ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Олий таълим / Бошқалар /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 11.06.2019 й. 489-сон "Тошкент кимё-технология институтининг Шаҳрисабз филиалини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

11.06.2019 й.

N 489




ТОШКЕНТ КИМЁ-ТЕХНОЛОГИЯ

ИНСТИТУТИНИНГ ШАҲРИСАБЗ

ФИЛИАЛИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ТЎҒРИСИДА


Қашқадарё вилоятида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш саноати салоҳиятини янада ошириш ва иқтисодиётнинг базавий тармоқларида олий маълумотли кадрлар тайёрлашни кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида Тошкент кимё-технология институтининг Шаҳрисабз филиалини (кейинги ўринларда Филиал деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Белгилансинки, Филиал Тошкент кимё-технология институтининг юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бўлинмаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.


2. Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ҳудудда кимё ва озиқ-овқат саноати соҳасининг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифаларини, замонавий техника ҳамда технологик тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда эҳтиёж юқори бўлган мутахассисликлар бўйича амалий кўникмаларни эгаллаган малакали кадрларни тайёрлаш;

кимё ва озиқ-овқат технологияларининг барча йўналишлари бўйича малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, корхоналарнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган инновацион тадқиқотларни фаол ривожлантириш;

ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълим ва илмий изланишлар жараёнига малакали мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳаларидаги республика ва хорижий етакчи олий таълим муассасалари ва илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш;

республика ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларга истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали Филиалнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш;

Филиалнинг минтақа ва халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш мақсадида чет эл фуқаролари учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш ва илғор халқаро тажрибани татбиқ қилиш;

вебинар таълим усулларини жорий этиш ва ривожлантириш.


3. Белгилансинки, Филиалда ўқув жараёни 2019/2020 ўқув йилидан бошланади ҳамда талабаларни қабул қилиш сони белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталаридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.


4. Тошкент кимё-технология институти Шаҳрисабз филиалининг васийлик кенгаши таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, васийлик кенгаши қуйидаги устувор йўналишларда Филиални ривожлантиришга кўмаклашади:

Филиални моддий-техник жиҳатдан таъминлаш учун молиявий ёрдам ташкил этиш, бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш;

таълим муассасалари ва ташкилотлардан тайинланган малакавий амалиёт раҳбарларини муассасанинг бюджетдан ташқари маблағлари, рағбатлантириш фонди ҳисобидан моддий қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш ҳамда иқтидорли талабаларнинг ривожланган хорижий мамлакатларнинг таълим муассасаларида амалиётини ташкил этиш;

кимё, озиқ-овқат ва виночилик технологиялари, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ҳамда биотехнологиялар соҳасида Филиални ривожлантиришга кўмаклашувчи янги усуллар, дастурлар ва истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш ташкилотлари фаолиятига илмий ишланмалар натижаларини самарали жорий этиш;

Филиал профессор-ўқитувчилари ва ёш олимларининг Scopus ва Web of science каби маълумотлар базасига кирган халқаро илмий журналларда илмий мақолалар чоп этиш борасидаги сарф-харажатларини молиялаштириш, шунингдек, ўқув-методик ва илмий-тадқиқот ишларининг бажарилишидан келиб чиққан ҳолда моддий рағбатлантириб боришни ташкил этиш;

Филиалда ўқув жараёнини ташкил этиш учун малакали профессор-ўқитувчилар, жумладан, хориждан ўқитувчилар, олимлар ва мутахассислар жалб этиш ҳамда ёш олимлар, таянч докторантларнинг хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказларига стажировкага юборилишини таъминлаш;

Филиал педагог ва бошқа ходимларининг меҳнат шароитларини ҳамда уларнинг ижтимоий таъминотини яхшилаш ва қўллаб-қувватлашни ташкил этиш;

Филиал биноларининг қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш учун зарур молиявий маблағлар сафарбар этилишини, замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер ва бошқа ташкилий техника, кутубхона фонди билан жиҳозланишини таъминлаш.


5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги икки ой муддатда:

Филиалнинг тузилмасини олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативларга мувофиқ тасдиқласин;

Филиалнинг уставини белгиланган тартибда тасдиқласин ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

Филиални танлов асосида юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш чораларини кўрсин;

Филиалда ўқув-методик жараёнларнинг ташкил этилишини таъминлаш, уни ўқув-лаборатория жиҳозлари ва компьютер техникаси билан таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширсин;

Филиал ахборот-ресурс марказини таянч олий таълим муассасаси томонидан қўшимча ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин;

Молия вазирлиги билан биргаликда Филиалнинг штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлаш чораларини кўрсин.


6. Қуйидагилар Филиал фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


7. Белгилаб қўйилсинки:

Филиални сақлаш харажатлари 2019 йилда "Маориф" соҳаси бўйича тасдиқланган бюджет параметрлари доирасида, 2020 йилдан бошлаб эса мазкур соҳага ҳар йили ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади;

Филиалнинг бошланғич фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида унга ажратилган бино ва иншоотларни жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш (мебель, компьютер техникаси, ўқув адабиётлари ва бошқа моддий-техника воситаларини харид қилиш) ишлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига қопланади.


8. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз шаҳри, Шаҳрисабз кўчаси, 20-уйда жойлашган Шаҳрисабз енгил саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан биргаликда Филиалга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Белгилаб қўйилсинки, Шаҳрисабз енгил саноат касб-ҳунар коллежининг ўқувчилари ўқишни битиргунларига қадар Филиал биноларида ўқув жараёнини давом эттирадилар.


9. Филиалга 2 та, шу жумладан, 1 та хизмат ва 1 та махсус енгил автотранспорт воситаларини сақлашга лимит ажратилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурининг 2020 йил ва кейинги йиллар учун параметрларини шакллантиришда Филиалнинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, ўқув лабораториялари ва ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан жиҳозлаш ҳамда янги 300 ўринли талабалар турар жойи биносини қуриш лойиҳалари белгиланган тартибда киритилишини таъминласинлар.


11. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги республика олий таълим муассасаларидан Филиалга фаолият юритиш учун таклиф этилган профессор-ўқитувчиларни уй-жой билан, шу жумладан, 2 та икки хонали хизмат уйи билан таъминлаш чораларини кўрсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг таклифлари асосида Филиални ичимлик ва оқова сув таъминоти билан таъминлаш лойиҳаларини амалга ошириш учун зарур бўлган маблағлар 2020 йил Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастури параметрларига киритилишини таъминласинлар.


13. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, "Ўздонмаҳсулот" АК, "Ўзёғмойсаноат" уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги 2019/2020 ўқув йили бошлангунига қадар:

Филиалда манфаатли, соҳанинг инновацион ривожланишдаги истиқболларини ҳисобга олган ҳолда ўқув ва илмий лабораторияларни ташкил этиш, унинг моддий-техника базасини шакллантириш, замонавий ўқув адабиётлари, лаборатория ва ишлаб чиқариш тренажёрлари билан таъминлаш чораларини кўрсинлар;

Филиалнинг моддий-техника ва илмий-лаборатория базасини мустаҳкамлаш, илмий ишланмаларни жорий этиш, илмий-педагог ходимларни моддий рағбатлантириш ва малакасини оширишда молиявий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ сарф-харажатларни Вазирлар Маҳкамасининг "Илмий-инновацион ишланма ва технологияларни ишлаб чиқаришга тадбиқ этишнинг самарали механизмларини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 12 январдаги 24-сон қарори 3-банди, "Хўжалик бошқаруви органлари ва йирик давлат корхоналаридаги инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида" 2018 йил 12 мартдаги 195-сон қарорига биноан инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармалари маблағлари ҳисобига амалга оширилишини таъминласинлар.


14. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Филиални юқори малакали, илмий ва илмий педагогик кадрлар билан таъминлаш мақсадида Филиал учун илмий-тадқиқот институтлари ва республиканинг етакчи олий таълим муассасаларида таянч докторантурага 2020 йилдан мақсадли квоталар ажратилишини таъминласинлар.


15. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Филиални юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлаш мақсадида 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Филиал учун республиканинг етакчи олий таълим муассасаларида тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича мақсадли қабул параметрларига таклифларни шакллантирсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


16. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:

талабаларнинг амалий кўникмаларини ошириш мақсадида соҳа мутахассисларини таълим жараёнига жалб этиш;

профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг илмий-тадқиқот институтлари ва етакчи ташкилотларнинг лабораторияларидан фойдаланишлари учун тегишли шарт-шароитлар яратиш чораларини кўрсинлар.


17. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги "Ўзтрансгаз" АЖ билан биргаликда бир ой муддатда Филиални табиий газ таъминотига улаш учун техник шарт берилиши чораларини кўрсин.


18. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг мурожаатига асосан Филиални юқори тезликдаги Интернет ҳамда электрон таълим миллий тармоғига белгиланган тартибда улаш чораларини кўрсин.


19. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда улар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


20. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов, олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокими З.Ш. Рўзиев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                           А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 11 июндаги

489-сон қарорига

ИЛОВА



Тошкент кимё-технология институти

Шаҳрисабз филиалининг васийлик кенгаши

ТАРКИБИ

1. З. Рузиев

-

Қашқадарё вилояти ҳокими, Васийлик кенгаши раиси


2. Ш. Асланов

-

"Шўртангазкимё мажмуаси"МЧЖ бош директори, Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари


3. У. Бегимкулов

-

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари, Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари


4. Ш. Муталов

-

Тошкент кимё-технология институти ректори


5. О. Қурбонов

-

"Дехқонобод калийли ўғитлар заводи" МЧЖ бош директори в.б.


6. Ш. Шамсиев

-

"Муборак газни қайта ишлаш заводи" МЧЖ бош директори


7. Ф. Алимов

-

"Қарши ёғ экстракция" АЖбошқаруви раиси


8. А. Абдумавлянов

-

"Косон ёғ экстракция" АЖбошқаруви раиси ўринбосари


9. Ҳ. Каримов

-

"Қашқадарёдонмаҳсулотлари" АЖбошқаруви раиси


10. А. Худойбердиев

-

"Дон халқ ризқи" АЖбошқаруви раиси


11. С. Рўзиев

-

"Шаҳрисабз вино-ароқ" МЧЖдиректори


12. А. Авлоқулов

-

"Агромир Китоб"МЧЖ директори


13. лавозими бўйича

-

Тошкент кимё-технология институтининг Шаҳрисабз филиали директори, Васийлик кенгаши котиби


Изоҳ: Васийлик кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтганда унинг таркибига мазкур лавозимларга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли вазифаларни бажариш юкланган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 13 июнь








































Время: 0.1813
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск