язык интерфейса
Комментарий к документу - NB! Мазкур Стандарт 2020 йил 1 январдан кучга киради

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июнь, 2019 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Давлат бюджети/ Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (9-сонли БҲС) "Номоддий активлар" (АВ томонидан 24.06.2019 й. 3169-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 20.05.2019 й. 59-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2019 йил 24 июнда 3169-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2019 йил 20 майдаги

59-сон буйруғига

ИЛОВА



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

БЮДЖЕТ ҲИСОБИНИНГ СТАНДАРТИ


(9-сонли БҲС)


НОМОДДИЙ АКТИВЛАР


Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (9-сонли БҲС) "Номоддий активлар" (бундан буён матнда Стандарт деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси, "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ бюджет ташкилотлари, давлат мақсадли ва бошқа бюджетдан ташқари жамғармаларнинг (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) номоддий активлар ҳисобини юритиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Стандартнинг мақсади бошқа стандартда аниқ кўрсатмалар мавжуд бўлмаган номоддий активлар ҳисобини аниқлашдан иборат.

Ташкилотлар номоддий активни фақатгина муайян мезонларга мувофиқ ҳисобга олиниши, уларнинг баланс қийматини ҳисоблаши ва номоддий активлар тўғрисидаги маълумотларни ошкор этилишини таъминлаши лозим.

Стандартда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


амортизация - фойдали хизмат муддати мобайнида номоддий активнинг амортизацияланадиган қийматини унинг вазифасидан келиб чиққан ҳолда маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархига ёки давр харажатларига тизимли тақсимлаш ва киритиш;


бошланғич қиймат - номоддий активларни яратиш (ишлаб чиқиш) ёки сотиб олиш бўйича ҳақиқатда амалга оширилган харажатлар қиймати (пул маблағлари ёки уларнинг эквивалентларининг суммаси ёхуд бошқа тўловларнинг жорий қиймати), шу жумладан тўланган ва қопланмайдиган солиқлар (йиғимлар), шунингдек активни ундан мақсадга мувофиқ фойдаланиш учун ишга яроқли ҳолатга келтириш билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа харажатлар қиймати;


гудвилл - ташкилотдан алоҳида идентификация қилиниши ва баҳоланиши мумкин бўлмаган омиллар (ташкилот номи ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг талабгорлиги, муайян обрў ва ишга доир алоқалар мавжудлиги, жойлашган ер ва бошқа шунга ўхшаш омиллар) таъсирида вужудга келадиган номоддий актив;


жорий қиймат - маълум санадаги амал қилаётган бозор нархлари бўйича номоддий активларнинг қиймати ёки хабардор қилинган, битимни амалга оширишни хоҳловчи, бир-биридан мустақил тарафлар ўртасида битимни амалга оширишда активни сотиб олиш ёки мажбуриятларни бажариш учун етарли бўлган сумма;


ишлаб чиқиш - янги ёки сезиларли даражада ўзгартирилган материаллар, асбоблар, маҳсулотлар, жараёнлар, тизимлар ва хизматларни ёки ишлаб чиқариш жараёнини режалаштиришда тадқиқот натижаларини ҳамда билим ва кўникмаларни қўллаш;


мутлақ ҳуқуқ - бу қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фақатгина ҳуқуқ эгаси томонидан ёки унинг розилиги билан учинчи шахсга берилиши мумкин бўлган мулкий ҳуқуқ.


номоддий активлар - ташкилот томонидан узоқ муддат мобайнида ишлаб чиқариш, ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш ёки товарларни сотиш жараёнида фойдаланиш мақсадида ёхуд маъмурий ва бошқа функцияларни амалга ошириш учун ушлаб туриладиган, моддий-ашёвий мазмунга эга бўлмаган идентификацияланадиган мол-мулк объектлари.


тадқиқот - янги илмий ёки техник билим ва тушунчаларни олиш учун ҳақиқий ва режалаштирилган изланиш;


тугатиш қиймати - номоддий активнинг чиқиб кетиши бўйича кутилаётган харажатларни чегирган ҳолда унинг фойдали хизмат муддати охирида активни тугатиш чоғида олиниши кутилаётган, активнинг тахмин қилинаётган (баҳоланган) суммаси;


фойдали хизмат муддати - ташкилотлар томонидан активдан фойдаланиш кўзда тутилган давр ёки ташкилот ушбу активдан фойдаланишдан олишни мўлжаллаётган маҳсулот (ишлар ва хизматлар) миқдори;


фаол бозор - олди-сотди объектлари бир турда (бир хил) бўлган ва ҳар қандай вақтда битимни амалга оширишни хоҳловчи манфаатдор сотувчи  ва харидорларни топиш мумкин бўлган, шунингдек нархлар ҳақидаги маълумотлар ошкор (ҳаммабоп) бўлган бозор;


қолдиқ (баланс) қиймат - номоддий актив молиявий ҳисоботда (бухгалтерия балансида) акс эттириладиган қиймат ва у бошланғич (қайта тиклаш) қиймати ва жамланган амортизация суммаси ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади.


2. Номоддий активларни таърифи активдан фаолиятда фойдаланилиши  ва у моддий қийматга эга бўлмаслигини талаб қилади. Агарда моддий моҳиятга эга бўлмаган (пул маблағлари кўринишида бўлмаган) активлар юридик ҳуқуқлар, жумладан мулк ҳуқуқи билан ўзаро муносабатда бўлиши мумкин бўлган  ва улардан узоқ муддат давомида фойдаланилган тақдирда номоддий активлар таърифига жавоб беради.


3. Ташкилотлар илмий ёки техник билимлар, янги тизим ва жараёнларни лойиҳалаштириш, татбиқ этиш, лицензиялаш, интеллектуал мулк ва товар белгиси (шунингдек, фирма номи ва нашр ҳуқуқи) каби активларни сотиб олиш, ишлаб чиқариш, номоддий активларга хизмат кўрсатиш ёки яхшилаш жараёни давомида ресурсларни сарфлайди ёки мажбуриятларни олади (масалан, компьютер дастурий таъминоти, патент, муаллифлик ҳуқуқи, фильмлар, хизматлардан фойдаланувчилар рўйхати, сотиб олинган гувоҳномалар ёки импорт квоталари).


4. Активларни бухгалтерия ҳисобига номоддий активлар сифатида қабул қилишда бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартлар бажарилиши керак:

моддий-ашёвий тузилишга (шаклга) эга бўлмаслиги;

активлардан маҳсулот ишлаб чиқаришда, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатишда ёхуд корхонанинг маъмурий ва бошқа функциялари учун узоқ муддат, яъни давомийлиги 12 ойдан юқори фойдали хизмат муддати ёки агар у 12 ойдан ошадиган бўлса, оддий операцион цикл мобайнида фойдаланиш. Бунда активнинг қиймати бир бирлик (комплект) учун Ўзбекистон Республикасида белгиланган (харид қилиш пайтида) энг кам иш ҳақи миқдорининг камида эллик бараварини ташкил қилади;

ташкилот ушбу активни кейинчалик қайта сотишни мўлжалламайди;

ишончлилик, яъни ташкилотда актив ва унга бўлган мутлақ ҳуқуқнинг мавжудлигини тасдиқловчи тегишли равишда расмийлаштирилган ҳужжатларнинг (патентлар, гувоҳномалар, бошқа муҳофаза қилувчи ҳужжатлар, патент, товар белгисидан воз кечиш (сотиб олиш) шартномасининг) мавжудлиги;

идентификация қилиш имконияти.


5. Номоддий активларга мазкур БҲСнинг 4-бандида келтирилган шартларнинг барчасига жавоб берувчи қуйидаги объектлар киритилади:

патент эгасининг ихтиро, саноат намуналари ва фойдали моделларга бўлган мутлақ ҳуқуқи;

муаллиф ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг электрон ҳисоблаш машинаси учун дастурлар ва маълумотлар базаларига бўлган мутлақ ҳуқуқи;

муаллиф ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг интеграл микросхемаларнинг топологияларига бўлган мутлақ ҳуқуқи;

ҳуқуқ эгасининг товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисига бўлган мутлақ ҳуқуқи, шунингдек товар ишлаб чиқарилган жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи;

ҳуқуқ эгасининг селекция ютуқларига бўлган мутлақ ҳуқуқи;

гудвилл;

табиий ресурслардан фойдаланиш ҳуқуқи, яъни ер ости бойликлари,  атроф-муҳитдаги бошқа ресурслар, атроф-муҳит тўғрисидаги геологик ва бошқа маълумотлар ва шу кабилардан фойдаланиш ҳуқуқи;

ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи;

бошқа номоддий активлар (маҳсулот ишлаб чиқариш, ишлар бажариш  ва хизматлар кўрсатиш, иқтисодий ва бошқа имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи ва шу кабилар).


6. Номоддий активлар таркибига ташкилот ходимларининг интеллектуал  ва ишчанлик сифати, уларнинг малакаси ва меҳнатга қобилияти киритилмайди, чунки улар ўзларининг эгаларидан ажралмас ҳисобланади ва уларсиз фойдаланиш мумкин эмас.


7. Номоддий активлар хусусияти жиҳатидан ўхшаш активлар гуруҳига бўлинади ва улар ташкилот фаолиятида қандай фойдаланилганлигига асосан қуйидаги гуруҳларга ажратилиши мумкин:

фирма номлари;

нашрларнинг номланиши ва титул маълумотлари;

компьютер дастурлари;

лицензия;

муаллифлик ҳуқуқлари, патентлар ва бошқа саноат мулки ҳуқуқлари, хизмат кўрсатиш ва ишлатиш ҳуқуқлари;

рецептлар, формулалар, моделлар, чизмалар ва прототиплар;

ривожланиш жараёнидаги номоддий активлар.

Юқоридаги синфлар молиявий ҳисоботларни фойдаланувчиларга кўпроқ тегишли маълумотларга эга бўлишини таъминлайдиган бўлса, янада кичикроқ (бирлаштирилган) синфларга бўлиниши мумкин.



2-БОБ. ҚЎЛЛАНИШ СОҲАСИ


8. Стандартдан молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва юритишда ҳисоблаш усулини қўллайдиган ташкилотлар томонидан номоддий активлар ҳисобини юритишда фойдаланилади.


9. Номоддий активлар ҳисобини юритишда қуйидаги ҳолатлар Стандарт талабларига татбиқ этилмайди:

бошқа стандартлар талабларига жавоб берадиган активлар;

нефт, табиий газ ва шунга ўхшаш қайта тикланмайдиган фойдали қазилма ресурсларини қазиб олиш ва ишлаб чиқариш харажатлари;

қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида белгиланган ҳуқуқлар ва ваколатлар;

сотиш учун мўлжалланган узоқ муддатли номоддий активлар;

иқтисодий фойда келтирмайдиган маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган номоддий активлар.


10. Номоддий активлар ахборот ташиш воситасида жойлаштирилади  ёки сақланади. Бунда компакт-диск (компьютер дастурий таъминоти сифатида), ҳуқуқий ҳужжатлар (лицензия ёки патент) ёки фотоплёнкаларга жойлаштирилади ёки сақланади.


11. Ташкилотлар активларни моддий ҳамда номоддий жиҳатларига эътибор берган ҳолда, қайси жиҳати муҳимлигига қараб ҳисобга олади (масалан, самолёт учун дастурий таъминот самолётнинг ажралмас қисми бўлиб бу асосий восита сифатида ҳисобга олинади. Худди шу ҳолат компьютернинг оператив хотирасига ҳам қўлланилганда, яъни дастур активнинг ажралмас қисми бўлмаса, унда ушбу дастур номоддий актив сифатида қабул қилинади).


12. Стандарт реклама, таълим, дастлабки харажатлар ҳамда тадқиқот  ва ривожлантириш харажатлари каби ҳолатларни ҳисобга олинишида қўлланилади. Тадқиқот ва ишлаб чиқаришнинг мақсади билим олиш ҳисобланади. Мазкур фаолият туфайли келиб чиққан актив жисмоний шаклга эга бўлса ҳам номоддий актив сифатида тан олинади.


13. Моддий ва номоддий активлар молиявий ижаранинг предмети ҳисобланади. Ташкилотлар активни дастлаб ҳисобга олганида, ижарачи Стандартга мувофиқ молиявий ижара шартномаси доирасида олинган номоддий активлар ҳисобини юритади. Фильмлар, видеолар, пьесалар, қўлёзмалар, патентлар  ва муаллифлик ҳуқуқи каби асарларга доир лицензия шартномалари бўйича ҳуқуқлар бошқа стандартлар талаблари асосида ҳисобга олинмаганлиги сабабли Стандарт талаблари доирасида ҳисобга олинади.



3-БОБ. МАДАНИЙ ВА ТАРИХИЙ АҲАМИЯТГА

ЭГА БЎЛГАН НОМОДДИЙ АКТИВЛАР


14. Ташкилотлар маданий-тарихий аҳамиятга эга бўлган иқтисодий фойда келтирмайдиган активларни актив сифатида ҳисобга олинишини бошқа стандартлар асосида амалга оширади. Ташкилотлар маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган номоддий активлар иқтисодий фойда келтирган ҳолларда уларни ҳисобга олиш, баҳолаш ва маълумотларни ошкор этиши учун Стандарт талабларидан фойдаланади.


15. Баъзи активлар маданий, тарихий ёки экологик хусусиятига кўра маданий ва тарихий қийматига эгалиги туфайли номоддий актив сифатида акс эттирилади. Мазкур активларга муҳим тарихий ҳодисалар ёзиб қолдирилган материаллар ёки машҳур шахслар портретларидан почта маркалари ёки тангалар коллекциясида фойдаланиш ҳуқуқи кириши мумкин.

Маданий ва тарихий аҳамиятга эга номоддий активларни қуйидаги хусусиятларга мувофиқ таърифланади:

активнинг маданий, экологик ва тарихий хусусиятларига кўра фаол бозор баҳосига асосланган ҳолда молиявий қийматини акс эттириб бўлмаслиги;

қонун ҳужжатлари билан тақиқлар ёки чекловлар натижасида сотиш йўли билан активнинг чиқиб кетиши;

қийматнинг вақт ўтиши билан ортиши;

фойдали хизмат муддатини аниқлаш мураккаблиги, баъзи ҳолларда фойдали хизмат муддати бир неча юз йил давом этиши.


16. Тарихий ва маданий қийматни ифодаловчи баъзи маданий-тарихий аҳамиятга эга номоддий активлар келажакда иқтисодий фойда ёки хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Бунга тарихий ёзмадан фойдаланганлик учун бериладиган роялтини мисол бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда ташкилотлар маданий-тарихий аҳамиятга эга номоддий активларни даромад келтирувчи номоддий активлар ҳисобида юритади ва қийматини аниқлайди.



4-БОБ. НОМОДДИЙ АВТИВЛАРНИНГ

КЕЛИБ ТУШИШИ ВА ҲИСОБГА ОЛИШ


17. Номоддий активлар фақат қуйидаги ҳолларда ҳисобга олинади:

ташкилотлар активдан келажакда иқтисодий фойда олиши ёки хизмат кўрсатиш имконияти бўлганда;

активнинг таннархи ёки ҳақиқий қийматини ишончли тарзда аниқланганда.


18. Номоддий активлар дастлаб Стандарт талабларига мувофиқ баҳоланади. Номоддий актив алмашув бўлмаган операция доирасида олинган тақдирда, унинг дастлабки қиймати олинган санадаги ҳақиқий қийматига кўра баҳоланади.


19. Фойдаланишга олинган номоддий активлар фойдаланувчи ташкилот томонидан шартномага киритилган баҳода балансдан ташқари счётда ҳисобга олинади.


20. Келиб тушадиган номоддий активларнинг қиймати ташкилот балансига киритилади.


21. Номоддий активлар қуйидагилар натижасида ташкилот балансига киритилади:

ишлаб чиқиш тугаганидан сўнг яратилган объектни қабул қилиш-топшириш;

олди-сотди шартномаси бўйича объектни сотиб олиш;

беғараз келиб тушиш;

давлат субсидиялари ҳисобига олиш;

айирбошлаш;

ортиқча (ҳисобга олинмаган) номоддий активлар объектларини аниқлаш;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларга кўра.


22. Ташкилотлар номоддий активни сотиб олиш учун тўлайдиган нархни мавжуд бўлган иқтисодий фойда ёки хизмат кўрсатиш имконияти бўйича акс эттиради.


23. Ташкилотлар сотиб олинган номоддий активнинг қийматини фаол бозордаги қиймати асосида ишончли тарзда аниқлаши лозим.


24. Сотиб олинган номоддий активларнинг қиймати қуйидагиларни ўз ичига олади:

ҳуқуқдан воз кечиш (сотиб олиш) шартномасига мувофиқ ҳуқуқ эгасига (сотувчига) тўланган суммалар;

ҳуқуқ эгасининг мутлақ ҳуқуқидан воз кечиши (сотиб олиш) муносабати билан амалга оширилган рўйхатдан ўтказиш йиғимлари, давлат божлари, патент божлари ва бошқа шунга ўхшаш тўловлар;

номоддий активнинг сотиб олиш имтиёзлари ва чегирмаларини чегириб ташлаган ҳолда импорт солиқлари ва харид учун қопланмайдиган солиқларни ўз ичига олган сотиб олиш баҳосини;

божхона божлари ва йиғимлари;

номоддий активларни сотиб олиш муносабати билан тўланадиган солиқлар  ва бошқа мажбурий тўловлар суммалари (агар улар қопланмаса);

номоддий активларни сотиб олиш билан боғлиқ ахборот ва маслаҳат хизматлари учун тўланган суммалар;

номоддий активлар улар орқали сотиб олинган воситачиларга тўланадиган ҳақлар;

номоддий активлар объектларини етказиб бериш таваккалчилигини суғурталаш бўйича харажатлар;

активдан мақсадга кўра фойдаланиш учун уни яроқли ҳолатга келтириш билан бевосита боғлиқ бошқа харажатлар.

Сотиб олинган номоддий активларга ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар, сотиб олиш бўйича контрактларни тайёрлаш ва рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ харажатлар ҳамда активларни сотиб олиш билан бевосита боғлиқ бўлмаган бошқа харажатлар номоддий активларнинг бошланғич қийматига киритилмайди, балки улар содир бўлган ҳисобот даврида ҳақиқий харажатлар сифатида ҳисоботларда акс эттирилади.

Ташкилотнинг ўзи томонидан яратилган (ишлаб чиқилган) номоддий активларнинг бошланғич қиймати ушбу номоддий активларни ишлаб чиқаришга сарфланган ҳақиқий харажатлар суммаси сифатида аниқланади.


25. Тўғридан-тўғри харажатларга қуйидагилар киради:

активни ишчи ҳолатига келтиришга бевосита алоқадор ходимларга бериладиган мукофот пуллари;

активни иш ҳолатига етказиш билан бевосита боғлиқ бўлган профессионал хизматларга ҳақ тўлаш харажатлари;

активнинг ишлашини текшириш харажатлари.


26. Қуйидагилар номоддий активларнинг қийматига киритилмайди:

янги маҳсулот ёки хизматни жорий қилиш билан боғлиқ харажатлар (шу жумладан, рекламанинг қиймати ва уларни сотиш бўйича харажатлар);

янги жойда ёки янги мижозлар тоифасида ишлаш билан боғлиқ харажатлар (шу жумладан ходимларни тайёрлаш харажатлари);

маъмурий ва бошқа умумий устама харажатлар.


27. Харажатларни номоддий активнинг баланс қийматида ҳисобга олиниши активнинг бошқарув мақсадларига мувофиқ фойдаланиш учун мос келадиган ҳолатга келгандан сўнг тўхтатилади. Номоддий активни фойдаланиш ёки қайта жойлаштириш харажатлари ушбу активнинг баланс қийматига киритилмайди (масалан, активнинг фойдаланишга тайёр бўлгандан кейинги амалга оширилган харажатлар).



5-БОБ. АЛМАШУВ БЎЛМАГАН ОПЕРАЦИЯЛАР

ОРҚАЛИ СОТИБ ОЛИНГАН НОМОДДИЙ

АКТИВЛАР


28. Номоддий активлар алмашув бўлмаган операциялар орқали сотиб олиниши ҳам мумкин. Бунда ташкилотлар радио ва телевидение станцияларидан фойдаланиш учун лицензия, импорт ёки квоталарга лицензия ёки бошқа воситалардан фойдаланиш ҳуқуқи каби номоддий активларни ўтказганда юзага келади (масалан, совриндор жисмоний шахслар ўзларининг шахсий ғолиблик ҳужжатларини, шу жумладан нашрлардаги муаллифлик ҳуқуқини миллий архивга алмашув бўлмаган операция орқали топширишлари).

Номоддий активлар алмашув бўлмаган операциялар орқали олинганда активни сотиб олинган кундаги қиймати унинг ҳақиқий қиймати ҳисобланади. Ташкилотлар Стандарт талабларига мувофиқ алмашув бўлмаган операциялар асосида олинган номоддий активларни ҳақиқий қиймати бўйича сотиб олганлиги учун уни ҳисобга олиш вақтида қайта баҳолашни амалга оширмайди. Агар келгуси ҳисобот даврларида номоддий активларни қайта баҳоланадиган бўлса, у ҳолда Стандартнинг 50-бандида кўрсатилган қайта баҳолаш талаблари асосида амалга оширилади.



6-БОБ. ГУДВИЛЛ ҲИСОБИНИНГ

ХУСУСИЯТЛАРИ


29. Ташкилотнинг ўзи яратган гудвилл актив сифатида акс эттирилмаслиги керак, чунки у ташкилотни сотиб олиш пайтида харид қилиш нархи билан мазкур ташкилотни ташкил қилувчи активларнинг ҳақиқий нархи ўртасидаги фарқ сифатида юзага келади.


30. Харид қилинган гудвиллнинг миқдори ҳисоб-китоб қилиш йўли билан, харид қилинаётган активнинг ҳақиқий қиймати билан уни харид қилиш санасидаги активнинг соф бозор қиймати ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади.


31. Гудвилл бўйича амортизация ажратмалари унинг фойдали хизмат муддати мобайнида бошланғич қийматини камайтириш йўли билан бухгалтерия ҳисобида акс эттирилади.

Молиявий ҳисоботда гудвиллнинг қиймати тегишли ҳисобот даврида амалга оширилган ҳисобдан чиқаришларни чегирган ҳолда акс эттирилади.


32. Ташкилотлар иқтисодий манфаатлар ёки хизмат кўрсатиш имкониятини яратиш мақсадида номоддий активларни ишлаб чиқишга сабаб бўлмайдиган харажатлар қилиши мумкин. Бундай харажатлар ички жорий этилган гудвиллнинг шаклланишидаги харажатлари деб аталади. Ички жорий этилган гудвилл актив сифатида тан олинмайди, чунки бу активлар ташкилот томонидан назорат қилинадиган ва ҳақиқий қийматини ишончли тарзда баҳолаш имконини берадиган ресурс ҳисобланмайди.



7-БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИЛГАН

НОМОДДИЙ АКТИВЛАР


33. Ишлаб чиқарилган номоддий активни ҳисобга олиш мезонларига мос келишини баҳолаш учун ташкилотлар номоддий активни ишлаб чиқариш жараёнини қуйидагиларга ажратади:

тадқиқот босқичи;

ишлаб чиқиш босқичи.


34. Агар ташкилотлар номоддий активларни ишлаб чиқаришга қаратилган ички лойиҳада тадқиқот босқичини ишлаб чиқариш босқичидан ажрата олмаса, ташкилотлар бундай лойиҳа сарф-харажатларини фақат тадқиқот босқичида бўлганидек ҳисобга олади.


35. Тадқиқот натижасида (ёки ички лойиҳа доирасида тадқиқотни амалга ошириш босқичида) бўлган номоддий активларнинг ҳеч бири актив сифатида ҳисобга олинмайди. Тадқиқотнинг сарф-харажатлари (ёки ички лойиҳа доирасида тадқиқотни амалга ошириш босқичида) уларнинг келиб чиқиши вақтида харажатлар сифатида тан олинади.


36. Ички лойиҳанинг тадқиқот босқичида ташкилотлар келажакда иқтисодий фойда ёки хизмат кўрсатиш имкониятини юзага келтирадиган номоддий активни мавжудлигини намойиш этмайди. Тегишли харажатлар келиб чиқиши вақтида харажатлар сифатида тан олинади.


37. Тадқиқот фаолияти сифатида:

янги билимларни олишга қаратилган фаолият;

тадқиқот натижаларини ёки бошқа билимларни қўллаш соҳаларини излаш, баҳолаш ва якуний танлаш;

муқобил материаллар, ускуналар, маҳсулотлар, жараёнлар, тизимлар ёки хизматларни қидириш;

янги ёки такомиллаштирилган материаллар, қурилмалар, маҳсулотлар, жараёнлар, тизимлар ёки хизматлар ўрнини босувчиларни шакллантириш, лойиҳалаштириш, баҳолаш ва якуний танлаш киритилиши мумкин.


38. Ишлаб чиқилган (ёки ички лойиҳада ишлаб чиқишнинг амалга оширилиш босқичи) активлар қуйидаги мезонларга жавоб берса номоддий актив сифатида тан олинади:

номоддий активларни ишлатиш ёки сотиш учун тўлақонли техник тугатиш имкониятининг борлиги;

номоддий активни ишлаб чиқиш жараёнини якунлаш ва ишлатиш ёки сотиш мақсади борлиги;

номоддий активларни ишлатиш ёки сотиш имконияти мавжудлиги;

номоддий активнинг келажакдаги иқтисодий фойдани ёки хизмат кўрсатиш имкониятини шакллантириши;

номоддий активни ишлаб чиқариш ва фойдаланиш ёки сотиш учун етарли техник, молиявий ва бошқа ресурсларнинг мавжудлиги;

номоддий актив билан боғлиқ харажатларни аниқлаш имкони мавжудлиги.


39. Ташкилотлар ички лойиҳа доирасида ишлаб чиқиш босқичидаги номоддий активни идентификация қилиши ва бу активнинг келажакдаги иқтисодий фойдаларини ёки хизмат кўрсатиш имкониятини олиб келишини кўрсатади.


40. Ишлаб чиқиш босқичига қуйидагилар киради:

ишлаб чиқиш ёки фойдаланишдан олдин намуна ва моделларни лойиҳалаш, қуриш ва синовдан ўтказиш;

янги технологиялар ҳисобланган асбоблар, намуналар, шакллар  ва штампларни лойиҳалаштириш;

иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлмаган, яъни сотиш мақсадида ёки хизмат кўрсатиш учун ишлаб чиқилаётган тажриба ускуналарини лойиҳалаш, қуриш ва ишлатиш;

янги ёки такомиллаштирилган материаллар, асбоблар, маҳсулотлар, жараёнлар, тизимлар ёки хизматларга нисбатан танланган муқобилларни лойиҳалаш, қуриш ва синовдан ўтказиш;

веб-сайт ва дастурий таъминотни ишлаб чиқариш харажатлари.


41. Ташкилотлар томонидан қўлланиладиган калькуляция ҳисоб-китоби номоддий активларни ишлаб чиқиш бўйича харажатларнинг аниқ ҳисоблаш имконини беради (масалан, иш ҳақи, муаллифлик ҳуқуқи, лицензияларни ёки компьютер дастурлари каби ишлаб чиқишда юзага келадиган бошқа харажатлар).


42. Ташкилот томонидан товар белгилари, титул маълумотлари, нашриёт ҳуқуқи, мижозлар рўйхатига сарфланган харажатларни ташкилот фаолиятини ривожлантириш харажатларидан фарқлаб бўлмайди. Шунинг учун, бундай активлар номоддий актив сифатида тан олинмайди.


43. Мустақил ишлаб чиқарилган номоддий активнинг қиймати ушбу активни ишлаб чиқиш, ишлатиш ва тайёрлаш учун зарур бўлган барча тўғридан-тўғри харажатларни ўз ичига олади.


44. Тўғридан-тўғри харажатларга қуйидагилар киради:

номоддий активни ишлаб чиқишда фойдаланилган ва ишлатилган материаллар ва хизматлар харажатлари;

номоддий активни яратиш билан боғлиқ ишчиларни рағбатлантириш харажатлари;

ҳуқуқни рўйхатга олиш харажатлари;

номоддий активни ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган патентлар ва лицензияларнинг амортизацияси.


45. Қуйидаги кўрсаткичлар ташкилотнинг ўзи томонидан ишлаб чиқилган номоддий актив таннархига киритилмайди:

реализация, маъмурий ва бошқа устама харажатлар;

режалаштирилган вазифаларни бажаришдан олдин амалга оширилган самарасизликлар ва дастлабки операцион зарарлар;

активни ишлатиш учун кадрларни тайёрлаш харажатлари.



8-БОБ. ХАРАЖАТЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ


46. Номоддий активларга қилинган харажатларни улар содир этилган даврда ҳисобга олинади, номоддий активнинг таннархига киритилиш мезонларига жавоб берадиган ҳолатлар бундан мустасно.

Бунда, ташкилотлар келажакда иқтисодий фойда ёки хизмат кўрсатиш имкониятини яратиш учун харажатлар амалга оширади (ушбу ҳолатда таннархга киритиладиган номоддий ёки бошқа активларнинг сотиб олиниши ва ишлаб чиқарилиши мустасно) ва улар юзага келган ҳисобот даврида харажатлар сифатида тан олинади.


47. Ҳисобот давридаги харажатларга қуйидагилар киради:

тадқиқот харажатлари;

ишлаб чиқишга тайёрлаш учун харажатлар (яъни бошланғич харажатлар), асосий воситалар таннархига қўшиладиган харажатлар бундан мустасно. Бошланғич харажатларга ташкил этиш харажатлари, юридик шахс ташкил этилгандаги адвокатлар ва котиблар харажатлари, янги ташкилот ёки фаолият турини (яъни, ишга тушириш учун сарфланган харажатлар) очиш ёки янги фаолиятни бошлаш ёки янги маҳсулотни ишлаб чиқариш харажатлари (яъни операцияолди харажатлари) киради.

ходимларни тайёрлаш харажатлари;

реклама ва реклама фаолияти харажатлари (шу жумладан, почта товарлари ва ахборот нашрлари;

ташкилот ёки унинг бирор қисмини кўчириш ёки қайта ташкил этиш харажатлари.


48. Ташкилот томонидан кўрсатилган хизматлар ва товарлар учун аванс тўловни актив сифатида тан олинади.


49. Дастлаб Стандарт доирасида номоддий активларга сарфланган харажатлар харажат сифатида ҳисобга олинса, кейинги даврларда номоддий активнинг таннархи қисмида ҳисобга олиниши мумкин эмас.



9-БОБ. ҲИСОБГА ОЛГАНДАН

КЕЙИН БАҲОЛАШ


50. Ташкилот таннарх бўйича ҳисоблаш моделини ва қайта баҳолаш қиймати бўйича ҳисоб сиёсатини амалга оширади. Агарда номоддий актив қайта баҳолаш модели бўйича ҳисобланаётган бўлса, у билан бир таснифдаги барча активлар ҳам шу моделда ҳисобланиши керак, агарда улар учун фаол бозор мавжуд бўлса, у холда бу усулдан фойдаланилмайди.


51. Ташкилот фаолиятида қўлланилиши ва улар хусусиятларини ўхшашлиги жиҳатидан гуруҳланиши номоддий активлар синфини ташкил қилади. Шу сабабли кирим қилиниш санасидан қатъий назар бир синфга тааллуқли номоддий активлар бир вақтнинг ўзида қайта баҳоланади.


52. Дастлабки ҳисобга олинишда номоддий актив қиймати жами амортизацияси чегириб ташланган ҳолда ҳисобга олинади ва шу қиймат бўйича қайта баҳоланади.

Стандартга кўра қайта баҳолаш мақсадида активнинг ҳақиқий қиймати аниқлаш мавжуд фаол бозор маълумотларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Ҳисобот даврида активнинг баланс қиймати унинг ҳақиқий қийматидан сезиларли даражада фарқ қилмаслиги учун ўз вақтида қайта баҳоланиши керак.


53. Қайта баҳолаш модели қуйидагиларга йўл қўймайди:

аввал актив сифатида ҳисобга олинмаган номоддий активларни қайта баҳолашга;

номоддий активларни дастлабки қийматини таннархдан паст қийматда ҳисобга олинишига.


54. Қайта баҳолаш бўйича ҳисоблашлар активнинг таннарх бўйича ҳисоблангандан кейин амалга оширилади. Активнинг бир қисми ишлаб чиқариш жараёнида қатнашган бўлса ёки номоддий актив таннархининг фақат бир қисми актив сифатида ҳисобга олинган бўлса, қайта баҳолаш бутун активга нисбатан қўлланилади. Шунингдек, қайта баҳолаш модели, алмашинув бўлмаган операция натижасида олинган номоддий активга нисбатан ҳам қўлланилади.


55. Ташкилотлар номоддий активларни қайта баҳолашда фаол бозор маълумотлари асосида аниқ белгилаш мумкин бўлган шартларда, қайта баҳолаш санасидаги ҳақиқий қийматни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида амалга оширади.


56. Қайта баҳолашнинг такрорийлиги қайта баҳоланадиган номоддий активнинг ҳақиқий қийматини ўзгарувчанлигига боғлиқ. Қайта ҳисобланган активнинг ҳақиқий қиймати унинг баланс қийматидан сезиларли даражада фарқ қилса, яна бир марта қайта баҳолаш талаб этилади. Баъзи номоддий активларнинг ҳақиқий қийматида сезиларли ўзгаришлар бўлади, бу эса уларнинг ҳар йили қайта баҳоланишини талаб қилади. Ҳақиқий қийматида фақат кичик ўзгаришлар бўладиган номоддий активлар такрорий қайта баҳоланмайди.


57. Номоддий активларни қайта баҳолашда уларнинг қайта баҳолаш санасидаги жами амортизацияси номоддий активларнинг бошланғич қийматини ўзгартиришнинг тегишли индексларига асосан тузатилади ҳамда кейинчалик амортизацияни ҳисоблаш қайта баҳоланган қийматидан амалга оширилади. Қайта баҳолаш индекси номоддий активнинг жорий қийматини унинг бошланғич қийматига бўлиш йўли билан аниқланади.


58. Фаол бозор маълумотларидан фойдаланган ҳолда қайта баҳоланган номоддий активнинг ҳақиқий қийматини аниқлашнинг имкони бўлмаса, бунда активнинг баланс қиймати охирги марта фаол бозор маълумотларидан фойдаланган ҳолда қайта баҳоланган қиймати бўйича қайта баҳоланади, бунда жами амортизация ва ҳар қандай кейинги қадрсизланиш чегириб ташланади.


59. Агар қайта баҳолаш натижасида номоддий активнинг баланс қиймати ошса, бу қиймат тўғридан-тўғри қайта баҳолаш натижасидаги ўсиш қайта баҳолаш счётининг кредитида акс эттирилади. Шу билан бирга, бундай ўсиш ёки олдинги қийматни қайта баҳолаш натижасида қийматнинг пасайиш миқдори фойда ёки зарар сифатида акс эттирилади.



10-БОБ. НОМОДДИЙ АКТИВЛАРНИНГ

ФОЙДАЛИ ХИЗМАТ МУДДАТИ


60. Ташкилотлар номоддий активнинг фойдали хизмат муддати чекланган ёки ноаниқлигини аниқлаши керак. Фойдали хизмат муддати чекланган ҳолларда муддатнинг давомийлиги шу муддатда ишлаб чиқариш бирликлари миқдори ёки хизмат кўрсатиш имконияти муддати деб ҳисобланади. Агар мавжуд омилларнинг барчаси, яъни актив ўз хизмати давомида ташкилот учун даромад ёки зарар ёхуд хизмат кўрсатиш имкониятини давомийлиги аниқлаш имкони йўқлигини кўрсатса, ташкилот номоддий активни ноаниқ фойдали хизмат давомийлигига эга деб ҳисоблайди.


61. Номоддий активнинг ҳисоби унинг фойдали хизмат муддатига боғлиқ бўлади. Чекланган фойдали хизмат муддатига эга номоддий актив учун амортизация ва аксинча, ноаниқ фойдали хизмат муддатига эга номоддий активлар учун амортизация ҳисобланмайди.


62. Номоддий активнинг фойдали хизмат муддатини аниқлашда кўплаб омиллар билан бир қаторда қуйидагилар ҳам ҳисобга олинади:

ушбу активни ташкилот томонидан мақсадли фойдаланилиши ва самарали фойдаланишига имконияти;

маҳсулот (ишлар, хизматлар) хизмат муддати ушбу номоддий активга қўлланилиши;

эскиришнинг техник, технологик ва бошқа турларини;

белгиланган актив фаолият кўрсатаётган соҳанинг барқарорлиги ёки ушбу активдан олинган хизматлар ёки маҳсулотлар учун бозор талабининг ўзгариши;

рақобатчилар ёки потенциал рақобатчиларнинг мўлжалланган ҳаракатлари;

кутилаётган иқтисодий фойдаларни олиш учун зарур бўлган активларни сақлаб туриш ва хизмат кўрсатиш харажатлари даражасини таъминлаш қобилияти;

активни назорат қилиш муддати ва ушбу активдан фойдаланиш бўйича қонуний ёки шунга ўхшаш чеклашлар, масалан, тегишли ижара шартномаларининг амал қилиш муддати;

тегишли активнинг фойдали хизмат муддати ташкилотнинг бошқа активларини фойдали хизмат муддатига боғлиқлиги.


63. Технология соҳасида юз бераётган тезкор ўзгаришлар туфайли, компьютер дастурлари ва шу каби номоддий активлар технологик жиҳатдан тез эскиради, шу сабабли, уларнинг фойдали хизмат муддати қисқа бўлади.


64. Битимлардан келиб чиқадиган номоддий активларнинг фойдали хизмат муддати унинг амал қилиш муддатидан ошиб кетмаслиги керак, лекин ташкилот активдан фойдаланишни назарда тутган даврга боғлиқ ҳолда қисқа бўлиши мумкин. Агар шартномалар узайтириш шарти билан чекланган муддатга тузиладиган бўлса, ушбу номоддий активнинг фойдали хизмат муддати фақат харажатларсиз амалга оширилиши мумкин бўлган ҳолдагина белгиланади.


65. Номоддий активнинг фойдали хизмат муддатига иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва ҳуқуқий каби омиллар таъсир қилади. Иқтисодий, сиёсий ёки ижтимоий омиллар ташкилотнинг келажакда иқтисодий манфаатлар ёки хизмат кўрсатиш имкониятини олиши мумкин бўлган даврни белгилаб беради. Ҳуқуқий омиллар ушбу ташкилотнинг иқтисодий фойда ёки хизмат кўрсатиш имкониятини олиш даврини чеклаб қўйиши мумкин. Фойдали хизмат муддати ушбу омиллар томонидан белгиланган даврларнинг энг қисқасини акс эттиради.


66. Бошқа омиллар билан бир қаторда, қуйидаги омилларнинг мавжудлиги шартномаларни харажатларсиз узайтиришни амалга ошириш имкониятини яратади:

шартномаларни олдинги тажрибага асосланиб, узайтирилишига далилларнинг мавжудлиги;

узайтиришни амалга ошириш учун зарур бўлган барча шартлар бажарилиши ҳақида далилларнинг мавжудлиги;

ташкилот шартномани узайтиришга қилган харажатлари унинг келгусидаги иқтисодий фойда ёки хизмат кўрсатиш имкониятига нисбатан жуда оз миқдорини ташкил этиши.


67. Агар шартнома муддатини узайтириш харажатлари олинадиган иқтисодий фойдаларга ёки хизмат кўрсатиш имкониятга нисбатан катта бўлса, бу узайтириш харажатлари узайтирилган санадан бошлаб янги номоддий активни сотиб олиш харажатлари ҳисобланади.


68. Чекланган фойдали хизмат муддатига эга номоддий активнинг амортизация қиймати мунтазам равишда унинг фойдали хизмат муддатида тақсимланади. Амортизация ушбу активни ишлатиш учун тайёр ҳолга келган пайтдан бошлаб ҳисобланади. Активларни сотиш (ёки сотиш мақсадида чиқиб кетиш счётларида акс эттириш) ёки ҳисобга олиш даври тўхтатилган ҳолатларидан қайси бирининг биринчи юзага келишига қараб активга нисбатан амортизация ҳисоблаш тўхтатилади.

Амалдаги амортизация усули ташкилотнинг келажакдаги иқтисодий фойдаларини ёки хизмат кўрсатиш имкониятини ишончли тарзда аниқлаш имкони бўлмаса, унда амортизациянинг тўғри чизиқли усули қўлланилади.


69. Амортизация қилинадиган қийматларни мунтазам равишда фойдали хизмат муддатига тақсимлаш учун турли амортизация усулларидан фойдаланилади. Ушбу усулларга тўғри чизиқ усули, қолдиқ қийматни камайтириш усули ва ишлаб чиқарилган миқдордан ҳисоблаш усуллари киради. Амалдаги усул, келажакдаги иқтисодий фойдаларнинг ёки хизмат кўрсатиш имкониятининг истеъмол қилиш шакли ёки актив таркибидаги хизмат кўрсатиш салоҳияти асосида белгиланади, бундан кутилаётган иқтисодий фойдаларнинг ёки хизмат кўрсатиш имкониятининг ўзгариши мустасно.


70. Амортизация одатда фойда ёки зарар сифатида тан олинади. Бироқ, баъзида активнинг кутилаётган иқтисодий фойдаси бошқа активларни ишлаб чиқариш жараёнида ўзлаштириб юборилади. Бу ҳолда тўпланган амортизация бошқа актив қийматининг бир қисмини ташкил этади ва унинг баланс қийматига киритилади. Масалан, ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланиладиган номоддий активлар товар-моддий захираларининг баланс қийматига киритилади.



11-БОБ. НОМОДДИЙ АКТИВЛАРНИ ТУГАТИШ

ҚИЙМАТИ ВА ФОЙДАЛИ ХИЗМАТ МУДДАТИНИ

БАҲОЛАШ ТАҲЛИЛИ


71. Қуйидаги ҳоллардан ташқари чекланган фойдали хизмат муддатига эга номоддий активнинг тугатиш қиймати нолга тенг бўлади:

активни унинг фойдали муддати тугаши билан сотиб олиши учун учинчи томон мажбурияти мавжуд бўлса;

ушбу актив учун фаол бозор мавжуд бўлса:

активнинг тугатиш қиймати фаол бозор маълумотидан фойдаланиб аниқланиши мумкин бўлганда;

бундай бозор активнинг фойдали муддати охирида мавжуд бўлганда.


72. Чекланган муддатга эга бўлган активнинг амортизация қиймати унинг тугатиш қийматини чиқариб ташлагандан сўнг аниқланади. Нолга тенг бўлмаган тугатиш қиймати ташкилотларнинг номоддий активни фойдали хизмати муддатигача сотилиши мумкин.


73. Амортизация ҳисобланмайдиган номоддий активларнинг фойдали хизмат муддати ҳар бир ҳисобот даврида активнинг фойдали хизмат муддати ноаниқ деб тасдиқланишини аниқлаш учун таҳлил қилиниши керак. Агар улар бундай баҳолашни тасдиқламаса, унда фойдали хизмат муддатининг чекланганга ўзгартирилиши лозим.


74. Номоддий активнинг фойдали хизмат муддатини ноаниқдан чекланганга ўзгартирилиши шу активнинг қадрсизланишининг белгисидир. Натижада, ушбу активни, тикланадиган қийматини унинг баланс қиймати билан солиштирилади  ва қайта тикланишдан баланс қийматининг ошишини қадрсизланишдан зарар сифатида қабул қилади.



12-БОБ. НОМОДДИЙ АКТИВЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШНИ ТЎХТАТИШ ВА

ЧИҚАРИБ ЮБОРИШ


75. Номоддий активларнинг ҳисобга олиниши қуйидаги ҳолларда тўхтатилади:

ўзининг чиқиб кетиши туфайли (шу жумладан алмашинув бўлмаган операциялар орқали);

унинг фойдаланилишидан ёки чиқиб кетишидан келажакда иқтисодий фойда ёки хизмат олиш имконияти кутилмаётган бўлса.


76. Номоддий активни ҳисобга олишни тўхтатиш натижасида келиб тушадиган фойда ёки зарарни баланс қиймати ўртасидаги фарқ сифатида ҳисобга олинади. Улар активни ҳисобга олишни тўхтатишдан келиб чиқадиган фойда ёки зарар таркибида ҳисобга олинади.


77. Номоддий активни чиқариб юборилиши турли йўллар билан амалга оширилиши мумкин (масалан, сотиш, тугатиш, айирбошлаш, молиявий ижара шартномаси, алмашинув бўлмаган операциялар, камомад фактини аниқлаш ва бошқалар).


78. Чекланган фойдали хизмат муддатига эга номоддий активнинг амортизация ҳисоби актив ишлатилмаётган бўлса тўхтатилмайди, сотиш учун мўлжалланган ёки амортизацияси тўлиқ ҳисобланилган ҳолатлар бундан мустасно.



13-БОБ. НОМОДДИЙ АКТИВЛАРНИ

ИНВЕНТАРИЗАЦИЯДАН ЎТКАЗИШ


79. Номоддий активлардан фойдаланишга доир ҳуқуқларини тасдиқлайдиган ҳужжатларнинг ҳақиқатда мавжудлиги, балансда номоддий активларни тўғри ва ўз вақтида акс эттирилганлигини аниқлаш ва уларнинг сақланишини назорат қилиш мақсадида ташкилотлар томонидан вақти-вақти билан, бироқ икки йилда камида бир марта номоддий активлар инвентаризациядан ўтказилади.


80. Инвентаризацияда аниқланган ортиқча номоддий активлар даромадлар сифатида акс эттирилади. Инвентаризация вақтида камомад факти аниқланган етишмаётган номоддий активлар айбдор шахслар аниқлангунга қадар камомадларни ҳисобга олувчи счётда акс эттирилади.



14-БОБ. АХБОРОТНИНГ ОШКОР ЭТИЛИШИ


81. Ташкилот ишлаб чиқарилган номоддий активларни ва бошқа номоддий активлар ўртасидаги фарқни ҳисобга олган ҳолда, ҳар бир номоддий актив учун ҳисоб сиёсатини қуйидаги маълумотлар орқали ошкор этиши керак:

мос активларнинг фойдали хизмат муддати ноаниқлиги ёки чекланганлигини, агар чекланган бўлса фойдали хизмат муддати ёки амортизация нормалари қўлланилишини;

фойдали хизмат муддатига эга номоддий активлар учун қўлланиладиган амортизация усуллари;

давр боши ва охирида баланс қиймати ҳамда унинг жами амортизацияси (қадрсизланишдан тўпланган зарарлар билан ҳисобланган);

номоддий активларнинг ҳар қандай амортизациясига киритилган моддалар (фойда ва зарар таркибига киритилган);

давр боши ва охирида баланс қиймати.


82. Агар номоддий активлар қайта баҳоланган қийматда сақланса, ташкилотлар номоддий активларнинг синфига кўра қуйидаги маълумотларни очиб беришлари лозим:

қайта баҳолаш амалга оширилган сана;

қайта баҳоланган номоддий активларнинг баланс қиймати;

номоддий активларнинг қайта баҳоланган гуруҳи белгиланган таннархни қайта ҳисоблаш усулида келтирилгандек, тан олинган баланс қийматни;

давр боши ва охирида ҳисобот давридаги ўзгаришларни ва ташкилотлар ўртасидаги мувозанатни тақсимлаш бўйича чеклашларни кўрсатган ҳолда номоддий активлар билан боғлиқ қайта баҳолашнинг қўшимча суммасини;

активларнинг ўртача қийматини ҳисоблашда фойдаланиладиган усуллар ва сезиларли хатоликларни.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 24 июнь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 28 июнь, 26-сон, 471-модда