язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2019 й./ Халқаро алоқалар/ Хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотларга бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини тақдим этиш (сотиш) тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.07.2019 й. 550-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 2 июлдаги

550-сон қарорига

ИЛОВА



Хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида

аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари,

консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган

ташкилотларга бинолар (бинолар қисми), хоналар

ва ер участкаларини тақдим этиш (сотиш)

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотларга (кейинги ўринларда дипломатик ваколатхоналар деб аталади) бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини тақдим этиш (сотиш) тартибини белгилайди.


2. Дипломатик ваколатхоналарни жойлаштириш, уларнинг раҳбарлари ва чет эллик ходимлари яшаши учун ажратиладиган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва уларга туташ ер участкалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг "Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюроси" (кейинги ўринларда Бюро деб аталади) давлат унитар корхонаси томонидан ҳисобга олинади.

Дипломатик ваколатхоналар ва уларнинг чет эллик ходимларини жойлаштириш учун ажратилган бинолар (бинолар қисми) ва хоналарни ижарага бериш ҳуқуқи Бюрога тегишлидир.


3. Бинолар, хоналар ва ер участкаларини ижарага ва ўзгага бериш бўйича битимларни расмийлаштириш, шунингдек, уларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш қонун ҳужжатларида, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ва ушбу Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.



2-БОБ. БИНОЛАР (БИНОЛАР ҚИСМИ) ВА

ХОНАЛАРНИ ИЖАРАГА БЕРИШ ТАРТИБИ


4. Дипломатик ваколатхоналар дипломатик ваколатхоналарни жойлаштириш, уларнинг раҳбарлари ва ходимлари яшаши учун бинолар (бинолар қисми) ва хоналарни мустақил равишда танлаш ёки зарур биноларни танлашда кўмакалашиш учун Бюрога улардан фойдаланиш мақсади, майдони, хоналари сони, жойлашган жойи ва бошқа шартларни кўрсатган ҳолда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.


5. Дипломатик ваколатхонадан бинолар (бинолар қисми) ва хоналарни ижарага бериш тўғрисида мурожаат келиб тушганда, Бюро ўз оператив бошқарувида бўлган бўш бинолар (бинолар қисми) ва хоналарни кўриб чиқишни таклиф этади.


6. Келишувга эришилган тақдирда, Бюро дипломатик ваколатхона билан бинолар (бинолар қисми) ва хоналар ижараси бўйича икки томонлама шартномани расмийлаштиради.


7. Ижара шартномаси Бюро билан дипломатик ваколатхона ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳужжат ҳисобланади ва унда жумладан, қуйидагилар назарда тутилиши керак:

ижарага бериладиган бино (бинонинг қисми) ва хонанинг таркиби, майдони ва техник тавсифи;

ижара тўлови, шунингдек, коммунал тўловлар миқдори;

бино (бинонинг қисми) ва хонани таъмирлаш ва жорий сақлаш бўйича томонлар мажбуриятларининг тақсимланиши;

ижара муддати, ижара тўлови ва бошқа тегишли тўловларни тўлаш муддатлари;

дипломатик ваколатхона томонидан коммунал хизматлар ва бино (бинонинг қисми), хоналар ва туташ ҳудудларни жорий сақлаш бўйича тўловларни тўлаш шартлари;

ижарага олинган бино (бинонинг қисми) ва хоналарга етказилган зарар учун ижарачининг жавобгарлиги;

томонларнинг шартнома шартларини бажармаганлиги учун санкциялар.


8. Бюро ижара тўлови ставкалари миқдорини мустақил равишда, бироқ давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкаларидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган суммадан кам бўлмаган миқдорда белгилайди.


9. Халқаро шартномаларга асосан ижара тўлови бўйича харажатлар қуйидаги шартлар бўйича қопланади:

тўловларни ўзаро ҳисоблаш;

икки томонлама бепул (паритет асосида) асосда.


10. Бино (бинонинг қисми) ва хоналар тузилган ижара шартномаси бўйича томонларнинг ваколатли вакиллари иштирокида икки томонлама далолатномани тузиш орқали топширилади ва қабул қилинади ҳамда унда қуйидагилар кўрсатилади:

далолатнома тузилган жой ва сана;

иштирокчиларга томонлар манфаатларини ифода этиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларнинг номи ва реквизитлари;

бино (бинонинг қисми) ва хоналарни топшириш-қабул қилишда асос бўладиган ижара шартномасининг рақами ва имзоланган санаси;

тақдим этиладиган бино (бинонинг қисми) ва хоналарнинг техник холати;

аниқланган носозликларни баратараф қилиш муддатлари ва тартиби;

томонларнинг муҳрлари билан тасдиқланган вакиллар имзолари.

Топшириш-қабул қилиш далолатномаси икки нусхада, ҳар икки томон учун бир нусхадан тузилади.


11. Дипломатик ваколатхоналар бинолар (бинолар қисми) ва хоналарни мустақил танлашда уни ижарага олиши тўғрисида Бюрони олдиндан хабардор қилади ва ушбу бино ҳақидаги батафсил ахборотни (фойдаланиш мақсади, майдони, жойлашган жойи, мулкдор тўғрисида маълумотлар, тузиладиган битимн шартлари ва бошқалар ҳақида) тақдим этади.

Қўшимча бино (бинонинг қисми) ва хоналарни ижарага олиш зарурати юзага келганда, дипломатик ваколатхона бунинг учун тегишли асос тақдим этади.


12. Бюро дипломатик ваколатхона томонидан бино (бинонинг қисми) ва хоналар тўғрисида тақдим этилган ахборотни хавфсизлик (шу жумладан ёнғин хавфсизлиги) талабларига жавоб бериши, техник ва санитария шартларига мувофиқлиги, дипломатик ваколатхона вазифаларининг тегишли равишда бажарилишини таъминлаш учун объектнинг ҳолати ва яроқлилигини баҳолаш бўйича ўрганади. Бюро ўрганиш якунлари бўйича дипломатик ваколатхонага тегишли тавсияларини юборади.

Бюро дипломатик ваколатхона кўрсатилган бино (бинонинг қисми) ва хоналарда жойлашиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосани Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига кўриб чиқиш ва келишиш учун тақдим этади.


13. Ўзбекистон Республикаси жисмоний ёки юридик шахсларининг мулки бўлган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва уларга туташ ер участкалари дипломатик ваколатхонани жойлаштириш, уларнинг раҳбарлари ва ходимлари яшаши учун Бюро орқали уч томонлама ижара шартномаларини расмийлаштириш йўли билан мулкдор томонидан тақдим этилади.


14. Дипломатик ваколатхоналар, уларнинг раҳбарлари ва ходимлари тақдим этилган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва уларга туташ ер участкаларидан тузилган шартномалар шартларига мувофиқ, фақат мўлжалланган мақсад бўйича фойдаланади ва уларнинг тегишли ҳолатда сақланишини таъминлайди.


15. Дипломатик ваколатхоналар ва бинолар (бинолар қисми) ва хоналарнинг мулкдорлари ижара шартномаси шартларининг ҳар қандай ўзгартирилиши, муддати узайтирилиши ёки амал қилишининг бекор қилиниши тўғрисида Бюрони олдиндан хабардор қилишлари шарт.


16. Бюро ўз оператив бошқарувида бўлган бўш бинолар (бинолар қисми) ва хоналарни хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарига, юридик ва жисмоний, жумладан, хорижий шахсларга икки томонлама шартнома тузиш йўли билан ижарага бериш, шунингдек, уларни ижарага беришдан тушадиган ижара тўловларини Бюрога юкланган вазифаларга мувофиқ мустақил тасарруф этиш ҳуқуқига эга.



3-БОБ. БИНОЛАР (БИНОЛАР ҚИСМИ),

ХОНАЛАР ВА ЕР УЧАСТКАЛАРИНИ ДИПЛОМАТИК

ВАКОЛАТХОНАЛАРГА МУЛК ҚИЛИБ СОТИШ ТАРТИБИ


17. Дипломатик ваколатхоналар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатхоналар биноси, шу жумладан ваколатхона раҳбарининг қароргоҳи сифатида фойдаланиладиган бинолар ёки уларнинг қисмини ваколатхоналар жойлашган ер участкалари билан биргаликда, шунингдек, дипломатик ваколатхоналар биноларини қуриш учун ер участкаларини мулк қилиб сотиб олиш ҳуқуқига эга.


18. Дипломатик ваколатхоналар давлат мулки бўлган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини сотиб олиш учун Бюрога улардан фойдаланиш мақсади, майдони, жойлашган жойи ва бошқа шартларини кўрсатган ҳолда мурожаат қилади.

Дипломатик ваколатхоналар қўшимча ва (ёки) мавжудларининг ўрнига бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини сотиб олиш тўғрисида мурожаат қилса, Бюрога ушбу бинолар ва ер участкаларининг батафсил тавсифини (фойдаланиш мақсади, майдони, жойлашган жойи) тақдим этади.


19. Бюро давлат мулки бўлган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини мулк қилиб сотиш тўғрисидаги масалани маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва Ўзбекистон Республикасининг манфаатдор вазирлик ҳамда идоралари билан биргаликда қуйидаги мезонлардан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқади:

Ўзбекистон томонининг бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини сотиб олиш эҳтиёжлари ҳисобга олинган ҳолда, уларни мулк қилиб сотиш масалаларида Ўзбекистон Республикаси ва мурожаат қилган дипломатик ваколатхона давлати ўртасидаги ўзаро келишув принципларига риоя этиш;

мурожаат қилган дипломатик ваколатхона давлатида Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг фаолият юритиши учун яратилган шарт-шароитлар даражаси.


20. Дипломатик ваколатхоналар тақдим этишни сўраган давлат мулки бўлган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларининг мулк қилиб сотилишига тўсқинлик қилувчи асослар мавжуд бўлганда, Бюро Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишган ҳолда бошқа муқобил бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини тавсия қилиши мумкин.


21. Дипломатик ваколатхоналарга давлат мулки бўлган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини мулк қилиб сотиш мақсадга мувофиқ деб топилганда, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Бюронинг хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига дипломатик ваколатхонага бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини мулк қилиб сотиш тўғрисида таклиф киритади.


22. Агар дипломатик ваколатхонанинг таклифи ушбу Низомнинг 19-бандида кўрсатилган мезонларга мос келмаса, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги мурожаат қилган дипломатик ваколатхона давлати билан икки томонлама муносабатларнинг эришилган даражасини ҳисобга олиб, дипломатик ваколатхона томонидан эгаллаб турган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини бўшатиш шарти билан, давлат мулки бўлган бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини мулк сифатида тақдим этиш тўғрисида дипломатик ваколатхонанинг мурожаатини қаноатлантириш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш ҳуқуқига эга.


23. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини дипломатик ваколатхоналарга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида мулк сифатида сотади.


24. Дипломатик ваколатхоналарга бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкалари мурожаат қилган дипломатик ваколатхона давлати билан халқаро шартнома тузиш орқали ўзаро келишув (паритет) асосида мулк сифатида тақдим этилади.


25. Дипломатик ваколатхоналар бинолар (бинолар қисми), хоналар ва уларга туташ ер участкаларини Ўзбекистон Республикасининг жисмоний ва юридик шахсларидан сотиб олган тақдирда, мазкур бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларининг мулкдори тўғрисида улардан фойдаланиш мақсади, майдони, жойлашган жойи ва бошқа шартлар кўрсатилган маълумотни ўз ичига олган хабарномани Бюрога ўз вақтида юборади.


26. Ўзбекистон Республикасининг жисмоний ва юридик шахсларига тегишли бинолар (бинолар қисми), хоналар ва ер участкаларини дипломатик ваколатхоналарга мулк сифатида сотиш тўғрисидаги битимлар Ўзбекистон Республикаси давлат нотариал идоралари томонидан Бюро билан келишилгандан сўнг расмийлаштирилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


27. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 3 июль