Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Мол-мулк, корхоналар ва бошқа объектларни муҳофаза қилиш /

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг қўриқлаш хизмати ҳақида Низом (ЎзР ВМ 03.07.2019 й. 555-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 3 июлдаги

555-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг

қўриқлаш хизмати ҳақида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўриқлаш бўлинмаларининг (кейинги ўринларда қўриқлаш хизмати деб аталади) ташкилий тузилиши, вазифалари, мажбуриятлари ва ҳуқуқларини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


қўриқлаш хизмати - Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг (кейинги ўринларда Миллий гвардия деб аталади) давлат объектларини, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини шартнома асосида қўриқлашни ташкил этувчи таркибий бўлинмалари тизими;


идоравий қўриқлаш - республика давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларида объектлар ва мол-мулкини ҳуқуққа зид тажовузлардан қўриқлаш, ҳимоя қилиш бўйича махсус вазифаларни бажариш учун ташкил этиладиган, юридик шахс бўлмаган таркибий бўлинма;


қўриқланаётган объект - шартнома асосида қўриққа олиниб, ҳуқуққа зид тажовузлардан қўриқланиши ва ҳимоя қилиниши керак бўлган хоналар, бинолар, иморатлар, иншоотлар, уларга туташ ҳудудлар ва акваториялар, жисмоний шахслар, транспорт воситалари, шунингдек, юклар, хусусан ташиш жараёнидаги юклар, пул воситалари ва бошқа мол-мулклар;


қўриқлаш хизмати ходими - Миллий гвардия қўриқлаш хизматининг шаҳодатланган, ҳуқуқий мақоми бўйича ички ишлар органлари ходимига тенглаштирилган, махсус унвонга, белгиланган намунадаги формали кийим-бошга, шунингдек, хизмат вазифасини бажариш вақтида қонунчиликда ўрнатилган тартибда жисмоний куч, ўқотар қурол ва махсус воситаларни қўллаш ҳуқуқига эга бўлган ходим;


наряд - объект ёки унинг бир қисми қўриқланишини таъминлайдиган, моддий-товар бойликларни кузатиб бораётган, қўриқланаётган объектлардан тушган "ташвиш" хабарига тезкор таъсир кўрсатиш борасидаги тадбирларни амалга оширадиган қўриқлаш хизмати ходими (ходимлари);


объект ички режими - қўриқланадиган объектда белгиланган ички тартиб ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари ҳамда тадбирларини амалга ошириш тартиби;


рухсат бериш режими - қўриқланадиган объектда шахслар, транспорт воситаларининг кириши (чиқиши), қўриқланадиган объектларга мол-мулкни олиб кириш ва ундан олиб чиқишни назорат қилиш, назоратсиз кириб-чиқишнинг олдини олиш ва унга барҳам беришнинг белгиланган тартиби;


назорат текшируви - қўриқлаш хизматининг давлат, хўжалик субъектларига объектлар хавфсизлиги ва қўриқлаш тизимини ташкил этиш йўналишида амалий ёрдам кўрсатиш, шунингдек эҳтимоли мавжуд ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, идоравий қўриқлаш бўлинмалари фаолиятини ўрганиш, ушбу соҳаларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва такомиллаштириш борасидаги фаолияти.


3. Қўриқлаш хизмати қуйидагиларни ўз ичига олади:

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси (кейинги ўринларда Бош бошқарма деб аталади);

Тошкент шаҳрида жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари объектларини қўриқлаш бўйича алоҳида батальон;

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоятлар қўриқлаш бошқармалари (кейинги ўринларда қўриқлаш бошқармалари деб аталади);

қўриқлаш саф бўлинмалари (алоҳида батальонлар, отрядлар, шу жумладан команда ва гуруҳлар);

"Qo'riqlash Servis" давлат унитар корхонаси.


4. Қўриқлаш хизмати ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг буйруқлари, фармойишлари ва директивалари ҳамда ушбу Низом асосида ташкил этади.


5. Қўриқлаш хизмати бўлинмалари ишчи ва хизматчиларининг фаолиятини ташкил этиш ва меҳнат муносабатлари Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига мувофиқ белгиланади.


6. Қўриқлаш хизмати нарядларининг ички тартиби, саф тайёргарлиги ва қоровул тартибида хизматни ўташи Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари умумҳарбий уставларига мувофиқ ва Миллий гвардиянинг буйруқларига асосан ташкил этилади.



2-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ ХИЗМАТИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА УНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


7. Қўриқлаш хизмати ўз фаолиятини жисмоний ва юридик шахсларга қўриқлаш хизматини кўрсатиш бўйича тузилган шартномалар асосида ташкил этади ҳамда ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш тамойили асосида амалга оширади.


8. Қўриқлаш хизмати саф, ҳарбийлаштирилган ва қоровуллик бўлинмалари нарядлари фаолиятини ташкил этиш, шунингдек, техник қўриқлаш воситалари орқали кўрсатилади.


9. Қўриқлаш хизматининг асосий вазифалари қўйидагилардан иборат:

шартнома асосида давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкларини қўриқлашни таъминлаш;

транспорт орқали транзит юклар, моддий бойликлар, портловчи, радиоактив ва бошқа воситаларни қўриқлаш (кузатиш);

идоравий қўриқлаш бўлинмаларида назорат текширувларини ўтказиш;

қўриқланаётган объектларда уларнинг ички ва рухсат бериш режимига риоя этилишини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бартараф этишга кўмаклашиш;

қўриқлаш фаолиятига замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий этиш, қўриқлаш воситалари ва тизимларини қўллаш соҳасида ягона техник сиёсатни, улардан фойдаланиш бўйича самарали назоратни таъминлаш;

аҳолининг Миллий гвардия қўриқлаш хизматларидан фойдаланишга бўлган қизиқишини оширишга қаратилган ахборот-тушунтириш мазмунидаги тарғибот-ташвиқот чора-тадбирларини амалга ошириш;

шартнома асосида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат тартибини таъминлашда иштирок этиш;

шартнома асосида қўриқланаётган объектларда ўрнатилган техник қўриқлаш воситаларига хизмат кўрсатиш, уларни ўрнатиш (созлаш) ва улардан фойдаланиш.


10. Қўриқлаш хизмати кўрсатишни таъминлаш учун қўриқлаш бўлинмаларига штат бирликларини киритиш меъёри шартномаларда кўрсатилган қўриқлаш вақти ва постлар (йўналиш) сонини ҳисобга олган ҳолда, Миллий гвардия қўмондони томонидан белгиланади.


11. Қўриқлаш хизмати саф бўлинмаларида қўмондонлик таркиби ва таъминот хизмати штат бирликлари сони, қўриқлаш хизмати кўрсатиш учун тузилган шартномаларга мувофиқ киритилган штат бирликлари умумий сонининг йигирма фоизидан ошмаслиги керак.


12. Қўриқлаш бўлинмалари бошқарув аппаратлари штатлари сони, қўриқлаш хизмати кўрсатиш учун тузилган шартномаларга мувофиқ киритилган штат бирликлари умумий сонининг тўрт фоизи миқдорида белгиланади.


13. Қўриқлаш хизматини кўрсатиш фаолиятидан келиб тушган маблағлар, мақсадли равишда - фақат қўриқлаш хизматини таъминлаш ва ривожлантириш, шунингдек, Миллий гвардия бўлинмаларининг моддий-техник таъминотини яхшилаш учун сарфланади.

Қўриқлаш хизмати кўрсатишдан келиб тушадиган маблағлар ҳисобидан қўриқлаш хизматининг ташкилий тузилмасига кирмайдиган штатларни жорий этиш тақиқланади.


14. Қўриқлаш хизмати бўлинмалари томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг тарифлари (нархи) Бош бошқарма томонидан ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган бюджет ташкилотлари учун - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, бошқа ташкилотлар учун - Миллий гвардия қўмондони томонидан мустақил тарзда белгиланади.


15. Миллий гвардия қўриқлаш бўлинмаларида хизмат ўташ тартиби ва ходимларининг формали кийим-бош намуналари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Қўриқлаш хизмати ходимларига Миллий гвардия қўмондони томонидан тасдиқланган намунадаги хизмат гувоҳномаси ва жетон берилади.


16. Қўриқлаш хизмати ходимлари, ишчи ва хизматчиларининг лавозимлари қонун хужжатларида ва Миллий гвардиянинг идоравий ҳужжатларида белгиланган тартибда жамланади.


17. Қўриқлаш хизмати ходими давлат органи вакили ҳисобланади ва давлат ҳимояси остида бўлади.

Қўриқлаш хизмати ходими хизмат вазифасини бажариш жараёнида фақат бевосита ёки тўғридан-тўғри бошлиғига (командирига) ва масъул навбатчига бўйсунади. Фақат ушбу шахслар уни наряддан озод қилиш ёки алмаштириш ҳуқуқига эга.

Қонунда тўғридан-тўғри ваколат берилган шахслардан ташқари ҳеч ким қўриқлаш хизмати ходимининг қонуний фаолиятига аралашиш, қонун ҳужжатларига асосан қўриқлаш хизмати зиммасига юклатилмаган вазифаларни бажаришга мажбурлаш ҳуқуқига эга эмас.


18. Қўриқлаш постида хизмат ўтаётган ходим (патруль) қонунга зид бўлган буйруқ ёки фармойиш олганда, уни бажаришни рад этиш ҳуқуқига эга ва белгиланган тартибда бу ҳақда бошлиғига (командирига) ахборот бериши шарт.


19. Қўриқлаш хизмати шахсий таркибидан фақат қўриқлаш фаолияти билан боғлиқ вазифаларни бажариш мақсадида шартнома асосида фойдаланилади.


20. Қўриқлаш бўлинмалари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари билан тасдиқланган рўйхатга киритилган объектлар ҳамда ихтиёрий равишда мурожаат қилган жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулки, объектлари шартномага асосан қўриқланади.


21. Объектнинг қўриқлаш тизими объектлар маъмурияти ва қўриқлаш хизмати вакилларининг ҳамкорлигида белгиланади. Бунда объектнинг жойлашуви ва фаолиятининг хусусияти, муҳандислик-техник қўриқлаш воситалари билан жиҳозланганлик даражаси, назорат-ўтказиш пунктларининг турлари, сони, ҳудуддаги криминоген вазият ва бошқа ҳолатлар эътиборга олинади ҳамда нарядлар билан қўриқлаш усуллари, постлар (йўналишлар) сони, уларнинг жойлашуви, қўриқлаш вақти, шунингдек, хавфсизликнинг техник воситаларини қўллаш орқали қўриқлаш тизимини такомиллаштириш кўзда тутилади.


22. Объектни қўриқлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

стационар (айланма) постлар орқали;

маълум йўналиш (чегара) бўйлаб ва назорат-қўриқлаш гуруҳлари орқали патруллик қилиш;

моддий бойликларни қўриқлаш нарядлари билан қўриқлаш-кузатиш;

қўриқланаётган объектдан тушаётган "ташвиш" хабарига тезкор таъсир чора кўриш;

қўзғалувчан объектларни техник воситалар орқали қўриқлаш.


23. Қўриқлаш бўлинмаларида хизматни ўташ масалаларининг тегишли қонун ҳужжатларида тартибга солинмаган қисмига нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари тадбиқ этилади.



3-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ ХИЗМАТИНИНГ

МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ҲУҚУҚЛАРИ


24. Қуйидагилар Қўриқлаш хизматининг мажбуриятлари ҳисобланади:

ўз ваколатлари доирасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкларини ҳимоя қилиш, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриш;

мол-мулкни қонунга зид тажовузлардан ҳимоялаш;

объект маъмурияти қўриқлаш хизмати раҳбарлари билан келишган ҳолда, тасдиқлаган кириб-чиқиш йўриқномасига асосан объектда ички ва рухсат бериш режимига риоя этилишини таъминлаш;

қўриқланаётган мол-мулкнинг ўғирланиши ёки бузилишига олиб келиши мумкин бўлган хўжасизлик ва бепарволикнинг ҳар қандай кўринишига ўз вақтида муносабат билдириш;

хизмат ўташ жойларида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга чек қўйиш бўйича тадбирларни амалга ошириш;

қўриқланаётган объектда жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик изларининг сақланишини таъминлаш;

қўриқланаётган объектда ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш, уларни содир этишга олиб келувчи сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш чораларини кўриш;

қўриқланаётган объектда ҳуқуқбузарликлар содир этилган жойда жабрланган, шунингдек, ночор ҳолатдаги фуқароларга биринчи тиббий ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш;

қўриқланадиган объектларда табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда ҳодиса ва ҳолатларнинг олдини олиш, уларни бартараф этишда иштирок этиш;

идоравий қўриқлаш бўлинмаларида назорат текширувлари ўтказиш, идоравий қўриқлаш қўриқловидаги объектда ички режим, рухсат бериш режимига риоя этилишига доир ишларни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;

ишониб топширилган табел қуроллари, махсус ва техник воситалар, шахсий ҳимоя воситалари, хизмат кийим-бошлари, мол-мулкни эҳтиёт қилиш ва уларнинг соз ҳолда сақланишини таъминлаш;

қўриқлаш хизмати бўлинмаларнинг жанговар тайёргарлигини таъминлаш, шунингдек, хизмат-жанговар, ижтимоий-ҳуқуқий, маънавий-психологик ва жисмоний тайёргарлик бўйича тегишли дастурларда белгиланган машғулотларни шахсий таркиб билан ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини таъминлаш;

замонавий хавфсизлик техника воситаларини ишлаб чиқиш, қўриқланаётган объектларга жорий этиш ва ўзлаштириш фаолиятини ташкил этиш, объектларни эҳтимоли мавжуд бўлган ҳуқуқбузарликлардан ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш учун уларнинг мониторингини олиб бориш;

кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, қўнимсизлигининг олдини олишни ва уларнинг касбий тайёргарлиги, хизмат интизомига риоя этишини ташкил этиш, белгиланган тартибда ходимларни қайта тайёрлаш ва малака оширишга юбориш;

қўриқлаш хизмати бўлинмаларида белгиланган тартибда сафарбарлик тайёргарлигини ташкил этиш ва таъминлаш;

қўриқлаш хизматини кўрсатиш соҳасига илм-фан ютуқлари ва замонавий ахборот технологиялари ва комуникацияларини мунтазам равишда жорий этиб бориш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш.

Қўриқлаш хизмати зиммасига қонун хужжатларида мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам юкланиши мумкин.


25. Қўриқлаш хизмати ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қўриқланаётган объектлар мансабдор шахслари, ишчи-хизматчилари ва объект ҳудудидаги бошқа шахслардан ўрнатилган рухсат бериш ва объект ички режимига риоя қилишни ҳамда жамоат тартибини сақлашни талаб қилиш;

қўриқланаётган объектлардаги мол-мулкни сақлаш шарт-шароитлари, муҳандислик-техник воситалари ҳолатини текшириш;

қўриқланаётган объект маъмурияти, мансабдор шахсидан объектни муҳандислик-техник мустаҳкамлигини таъминлаш, сигнализация тизимлари ва видеокузатув билан жиҳозлашни талаб этиш;

давлат органлари, бошқа ташкилотлар ёки мансабдор шахсларга бажарилиши мажбурий бўлган, қўриқлаш фаолиятини ташкил этиш, муҳандислик-техник мустаҳкамлик, шунингдек, рухсат бериш ва объект ички режимидаги камчиликлар ва хатоларни бартараф этиш борасидаги тақдимномалар киритиш;

қўриқланаётган объектдан мол-мулк, моддий бойликлар ва турли юкларни ноқонуний олиб чиқишга ёки олиб киришга уринаётган шахсларни ушлаш;

қўриқланаётган объектларга ноқонуний кирганлар ёки қонунбузарлик қилганларнинг шахсини аниқлаш ва маъмурий баённома тузиш мақсадида ушлаш ва қўриқлаш хизмат хоналарига олиб келиш, ушлаб туриш, зарур ҳолларда эса уларни тегишли қарор қабул қилиш учун ҳудудий ички ишлар органларига топшириш;

қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ қўриқлаш пости ҳудудида фуқароларнинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатларини текшириш, агар уларда қурол, ўқ-дорилар, портловчи, радиоактив ёки заҳарли моддалар, портлатиш қурилмалари, пиротехника буюмлари, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар, уларнинг прекурсорлари ёхуд муомалада бўлиши тақиқланган ёки чекланган бошқа нарсалар, қўриқланаётган объект ҳудудига олиб кирилиши ва ундан олиб чиқиб кетилиши тақиқланган ашёлар, буюмлар, воситалар бор деб ҳисоблашга асослар мавжуд бўлса, фуқароларни шахсий кўрикдан ўтказиш, уларнинг ашёларини, қўл юкини, багажини кўрикдан ўтказишни амалга ошириш ҳамда мазкур нарсалар, воситаларни ва моддаларни олиб юриш ҳамда сақлаш учун қонуний асослар мавжуд бўлмаган тақдирда уларни олиб қўйиш, транспорт воситаларини кўздан кечириш ва ташиб ўтилаётган юкларнинг товар-транспорт ҳужжатларига мувофиқлигини аниқлаш;

ўз ваколати доирасида қўриқлаш хизматига оид масалалар бўйича фуқаролар, мансабдор шахслардан тушунтиришлар, маълумотлар ва ҳужжатлар олиш;

содир этилаётган жиноятларни тўхтатиш, шунингдек, уларни содир этган шахсларни таъқиб этиш ва ушлаш, бир вақтнинг ўзида бир неча объектда "ташвиш" сигнализацияси ишлаб кетган ҳолларда ички ишлар органлари ва патруль гуруҳларини чақириш;

фуқаролар ва мансабдор шахслардан хизмат вазифалари бажарилишига тўсқинлик қилувчи ҳуқуқбузарликлар ва хатти-ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилиш, ушбу талаблар бажарилмаган тақдирда, ҳуқуққа зид хатти-ҳаракатлар, ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш юзасидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тегишли чораларни қўллаш;

қўриқланаётган объектлар назорат-ўтказиш жойлари ва ҳудудларида ноқонуний олиб чиқилаётган (кирилаётган) мол-мулкни аниқлаш ва олиб қўйиш, шунингдек, ғайриқонуний ҳаракатларни аниқлаш учун фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигига, текширилаётган мол-мулк ва атроф-муҳитга зиён етказмайдиган замонавий техник воситалардан фойдаланиш;

қўриқланадиган объектларга ғайриқонуний равишда кирган ёки киришга уринган шахсларни аниқлаш, бундай хатти-ҳаракатларнинг олдини олишда хизмат итларидан фойдаланиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ қўриқланаётган объектларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бартараф этишга кўмаклашиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар ва белгиланган тартибга мувофиқ жисмоний куч ишлатиш, хизмат итларини қўллаш, ўқотар қурол ва махсус воситаларни олиб юриш ва улардан фойдаланиш;

идоравий қўриқлаш ташкилотларининг қурол ва махсус воситаларини қўллаш билан боғлиқ ҳаракатларга яроқлилигини мунтазам текшириш;

идоравий қўриқлаш ташкилотларида қуроллар ва махсус воситаларни сақлаш ҳамда улардан фойдаланиш жойларини режали равишда ўрганиш;

ўз ваколати доирасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш;

давлат қўриқлаш ташкилотларидан ваколатига кирадиган масалалар юзасидан ёзма ва оғзаки ахборотларни талаб қилиб олиш;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ва Миллий гвардия қўмондонининг қўшма қарорлари асосида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини амалга оширишда иштирок этиш;

жамоат хавфсизлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини қўриқлашни тўлақонли таъминлаш учун ҳудудларда патрулликни ташкил этиш билан боғлиқ ҳолда видеокузатув ва техник воситаларнинг бутун комплексидан фойдаланиш.

Қўриқлаш хизмати қонун хужжатларида мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


26. Қўриқлаш хизмати мансабдор шахсларга объектларнинг муҳандислик-техник мустаҳкамлигидаги камчиликларни бартараф этиш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, шартномавий мажбуриятларни бажаришга, моддий бойликлар сақланишини таъминлаш ва қўриқлаш хизмати ходимлари, ишчи-хизматчиларининг меҳнат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тақдимномалар киритиш ҳуқуқига эга. Белгиланган тартибда расмий огоҳлантириш, шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган шахсларга огоҳлантириш хати киритади.


27. Қўриқлаш хизмати ходими махсус тайёргарликдан, шунингдек жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилиши билан боғлиқ шароитларда уларнинг ҳаракатларга касбий яроқлилигини текшириш учун Қўриқлаш бош бошқармаси томонидан йилига икки маротаба текширувдан ўтадилар.


28. Қўриқлаш хизмати ходими хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ўзига бириктирилган ўқотар қурол ва махсус воситаларни олиб юриш, сақлаш, жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни, ўқотар қуролни, хизмат итларини қўллаш ҳуқуқига фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда эга бўлади.


29. Жисмоний куч ишлатилиши, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилишидан аввал уларни қўллаш нияти тўғрисида аниқ ифодаланган огоҳлантириш бўлиши керак, бундай огоҳлантиришнинг имкони бўлмаган ёхуд уларнинг қўлланилишини кечиктириш фуқароларнинг ва қўриқлаш хизмати ходимининг ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғдирадиган ҳамда бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳоллар бундан мустасно.


30. Жисмоний куч ишлатиш, махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўллаш юзага келган вазиятга, шахслар хатти-ҳаракатларининг хусусиятига ва хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак. Бунда қўриқлаш хизмати ходими ҳар қандай зарарнинг имкон қадар кам бўлишига интилиши шарт.


31. Қўриқлаш хизмати ходими, агар юзага келган вазиятда махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган асослар вужудга келиши мумкин деб ҳисобласа, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш учун тайёрлаш ҳамда уларни жанговар ҳолатга келтириш ҳуқуқига эга.


32. Жисмоний куч ишлатилганлиги, махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилганлиги натижасида тан жароҳати олган фуқароларга биринчи ёрдам кўрсатилиши, шунингдек, имкон қадар қисқа вақт ичида тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилиши, уларнинг қариндошлари эса йигирма тўрт соат ичида бу ҳақда хабардор қилиниши керак.

Жисмоний куч ишлатилган, махсус воситалар ва ўқотар қурол қўлланилган ҳар бир ҳолат тўғрисида қўриқлаш хизмати ходими бевосита бошлиғига дарҳол ахборот бериши шарт.

Жисмоний куч ишлатилганлиги ва махсус воситалар қўлланилганлиги натижасида жисмоний ёхуд юридик шахсларнинг ҳаётига, соғлиғига ёки мол-мулкига зарар етказилган ҳар бир ҳолат ҳақида, шунингдек, ўқотар қурол қўлланилган барча ҳоллар тўғрисида қўриқлаш хизмати раҳбари (бошлиқ ёки командир) прокурорга дарҳол хабар беради.


33. Ходимнинг жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш чоғида ўз ваколатлари доирасидан чиққанлиги қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Агар жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш қонунда белгиланган асослар бўйича ва тартибда амалга оширилган бўлса, қўриқлаш хизмати ходими жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш чоғида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар учун жавобгар бўлмайди.

Агар қўриқлаш хизмати ходими томонидан жисмоний куч ишлатилганлиги, махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилганлиги натижасида фуқарога тан жароҳати етказилса ёхуд у ҳалок бўлса, қўриқлаш хизмати ходими ҳодиса жойини ўзгаришсиз ҳолатда сақлашга қаратилган чораларни кўриши шарт.


34. Қўриқлаш хизмати ходимининг хизмат мажбуриятларини бажариши деганда қуйидагилар тушунилади:

лавозим мажбуриятларини бажариш ва жанговар ҳаракатларда иштирок этиш;

хизматни (жанговар хизматни) ўташ;

хизмат сафарида ёки даволанишда бўлиш;

кун тартибида белгиланган хизмат вақти давомида ёки хизмат зарурати туфайли қўриқлаш бўлинмалари (қўриқланаётган объект) ҳудудида бўлиш;

хизмат, даволаниш жойига бориш ёки улардан қайтиш;

йиғинларда (ҳарбий йиғинларда) иштирок этиш;

асирликда бўлиш (ўз ихтиёри билан асирга тушиш ҳоллари бундан мустасно), гаровга олинган ёки ушлаб қуролсизлантирилган ҳолатда бўлиш;

бедарак кетиш - ходим қонунда белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилгунига ёки вафот этган деб эълон қилингунига қадар;

шахснинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга доир ҳаракатлар;

қонунийликни ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда бошқа шахсларга ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёрдам кўрсатиш;

суд томонидан ходимнинг шахс, жамият ва давлат манфаатларини кўзлаб содир этилган деб топилган бошқа ҳаракатлари.



4-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ ХИЗМАТИ НАРЯДЛАРИНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


35. Қўриқлаш хизмати нарядларининг хизмати саккиз соатлик ёки ўн икки соатлик сменалар асосида ташкил этилади.

Объектнинг жойлашуви, унинг ва хизмат ўташнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, нарядларнинг хизмати суткалик ва вахта усулида ташкил этилиши мумкин.

Нарядлар хизмати 24 соатлик сменалар асосида ташкил этилганда, наряд аъзоларининг ҳар бирига навбатма-навбат овқатланиш ва қисқа муддатли дам олиш учун уч сменалик режимда саккиз соат, тўрт сменалик режимда олти соат вақт ажратилади. Ушбу вақт иш вақтига киритилмайди.


36. Вахтанинг давомийлиги етти суткагача белгиланади ва бунда хизмат қоровуллик тартибида ташкил этилади. Қоровуллик тартиби ташкил этилганда, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Гарнизон ва қоровуллик хизмати тўғрисидаги уставда белгиланган тартибга амал қилинади.

Вахта усулида хизмат ташкил этилганда, ходимларнинг дам олиши, овқатланиши, ювиниши ва улар билан ўқув машғулотларини ўтказиш, уларнинг табель қуролларини сақлаш бўйича тегишли шарт-шароитлар яратилган бўлиши шарт.


37. Объектларни қўриқлаш учун постлар, йўналишларни қўйиш қоидалари ва шартлари, шунингдек, уларнинг фаолияти устидан назоратни амалга ошириш Миллий гвардиянинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига асосан белгиланади.


38. Ўта муҳим ва тоифаланган объектларда нарядлар хизматини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ амалга оширилади.


39. Прокуратура органлари, судлар, Марказий банк ва тижорат банклари, давлат, ижтимоий аҳамиятга эга бошқа объектларни қўриқлаш бўйича қўриқлаш нарядлари хизматини ташкил этиш шартлари Миллий гвардиянинг тегишли органлар, ташкилотлар билан ҳамкорликдаги қўшма қарорларига асосан тартибга солинади.


40. Техник қўриқлаш томонидан кўрсатилаётган хизматнинг ҳаммабоплигини таъминлаш мақсадида объектлар алоҳида гуруҳларга (ижтимоий аҳамияти, сақланаётган моддий-товар бойликлар миқдори, сони ва бошқаларга асосан) таснифланади. Қўриқлаш бўлинмаларига амалдаги тарифларни фоиз ҳисобида камайтирган ҳолда хизмат кўрсатишга рухсат этилади. Объектларни гуруҳларга таснифлаш тартиби Бош бошқарма томонидан белгиланади.


41. Қўриқлаш хизмати ходимлари ва бўлинмаларининг фаолияти қуйидаги асосий нормативлар ва мезонлар билан баҳоланади:

нарядларнинг объектларни қўриқлаш бўйича фаолияти самарадорлиги ва жисмоний, юридик шахсларга кўрсатилаётган хизмат сифати (ўғрилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш), шартномавий мажбуриятларга риоя этилиши;

замонавий қўриқлаш ахборот-коммуникация технологик тизими (воситалари)ни жорий этиш ва кўрсатилаётган техник хизматнинг сифати;

кўрсатилаётган хизмат турларини кенгайтириш, қўриқланаётган объект ва фуқаролар хонадонлари сонининг ошиши;

идоравий қўриқлаш бўлинмаларининг назорат текширувини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, уларнинг фаолиятини самарали мувофиқлаштириш, аниқланган камчилик ва хатоларни аниқ бартараф этиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар билан хавфсизлик, видеокузатув воситаларини ўрнатиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларида ҳамкорлик қилиш ҳолати;

бўлинмаларнинг жанговар тайёргарлик ҳолати, ўқув машқлари ва машғулотларининг сифати;

шахсий таркибнинг касбий тайёргарлиги сифати ва ахлоқий-руҳий ҳолати, бўлинмаларда интизом ва қонунийликка риоя этилиши даражаси.



5-БОБ. ИДОРАВИЙ ҚЎРИҚЛАШ БЎЛИНМАЛАРИДА

НАЗОРАТ ТЕКШИРУВЛАРИНИ ЎТКАЗИШ

ВА МУВОФИҚЛАШТИРИШ


42. Назорат текширувлари қўриқлаш хизмати томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш ва дахлсизлигини таъминлашда ягона сиёсат юритилишини таъминлаш ҳамда идоравий қўриқлаш бўлинмалари томонидан қўриқланаётган объектларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ўтказилади.


43. Вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар объектларининг (Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардияси, Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, уларга бўйсунувчи юридик шахслар ва улар томонидан қўриқланадиган объектлар бундан мустасно) назорат текшируви режа асосида, ҳар икки йилда бир маротаба ўтказилади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ташаббуси билан, шартнома асосида, уларга тегишли объектларда ҳам назорат текширувлари ўтказилишига йўл қўйилади.


44. Назорат текширувида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ёнғин хавфсизлиги хизмати инспекторлари иштирок этади ҳамда ички ишлар органларининг манфаатдор хизматлари вакиллари ва бошқа мутахассислар жалб қилиниши мумкин.

45. Назорат текшируви объектни қўриқлаш бўлинмаси раҳбарлари ва объект маъмурияти вакиллари иштирокида амалга оширилади.


46. Назорат текшируви жараёнида қуйидагилар ўрганилади ва мувофиқлаштирилади:

идоравий қўриқлашнинг ташкил этилганлик ҳолати, қўриқлаш штат бирликларининг жамланганлиги, қўриқлаш ходимларининг хизмат ва жанговар тайёргарлиги, улар билан ўқув машғулотларининг ўтказилиши, постлар сони, хусусияти, уларнинг ёпилиши; хизмат ўташ тартиби, пост ҳужжатларининг юритилиши (пост жойлашуви, хизмат вазифалари, иш жадваллари, йўриқнома, хизматга тарқатиш китоби ва ҳ.к.), ходимларнинг ҳуқуқ ва бурчлари, хизмат ўталишининг текширилиши;

объектнинг қўриқлаш-ёнғин сигнализацияси ва видеокузатув тизимлари ҳолати, уларнинг белгиланган меъёрларга мослиги, объектнинг муҳандислик-техник воситалар билан жиҳозланганлиги, турникетлар мавжудлиги, эшиклар, деразалар, деворлар, тўсиқлар, ёритиш тизимининг ҳолати ва ҳ.к.;

идоравий қўриқлаш ходимлари учун яратилган шарт-шароитлар, хизмат, текширув хоналарининг жиҳозланиши, телефон ва бошқа алоқа воситаларининг мавжудлиги, ходимларнинг хизмат кийим-бош билан таъминланганлиги;

мавжуд махсус воситалар, қурол-аслаҳаларга рухсатномаларнинг мавжудлиги, уларнинг ҳолати, ҳисоб-китоби, сақланиши аҳволи;

объектда ички режим ва рухсат бериш режими ўрнатилганлиги, унинг тартибини белгиловчи ҳужатларнинг мавжудлиги, рухсатнома тизимининг мавжудлиги ва унга амал қилиниши;

объект ишчи-хизматчилари ва объект атрофида яшовчи фуқаролар билан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида ўтказилаётган профилактик тадбирлар ва ёнғин хавфсизлигини таъминлашга доир олиб борилаётган ишлар;

идоравий қўриқлаш ходимларининг йил мобайнида белгиланган дастурларга мувофиқ жанговар хизмат, ижтимоий-ҳуқуқий, маънавий-психологик ва жисмоний тайёргарлик курсларидан ўтиши;

хизмат фаолиятида хизмат итларидан фойдаланиш, хизмат итларининг ҳолати ва уларни объект қўриғига қўйиш тартиби.

Идоравий қўриқлаш бўлинмалари фаолиятини назорат текшируви ва мувофиқлаштириш жараёнида объектнинг қўриқловини ташкил этиш, хавфсизлигини таъминлашга доир бошқа масалалар ҳам ўрганилади.


47. Назорат текшируви натижалари бўйича далолатнома тузилиб, иштирок этган вакиллар томонидан имзоланади. Далолатномада объектнинг қўриқлаш-хавфсизлик тизимида аниқланган камчиликлар кўрсатилиб, уларни батараф этиш ва такомиллаштириш бўйича таклифлар ифодаланади, бунинг учун аниқ муддатлар белгиланади.


48. Объект маъмурияти қўриқлаш хизмати билан ҳамкорликда аниқланган камчиликларни бартараф этиш, тегишли объектларнинг ички ва рухсат бериш режими, қўриқлаш тизимини такомиллаштириш бўйича режа (дастур) ишлаб чиқади. Камчиликларни бартараф этиш ва қўриқлаш тизимини такомиллаштириш бўйича белгиланган муддатларда маълумот беради.

Қўриқлаш хизмати камчиликларни бартараф этиш, тегишли объектларнинг ички ва рухсат бериш режими, қўриқлаш тизимини такомиллаштириш бўйича режа (дастур) ижросини мувофиқлаштиради ва белгиланган муддатдан сўнг назорат тариқасида текширув ташкил этади.


49. Ўтказилган назорат текширувлари натижалари Бош бошқарма томонидан умулаштирилиб, текширув ўтказилган вазирлик, идора ва ташкилотларга тегишли тавсиялар билан биргаликда умумлаштирилган маълумотлар тақдим этилади.


50. Назорат текширувини режалаштириш, ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони буйруғи билан белгиланади.



6-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ ХИЗМАТИНИНГ МОЛИЯВИЙ,

МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНОТИ, ХОДИМЛАРНИНГ

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯСИ


51. Қўриқлаш хизмати ходимларига ва уларнинг оила аъзоларига Миллий гвардиянинг тиббий муассасалари, шунингдек, қўриқланаётган объектларнинг поликлиникалари, касалхоналари, санаторийлари, дам олиш уйлари, болалар боғчалари томонидан хизмат кўрсатилади.


52. Қўриқлаш хизмати ходимларининг пул таъминоти Миллий гвардия ходимларига ўрнатилган тартиб бўйича амалга оширилади.


53. Уй-жой олишга ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож деб топилган қўриқлаш хизмати ходимлари белгиланган тартибда уй-жой майдони олиш ҳуқуқига эга.

Қўриқлаш хизмати ўзининг уй-жой фондига эга бўлади.


54. Қўриқлаш хизмати ходимларига хизматни ўташ даври давомида қуйидагилар ҳисобидан уй-жой берилиши мумкин:

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳисобидан;

объектлари ва мол-мулки қўриқланаётган ташкилотлар томонидан уларнинг ходимлари ва хизматчилари билан умумий асосларда;

Миллий гвардия ҳисобидан;

қўриқлаш хизматининг ўз маблағларига қурилган уй-жой фонди ҳисобидан.

Ётоқхонага эга бўлган ташкилотлар шартнома асосида улардан қўриқлаш хизмати бўлинмалари ходимларига турар жой берадилар.


55. Қўриқлаш хизмати ўз маблағлари ҳисобига хизмат биноларини лойиҳалаштириши ва қуриши ҳамда хизмат биноларини қуришда улуш ҳисобида иштирок этиши мумкин.


56. Қўриқлаш хизмати махсус ёруғлик сигналларига ва товушли сигналларга, бўёқли рангли графика схемасига эга махсус автотранспорт воситалари билан таъминланади.


57. Қўриқлаш хизматига моддий-техника воситалари, қуроллар ва автотранспортни сақлаш учун хизмат хоналари қўриқланаётган объектларнинг ташкилотлари, корхоналари, муассасалари томонидан ажратилади.


58. Меҳнат шароитлари соғлиқ учун зарарли бўлган объектларда хизмат қилувчи қўриқлаш хизмати ходимлари шу объектларнинг ишчи ва хизматчилари учун назарда тутилган барча имтиёз ва қулайликлардан фойдаланадилар.


59. Қўриқлаш хизмати ходимлари бепул формали кийим-бош билан таъминланади. Ашёвий таъминот нормалари, шунингдек, формали кийим-бошни кийиш қоидалари Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони томонидан белгиланади.



7-БОБ. ҚЎРИҚЛАШ ХИЗМАТИ ХОДИМЛАРИНИНГ

ЖАВОБГАРЛИГИ


60. Қўриқлаш хизмати ходими ғайриқонуний ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги, шунингдек, хизмат вазифасини тўлақонли равишда бажармагани учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Қўриқлаш хизмати ходими хизмат интизомини ва ички тартибни бузганлиги учун Интизом низомига асосан интизомий жавобгарликка тортилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 4 июль














































Время: 0.0212
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск