ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ёқилғи-энергетика комплекси / Нефть ва газ соҳасида бошқарув /

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.06.2019 й. 520-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 24 июндаги

520-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги

ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан

фойдаланишни назорат қилиш

инспекцияси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг (кейинги ўринларда "Ўзнефтгазинспекция" деб аталади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериши тартибини, шунингдек, "Ўзнефтгазинспекция" раҳбариятининг функционал мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилайди.


2. "Ўзнефтгазинспекция" нефть, газ, газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, сотиш ҳамда уларни қайта ишлаш маҳсулотларидан (кейинги ўринларда нефть, нефть маҳсулотлари ва газ деб аталади) фойдаланиш соҳасида давлат назоратини амалга ошириш бўйича ваколатли орган ҳисобланади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигига (кейинги ўринларда Энергетика вазирлиги деб аталади) ҳисобот беради.

"Ўзнефтгазинспекция" қабул қилинган ваколатлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекциясининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади.


3. "Ўзнефтгазинспекция" ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига, Энергетика вазирлигининг қарорларига ҳамда ушбу Низомга амал қилади.


4. "Ўзнефтгазинспекция"нинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


5. "Ўзнефтгазинспекция" юридик шахс ҳисобланади, бюджет ва бошқа банк ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ҳамда ўз фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси номи ёзилган бланкаларга эгадир.

"Ўзнефтгазинспекция"нинг ҳудудий бўлинмалари юридик шахс мақомига эга эмас.


6. "Ўзнефтгазинспекция"нинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси;

қисқартирилган номи - "Ўзнефтгазинспекция";

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Инспекция по контролю за использованием нефтепродуктов и газа при Министерстве энергетики Республики Узбекистан;

қисқартирилган номи - Узнефтегазинспекция;

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - The inspection for oil products and gas usage control under the Ministry of Energy of the Republic of Uzbekistan;

қисқартирилган номи - Uzoilgasinspection.


7. "Ўзнефтгазинспекция" жойлашган жой: (почта манзили) Тошкент шаҳри, Муқимий кўчаси, 98-уй.



2-БОБ. "ЎЗНЕФТЕГАЗИНСПЕКЦИЯ"НИНГ

ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ


8. "Ўзнефтгазинспекция" тизимига қуйидагилар киради:

марказий аппарат;

Тошкент ҳудудий бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудий бўлимлари;

Тошкент назорат-кимё лабораторияси.

Тошкент назорат-кимё лабораторияси, Тошкент ҳудудий бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий бўлимлар ўз фаолиятини "Ўзнефтгазинспекция" томонидан тасдиқланган низомга мувофиқ маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан мустақил равишда амалга оширади ҳамда бевосита "Ўзнефтгазинспекция" раҳбариятига бўйсунади.



3-БОБ. "ЎЗНЕФТГАЗИНСПЕКЦИЯ"НИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


9. Қуйидагилар "Ўзнефтгазинспекция"нинг асосий вазифалари ҳисобланади:

нефть, газ, газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, тақсимлаш, сотиш ҳамда уларни қайта ишлаш маҳсулотларидан фойдаланиш, шунингдек, уларнинг миқдор жиҳатидан ва сифатли сақланишини таъминлаш соҳасида юридик ва жисмоний шахслар томонидан (аҳолидан ташқари) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш;

иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада нефть, нефть маҳсулотлари ва газни истеъмол қилишни қисқартириш ва улардан оқилона фойдаланишни таъминлаш тадбирларини жисмоний ва юридик шахслар томонидан (аҳолидан ташқари) бажарилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;

иқтисодиёт тармоқларида давлат, тармоқ ва ҳудудий энергияни тежайдиган дастурлар ва концепциялари ишлаб чиқилиши шу жумладан нефть, газ, газ конденсати ва уларнинг қайта ишлаш маҳсулотларини қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, тарқатиш, сотиш ва фойдаланиш жараёнларини самарали ташкиллаштириш масалаларида иштирок этиш;

нефть, газ, газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, тақсимлаш, сотиш ҳамда уларни қайта ишлаш маҳсулотларидан фойдаланиш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида норматив-ҳуқуқий аткларни ва норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишда қатнашиш;

нефть, нефть маҳсулотлари ва газ истеъмолчилари томонидан энергетик текширишлар ва экспертизалар ўтказилиши ишларини мувофиқлаштириш;

нефть, газ, газ конденсати ҳамда уларни қайта ишлаш маҳсулотларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича истеъмолчилар томонидан бажариладиган чора-тадбирларнинг энергетик самарадорлигини баҳолаш;

ёқилғи-энергетика соҳаси бўйича, шунингдек, энергияни тежаш ва энергетик самарадорликни ошириш соҳасида ахборотни тайёрлаш ва тарқатиш, инновацион энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш тажрибасини ёйиш;


10. "Ўзнефтгазинспекция" ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) нефть, газ, газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, тақсимлаш, сотиш ҳамда уларни қайта ишлаш маҳсулотларидан фойдаланиш, шунингдек, уларнинг миқдор жиҳатидан ва сифатли сақланишини таъминлаш соҳасида юридик ва жисмоний шахслар томонидан (аҳолидан ташқари) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш соҳасида:

нефть, газ, газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш, сотиш, ташиш, сақлаш ва уларни қайта ишлаш маҳсулотларидан фойдаланиш, объектларни (қурилмаларни) монтаж қилиш ва ишлатиш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилинмаганлиги учун аҳоли ҳаёти ва соғлиғига реал хавф туғилиши билан боғлиқ қўпол қоидабузарликлар аниқланганда ташкилотлар, хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини белгиланган тартибда тўхтатиб қўяди;

нефть, нефть маҳсулотлари ва газни қазиб олиш ва қайта ишлаш жараёнларини таҳлил қилиш асосида нефть ва газ саноати ташкилотлари билан биргаликда нефть, нефть маҳсулотлари ва газдан оқилона фойдаланиш стратегияси бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ҳар йиллик асосида суюлтирилган ва сиқилган газни ишлаб чиқариш ҳамда газ билан тўлдириш, автомобилларга газ қуйиш ва автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияларида, газ баллонларини етказиб бериш пунктларида ва сервис пунктларида суюлтирилган ва сиқилган газни сотиш, шунингдек, ёқилғи-энергетика тармоғи ташкилотлари юзасидан - Энергетика вазирлиги билан келишиш бўйича, бошқа ташкилотлар юзасидан - манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда нефть маҳсулотларини автомобилларга ёқилғи қуйиш станцияларида сотиш устидан назорат қилиш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда нефть, нефть маҳсулотлари ва газни қазиб олиш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш, тақсимлаш, сотиш ва улардан фойдаланиш соҳасида мониторинг олиб боради;

нефть, газ, газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, тақсимлаш, сотиш ҳамда нефть, газ, газ конденсати ва уларни қайта ишлаш маҳсулотларидан фойдаланиш, шунингдек, улар миқдор жиҳатидан ва сифатли сақланишини таъминлаш соҳасида маҳсулотлар тақсимоти қатнашчилари томонидан қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бажарилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

нефть, нефть маҳсулотлари ва газ истеъмолчилари ва етказиб берувчилар томонидан:

нефть, нефть маҳсулотлари ва газдан оқилона ва самарали фойдаланиш бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар;

нефть, нефть маҳсулотлари ва газни қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, сақлаш объектларидан (ускуналаридан) технологик эксплуатация қилиш;

нефть, нефть маҳсулотлари ва газ миқдор жиҳатидан ва сифатли сақланиши;

нефть, нефть маҳсулотлари ва газ сарфи меъёрлари;

объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва модернизациялаш лойиҳаларини нефть, нефть маҳсулотлари ва газдан оқилона ва самарали фойдаланиш талабларига мувофиқлиги;

нефть, нефть маҳсулотлари ва газдан оқилона ва самарали фойдаланиш чора-тадбирлари амалга оширилиши талабларига риоя қилиниши устидан назорат қилади;

нефть, нефть маҳсулотлари ва газдан оқилона ва самарали фойдаланиш соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари, муҳандис-техник ходимлари, шунингдек, энергетика хизматлари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларида иштирок этади;

стационар ва кўчма лабораторияларда нефть, нефть маҳсулотлари ва газнинг сифатини таҳлил қилади ва тегишли хулосалар беради;

нефть, газ, газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, тақсимлаш, сотиш ва уларни қайта ишлаш маҳсулотларидан фойдаланиш, шунингдек, магистрал газ қувурлари, нефть қувурлари ва нефть маҳсулотлари қувурларини лойиҳалаштириш, қуриш, ишлатиш ва таъмирлаш соҳасида белгиланган тартибда тегишли таъсир чораларини қўллаган ҳолда рухсат бериш тусидаги тартиботларни ва техник тартибга солишни амалга оширади;

қўлланиладиган технологиялар ва асбоб-ускуналарнинг энергия жиҳатидан самарадорлик кўрсаткичларига мувофиқлиги тўғрисида, шунингдек, бир йилда 100 000 ва ундан ортиқ кубметр табиий газдан фойдаланувчи ёқилғи истеъмол қилувчи ташкилотларга ёқилғининг муқобил турларидан фойдаланиш тўғрисида ва асбоб-ускуналарни комплекс синовдан ўтказиш, режим-созлаш ишлари ва табиий газни муҳит сифатида қўллашда газ қувурларини тозалаш ишлари учун технологик нефть-газ объектларига (қурилмаларга) хулосалар беради;

хўжалик юритувчи субъектларнинг мурожаатлари бўйича ёқилғи истеъмол қиладиган ускуналар ва қурилмаларнинг норматив-техник талабларга мувофиқлигини кўздан кечиради ва ўрганади;

газдан бошқа мақсадларда фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича газ сотиш ва газ-транспорт ташкилотлари иши устидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар газ истеъмолчиларининг газдан фойдаланувчи қурилмаларга рухсат берилмаган уланишини аниқлаш устидан назорат қилади;

нефть, нефть маҳсулотлари ва газ истеъмолчилари томонидан энергетика соҳасида қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилинишини ўрганиш давомида аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради;

энергетика соҳасида қабул қилинган қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилинишини назорат қилиш жараёнида аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича электр энергетика объектларига ва нефть, нефть маҳсулотлари ва газ истеъмолчилари ташкилотларига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради;


б) иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада нефть, нефть маҳсулотлари ва газни истеъмол қилишни қисқартириш ва улардан оқилона фойдаланишни таъминлаш тадбирлари бажарилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш соҳасида:

нефть, нефть маҳсулотлари ва газни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш баланси лойиҳасини ишлаб чиқишда қатнашади;

нефть, газ, газ конденсати ва уларни қайта ишлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш баланси бажарилиши устидан тизимли мониторинг олиб боради;

нефть, газ, газ конденсати ва уларни қайта ишлаш маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш баланси бажарилиши ҳолати тўғрисида таҳлилий материалларни тайёрлайди ва муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан Энергетика вазирлигига таклифлар киритади.


в) иқтисодиёт тармоқларида давлат, тармоқ ва ҳудудий энергияни тежайдиган дастурлар ва концепциялари ишлаб чиқилиши шу жумладан нефть, газ, газ конденсати ва уларнинг қайта ишлаш маҳсулотларини қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, тарқатиш, сотиш ва фойдаланиш жараёнларини самарали ташкиллаштириш масалаларида иштирок этиш соҳасида:

энергия сарфини пасайтириш ва нефть, нефть маҳсулотлари ҳамда газдан самарали фойдаланишнинг жаҳон тенденцияларини тизимли асосда ўрганади;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда энергетик жиҳатдан самарадорликни ошириш ва иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфини пасайтириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

хорижий мамлакатларнинг тажрибасини ҳисобга олган ҳолда рақобатбардошли саноат маҳсулотлари ва маиший фойдаланиш товарлари ишлаб чиқариш учун энергиянинг тикланадиган манбаларидан фойдаланишнинг истиқболли йўналишларини белгилайди, шунингдек, республикада уларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

нефть, нефть маҳсулотлари ва газдан оқилона ва самарали фойдаланиш юзасидан иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш концепциялари ва миллий дастурларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

иқтисодиёт тармоқларида энергия сарфини пасайтириш ва энергиянинг тикланадиган манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш бўйича дастурларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

иқтисодиёт тармоқларида энергияни тежаш, технологик ускуналар ва технологияларни модернизациялаш, янгилаш бўйича давлат дастурлари, шунингдек, нефть, нефть маҳсулотлари ва газни қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, фойдаланиш соҳасида лойиҳалар ва тадбирлар амалга оширилиши устидан мониторинг олиб боради;

қурилиши тугалланган нефть-газ объектларини технологик талабларга риоя қилиши юзасидан техник кўрикдан ўтказади ва фойдаланишга қабул қилиш комиссиялари ишида иштирок этади;

нефть, нефть маҳсулотлари ва газдан оқилона ва самарали фойдаланиш соҳасида тармоқ, минтақавий, мақсадли дастурлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқишда, шунингдек, нефть, нефть маҳсулотлари ва газдан оқилона ва самарали фойдаланиш бўйича энергия сарфини пасайтиришга доир тадбирлар режаларини тузишда методологик ёрдам беради;


г) нефть, газ, газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, тақсимлаш, сотиш ҳамда уларни қайта ишлаш маҳсулотларидан фойдаланиш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишда қатнашиш соҳасида:

нефть, нефть маҳсулотлари ва газдан оқилона ва самарали фойдаланиш соҳасида халқаро тартибга солиш тажрибасини ҳисобга олган ҳолда техник тартибга солиш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив ҳужжатларни ҳуқуқий қўллаш амалиётини ўрганади;

нефть, нефть маҳсулотлари ва газни қазиб олиш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш ва тақсимлаш, шунингдек, улардан оқилона ва самарали фойдаланишни такомиллаштириш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда қатнашади;


д) нефть, нефть маҳсулотлари ва газ истеъмолчилари томонидан энергетик текширишлар ва экспертизалар ўтказилиши ишларини мувофиқлаштириш соҳасида:

нефть, нефть маҳсулотлари ва газ истеъмолчиларини мажбурий энергетик текшириш ва экспертизадан ўтказиш устидан назорат қилади;

энергетик текшириш ва экспертизалар ўтказиш дастурларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди, шунингдек, ўтказилган энергетик текширишлар натижалари тўғрисидаги ҳисоботларни ҳамда ишлаб чиқаришлар, ташкилотларнинг энергетик паспортларини таҳлил қилади;

ўтказилган энергетик текширишлар натижаларини умумлаштиради ва кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда Энергетика вазирлигига киритади;


е) нефть, газ, газ конденсати ҳамда уларни қайта ишлаш маҳсулотларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича истеъмолчилар томонидан бажариладиган чора-тадбирларнинг энергетик самарадорлигини баҳолаш соҳасида:

нефть, газ, газ конденсати ва уларни қайта ишлаш маҳсулотларидан оқилона ва самарали фойдаланиш бўйича ёқилғи-энергетика ресурслари истеъмолчилари томонидан замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда бажариладиган тадбирларнинг энергетик жиҳатдан самарадорлиги бўйича таҳлилий материаллар тайёрлайди;

иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда нефть, нефть маҳсулотлари ва газдан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, энергия сарфини пасайтириш бўйича олдини олувчи чора-тадбирларни амалга оширади;

замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда энергетик жиҳатдан самарадорликни ошириш ва энергиянинг тикланадиган манбаларидан фойдаланиш масалалари бўйича семинарлар, брифинглар ташкил этади;


ж) ёқилғи-энергетика соҳаси бўйича, шунингдек, энергияни тежаш ва энергетик самарадорликни ошириш соҳасида ахборотни тайёрлаш ва тарқатиш, инновацион энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш тажрибасини ёйиш соҳасида:

давлат органлари ва ташкилотларида энергия ресурслари самарадорлиги мониторингини олиб боради;

давлат органлари ва ташкилотларида замонавий энергия жиҳатидан самарали ва энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

давлат органлари ва ташкилотларда замонавий энергия жиҳатидан самарали ва энергияни тежайдиган технологиялар жорий этилиши устидан назорат қилади;

энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш ва энергия ресурсларига харажатларни қисқартириш ҳисобига давлат органлари ва ташкилотларнинг харажатларини мақбуллаштириш, товарлар (ишлар, хизматлар) таннархини пасайтириш, маблағларни тежаш бўйича таклифлар тайёрлайди;

истеъмол қилинадиган энергия ресурслари ҳажмини камайтиришга йўналтирилган техник, технологик ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

энергияни тежаш ва энергетик жиҳатдан самарадорликни ошириш соҳасида ахборот тайёрлаш ва тарқатишда иштирок этади;

инновацион энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича халқаро тажрибани ўрганади;

инновацион энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этади;

"Ўзнефтгазинспекция" ва давлат бошқаруви органлари ўртасида маълумотлар айирбошлаш бўйича комплекс ахборот тизимлари ташкил этилишига, кўрсатиладиган хизматлардан фойдаланишни босқичма-босқич кенгайтиришга, жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорликнинг замонавий шакллари ва механизмларидан фойдаланишга кўмаклашади;

тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига кўрсатиладиган интерактив давлат хизматлари турларини босқичма-босқич кенгайтиради.

"Ўзнефтгазинспекция" ўзига юкланган вазифаларни бевосита, шунингдек, ҳудудий бўлинмалар орқали белгиланган тартибда ҳал этади.



4-БОБ. "ЎЗНЕФТГАЗИНСПЕКЦИЯ"НИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


11. "Ўзнефтгазинспекция" унга юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

"Ўзнефтгазинспекция" ваколатларига кирадиган масалаларда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини белгиланган тартибда мувофиқлаштириш;

"Ўзнефтгазинспекция" ваколатига кирадиган масалаларни ҳал этиш учун зарур бўлган ахборотни давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларидан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

"Ўзнефтгазинспекция" ваколатига кирадиган масалалар бўйича зарур статистик ахборотни давлат статистика органларидан бепул олиш;

"Ўзнефтгазинспекция" ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларини тегишли соҳада улар фаолиятининг асосий кўрсаткичлари бўйича улар томонидан параметрлар бажарилишини ҳисобга олган ҳолда моддий рағбатлантириш тартиби, миқдорлари ва шартларини белгилаш;

"Ўзнефтгазинспекция" ваколатига кирадиган масалалар бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун Энергетика вазирлигига ва Энергетика вазирлиги билан келишган ҳолда давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига киритиш;

"Ўзнефтгазинспекция" ваколатига кирадиган масалалар бўйича истеъмолчиларнинг фаолияти устидан белгиланган тартибда назорат қилиш;

текширишларга мустақил экспертларни ва илмий-тадқиқот муассасаларининг мутахассисларини жалб қилиш;

мулкчилик шаклларидан ва идоравий мансублигидан қатъи назар хўжалик юритувчи субъектларни улар томонидан объектларни (қурилмаларни) монтаж қилиш ва фойдаланиш, нефть, газ, газ конденсатини истеъмол қилиш, қазиб олиш, қайта ишлаш, сотиш, ташиш, сақлаш ва уларни қайта ишлаш маҳсулотларидан фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабига риоя қилиниши юзасидан белгиланган тартибда текшириш;

текширишлар далолатномаларини тузиш ва текширишлар давомида аниқланган қоида бузилишлари ва камчиликларни бартараф этиш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда таъсир этиш чораларини қўллаш;

объектларни (қурилмаларни) монтаж қилиш ва уларни ишлатиш, нефть, газ, газ конденсати истеъмоли, уларни қазиб олиш, қайта ишлаш, сотиш, ташиш, сақлаш ва уларни қайта ишлаш маҳсулотларидан фойдаланиш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилмаганлиги учун масъул манфаатдор шахслардан аниқланган қоида бузилишларига нисбатан ёзма тушунтириш беришни талаб қилиш;

олдин берилган бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар талаблари ижро этилмаганлиги учун республика ёқилғи-энергетика тармоғининг хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларига нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда интизомий таъсирни қўллаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигига ва Давлат активларини бошқариш агентлигига таклифлар киритиш;

объектларни (қурилмаларни) монтаж қилиш ва ишлатиш, нефть, газ, газ конденсати истеъмоли, уларни қазиб олиш, қайта ишлаш, сотиш, ташиш, сақлаш соҳасида қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар талаблари бажарилмаганлиги ёки зарур тарзда бажарилмаганлиги учун давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларини белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш бўйича Энергетика вазирлиги билан келишган ҳолда ўз ваколатлари доирасида ваколатли органларга таклифлар киритиш;

нефть маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш, бериш, ҳисобга олиш қоидаларининг қўпол бузилиши аниқланганда, шунингдек, нефть омбори ускуналарининг техник ҳамда метрологик ҳолати қониқарсиз бўлганда нефть маҳсулотларини сотиш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини тўхтатиб қўйиш;

қўлланиладиган технологиялар ва ускуналарнинг энергия самарадорлиги кўрсаткичларига мувофиқлиги тўғрисида, шунингдек, ёқилғининг муқобил турларидан фойдаланиш тўғрисида "Ўзнефтгазинспекция"нинг тегишли хулосасисиз табиий газ бериш аниқланган ҳолларда қоида бузилишларини бартараф этиш ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган таъсир чораларини кўриш тўғрисида тегишли органлар ва ташкилотларга бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар юбориш;

текшириладиган объектларда аниқланган нефть, нефть маҳсулотлари ва газни ишлатиш, улардан фойдаланиш самарадорлиги юзасидан техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлмаган аппаратлар, ускуналар, материаллар ва буюмларни, шунингдек, технологияларни қўллашнинг мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида тегишли ваколатли органларга таклифлар киритиш;

агар ўзгаришлар объектлардан фойдаланишнинг ишончлилигини пасайтиришга олиб келмаса, технологик нефть-газ объектларини лойихалаштириш, уларни ишлатишнинг амалдаги нормалари ва қоидаларининг асосланган ўзгаришларини (четга чиқишларни) келишиш;

қуйидаги ҳолларда:

қўлланиладиган технологиялар ва ускуналарнинг энергия жиҳатидан самарадорлик кўрсаткичларига мувофиқлиги, шунингдек, бир йилда 100 000 ва ундан ортиқ кубметр табиий газдан фойдаланувчи ёқилғи истеъмол қилувчи ташкилотларнинг ёқилғининг муқобил турларидан фойдаланиши тўғрисида ва асбоб-ускуналарни комплекс синовдан ўтказиш, режим-созлаш ишлари ва табиий газдан муҳит сифатида қўлланилганда газ қувурини тозалаш ишлари учун технологик нефть-газ объектларига (қурилмага) "Ўзнефтгазинспекция"нинг хулосасисиз газ берилган;

газдан фойдаланиш қурилмалари газ сарфини ҳисоблаш асбобларисиз ишлатилган, газдан фойдаланувчи қурилмалар лойиҳаларида назарда тутилган газ ёниши жараёнларини автоматик тартибга солиш воситалари ёки иссиқлик-техник назорат асбоблари, газдан самарали фойдаланишни таъминлайдиган иссиқликни утизилация қилиш ускунаси мавжуд бўлмаган (носоз бўлган) ҳолларда газ таъминоти, газ-транспорт ташкилотларига газдан фойдаланувчи қурилмаларга газ беришни тўхтатиш ва уларни газ тармоқларидан узиш тўғрисида ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

сифат бўйича стандартлар талабларига мувофиқ бўлмаганда нефть маҳсулотлари ва суюлтирилган газни етказиб бериш ва истеъмолчиларга сотишни уларнинг сифати тиклангунига қадар тўхтатиб туриш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг (аҳолидан ташқари) ташкилотларига (объектларни монтаж қилиш ва уларни ишлатишда - қурилмаларига) улар томонидан амалдаги нефть, нефть маҳсулотлари ва газдан оқилона фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, нефть, газ ва газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, сақлаш соҳасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилинишини белгиланган тартибда текшириш учун тўсиқсиз кириш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг буюртманомалари бўйича пулли асосда:

нефть, газ, газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, тақсимлаш, сотиш ва уларни қайта ишлаш маҳсулотларидан фойдаланиш соҳасида корхоналарнинг ҳамда нефть, нефть маҳсулотлари, табиий ва суюлтирилган газ истеъмолчиларининг раҳбарлари ва ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш;

нефть, нефть маҳсулотлари, табиий ва суюлтирилган газнинг физик-кимёвий кўрсаткичлари лаборатория таҳлилларини амалга ошириш.

"Ўзнефтгазинспекция" қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


12. "Ўзнефтгазинспекция":

унга юкланган вазифалар ва функциялар самарали бажарилиши, шунингдек, нефть-газ тармоғида давлат сиёсати самарали амалга оширилиши;

Энергетика вазирлигига киритиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари, шунингдек, "Ўзнефтгазинспекция" томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг сифати, пировард натижалари ва амалга оширилиши оқибатлари;

нефть-газ тармоғини ривожлантириш, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастурлар, тадбирлар режалари, "йўл хариталари" ва бошқа дастурий ҳужжатлар самарали амалга оширилиши ва нефть-газ тармоғида ҳудудларнинг муаммоли масалалари хал этилиши;

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларига риоя қилиниши ва ҳимоя қилиниши учун жавоб беради.

"Ўзнефтгазинспекция"нинг мансабдор шахслари ўз хизмат вазифалари бажарилмаганлиги ва зарур тарзда бажарилмаганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



5-БОБ. "ЎЗНЕФТГАЗИНСПЕКЦИЯ"

РАҲБАРЛАРИНИНГ АСОСИЙ

ФУНКЦИОНАЛ ВАЗИФАЛАРИ


13. Қуйидагилар "Ўзнефтгазинспекция" бошлиғининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

"Ўзнефтгазинспекция" фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, қонун ҳужжатлари билан "Ўзнефтгазинспекция"га юкланган вазифалар ва функциялар бажарилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган "Ўзнефтгазинспекция" фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, комплекс дастурлар ва тадбирлар ижросини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири ва унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирининг топшириқларини ижро этиш;

"Ўзнефтгазинспекция" фаолиятини режалаштиришни ташкил этиш, "Ўзнефтгазинспекция"нинг чораклик иш режаларини тасдиқлаш, улар бажарилиши назорат қилинишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Энергетика вазирлигининг қарорлари ва топшириқлари ижроси ташкил этилиши ва мониторинг олиб борилишининг амалий тизимини ташкил этиш, "Ўзнефтгазинспекция" фаолиятида ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ топшириқлар ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши учун марказий аппаратнинг мансабдор шахслари ва таркибий бўлинмалар раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш чора-тадбирларини кўриш;

"Ўзнефтгазинспекция" ва унинг таркибий бўлинмалари ходимларини тизимли қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ "Ўзнефтгазинспекция" тизимида лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш, шунингдек, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, кадрлар захирасини шакллантириш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кейинчалик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш учун сифатли ишлаб чиқишни ташкил этиш ва ўз вақтида киритиш;

"Ўзнефтгазинспекция" раҳбарлари ва ходимларининг хизмат сафарларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида" 2014 йил 5 мартдаги ПҚ-2142-сон ва "Хорижий хизмат сафарларида самарали бўлиш ва Ўзбекистон Республикасига хорижий делегациялар ташрифини ташкил этишда мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 августдаги ПҚ-3170-сон қарорлари талабларига мувофиқ амалга ошириш ва ташкил қилиш, хизмат сафарлари асосланганлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлаш, хизмат сафарига ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва оқилона фойдаланиш;

таркибий бўлинмалар раҳбарлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигининг танқидий таҳлилини мунтазам равишда ўтказиш, уларнинг шахсий ҳисоботларини "Ўзнефтгазинспекция" мажлисларида эшитиш, якунлар бўйича уларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш чораларини кўриш;

"Ўзнефтгазинспекция" ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш масалаларини белгиланган тартибда ҳал қилиш, уларнинг эгаллаб турган лавозимларида келгусида бўлиши мақсадга мувофиқлиги масалаларини кўриб чиқиш, уларнинг шахсий жавобгарлигини оширишнинг тизимли чораларини амалга ошириш;

"Ўзнефтгазинспекция" ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлаш, шунингдек, уларга риоя қилишини таъминлаш;

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ "Ўзнефтгазинспекция" тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини қабул қилиш, шунингдек, ҳуқуқий амалиёт ва қонун ҳужжатларини такомиллаштириш чораларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан уларнинг юзага келишига ёрдам берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф қилиш;

"Ўзнефтгазинспекция" ва унинг таркибий бўлинмалари ишини ташкил қилишнинг замонавий шаклларини жорий қилишни таъминлаш;

"Электрон ҳукумат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш доирасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, шу жумладан, "Ўзнефтгазинспекция"нинг ахборот тизими самарадорлиги ва сифатини ошириш;

"Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 майдаги 341-сон қарори билан тасдиқланган Давлат органларида, давлат муассасаларида ва давлат иштирокидаги ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги намунавий низомда белгиланган муддатлар ва тартибда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича самарали ишни ташкил қилиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, шахсан қабул қилишни тизимли равишда ўтказиш, шу жумладан, жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини жойнинг ўзига чиқиб қабул қилиш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушаётган мурожаатларини ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ишлашни ташкил қилиш, уларнинг фаолиятида "Ўзнефтгазинспекция" ходимлари ва раҳбарларининг фаол иштирокини таъминлаш;

давлат сири ва махфий маълумотлар сирасига кирадиган маълумотлар билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш;

марказий аппаратнинг таркибий бўлинмалари ва ҳудудий бўлинмалар тўғрисидаги низомларни, лавозим йўриқномаларини ва "Ўзнефтгазинспекция"нинг бошқа локал ҳужжатларини белгиланган тартибда тасдиқлаш;

"Ўзнефтгазинспекция" ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқариш ва кўрсатмалар бериш, шунингдек, уларнинг ижроси устидан белгиланган тартибда назорат қилиш;

"Ўзнефтгазинспекция" марказий аппаратининг тасдиқланган тузилмасига белгиланган штатдаги ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш тўғрисида Энергетика вазирлигига таклифлар киритиш.

"Ўзнефтгазинспекция" бошлиғи қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функционал вазифаларни ҳам амалга оширади.


14. Қуйидагилар "Ўзнефтгазинспекция" бошлиғи ўринбосарининг асосий функционал вазифалари ҳисобланади:

"Ўзнефтгазинспекция"нинг мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва бевосита раҳбарлик қилиш, уларнинг ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш;

"Ўзнефтгазинспекция" фаолиятининг мутасаддилик қилинадиган йўналишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тасдиқланган "Ўзнефтгазинспекция" фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича концепциялар, комплекс дастурлар ва комплекс тадбирлар ижросини танқидий ва чуқур таҳлил қилиш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар томонидан прогноз кўрсаткичларига эришиш сўзсиз таъминланиши бўйича чора-тадбирлар кўриш, бўлинмалар раҳбарларининг ҳисоботларини мунтазам эшитиш ва кўрсатиб ўтилган кўрсаткичларга эришилиши учун уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарларининг чораклик иш режаларини тасдиқлаш, уларнинг бажарилиши устидан назорат қилишни таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ва Энергетика вазирлигининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш, мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларда ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича комплекс амалий чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ топшириқ ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши учун таркибий бўлинмалар раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини ошириш чора-тадбирларини кўриш;

"Ўзнефтгазинспекция" бошлиғининг буйруқлари ва топшириқлари ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлаш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш бўйича "Ўзнефтгазинспекция" бошлиғига таклифлар тақдим қилиш, уларнинг касбий маҳорати, ваколатлилиги, амалий тажрибаси, ишбилармонлик ва маънавий-маърифий сифатларининг юқори савияси кафолатланганлигини таъминлаш, мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, техник қоидалар ва нормалар лойиҳалари сифатли ишлаб чиқилишини ташкил қилиш, таркибий бўлинмаларда тайёрланган ҳужжатлар лойиҳалари келгусида кўриб чиқилиши учун кўриб чиқиш ва виза қўйиш, уларнинг Энергетика вазирлигига қонун ҳужжатлари талабларига қатъий мувофиқ равишда ўз вақтида киритилишини таъминлаш, "Ўзнефтгазинспекция" бошлиғининг топшириғи бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқилишида иштирок этиш;

"Ўзнефтгазинспекция"га тақдим қилинган таклифлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тўлиқ ва атрофлича кўриб чиқиш, уларни пухта экспертизадан ўтказиш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларнинг раҳбарлари ва ходимлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини мунтазам равишда танқидий таҳлил қилиш, "Ўзнефтгазинспекция" мажлисларида уларнинг шахсий ҳисоботларини эшитиш, якунлар бўйича зарур чоралар кўриш;

ўз фаолияти соҳасига кирадиган масалалар бўйича "Ўзнефтгазинспекция" фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўриш, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва уларни "Ўзнефтгазинспекция" бошлиғига киритиш;

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар бошлиқлари ва ходимларини рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш бўйича "Ўзнефтгазинспекция" бошлиғига таклифлар киритиш, шу жумладан, уларнинг эгаллаб турган лавозимларида келгусида бўлиши мақсадга мувофиқлиги масалаларини кўриб чиқиш, уларга юкланган вазифалар ва функционал вазифалар бажарилиши учун шахсий жавобгарлигини оширишнинг тизимли чораларини амалга ошириш;

давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг намунавий Одоб-ахлоқ қоидалари асосида "Ўзнефтгазинспекция" томонидан тасдиқланган "Ўзнефтгазинспекция" ходимларининг одоб-аҳлоқ қоидалари талабларига риоя қилиш, кўрсатиб ўтилган қоидаларга мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимлари риоя қилишини таъминлаш;

"Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларига мувофиқ "Ўзнефтгазинспекция" тизимида коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонун ҳужжатларини такомиллаштириш чораларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан уларнинг юзага келишига ёрдам берувчи сабаблар ва шарт-шароитларини аниқлаш, таҳлил қилиш, бартараф қилиш;

"Ўзнефтгазинспекция" бошлиғига давлат хизматлари кўрсатишнинг самарадорлигини, сифатини ва улардан фойдаланишни ошириш бўйича таклифлар киритиш;

"Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган муддатлар ва тартибда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича самарали ишни ташкил қилиш, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, шахсан қабул қилишни тизимли равишда ўтказиш, шу жумладан, жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакилларини жойнинг ўзига чиқиб қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари билан самарали ишлаш, қонун ҳужжатларига мувофиқ уларнинг фаолиятида фаол иштирок этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан тушаётган барча мурожаатлари ўз вақтида ва тўлақонли кўриб чиқилишини таъминлаш;

давлат сири ва махфий маълумотлар сирасига кирадиган маълумотлар билан ишлашда қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш.

Ҳудудий бўлимлар раҳбарларининг вазифалари ва функциялари, шунингдек, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги "Ўзнефтгазинспекция"нинг бошлиғи томонидан тасдиқланадиган лавозим йўриқномалари билан тартибга солинади.



6-БОБ. "ЎЗНЕФТГАЗИНСПЕКЦИЯ"

РАҲБАРЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


15. "Ўзнефтгазинспекция"нинг бошлиғи:

"Ўзнефтгазинспекция"га юкланган вазифалар ва функцияларни, шунингдек ушбу Низомнинг 12-бандида назарда тутилган масалалар бўйича;

ушбу Низомнинг 13-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларини сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


16. "Ўзнефтгазинспекция" бошлиғининг ўринбосари:

мутасаддилик қилинадиган таркибий бўлинмаларда "Ўзнефтгазинспекция"га юкланган вазифалар ва функцияларни, шунингдек ушбу Низомнинг 12-бандида назарда тутилган мутасаддилик қилинадиган масалалар бўйича;

ушбу Низомнинг 14-бандида кўрсатилган ўз функционал вазифаларини сифатли бажарилиши учун шахсан жавоб беради.



7-БОБ. "ЎЗНЕФТГАЗИНСПЕКЦИЯ"

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


§ 1. "Ўзнефтгазинспекция" раҳбарияти


17. "Ўзнефтгазинспекция"га Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бошлиқ бошчилик қилади.

"Ўзнефтгазинспекция" бошлиғи лавозими бўйича айни бир вақтда нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланиш устидан назорат қилиш бўйича бош давлат инспектори, унинг ўринбосари - нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланиш устидан назорат қилиш бўйича бош давлат инспекторининг ўринбосари ҳисобланади.

"Ўзнефтгазинспекция" бошлиғи мақоми бўйича вазирнинг биринчи ўринбосарига, бошлиқнинг ўринбосари - вазирнинг ўринбосарига тенглаштирилади.

"Ўзнефтгазинспекция" бошлиғи Энергетика вазирлиги ҳайъати таркибига киради.

Бошқармалар ва бўлимлар, марказий аппарат ва ҳудудий бўлинмалар бошлиқлари, шунингдек, "Ўзнефтгазинспекция"нинг бош мутахассислари катта давлат инспекторлари ҳисобланадилар. "Ўзнефтгазинспекция" муҳандислари давлат инспекторлари ҳисобланадилар.


18. "Ўзнефтгазинспекция" бошлиғининг ўринбосари Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирининг тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


19. "Ўзнефтгазинспекция" бошлиғи бўлмаган даврда унинг ваколатларини ижро этиш унинг ўринбосари томонидан амалга оширилади.


20. "Ўзнефтгазинспекция" ходимлари мақоми бўйича Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ходимларининг тегишли тоифаларига тенглаштирилади.


21. Таркибий бўлинмалар раҳбарлари "Ўзнефтгазинспекция" бошлиғи томонидан лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод қилинадилар.



§ 2. "Ўзнефтгазинспекция"нинг бошқа давлат

ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро

этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар

билан ўзаро ҳамкорлик қилиши тартиби


22. "Ўзнефтгазинспекция" ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.


23. "Ўзнефтгазинспекция"нинг ҳудудий бўлинмалари ўз ваколатлари доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви бошқа органларининг ҳудудий бўлимлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

"Ўзнефтгазинспекция"нинг ҳудудий бўлинмалари "йўл хариталари"ни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича жойларда секторлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.



8-БОБ. "ЎЗНЕФТГАЗИНСПЕКЦИЯ"

ФАОЛИЯТИНИНГ САМАРАДОРЛИГИ ВА

НАТИЖАДОРЛИГИНИ БАҲОЛАШ МЕЗОНЛАРИ ВА

ИШ ИНДИКАТОРЛАРИ, МОЛИЯЛАШТИРИШ ВА

МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ, УНИНГ

ХОДИМЛАРИ МЕҲНАТИГА ҲАҚ ТЎЛАШ ВА

МОДДИЙ РАҒБАТЛАНТИРИШ


24. "Ўзнефтгазинспекция"нинг самарадорлиги мунтазам баҳоланиши лозим.


25. "Ўзнефтгазинспекция" фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш Энергетика вазирлиги томонидан тасдиқланадиган "Ўзнефтгазинспекция" фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторларига асосланади.


26. "Ўзнефтгазинспекция" фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш якунлари бўйича:

"Ўзнефтгазинспекция" раҳбарлари ва ходимларини рағбатлантириш (мукофотлаш) ёки интизомий жазо чоралари;

"Ўзнефтгазинспекция" фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш ва унинг фаолиятини янада такомиллаштириш чоралари кўрилади.


27. "Ўзнефтгазинспекция" фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва методикаси қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


28. Мониторинг ва баҳолаш якунлари бўйича "Ўзнефтгазинспекция"нинг алоҳида ўрнак кўрсатган раҳбарлари, мансабдор шахслари ва ходимлари рағбатлантириладилар ёхуд йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача жавобгарликка тортиладилар.


29. "Ўзнефтгазинспекция"нинг моддий-техник таъминлаш бўйича харажатларини молиялаштириш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


30. "Ўзнефтгазинспекция" ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақлар, устамалар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат бўлади.


31. "Ўзнефтгазинспекция" ходимларига:

а) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига - Энергетика вазирлиги марказий аппарати ходимлари учун белгиланган тартибда ва миқдорларда узоқ муддат узлуксиз хизмати учун белгиланган тартибда ҳар чораклик тақдирлаш пули тўланади;

б) Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Ёқилғи-энергетика тармоғини ривожлантириш жамғармаси ҳисобига:

штат жадвалига мувофиқ байрам саналарида икки лавозим маошигача миқдорда мукофотлар тўланади;

"Ўзнефтгазинспекция"нинг айрим ташаббусукор ва юқори малакали ходимларига белгиланган тартибда лавозим маошига (тариф ставкасига) шахсий устамалар белгиланади ва тўланади.


32. Бошқарув ходимлари сони қисқариши муносабати билан бўшаб қоладиган ва бўш ўринлар ҳисобига ҳосил бўладиган меҳнатга хақ тўлаш фонди маблағлари "Ўзнефтгазинспекция" ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фондига йўналтирилади.



9-БОБ. "ЎЗНЕФТГАЗИНСПЕКЦИЯ"НИНГ

ҲИСОБОТ БЕРИШИ


33. "Ўзнефтгазинспекция" бошлиғи "Ўзнефтгазинспекция" фаолияти тўғрисида Энергетика вазирлиги олдида мунтазам равишда ҳисобот беради.

Энергетика вазирлиги "Ўзнефтгазинспекция" бошлиғи ва унинг ўринбосари фаолиятининг уларга юкланган вазифалар самарали бажарилиши бўйича доимий мониторингини олиб боради, "Ўзнефтгазинспекция" фаолияти самарадорлигига холисона баҳо беради.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


34. "Ўзнефтгазинспекция"ни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 25 июнь









































Время: 0.0052
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск