибда қўллаган ҳолда фақат идоралараро электрон ўзаро боғланиш орқали амалга оширилади.


4. Абитуриентлар ўзларининг доимий (вақтинча) рўйхатда турган жойидан қатъи назар, исталган Марказга давлат хизматидан фойдаланиш учун мурожаат қилиши мумкин.

Абитуриентлар Марказга мурожаат этган ҳудудда (ЯИДХП орқали мурожаат этганда доимий рўйхатда турган ҳудудида) ташкил этиладиган тест синовларида иштирок этишлари мумкин.


5. Абитуриентларга давлат хизматлари ҳар йили 15 июндан 15 июлгача (шу куни ҳам) кўрсатилади.


6. Давлат хизматларини кўрсатиш мазкур Регламентга 1-иловага мувофиқ схема асосида амалга оширилади.



2-БОБ. ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИНИ

КЎРСАТИШ ТАРТИБИ


7. Абитуриент Регламентнинг 5-бандида назарда тутилган муддат давомида давлат хизматларидан фойдаланиш учун Марказга мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХПда рўйхатдан ўтади.

Имтиёзга эга бўлган абитуриентлар, шунингдек, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва паспорт ёшига етмаганлар давлат хизматларидан фойдаланиш учун Марказларга мурожаат этади.


8. Абитуриент ўзи келиб мурожаат этган тақдирда, Марказ ходими абитуриент номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса, мустақил равишда Регламентга 2-иловага мувофиқ шаклдаги сўровнома бўйича маълумотларни Давлат тест марказининг тизимига махсус дастур орқали электрон равишда киритади.

Марказ ходими томонидан сўровномага тегишли маълумотлар киритилиши учун абитуриент Марказ ходимига қуйидаги ҳужжатларнинг асл нусхасини тақдим этади:

фуқаролик паспорти (ички ишлар бўлимлари томонидан берилган 09-шакл бўйича жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, паспорт серияси ва рақами кўрсатилган маълумотнома);

паспорт ёшига етмаганлар учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;

умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат (иловаси билан);

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёзга эга бўлган абитуриентлар имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат.

Ҳужжатларни қабул қилишнинг белгиланган муддатлари тугагандан сўнг сўровномага қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш қатъиян ман этилади.

Абитуриентдан қўшимча ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Абитуриент бир вақтнинг ўзида, ўқитишнинг бир шакли доирасида учтагача олий таълим муассасасини (бакалавриат таълим йўналишлари) танлаши мумкин. Бир нечта олий таълим муассасасини (бакалавриат таълим йўналишлари) танлашда имтиҳон топшириладиган фанлар мажмуаси ва кетма-кетлиги мос бўлиши шарт.


9. Сўровномага зарур маълумотлар расмийлаштириб, киритилгандан сўнг Давлат хизматлари маркази ходими абитуриентга асл ҳужжатларни қайтаради ва QR-код (матрицали штрих код) қўйилган сўровномани икки нусхада чоп этиб, абитуриентга беради. Абитуриент маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, сўровномани ўз имзоси билан тасдиқлайди, бир нусхасини ўзида олиб қолади ва иккинчи нусхасини Марказ ходимига беради.

Сўровнома абитуриентнинг имзоси билан тасдиқлангандан сўнг Марказ ходимининг ЭРИси билан тасдиқланган ҳолда, Давлат тест марказининг тизимига автоматик тарзда киритилади.

Давлат тест маркази маълумотлар базасига киритилган маълумотларни автоматик тарзда қабул қилади.


10. Давлат хизматлари кўрсатилгани учун жорий йил битирувчиларидан ҳамда ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслардан давлат хизматлари кўрсатилгани учун тўлов ундирилмайди.


11. Давлат хизмати кўрсатилгани учун тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида тўлов ундирилади.

Бунда, давлат хизматини олиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган тўлов суммасининг 90 фоизи ундирилади.

Тўловлар Марказларда жойлашган банк кассалари ҳамда Марказ ходимлари томонидан нақд ва нақдсиз пул кўринишида қабул қилинади. Тўловлар тўланганлигини тасдиқлаш ахборот-коммуникация тизимлари орқали амалга оширилади.

Тўловлар суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:


а) Марказларга ўзи келиб мурожаат этганда:

50 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобрақамига ўтказилади;

қолган маблағлар - Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади;


б) ЯИДХП орқали мурожаат этилганда:

50 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади;

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги "Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази" ДУКнинг ҳисобрақамига ўтказилади;

10 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобрақамига ўтказилади;

қолган маблағлар - Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади.


12. Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши, абитуриентларнинг Марказга шахсан мурожаат этмаганлиги, шунингдек давлат хизматлари кўрсатиш учун мазкур Регламентнинг 11-бандида назарда тутилган тўловни тўланмаслиги давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Давлат хизматлари кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.


13. Абитуриент давлат хизматларини кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида улардан фойдаланишдан бош тортиш ҳуқуқига эга. Абитуриент давлат хизматларидан фойдаланишдан бош тортганда, унинг маълумотлари кўрилмасдан қолдирилади.

Бунда давлат хизмати кўрсатилгани учун тўлов суммаси қайтарилмайди.



3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


14. Танлов ва тест синовлари сўровнома орқали Давлат тест марказининг тизимига киритилган маълумотлар асосида ўтказилади.


15. Абитуриент имтиҳон натижаларига кўра олий таълим муассасасига қабул қилинган тақдирда, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомда кўрсатилган ҳужжатларнинг асл нусхаларини тегишли олий таълим муассасаларига ўқув йили бошлангунга қадар тақдим этади.


16. Марказлар, Давлат тест маркази ва олий таълим муассасалари ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.


17. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва Марказлар Регламент талабларининг ижроси юзасидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти бўйича, жумладан ЯИДХП орқали доимий назоратни ва мониторингни амалга оширади.


18. Абитуриентлар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳатти-ҳаракатлари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.


19. Ушбу Регламентни қўллашда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


20. Ушбу Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Маъмурий регламентга

1-ИЛОВА



Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун

ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат

хизматларини кўрсатишнинг

СХЕМАСИ

          

Босқичлар


Субъектлар

Тадбирлар


Бажариш

муддатлари


1-босқич

Абитуриент

1. Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун Давлат хизматлари марказига шахсан ўзи келиб мурожаат қилади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтади.


2. Давлат хизматларини кўрсатилгани учун тест синовлари ташкил этилаётган ўқув йилидан аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатган абитуриентлар томонидан тўлов тўланади.

Хоҳишига кўра







2-босқич

1. Давлат хизматлари маркази


2. Ягона интерактив давлат хизматлари портали

Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса, мустақил равишда сўровнома бўйича маълумотларни Давлат тест марказида шакллантириладиган абитуриентлар базасига махсус дастур орқали электрон равишда киритади.

1. 10 дақиқа мобайнида


2. Автоматик тарзда







3-босқич

Давлат тест маркази

1. Абитуриентлар базасига киритилган маълумотларни қабул қилади.


2. Абитуриентлардан хужжат кабул килиш тўлиқ муддати тугагандан сўнг абитуриентни тест синови ўтказиладиган кун, вақти ва жойи ҳақидаги маълумотларни расмий сайтида жойлаштиради.


3. Абитуриентлар базасига киритилган маълумотлар асосида тест синови ва танловни ўтказади.

1. Автоматик тарзда


2. Қабул қилиш муддати тугагандан сўнг



3. Июль-август ойлари







4-босқич

Абитуриент

Имтиҳон натижаларидан муваффақиятли ўтган тақдирда, керакли ҳужжатларнинг асл нусхаларини тегишли олий таълим муассасаларига тақдим этади.

Ўқув йилининг

2 сентябрь кунига қадар


  




Маъмурий регламентга

2-ИЛОВА



(сана)

(т/р)

    

   

Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш

учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича

СЎРОВНОМА

    

I. Ариза берувчи ҳақидаги маълумотлар:

1.1. Ф.И.О.:


1.2. Паспортга оид маълумотлар (рақами ва серияси) (мавжуд бўлмаса, ички ишлар бўлимлари томонидан берилган 09-шакл бўйича маълумот):


1.3. Паспорт ёшига етмаганлар учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома маълумотлари


1.4. Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) (мавжуд бўлса)


1.5. Манзили:


1.6. Фуқаролиги:


1.7. Миллати:


1.8. Телефон рақами:


1.9. Электрон почта манзили:


II. Қўшимча маълумотлар:

2.1. Умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси номи, манзили, ушбу муассасани тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат серияси, рақами ва берилган санаси:


2.2. Тест топшириш тили :


2.3. Олий таълим муассасасининг номи:*


Олий таълим муассасаси номи

Олий таълим муассасасидаги бакалавриат таълим йўналиши номи

2.3.1.



2.3.2.



2.3.3.



2.4. Қайси чет тилидан тест топшириши (агар чет тилини топшириш зарур бўлса)


2.5. Танланган йўналиш бўйича ижодий имтиҳон мавжуд ёки мавжуд эмаслиги:


2.6. Таълим шакли:


III. Имтиёз борлиги ҳақидаги маълумотлар (мавжуд бўлса)


Тегишли ҳужжатнинг реквизитлари (рақами, берилган санаси ва ш.к.)

3.1.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган фуқаролар


3.2.

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар


3.3.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг фарзандлари


3.4.

Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлар ва мусобақалар ғолиблари бўлган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларининг битирувчилари


3.5.

Чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги давлат намунасидаги В1 ва ундан юқори даражадаги малака сертификатга эга бўлган абитуриентлар


3.6.

Илғор халқаро имтиҳон тизимлари (TOEFL, IELTS, CEFR, SAT General, SAT Subject ва ҳоказо) сертификатларига эга бўлган абитуриентлар


3.7.

Тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар


3.8.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг республика комиссияси томонидан берилган тавсиянома соҳиблари (педагогика таълим йуналишларига)


3.9.

Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатлари


3.10.

"Мард ўғлон" давлат мукофоти соҳиблари


3.11.

"Йилнинг энг яхши тарбиячиси" республика танлови ғолиблари


3.12.

Тиббиёт муассасалари ҳамшираларининг "Ҳамшира" республика танлови ғолиблари


3.13.

Бадиий академиянинг тасвирий санъат бўйича республика танлови ғолиблари


3.14.

"Ниҳол" мукофоти совриндорлари


3.15.

Ҳарбий қисм қўмондонлиги ва Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти тавсияномасига эга бўлганлар фуқаролар


3.16.

Навоий вилоятининг олис чўл ҳудудидан бўлган абитуриентлар (Навоий, Бухоро ва Самарқанд вилоятлари олий таълим муассасаларига ҳужжат топширганда)


3.17.

Мақсадли қабул


IV. Абитуриентга хабар бериш тартиби

4.1. Имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида СМС орқали (телефон рақами)

4.2. Имтиҳон ўтказиладиган кун, вақти ва жойи ҳақида Давлат тест марказининг расмий сайти орқали.


Ушбу сўровномада қайд этилган маълумотларнинг тўлиқ ва ҳақиқийлигини ҳамда тўғри кўрсатилганлигини тасдиқлайман.






Ариза берувчининг имзоси

Изоҳ.


Барча маълумотлар абитуриент ҳужжатларининг асл нусхаларидан тўлдирилади.

Абитуриент томонидан топширилган ҳужжатларнинг қалбакилиги аниқланса, у ҳолда абитуриент тест синовларидан (олий таълим муассасасидан) четлаштирилади ҳамда ҳужжатлари белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилади.


*) Бир нечта олий таълим муассасасини (бакалавриат таълим йўналишлари) танлашда имтиҳон ўтказиладиган фанлар мажмуаси ва кетма-кетлиги мос бўлиши лозим.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 8 июнь