язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июнь, 2019 й./ Халқаро алоқалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.06.2019 й. Ф-5480-сон "Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш мақсадида Бирлашган Араб Амирликларининг молиявий ва техник ёрдамини жалб этиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармойиши

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОЙИШИ

24.06.2019 й.

N Ф-5480



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ САМАРАДОРЛИГИНИ

ОШИРИШ МАҚСАДИДА БИРЛАШГАН АРАБ

АМИРЛИКЛАРИНИНГ МОЛИЯВИЙ ВА ТЕХНИК

ЁРДАМИНИ ЖАЛБ ЭТИШ БЎЙИЧА ТАШКИЛИЙ

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА



Бирлашган Араб Амирликларига (кейинги ўринларда - БАА) 2019 йил март ойида амалга оширилган олий даражадаги ташриф доирасида БАА ҳукумати билан давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, узоқ муддатли ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш, давлат органлари фаолиятига инновацияларни жорий этиш, таълим ҳамда замонавий ва талаб юқори бўлган мутахассисликларга эга бўлган кадрларни тайёрлаш сифатини ошириш, туризм ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш соҳаларида кенг кўламли ҳамкорлик тўғрисида келишувларга эришилди.

Ўзбекистон-Амирликлар кенг кўламли ҳамкорлиги бўйича чора-тадбирларнинг мувофиқлаштирилган ва ўз вақтида амалга оширилишини, шунингдек, БАА ҳукумати билан эришилган келишувлар бажарилиши билан боғлиқ ташкилий масалалар самарали ҳал этилишини таъминлаш мақсадида:


1. Жорий йилнинг апрель-май ойларида БАА Вазирлар Маҳкамаси ишлари бўйича ва келажак вазири М. Ал Гергави бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи ҳамда эришилган келишувларни амалга оширишни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси делегациясининг БААга ташрифи амалга оширилгани маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагилар:

Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларидаги чора-тадбирлар сўзсиз амалга оширилишини таъминлаш масалалари бўйича ишчи гуруҳларнинг таркиби 1-иловага* мувофиқ;

Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликнинг устувор йўналишларини амалга ошириш юзасидан "Йўл харита"си 2-иловага* мувофиқ;

Бирлашган Араб Амирликлари вазирлик ва идоралари билан ҳамкорлик қилиш бўйича "Йўл харита"си 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ишчи гуруҳлари фаолияти ва "йўл хариталари"да кўзда тутилган чора-тадбирлар амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш учун масъул ишчи орган этиб белгилансин.


4. Ишчи гуруҳ раҳбарлари:

"йўл харита"ларида кўзда тутилган чора-тадбирларнинг самарали амалга оширилиши ва фаолиятнинг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш мақсадида Амирликлар томони вакиллари билан доимий музокаралар олиб боришни;

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига "йўл харита"лари ижроси юзасидан ҳисоботларни ҳар ойда тақдим этишни таъминласин.


5. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ишчи гуруҳ аъзоларининг БААга амалга оширган хизмат сафарлари ва "йўл харита"ларида кўзда тутилган чора-тадбирлар амалга оширилиши натижалари бўйича умумлаштирилган маълумотларни чуқур таҳлил қилиш асосида батафсил ҳисоботни ва Ўзбекистон Республикаси тегишли соҳаларига БАА тажрибасини жорий этиш бўйича таклифларни ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига киритиб борсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги мурожаатларига асосан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тадбирларни ўтказиш, ишчи гуруҳ аъзоларининг БААга ташрифлари, шунингдек, икки томонлама ҳамкорлик тадбирларини амалга ошириш доирасида Амирликлар томони вакилларини Ўзбекистон Республикасида қабул қилиш билан боғлиқ харажатларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопласин.


7. Ишчи гуруҳ раҳбарларига мазкур фармойишда белгиланган вазифаларни амалга оширишда вазирлик ва идоралар, республиканинг илмий ва таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар мутахассислари, шунингдек, маҳаллий ҳамда хорижий эксперт ва маслаҳатчиларни жалб қилиш ҳуқуқи берилсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, масъул вазирлик ва идоралар ушбу фармойишда белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш учун зарур бўлган ташкилий ва амалий чоралар кўрилишини таъминласин.


9. Мазкур фармойишнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Э.М. Ғаниев ва Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Ў. Умурзоқов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                        Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 25 июнь