язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июнь, 2019 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Қишлоқ хўжалиги/ Пахта хомашёси ва бошоқли дон экинларининг бўлғуси ҳосилини суғурталаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 17.06.2019 й. 505-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 17 июндаги

505-сон қарорига

ИЛОВА



Пахта хомашёси ва бошоқли дон экинларининг

бўлғуси ҳосилини суғурталаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом пахта хомашёси ва бошоқли дон экинларининг бўлғуси ҳосилини суғурталаш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низом пахта хомашёси ва бошоқли дон экинларини етиштирувчи барча тадбиркорлик субъектларига, жумладан, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқарувчилар ва кластерларга нисбатан тадбиқ этилади.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ариза - суғурта қилдирувчининг суғурта шартномасини тузиш истаги билдирилган ёзма мурожаати;


ишчи гуруҳлар - Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 февралдаги 149-сон қарори билан тасдиқланган Пахта хомашёси ва бошоқли дон етиштириш бўйича харажатларни кредитлаш ва топширилган маҳсулот учун якуний ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом асосида туман ҳокимининг ўринбосари раҳбарлигида ташкил этиладиган ишчи гуруҳ;


мониторинг - пахта хомашёси ва бошоқли дон экинларини етиштириш учун ер майдонларининг экишга тайёргарлиги, экинлар экилиши, ривожланиши ва ҳосил йиғиб олиниши даврида олиб бориладиган кузатиш жараёни;


мониторинг далолатномаси - ишчи гуруҳлар томонидан тузиладиган даврий ёзма ҳужжат;


суғурталовчи - тегишли турдаги суғуртани амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган ва суғурта шартномасига мувофиқ суғурта товони (суғурта пули) тўловини амалга ошириш мажбуриятини олувчи тижорат ташкилоти бўлган юридик шахс;


суғурта даври - суғурталовчи суғурта шартномаси амалда бўлган даврда содир бўлган суғурта ҳодисалари бўйича мажбуриятларни ўз зиммасига оладиган давр;


суғурта мукофоти - суғурта қилдирувчи суғурта шартномасида белгиланган тартибда ва муддатларда суғурталовчига тўлаши шарт бўлган суғурта ҳақи;


суғурта полиси - суғурта шартномаси тузилганлигини тасдиқловчи ва суғурта қилдирувчига суғурта мукофотини ёки унинг биринчи қисмини тўлагандан кейин бериладиган ҳужжат;


суғурта суммаси - суғурта қилдирувчи ва суғурталовчининг келишувига мувофиқ белгиланадиган пул маблағлари миқдори бўлиб, суғурталовчи суғурта шартномаси бўйича суғурта товонини ундан ошмаган миқдорда тўлаш мажбуриятини олади;


суғурта таваккалчиликлари - бўрон, дўл, кучли ёмғир (жала), қурғоқчилик ва гармсел, тупроқнинг ўта намлиги, кучли қор ёғиши, қорасовуқ, сув сатҳининг паст бўлиши, сув сатҳининг баланд бўлиши (сув тошқини), яшин уриши, ёнғин, зараркунандалар, пахта хомашёси ва бошоқли дон экинлари касалликлари;


суғурта товони - суғурталовчи суғурта шартномасида келишилган суғурта ҳодисаси содир бўлганда суғурта қилдирувчи кўрган зарарларини суғурта суммасидан ошмаган миқдорда тўлайдиган пул маблағлари миқдори;


суғурта шартномаси - ёзма келишув бўлиб, унга кўра суғурталовчи келишувда шартлашилган ҳақ (суғурта мукофоти) эвазига келишувда назарда тутилган воқеа (суғурта ҳодисаси) содир бўлганда суғурта қилдирувчига суғурта товонини тўлаш мажбуриятини олади;


суғурта қиймати - суғурта қилдирувчининг бутун пахта хомашёси ва бошоқли дон экинлари майдонидан оладиган ҳосил қиймати;


суғурта қилдирувчи - суғурталовчи билан тузилган суғурта шартномасига мувофиқ ушбу шартномада келишилган суғурта мукофотини (суғурта тўловини) тўловчи ва суғурталовчи билан аниқ суғурта муносабатларига кирувчи ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги тадбиркорлик субъекти;


суғурта ҳодисаси - суғурта шартномасида кўрсатилган ва у содир бўлиши билан суғурталовчининг суғурта қилдирувчига суғурта товони (суғурта пули) тўловини амалга ошириш мажбурияти келиб чиқадиган юз берган воқеа;


экин - пахта хомашёси ва бошоқли дон экинлари.


4. Суғурта шартномасида белгиланган суғурта таваккалчиликлари оқибатида экин ҳосилдорлигининг камайиши ёки нобуд бўлиши натижасида суғурта қилдирувчининг зарар кўриши билан боғлиқ мулкий манфаатлари суғурта объекти ҳисобланади.



2-БОБ. СУҒУРТА ШАРТНОМАСИНИ ТУЗИШ ТАРТИБИ


5. Пахта хомашёси ва бошоқли дон экинларининг бўлғуси ҳосилини суғурталаш ва суғурта ҳодисаси юз берганда уларга суғурта товонларини тўлаш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


6. Ҳар йили туман ҳокимликлари, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ҳамда суғурталовчи томонидан пахта хомашёси ва бошоқли дон экинларини етиштиришни молиялаштириш учун ажратиладиган имтиёзли кредитлар ҳажмини тасдиқлашда ушбу экинларни етиштириш учун режалаштирилган экин майдони, ҳосилдорлик, кафолатланган харид нархлари асосида ҳисобланган ялпи ҳосил қийматидан келиб чиқиб, жами экинлар ҳосилини суғурталаш учун зарур бўлган суғурта мукофотлари ҳажми белгиланади.


7. Пахта хомашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи тадбиркорлик субъектлари экин майдони, ҳосилдорлик режаси тўғрисида маълумотларни илова қилган ҳолда бўлғуси экиндан кам ҳосил олиши натижасида кўрадиган молиявий зарарини суғурталаш тўғрисида суғурталовчининг ҳудудий бўлинмаларига ариза беради.


8. Суғурталовчи суғурта қилдирувчи томонидан тақдим этилган ариза ва маълумотлар асосида суғурта қиймати, суғурта пули ва суғурта мукофоти миқдорини ҳисоблайди.

Ушбу маълумотлар асосида суғурталовчи ва суғурта қилдирувчи ўртасида икки нусхада суғурта шартномаси тузилади.


9. Тижорат банки томонидан пахта хомашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи тадбиркорлик субъектига пахта хомашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш учун имтиёзли кредит ажратишда унинг бўлғуси ҳосилни суғурталаш бўйича суғурта шартномаси мавжудлиги талаб қилинади ва ушбу шартнома бўйича расмийлаштирилган полис имтиёзли кредитнинг таъминоти сифатида қабул қилинади.

Бунда имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан, биринчи навбатда, пахта хомашёси ва бошоқли дон экинларининг бўлғуси ҳосилини суғурталаш учун суғурта мукофоти тўлангандан сўнг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан ҳосил етиштириш билан боғлиқ бошқа харажатлар бўйича тўловларни амалга оширишга рухсат этилади.


10. Суғурта шартномаси тузилгандан сўнг 30 иш куни ичида суғурта қилдирувчи томонидан суғурталовчининг ҳисобрақамига суғурта мукофотлари (суғурта қилдирувчининг ўз маблағи, тижорат банкларининг кредитлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан) ўтказиб берилади. Суғурталовчининг мажбуриятлари суғурта мукофоти тўлангандан сўнг кучга киради. Шартномада кўрсатилган муддатда суғурта мукофоти тўланмаса, суғурталовчининг мажбуриятлари кучга кирмайди.


11. Суғурталовчи суғурта мукофотларини тўлиқ тўлагандан сўнг суғурта қилдирувчига 3 иш куни ичида суғурта полисини расмийлаштириб беради. Суғурта қилдирувчи томонидан суғурта мукофоти қисман тўланган тақдирда, суғурта полиси тўланган суғурта мукофотига мутаносиб равишда расмийлаштирилиб берилади.


12. Экинлар экилганидан сўнг 30 кун ичида суғурталовчи ва тижорат банки (суғурта қилдирувчи имтиёзли кредит олган ҳолда) томонидан жойига чиққан ҳолда экин майдонлари мониторинги ўтказилади.


13. Мониторинг натижасида экин майдонларида экинлар экилмаганлиги ёки бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экилганлиги аниқланган тақдирда, мониторинг далолатномаси тузилади ва суғурта шартномаси муддатидан олдин бекор қилинади. Бунда экинлар қисман экилган тақдирда, суғурта жавобгарлиги ҳақиқатда экилган майдонга нисбатан олиб борилади.

Мониторинг натижасида экинлар суғурта шартномасида белгиланган суғурта таваккалчиликлари натижасида униб чиқмаганлиги аниқланган тақдирда суғурта жавобгарлиги ушбу экин майдони учун экиш харажатларига ажратилган маблағлардан ошмаган миқдорда олиб борилади.



3-БОБ. ЭКИНЛАР ҲОЛАТИНИНГ

МОНИТОРИНГИНИ ЎТКАЗИШ


14. Ишчи гуруҳ томонидан мониторинг пахта хомашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи ҳар бир тадбиркорлик субъекти бўйича экинларнинг ҳолатини ҳамда тижорат банклари томонидан берилган имтиёзли кредитларнинг қайтарилишини таъминлаш учун бўлғуси ҳосилнинг етарлилигини аниқлаш мақсадида доимий равишда ўтказилади.


15. Ишчи гуруҳ суғурта шартномасини тузиш даврида пахта хомашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари томонидан берилган имтиёзли кредитларнинг мақсадли ишлатилишини ҳамда экинларнинг бутун ривожланиш даврида мониторинг ўтказиш муддатларини келишиб олади ва мониторинг жадвалини тасдиқлайди.


16. Ишчи гуруҳ ҳақиқатда сарфланган харажатлар ўрганиб чиқилганидан сўнг пахта хомашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи тадбиркорлик субъектларининг экин ер майдони (даласи)га чиқиб, агротехник ишлар ҳақиқатда бажарилганлиги бўйича мониторинг ўтказади.


17. Суғурталовчи томонидан экинлар ҳолати доимий мониторинг қилиб борилади.



4-БОБ. МОНИТОРИНГ НАТИЖАЛАРИНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ


18. Ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган мониторинг натижаси бўйича ҳар бир тадбиркорлик субъекти учун алоҳида мониторинг далолатномаси тузилади. Мониторинг далолатномасини тузишда қуйидаги тадбирларни амалга ошириш лозим:

экин режада белгиланган майдонга тўлиқ экилганлиги (майдон бутлиги, бошқа экин экилганлиги, қисман ёки умуман экилмаганлиги);

минерал ва махаллий ўғитлар берилганлиги ва озиқлантириш агротехникасига риоя қилинганлиги;

экин майдонларини бегона ўтлар босганлиги ва қарши курашиш чораларини кўрилганлиги;

суғориш иншоатини мавжудлиги, ариқ ва зовурлар тозаланганлиги ва ўз вақтида суғорилганлиги;

экин зараркунанда ва касалликлари тушишининг олдини олиш бўйича ишлар олиб борилгани ҳамда уларга қарши курашилганлиги;

ғўза орасига ишлов бериш ишлари ўз вақтида амалга оширилганини ўрганиш ва керакли тавсиялар бериш.

Ушбу агротехник тадбирлар меъёр доирасида олиб борилган бўлса мониторинг далолатномасида ижобий хулоса берилади ва суғурта жавобгарлиги давом эттирилади.

Агар ушбу агротехник тадбирлар бажарилиши етарли даражада олиб борилмаган бўлса (мониторинг далолатномаси хулоса қисмида кўрсатилади) мониторинг далолатномасида салбий хулоса берилади.

Ушбу мониторинг далолатномасига ҳар бир иштирокчи ўз имзосини ва муҳрини (мавжуд бўлганда) қўйиши талаб этилади.


19. Мониторинг ўтказувчи вакиллар, экин майдонлари ва экин ҳолатини тўлиқ акс эттириш мақсадида мониторинг далолатномасига қўшимча равишда алоҳида ўз хулосаларини ҳам ёзишлари мумкин.


20. Мониторинг далолатномасида ишчи гуруҳ томонидан агротехник тадбирларнинг ўтказилиши бўйича қишлоқ хўжалиги экинларини етиштирувчи тадбиркорлик субъектларига тавсиялар берилади. Навбатдаги мониторинг даврида олдинги мониторинг далолатномасида берилган тавсияларнинг бажарилиши ўрганилади.



5-БОБ. СУҒУРТА ҲОДИСАСИ ВА СУҒУРТА

ТОВОНИНИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ


21. Суғурта шартномаси амал қилган даврда суғурта ҳодисасини келтириб чиқарувчи ҳодисалар оқибатида экинлар зарарланиши ёки нобуд бўлиши натижасида ҳосилни олиш имконияти камайса ёки йўқолса, суғурта қилдирувчи суғурталовчига 10 иш куни ичида бўлиб ўтган ҳодиса тўғрисида хабарнома беради. Шунингдек, мониторинг ўтказган суғурталовчининг масъул мутахассислари ҳам ушбу ҳодисалар тўғрисида суғурта қилдирувчига маълумот беришлари лозим.


22. Хабарномага асосан суғурталовчи ва ишчи гуруҳлар томонидан экинга етказилган зарар 10 кун ичида жойида ўрганиб чиқилади ва далолатнома тузилади.


23. Суғурта қилдирувчи йиғиштириб олган ҳосилдорлик қиймати суғуртага қабул қилинган ҳосилдорлик қийматидан кам бўлганда, қуйидаги ҳужжатларни суғурталовчига тақдим этади:

суғурта полисининг нусхаси;

бўлиб ўтган ҳодисалар натижасида экин зарарланганлиги ёки нобуд бўлганлигини туман ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан тасдиқлаб тузилган далолатнома (агар мавжуд бўлса);

ҳодиса (ҳодиса тавсифи ва етказилган зарар сабабларига кўра) ушбу Низомнинг 24-бандида кўрсатилган ташкилотлар томонидан тасдиқланган маълумотнома.


24. Ҳодиса тавсифи ва етказилган зарар сабабларига кўра ҳодисани тасдиқловчи маълумотнома қуйидагилар ҳисобланади:

агар зарар бўрон, дўл, кучли ёмғир (жала), қурғоқчилик ва гармсел, тупроқнинг ўта намлиги, кучли қор ёғиши, қорасовуқ, сув сатҳининг паст бўлиши, сув сатҳининг баланд бўлиши (сув тошқини) яшин уриши натижасида рўй берса - гидрометеорология хизмати марказининг (ҳудудий бўлинмаси) маълумотномаси;

агар зарар ёнғин натижасида рўй берса - туман ички ишлар бўлимининг ёнғинга қарши кураш бўлими маълумотномаси;

агар зарар зараркунандалар ёки экинларга касалликлар тушиши натижасида рўй берса - экин майдонларига ҳақиқатдан ҳам зараркунандалар томонидан зарар етказилганлигини ва уларга қарши курашилганлигини тасдиқлаш бўйича ваколатли ташкилот маълумотномаси ҳамда ушбу ташкилот билан тузилган шартнома нусхаси;

агар зарар минерал ўғитларнинг ўз вақтида ва тўлиқ етказиб берилмаганлиги натижасида рўй берса - пахта хомашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи тадбиркорлик субъектига белгиланган ва ҳақиқатда олинган минерал ўғит миқдори бўйича ваколатли ташкилот маълумотномаси ҳамда ушбу ташкилот билан тузилган шартнома нусхаси;

етиштирилган экин тўлиқ йиғиштириб олинганлигини тасдиқловчи туман қишлоқ хўжалиги бўлими маълумотномаси;

етиштирилган экин тайёрлов ташкилотига топширилганлигини тасдиқловчи тайёрловчи (қабул қилувчи) ташкилот ҳамда туман статистика бўлими маълумотномалари.

Ушбу бандда кўрсатилган ҳужжатлардан бошқа қўшимча ҳужжатлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.


25. Суғурта қилдирувчининг суғуртага қабул қилинган бир гектар экин майдони учун ҳосилдорлик қиймати билан жорий йилда бир гектар экин майдонидан ҳақиқатда олинган ҳосилдорлик қиймати (cуғурта мукофотини ҳисоблашда тасдиқланган ўртача харид нарх асос қилиб олинади) орасидаги фарқи экиндан кўрилган зарар деб ҳисобланади.


26. Суғурта товони миқдори ушбу Низомга 2-иловада келтирилган жадвал асосида, суғурта қилдирувчининг жами экин майдонидан олинган ялпи ҳосили (тайёрлов корхонаси маълумотномалари асосида) ва тушган cуғурта мукофоти миқдори ҳисобга олинган ҳолда, cуғурта пули (суғурта жавобгарлиги) доирасида ҳисобланади.


27. Суғурта қилдирувчи томонидан экинни экиш, парваришлаш ва ҳосилни йиғиштириб олиш даврида агротехника талабларига риоя қилмаганлиги аниқланганда, суғурта товони қуйидаги миқдорларда камайтирилади:

ўғит белгиланган меъёрдан кам берилган бўлса 5 (беш) фоиз;

бегона ўтлар босиб кетган бўлса 5 (беш) фоиз;

ўз вақтида суғорилмаган (сув берилмаган) бўлса 5 (беш) фоиз.

Суғурта товони чамаланган (апробациядан ўтказилган) ҳосил олинмаган бўлса 5 (беш) фоиз миқдорларда камайтирилиши мумкин.


28. Суғурта қилдирувчи томонидан ушбу Низомнинг 23-бандида назарда тутилган ҳужжатлар ҳамда ёзма ариза суғурта даври якуни бўйича суғурталовчининг тўлов комиссиясига тақдим этилади. Тақдим этилган ҳужжатлар суғурталовчининг тўлов комиссияси томонидан ўрганиб чиқилиб, суғурта товонини тўлаш ёки тўлашни рад этиш тўғрисида 15 кун муддатда қарор қабул қилинади.


29. Суғурталовчининг суғурта товонини тўлаш ёки тўлашни рад этиш тўғрисидаги қарори суғурта қилдирувчига у суғурта товони тўлаш тўғрисида ариза тақдим этган вақтдан бошлаб ушбу Низомнинг 28-бандида кўрсатилган муддатдан кечиктирмай хабар қилиниши керак ва товон тўлаш рад этилганда, қарорда рад этишнинг асослантирилган сабаблари кўрсатилиши лозим.


30. Суғурталовчининг суғурта товонини тўлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинганда суғурталовчи ва суғурта қилдирувчи ўртасида суғурта ҳодисаси тан олинганлиги тўғрисида далолатнома тузилади.


31. Далолатнома асосида белгиланган суғурта товони 5 иш куни ичида суғурта қилдирувчининг 23210 ҳисобрақамига ўтказиб берилади ва ўтказилган суғурта товонлари, биринчи навбатда, ажратилган имтиёзли кредит ва унга ҳисобланган фоизларни қоплашга йўналтирилади.


32. Суғурта даври якуни бўйича суғурта ҳодисаси юзасидан суғурта қилдирувчилар томонидан тақдим қилинган ҳужжатлар суғурталовчининг тўлов комиссияси томонидан ўрганиб чиқилиб, суғурта товонини тўлаш тўғрисида қабул қилинган қарор асосида экин ҳосили учун жами аниқланган суғурта товонлари ҳажми йиғилган суғурта мукофотларининг 80 фоизигача бўлган қисми доирасида суғурталовчи ўз маблағлари ҳисобидан қоплайди.


33. Ҳисоб-китобларга асосан аниқланган суғурта товонлари ҳажми йиғилган суғурта мукофотларининг 80 фоизидан ошган қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан суғурталовчига бюджет субсидияси ажратилади.

Бунда бюджет субсидияси суғурталовчи томонидан белгиланган тартибда аниқланган суғурта товонларининг умумий суммаси (суғурталовчининг харажатларини инобатга олган ҳолда) суғурта мукофотлари ҳисобидан тўлиқ қопланмаган холларда ажратилади.


34. Бюджет субсидияси маблағларини олиш учун суғурталовчи Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ жадвал асосида ҳисоб-китобларни тақдим қилади.


35. Суғурталовчи томонидан тақдим қилинган маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан 15 кун муддатда ўрганиб чиқилиб, суғурталовчига аниқланган суғурта товонларини тўлаш учун бюджет субсидияси маблағларини ажратиш тўғрисида хулоса тайёрланади.


36. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тайёрланган хулоса асосида 10 кун муддат ичида суғурталовчига аниқланган суғурта товонларини тўлаш учун бюджет субсидиясини ажратади.


37. Ажратилган бюджет субсидияси ҳисобидан суғурталовчи томонидан 5 кун муддат ичида суғурта товони аниқланган суғурта қилдирувчиларга тўлиқ тўлаб берилади ҳамда бу ҳақда суғурталовчи томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳисобот тақдим этилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


38. Ушбу Низом бўйича зиммага олинган мажбуриятларнинг бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги учун томонлар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.


39. Мазкур Низомдан келиб чиқадиган барча низолар ўзаро келишув йўли билан, келишувга эришилмаган тақдирда эса қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.






Низомга

1-ИЛОВА



Пахта хомашёси ва бошоқли дон экинларининг

бўлғуси ҳосилини суғурталаш ва суғурта ҳодисаси

юз берганда уларга суғурта товонларини тўлаш

СХЕМАСИ


Босқич


Масъуллар



Чора-тадбирлар



Муддат


1-босқич

Пахта хомашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи тадбиркорлик субъекти, суғурта ташкилоти, тижорат банки


Суғурталовчига суғурта мукофотини тўлайди


Суғурта шартномаси тузилгандан сўнг 30 иш куни ичида









2-босқич

Суғурта ташкилоти


Суғурта қилдирувчига суғурта полисини тақдим этади


Суғурта мукофоти тўлангандан сўнг 3 иш куни ичида









3-босқич

Пахта хомашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи тадбиркорлик субъекти, суғурта ташкилоти


Суғурта ҳодисасини келтириб чиқарувчи ҳолатлар тўғрисида суғурталовчига хабарнома беради


Суғурта ходиса аниқланган кундан сўнг 10 иш куни ичида









4-босқич

Суғурта ташкилоти, Ишчи гуруҳлар


Экинга етказилган зарарни жойида ўрганиб чиқади ва далолатнома тузади


Хабарнома берилган сўнг 10 кун ичида







5-босқич

Пахта хомашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи тадбиркорлик субъекти, суғурта ташкилоти


Ҳосилдан кўрилган зарарни қоплаш бўйича суғурталовчига ёзма ариза билан мурожаат қилади


Суғурта даври якуни бўйича









6-босқич

Суғурта ташкилоти


Суғурта қилдирувчининг тақдим этган хужжатлари асосида тегишли қарор (суғурта товони тўлаш ёки тўлашни рад этиш) қабул қилади


Ариза тақдим этилган кундан бошлаб 15 кун муддатда









7-босқич

Суғурта ташкилоти, пахта хомашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи тадбиркорлик субъекти


Суғурта қилдирувчига аниқланган товонни тўлаб беради (жами тушган суғурта мукофотининг 80 фоизигача миқдорда)


5 иш куни ичида









8-босқич

Суғурта ташкилоти


Суғурталовчи томонидан аниқланган жами суғурта товонларининг 80 фоиздан ошган қисмини қоплаш мақсадида бюджет субсидияси ажратилиши учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тегишли ҳисоб-китобни тақдим этади


Заруратга кўра









9-босқич

Молия вазирлиги


Маълумотни ўрганиб чиқиб, суғурталовчига суғурта товонларини тўлаш учун бюджет субсидиясини ажратиш тўғрисида хулоса тайёрлайди


15 кун муддатда









10-босқич

Молия вазирлиги


Аниқланган суғурта товонларининг 80 фоиздан ошган қисмини қоплаш учун суғурталовчига бюджет субсидиясини ажратади


10 кун муддатда









11-босқич

Суғурта ташкилоти, пахта хомашёси ва бошоқли дон экинлари етиштирувчи тадбиркорлик субъекти


Бюджет субсидияси ҳисобидан суғурта қилдирувчига суғурта товонини тўлаб беради ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ҳисобот тақдим этади


5 кун муддатда



     





Низомга

2-ИЛОВА



20___йил "____" _____________да тузилган _______-сон

суғурта шартномасига асосан пахта хомашёси (бошоқли

дон экинлари) ҳосили бўйича суғурта товонини ҳисоблаш

ЖАДВАЛИ


(минг.сўм)

Экин номи

Суғурта-

ланган

майдон

(га)


1 га

майдондаги

режалаш-

тирилган

ҳосил-

дорлик

(центнер)


1 ц ҳосилнинг

прейску-

рант

нархи


1 га майдонга

режалаш-

тирилган

ҳосилнинг

қиймати

(3 уст*4 уст)


Олинган

ялпи ҳосил

(центнер)

Жами

майдон-

дан

олинган

ҳосилнинг

қиймати

(4 уст*6 уст)


1 га

майдон-

дан

олинган

ҳосил

қиймати

(7 уст/2 уст)

1 га

майдон-

дан

кўрилган

зарар

(5 уст-8 уст)


Жами экин

майдони-

дан

кўрилган

зарар

суммаси

(9 уст*2 уст)


Агро-

техника

талаб-

ларига

риоя

қилма-

ганлиги

учун

камай-

тирилган

сумма


Тан

олинган

суғурта

товони


1


2

3

4

5

6

7

8

9

10

11

12















Низомга

3-ИЛОВА



______ йил ҳосили учун аниқланган суғурта

товонларини тўлаш учун Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирлиги томонидан ажратиладиган

субсидия маблағлари ҳисоб-китоби


млн.сўм

Ҳудудлар номи


Жами тушган

суғурта мукофоти


Жами

тўланадиган

суғурта товони


Суғурта

товонининг

суғурталовчи

ўз маблағлари

ҳисобидан

қопланган

қисми


Ажратилиши

лозим бўлган

субсидия маблағи


А


1

2

3 (1*80%)

4 (2-3)

ЖАМИ






Қорақалпоғистон






Андижон





Бухоро





Жиззах





Қашқадарё





Навоий





Наманган





Самарқанд





Сурхондарё





Сирдарё





Тошкент





Фарғона





Хоразм





Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 18 июнь