язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2019 й./ Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳуқуқни қўлловчи органлар/ Ички ишлар вазирининг 13.06.2019 й. 156-сон "Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Буйруғи (АВ томонидан 01.07.2019 й. 2495-5-сон билан рўйхатга олинган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

01.07.2019 й.

N 2495-5




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРИНИНГ

13.06.2019 й.

N 156


БУЙРУҒИ



Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги

озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро

этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларига

ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида



Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 14 мартдаги ЎРҚ-530-сон "Маҳкумларнинг ҳамда қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги, 2019 йил 2 апрелдаги ЎРҚ-532-сон "Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат тўғрисида"ги қонунларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 майдаги ПФ-5052-сон "Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ва 2018 йил 10 декабрдаги ПҚ-4056-сон "Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, БУЮРАМАН:


1. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг 2012 йил 29 декабрдаги 174-сон буйруғи (рўйхат рақами 2495, 2013 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 31-сон, 414-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Вазир                                                                    П. Бобожонов






Буйруққа

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги

озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро

этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларига

киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар


1. 69-банд қуйидаги мазмундаги тўққизинчи - ўн биринчи хатбошилар билан тўлдирилсин:

"об-ҳаво шароити йўл қўйса, ишдан бўш вақтида тоза ҳавода жисмоний машқлар билан шуғулланиш;

ЖИЭМнинг психологик хизмат кўрсатиш ходимлари томонидан кўрсатиладиган психологик ёрдамни олиш. Маҳкумларнинг психологик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ тадбирларда иштирок этиши фақат уларнинг розилиги билан амалга оширилади;

меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ хавфсиз меҳнат шароитига эга бўлиш, дам олиш, таътилга чиқиш, шунингдек меҳнатига ҳақ тўланиши.".


2. 89-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"89. Шикоятларни кўриб чиқиш, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳолларини ўз ташаббуси билан текшириш чоғида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ЖИЭМларга монеликсиз кириш ҳуқуқига эга.".


3. Қуйидаги мазмундаги 89-1-банд билан тўлдирилсин:

"89-1. ЖИЭМ маъмурияти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсман) маҳкумлар билан монеликсиз ва холи учрашиш ҳамда суҳбатлашиш учун зарур шарт-шароитларни таъминлаши шарт, учрашув ва суҳбат ЖИЭМ ходимлари уларни кўриб турадиган, лекин эшитмайдиган шароитларда холи ўтказилади.".


4. 241-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Маҳкумларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсман) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг номига юборилган мурожаатлари муассаса маъмурияти томонидан кўздан кечирилиши мумкин эмас ҳамда йигирма тўрт соатдан кечиктирмай тегишли вакилга юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг жавоби кўздан кечирилиши мумкин эмас ҳамда аризачига дарҳол етказиб берилади.

Прокурор номига йўлланган таклиф, ариза ва шикоятлар кўздан кечирилмайди ҳамда бир суткалик муддат ичида тегишлилиги бўйича жўнатилади.".


5. Қуйидаги мазмундаги 290-1-банд билан тўлдирилсин:

"290-1. Маҳкум оғир касалликка чалинган тақдирда, телефон орқали қўшимча сўзлашишга, шунингдек шифокорнинг рухсати билан қўшимча учрашувга рухсат берилади.".


6. 361-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"361. Маҳкумлар сақлаш шароитига қараб умумий турар жойларда, хоналарда ёки камераларда яшайди, ушбу турар жойлар, хоналар ёки камералар белгиланган тартибда тасдиқланган санитария-гигиена ҳамда қурилиш нормалари ва қоидаларига мос келиши керак.

Йилнинг қиш мавсумида ЖИЭМларнинг турар жойларида ҳаво ҳарорати 20° С даражадан паст бўлмаслиги лозим.".


7. Қуйидаги мазмундаги 372-1-банд билан тўлдирилсин:

"372-1. Маҳкум ЖИЭМга қабул қилиш чоғида, жазони ўташ пайтида вақти-вақти билан, бироқ олти ойда камида бир марта, шунингдек мурожаатларга кўра тиббий кўрикдан ўтказилади. Тиббий текширувдан ўтказиш махфийлик шартлари асосида амалга оширилади.

Маҳкум ЖИЭМга қабул қилингандан кейин ўн беш кун ичида у билан суҳбат ўтказилади, маҳкум ЖИЭМнинг карантин хоналарида тиббий кўрикдан ва санитария-гигиена тадбирларидан ўтади.".


8. Қуйидаги мазмундаги 374-1 - 374-4-бандлар билан тўлдирилсин:

"374-1. ЖИЭМ маъмурияти маҳкумлар ЖИЭМга қабул қилинаётганда ҳам, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлганда ҳам тиббиёт ходимлари ушбу шахсларнинг ёнига зудлик билан киришини таъминлаши керак.

374-2. Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш зарур бўлганда маҳкумлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий муассасаларига жойлаштирилади.

374-3. Ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга муҳтож бўлган маҳкумлар даволаш муассасаси ҳуқуқига эга бўлган колонияларга ёки маҳкумлар учун мўлжалланган ихтисослаштирилган касалхоналарга юборилади, шунингдек улар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий муассасаларига жойлаштирилиши мумкин.

374-4. Маҳкум оғир касалликка чалинган тақдирда, ЖИЭМ маъмурияти маҳкумнинг розилиги билан унинг яқин қариндошларига ёки маҳкумнинг ўзи кўрсатган бошқа шахсларга бу ҳақда дарҳол хабар беради.".


9. Қуйидаги мазмундаги 396-1-банд билан тўлдирилсин:

"396-1. Тарбиявий ишлар босқичма-босқич равишда қуйидагича амалга оширилади:

маҳкум ЖИЭМга келган вақтда унинг психологик қиёфасини, тузалиш йўлига ўтишга мойиллигини аниқлаш мақсадида уни дастлабки тарзда ўрганиш;

маҳкумларнинг онгини ўзгартириш бўйича тадбирлар ўтказиш, уларда содир этган жиноятидан пушаймон бўлиш ҳиссини уйғотиш;

маҳкумларнинг талаб мавжуд бўлган касблар ва мутахассисликларга оид касбий таълимини ташкил этиш, ўқишни тугаллаганидан сўнг тегишли ҳужжат бериш ҳамда уларни кейинчалик ишга жойлаштириш." .


10. 437-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"437. Маҳкумлар қуйидаги ҳолларда интизомий жавобгарликка тортилмайдилар:

меҳнат нормаларини бажармаганлиги учун, агар бу ишни рад қилиш ёки ишдан бўйин товлаш оқибати бўлмаса;

маҳкум руҳий ҳолати бузилишининг бевосита оқибати ҳисобланган бирор-бир қоидабузарлиги учун.".


11. 441-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"441. Интизомий жазо қўллаш чоғида ҳуқуқбузарлик содир этилган ҳолат, маҳкумнинг хулқ-атвори ва шахсий хислатлари, унинг хулқ-атворига ва қоидабузарлик ёки қилмиш содир этишга таъсир қилиши мумкин бўлган, интизомий чоралар қўллаш учун сабаб бўлган руҳий ҳолати бузилишининг мавжудлиги, шунингдек олиб ташланмаган ва бекор бўлмаган интизомий жазолари бор-йўқлиги интизомий жазони қўллаш чоғида инобатга олинади.".


12. 500-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"500. ЖИЭМ маъмурияти айни бир вақтда устидан ички ишлар органларининг маъмурий назорати ўрнатилиши зарур бўлган шахсларни аниқлайди ва Ўзбекистон Республикасининг "Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат тўғрисида"ги Қонунида белгиланган тартибда судга тегишли тақдимнома киритади.".


13. 504-банднинг тўртинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"маъмурий назорат ўрнатилган шахсни ЖИЭМдан озод қилишдан олдин у танлаган яшаш жойидаги ички ишлар органига суднинг маъмурий назорат ўрнатиш тўғрисидаги қарорини ушбу шахс етиб борадиган вақт тўғрисида ёзма равишда хабар қилган ҳолда юборади.".


14. Мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Олий суди билан келишилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 1 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 8 июль, 27-сон, 489-модда