язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июнь, 2019 й./ Табиатдан фойдаланиш. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш/ 2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида биологик хилма-хилликни сақлаш Стратегияси (ЎзР ВМ 11.06.2019 й. 484-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 11 июндаги

484-сон қарорига

1-ИЛОВА



2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида

биологик хилма-хилликни сақлаш

СТРАТЕГИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистонда биологик хилма-хилликни тиклаш ва сақлаш - экологик хавфсизликни таъминлаш ва мамлакатнинг барқарор ривожланиши, шунингдек, иқлим ўзгаришининг юз бераётган жараёнларига мослашишнинг ишончли йўли.

Ўзбекистон Республикаси 1995 йилдан бошлаб Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (кейинги ўринларда БМТ деб аталади) Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги Конвенциясининг Томони ҳисобланади ва ўзига қуйидаги мажбуриятларни олган:

биологик хилма-хилликни сақлаш ва ундан барқарор фойдаланишнинг ёки мавжуд режалар ва дастурларга мослаштиришнинг миллий стратегиялари, режалари ва дастурларини ишлаб чиқиш;

биологик хилма-хилликни сақлаш ва ундан барқарор фойдаланиш учун унинг муҳим аҳамиятга эга бўлган қисмларини белгилаш;

биологик хилма-хиллик ишончли сақланишини таъминлаш мақсадида мавжуд муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни кенгайтириш ва янгиларини ташкил этиш;

таназзулга учраган экотизимларни тиклаш ҳамда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турларини тиклаш чора-тадбирларини кўриш.

Биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича Биринчи миллий стратегия ва Ҳаракатлар режаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 1 апрелдаги 139-сон қарори билан маъқулланган эди.

Мана шу туфайли биологик хилма-хилликни сақлаш соҳасидаги кўплаб лойиҳалар Глобал экологик жамғарма (кейинги ўринларда ГЭЖ деб аталади), Жаҳон банки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури (кейинги ўринларда БМТТД деб аталади), Ёввойи табиатни қўриқлаш жаҳон жамғармаси ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан халқаро қўллаб-қувватланди.

Ушбу Стратегия доирасида атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича бир қатор миллий ва маҳаллий дастурлар ва режаларга биологик хилма-хилликни сақлаш масалалари киритилди ва биологик хилма-хилликни сақлаш соҳасида қирққа яқин халқаро лойиҳалар амалга оширилди. Натижада ерларнинг таназзулга учрашини секинлаштиришга, чўлланиш жараёнларини қисқартиришга, табиий ресурслардан нобарқарор фойдаланишнинг бошқа салбий оқибатларини сусайтиришга эришилди.

Эришилган натижаларга қарамай, табиий экотизимларга ва ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликлар кўпайишига салбий омилларнинг таъсири давом этмоқда. Биологик хилма-хиллик компонентлари самарали муҳофаза қилинишини давом эттириш учун тизимли ёндашувни қўллаш талаб қилинади, ҳам ҳайвонларнинг ўзини, ҳам улар яшаш жойини муҳофаза қилиш бўйича комплекс тадбирларни ишлаб чиқиш зарур.


2. Ушбу 2019-2028 йиллар даврида биологик хилма-хилликни сақлаш стратегияси (кейинги ўринларда Стратегия деб аталади) устувор йўналишларни, мақсадлар ва вазифаларни, режалаштиришни, уларга самарали эришиш усулларини, шунингдек, узоқ муддатли истиқболга биологик хилма-хилликни сақлаш ва ундан фойдаланиш соҳасида барқарор тизимни шакллантириш ва ривожлантириш соҳасида давлат сиёсати амалга оширилиши босқичларини белгилашга қаратилган.


3. Стратегия Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, "Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида", "Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида", "Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида", "Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида" ва "Ўрмон тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сон Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига асосланади.



2-БОБ. ЖОРИЙ ВАЗИЯТНИНГ ТАВСИФИ


§ 1. Ўзбекистон Республикасида биологик

хилма-хилликнинг жорий ҳолати


4. Ўзбекистон ҳудуди табиий экотизимларнинг ниҳоятда хилма-хиллиги билан тавсифланади. Текис минтақаларда чўл экотизимлари, тоғ экотизимларида эса баландлик зоналари мавжуд, тоғ экотизимларининг асосий типларига мувофиқ бўлган бир қанча зонал-иқлим пояслари аниқ намоён бўлади.

Дарё ва қирғоқбўйи экотизимлари ҳам теккисликда, ҳам тоғли минтақаларда жойлашган, уларнинг ҳар бирида ўзига хос яшаш жойи мавжуд. Сув-ботқоқлик экотизимлари асосан мамлакатнинг текислик ҳудудларида жойлашган.


5. Ўзбекистон ҳудуди учун табиий экотизимларнинг бешта асосий типи ажратилган. Булар:

чўл ва яримчўл;

тоғолди ва пасткам тоғли жойлар;

тоғ экотизимлари;

дарё ва қирғоқбўйи экотизимлари;

сувли-ботқоқ жойлар экотизимлари.


6. Ҳар бир экотизимда комплекс табиий компонентлар мавжуд. Улар муайян ўсимликлар дунёси ва ҳайвонларнинг ривожланиши, яшаш ва ўсишини белгилайди. Экотизимларнинг ҳар бир типи бошқа экотизимлар билан ўзаро ҳамкорликда мамлакатнинг умумий экологик яхлитлигини сақлаш ва муайян экотизим хизматлари кўрсатишда ноёб ўрин тутади.


7. Ўзбекистоннинг биохилма-хиллиги ҳозирги пайтда маълум бўлган 27 мингтага яқин турни ўз ичига олади. Улар орасида юксак ўсимликлар, пўпанаклар, лишайниклар (сув ўтлари билан қопланган замбуруғлар), қўзиқоринлар ва сув ўтлари) умуман олганда 11 мингтага яқин турни ташкил этади, фауна турлари - 15,6 мингта турдан ортиқ. Ўзбекистон олий томирли ўсимликлари эндемизми қарийб 8%. Қадимдан сақланиб қолган эндемиклар эндемик турлар умумий сонининг 10-12 фоизини ташкил этади.


8. Ҳозирги вақтда зоологик тадқиқотларнинг бутун даврида мамлакат ҳудудида рўйхатдан ўтказилган турларни ўз ичига оладиган Ўзбекистон умуртқали ҳайвонлар фаунаси бешта синфни ифодалайди ва 715 та турни ўз ичига олади, улардан 77 таси балиқ турлари, 3 таси амфибиялар турлари, 61 таси судралиб юрувчилар турлари, 467 таси қушлар турлари ва 107 таси сут эмизувчилар турларидир.


9. Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг эндемикаси умуртқали ҳайвонларнинг 53 та тури ва кенжа турини ифодалайди. Судралиб юрувчиларда эндемизм кўрсаткичи 50 фоизга тенг, сут эмизувчилар синфи эндемизми даражаси пастроқ - 14% ва қушлар синфи учун эндемиклар сони кўп эмас - 1,7%. Балиқлар орасида эндемизм даражаси 50 фоиздан ортиққа етади.



§ 2. Ҳайвонлар ва ўсимликларнинг камёб ва

йўқолиб бораётган турлари


10. Антропоген таъсир остида кучаяётган табиий экотизимларнинг умумий таназзули ва фрагментацияси ареалларнинг ва ҳам камёб, ҳам ресурс (овланадиган) турларнинг сони қисқаришига олиб келди. Бундай турлар ёввойи табиатда йўқолиб кетиш хавфига эга ва Қизил китобга киритиш учун тавсия қилинган.


11. Ҳайвонларнинг 207 та тури ва кенжа турлари камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турли тоифаларга киритилган, улардан 184 таси Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган (2009 й.), улардан сут эмизувчиларнинг 24 тури, қушларнинг 48 тури, рептилийларнинг 16 тури, балиқларнинг 17 тури, бўғимли чувалчангларнинг 3 та тури, молюскларнинг 14 та тури, бўғимоёқлиларнинг 60 тури мавжуд.


12. Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг Қизил китобига ҳайвонларнинг 73 та тури ва кенжа турлари киритилган. Уларнинг келажаги глобал кўламда ташвиш уйғотади.


13. Йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлар билан халқаро савдо қилиш тўғрисидаги конвенцияга Иловага ҳайвонларнинг 88 та тури ва кенжа турлари киритилган.


14. Ўзбекистон Республикаси Қизил китобининг охирги нашри (2009 й.) юксак ўсимликларнинг 321 турини ва замбуруғларнинг уч турини ўз ичига олади. Олдинги нашрлар билан таққослаганда 23 тур чиқариб ташланган, бошқа томондан эса камёб деб эътироф этилган ўсимликларнинг 11 янги тури киритилган, 7 тури улар табиатда кўпайганлиги муносабати билан "камёб" мақомидан "қисқариб бораётган" мақомига киритилган. Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобида "Йўқолиб кетган" мақоми билан 18 тур мавжудлигини алоҳида таъкидлаш зарур.



§ 3. Ҳайвонларнинг яшаш жойлари ва

уларни қўриқлаш


15. Ҳайвонлар турларининг табиий яшаш жойлари қисқариши ва сезиларли даражада трансформацияси биологик хилма-хиллик учун асосий хавф ҳисобланади. Бунда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турғун, автохтон турлар, эндемиклар кўпроқ энг заиф ҳолатдадир.


16. Ғарбий Тёншон ва Помир-Олойнинг тўқайзорлари, қадимдан сақланиб қолган ёнғоқзорлари ва бошқа мевали ўрмонлари, сувли-ботқоқ жойлар ва шу кабилар йўқолиб кетиш хавфи остидаги ва муҳим жаҳон аҳамиятига эга бўлган ҳайвонлар турларининг яшаш жойлари ҳисобланади.


17. Кейинги ўн йилликда табиатдан жадал фойдаланиш натижасида Ўзбекистон ҳайвонларининг айрим турлари антропоген таъсирга учради, шу муносабат билан уларнинг ареали ва сони камайди, ҳайвонларнинг айрим турлари йўқолиб кетиш хавфи остида ёки батамом йўқолди. Кўплаб ҳайвонларнинг сони ҳали таҳликали даражага етмади, бироқ изчил қисқариб бормоқда. Яшаш жойларининг таназзулга учраши ва тўғридан-тўғри қириш энг аввало йирик йиртқич ҳайвонлар ва туёқли сут эмизувчилар ҳиссасига тўғри келди.


18. Табиатга доимий равишда кучайиб бораётган антропоген таъсир республиканинг барча минтақаларида илдизли ўсимликлар сезиларли даражада ўзгаришига олиб келди. Ўсимлик қопламасининг ҳозирги ҳолати биомассанинг сийраклиги, маҳсулдорлигининг пастлиги, ўрмонлар майдонининг қисқариши, иккиламчи ўсимликлар дунёси ва ҳайвонлар тўдалари ва ўсимликларнинг муқобил (инсон томонидан табиий ареалдан йироқдаги ҳудудга қасддан келтирилмаган ўсимликлар), бегона турлари кенг тарқалиши билан тавсифланади.


19. Ҳайвонларнинг айрим турлари Ўзбекистон ҳудудида мавсумий, яъни миграция даврида яшайди. Ҳайвонларнинг миграция турларига сут эмизувчиларни (оққуйруқлар, Бухоро буғуси, кулон, илвирс (тоғ қоплони), қушларни (турналар, сувли-ботқоқ жойлар ўсимликлари ва бошқалар), балиқларни киритиш мумкин.


20. Ҳайвонлар миграцияси, асосан - куз-баҳор даврида амалга оширилади. Миграция билан боғлиқ ҳайвонларнинг катта қисми Ўзбекистонда қишлаб қолади. Бундай ҳолатда ҳайвонлар сонини ҳисобга олиш, уларни қўриқлаш ва яшаш жойларини ҳимоя қилиш чораларини кўриш зарур.



§ 4. Ўрмон ва ўрмондан фойдаланиш


21. Ўзбекистон ўрмонлар кам бўлган мамлакат ҳисобланади, бироқ ўрмон экотизимлари ҳам хўжалик муносабатларида, ҳам табиатни муҳофаза қилиш муносабатларида муҳим роль ўйнайди.

Давлат ўрмон фонди ерлари 11,2 млн гектарни эгаллайди, бу республика умумий майдонининг 25,2 фоизини ташкил этади, улардан 3,26 млн гектарга яқини ўрмонлар билан қопланган.


22. Ўзбекистон ўрмонлари ўзининг табиий таркиби, маҳсулдорлиги ва бажариладиган функцияларига кўра жиддий равишда фарқланади. Ўрмонлар асосан қумли чўлларда - 9,53 млн га, тоғларда - 1,12 млн га, қайирларда - 0,11 млн га, шунингдек, воҳаларда - 0,26 млн га жойлашган.


23. 30 минг гектарга яқинни эгаллаган тўқайзорлар участкалари Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган ва Амударё дельтасида тўқайзорлар дастлабки ҳудудининг 10 фоизига яқинни ташкил этади. Ушбу участкалар Ўзбекистондаги қолган барча тўқайзорларнинг 75 фоизини ва Марказий Осиё тўқайзорларининг 20 фоизини ташкил этади.


24. Тўқайзорлар майдонининг камайиши камёб ва йўқолиб бораётган турларнинг қисқариши сабаби ҳисобланади. Тўқайзорлар массивлари унча катта бўлмаган тор полосалар ва дарё уваларидаги алоҳида участкаларда сақланиб қолган ва ёввойи табиат учун муҳим экологик йўлаклар ҳисобаланади.



§ 5. Муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар


25. Мавжуд биохилма-хилликни сақлаб қолиш учун бой табиий мерос асосида муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларнинг тўлақонли тармоғини ташкил этиш Ўзбекистонни ривожлантиришнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.


26. Муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш, жумладан:

Қуйи Амударё давлат биосфера резервати;

"Дўрмон" миллий боғи;

"Сайғоқли" комплекс ланфдашфт буюртмахонаси;

"Угом-Чотқол" давлат биосфера резервати ташкил этилиши республиканинг катта муваффақияти бўлди.

Шунингдек, Бухоро ихтисослаштирилган "Жайрон" питомнигини ривожлантириш, Рамсар Конвенцияси доирасида сувли-ботқоқ жойлар халқаро рўйхатига янги табиий ҳудудларни киритиш, мамлакатнинг 51 та муҳим арнетологик ҳудудини хатловдан ўтказиш ва уларни тавсифлаш катта ютуқ бўлди.


27. Бугунги кунда республикада 7 та қўриқхона (188,3 минг га), 1 та комплекс ландшафт-буюртмахона (628,3 минг га), 2 та биосфера резервати (111,7 минг га), 3 та миллий табиий боғ (558,2 минг га), 1 та "Дўрмон" миллий боғи (32,4 га), 10 та табиат ёдгорлиги (3,8 минг га), 12 та буюртмахона (572,4 минг га) ва Бухоро ихтисослаштирилган "Жайрон" питомниги (165, минг га), шунингдек, ўрмон ва ўрмон овчилик хўжаликлари (11,121 млн га) мавжуд.


28. Биохилма-хиллик барқарор сақланишини таъминлайдиган муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларнинг (муҳофаза қилинадиган ландшафтлар - курорт табиий ҳудудлар, рекреацион зоналар, сувни муҳофаза қилиш зоналари, қирғоқбўйи полосалари, сув объектларини санитария жиҳатидан муҳофаза қилиш зоналари, юза ва ерости сувлар ҳосил бўлиши зоналарисиз) умумий майдони 13,2 млн гектарга яқинни ташкил этади. Айни вақтда муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларнинг умумий майдони ўрмон хўжаликлари ва ўрмон-овчилик хўжаликлари ҳисобга олинмаганда 2079,2 минг гектарни ёки мамлакат ҳудудининг 4,64 фоизини ташкил этади.



§ 6. Экотуризм


29. Ўзбекистонда экотуризмни ривожлантириш учун ноёб табиат, ҳар хил ландшафтлар (чўллар, тоғлар, плато, дарёлар, кўллар, шаршаралар), ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг камёб ва йўқолиб бораётган турлари, археологик топилмалар, полеонтологик қолдиқлар, петроглифлар, нодир геологик объектлар мавжуд. Шунга қарамай, республикада туристларни табиий объектларга жалб қилиш учун инфратузилма етарли даражада ривожланмаган.


30. Республиканинг айрим муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлари туристларни қабул қилиш учун энг уюштирилган ва муносиб жойлар ҳисобланади, чунки ушбу ҳудудларда белгиланган майдон ва чегаралар, туристлар ташриф буюриши учун ажратилган участкалар, келувчилар билан ишлаш тажрибаси мавжуд, айримларида эса - белгиланган йўналишлар ҳамда ушбу ҳудуд ва унинг хусусиятлари бўйича муайян билимларга эга бўлган ходимлар бор.


31. Бироқ қонун ҳужжатларига мувофиқ экотуризмни, шу жумладан, рекреацион фаолиятни амалга ошириш учун давлат қўриқхоналарига, табиий боғларнинг қўриқхона зоналарига ва биосфера резерватларига кириш тақиқланган.



3-БОБ. МАВЖУД ХАВФ-ХАТАРЛАР

ВА МУАММОЛАР


32. Охирги ўн йилдаги вазиятни таҳлил қилиш биохилма-хиллик йўқолиши ва унинг маҳсулдорлиги пасайиши ва экотизим хизматлари функциялари камайишининг асосий сабаблари жиддий равишда ўзгармаганлигини кўрсатади.


33. Биологик хилма-хилликнинг мавжуд хавф-хатарлари асосан иқтисодиётнинг биологик ресурслардан барқарор фойдаланишни ҳисобга олмасдан ривожланиши билан боғлиқдир.


34. Чорвачилик табиий экотизимларга салмоқли таъсир кўрсатади. Чўл, тоғолди ва тоғ ҳудудларида, айниқса қишлоқ манзилгоҳлари яқинида жойлашган зоналарда яйловларнинг таназулли тезлашади.


35. Қуйидагилар:

қишлоқ хўжалиги суғориши инфратузилмасининг тор йўналтирилган ривожланиши ва бошқарилиши;

балиқчилик хўжалиги соҳасида табиий ресурсларни бошқариш ва фойдаланишнинг барқарор бўлмаган шакллари;

суғориладиган деҳқончилик ҳосилдорлигининг пастлиги ва барқарор бўлмайдиган суғорилмайдиган деҳқончилик ўсиб бораётган хавф-хатарларга тегишлидир.

Ушбу омиллар мамлакат аҳолиси сони тез ўсиб бориши билан қўшилиб барча ресурслардан жадал фойдаланишга олиб келади.


36. Аҳоли сони ўсиши натижасида аҳоли пунктлари ҳудуди кенгайди, бу экотизимлар томонидан кўрсатиладиган хизматларга нисбатан табиий экотизимларга юкламани оширди.


37. Иқлим ўзгариши ерларнинг таназзулга учраши ва чўлланиш жараёнларини келтириб чиқаради ва бу билан биологик хилма-хилликнинг ҳолатига таъсир кўрсатади. Ушбу жараёнлар айниқса Оролбўйида, Устюрт платосида, Қизилқум саҳросида, тоғлардаги ўрмон массивларида ва тоғолди туманларида жадаллик билан юз бермоқда.


38. Мавжуд тенденциялар сақланиб қолса яқин ўн йил мобайнида асосий экотизим хизматларининг қўлдан бой берилиши хавфи ўсади. Бундан ташқари, иқлим ўзгариши таъсирнинг бошқариб бўлмайдиган омили ҳисобланади, у таназзулга учраши ва биологик хилма-хилликнинг йўқолиши борасида қўшимча муаммолар келтириб чиқариши мумкин.


39. Қуйидагилар биологик хилма-хиллик сақланиб қолишига тўсқинлик қилаётган асосий муаммолар ҳисобланади:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг биологик ресурслардан фойдаланишни тартибга солувчи халқаро стандартларга номувофиқлиги;

биохилма-хиллик ва экотизим хизматлари қийматини иқтисодий баҳолаш механизмларининг мавжуд эмаслиги;

муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар тизимини ва уларнинг репрезентатив тизимини муқобил бошқаришнинг мавжуд эмаслиги;

атроф табиий муҳит, жумладан, биохилма-хиллик давлат кадастри ва мониторинги етарлича амалга оширилмаслиги;

биохилма-хилликни сақлаш соҳасида молиялаштириш етарли эмаслиги;

давлат экологик экспертизаси тартиботига хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг биохилма-хилликка таъсирини баҳолаш механизмлари етарлича жорий этилмаганлиги;

жамоатчиликнинг биохилма-хилликни сақлаб қолишдан хабардорлини ва иштироки даражасининг пастлиги;

аҳоли экологик маданиятининг етарлича ривожланмаганлиги.



4-БОБ. БИОХИЛМА-ХИЛЛИК СОҲАСИДА

ХАЛҚАРО АЛОҚАЛАР


40. Ўзбекистон табиатни муҳофаза қилиш минтақавий ва халқаро жараёнларининг фаол иштирокчиси ҳисобланади. Ҳамкорлик кўп томонлама табиатни муҳофаза қилиш шартномаларини - глобал экологик Конвенцияларни, икки томонлама ва кўп томонлама битимлар ва меморандумларни амалга ошириш йўли билан амалга оширилади. Булар:

Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенция;

Йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция;

Халқаро аҳамиятга эга, айниқса сувда сузувчи қушларнинг яшаш жойлари бўлган сувли-ботқоқ жойлар тўғрисидаги конвенция (Рамсар конвенцияси);

ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси;

Ёввойи ҳайвонларнинг миграцион турларини сақлаш бўйича конвенция;

Жиддий қурғоқчилик ва/ёки чўлланишга дучор бўлган мамлакатларда, айниқса, Африкада чўлланишга қарши курашиш бўйича конвенция;

Афро-Евроосиё миграцияланадиган сувли-ботқоқ жойлардаги қушларни муҳофаза қилиш бўйича битим;

Оқ қуйруқ, Бухоро буғуси, Сибирь оқ турнаси сингари ҳайвонларнинг камёб миграцияланадиган турларини сақлаш бўйича ўзаро тушуниш тўғрисидаги меморандумлар;

Сут эмизувчилар бўйича Марказий Осиё ташаббуси;

Оролни қутқариш Халқаро жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги битим.


41. Биологик хилма-хилликни сақлаш ва тегишли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тадбирларни амалга ошириш доирасида Глобал экологик жамғарма, Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи, БМТ ТД, БМТнинг атроф муҳит бўйича дастури, ЮНЕСКО, Бутунжаҳон ёввойи табиатни муҳофаза қилиш жамғармаси, Табиатни муҳофаза қилиш бўйича Михаэл Зукков жамғармаси сингари халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилинмоқда.


42. Ўзбекистонда кейинги ўн беш йилда халқаро грантлар жалб этилган ҳолда бир қанча лойиҳалар амалга оширилди. Улар доирасида муҳофаза қилинадиган табиий муҳитларда ва улар атрофида биохилма-хиллик ва табиий  ресурсларни сақлаш ва бошқариш, муҳофаза қилинадиган табиий муҳитлар тизимини кенгайтириш бўйича янги ёндашувлар намойиш қилинди. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш туфайли муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларнинг янги тоифалари ташкил этилди, уларнинг моддий-техника базаси яхшиланди, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизими мутахассислари ва ходимларини, шунингдек, республика компаниялари ва корхоналари экологларини биохилма-хилликни сақлаб қолиш бўйича янги илғор ёндашувларга ўқитиш яхшиланди.



5-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ МАҚСАДЛАРИ

ВА ВАЗИФАЛАРИ


43. Ушбу Биохилма-хилликни сақлаш стратегиясининг концепцияси Ўзбекистон ривожланишнинг мувозанатли ва барқарор шаклига эришишидан, у узоқ муддатли истиқболда миллатнинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий эҳтиёжлари боғлиқ бўлган экотизимларнинг асосий хизматларини таъминлайдиган биохилма-хилликни эътироф этиши, баҳолаши ва сақлаб қолишидан иборатдир.


44. Стратегиянинг мақсади 2029 йилга келиб биохилма-хилликни сақлаш ва ундан барқарор фойдаланишни, экотизимлар фаолият кўрсатиши ва улар томонидан асосий хизматлар кўрсатилишини таъминлаш учун самарали ва шошилинч чора-тадбирлар ишлаб чиқилишидан иборат.


45. Биохилма-хилликни сақлаш ва ундан барқарор фойдаланишни, озиқ-овқат хавфсизлигини, аҳоли яшаши учун қулай муҳитни ҳамда мамлакатни барқарор ривожлантиришни таъминлаш учун 2029 йилгача қуйидаги стратегик мақсадлар белгиланди:

биохилма-хиллик масалаларини давлат ҳокимияти бошқаруви органлари ва бутун жамиятнинг фаолиятига киритиш;

биохилма-хилликка тўғридан-тўғри юкламаларни қисқартириш, унинг компонентларидан озиқ-овқат ландшафтларида барқарор фойдаланиш;

муҳофаза қилинадиган табиий муҳитлар ҳудуди тизимини ривожлантириш, экотизим хизматлари томонидан таъминланадиган афзалликлар ҳажмини кўпайтириш;

салоҳиятни режалаштириш, яратиш ва молиялаштириш механизмларини ривожлантириш йўли билан биологик хилма-хиллик сақлаш ва ундан барқарор фойдаланиш самарадорлигини ошириш.


46. Стратегия турли даражалардаги давлат ва нодавлат тузилмалари, аҳолининг келишилган саъй-ҳаракатларини сафарбар қилишга, шунингдек, биохилма-хилликни сақлаб қолиш ва ундан барқарор фойдаланиш билан боғлиқ бўлган муайян йўналишларни қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишдан манфаатдор бўлган донорларни жалб этишга йўналтирилган.


47. Биологик хилма-хиллик мавзуларини давлат ҳокимияти бошқаруви органлари ва бутун жамиятнинг фаолиятига киритиш учун:

атроф табиий муҳит давлат мониторинги тизимини такомиллаштириш, биологик хилма-хиллик компонентлари мониторинги билан кенг қамраб олиш ҳисобига унинг мазмун-моҳиятини кенгайтириш;

биологик хилма-хиллик қадриятлари ва экотизим хизматлари тўғрисида давлат ҳокимияти бошқаруви органлари, шунингдек, жамиятнинг барча қатламларининг хабардорлиги ва билимини ошириш;

биологик хилма-хилликлар қиймати ва экотизимлар хизматларини иқтисодий баҳолашни ишлаб чиқиш ва унинг механизмларини режалаштириш жараёнига киритиш;

ташкилий-техник, технологик ечимларни ўз ичига оладиган давлат экологик экспертизаси доирасида табиатни муҳофаза қилиш тадбирлари иерархиясини назарда тутувчи атроф муҳитга таъсир тўғрисидаги баёнотлар лойиҳаларига халқаро талабларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш зарур.


48. Биологик хилма-хилликка тўғридан-тўғри юкламаларни қисқартириш ва унинг компонентларидан озиқ-овқат ланфшафтларида барқарор фойдаланиш учун:

энг заиф табиий экологик тизимлар таназзули ва фрагментацияси суръатларини пасайтириш бўйича комплекс чоралар шилаб чиқилиши ва амалга оширилишини;

такомиллаштирилган ҳуқуқий ва методик асосда сув ҳавзалари ва бошқа экотизимларнинг биологик ресурсларидан барқарор фойдаланишни таъминлаш зарур.


49. Муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш, экотизимлар хизматлари билан таъминланадиган афзалликлар ҳажмини кўпайтириш учун:

муҳофаза қилинадиган табиий ҳудуд тизимини муқобил ва самарали бошқаришни ва табиий боғлар, комплекс буюртмахоналар ва буюртмахоналар ҳисобига тизим майдонини кенгайтиришни;

озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалигини юритиш учун фойдаланиладиган биологик хилма-хиллик компонентларини сақлаш ва улардан барқарор фойдаланиш давлат дастури ишлаб чиқилишини таъминлаш зарур.


50. Салоҳиятни яратишни режалаштириш йўли билан биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш ва улардан барқарор фойдаланиш самарадорлигини ошириш учун миллий, ҳудудий ва тармоқ ривожланиши режаларининг таркибий қисмлари сифатида ушбу Стратегиянинг қоидалари киритилиши ва амалга оширилишини таъминлпаш зарур.



6-БОБ. БИОЛОГИК ХИЛМА-ХИЛЛИКНИ САҚЛАБ

ҚОЛИШ БЎЙИЧА ҲАРАКАТЛАРНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


51. Биологик хилма-хилликни тўғрисидаги конвенциянинг Томонлари конференцияси (КТ-10) қарорига мувофиқ 2010 йилда Конвенция томонлари бўлган мамлакатлар янгилашлари ва "биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш бўйича самарали ва янгиланган миллий стратегиялар ва ҳаракатлар режаларини бошлаши" керак.


52. Стратегия ва Стратегияни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режаси биологик хилма-хиллик компонентларининг ҳозирги ҳолатини, мамлакатнинг иқтисодий, институционал, ҳуқуқий, таълим, илмий, ахборот хусусиятларини ва бошқа хусусиятларини таҳлил қилишга асосланиши керак.


53. Ўзбекистон томонидан мустақиллик даврида кўрилган биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш ва ундан барқарор фойдаланишга доир саъй-ҳаракатлар ернинг таназзулга учраши, чўлланиш, қурғоқчилик, ареаллар ва турлар сонининг қисқариши соҳасида ва табиий ресурслардан нобарқарор фойдаланишнинг бошқа оқибатлари бўйича тенденциялар унча катта бўлмаган секинлашишига олиб келди.

Бироқ биохилма-хиллик масалалари иқтисодиётнинг асосий секторларига зарур даражада интеграциялаштирилмади.


54. Узоқ муддатли истиқболда барқарор ривожланишга эришиш учун биологик хилма-хилликни сақлаш ва ундан барқарор фойдаланиш масалаларини зарур ташкилий ва молиявий ресурслар яратилган ҳолда иқтисодиётнинг барча секторларини миллий ривожлантириш режаларига киритиш зарур.


55. Мамлакатнинг янада иқтисодий ривожланиши, аҳоли сонининг ва табиий ресурсларга бўлган талабнинг ўсиши шароитларида фақат "яшил иқтисодиёт" принципларига амал қилиш мамлакатнинг экологик хавфсизлигини, ернинг узоқ муддатли маҳсулдорлигини таъминлашга, биологик хилма-хилликни ва экотизимларнинг асосий хизматларини сақлаб қолишга қодирдир.


56. Биологик хилма-хиллик сақлаб қолиниши ва ундан барқарор фойдаланишни таъминлаш қуйидаги асосий йўналишларни амалга ошириш билан боғлиқдир:

биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш ва ундан барқарор фойдаланиш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;

ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектлари давлат кадастри ва мониторинги юритилишини такомиллаштириш;

ушбу соҳада сиёсатни шакллантириш ва комплекс қарорлар қабул қилиш учун зарур бўлган биологик хилма-хилликнинг ҳолати ва аҳамияти тўғрисидаги замонавий илмий ахборотни такомиллаштириш;

муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш;

энг заиф табиий экологик тизимлар таназзули ва фрагментацияси суръатларини пасайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

ҳайвонлар ва ўсимликларнинг камёб ва йўқолиб бораётган турларини тиклаш тадбирларини амалга ошириш;

ҳайвонот ва ўсимликлар дунёси объектларидан ноқонуний фойдаланиш устидан назорат қилишни кучайтириш;

экологик туризмни ривожлантириш;

биологик хилма-хилликка нисбатан аҳолининг хабардорлиги ва экологик маданияти даражасини ошириш.



§ 1. Биологик хилма-хиллик соҳасида норматив-ҳуқуқий

базани такомиллаштириш


57. Табиатдан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятнинг ҳуқуқий ва қонунчилик асоси 120 тадан ортиқ қонунлар ва қонуности ҳужжатларини ўз ичига олади, уларнинг кўпчилиги тўғридан-тўғри ёки билвосита биологик хилма-хиллик масалалари билан боғлиқдир.

Бироқ ҳамон нуқсонлар мавжуд, айниқса биологик хилма-хилликка салбий таъсир кўрсатувчи хўжалик фаолияти ва бошқа фаолият лойиҳаларининг атроф муҳитга таъсирини баҳолаш қўлланилишига нисбатан нуқсонлар мавжуд.


58. Биологик хилма-хилликнинг давлат кадастри ва мониторингини юритишнинг институционал ва қонунчилик асосларини такомиллаштириш зарур. Табиатдан фойдаланишга ва уни назорат қилишга йўналтирилган қонуности ҳужжатлари ҳам такомиллаштиришни талаб қилади. Шунингдек, ҳам биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш бўйича фаолиятни молиялаштиришни излаш, ҳам давлат томонидан ушбу соҳага инвестицияларни баҳолаш учун янги ёндашувларни ишлаб чиқиш зарур.


59. Биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш ва ундан барқарор фойдаланиш масалаларини иқтисодиёт секторларига интеграциялаш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш учун қишлоқ, ўрмон, балиқчилик хўжалиги ва аквамаданиятлар, энергетика, ер усти транспорти, қазиб олувчи саноат ва туризмнинг норматив базаларини такомиллаштиришни назарда тутиш зарур.

Бундан ташқари, табиатни муҳофаза қилиш қонунчилиги (йўриқномалар, тартиботлар)ни амалий қўллаш механизмларини кучайтириш зарур.



§ 2. Ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектлари давлат

кадастри юритилишини ва мониторинги олиб

борилишини такомиллаштириш


60. Ҳозирги вақтда Атроф табиий муҳит давлат мониторингининг умумий тузилмасида биологик хилма-хиллик компонентлари етарлича ифодаланмаслиги кузатилмоқда.

Шу билан бирга, биологик хилма-хилликнинг тизимли мониторингини ривожлантириш, шу жумладан, мониторингнинг тегишли тузилмаларини ва уни амалга ошириш учун асосий йўналишларни ривожлантириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш мақсадида муайян хатти-ҳаракатлар кўрилмоқда. Республиканинг давлат қўриқхоналарида эталон экотизимлар учун биологик хилма-хиллик мониторингининг ягона келишилган тизими ишлаб чиқилмоқда.


61. Асосланган қарорлар қабул қилиш учун биологик хилма-хиллик компонентларининг ҳолати ва ривожланиши динамикаси тўғрисида долзарб ва ишончли маълумотлар мавжудлиги зарур.


62. Ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектлари давлат кадастрини юритиш ва мониторинг олиб боришни такомиллаштириш мақсадида биологик хилма-хиллик компонентлари мониторингининг ягона тизимини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва жорий этиш, биологик хилма-хиллик мониторинги усуллари ва объектларини бирхиллаштириш, биологик хилма-хиллик мониторинги маълумотлар базасини ривожлантириш ва такомиллаштириш зарур.



§ 3. Муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар

тизимини ривожлантириш


63. Республика муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар тизими умумий ўлчами, таркиби, концептуал ёндашув, молиялаштириш принциплари нуқтаи назаридан чекланишларга эга.

Муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар тизимини такомиллаштириш ва уни самарали бошқаришни таъминлаш бугунги кунда долзарб вазифалар ҳисобланади.


64. Тизимни ривожлантириш, яхшилаш ва муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар самарали бошқарилишини таъминлаш мақсадида илмий тадқиқотлар ва мониторинг олиб боришга, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар барпо этиш тартибини, уларни молиялаштириш манбаларини аниқлашга, кадрлар билан таъминлашни яхшилашга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш зарур.


65. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 20 мартдаги ПҚ-4247-сон қарорига мувофиқ 2019-2022 йиллар даврида Қорақалпоғистон Республикасида бешта янги муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар ташкил этилади. Булар:

Жанубий Устюрт давлат қўриқхонаси;

"Белтов", "Оқтепа" ва "Оқдарё-Қозоқдарё" оралиғи давлат буюртмахоналари;

"Судочье" давлат буюртмахонаси негизида "Судочье" кўллар тизими" давлат буюртмахонаси.


66. Янги муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни ташкил этиш билан биргаликда истиқболда мавжуд давлат буюртмахоналарини уларга бошқариш, молиялаштириш ва муҳофаза қилишнинг тегишли тартиби билан биргаликда юридик шахс мақомини бериш йўли билан уларни ривожлантириш ёки қайта ташкил этишга алоҳида эътиборни қаратиш зарур.



§ 4. Энг заиф табиий экологик тизимларнинг таназзули

ва фрагментацияси суръатларини пасайтириш бўйича

комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш


67. Республика иқтисодиётида муҳим роль ўйнайдиган чорвачилик табиий экотизимларга катта таъсир кўрсатмоқда. Бунда шуни ҳисобга олиш зарурки, хусусий эгаликларда моллар бош сони ўсиб бормоқда. Шу муносабат билан яйлов экотизимлари айниқса қўй-эчкилардан катта юкламага дучор бўлмоқда.


68. Ўсимлик дунёси давлат кадастрини юритиш, яйловларнинг таназзули ва чўлланиш жараёнларининг олдини олиш юзасидан тадбирларни ишлаб чиқиш учун табиий яйловлар ва пичанзорларда ўсадиган ўсимликларни даврий биоботаник текширишдан ўтказиш зарур.


69. Мамлакатда ўрмонлар ҳудудларининг қисқариши ҳайвонлар ва ўсимликлар яшаш жойлари йўқолишига олиб келади ва ўрмон экотизимлари таназзули жараёнларига кўмаклашади. Амударё, Сирдарё, Зарафшон дарёси, Чирчиқ дарёси, Оҳангарон дарёси бўйлаб жойлашган тўқайзорлар мамлакатда майдони кам тўқайзорлар ҳисобланади.


70. Орол денгизининг қуриган тубида ўрмон-мелиоратив ишларни амалга ошириш ҳамда тоғ массивлари ва тўқайларнинг ўрмонлар билан қопланишини ошириш йўли билан Оролбўйини экологик соғломлаштириш яшаш жойи таназзулининг давом этаётган жараёнининг олдини олиш учун экологик соғломлаштириш тадбирлари долзарб ҳисобланади.


71. Орол денгизининг қуриган тубида экологик вазиятни яхшилаш мақсадида ўрмонзорлар барпо этиш бўйича катта кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг "Орол денгизининг қуриган тубида "яшил майдончалар" - ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 15 февралдаги 132-сон қарори билан 2019 йилда 500 минг гектар ерга кўчатлар экиш назарда тутилган. Ушбу ишлар Орол денгизининг қуриган тубини тўлиқ ўрмонзорлаштиришгача давом эттирилиши керак.



§ 5. Ҳайвонлар ва ўсимликларнинг камёб ва

йўқолиб бораётган турларини тиклаш

тадбирларини амалга ошириш


72. Янги муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар барпо этиш ҳамда мавжудларини ривожлантириш ҳайвонларнинг камёб ва йўқолиб бораётган турлари сонини тиклашда муҳим ўрин тутади.

Тиклаш ва кўпайтириш бўйича питомниклар ташкил этиш тадбирларини амалга ошириш ҳайвонларни, асосан уларнинг камёб ва йўқолиб бораётган турларининг сонини тиклашга муайян улуш қўшади.


73. Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлардан фойдаланишни қисқартириш мақсадида республиканинг турли минтақаларида плантациялар ташкил этиш тадбирларини амалга ошириш зарур.



§ 6. Ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларидан

ноқонуний фойдаланиш устидан назоратни

кучайтириш


74. Ўсимликлар ва ҳайвонлар турларидан фойдаланишнинг тижорат усулларини шартли равишда:

озиқ-овқатбоп ва доривор ўсимликларни йиғиш ва сотишга;

ёввойи ҳайвонлар билан савдо қилишга ажратиш мумкин.


75. Ўсимликлардан тижорат мақсадларида фойдаланиш эксперт баҳолашга кўра охирги 20 йилда анча кўпайган. Бу тижорат компаниялари томонидан амалга ошириладиган бозорларда сотишдан тортиб уларни қайта ишлаш ва маркетингнинг мураккаб механизмларигача кузатилади.


76. Ҳайвонлардан тижорат мақсадида фойдаланишнинг исталган тури катта иқтисодий фойда олиш учун улкан салоҳият ҳисобланади, бироқ ушбу фаолият барқарор бошқарилиши ва илмий асосланган маълумотлар асосида амалга оширилиши лозим.


77. Овчилик хўжалигини барқарор юритишда ов маҳсулотларини барқарор олиш ва ўлжа олиш имконияти юзага келади. Ўлжадан олинган даромадлар улардан биотехник ва муҳофаза тадбирларини амалга оширишда, ҳайвонларнинг овланадиган турларини тиклашда фойдаланиш имкониятини таъминлайди.


78. Ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш қуйидагилар йўли билан амалга оширилади:

муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида қоидалар, нормалар ва нормативларни белгилаш;

чеклашлар ва тақиқларни белгилаш;

махсус фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатиб туриш, тўхтатиш, бекор қилиш;

ўзбошимчалик билан фойдаланиш ва фойдаланишнинг белгиланган тартиби бошқача тарзда бузилишларининг олдини олиш;

яшаш ва ўсиш муҳити муҳофаза қилинишини ташкил этиш;

давлат кадастрини юритиш ва мониторинг олиб бориш;

муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни ташкил этиш ва ривожлантириш, ҳайвонлар ва ўсимликларнинг камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турларини Қизил китобга киритиш;

питомниклар ва платнацияларда ҳайвонлар ва ўсимликларнинг камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турларини кўпайтириш;

ҳайвонот ва ўсимликлар дунёси объектларининг давлат ҳисобини олиб бориш ва улардан фойдаланиш ҳажмларини ҳисобга олиш;

ҳайвонот ва ўсимликлар дунёси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида назорат қилиш;

Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишни тартибга солиш;

муҳофаза қилиш ва оқилона фойдаланиш бўйича биотехник тадбирларни ва бошқа тадбирларни амалга ошириш.


79. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2018 йил 3 октябрдаги ПҚ-3956-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг инспекция хизмати қайта ташкил этилди. Ушбу қарорга мувофиқ ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини сақлаш устидан назоратни амалга оширувчи давлат инспекторлари сони кўпайтирилди ҳамда уларнинг фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобига молиялаштириш тартиби белгиланди.


80. Броконьерлик даражасини пасайтириш мақсадида экологик тадбирларни ташкил этиш йўли билан аҳоли орасида экологик онг даражасини ҳамда тренинглар ва таълим берувчи семинарлар ташкил этиш йўли билан давлат инспекторлари малакасини ошириш зарур.



§ 7. Экологик туризмни ривожлантириш


81. Экологик туризм Ўзбекистонда ривожланаётган ва истиқболли тармоқ ҳисобланади. Экологик туризм катта иқтисодий даромад келтиришга қодирдир.


82. Табиий боғларнинг рекреацион зоналаридан, айниқса тоғларда ва тоғолди яқинидаги шаҳарларда фойдаланиш сўнгги 20 йилда шиддат билан ўсди. Аҳоли анъанавий равишда оммавий дам оладиган жойларда рекреацион юкламанинг ошиши айниқса маҳаллий табиий ўсимликлар дунёси ва ҳайвонлар тўдаларининг биологик хилма-хиллик тузилмасига жиддий таъсир кўрсатади.


83. Уюштирилган экологик туризм ташкил этиш тадбирларини амалга ошириш зарур. Биринчи навбатда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш зарур, тегишли кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам муҳим ҳисобланади.



§ 8. Биологик хилма-хилликка нисбатан аҳолининг

экологик маданияти ва хабардорлиги

даражасини ошириш


84. Бугунги кунда биологик хилма-хилликни сақлаш ва ундан фойдаланиш учун одамлар амал қилиши керак бўлган чора-тадбирлардан улар хабардорлиги даражасининг етарлича эмаслиги тегишли чора-тадбирлар кўришни талаб этадиган муҳим ва долзарб масала бўлиб қолмоқда.

Ишлаб чиқилган дастурлар ва ҳаракатлар режалари асосида турли мақсадли гуруҳларнинг хабардорлигини оширишга тизимли, комплекс ёндашув мавжуд эмас.


85. Қарор қабул қиладиган мансабдор шахслар ва жамиятнинг биологик хилма-хиллик ва экотизимлар хизматларининг аҳамиятидан, мамлакатнинг фаровонлиги ва ривожланишига уларнинг улушидан хабардорлигини ошириш ҳам муҳим ҳисобланади.


86. Жамоатчиликни биологик хилма-хиллик соҳасидаги масалаларни ҳал этишга, шу жумладан, унинг мониторингини олиб бориш тадбирларига жалб этиш аҳолининг хабардорлиги ва экологик маданияти даражасини оширишга кўмаклашади.



7-БОБ. СТРАТЕГИЯНИ АМАЛГА

ОШИРИШ МЕХАНИЗМИ


87. Стратегия Ҳаракатлар режасида назарда тутилган тадбирлар тўлиқ ва ўз вақтида ижро этилиши орқали амалга оширилади.

Стратегиянинг қоидалари Ўзбекистон Республикасининг иқлим ўзгаришига, чўлланишга қарши курашга, сув ресурслари ва трансчегаравий сув оқимларидан фойдаланишга тегишли халқаро шартномалари доирасида ишлаб чиқилган бошқа ҳужжатларга интеграция қилинади.


88. Стратегия миллий ва маҳаллий даражаларда атроф муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар режаларини, фундаментал ва амалий тадқиқотларни, атроф табиий муҳит мониторингига, биологик хилма-хилликка тўғридан-тўғри юкламаларни қисқартиришга, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантиришга, экотизимлар хизматларини ҳисобга олган ҳолда биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш ва ундан фойдаланиш самарадорлигини оширишга ва иқлим ўзгаришига мослашишга, ўрмон хўжалигини ривожлантиришга, яйловларни барқарор бошқаришга, сув ресурсларини муҳофаза қилишга тегишли тармоқ ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш учун ҳуқуқий асослардан бири бўлиб хизмат қилади.


89. Стратегия амалга оширилиши учун масъул бўлган ижрочилар:

тадбирларни бажариш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан тадбирлар белгиланган муддатларга мувофиқ амалга оширилишини;

мақсадли молиявий маблағлардан самарали фойдаланишни;

охирги йилда амалга оширилган тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботлар ҳар йили Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилишини таъминлайдилар. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ишларни мувофиқлаштиради ва улар бажарилиши устидан назорат қилади.



8-БОБ. СТРАТЕГИЯНИ РЕСУРСЛАР БИЛАН

ТАЪМИНЛАШ ВА УНИ АМАЛГА

ОШИРИШ БОСҚИЧЛАРИ


§ 1. Стратегия амалга оширилишини

ресурслар билан таъминлаш


90. Масъул ижрочиларнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари, мавжуд ва ташаббус кўрсатадиган миллий ва халқаро лойиҳаларнинг грант маблағлари ҳамда халқаро молия институтларининг маблағлари Стратегия амалга оширилишини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.


91. Режалаштириладиган ҳар бир тадбир бўйича молиялаштиришнинг зарур ҳажми тегишли тадбирларни амалга ошириш учун назарда тутилган аниқ чора-тадбирларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб алоҳида ҳисоблаб чиқилади.


92. Ҳаракатлар режасини амалга ошириш учун молиявий ресурсларни сафарбар қилиш учта асосий ёндашувни назарда тутади. Булар:

биологик хилма-хиллик сақланишини таъминлаш ва экотизимлар хизматларини қўллаб-қувватлаш учун ички инвестицияларни кўпайтириш;

биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича Ҳаракатлар режасини амалга ошириш учун халқаро молиявий ва техник кўмак олиш;

биологик хилма-хиллик ва экотизимлар хизматларини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ фаолиятни молиялаштиришнинг инновацион механизмларини аниқлаш ва ишлаб чиқиш.



§ 2. Стратегияни амалга ошириш босқичлари


93. Стратегияни амалга ошириш қуйидаги даврларга мўлжалланади:

биринчи босқич (2019-2023 йиллар) - қонунчилик базасини такомиллаштириш ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида бешта муҳофаза қилинадиган табиий ҳудуд барпо этиш;

иккинчи босқич (2024-2028 йиллар) - мақсадли кўрсаткичларга ва кутилаётган натижаларга эришиш.



9-БОБ. МАҚСАДЛИ КЎРСАТКИЧЛАР ВА

КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


94. Стратегияни амалга ошириш дастурлари бўйича:

муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни 12 фоизгача кенгайтиришга;

Орол денгизининг қуриган тубини 1,2 млн гектаргача ўрмонзорлаштиришга;

Бухоро ихтисослаштирилган "Жайрон" питомнигида жайронларни 1000 тагача кўпайтиришга;

ҳар йили 1000 тагача тувалоқларни кўпайтириш ва табиатга қўйиб юборишга;

марказий бўғинга - давлат қўриқхоналарининг эталон экотизимларига эга бўлган биологик хилма-хиллик компонентлари мониторингининг ягона тизимини яратишга;

замонавий биоахборот технологиялар (ГИС-технологиялар) асосида биологик хилма-хилликнинг давлат мониторинги ва давлат кадастрининг ягона ахборот маълумотлар базасини яратишга;

уч тилда (ўзбек, рус ва инглиз тилларида) иш юритадиган www.biodiversity.uz сайтини яратишга;

2 млн га ҳажмда табиий яйловлар ва пичанзорлар ўсимликларини биоботаник текширишни ҳар йили амалга оширишга;

Ўзбекистон сув ҳавзаларида қушларнинг овланадиган турлари сони ҳар йили ҳисобга олинишига;

Қуйимозор ва Тўдакўл сув омборларини халқаро аҳамиятга эга бўлган сувли-ботқоқ жойлар рўйхатига (Рамсар Конвенцияси) киритиш бўйича материалларни тайёрлашга ва белгиланган тартибда берилишини ташкил этишга;

овчилик мониторинги ва балиқчилик хўжалиги сув ҳавзаларининг биологик ресурслари ҳолати тизимини яратишга;

биологик хилма-хилликка босим пасайишига;

зарур молиявий қўллаб-қувватлашга;

иқтисодиётнинг барча секторларида биологик хилма-хилликни сақлаш масалалари интеграция қилинишига;

илмий билимларга ва олдини олувчи ёндашувга асосланган тегишли комплекс қарорлар қабул қилинишига ва самарали амалга оширилишига эришилади.


95. Стратегияни амалга ошириш учун 2019-2028 йиллар даврида биологик хилма-хилликни сақлаш ва ундан фойдаланиш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилган. Ҳаракатлар стратегияси ривожлантириш стратегиялари ва ҳаракатлар режаларини, секторлар бўйича дастурлар ва бошқа режаларни таҳлил қилишга асосланган ва манфаатдор вазирликлар ва идораларни, илмий жамоатчиликни ва экологик нодавлат нотижорат ташкилотларни жалб этган ҳолда маслаҳатлашув жараёни якунлари бўйича ишлаб чиқилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 13 июнь