ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Халқаро алоқалар / Ташқи сиёсий фаолиятни тартибга солиш / Ўзбекистон Республикаси чет эл ваколатхоналари ва халқаро ташкилотлар фаолиятини тартибга солиш /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 02.07.2019 й. 550-сон "Хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотларга хизмат кўрсатишни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

02.07.2019 й.

N 550



ХОРИЖИЙ ДАВЛАТЛАРНИНГ ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИДА АККРЕДИТАЦИЯДАН ЎТГАН

ДИПЛОМАТИК ВАКОЛАТХОНАЛАРИ, КОНСУЛЛИК

МУАССАСАЛАРИ ВА УЛАРГА ТЕНГЛАШТИРИЛГАН

ТАШКИЛОТЛАРГА ХИЗМАТ КЎРСАТИШНИ ТУБДАН

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 апрелдаги ПФ-5400-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотларнинг (кейинги ўринларда дипломатик ваколатхоналар деб аталади) республикамизда бўлиш ва фаолият юритиш шароитларини янада яхшилаш, уларнинг ходимлари ҳаёти ва фаолияти учун муносиб шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 5 апрелдаги ПФ-5400-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатик сервис хизмати негизида дипломатик ваколатхоналарга хизмат кўрсатиш бўйича ягона буюртмачи сифатида Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюроси (кейинги ўринларда Бюро деб аталади) ташкил этилгани маълумот учун қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг "Кўчмас мулк билан ишлаш дирекцияси" ва "Амбассадор" давлат унитар корхоналари Бюрога қўшиш йўли билан қайта ташкил этилсин.


2. Белгилаб қўйилсинки, Бюро:

давлат унитар корхонаси шаклидаги юридик шахс;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг "Дипломатик сервис хизмати", "Кўчмас мулк билан ишлаш дирекцияси" ва "Амбассадор" давлат унитар корхоналарининг барча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.


3. Қуйидагилар Бюронинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

дипломатик ваколатхоналарнинг Ўзбекистон Республикасида фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларга комплекс сервис хизматлари кўрсатиш, дипломатик ваколатхоналарнинг тегишли равишда фаолият кўрсатишини таъминлашга доир масалаларни ҳал этиш ва чора-тадбирларни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларда назарда тутилган дипломатик ваколатхоналарга хизмат кўрсатиш ва уларни жойлаштириш тадбирларини амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дипломатик ваколатхоналар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари учун мўлжалланган объектлар ва уй-жойларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш;

дипломатик ваколатхоналар ва уларнинг ходимларини жойлаштириш учун ажратилган бино ҳамда хоналарни ижарага бериш, кўчмас мулкнинг ижара ва олди-сотди шартномаларини расмийлаштиришда кўмаклашиш (воситачилик қилиш), шунингдек, ушбу бино ва хоналардан фойдаланишни таъминлаш;

Бюро вазифаларига тааллуқли масалаларда Ўзбекистон Республикасининг давлат ва хўжалик бошқаруви органларида дипломатик ваколатхоналарнинг манфаатларини ифода этиш, шунингдек, дипломатик ваколатхоналарда ишлайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юкланган вазифаларни бажаришда, шу жумладан мамлакатга туристлар оқимини кўпайтириш, протокол тадбирларни ўтказиш, хорижий делегацияларни кутиб олиш-кузатиш, хорижий давлатларга хизмат сафарига борадиган ходимларга авиачипталар харид қилиш, автотранспорт хизматларини кўрсатишда кўмаклашиш;

дипломатик ваколатхоналар ходимларининг бўш вақти ва дам олишини ташкил этиш, туризм, жисмоний тарбия ва спорт сохасида хизматлар кўрсатиш.


4. Қуйидагилар Бюро орқали амалга оширилиши белгилансин:

дипломатик ваколатхоналар, халқаро ҳукуматлараро ва ноҳукумат ташкилотлар, хорижий давлатларнинг ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари, уларнинг ваколатхона ва филиаллари, мухбирлари, мухбирлик пунктлари (бюро, офислари), савдо ваколатхоналари, хорижий банклар ва бошқа тижорат ташкилотлари ваколатхоналари, шунингдек, доимий муассасаларнинг автотранспорт воситаларини рўйхатга олиш (қайта рўйхатга олиш), рўйхатдан чиқариш, техник кўрикдан ўтказиш, ҳайдовчилик гувоҳномаларининг эквивалентларини бериш (алмаштириш) ва рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш;

божхона ҳужжатларини расмийлаштириш, дипломатик ваколатхоналар номига келадиган юкларни декларациялаш, божхонада ишлов бериш;

дипломатик ваколатхоналарнинг радиоэлектрон алоқа воситалари ва радиоузатувчи қурилмаларни сотиб олиш, ўрнатиш, олиб кириш ва улардан фойдаланиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш;

дипломатик ваколатхоналар меҳмонларини рўйхатга олиш, уларнинг кириш визаларини расмийлаштириш ва уларга виза берилишида кўмаклашиш, дипломатик ваколатхоналарда ишлайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш ҳужжатларини расмийлаштириш;

дипломатик ваколатхоналарга Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ишга жойлаштиришни расмийлаштиришда, уларнинг меҳнат стажи ҳисобини юритишда, ишга қабул қилиш ёки бўшатиш тўғрисида тегишли буйруқларни чиқаришда кўмаклашиш.


5. Хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотларга бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини тақдим этиш (сотиш) тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


6. Бюрога қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

Бюронинг оператив бошқарувида бўлган бўш бинолар (бинолар қисмлари) ва хоналарни хорижий тижорат ташкилотлари ваколатхоналарига, юридик ва жисмоний, шу жумладан чет эллик шахсларга ижарага бериш, шунингдек, уларни ижарага беришдан тушадиган ижара тўловларини мустақил тасарруф этиш;

хорижий тижорат ташкилотлари ваколатхона ва филиалларига, юридик ва жисмоний, шу жумладан чет эллик шахсларга ўз хизматларини (ишларини) кўрсатиш;

Бюро фаолиятидан олинган даромадлардан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган солиқлар ва йиғимлар тўланганидан сўнг ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун фойдаланиш.

7. Бюро дипломатик ваколатхоналарни Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ паритет (бепул) асосда жойлаштириш учун тақдим этилган кўчмас мулк объектлари бўйича мол-мулк ва ер солиғини тўлашдан озод этилсин.


8. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг буюртманомалари бўйича янги очиладиган дипломатик ваколатхоналарни жойлаштириш учун қўшимча зарур бинолар ва хизмат хоналари ажратилишини таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги Бюронинг буюртманомалари бўйича дипломатик ваколатхоналар ходимларининг фарзандларини мактабгача таълим муассасаларига расмийлаштиришда зарур ёрдам кўрсатсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Тошкент вилояти ҳокимлигининг Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган собиқ "Космос" болалар оромгоҳини Тошкент вилояти ҳокимлигига беғараз асосда бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


11. "Ислом Каримов номидаги "Тошкент" халқаро аэропорти" МЧЖга дипломатик ваколатхоналар номига келиадиган дипломатик почтани (юкни) олиш/жўнатиш вазифаси юклансин.


12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Бюронинг Устави ва ташкилий тузилмасини ўн кун муддатда тасдиқласин.


13. Бюро Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Лабзак кўчаси 1а-уй манзилида оператив бошқарув ҳуқуқи билан жойлаштирилсин.


14. Қуйидагилар:

Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ва уларга тенглаштирилган бошқа чет эл ваколатхоналарнинг фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида" 1993 йил 25 майдаги 247-сон қарори;

Вазирлар Маҳкамасининг "Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ва уларга тенглаштирилган бошқа чет эл ваколатхоналарининг фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида" 1993 йил 25 майдаги 247-сон қарорига қўшимчалар киритиш ҳақида" 1994 йил 7 февралдаги 56-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


15. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А.Х. Камилов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                         А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 3 июль
























Время: 0.0046
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск