язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2019 й./ Тадбиркорлик/ Тикланиш ва тараққиёт жамғармалари. Тадбиркорлар бирлашмалари/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 30.06.2019 й. 545-сон "Сирдарё вилоятида Бизнес-акселератор ўқув-амалий маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

30.06.2019 й.

N 545




СИРДАРЁ ВИЛОЯТИДА

БИЗНЕС-АКСЕЛЕРАТОР ЎҚУВ-АМАЛИЙ

МАРКАЗИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



Ёшларда муҳандислик кўникмаларини шакллантириш ва инновацион фаолиятга бўлган қизиқишни уйғотиш, уларни иш билан таъминлаш, шунингдек, ҳудуднинг ижтимоий ҳолатини яхшилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Сирдарё вилояти ҳокимлигининг Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги мактабгача ёшдаги болалар учун инновацион технопаркни ҳам ўз ичига олувчи "Бизнес-акселератор" ўқув-амалий марказини (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш ҳамда таълим жараёнига замонавий ахборот ва инновацион-педагогик технологияларни кенг жорий этиш орқали замонавий ахборот ва инновацион технологиялар бўйича ўқув курсларини ташкил этиш;

ёшларнинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда уларда мустақил тадқиқотчилик ва тадбиркорлик фаолияти кўникмаларини шакллантириш ва уни ривожлантириш, шунингдек, инновацион ишланмаларни рағбатлантириш;

ёшларда бизнес ғояларини шакллантириш, уни амалга ошириш ва юритиш қоидаларини ўргатиш, самарали бизнес режаларни ишлаб чиқиш кўникмаларини шакллантириш;

Сирдарё вилоятида кичик тадбиркорлик субъектларини ташкил этишга кўмаклашиш, уларга маркетинг билимларини ўргатиш ҳамда кичик тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда венчур фондларини жалб қилишда амалий ёрдам бериш;

ёш тадбиркорларга ўз бизнесини самарали йўлга қўйиш орқали қўшимча иш ўринларини яратишга кўмаклашиш;

ўқув курсларини тамомлаган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун инвесторларни жалб қилишга кўмаклашиш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш;

мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларида ихтирочилик ва новаторлик ғояларини шакллантириш ва ривожлантириш;

юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш узлуксизлигини таъминлаш мақсадида илмий, илмий-тадқиқот, таълим ва ишлаб чиқариш ташкилотларини ўзаро интеграциясига кўмаклашиш.


3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Марказни жойлаштириш ва фаолиятини ташкил этиш учун Сирдарё вилояти, Сирдарё шаҳри, Ўзбекистон кўчаси, 86-уй манзилида жойлашган Сирдарё педагогика коллежига қарашли бўлган 1 ва 2-сон талабалар ётоқхонаси биноларини Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий марказига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берсин.


4. Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлардан олинадиган даромадлар;

халқаро молия ва бошқа институтлар кредитлари, хорижий ташкилотларнинг грантлари;

жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


5. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги икки ҳафта муддатда Марказнинг бино ва иншоотларини қурилиш ва қайта таъмирлаш бўйича асосланган ҳисоб-китобларни Сирдарё вилояти ҳокимлигига тегишли ишларни ташкил қилиш учун тақдим этсин.


6. Марказнинг бино ва иншоотларини қурилиш ва қайта таъмирлашда:

Сирдарё вилояти ҳокимлигининг қурилиш бўйича Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси - буюртмачи;

"Mubina SA Nargiza" МЧЖ - пудратчи этиб белгилансин.


7. Белгилансинки, Марказ бино ва иншоотларини қурилиш, қайта таъмирлаш ва унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш билан боғлиқ харажатлар қуйидаги манбалар ҳисобидан қопланади:

Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий марказининг бюджетдан ташқари маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар.

Марказни зарур моддий-техника базаси билан, шунингдек, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари учун болалар инновацион технопаркини зарур жиҳозлар ва робототехника тўпламлари билан таъминлаш харажатлари Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.


8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий марказига битта енгил хизмат автомашинаси учун лимит ажратсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Марказ уставини бир ой муддатда белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминласин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдурахмонов зиммасига ва Вазирлар Маҳкамасининг Телекоммуникациялар, IT-технологиялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари котибиятига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                               А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 2 июль