язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2019 й./ Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳуқуқни қўлловчи органлар/ Ички ишлар органлари ходимларини терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган деб топиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 01.07.2019 й. 3171-сон билан рўйхатга олинган 01.07.2019 й. Ички ишлар вазирлигининг 52ҚҚ-сон, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 86-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2019 йил 1 июлда 3171-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Ички ишлар вазирлиги ва

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг

2019 йил 1 июлдаги

52ҚҚ ва 86-сон қарорига

ИЛОВА



Ички ишлар органлари ходимларини терроризмга

ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат

хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган

ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб

қолган деб топиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 майдаги 375-сон "Ички ишлар органлари ходимлари фарзандларининг давлат олий таълим муассасалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси ва Давлат божхона қўмитасининг олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсиянома (тақдимнома) бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорига мувофиқ ички ишлар органлари ходимлари терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган (бундан буён матнда ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган деб юритилади) деб топиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ички ишлар органлари ходимлари хизмат мажбуриятини бажариш вақтида ("Ички ишлар органлари тўғрисида"ги Қонуннинг 28-моддаси) ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган бўлса, бироқ уларнинг ҳалок бўлиши ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолиши терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ бўлмаса, мазкур Низом талаблари уларга нисбатан татбиқ этилмайди.


2. Ички ишлар органлари ходимларини ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган деб топиш Ички ишлар органлари ходимларини терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган деб топиш бўйича махсус комиссия (бундан буён матнда Махсус комиссия деб юритилади) томонидан амалга оширилади.


3. Туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) ўзларига тегишли ҳудуддаги ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган собиқ ходимлар ва уларнинг оила аъзолари (ота-онаси, турмуш ўртоғи, фарзандлари) ҳақидаги маълумотлар базасини юритади ва ундаги маълумотларни доимий равишда янгилаб боради.



2-БОБ. МАХСУС КОМИССИЯНИ ТУЗИШ


4. Махсус комиссия Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг буйруғи билан 7 кишидан кам бўлмаган тоқ сондан иборат таркибда тузилади.


5. Махсус комиссия Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари - Кадрлар бош бошқармаси бошлиғи, Ички ишлар вазирлиги Тиббиёт бошқармаси бошлиғи ва унинг ўринбосари, Ташкилий департамент бошлиғи, Ўз хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи, Молия ва моддий техника бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари - Молия иқтисод бошқармаси бошлиғи, Юридик таъминлаш бошқармаси бошлиғи ва Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимларидан иборат таркибда шакллантирилади.


6. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари - Кадрлар бош бошқармаси бошлиғи Махсус комиссия раиси ҳисобланади.

Ички ишлар вазирлиги Кадрлар бош бошқармасининг масъул ходими Махсус комиссия котиби ҳисобланади.


7. Махсус комиссия ўз фаолиятини мазкур Низом ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.


8. Махсус комиссия раиси:

Махсус комиссия фаолиятини ва унинг иш тартибига риоя этилишини назорат қилади;

Махсус комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ўтказиладиган кун ва вақтни белгилайди;

Махсус комиссия мажлисларини ўтказади ва уларга раҳбарлик қилади.


9. Махсус комиссия раиси комиссия ишини ташкил қилиш ва унинг ўз вақтида, тўғри ва ҳаққоний ўтказилиши учун масъул ҳисобланади.



3-БОБ. ҲАЛОК БЎЛГАН ЁКИ ОЛГАН

ЖАРОҲАТИ ТУФАЙЛИ НОГИРОН БЎЛИБ

ҚОЛГАН СОБИҚ ХОДИМЛАР ЙИҒМА

ЖИЛДИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


10. Туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) ўзларига тегишли ҳудудда содир бўлган воқеада (ҳодисада) ички ишлар органи ходимининг ҳалок бўлиши ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолиши ҳолатлари кузатилганда ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган собиқ ходим ва унинг оила аъзолари ҳақидаги маълумотларни тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари, вилоятлар ички ишлар бошқармаларига (бундан буён матнда ҳудудий ички ишлар органи деб юритилади) юборади.


11. Ҳудудий ички ишлар органи туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) томонидан тақдим этилган рўйхатда кўрсатилган, шунингдек ҳудудий ички ишлар органида мавжуд маълумотлар асосида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган собиқ ходимларнинг ҳар бири учун алоҳида йиғма жилд шакллантиради.

Йиғма жилд қуйидаги ҳужжатлардан ёки уларнинг нусхаларидан шакллантирилади:

содир бўлган воқеа (ҳодиса) юзасидан ўтказилган хизмат текшируви хулосаси;

содир бўлган воқеа (ҳодиса) бўйича тузилган далолатнома;

содир бўлган воқеа (ҳодиса) оқибатида жароҳат олган ходимнинг ушбу вақтдаги соғлиғи ҳолати тўғрисидаги ҳужжатлар;

суд-тиббий экспертиза хулосаси;

содир бўлган воқеа (ҳодиса) юз берган вақтда ходимнинг хизмат вазифаси ёки мажбуриятини бажариш билан боғлиқлигини тасдиқловчи ҳужжат (агар мавжуд бўлса);

содир бўлган воқеа (ҳодиса) юзасидан тергов органи ёки суднинг қарори (агар мавжуд бўлса);

тиббий кўрик натижалари бўйича Тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг хулосаси ҳамда ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома;

ички ишлар органларидан хизматдан бўшатилганлиги тўғрисидаги буйруқ кўчирмаси.

Йиғма жилдга содир бўлган воқеа (ҳодиса) билан боғлиқ ҳолатларни ифодаловчи бошқа ҳужжатлар ёки уларнинг нусхалари киритилиши мумкин.

Ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган собиқ ходим бўйича шакллантирилган йиғма жилддаги ҳужжатлар ёки уларнинг нусхалари тўғри ва тўлиқ шакллантирилганлиги бўйича масъулият мазкур йиғма жилдни шакллантирган ҳудудий ички ишлар органига юклатилади.


12. Ҳудудий ички ишлар органи ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган собиқ ходим бўйича шакллантирилган йиғма жилдларни ҳудудий ички ишлар органи бошлиғи, у бўлмаганда унинг вазифасини бажарувчи томонидан имзоланган хат билан Махсус комиссияга юборади.



4-БОБ. МАХСУС КОМИССИЯ ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Махсус комиссия котиби ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган собиқ ходимларнинг келиб тушган йиғма жилдларини қабул қилиб олади ва шу куннинг ўзида йиғма жилдларни рўйхатга олиш китобига тегишли ёзув киритиш орқали қайд қилади.

Йиғма жилдларни рўйхатга олиш китоби ип ўтказилиб тикилган, Ички ишлар вазирлиги Кадрлар бош бошқармасининг девонхонаси муҳри билан тасдиқланган ва рўйхатдан ўтказилган бўлиши лозим.


14. Махсус комиссия котиби келиб тушган йиғма жилдлардаги ҳужжатларнинг тўлиқлигини ҳамда ундаги маълумотлар тўғри кўрсатилганлигини ўрганади.


15. Махсус комиссия котиби келиб тушган йиғма жилдлардаги ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ёки ундаги маълумотлар тўлиқ кўрсатилмаганлигини аниқлаган ҳолларда йиғма жилдни юборган ҳудудий ички ишлар органидан қўшимча маълумотлар тақдим этилишини талаб қилади.

Махсус комиссия котиби томонидан талаб қилинган маълумотлар 10 кун ичида тақдим этилмаган тақдирда йиғма жилд тегишли ҳудудий ички ишлар органига қайтарилади.


16. Келиб тушган йиғма жилдлардаги ҳужжатлар тўлиқ ва ундаги маълумотлар тўғри кўрсатилган ҳолларда Махсус комиссия котиби ушбу йиғма жилдларни Махсус комиссиянинг навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилиши учун ҳар бир йиғма жилд бўйича алоҳида Махсус комиссиянинг барча аъзолари сонига мутаносиб равишда қисқача маълумотнома тайёрлайди.


17. Ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган собиқ ходимларнинг йиғма жилдлари Кадрлар бош бошқармасида сақланади.


18. Махсус комиссия котиби ҳудудий ички ишлар органларидан юборилган йиғма жилдларни қабул қилиб олган куннинг ўзида бу ҳақда Махсус комиссия раисини хабардор қилади.


19. Махсус комиссия раиси собиқ ходимнинг ҳалок бўлиши ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолиши терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқлигини кўриб чиқиш мақсадида Махсус комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтадиган кун ва вақтни белгилайди.

Бунда йиғма жилдлар бир ёки бир нечта бўлишидан қатъи назар, улар Махсус комиссияга келиб тушган кундан бошлаб 30 кун ичида Махсус комиссия томонидан кўриб чиқилиши шарт.


20. Махсус комиссия котиби комиссия йиғилиши ўтказиладиган кундан камида 3 кун олдин Махсус комиссиянинг барча аъзоларини комиссия йиғилиши ўтказиладиган кун ва вақт ҳақида хабардор қилади.



5-БОБ. МАХСУС КОМИССИЯ ЙИҒИЛИШИНИ ЎТКАЗИШ


21. Махсус комиссия йиғилишида комиссия раиси, котиби ва унинг аъзоларидан бошқа шахсларнинг иштирок этишига йўл қўйилмайди, Махсус комиссия раисининг рухсати билан комиссия йиғилишида кўрилаётган масала юзасидан тегишли соҳа мутахассисларини жалб этиш ҳоллари бундан мустасно.


22. Махсус комиссия котиби йиғилишда кўриб чиқиш учун кун тартибига қўйилган собиқ ходимларнинг йиғма жилдлари асосида тайёрланган қисқача маълумотномани комиссиянинг барча аъзоларига бир нусхадан тарқатади.


23. Махсус комиссия котиби ҳар бир йиғма жилд бўйича барча маълумотларни комиссия аъзоларига алоҳида ўқиб эшиттиради.


24. Махсус комиссия ҳар бир йиғма жилд орқали тақдим этилган маълумотларни ўрганган ҳолда уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида қарор қабул қилади.


25. Йиғма жилди тақдим этилган собиқ ходимни Махсус комиссия томонидан ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган деб топиш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:

собиқ ходим терроризмга қарши курашиш билан боғлиқ тадбирлар ёхуд террористик актлар натижасида бевосита, шунингдек фаол ҳаракатлари оқибатида ҳалок бўлганлиги ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолганлиги ҳолати;

собиқ ходим жиноятчиликка қарши курашиш билан боғлиқ тадбирлар ёхуд фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи ҳаракатлар, шунингдек содир этилган жиноий ҳаракат натижасида бевосита, шунингдек фаол ҳаракатлари оқибатида ҳалок бўлганлиги ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолганлиги ҳолати;

собиқ ходим жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ тадбирлар, амалиётлар ёхуд жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи тажовузларни бартараф этиш натижасида бевосита, шунингдек фаол ҳаракатлари оқибатида ҳалок бўлганлиги ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолганлиги ҳолати.


26. Махсус комиссия йиғилишида кўриб чиқилаётган йиғма жилд материаллари мазкур Низомнинг 25-бандида назарда тутилган мезонларга мувофиқ бўлмаган ҳолларда собиқ ходимни терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоғида ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган деб топишга йўл қўйилмайди.


27. Махсус комиссия томонидан тегишлилиги бўйича қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

собиқ ходим терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш (жамоат хавфсизлигини таъминлаш) чоғида ҳалок бўлган (олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган) деб топиш тўғрисида;

собиқ ходим терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш (жамоат хавфсизлигини таъминлаш) билан боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра ҳалок бўлган (олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган) деб топиш тўғрисида.


28. Махсус комиссия қарори комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда, Махсус комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


29. Махсус комиссия йиғилиши баённома билан расмийлаштирилади. Бунда комиссия мажлиси баённомаларини расмийлаштириш комиссия котиби томонидан амалга оширилади.


30. Махсус комиссия йиғилиши баённомаси комиссиянинг ҳар бир аъзоси томонидан имзоланади ҳамда тасдиқлаш учун комиссия раисига тақдим этилади.


31. Махсус комиссия котиби комиссия раиси томонидан тасдиқланган баённома нусхасини комиссия йиғилиши бўлиб ўтган кундан бошлаб 7 кун ичида йиғма жилдни юборган тегишли ҳудудий ички ишлар органига етказилишини таъминлайди.


32. Ҳудудий ички ишлар органи Махсус комиссия томонидан юборилган барча баённома нусхалари асосида терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш (жамоат хавфсизлигини таъминлаш) чоғида ҳалок бўлган (олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган) деб топилган собиқ ходимлар рўйхатини юритади ва ушбу рўйхатни доимий равишда янгилаб боради.


33. Ҳудудий ички ишлар органи Махсус комиссия қарорига асосан терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш (жамоат хавфсизлигини таъминлаш) чоғида ҳалок бўлган (олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган) деб топилган собиқ ходимнинг оила аъзоларини Махсус комиссия қарори ҳамда улар учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар билан ёзма равишда таништиради.


34. Ҳудудий ички ишлар органлари ҳар чорак якуни бўйича чоракдан кейинги ойнинг 3 санасидан кечиктирмай ўзларига тегишли ҳудуддаги ҳалок бўлган ёки олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган собиқ ходимлар (уларнинг оила аъзолари) ҳақидаги маълумотларни хатловдан ўтказади ва хатлов натижасида аниқланган маълумотларни Махсус комиссияга тақдим этиб боради.


35. Терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш (жамоат хавфсизлигини таъминлаш) чоғида ҳалок бўлган (олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган) ходимлар фарзандларининг олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсиянома (тақдимнома) бериш Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 майдаги 375-сон қарори билан тасдиқланган Ички ишлар органлари ходимлари фарзандларининг давлат олий таълим муассасалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардияси ва Давлат божхона қўмитасининг олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тавсиянома (тақдимнома) бериш тартиби тўғрисидаги низом асосида амалга оширилади.

Бунда терроризмга ва жиноятчиликка қарши курашиш (жамоат хавфсизлигини таъминлаш) чоғида ҳалок бўлган (олган жароҳати туфайли ногирон бўлиб қолган) деб топилган ходимлар фарзандларининг рўйхати Махсус комиссия томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 майдаги 375-сон қарори билан тасдиқланган низомга асосан ташкил этилган комиссияга тақдим этиб борилади.



6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


36. Манфаатдор шахслар сўровига кўра Махсус комиссия қарорининг тегишли қисмидан кўчирма берилиши мумкин.


37. Махсус комиссия қароридан норози бўлган шахслар судга мурожаат қилишлари мумкин.


38. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 1 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 8 июль, 27-сон, 492-модда