ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш /

Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.06.2019 й. 490-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 12 июндаги

490-сон қарорига

1-ИЛОВА



Тошкент давлат юридик университетининг

Ихтисослаштирилган филиалига ўқишга

қабул қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу низом Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали (кейинги ўринларда - Филиал)да кундузги таълим шаклида бакалавриатнинг махсус уч йиллик дастури бўйича юридик кадрларни тайёрлаш ва олий ноюридик маълумотга эга бўлган кадрларни махсус олти ойлик дастур бўйича қайта тайёрлаш бўйича ўқишга қабул қилиш тартибини белгилайди.


2. Мазкур низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


бакалавриатнинг махсус уч йиллик дастури бўйича юридик кадрларни тайёрлаш (кейинги ўринларда - юридик кадрларни тайёрлаш) - "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш" соҳа мутахассислиги бўйича фаолият олиб бориш учун етарли даражадаги билим ва амалий кўникма шакллантиришни ўз ичига олувчи олий таълим шакли;


олий ноюридик маълумотга эга бўлган кадрларни махсус олти ойлик дастур бўйича қайта тайёрлаш (кейинги ўринларда - қайта тайёрлаш курси) - "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш" мутахассислиги бўйича кадрларни амалиётда фаолият олиб бориш учун етарли даражадаги билим олишни ва кўникма шакллантиришни назарда тутадиган олий таълимдан кейинги ўқитиш шакли;


талабгор - юридик кадрларни тайёрлаш бўйича тест синовларини топширишга қўйилган ёки қайта тайёрлаш курсига суҳбат шаклида ўтказиладиган танловда иштирок этишга тавсия этилган шахс;


ходим - ички ишлар органининг амалдаги ходими;


ҳарбий хизматчи - Миллий гвардия бўлинмасининг амалдаги ҳарбий хизматчиси;


талаба - юридик кадрларни тайёрлаш бўйича ўқишга қабул қилинган шахс;


тингловчи - қайта тайёрлаш курси бўйича ўқишга қабул қилинган олий ноюридик маълумотга эга бўлган ходим ёки ҳарбий хизматчи.


3. Филиалга ўқишга қабул қилишни ташкил этиш мазкур низомнинг 1-иловасида келтирилган схемага асосан амалга оширилади.


4. Филиалда юридик кадрларни тайёрлашга ёши ўн еттидан кичик ва йигирма бешдан катта бўлмаган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари тест синовлари асосида ўқишга қабул қилинади.

5. Умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта-махсус, касб-ҳунар профессионал маълумотига эга, cоғлиғининг ҳолати бўйича ходим ёки ҳарбий хизматчининг хизмат мажбуриятларини бажаришга қодир бўлган Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан юридик кадрларни тайёрлаш бўйича ўқишга кириш учун ҳужжатлар қабул қилинади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ва Миллий гвардияси қўмондони тавсиялари асосида олий ноюридик маълумотга эга бўлган амалдаги ходимлар ва ҳарбий хизматчилардан белгиланган тартибда эгаллаб турган лавозими ва пул таъминоти сақлаб қолинган ҳолда қайта тайёрлаш курсига ўқишга кириш учун ҳужжатлар қабул қилинади.

Филиалга ўқишга қабул қилинган шахсга Ички ишлар вазирлиги ёки Миллий гвардия тизимида Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида камида беш йил узлуксиз ишлаб бериш мажбурияти юкланади. Талабгор мажбурият шартлари ҳамда унинг бажарилмаслиги юзасидан моддий жавобгарлик бўйича ўқишга кириш учун ҳужжат топшириш жараёнида мазкур низомнинг 2-иловасида келтирилган шаклдаги огоҳлантириш хати орқали таништирилади.

Ички ишлар вазирлиги Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган Филиалда ўқиш истагидаги талабгорларни Ички ишлар вазирлиги Академиясининг кундузги таълим йўналишига ҳужжат топширадиган номзодлар учун ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида тиббий текширувни ташкил этиш ва ҳарбий-тиббий экспертизани ўтказиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш тўғрисида" 2017 йил 26 сентябрдаги 764-сон қарорига мувофиқ Ички ишлар вазирлиги ва ички ишлар органларида махсус ташкил этиладиган ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан тиббий кўрикдан ўтказиш чораларини кўради.

Ҳарбий-тиббий комиссия хулосасига кўра соғлиғининг ҳолати бўйича хизматга яроқли деб топилган талабгорлар тўғрисидаги қарор ички ишлар органлари раҳбарлари томонидан хулоса кўринишида тасдиқланади ҳамда қабул йилининг 20 май кунига қадар Филиал қабул комиссиясига юборилади.

Филиал қабул комиссияси Ҳарбий-тиббий комиссия хулосасига асосан соғлигининг ҳолатига кўра хизматга яроқли деб топилган талабгорлардан ҳужжатларни қабул қилади ҳамда уларнинг онлайн рўйхатдан ўтишига рухсат беради.

Ҳарбий-тиббий комиссиянинг ижобий хулосаси битирувчини Миллий гвардия тизимига хизматга қабул қилиш жараёнида инобатга олинади.

6. Юридик кадрларни тайёрлаш бўйича ўқишга қабул қилишда талабгор бўйининг баландлиги қуйидаги махсус антропометрик параметрларга жавоб бериши талаб этилади:

эркакларга - 165 сантиметрдан паст бўлмаслиги;

аёлларга - 160 сантиметрдан паст бўлмаслиги.


7. Филиалга ўқишга қабул қилиш бўйича белгиланган қабул квотаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Миллий гвардиянинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятида мутахассис кадрларга бўлган талаблар таҳлил қилинган ҳолда эркаклар ва аёллар, шунингдек ўзбек ва рус тиллари бўйича ўқитиш сонига қараб тақсимланади.


8. Филиалга юридик кадрларни тайёрлаш бўйича ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда - Давлат тест маркази) томонидан тест синовларини ўтказиш орқали, қайта тайёрлаш курсига ўқишга қабул қилиш суҳбат кўринишидаги танлов асосида амалга оширилади.

Қайта тайёрлаш курсида ўқиш иккинчи олий маълумот олиш ҳисобланмайди.

Ходим ёки ҳарбий хизматчининг қайта тайёрлаш курсини тугатганлиги тўғрисидаги дипломга эга бўлиши лавозим бўйича юқори кўтарилишида, навбатдаги махсус унвон берилишида, шунингдек раҳбарлик лавозимлари учун захирага киритилишида инобатга олинади.



2-БОБ. ФИЛИАЛГА ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ

ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


9. Филиалга ўқишга қабул қилишни сифатли ташкил этиш мақсадида қабул комиссияси ташкил этилади.

Қабул комиссиясининг таркиби Филиал директорининг тақдимига биноан адлия вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.


10. Қабул комиссиясининг асосий вазифалари ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек унинг фаолиятини ташкил этиш тартиби Филиал директори томонидан белгиланади.

Филиал директори лавозим бўйича қабул комиссиясига раислик қилади.


11. Ҳужжатларни қабул қилиш муддатлари ва ўқиш учун ажратилган ўринларнинг умумий сони ҳақидаги маълумотлар қабул комиссияси томонидан, қоида тариқасида, ҳужжатларни қабул қилиш бошланишидан бир ой олдин Филиалнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.


12. Қабул комиссияси ўз фаолиятини кейинги ўқув йили учун қабул комиссияси ташкил этилгунга қадар Филиалда олиб боради.



3-БОБ. ЮРИДИК КАДРЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ БЎЙИЧА

ТАЛАБГОРЛАРНИ ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ


13. Талабгорлар таълим олиш тили кўрсатилган ҳолда ўқишга қабул қилиш ҳақидаги ариза ва мазкур Низомнинг 14-бандида кўрсатилган ҳужжатларни, қоида тариқасида, ҳар йили 15 июндан 15 июлгача (шу куни ҳам) қабул комиссиясига тақдим этади.

Аризанинг шакли қабул комиссияси томонидан тасдиқланади.


14. Ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги талабгорнинг аризасига қуйидагилар илова қилинади:

асли кўрсатилган ҳолда ҳарбий хизматга чақирилувчининг қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома (чақирилиш муддати узайтирилган ҳолда) нусхаси ёки ҳарбий гувоҳнома нусхаси;

доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойдан белгиланган намунадаги соғлиғининг ҳолати ҳақида маълумотнома (бўй параметри кўрсатилган ҳолда).

15. Қабул қилиш бўйича рўйхатга олинган аризалар сони ҳақидаги маълумотлар ҳар куни Филиалнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилиб борилади.


16. Талабгорларни ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси (кейинги ўринларда - Давлат комиссияси) томонидан тест синовлари натижаларига кўра тўпланган балларнинг рейтинг тизими бўйича амалга оширилади.


17. Тест синовлари ўзбек ва рус тилларида ўтказилади.

Ўқитиш тили белгиланган қабул квоталари доирасида ҳужжатлар қабул қилинишига қадар Адлия вазирлиги томонидан белгиланади ва Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

Талабгор тест синовларини Филиалда ўқийдиган тилда топширади.

Филиалда тест синовлари ўтказиладиган фанлар мажмуасига Тошкент давлат юридик университети (кейинги ўринларда - ТДЮУ) учун белгиланган тартиб татбиқ қилинади.

Талабгор чет тиллар сифатида инглиз, немис, француз тилларидан бири бўйича тест синовини топширади. Талабгор ўқиган чет тилидан қатъи назар, хоҳлаган чет тили (инглиз, немис, француз)дан тест синовларини топшириши мумкин.

Филиалга юридик кадрларни тайёрлаш бўйича ҳужжат топширган ва Давлат тест маркази томонидан берилган чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги сертификат (кейинги ўринларда - миллий сертификат) ёки халқаро сертификатнинг қуйидаги даражаларига эга бўлган абитуриентларга ушбу фандан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл берилади:

инглиз тили учун - миллий сертификат ёки International English Learning Testing System (IELTS 5,5 (бунда writing модулидан 5,5 балл)), Test of English as a Foreign Language (TOEFL IBT 72), Cambridge Assessment English FCE ва CAE халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;

япон тили учун - миллий сертификат ёки Japanese Language Proficiency Test (JLPT N 2) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;

немис тили учун - миллий сертификат ёки Goethe-Zertifikat, Deutsches Sprachdiplom (DSD II) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори;

француз тили учун - миллий сертификат ёки Diplome d'Etudes en Langue Francaise (DELF), Test de Connaissance du Francais (TCF4) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари B2 ва ундан юқори.

бошқа тиллар учун - миллий сертификат ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражаси B2 ва ундан юқори.


18. Тест синовлари, қоида тариқасида, ҳар йили июль-август ойлари оралиғида ўтказилади.

Тест синовларига луғат, шпаргалкалар, мобил телефон ҳамда бошқа алоқа ва телекоммуникация воситаларини олиб киришга ҳаракат қилиш, олиб кириш ва улардан фойдаланиш қатъиян тақиқланади.

Тест материалларини бошқа талабгорга узатиш ёки уларга ёрдам бериш, тест материалларини бинодан ташқарига олиб чиқиш, тест топшириқлари китоби варағини йиртиш, тест синовлари учун ажратилган вақт тугагандан сўнг тест материалларини топширишдан бош тортиш, тест синовлари жараёнида видеокузатиш воситалари орқали талабгорнинг тартиб ва қоидаларга амал қилмаганлигининг аниқланиши ва шу каби ҳолатлар талабгорни тест синовларидан четлаштиришга асос ҳисобланади.

Талабгорларнинг талабаликка тавсия этилган ёки этилмаганлиги бўйича тасдиқланган тест синовлари натижалари ўрнатилган тартибда Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.


19. Тест синовларидан муваффақиятли ўтган талабгорларни ўқишга қабул қилиш ҳақида Филиал директорининг буйруғи қабул қилинади ва уларга қонун ҳужжатларига мувофиқ стипендия тайинланади ҳамда улар Талабалар турар жойи билан таъминланади.


20. Филиалда 2-курс ўқув жараёни якунланганидан сўнг, қоида тариқасида, таътил даврида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда, шартнома асосида Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмда талабалар ҳарбий-тиббий комиссия хулосасига асосан сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўташлари таъминланади (муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўтаганлар бундан мустасно).


21. Филиал томонидан Филиални битирувчи талабаларнинг (кейинги ўринларда - битирувчи) доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойи бўйича рўйхати, қоида тариқасида, сентябрь ойида Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияга тақдим этилади. Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия томонидан ҳужжатларни ўрганиш (кейинги ўринларда - ўрганиш) белгиланган тартибда амалга оширилади.

22. Талабалар Филиалда ўқишни якунлагунга қадар қуйидаги босқичда ўрганишдан ўтказилади:

ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш;

ҳарбий-тиббий комиссия кўригидан ўтиш.

Ўрганиш уларнинг турларидан келиб чиқиб, тегишли мутахассислар томонидан ўтказилади.

Талабанинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилди тўлиқ расмийлаштирилгани ҳамда Филиалда якуний давлат аттестациясидан муваффақиятли ўтганидан сўнг битирувчи Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимига хизматга қабул қилинади.

Талабанинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдларини ўрганиш ва расмийлаштириш давомида хизматга қабул қилинишига тўсқинлик қилувчи маълумот (хизматга қабул қилиш учун умумий ва махсус талабларга мос келмаслик)лар аниқланган тақдирда, шунингдек ҳарбий-тиббий комиссия хулосасига кўра хизматга яроқсиз деб топилганда ҳужжатларни расмийлаштириш тўхтатилиб, хизматга қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида ҳудудий ички ишлар органи бошлиғи ёки Миллий гвардия бўлинмаси командири томонидан қарор қабул қилинади ва бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ёки Миллий гвардия томонидан талабага ва Филиалга хабар берилади.



4-БОБ. БИТИРУВЧИЛАРНИ ТАҚСИМОТГА

МУВОФИҚ УЗЛУКСИЗ ИШЛАБ БЕРИШИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


23. Битирувчиларни Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия тизимига хизматга тақсимлаш учун Филиалда тақсимот комиссияси тузилади.

Тақсимот комиссиясига Филиал директори раислик қилади ҳамда унинг таркибига Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия вакиллари билан бир қаторда бошқа ташкилотларнинг вакиллари ҳам, уларнинг раҳбарлари билан келишилган ҳолда киритилиши мумкин.


24. Битирувчиларни узлуксиз ишлаб бериш учун тақсимлаш ҳар йили, қоида тариқасида, битирувчи ўқишни тамомлагандан сўнг, бир ойдан кечиктирмай амалга оширилади.


25. Тақсимот комиссияси томонидан битирувчининг рейтинг натижалари ва талабани ўрганиш жараёнида йиғилган шахсий ҳужжатлар йиғмажилдини, шунингдек ҳарбий-тиббий комиссия хулосасини инобатга олиб, Ички ишлар вазирлиги ёки Миллий гвардия тизимида Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида хизматни ўташ учун битирувчига мазкур низомнинг 3-иловасида келтирилган шаклдаги йўлланма берилади.


26. Тақсимот комиссиясининг битирувчини хизматга тақсимлаш ҳақидаги қарори қабул қилинганидан сўнг Филиал томонидан ҳар бир битирувчига уч иш кунидан кечиктирмаган ҳолда олий маълумот тўғрисидаги дипломдан кўчирма берилади.


27. Тақсимот комиссияси қарори асосида ички ишлар органларига ёки Миллий гвардия тизимига йўлланма берилган битирувчилар билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шартнома (контракт) тузилади. Битирувчининг хизмат вазифаларини бажаришга киришганлиги ҳақида мазкур низомнинг 4-иловасида келтирилган шаклдаги маълумотнома (кейинги ўринларда - маълумотнома) иш берувчи ташкилот томонидан ўн беш кун ичида Филиалга тақдим этилади.

Филиал маълумотнома асосида мазкур низомнинг 5-иловасида келтирилган шаклдаги журналга мувофиқ ҳар бир битирувчининг ҳисобини юритади.


28. Битирувчи 3-курс давомида ўтказилган махсус ўрганишдан ўтмаганда ёки ҳарбий-тиббий комиссия хулосасига кўра хизматга номувофиқ деб топилганда битирувчиларга мустақил ишга жойлашиш имконияти берилганлиги тўғрисида маълумотнома ва олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг асл нусхаси берилади.

Филиал директори мазкур бандда кўрсатилган ҳужжатларни битирувчига ўз вақтида берилишига шахсан жавобгардир.

29. Битирувчи Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимида сабабсиз беш йил узлуксиз ишлаб беришдан бош тортган ҳолларда, ўқишни битирган вақтида ТДЮУда амалда бўлган шартнома суммасининг йигирма беш баробари миқдорида Филиалга компенсация тўлайди. Тўлов амалга оширилганидан сўнг унга диплом берилади.


30. Узлуксиз ишлаб бериш муддати давомида битирувчи хизматдан бўшатилганда, ҳудудий ички ишлар органи бошлиғи ёки Миллий гвардия бўлинмаси командири томонидан тегишли маълумот беш иш куни мобайнида Филиалга тақдим этилади.

Бунда, компенсация миқдори битирувчи томонидан ишлаб берилган вақтга пропорционал тарзда ҳисоблаб чиқилади.


31. Филиал битирувчи томонидан компенсация миқдорини тўлашни таъминлаш, шунингдек заруратга кўра, суд тартибида ундириш чорасини кўради.

Битирувчидан ундирилган компенсация маблағлари тўлиқ ҳажмда Филиални ривожлантириш жамғармаси ҳисобига тўланади.


32. Мазкур низомга мувофиқ битирувчи хизмат бурчини бажариш вақтида меҳнат лаёқатини йўқотганлиги сабабли (тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда) узлуксиз ишлаб бериш имкониятига эга бўлмаганда Филиал Кенгаши қарори асосида компенсация тўловидан озод этилиши мумкин.


33. Битирувчининг беш йиллик узлуксиз ишлаб бериш муддати тугагандан сўнг хизматни давом эттириш ҳақидаги масала қонун ҳужжатларига мувофиқ иш берувчи ва ходим ёки ҳарбий хизматчи ўртасида ўзаро келишувга асосан ҳал этилади.



5-БОБ. ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ КУРСИГА

ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ


34. Қайта тайёрлаш курсига ўқишга кириш учун талабгорлар таълим олиш тили кўрсатилган ҳолда Ички ишлар вазири ёки Миллий гвардия қўмондони номига билдирги билан мурожаат қилади.

Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия қабул квотаси бўйича бир ўринга иккитадан кам бўлмаган ҳолда танловга қатнашадиган талабгорлар рўйхатини таълим оладиган тилини кўрсатган ҳолда Филиал қабул комиссиясига тақдим этади.

Қайта тайёрлаш курсига ўқишга кириш бўйича ҳужжатларни топшириш, қоида тариқасида, ўқув жараёни бошланишига бир ой муддат қолганида, танлов эса ўн беш кун қолганида бошланади.


35. Қайта тайёрлаш курсида ўқитишнинг давомийлиги олти ойни ташкил этади ва хизмат жойидан ажралган ҳолда амалга оширилади ҳамда уларнинг эгаллаб турган лавозими ва пул таъминоти сақлаб қолинади.


36. Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия томонидан танловда қатнашадиган талабгорлар рўйхатига қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

олий маълумот тўғрисидаги диплом (иловаси билан бирга) ёки дипломдан кўчирма (Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларини давлат гранти асосида битирганлар учун) нусхаси;

танловда иштирок этиш ҳуқуқини берадиган Ички ишлар вазири ёки Миллий гвардия қўмондони томонидан тақдим этилган тавсиянома.

37. Танлов Филиал директори буйруғи билан тузиладиган Имтиҳон комиссияси томонидан ўтказилади. Имтиҳон комиссияси таркибига Филиал ходимлари билан бир қаторда Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия ҳамда бошқа ташкилотларнинг вакиллари ҳам, уларнинг раҳбарлари билан келишилган ҳолда киритилиши мумкин.

Имтиҳон комиссиясининг фаолиятига умумий мувофиқлаштирувчи раис бошчилик қилади. Имтиҳон комиссияси фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш масъул котибнинг тегишли ўринбосари зиммасига юкланади.


38. Суҳбат саволларини тузиш учун Филиал директорининг буйруғи билан эксперт гуруҳи тузилади ва унинг фаолиятига эксперт гуруҳи раиси умумий раҳбарликни амалга оширади.

Танлов ҳуқуқ соҳасидаги таянч билимлар, таҳлилий фикрлаш ва соҳавий қонун ҳужжатларига оид билимларни аниқлаш нуқтаи назаридан ўтказилади ҳамда танлов учун саволлар мазкур мезонлар бўйича тузилади.


39. Танлов билетлари эксперт гуруҳи томонидан тузилган саволлардан шакллантирилади. Тузиладиган саволларнинг сифати ва мазмуни юзасидан масъулият эксперт гуруҳи аъзолари зиммасига юкланади.

Ҳар бир билет учта саволдан (ушбу низомнинг 38-бандида кўрсатилган ҳар бир мезон бўйича биттадан) иборат бўлиши лозим.

Билетлар қабул комиссияси масъул котиби томонидан бевосита танлов бошланишидан олдин тайёрланади ва танлов бошлангунга қадар қабул комиссияси раисининг сейфида сақланади.


40. Танловни ўтказиш жадвали Филиал директори томонидан тасдиқланади ва, қоида тариқасида, танлов ўтказилишидан ўн кун олдин Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияга хабар берилади.


41. Танлов ўтказилишига қадар консультациялар Филиал директори томонидан тасдиқланган жадвал асосида ташкил этилади.


42. Танлов бошланишидан олдин талабгор паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатни кўрсатиши шарт.

Танловга луғат, шпаргалкалар, мобил телефон ҳамда бошқа алоқа ва телекоммуникация воситаларини олиб киришга ҳаракат қилиш, олиб кириш ва улардан фойдаланиш қатъиян тақиқланади.


43. Танловда талабгор саволлар берилган билетни танлайди. Талабгорга тайёрланиш учун йигирма дақиқа вақт ажратилади.

Танлов жараёнида талабгорга билет мазмуни доирасида қўшимча саволлар берилиши мумкин. Битта талабгор билан суҳбат, қоида тариқасида, йигирма дақиқагача давом этади.

Билетни алмаштириш, бошқа талабгорга узатиш ёки уларга ёрдам бериш, танлов давомида ўзаро гаплашиш, танлов жараёнида видеокузатиш воситалари орқали талабгорнинг тартиб ва қоидаларга амал қилмаганлигининг аниқланиши ва шу каби ҳолатлар талабгорни танловдан четлаштиришга асос ҳисобланади.


44. Танлов натижаларини аниқлаш учун Имтиҳон комиссиясининг ҳар бир аъзоси бошқа аъзолардан мустақил равишда ҳар бир талабгор учун алоҳида баҳолаш варақасини тўлдиради ва уни Имтиҳон комиссияси котибига тақдим этади.

Имтиҳон комиссияси аъзолари томонидан талабгорга қўйилган ўртача баллни ҳисоблаш мақсадида 2 нафар Имтиҳон комиссияси аъзолари ва Имтиҳон комиссияси котибидан иборат таркибда ҳисоб комиссияси тузилади.

Танлов натижалари рейтинг тизимига мувофиқ номзодга қўйилган балларни (0 дан 100 гача бўлган доирада) назарда тутган ҳолда аниқланади ва Филиал директори томонидан тасдиқланадиган Имтиҳон комиссияси мажлиси баённомасига киритилади.


45. Танлов натижалари Филиалнинг расмий веб-сайтида танлов якунланган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан жойлаштирилади.


46. Талабгор танловга келмаган тақдирда унга 0 балл қўйилади. Танлов якуни бўйича белгиланган максимал баллнинг 55 фоизи ва ундан кам балл тўплаган тақдирда талабгор қайта тайёрлаш курсларига қабул қилинмайди.

Қайта тайёрлаш курсига тингловчиларни қабул қилиш учун қайта танлов ўтказилмайди.


47. Танлов натижалари юзасидан шикоят қилиниши ва апелляция тартибида кўриб чиқилиши мумкин эмас.


48. Қайта тайёрлаш курсларига қабул квотасидан келиб чиқиб белгиланган ўринлар сонини инобатга олган ҳолда танловдан муваффақиятли ўтган (суҳбатда белгиланган максимал баллнинг 56 фоизи ва ундан юқори балл тўплаганда) талабгорлар қабул қилинади.


49. Танловдан муваффақиятли ўтган талабгор Филиал директорининг буйруғи билан тингловчилар сафига қабул қилинади.

Тингловчилар сафига қабул қилинганлиги ҳақидаги буйруқдан кўчирма беш кун ичида Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияга юборилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


50. Филиалда таълим олаётган талабалар ўқишини бошқа олий таълим муассасаларига, шунингдек бошқа олий таълим муассасалари талабалари ўқишини Филиалга кўчириш мумкин эмас.


51. Мазкур низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Тошкент давлат юридик университетининг

Ихтисослаштирилган филиалига ўқишга

қабул қилишни ташкил этиш

СХЕМАСИ

      

Босқичлар

Ўтказиладиган тадбирлар

Бажарилиш муддати ва

бошқа талаблар

ФИЛИАЛГА ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

I босқич

Қабул комиссияси фаолиятини

ташкил этиш


1. Қабул комиссиясининг раиси, раис ўринбосари ва масъул котибини Филиал директорининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг буйруғи билан тасдиқлаш.


2. Қабул комиссияси бўйича Филиал директорининг буйруғини расмийлаштириш.


3. Заруратга кўра, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардиянинг буюртмаларига мувофиқ Адлия вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишган ҳолда қабул квотасига ўзгартириш киритиш.

белгиланган

муддатларда

II босқич

Ҳужжатларни қабул қилишни

ташкил этиш

1. Ҳужжатларни қабул қилиш муддатлари ва ўқиш учун ажратилган ўринларнинг умумий сони ҳақидаги маълумотларни Филиалнинг расмий веб-сайтига жойлаштириш.

қоида тариқасида, ҳужжатларни

қабул қилиш бошланишидан

бир ой олдин

2. Филиал қабул комиссияси томонидан талабгорлардан ҳужжатларни қабул қилиш:


юридик кадрларни тайёрлашга ўқишга кириш бўйича ҳужжатларни қабул қилиш;

15 июнь - 15 июль

қайта тайёрлаш курсига ўқишга кириш бўйича ҳужжатларни қабул қилиш.

ўқув жараёни бошланишига

бир ой қолганда





III босқич

Юридик кадрларни тайёрлаш бўйича

талабгорларни ўқишга қабул қилиш

1. Давлат тест маркази томонидан тест синовларини ўтказиш.

июль-август


2. Тест синовлари натижаларини ўрнатилган тартибда Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилиш.

белгиланган муддатларда


ўқув йили бошлангунга қадар


3. Талабалар сафига ўқишга қабул қилиш бўйича Филиал директорининг буйруғини расмийлаштириш.

Қайта тайёрлаш курсига ўқишга

қабул қилиш

1. Филиал директори раислигида тузилган имтиҳон комиссияси томонидан талабгорлар билан якка тартибдаги суҳбат ўтказиш.

ўқув жараёни бошланишига

15 кун қолганда


2. Танлов натижаларини Филиалнинг расмий веб-сайтида эълон қилиш.

танловдан кейинги

иш куни


3. Тингловчилар сафига ўқишга қабул қилиш бўйича Филиал директорининг буйруғини расмийлаштириш.

танлов натижаси эълон қилингандан

сўнг 5 иш куни ичида

ЎҚУВ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

IV босқич


Юридик кадрларни тайёрлашда

ўқув жараёнини амалга ошириш

1. Таълим-тарбия жараёнини амалга ошириш.

3 йил давомида

2. Мудофаа вазирлиги томонидан талабаларни сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат ўташини таъминлаш.

2-курс ўқув жараёни

якунлангандан сўнг

3. Филиал томонидан битирувчи талабаларнинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойи бўйича рўйхатини Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияга ўрганиш учун тақдим этиш.

3-курснинг сентябрь

ойида

4. Якуний давлат аттестациясини ташкил этиш ва натижаси бўйича қарор қабул қилиш.

белгиланган

муддатларда


Қайта тайёрлашда ўқув жараёнини амалга ошириш


1. Қайта тайёрлаш курсида ўқиш жараёнларини амалга ошириш.


6 ой давомида


2. Тингловчиларнинг фанлараро якуний аттестация синовини ташкил этиш ва натижаси бўйича қарор қабул қилиш.

белгиланган

муддатларда



V босқич

Талабаларнинг хизматга қабул қилиш

талабларига мувофиқлигини

ўрганишни ташкил этиш

Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия томонидан битирувчи курс талабаларини хизматга қабул қилиш талабларига мувофиқлигини ўрганиш ва натижаси бўйича хулоса бериш.


Талабаларни ўрганиш босқичлари қуйидагилар:

ҳужжатларни тўплаш ва ўрганиш;

ҳарбий-тиббий комиссия кўригидан ўтказиш.

3-курс давомида

(белгилаган муддатда)

БИТИРУВЧИЛАРНИ ТАҚСИМОТГА МУВОФИҚ

УЗЛУКСИЗ ИШЛАБ БЕРИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

VI босқич

Битирувчиларни узлуксиз ишлаб

бериш учун тақсимлаш

1. Битирувчиларни Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия тизимига хизматга тақсимлаш учун Филиалда тақсимот комиссиясини тузиш.


2. Ички ишлар вазирлиги ёки Миллий гвардия тизимига хизматни ўташга тақсимлаш ва йўлланма бериш.


битирувчи ўқишни

тамомлагандан сўнг,

бир ой ичида


3. Ички ишлар вазирлиги ёки Миллий гвардия тизимига хизматга қабул қилиш ҳамда хизматга қабул қилинганлиги бўйича иш берувчи ташкилот томонидан Филиалга маълумотнома бериш.


хизматга қабул қилингандан

сўнг 15 куни ичида


4. Филиал битирувчисига берилган йўлланмалар ва уларнинг хизматга қабул қилиш бўйича ҳисоб юритиш.

доимий





Низомга

2-ИЛОВА


Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар

профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш

тизимида камида беш йил узлуксиз ишлаб бериш

мажбуриятини бажарилиши бўйича

ОГОҲЛАНТИРИШ ХАТИ

       

Мен Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалига ўқишга киришга талабгор

(Ф.И.Ш.)

Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимида ишлаб бериш мажбуриятини бажаришдан бош тортганимда ёки хизматни лозим даражада бажармаганлигим ёхуд содир этилган ҳуқуқбузарлик туфайли хизматни ўташ мумкин бўлмай хизматдан бўшатилганимда ўқишни битирган вақтимдаги ТДЮУда амалда бўлган тўлов-шартнома суммасининг йигирма беш баробари миқдорида Филиалга компенсация тўлаганимдан сўнг диплом берилиши тўғрисида огоҳлантирилдим.


Хизмат жойимдан муддатидан илгари шартнома (контракт)ни бекор қилганимда ёки хизматни лозим даражада бажармаганлигим ёхуд содир этилган ҳуқуқбузарлик туфайли хизматни ўташ мумкин бўлмай хизматдан бўшатилганимда ўқишни битирган вақтимдаги ТДЮУда амалда бўлган тўлов-шартнома суммасидан келиб чиқиб, компенсация миқдори ишлаб берилган вақтга пропорционал тарзда ҳисоблаб чиқилиши тўғрисида огоҳлантирилдим.

Ушбу огоҳлантириш хати орқали зиммамга юкланадиган барча мажбуриятларни ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишига кафолат бераман.

(имзо)


(Ф.И.Ш.)

20___ йил "____" _________________________






Низомга

3-ИЛОВА



Ички ишлар вазирлиги ёки Миллий гвардия тизимида

Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар

профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш

соҳасида хизматни ўташ учун

ЙЎЛЛАНМА

____-сон ХИЗМАТГА ЙЎЛЛАНМА

"___"_________ 20__ й.


Тошкент ш.

Тошкент давлат юридик университетинининг Ихтисослаштирилган филиалини

тамомлаган


га


(битирувчининг Ф.И.Ш)


тақсимот комиссиясининг қарорига кўра

(битирувчи юборилган ташкилот номи)

да

беш йил давомида узлуксиз ишлаб бериш учун юборилди.

(лавозими)

(имзо, муҳр)

(Тақсимот комиссия раисининг Ф.И.Ш.)

(лавозими)

(имзо)

(Тақсимот комиссия раисининг Ф.И.Ш.)

(лавозими)

(имзо)

(Тақсимот комиссия раисининг Ф.И.Ш.)





Низомга

4-ИЛОВА



Битирувчини хизмат вазифаларини

бажаришга киришганлиги ҳақидаги

МАЪЛУМОТНОМА

"___"____________ 20__ й.

т./ш. ________________

(иш берувчи ташкилот номи)

Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиалини 20____ йилда тамомлаган ва унга "_____"_________20____йилда _______-сон хизматга йўлланма берилган

(битирувчи Ф.И.Ш.)

"_____" ____________ 20____ йилда хизматга жойлашиш учун етиб келди.

Битирувчи "_____" _________ 20____ йилдаги _____-сон буйруққа асосан

(битирувчи қабул қилинган лавозим)

лавозимига хизматга қабул қилинди.

(иш берувчи ташкилот раҳбари)

(имзо, муҳр)

(Ф.И.Ш.)

   





Низомга

5-ИЛОВА



Филиал битирувчисига берилган йўлланмалар

ва уларнинг хизматга жойлашганини ҳисобга олиш

ЖУРНАЛИ

Т/р

Фамилияси,

исми,

шарифи


Жинси

Туғилган

йили


Оилавий

ҳолати


Доимий

яшаш

жойи

Тақсимот

бўйича

ташкилот

номи


Битирувчи

имзоси


Ишга келгани

ва жойлашгани

тўғрисидаги ҳужжатни

олгани ҳақида

қайд


Беш йил узлуксиз

ишлаб берилгани

ҳақидаги маълумот


Қўшимча

маълумотлар











Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 13 июнь















































Время: 0.1554
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск