язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Ер ости бойликлари тўғрисидаги қонунчилик/ Ер ости бойликларидан фойдаланиш ва муҳофаза қилишни бошқариш/ Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш учун "E-IJRO AUKSION" электрон савдо майдончасида электрон аукционни ўтказиш ҳамда ушбу участкалардан фойдаланиш ҳуқуқига лицензиялар бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.07.2019 й. 546-сонли қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 1 июлдаги

546-сонли қарорига

ИЛОВА



Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига

олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш

ҳуқуқини олиш учун "E-IJRO AUKSION" электрон

савдо майдончасида электрон аукционни ўтказиш

ҳамда ушбу участкалардан фойдаланиш ҳуқуқига

лицензиялар бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш учун "E-IJRO AUKSION" электрон савдо майдончасида электрон аукционни ўтказиш ҳамда ушбу участкалардан фойдаланиш ҳуқуқига лицензиялар бериш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


норуда фойдали қазилмалар - саноатда ва қурилишда табиий равишда ёки хомашё сифатида ишлатиладиган металл бўлмаган фойдали қазилмалар;


норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкалари - таркибида норуда фойдали қазилмалар мавжуд бўлган ва аниқ геометрланган чегараларга эга ер қаъри майдони;


"E-IJRO AUKSION" ягона электрон савдо майдончаси (кейинги ўринларда савдо майдончаси деб аталади) - электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш учун зарур бўлган ахборотни киритиш, сақлаш ва қайта ишлаш, шунингдек, манфаатдор шахсларнинг аукционлар жараёнларидан оператор веб-портали орқали бевосита фойдаланиш имкониятини таъминлайдиган ахборот тизими;


оператор - Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфидаги "Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази" давлат унитар корхонаси;


электрон онлайн-аукцион (кейинги ўринларда аукцион деб аталади) - салоҳиятли харидорларга тенг имконият яратган ҳолда Интернет тармоғидаги "E-IJRO AUKSION" ягона электрон савдо майдончасида норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкалари сотиладиган аукцион шаклидаги электрон савдо усули;


электрон буюртма (кейинги ўринларда буюртма деб аталади) - норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензияларни аукционда реализация қилиш бўйича аукцион ташкил қилиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси (кейинги ўринларда Давлат геология қўмитаси деб аталади) томонидан бериладиган электрон буюртма;


аукцион иштирокчиси - аукционда иштирок этиш учун электрон ариза берган ва унда иштирок этишга қўйилган юридик шахс;


аукцион рақами - савдода иштирок этиш учун электрон ариза мавжуд бўлганда аукционда иштирок этиш учун иштирокчига бериладиган рақам;


аукцион объекти - аукцион натижалари асосида реализация қилишга қўйиладиган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи;


кафолатланган закалат (кейинги ўринларда закалат деб юритилади) - электрон савдоларда иштирок этиш учун талабгорлар томонидан тўланадиган, бошланғич нархнинг 5 фоизи қийматидаги пул миқдори;


лот - аукционда реализация қилинадиган, норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган муайян ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи;


"E-IJRO AUKSION" ягона электрон савдо майдончасидаги техник узилиш - иштирокчилардан бирига аукционда иштирок этишга имкон бермайдиган ёки оператор ходимига аукцион ўтказилишига хизмат кўрсатишнинг техник имкониятини таъминламайдиган электрон савдо майдончасидаги техник носозликлар.


3. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи лицензия асосида:

геологик ўрганиш;

қазиб олиш;

техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш учун берилади.


4. Лицензиялар мазкур Низомнинг 3-бандида белгиланган ер ости бойликларидан фойдаланишнинг ҳар бир тури учун алоҳида-алоҳида берилади.


5. Лицензиялар Давлат геология қўмитаси томонидан берилади.



2-БОБ. НОРУДА ФОЙДАЛИ ҚАЗИЛМАЛАРНИ

ЎЗ ИЧИГА ОЛГАН ЕР ҚАЪРИ УЧАСТКАЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚИ УЧУН ЛИЦЕНЗИЯЛАР


1-§. Геологик ўрганиш учун ер қаъри участкаларидан

фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар


6. Геологик ўрганиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензия тадбиркорлик таваккалчилиги асосида (ер қаъридан фойдаланувчиларнинг ўз маблағлари ҳисобига) норуда фойдали қазилмалар конларини излаш, баҳолаш ва қидиришга оид ҳуқуқни тасдиқлайди.

Минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш давлат дастурлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва ташкилотларнинг ўз маблағлари ҳисобига геологик ўрганиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи юзага келишига белгиланган тартибда тасдиқланган ер қаърини геологик ўрганишга доир лойиҳа-смета ҳужжатлари асос ҳисобланади.

Норуда фойдали қазилмаларни геологик ўрганиш босқичида лойиҳа-смета ҳужжатларида асосланган ҳамда норуда фойдали қазилмалар захираларини ҳисоблаб чиқиш ва уларнинг сифатини баҳолаш учун етарли ҳажмларда тажриба (синов) ва тажриба-саноат йўсинида қазиб олиш ишларини ўтказиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига оид лицензия олиш талаб қилинмайди.



2-§. Норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ер қаъри

участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига оид лицензия


7. Норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига оид лицензия, унинг эгасига конни қазиб олиш, қазиб олинаётган минерал-хомашёни қайта ишлаш, шу жумладан агар лицензия шартларида бошқа ҳолатлар назарда тутилмаган бўлса, қазиб олиш жараёнида олинган минерал ҳосилалардан фойдаланиш (қайта ишлаш) ҳуқуқини беради.

Норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига оид лицензия норуда фойдали қазилмаларнинг захиралари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланган кон бўйича уларни қазиб олиш учун берилади.


8. Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига оид лицензияни коннинг алоҳида участкасидаги норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун берилишига рухсат этилади, агар ушбу ҳолат конни қазиб олишнинг техник-иқтисодий кўрсаткичларини ёмонлаштирмаса ва коннинг қолган қисмлари (участкалари)ни ўзлаштиришга тўсқинлик қилмаса.


9. Битта конни бир нечта ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан қазиб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига оид лицензиялар берилишига йўл қўйилади. Бунда конни қазиб олиш Давлат геология қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳит муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (кейинги ўринларда Давлат экология қўмитаси деб аталади) билан келишилган, ер қаъридан оқилона фойдаланишни ва атроф муҳитни муҳофаза қилинишини таъминловчи қазиб олиш тизимида амалга оширилиши керак.


10. Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун бир неча лицензияларнинг бир вақтнинг ўзида битта ер қаъридан фойдаланувчига берилишига йўл қўйилади, шу жумладан ўзаро яқин жойлашган норуда фойдали қазилмалар конларини қазиб олиш учун, агар бажарилган техник-иқтисодий ҳисоб-китобларга кўра уларни фақат биргаликда бир ер қаъридан фойдаланувчи томонидан қазиб олиш рентабелли бўлса.


11. Бир вақтнинг ўзида норуда фойдали қазилмаларнинг турли конларини, айрим турдаги қурилиш ва бошқа материаллар ва буюмларни ишлаб чиқариш учун зарур компонент сифатидаги минерал-хомашё қазиб олишга оид ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун бир неча лицензиялар битта ер қаъридан фойдаланувчига берилиши мумкин.


12. Норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензия эгаси, унга берилган кон ажратмаси доирасида қўшимча лицензиясиз ер қаърини геологик ўрганишга доир ишларни, уларни Давлат геология қўмитасининг Давлат геология фондида ҳисобига қўйиш шарти билан олиб бориш ҳуқуқига эга.



3-§. Техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш учун ер

қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига оид лицензия


13. Техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига оид лицензия, ўз эгасининг кон қазиб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналарининг таркибида норуда фойдали компонентлари мавжуд чиқиндиларини қайта ишлаш ишларини амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқлайди.

Норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва минерал-хомашёни қайта ишлаш жараёнида олинган техноген минерал ҳосилаларга эгалик ҳуқуқи норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига оид лицензияга мувофиқ лицензия эгасида ер қаъри участкасидан фойдаланиш муддати мобайнида сақлаб қолинади. Бундай ҳолда техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш (қайта ишлаш)га лицензия олиш талаб қилинмайди.


14. Техноген минерал ҳосилалардан фойдаланишга оид ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия, ер қаъридан фойдаланувчи балансида ҳисобда турмайдиган ёки техноген минерал ҳосилалар сотилган ёки белгиланган тартибда бошқа ер қаъридан фойдаланувчига топширилган ҳолда, кон қазиб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналарининг чиқиндиларини қайта ишлаш учун берилади.



3-БОБ. НОРУДА ФОЙДАЛИ ҚАЗИЛМАЛАРНИ ЎЗ

ИЧИГА ОЛГАН ЕР ҚАЪРИ УЧАСТКАЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ШАРТЛАРИ


15. Ер қаъридан фойдаланиш лицензияда назарда тутилган шартларга мувофиқ амалга оширилади.


16. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланишнинг асосий шартларига ер қаъридан фойдаланиш турларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикасининг "Ер ости бойликлари тўғрисида"ги Қонуни билан белгиланган шартлар киради.

Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланишнинг намунавий шартлари Давлат геология қўмитаси ва уни ҳудудий бўлинмаларининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилади, шунингдек зарурат бўлганда белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаларида ҳам эълон қилиниши мумкин.


17. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш шартларида геологик ўрганиш учун қуйидагилар назарда тутилади:

ер қаърини геологик ўрганиш бўйича йириклаштирилган техник-иқтисодий ҳисоб-китобларни ишлаб чиқиш ва Давлат геология қўмитасига топшириш муддати;

атроф муҳитга таъсири тўғрисида ариза лойиҳасига Давлат экология экспертизаси томонидан бериладиган ижобий хулосани Давлат геология қўмитасига топшириш муддати;

кон иншоотлари ва қудуқларни аҳоли ҳаёти ва саломатлиги, атроф муҳит хавфсизлигини таъминлайдиган ҳолатга келтириш (рекультивация қилиш), шунингдек фойдаланишга яроқсиз кон иншоотлари ва қудуқларни тугатиш тартиби;

норуда фойдали қазилмалар захираларини тасдиқлаш учун материалларни Давлат геология қўмитаси ҳузуридаги фойдали қазилмалар захиралари бўйича Давлат комиссиясига топшириш тартиби ва муддатлари;

ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқининг чекланиши, тўхтатиб қўйилиши ёки муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин бўлган шарт-шароитлар.


18. Ер қаъри участкаларидан норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш шартларида қуйидагилар назарда тутилади:

фойдали қазилмаларни қазиб олиш бўйича техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш ва Давлат геология қўмитасига топшириш муддати;

атроф муҳитга таъсири тўғрисида ариза лойиҳасига Давлат экология экспертизаси томонидан бериладиган ижобий хулосани Давлат геология қўмитасига топшириш муддати;

техник лойиҳалар ва кон ишларини ривожлантириш режаларини, захираларни қазиб олиш ва кон майдони (участкалар)да қулайликлар яратиш лойиҳаларини тузиш тартиби ва муддатлари;

қазиб олинган фойдали қазилмага эгалик қилиш ҳуқуқи;

ер қаъридан фойдаланганлик учун тўловларни тўлаш шартлари;

зарур малакали мутахассисларга эга бўлиш;

ер қаъридан фойдаланувчининг ижтимоий мажбуриятлари (маҳаллий аҳоли учун иш жойларини ташкил қилиш, керакли малакали мутахассисларни жалб қилиш ва ходимларни касбга тайёрлаш);

техник ва технологик имкониятлар, шунингдек, белгиланган тартибда шартнома асосида жалб қилинадиган техника ва асбоб-ускуналар мавжудлиги;

бир йил ичида ер қаъри участкасидан фойдаланишнинг бошланиш муддатлари;

янги иш ўринларини яратиш мажбуриятлари;

техноген минерал ҳосилаларни сақлаш ва қайта ишлаш шартлари;

ер қаъридан фойдаланувчининг инвестиция мажбуриятлари;

ер қаъри участкаларидан фойдаланишнинг чекланиши, тўхтатиб қўйилиши ёки муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин бўлган шарт-шароитлар.


19. Техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш шартларида қуйидагилар назарда тутилади:

техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш бўйича техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш ва Давлат геология қўмитасига топшириш муддати;

атроф муҳитга таъсири тўғрисида ариза лойиҳасига Давлат экология экспертизаси томонидан бериладиган ижобий хулосани Давлат геология қўмитасига топшириш муддати;

техник лойиҳалар ва кон ишларини ривожлантириш режаларини, техноген минерал ҳосилалар (конлар) захираларини қазиб олиш ва кон майдони (участкалар)да қулайликлар яратиш лойиҳаларини тузиш тартиби ва муддатлари;

қазиб олинган фойдали қазилмага эгалик қилиш ҳуқуқи;

зарур малакали мутахассисларга эга бўлиш;

ер қаъридан фойдаланувчининг ижтимоий мажбуриятлари (маҳаллий аҳоли учун иш жойларини ташкил қилиш, ходимларни касб бўйича тайёрлаш ва зарур малакали мутахассисларни жалб қилиш);

техноген минерал ҳосилаларни сақлаш ва қайта ишлаш шартлари;

ер қаъри участкаларидан фойдаланишнинг чекланиши, тўхтатиб қўйилиши ёки муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин бўлган шарт-шароитлар.


20. Ўзбекистон Республикаси "Ер ости бойликлари тўғрисида"ги Қонунининг 29-моддаси билан белгиланган ҳолларда Давлат геология қўмитаси норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ер қаъридан фойдаланиш шартларига ўзгартиришлар киритиши мумкин.


21. Минерал-хомашё ва уни қайта ишлаш маҳсулотлари конъюнктурасининг ўзгариши, яъни норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмаслиги сабабли, шунингдек лицензия берилган вақтдагига нисбатан кескин фарқ қилувчи вазият юзага келган ҳолларда ер қаъридан фойдаланувчи сўровига мувофиқ ҳам ер қаъри участкаларидан фойдаланиш шартлари қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Лицензия эгаси норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишни вақтинча тўхтатиши, бу ҳақда олтмиш кун олдин Давлат геология қўмитасига ёзма тарзда маълум қилган ҳолда, белгиланган тартибда кон иншоотларини ва ер ости бойликларидан фойдаланиш билан боғлиқ инфратузилма объектларини консервация қилиши мумкин. Консервация қилиш муддати лицензиянинг умумий амал қилиш муддатига киради.



4-БОБ. НОРУДА ФОЙДАЛИ ҚАЗИЛМАЛАРНИ ЎЗ

ИЧИГА ОЛГАН ЕР ҚАЪРИДАН ФОЙДАЛАНИШ

МУДДАТЛАРИ


22. Геологик ўрганиш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш учун ер қаъри участкалари қуйидагилар учун белгиланган муддатларга берилади:

геологик ўрганиш учун - беш йилгача;

фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш учун - фойдали қазилмаларни ёки техноген минерал ҳосилаларни қазиб олиш бўйича техник-иқтисодий асослар билан белгиланган муддатга.


23. Ер қаъридан фойдаланиш муддатлари лицензияда кўрсатилади ва у берилган кундан бошлаб ҳисобланади.


24. Ер қаъридан фойдаланиш тугагунга қадар камида олти ой олдин ер қаъридан фойдаланувчи томонидан Давлат геология қўмитасига йўлланган буюртма бўйича ер қаъридан фойдаланувчи томонидан лицензияда белгиланган шартлар бажарилган тақдирда ва ер қаърини геологик ўрганишга доир ишларни якунлаш, шунингдек фойдали қазилма конларини қазиб олиш, техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш ёки фойдали қазилмаларни қазиб олиш бўйича корхоналарни тугатиш ёки консервациялаш бўйича ишларни амалга ошириш зарур бўлган ҳолларда ер қаъридан фойдаланиш муддатлари узайтирилиши мумкин.

Ер қаъридан фойдаланиш муддатларини узайтириш ёки уни рад этиш тўғрисидаги қарор Давлат геология қўмитаси томонидан буюртма тушган кундан бошлаб йигирма кун ичида қабул қилинади.



5-БОБ. НОРУДА ФОЙДАЛИ ҚАЗИЛМАЛАРНИ ЎЗ

ИЧИГА ОЛГАН ЕР ҚАЪРИ УЧАСТКАЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚИГА ЛИЦЕНЗИЯЛАР

БЕРИШНИНГ УМУМИЙ ШАРТЛАРИ


25. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензиялар "E-IJRO AUKSION" ягона электрон савдо майдончасида ўтказиладиган аукционлар орқали 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ берилади, мазкур Низомнинг 26 ва 27-бандларида келтирилган ҳолатлар бундан мустасно.


26. Давлат геология қўмитасининг инвестиция лойиҳалари бўйича ҳамда Давлат геология қўмитаси, "Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлари билан тузилган уч томонлама келишувга мувофиқ норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензиялар тўғридан-тўғри музокаралар асосида берилиши мумкин.

Уч томонлама келишувлар:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг инвестициялар жалб қилиниши мақсадида лойиҳанинг ҳудуд учун юқори даражада аҳамиятлилиги;

"Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмасининг ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида мўлжалланаётган қувватлар, технологик параметрлар ва чуқур қайта ишлаш даражаси;

Давлат геология қўмитасининг лойиҳани Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларга ташрифлари вақтидаги топшириқлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг топшириқлари, хорижий давлатлар билан келишувлар доирасида тасдиқланган "йўл хариталари", Ҳукумат қарорлари ва баённомаларини ҳисобга олган ҳолда амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги бўйича хулосаларини инобатга олган ҳолда тузилади.

Уч томонлама келишувлар лойиҳаларини тайёрлаш, келишиш ва жамлаш Давлат геология қўмитасига юклатилади.

Алоҳида ҳолларда, аукционга қўйилган норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаси бўйича тўғридан-тўғри музокаралар ташаббус қилинганда, у Давлат геология қўмитасининг қарорига асосан аукциондан чиқарилиши мумкин.


27. Ер қаърини геологик ўрганишга оид ишларни молиялаштирган ер қаъридан фойдаланувчилар аниқланган кон бўйича фойдали қазилмалар захиралари белгиланган тартибда тасдиқланган санадан бошлаб бир йил мобайнида улар томонидан аниқланган конда норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳуқуқига лицензиялар олиш учун мутлақ ҳуқуқга эга бўладилар.

Норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензия тўғридан-тўғри музокаралар асосида, аукцион ўтказилмасдан ер қаърини геологик ўрганишга доир (тўлиқ ёки қисман, норуда фойдали қазилмалар захираларини ҳисоблаш ва тасдиқлаш билан боғлиқ) ишларни молиялаштирган шахснинг буюртмаси бўйича берилади, буюртмага молиялаштириш манбаи кўрсатилган ҳолда конни қидириш бўйича ишларнинг молиялаштирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилиниши лозим.

Ер қаърини геологик ўрганиш ишларини ўз маблағлари ҳисобидан олиб борган шахс у томонидан қидирилган конда норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳуқуқидан воз кечилган ҳолда кон мазкур Низомда назарда тутилган тартибда савдо майдончасида ўтказиладиган аукционлар орқали бошқа шахсга берилиши мумкин, бунда воз кечган шахсга у томонидан сарфланган харажатлар, шу жумладан ер қаъри тўғрисидаги геологик ва бошқа маълумотлар қиймати қопланади.


28. Ер қаърини геологик ўрганишга доир ишларни молиялаштирган ер қаъридан фойдаланувчида ушбу Низомнинг 27-бандида назарда тутилган мутлақ ҳуқуқ муддати тугагандан сўнг, у аукционда қатнашганда ўзи томонидан аниқланган конда фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун лицензия олишда ушбу Низомнинг 66-бандида назарда тутилган имтиёзли ҳуқуқи сақлаб қолинади.



6-БОБ. НОРУДА ФОЙДАЛИ ҚАЗИЛМАЛАРНИ ЎЗ

ИЧИГА ОЛГАН ЕР ҚАЪРИ УЧАСТКАЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚИГА ЛИЦЕНЗИЯЛАР

БЕРИШ УЧУН "E-IJRO AUKSION" ЭЛЕКТРОН

САВДО МАЙДОНЧАСИДА АУКЦИОННИ

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


29. Электрон савдо майдончасида аукцион орқали реализация қилинадиган норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкалари рўйхати Давлат геология қўмитаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда шакллантирилади ва ҳар йили 1 февралгача тасдиқланади.


30. Давлат геология қўмитаси норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкалари рўйхатини тасдиқлаганидан сўнг беш кун мобайнида аукционда реализация қилиш учун ҳар бир ер қаъри участкаси бўйича тегишли маълумотлар тайёрланишини таъминлайди ва бир кун мобайнида ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини аукционга қўйиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Тасдиқланган рўйхатга кирмаган норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкалари бўйича лицензия беришга ариза келиб тушган ҳолларда Давлат геология қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва тегишли вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ўрганиб чиқади ва ўн беш кун мобайнида аукцион савдолари орқали реализация қилинадиган ер қаъри участкалари рўйхатига киритиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


31. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини аукционга қўйиш тўғрисидаги қарорда қуйидагилар кўрсатилади:

норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасининг номи (ёки рақами) ва жойлашган жойи (географик координатали нуқталари, "Google харита" дастурида геолокацияси билан);

норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш мақсади;

норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаси жойлашган жойнинг фотосурати (15х20 см);

норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасининг майдони (гектарда);

савдога қўйилаётган норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқининг бошланғич нархи;

ер қаъри участкасидан фойдаланиш намунавий шартлари.


32. Давлат геология қўмитаси 31-бандда келтирилган тегишли маълумотлар тайёрлангандан сўнг икки кун мобайнида операторга ушбу Низомнинг 2-иловасида келтирилган шаклга мувофиқ ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини реализация қилиш бўйича аукцион ташкил қилиш ҳақидаги электрон буюртмани тақдим қилади.


33. Ушбу Низомнинг 31-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўплами Давлат геология қўмитаси томонидан етарли даражада расмийлаштирилмаган ёки тўлиқ бўлмаган ҳолда тақдим этилган ҳолда оператор томонидан ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини реализация қилиш бўйича аукцион ташкил қилиш ҳақидаги электрон буюртмани қабул қилиш рад этилади.

Мазкур ҳолатда оператор буюртмани олингандан кейинги кундан кечиктирмасдан буюртмани мавжуд камчиликларни кўрсатилган ҳолда уларни бартараф этиш учун Давлат геология қўмитасига қайтаради.

Давлат геология қўмитаси уч кун мобайнида оператор томонидан кўрсатилган камчиликларни бартараф этади ва ушбу Низомнинг 31-банди талабларига мувофиқ буюртмани такроран операторга юборади.


34. Оператор илова қилинган ҳужжатлар билан такроран тақдим этилган буюртмани олгандан кейинги иш кунидан кечиктирмай аукционни ўтказиш ҳақидаги хабарномани ўзининг веб-порталига жойлаштиради.


35. Давлат геология қўмитаси талабгорларни аукционда иштирок этишга кенг жалб қилишга доир чораларни кўради, шу жумладан, олинган ҳужжатлар ва ахборотни аукционда иштирок этиш учун буюртма жойлаштириладиган веб-портал манзилини кўрсатган ҳолда ўз расмий веб-сайтида жойлаштиради.



7-БОБ. АУКЦИОННИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ ВА ЎТКАЗИШ


1-§. Аукционни ташкил қилиш ва ўтказишнинг

умумий шартлари


36. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи Давлат геология қўмитаси томонидан берилган буюртмалар бўйича оператор томонидан аукционга қўйилади.

Ушбу Низомга мувофиқ, норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини аукционга қўйиш ҳар бир ер қаъри участкаси бўйича алоҳида амалга оширилади.

Оператор томонидан оператор ва Давлат геология қўмитаси ўртасида тузилган шартномага мувофиқ аукционни ташкил этиш бўйича хизматлар кўрсатилади.


37. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқини реализация қилиш бўйича аукцион савдолари фақат савдо майдончасида электрон шаклида ўтказилади.

Аукцион аризаларни қабул қилиш ва иштирок этишни ташкил этиш, шунингдек ғолибларни аниқлаш жараёнларига Интернет тармоғи орқали аралашиш имкониятини чекловчи махсус дастурий маҳсулотдан фойдаланган ҳолда ўтказилади.


38. Аукционни ўтказиш тўғрисидаги хабарномани ва лот ҳақидаги ахборот аукцион бошланишидан аввал ўн иш кунидан кечиктирмасдан операторнинг веб-порталида жойлаштирилади.


39. Аукционларда электрон рақамли имзо билан тасдиқланган электрон аризаларни тақдим этиш ва закалат пулини киритиш орқали иштирок этилади.


40. Аукцион нархларни ошириб бориш принципи бўйича ўтказилади.


41. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи аукционга буюртмада кўрсатилган бошланғич нарх бўйича қўйилади.

Белгиланган тартибда аукцион ўтказилмаган деб эътироф этилган тақдирда, ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқи аукционга такроран бошланғич нархда қўйилади.


42. Аукционни ташкил этиш бўйича хизматлар учун оператор аукцион ғолибидан шартномада белгиланган миқдорда ҳақ олади, бунда олинадиган сумма аукцион объекти бошланғич қиймати суммасининг бир фоизидан ошмаслиги лозим.

Аукцион савдолари ўтказилмаган деб топилган тақдирда, аукционни ташкил этиш бўйича хизматларга ҳақ олинмайди.



2-§. Аукционни ўтказиш тўғрисидаги

хабарномани жойлаштириш


43. Оператор Давлат геология қўмитаси буюртмалари асосида ўз веб-порталида аукцион ўтказилиши тўғрисидаги хабарномани жойлаштиради.


44. Хабарнома қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши зарур:

а) аукцион ўтказиладиган сана, шу жумладан бошланиш ва тугашининг аниқ вақти;

б) лот рақами ва номи;

в) аукционда иштирок этиш учун аризалар қабул қилишнинг охирги санаси ва вақти;

г) норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини амалга ошириш жойи ва муддати;

д) ер қаъри участкаларидан норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг минимал шартлари;

е) норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини беришдан белгиланган мақсад;

ё) норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаси жойлашган жойнинг фотосурати (15х20 см).

ж) аукцион объектининг бошланғич нархи;

з) норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасининг жойлашган жойи (географик координатали нуқталари, "Google харита" дастурида геолокацияси);

и) закалат пулининг бошланғич нархдан фоиз кўринишида ва қатъий суммада ифодаланган миқдори, закалат пули ўтказилиши лозим бўлган операторнинг банк реквизитлари;

к) Давлат геология қўмитасининг манзили ва телефон рақами.


45. Операторнинг веб-порталида юридик шахсларга хабарноманинг батафсил таркиби ва лот бўйича маълумотлар, шунингдек ушбу Низомнинг 31-бандида кўрсатилган ҳужжатлар билан эркин танишиш имконияти таъминланиши лозим.

Операторнинг веб-порталида аукционни ўтказиш қоидалари билан танишиш имконияти яратилади.

Оператор оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш орқали ва бошқа усулларда тадбиркорлик субъектларини аукционларда иштирок этиш тартиби ҳақида мунтазам таништириб боради.



3-§. Аукционда иштирок этиш шартлари


46. Аукционда иштирок этиш учун аризалар хабарнома жойлаштирилган кундан бошлаб операторнинг веб-порталида автоматик тарзда қабул қилинади.


47. Талабгорлар хабарнома жойлаштирилган кундан бошлаб саккиз кун мобайнида аукционда иштирок этиш учун электрон шаклда аризаларни топширади ҳамда электрон аризада қайд этилган лот рақами ва номи бўйича электрон савдолар очилган куни бир кун мобайнида аукционда қатнашади.

Аризани қабул қилиш аукционни ўтказиш кунидан икки кун олдин соат 13-00 да якунланади.

Аризаларни қабул қилиш учун белгиланган муддат ўтгандан кейин тушган аризалар қабул қилинмайди.


48. Аукцион иштирокчиларнинг аризаларини қабул қилиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

аризалар ушбу Низомнинг 3-иловасида келтирилган шаклга мувофиқ электрон кўринишда киритилади;

ариза берувчи веб-порталдан иштирокчи сифатида рўйхатдан ўтади ҳамда автоматик тарзда унга шахсий кабинет ва шахсий ҳисоб варағи очилади;

иштирокчи ўзи томонидан танланган лотнинг закалат пулидан кам бўлмаган миқдорда шахсий ҳисоб варағини тўлдиради ва ариза юборади. Закалат пули иштирокчининг шахсий ҳисоб варағидан автоматик тарзда ечиб олинади.

Агар иштирокчининг шахсий ҳисоб варағидаги пул маблағи етарли бўлмаса, унинг аризаси қабул қилинмайди.

Аукцион иштирокчиси аризасини чақириб олиш имкониятига эга.


49. Ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи учун аукционда иштирок этиш учун закалат пули аукцион объекти бошланғич нархининг 5 фоизи миқдорида белгиланади ва операторнинг банк ҳисоб рақамига ўтказилади.


50. Аукционда иштирок этиш учун ариза чақириб олинган ҳолларда оператор тўланган закалат пулини ариза чақириб олинган заҳоти автоматик тарзда аукцион иштирокчисининг ҳисоб варағига қайтаради.

Аукцион иштирокчисига закалат пули қайтарилганда банк ҳисоб рақами нотўғри кўрсатилганлиги ёки бошқа сабабларга кўра тўлов операторнинг банк ҳисоб рақамига қайтиб тушган ҳолатда оператор аукцион иштирокчисини бу ҳақда огоҳлантиради ва аниқ банк маълумотлари беришни сўрайди. Бу ҳолатда, закалат пули аукцион иштирокчиси томонидан аниқ банк маълумотлари берилган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан қайтарилади.


51. Иштирокчилар аризалари автоматик тарзда текширилади.

Аукцион иштирокчиларига улар аукционда иштирок этишда фойдаланиш учун шахсий тартиб рақамлари берилади.


52. Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар белгиланган талабларга мувофиқ тўлдирилган ва юборилган, шунингдек закалат пули шахсий ҳисоб рақамидан тўлиқ тушгандан кейин автоматик тарзда қабул қилинади.


53. Ариза ва унга илова қилинган ҳужжат белгиланган талабларга мувофиқ тўлдирилмаган ва жўнатилмаган, закалат пули операторнинг банк ҳисоб рақамига тўланмаган ёки тўлиқ тўланмаган ҳолларда ариза автоматик тарзда рад қилинади ва бу ҳақда иштирокчининг электрон почтасига билдиришнома юборилади.


54. Аукцион иштирокчиси хабарномада кўрсатилган вақт якунлангунига қадар аукционда иштирок этишга аризани ундаги камчиликларни бартараф қилган ҳолда такроран юборишга ҳақли.


55. Оператор аризалар ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг сақланишини, шунингдек уларнинг сир тутилишини таъминлайди.

Аризаларни қабул қилиш даврида, шунингдек аукционни ўтказиш даврида операторнинг веб-порталида аукцион иштирокчилари ҳақидаги маълумотларнинг акс эттирилишига йўл қўйилмайди.



4-§. Аукционда иштирок этиш тартиби


56. Аукцион операторнинг веб-порталидаги хабарномада кўрсатилган кунда ва вақтда бошланади.


57. Аукцион икки ва ундан ортиқ иштирокчи қатнашганда ўтказилади.


58. Тегишли лот бўйича аукцион бошлангач, веб-порталда аукцион бошлангани ҳақидаги маълумот автоматик тарзда янгиланади.


59. Аукцион иш куни мобайнида 9-00 дан 18-00 гача ўтказилади.


60. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини савдога қўйишнинг бошланғич нархи Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 36 баробари миқдорида белгиланади.


61. Аукцион босқичи аукцион объекти бошланғич нархининг 5 фоиздан кам бўлмаган миқдорида белгиланади.


62. Аукцион унинг иштирокчиларидан лотни бошланғич нархдан битта босқичга оширилган нархда сотиб олиш бўйича таклифни тасдиқлашни сўрашдан бошланади.


63. Агар таклиф берилгандан кейин 10 дақиқа давомида аукцион иштирокчиларидан бири белгиланган босқичга оширилган лот нархини тасдиқласа, кейинги таклифни тасдиқлаш учун вақт яна 10 дақиқага узайтирилади.


64. Агар тасдиқланган охирги таклифдан сўнг 10 дақиқа давомида кейинги оширилган лот нархи бўйича таклиф аукцион иштирокчиларининг биронтаси томонидан тасдиқланмаса, аукцион унинг натижалари ҳақидаги баённомани автоматик тарзда шакллантирган ҳолда якунланади. Лот нархи бўйича таклифни охирги тасдиқлаган иштирокчи аукцион ғолибига айланади.


65. Агар лот нархини ошириш бўйича таклифни охирги тасдиқлаган аукцион иштирокчиси таклифини аукцион ўтказиш вақти якунланишига 10 дақиқадан кам қолганда амалга оширган бўлса, аукционни ўтказиш вақти охирги таклиф тасдиқланган пайтдан бошлаб кейинги 10 дақиқага узайтирилади. Кейинги ҳар бир таклиф аукцион ўтказиш вақтини 10 дақиқадан узайтириб боради. Бироқ, бунда аукцион ўтказиш вақти 3 соатдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин ва аукцион соат 21-00 га қадар якунланиши лозим. Лот нархи бўйича охирги таклифни соат 21-00 га қадар билдирган иштирокчи аукцион ғолиби деб топилади.


66. Ер қаърини геологик ўрганишга доир ишларни молиялаштирган аукцион иштирокчисига у томонидан қидирилган кондан фойдали қазилмаларни қазиб олишга лицензия олиш учун берилган мутлақ ҳуқуқ муддати тугагандан сўнг, кон аукционга қўйилади ва ушбу кондан фойдаланиш ҳуқуқи реализация қилинаётган аукцион жараёнида ушбу аукцион иштирокчисининг лицензия олишга имтиёзли ҳуқуқи сақлаб қолинади.

Бунда, аукцион иштирокчиси томонидан ер қаърини геологик ўрганишга доир ишларни молиялаштириш манбалари кўрсатилган ҳолда молиялаштириш асосларини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши лозим. Аукцион жараёнида у томонидан таклиф этилган нархга ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганишга доир ишларни молиялаштириш учун сарфланган харажатлар қўшиб ҳисобланади ва аукцион ғолибини аниқлашда эътиборга олинади.


67. Савдо майдончасида аукционни ўтказишга тўсқинлик қиладиган техник узилиш содир бўлган ҳолларда аукцион ўтказиш санаси ва вақти ҳақида аукцион иштирокчиларига хабар берилган ҳолда аукцион техник узилиш бартараф қилинган кундан кейинги кунда давом эттирилади.


68. Аукцион якунлангандан кейин веб-порталда аукцион якунлангани ва унинг натижалари ҳақидаги маълумот автоматик тарзда янгиланади.

Аукцион якунланганда операторнинг веб-порталида қуйидаги маълумотлар акс эттирилади:

лотнинг бошланғич нархи;

охирги ва охиргидан олдин тасдиқланган таклифлар (охирги ва охиргидан олдинги босқичларни ҳисобга олган ҳолда аукцион иштирокчилари томонидан тасдиқланган таклифлар бўйича шаклланган нархлар);

аукцион ғолиби ва охиргидан олдинги таклифни тасдиқлаган аукцион иштирокчиси ҳақидаги тегишли маълумотлар.


69. Аукцион қуйидаги ҳолларда ўтказилмаган деб ҳисобланади:

аукционда иштирок этиш учун бирорта ҳам ариза тушмаган бўлса;

аукционда иштирок этиш учун бирорта ҳам иштирокчи қатнашмаган бўлса;

аукцион иштирокчилари томонидан бирорта ҳам таклиф тасдиқланмаса;

аукционда иштирок этиш учун фақат бир нафар иштирокчи қўйилган бўлса;

ушбу Низомда белгиланган тартибда аниқланган аукцион ғолиби ва охиргидан олдинги таклифни тасдиқлаган иштирокчи томонидан аукцион объекти қийматининг 100 фоизи белгиланган муддатда тўлиқ тўланмаса.


70. Аукцион ўтказилмаган деб ҳисобланганда:

операторнинг веб-порталида автоматик тарзда бу ҳақда унинг сабаблари, шунингдек лотнинг бошланғич нархи ҳақида маълумот акс эттирилади;

ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи ушбу Низомнинг 43-70-бандларида назарда тутилган тартибда ўтказиладиган аукционга автоматик тарзда қайта қўйилади.


71. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи ушбу Низомнинг 69-бандида назарда тутилган асосларга кўра реализация қилинмаса, аукцион объекти бошланғич нархда такрорий аукционларга қўйилади. Такрорий аукционлар аукцион объекти реализация қилингунга қадар жорий йил давомида ўтказилади.

Аукцион такроран ўтказилмаган деб топилган тақдирда, оператор Давлат геология қўмитасини бу ҳақда электрон хат билан хабардор қилади ҳамда аукцион объектини савдодан олади.



5-§. Аукцион натижалари бўйича ҳисоб-китоб қилиш

ва аукцион натижалари тўғрисидаги баённомани

расмийлаштириш тартиби


72. Аукцион ғолиби аукцион якунланган кундан бошлаб беш кундан кечиктирмай аукционда сотилган ер қаъри участкасининг қийматини операторнинг ҳисоб рақамига тўлиқ тўлаб бериши лозим.

Аукцион ғолиби норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасининг қийматини шахсий ҳисоб варағидан тўлашни тасдиқлайди.

Бунда ушбу аукцион объекти бўйича аввал тўланган закалат пули аукцион объектининг 100 фоиз қийматига қўшиб ҳисобланади.

Ғолиб томонидан аукцион объектининг 100 фоиз қиймати тўлиқ тўлангандан сўнг оператор бир кун давомида:

аукционни ташкил этиш бўйича хизматлар ҳақини ушлаб қолган ҳолда аукцион объектини реализация қилишдан тушган маблағларни Давлат геология қўмитасининг буюртмасида кўрсатилган тегишли ғазна ҳисобварағига ўтказади;

махсус бланкада аукцион натижалари ҳақидаги баённомани расмийлаштиради ва уни муҳр билан тасдиқлайди.


73. Аукцион натижалари ҳақидаги баённомада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

а) аукцион ўтказилган сана;

б) Давлат геология қўмитасининг норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини аукционга қўйиш учун берган буюртмаси;

в) лот рақами;

г) аукцион объектининг бошланғич нархи;

д) аукцион объектининг сотилган нархи;

е) аукцион ғолибининг номи ва реквизитлари;

ё) аукцион объекти, шу жумладан:

норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасининг номи (рақами), у жойлашган жойи;

норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланишни амалга оширишнинг белгиланган мақсади.


74. Оператор бир кун мобайнида ўтказилган аукцион натижалари ҳақидаги баённомани аукцион ғолибининг шахсий кабинетига ва Давлат геология қўмитасига тақдим этади ҳамда ахборотни ўз веб-порталида жойлаштиради.

Оператор томонидан Давлат геология қўмитасига аукцион ғолиби тўғрисида қўшимча маълумотлар (юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилган ҳужжат бўйича тўлиқ номи ва СТИР рақами, корхона раҳбарининг паспорти нусхаси), йиллик қазиб олинадиган норуда фойдали қазилмалар миқдори тақдим этилади.

Давлат геология қўмитаси "E-XAT" электрон почтаси орқали баённома нусхасини норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаси жойлашган туман (шаҳар) ҳокимлигига жўнатади.


75. Агар аукцион натижаларига кўра аукцион ғолиби уч кун ичида норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олишдан бош тортса, оператор кейинги иш кунидан кечиктирмай охиргидан олдинги таклифни билдирган аукцион иштирокчисига у аукцион давомида таклиф этган нархда норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олишини таклиф қилади.

Агар охиргидан олдинги таклифни билдирган аукцион иштирокчиси уч кун ичида норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олишга розилик билдирса, у ушбу Низомнинг 72 ва 73-бандларида белгиланган тартибда аукцион натижалари ҳақидаги баённома расмийлаштирилиши билан аукцион ғолиби деб эътироф этилади.


76. Аукцион натижалари ҳақидаги баённома қуйидагилар учун асос ҳисобланади:

аукцион ғолибига тегишли ер қаъри участкаси бўйича геологик ва бошқа маълумотлар тўпламини бериш;

Давлат геология қўмитасига - аукцион ғолибига тегишли лицензия расмийлаштириш;

тегишли туман (шаҳар) ҳокимлигига - аукцион ғолибига ер участкасини ажратиш ҳақидаги қарорни қабул қилиш.


77. Аукцион ғолиби уч кунлик муддатда норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш шартларини имзолайди.

Агар, аукцион ғолиби ўттиз кун ичида ер қаъри участкасидан фойдаланиш шартларини имзоламаса, аукцион ғолиби мақоми бекор қилинади ва ер қаъри участкаси мазкур Низомда белгиланган тартибда қайтадан аукционга қўйилади.


78. Лицензия, аукцион ғолиби томонидан ер қаъри участкасидан фойдаланиш шартларини имзолагандан бошлаб икки кун муддатда расмийлаштирилади ва берилади.


79. Аукцион ғолиби - ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига онлайн-аукцион натижалари бўйича лицензия расмийлаштирилган ер қаъридан фойдаланувчи томонидан 4 ой ичида тегишли ер қаъри участкаси бўйича қуйидаги ҳужжатлар тўплами Давлат геология қўмитасига тақдим этилади:

йириклаштирилган техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар - лицензия ер қаъри участкасини геологик ўрганиш учун берилганда;

техник-иқтисодий асослар - лицензия норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш учун берилганда;

давлат экология экспертизасининг ваколатли органи томонидан атроф-муҳитга таъсир тўғрисидаги ариза лойиҳасига берилган ижобий хулоса.


80. Йириклаштирилган техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар ҳамда техник-иқтисодий асослар лойиҳалари Давлат геология қўмитаси ва "Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси билан биргаликда тасдиқланган услубий қўлланмага мувофиқ тайёрланади.


81. Давлат геология қўмитаси ўн кунлик муддатда тақдим этилган ҳужжатлар тўпламини ўрганиб чиқади ҳамда ўрганиш натижаси бўйича ер қаъридан фойдаланувчига ёзма тарзда маълум қилади.

Тақдим этилган ҳужжатлар бўйича камчиликлар аниқланган холларда тегишли ер қаъридан фойдаланувчилар ўн иш кунида камчиликларни бартараф этишлари ва Давлат геология қўмитасига тақдим этишлари лозим.

Камчиликларни кўрсатилган муддатда бартараф этмаслик ва Давлат геология қўмитасига тақдим этмаслик расмийлаштирилган лицензия ва ер қаъри участкасини ажратиш ҳақидаги қарор бекор қилинишига асос бўлиши мумкин.


82. Лицензия расмийлаштирилган ер қаъридан фойдаланувчи томонидан 4 ой ичида ушбу Низомнинг 79-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўплами Давлат геология қўмитасига топширилмаган ҳолда, расмийлаштирилган лицензия ва ер участкасини ажратиш ҳақидаги қарор бекор қилинади.



6-§. Закалат пулини қайтариш тартиби ва шартлари


83. Ушбу Низомнинг 84 ва 85-бандларида кўрсатилган ҳолатлардан ташқари, қоидага кўра, аукцион якунланганидан ёки ўтказилмаган деб эътироф этилганидан сўнг закалат пули қуйидагиларга қайтарилади:

охиргидан олдинги таклифни билдирган аукцион иштирокчисига - аукцион якунланган кундан бошлаб ўн икки иш куни мобайнида;

аукционда иштирок этишга қўйилган ягона иштирокчига - хабарномада кўрсатилган аукцион ўтказиш кунидан бошлаб олти иш куни мобайнида;

бошқа иштирокчиларга - аукцион якунланган ёки ўтказилмаган деб эътироф этилганидан кундан бошлаб уч иш куни мобайнида.

Бунда закалат пули аукцион иштирокчисининг аризасига асосан айнан шу лот бўйича такрорий аукционда қатнашиш учун операторнинг банк ҳисоб рақамида қолдирилиши мумкин.


84. Аукцион ғолибига закалат пули қайтарилмайди ва у аукцион объектининг сотилган қиймати таркибида ҳисобланади.


85. Аукцион объектининг қийматини мазкур Низомнинг 72 ва 75-бандларида белгиланган тартибда тўлиқ тўламаган аукцион иштирокларига закалат пули қайтарилмайди ва операторнинг тасарруфида қолади.



8-БОБ. ЕР ҚАЪРИ УЧАСТКАСИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚИНИ РЕАЛИЗАЦИЯ

ҚИЛИШДАН ТУШАДИГАН МАБЛАҒЛАРНИ

ЙЎНАЛТИРИШ


86. Оператор томонидан норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини "E-IJRO AUKSION" электрон савдо майдончасида реализация қилишдан олинган пул маблағлари ва ушлаб қолинган закалат суммаси аукционни ташкил қилиш хизматлари учун тўлов суммалари чегирилган ҳолда Давлат геология қўмитасининг тегишли ғазна ҳисобварағига ўтказилади.

Бунда, Давлат геология қўмитасининг тегишли ғазна ҳисобварағига тушган маблағлар Давлат геология қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳамда норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаси жойлашган тегишли туман (шаҳар)лар маҳаллий бюджетлари ўртасида автоматик тарзда тенг улушларда тақсимланади.



9-БОБ. ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ МУЗОКАРАЛАР АСОСИДА

НОРУДА ФОЙДАЛИ ҚАЗИЛМАЛАРНИ ЎЗ ИЧИГА ОЛГАН

ЕР ҚАЪРИ УЧАСТКАЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚИ

УЧУН ЛИЦЕНЗИЯ БЕРИШ ТАРТИБИ


87. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига тўғридан-тўғри музокаралар асосида лицензия олиш учун ариза берувчиларларга сўралаётган ер қаъри участкаси бўйича геологик ва бошқа маълумотлар тўплами Давлат геология қўмитаси томонидан тақдим қилинади.

Геологик ва бошқа маълумотлар тўплами сўралаётган ер қаъри участкасининг ариза берувчи билан келишилган чегараларини, у бўйича йириклаштирилган техник-иқтисодий ҳисоб-китобларни ёки техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш учун етарли бўладиган ҳажмдаги кон-техник, технологик ва бошқа маълумотларни ўз ичига олган бўлиши зарур.


88. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензия олиш учун ариза берувчилар буюрмани ушбу Низомнинг 89-бандига мувофиқ зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш учун лицензия олишга буюртмалар топшириш электрон тизимида ёки Давлат геология қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларига ёзма тарзда топширадилар.

Давлат геология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари тўғрисидаги маълумотлар Давлат геология қўмитасининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади, зарур ҳолларда белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаларида чоп этилади.

Ариза берувчилар норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензия олиш учун бевосита Давлат геология қўмитасига буюртма топшириш ҳуқуқига эгалар.

Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензияларни тўғридан-тўғри музокаралар асосида бериш мазкур Низомнинг 4-иловасида келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


89. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензия олиш учун буюртма топширади ва унга қуйидагилар илова қилинади:

давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномага мувофиқ ариза берувчининг тўлиқ номи;

ариза берувчининг раҳбарлари ва мулк эгаларининг алоқа ва почта маълумотлари;

сўралаётган ер қаъри участкасининг номи ва ер қаъридан фойдаланишнинг назарда тутилган тури;

техник ва технологик имкониятлар, шунингдек, белгиланган тартибда шартнома асосида жалб қилинадиган техника ва асбоб-ускуналар мавжудлиги;

норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензияни тўғридан-тўғри музокаралар асосида олиш учун асос бўладиган ҳужжатнинг нусхаси;

йириклаштирилган техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар - ер қаъри геологик ўрганиш учун берилганда;

техник-иқтисодий асослар - ер қаъри норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш учун берилганда;

давлат экология экспертизаси ваколатли органлари томонидан атроф-муҳитга таъсири тўғрисида ариза лойиҳасига берилган ижобий хулоса;

ер қаъридан фойдаланишнинг назарда тутилган турини амалга ошириш учун тегишли ер участкаси ажратилганлиги тўғрисидаги ҳужжат;

ариза берувчининг ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензия олишга оид буюрмасини кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баробар миқдоридаги тўловнинг Давлат геология қўмитаси ҳисобига ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Буюртмани кўриб чиқиш учун тўланган йиғим суммаси қайтариб берилмайди.


90. Мазкур Низомнинг 89-бандида келтирилган ҳужжатлар тўплами ариза берувчи томонидан тўлиқ тақдим этилмаган ҳолда норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш учун буюртмаларни қабул қилиш рад этилиши мумкин.

Буюрмани бошқа сабаблар бўйича рад этилишига йўл қўйилмайди.


91. Давлат геология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ўн кунлик муддатда:

жойлардаги маҳаллий ижро ҳокимияти органлари билан биргаликда сўралаётган ер қаъри участкасини, ундан фойдаланиш имкониятларини аниқлаш учун текшириб чиқадилар;

глобал позицион тизим асбобларини қўллаб бурчак координатларини аниқлаган ҳолда ер қаъри участкасининг жойлашиш ўрнини аниқлаштирадилар;

норуда фойдали қазилмалар рухсатсиз қазиб олинганлик изларининг мавжуд бўлиши мумкинлигини аниқлаштирадилар;

ариза берувчининг тақдим этилган ҳужжатларидаги техник ва технологик имкониятларини мувофиқлигини ҳамда зарур малакали мутахассисларга эга бўлишини ўрганадилар.

Олиб борилган ишлар натижалари бўйича Давлат геология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари тегишли маълумотларни тайёрлайди ва буюртма билан бирга Давлат геология қўмитасига юборадилар.


92. Норуда фойдали қазилмаларни рухсатсиз қазиб олиш ҳоллари аниқланганда, Давлат геология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари уларни олдини олиш ва айбдор шахсларни Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ жавобгарликка тортиш бўйича тегишли чораларни кўрадилар.


93. Давлат геология қўмитаси беш кунлик муддатда буюртмани ва Давлат геология қўмитаси ҳудудий бўлинмаларининг тегишли маълумотларини ўрганиб чиқади ҳамда норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензия бериш ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.


94. Давлат геология қўмитаси норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг бир кунлик муддатда, ер қаъри участкасидан фойдаланиш шартлари имзоланган муддатни кўрсатган ҳолда ариза берувчига ёзма тарзда маълум қилади.


95. Ариза берувчи уч кунлик муддатда ер қаъри участкасидан фойдаланиш шартларини имзолайди.

Агар, ариза берувчи ўттиз кун ичида ер қаъри участкасидан фойдаланиш шартларини имзоламаса, Давлат геология қўмитаси норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензия беришни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.


96. Лицензия, ариза берувчи томонидан ер қаъри участкасидан фойдаланиш шартларини имзолаган кундан бошлаб бир кун муддатда расмийлаштирилади ва берилади.

Йириклаштирилган техник-иқтисодий ҳисоботлар ва (ёки) техник-иқтисодий асослар тегишли ер қаъри участкаларидан фойдаланиш шартларига киритилиши шарт.


97. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензияларни бериш қуйидаги ҳолларда рад қилиниши мумкин, агар:

ариза берувчи ўз ҳақида ёлғон ёки нотўғри маълумотлар берса;

ариза берувчи ишларни самарали бажариш учун малакали мутахассислар, зарур молия ва техник воситаларнинг мавжудлигини тасдиқловчи маълумотларни тақдим этмаса;

геологик ва бошқа маълумотларни олмасдан туриб техник ҳужжатлар ишлаб чиқилган бўлса;

сўралаётган ер қаъри участкасининг чегаралари геологик ва бошқа маълумотлар тўпламида кўрсатилган чегараларга мос келмаса;

ер қаъри участкаларидан фойдаланишга доир иш олиб бориш услубиёти геология-қидирув ишларини олиб бориш ёки ер қаъри участкаларини оқилона ўзлаштиришнинг белгиланган талабларига мос келмаса;

қазиб олинаётган хомашё таннархи нотўғри ҳисобланган бўлса.

Бошқа сабаблар бўйича норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензиялар беришнинг рад қилинишига йўл қўйилмайди.

Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензиялар беришнинг рад қилинишига рози бўлмаслик ҳолатида, ариза берувчилар рад этилиши юзасидан қонун билан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгалар.


98. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензиялар беришнинг рад қилиниши ҳақида қарор қабул қилинганда, Давлат геология қўмитаси бир кунлик муддатда ариза берувчига ва буюртмани қабул қилган Давлат геология қўмитасининг ҳудудий бўлинмасига ахборот тизими орқали ёзма ва электрон шаклда рад этилиш сабаблари ҳамда ариза берувчи томонидан кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиш ва қайта кўриб чиқиш учун ҳужжатларни топшириши мумкин бўлган муддатлар кўрсатилган хабарномани йўллайди.


99. Ариза берувчи томонидан норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар беришнинг рад қилиниш сабаблари белгиланган муддатларда бартараф этилганда, рад қилиниш сабаблари бартараф этилганлиги тўғрисидаги маълумот олинган кундан бошлаб ўн иш кунидан ошмаган муддатда ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ишлари амалга оширилади.

Ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш учун тўлов ундирилмайди.



10-БОБ. ЕР ҚАЪРИ УЧАСТКАЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ

ҲУҚУҚИ УЧУН ЛИЦЕНЗИЯЛАР БЕРИШ, ДАВЛАТ

РЎЙХАТИДАН ЎТИШ ВА ДАВЛАТ ҲИСОБИГА

ОЛИШ ВА РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


100. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензия Давлат геология қўмитаси раиси томонидан имзоланади.


101. Лицензия Давлат геология қўмитаси буюртмаси бўйича ушбу Низомнинг 5-иловасида келтирилган шаклда "Давлат белгиси" ДИЧБ томонидан босмахона усулида тайёрланган махсус бланкаларда расмийлаштирилади.

Лицензия бланкалари ҳисобга олиш серияси, тартиб рақами, ҳимоя қилиш даражасига эга қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжат ҳисобланади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Давлат геология қўмитасида сақланади. Лицензиянинг ажралмас қисми бўлган қуйидаги матнли, график шаклдаги ва бошқа қўшимчалар илова қилинади:

фойдаланишга берилган ер қаъри участкаси майдонининг дастлабки параметрлари;

фойдаланишга берилган ер қаъри участкасини тавсифловчи график материаллар;

ер қаъри участкасидан фойдаланиш шартлари.


102. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан геологик ўрганиш учун фойдаланиш ҳуқуқига оид лицензия ер қаъридан фойдаланувчига керакли ер участкаси ажратилиши учун асос ҳисобланади.

Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига оид лицензияларга мувофиқ Давлат геология қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолияти назорат қилиш инспекцияси томонидан берилган кон ажратиш далолатномалари норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва техноген ҳосилалардан фойдаланиш учун ер қаъридан фойдаланувчига зарур ер участкасини ажратилишига асос ҳисобланади.

Маҳаллий ижро ҳокимияти органлари томонидан тегишли ер участкалари ер қаъридан фойдаланувчининг мурожаатига кўра ўн иш кундан ошмаган муддатда белгиланган тартибда очиқ савдоларсиз, тўғридан-тўғри, норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензиянинг амал қилиш муддати ва ер қаъри участкасининг чегараларига мувофиқ ажратиб берилади.

Норуда фойдали қазилмалари ер участкаларининг чегараларини жойида белгилаш ишлари Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Давлат геология қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекциясининг ҳудудлардаги бўлинмалари томонидан бир вақтнинг ўзида ер қаъридан фойдаланувчи иштирокида амалга оширилади.


103. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини амалга ошириш уни давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнг амалга оширилади. Ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини давлат рўйхатига олиш Давлат геология қўмитаси томонидан амалга оширилади.


104. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини давлат рўйхатига олиш реестрга тегишли қайдларни киритиш йўли билан амалга оширилади.


105. Ҳар бир реестрда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

ер қаъридан фойдаланувчи тўғрисидаги асосий маълумотлар (номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, солиқ тўловчининг идентификация рақами, почта манзили, телефон ва факс рақамлари);

фойдаланишга берилган ер қаъри участкаси номи;

ер қаъри участкасидан фойдаланиш тури ва мақсади;

ер қаъридан фойдаланиш ва лицензиянинг амал қилиш муддати;

лицензиянинг қайта расмийлаштиришга асос ва унинг санаси;

ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш, тўхтатиш ёки тугатиш асоси ва санаси.


106. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензия реестрига киритилган маълумотлар, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юридик ва жисмоний шахсларга танишиб чиқиш учун берилиши мумкин.


107. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия реестридаги маълумотлари берилганлиги учун ер қаъридан фойдаланадиган бир фойдаланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик фоизи миқдоридаги тўлов ундирилади.

Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензия реестридаги маълумотлар маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва давлат бошқарув органларига бепул берилади.


108. Реестрдан маълумотларни тақдим этилиши учун тўлов миқдори Давлат геология қўмитасининг ғазна ҳисобварағига ўтказилади.


109. Фойдаланишга берилган тегишли ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи давлат ҳисобига олиниши шарт.


110. Фойдаланишга берилган норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларини давлат ҳисобига олиш Давлат геология қўмитасининг Давлат геология фонди томонидан, норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини давлат рўйхатдан ўтказилишига оид материаллар олинган кундан бошлаб ўн кун муддатда амалга оширилади.



11-БОБ. НОРУДА ФОЙДАЛИ ҚАЗИЛМАЛАРНИ ЎЗ

ИЧИГА ОЛГАН ЕР ҚАЪРИ УЧАСТКАЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚИНИ ЧЕКЛАШ,

ТЎХТАТИБ ТУРИШ ВА ТУГАТИШ


111. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси "Ер ости бойликлари тўғрисида"ги Қонунининг 34-моддасида назарда тутилган ҳолларда чекланиши, тўхтатиб қўйилиши ёки муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин.


112. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш, тўхтатиб қўйилиши ер қаърини геологик ўрганиш, ундан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш юзасидан давлат назорат органлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини муддатидан олдин бекор қилиш Давлат геология қўмитаси томонидан, шу жумладан бошқа давлат назорати органларининг тақдимномалари асосида амалга оширилади.


113. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқининг чекланиши юзага келган хавф-хатарларни олдини олиш ёки ер қаъридан фойдаланишда йўл қўйилган талаблар ва шартлар, ишларни олиб бориш меъёрлари ва қоидалари бартараф этилгунча бутун участкада ёки унинг бир қисмида ишларнинг маълум турларини 3 ойдан ошмаган муддатга чекланишига олиб келади.


114. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини тўхтатилиши ер қаъри участкаларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган барча турдаги ишларни тўхтатиб қўйилиш сабаблари бартараф этилгунга қадар олти ойдан ошмайдиган муддатга амалга ошириш таъқиқланишига олиб келади, бунда тоғ-кон иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш, қурилишларни, иншоотлар ва ускуналарни одамлар ва атроф-муҳит учун хавфсиз сақлаб туришга оид ишлар бундан мустасно.


115. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи қуйидаги ҳолатларда муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин:

ер қаъридан фойдаланувчи бир йил ичида ер қаъри участкасидан фойдаланишни бошламаган;

ер қаъри фойдаланувчи томонидан ер қаъри участкасидан фойдаланишнинг асосий шартларини бузилиши, экология талабларига риоя қилиш, режалаштирилган ишлаб чиқариш ҳажмини таъминлаш, инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни бажариш);

ер қаъри участкаларидан фойдаланиш билан боғлиқ ишларнинг таъсир зонасида аҳоли ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга хавф-хатарнинг мавжудлиги;

ер қаъридан фойдаланиш учун тўловларни мунтазам тўламаслик;

Ўзбекистон Республикаси "Ер ости бойликлари тўғрисида"ги Қонунининг 33, 36, 37, 40 ва 40-1-моддаларида назарда тутилган қоидаларига риоя қилмаслик;

агар, йўл қўйилган қоидабузарликлар тизимли тавсифга эга бўлса ёки ушбу ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига илгари чеклов ва (ёки) тўхтатилиш қўлланган бўлса.

Ер қаъридан фойдаланувчиларга берилган лицензияларнинг амал қилиш муддати тугаганда ёки муддатидан олдин бекор қилинганда Давлат геология қўмитаси бу ҳақда уч кун муддатда Давлат солиқ қўмитаси, Давлат экология қўмитаси ҳамда тегишли маҳаллий ижро ҳокимияти органларини ёзма хабардор қилади.

Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиянинг амал қилиш муддати тугаганда ёки муддатидан олдин бекор қилинганда тегишли ер майдонлари тегишли маҳаллий ҳокимияти органлари томонидан захирага қайтарилади.

Норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳажмлари ер қаъридан фойдаланувчилар томонидан узлуксиз икки йил давомида бажарилмаган тақдирда (форс-мажор ҳолатларидан ташқари) ҳақиқатда қазиб олинган ҳажмдан келиб чиқиб, норуда фойдали қазилмалар захираларининг ўзлаштирилмай қоладиган қисми давлат балансига ва улар жойлашган ер участкалари маҳаллий ижро ҳокимияти органлари захирасига қайтарилади. Бунда, илгари берилган лицензия қайта расмийлаштирилмасдан ер қаъри участкаларидан фойдаланиш шартларига тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини муддатдан олдин бекор қилиш тўғрисидаги қарор Давлат геология қўмитаси томонидан давлат назорати органларидан ёзма хабар олинган кундан бир ҳафта муддатда қабул қилинади.

Ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи тугаганда фойдаланувчи, ер қаъридан фойдаланиш чоғида бузилган ер участкаларни ва бошқа табиий объектларни кейинчалик улардан фойдаланишга яроқли ҳолга келтириш, шунингдек ушбу ер қаъри участкасидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган тоғ иншоотлари ва инфратузилма объектларини консервация қилиш ёки тугатиш ишларини бажаришга киришиши шарт.


116. Ер қаъридан фойдаланувчи фаолиятининг тугатилиши ёки бекор қилиниши муносабати билан норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилинганда Давлат геология қўмитаси томонидан Давлат экология қўмитаси ва бошқа манфаатдор органлар вакиллари иштирокида ташкил этилган махсус комиссия томонидан тоғ иншоотлари ва инфратузилма объектларини консервация қилиш ёки тугатиш тартиби ва муддатлари тўғрисида қарор қабул қилиниши шарт. Бундай ҳолатларда ер қаъри участкалари Давлат геология қўмитаси балансига ўтказилади.



12-БОБ. НОРУДА ФОЙДАЛИ ҚАЗИЛМАЛАРНИ

ЎЗ ИЧИГА ОЛГАН ЕР ҚАЪРИ УЧАСТКАСИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚИНИ БОШҚАГА БЕРИШ


117. Норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш, техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш учун лицензия эгаси Давлат геология қўмитаси билан келишган ҳолда норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини (тўлиқ ёки қисман) бошқа юридик шахсга бериши мумкин, агар ушбу юридик шахс лицензия билан белгиланган шартларни бажаришга доир мажбуриятларни ўз зиммасига олса.

Шу билан бирга, норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини олган юридик шахс, лицензиянинг олдинги эгасига нисбатан қўйилган талабларга мос келиши зарур.


118. Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини (тўлиқ ёки қисман) бошқа юридик шахсга беришни келишиш лицензия эгасининг Давлат геология қўмитасига бериладиган буюртмаси орқали амалга оширилади. Буюртмада норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини бошқага берилиш сабаблари, ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқи қисман берилганда талабгор томонидан фойдали қазилмаларни ёки техноген минерал ҳосилаларни қазиб олиш, қайта ишлаш билан боғлиқ назарда тутилган фаолият тури келтирилади. Буюртмага ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи ўтаётган юридик шахснинг лицензия эгасига нисбатан қўйилган талабларга мос келишини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.


119. Давлат геология қўмитаси ўн беш кун ичида тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа юридик шахсга (тўлиқ ёки қисман) берилишининг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида тегишли қарор қабул қилади.

Қарор буюртмачига қарор қабул қилинган кундан бошлаб уч кун мобайнида ёзма шаклда жўнатилади. Келишиб олишнинг рад этилиши асосланган бўлиши керак.

Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа юридик шахсга беришнинг Давлат геология қўмитаси билан келишиб олинганлиги томонларнинг ҳуқуқини бошқа юридик шахсга бериш тўғрисидаги тегишли шартномани тузиш ва норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи (тўлиқ ёки қисман) берилаётган юридик шахсга Давлат геология қўмитаси томонидан лицензия берилиши учун асос ҳисобланади.



13-БОБ. НОРУДА ФОЙДАЛИ ҚАЗИЛМАЛАРНИ

ҚАЗИБ ОЛИШ УЧУН ЕР ҚАЪРИ УЧАСТКАСИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚИГА ОИД ЛИЦЕНЗИЯНИ

ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ


120. Норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига оид лицензияни қайта расмийлаштириш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

юридик шахс қайта ташкил қилинганда ва номи ўзгарганда;

ер қаъри участкаларидан фойдаланиш шартлари ўзгарганда;

ер қаъри участкаларидан фойдаланиш муддати узайтирилганда.


121. Норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига оид лицензияни қайта расмийлаштириш Давлат геология қўмитаси томонидан лицензия эгасининг буюртмаси асосида амалга оширилади.

Юридик шахсни қайта ташкил қилиш ёки қайта тузилишида буюртма лицензия эгаси томонидан қайта рўйхатдан ўтказилгандан сўнг етти кун муддатда берилиши лозим.

Норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига оид лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги буюртмага тегишли тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.


122. Лицензияни қайта расмийлаштиришда тегишли реестрга ўзгартиришлар киритилади, лицензия янги бланкада расмийлаштирилади, бунда олдин берилган лицензия Давлат геология қўмитасида сақланади ва унда "Бекор қилинган" деган муҳр босилади.


123. Лицензияни қайта расмийлаштириш қуйидаги муддатларда амалга оширилади:

буюртма келиб тушган кундан бошлаб беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда - юридик шахс қайта ташкил қилинганда ва номи ўзгарганда, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш шартлари ўзгарганда;

буюртма келиб тушган кундан бошлаб йигирма иш кунидан кўп бўлмаган муддатда - ер қаъри участкаларини фойдаланиш муддатини узайтиришда.

Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш муддатини узайтирилиши ҳолатида лицензияни қайта расмийлаштиришда ер қаъри участкасидан фойдаланиш шартларини бажарилиши тўғрисида тақдим этилган маълумот Давлат геология қўмитаси ва Давлат экология қўмитаси томонидан кўриб чиқилади.


124. Норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига оид лицензияни қайта расмийлаштиришда, лизензия олишга доир буюртмани кўриб чиқиш учун тўланган сумманинг эллик фоизи миқдорда йиғим ундирилади.

Лицензияни қайта расмийлаштириш учун ундириладиган йиғим Давлат геология қўмитаси ҳисобига ўтказилади.



14-БОБ. ЕР ҚАЪРИ УЧАСТКАСИДАН ФОЙДАЛАНИШ

ШАРТЛАРИ ЮЗАСИДАН НАЗОРАТ


125. Ер қаърини геологик ўрганиш, ер ости бойликларидан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш юзасидан давлат назорати маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, шунингдек Давлат геология қўмитаси ва Давлат экология қўмитаси томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.



15-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


126. Ариза берувчилар, норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига оид лицензия олиш учун улар томонидан тайёрлаган, Давлат геология қўмитасига тақдим этилган ҳужжатларининг ишончлилиги ва қонунчиликка мослиги учун жавобгардирлар.


127. Мазкур Низом талабларини бузган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгардирлар.






Низомга

1-ИЛОВА



Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер

қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини

электрон онлайн-аукцион орқали бериш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар

1-босқич

(тайёргарлик

босқичи)


Давлат геология қўмитаси


Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкалари рўйхатини тасдиқлайди.


Ҳар йили 1 февралгача






Давлат геология қўмитаси


Ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқини аукционда реализация қилиш учун буюртманомаларни Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги қошидаги "Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази" давлат унитар корхонасига (операторга) тақдим этади.


2 кун






Оператор


Аукцион ўтказилиши тўғрисидаги хабарномани ўз веб-порталида жойлаштиради.


1 кун







2-босқич

(аукцион

ўтказиш)

Талабгорлар


Аукционда иштирок этиш учун электрон шаклда ариза топширади, унда лот рақами ва ер қаъри участкаси номини кўрсатади.


8 кун






Оператор


Лот бўйича электрон аукцион савдолари ўтказади.


1 кун






Аукцион ғолиби


Аукционда ғолиб деб топилган сумманинг 100 фоизини тўлайди.


5 кун






Оператор


Ўтказилган аукцион натижалари ҳақидаги баённомани расмийлаштиради ва аукцион ғолибига ҳамда Давлат геология қўмитасига тақдим этади.


1 кун

3-босқич

(лицензия

бериш)

Аукцион ғолиби


Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш шартларини имзолайди.


3 кун






Давлат геология қўмитаси


Аукцион ғолибига тегишли лицензия расмийлаштирилади.


2 кун

        





Низомга

2-ИЛОВА



Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига

олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш

ҳуқуқини реализация қилиш бўйича электрон

онлайн-аукцион ташкил қилиш ҳақида

ЭЛЕКТРОН БУЮРТМА


20___ йил "____ " _________да Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси (кейинги ўринларда - Давлат геология қўмитаси) ва "Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази" давлат унитар корхонаси ўртасида тузилган ____-сон шартномага мувофиқ, Давлат геология қўмитаси қуйидаги норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини электрон аукционда реализация қилиш учун ушбу буюртмани тақдим этади:


1. Ер қаъри участкасининг номи (рақами) ва жойлашган жойи:

               

(географик координатали нуқталари билан Google харита дастурида геолокацияси билан)


;

2. Ер қаъри участкасидан фойдаланишдан мақсад



;

3. Ер қаъри участкаси жойлашган жойнинг фотосурати (15x20 см)


;

4. Ер қаъри участкасининг майдони (гектарда)


;

5. Фойдали қазилма конининг (участкаси) захираси


;

6. Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини савдога қўйишнинг бошланғич нархи (сўмда)


;

7. Ер қаъри участкасидан фойдаланишнинг намунавий шартлари


;

8. Ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини реализация қилишдан тушган маблағлар ўтказилиши мумкин бўлган банк реквизитлари:

;

(банк номи)



;

(банк МФО)



;

(банк ҳисоб рақами)



;

Буюртма 20 ___ йил "____" _______________ да тақдим этилди.

Давлат геология қўмитаси раиси



(Ф.И.Ш.)

Электрон рақамли имзоси (ЭРИ)






Низомга

3-ИЛОВА



Электрон онлайн-аукционда иштирок этиш учун

ЭЛЕКТРОН АРИЗА


               



(юридик ёки жисмоний шахснинг тўлиқ номи, почта манзили, банк реквизитлари)


(кейинги ўринларда иштирокчи деб аталади) ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини реализация қилиш тўғрисида электрон онлайн-аукцион ўтказилиши ҳақидаги хабарнома билан танишдим:

              

(лот рақами)

       

(лот номи)

Электрон онлайн-аукционда иштирок этиш учун тўланган закалат пулини тасдиқловчи ҳужжат:

             

(тўлов ҳужжатинингреквизитлари)

Иштирокчи ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқини реализация қилиш бўйича электрон онлайн-аукцион ўтказиш қоидалари (кейинги ўринларда қоидалар деб аталади) билан танишдим, 20___ йил "_____" ______ соат _______да веб-порталида ўтказиладиган электрон онлайн-аукционда иштирок этиш учун ушбу аризани топширди.

Иштирокчи электрон онлайн-аукционда иштирок этиш учун ушбу аризани тақдим этиб, электрон онлайн-аукционни ўтказиш бўйича қоидаларда белгиланган шартларга розилик беради.

Иштирокчи унинг маълумотлари нотўғри бўлган тақдирда, аукцион натижалари хақиқий эмас деб топилиши ва закалат пули қайтариб берилмаслиги ҳақида огоҳлантирилди.

Иштирокчи электрон онлайн-аукционга ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи Давлат геология қўмитаси томонидан тасдиқланган ер қаъри участкалари рўйхати асосида реализация қилинаётгани тўғрисида хабардор қилинди ва иштирокчи электрон онлайн-аукцион ғолиби деб топилганда унга юкланадиган талаб ҳамда мажбуриятларга риоя этишни зиммасига олади.

Иштирокчи "Е-IJRO AUKSION" ягона электрон савдо майдони операторидан ҳар қандай билдиришномани иштирокчининг қуйидаги электрон почта манзилида олишини расман тасдиқлади

         

.

(электрон почта манзили)


Иштирокчи "Е-IJRO AUKSION" ягона электрон савдо майдони оператори ушбу электрон почта манзилига юборган билдиришномалар жўнатилган вақтда расман олинган деб ҳисобланишини ва "Е-IJRO AUKSION" ягона электрон савдо майдони иштирокчиси ушбу билдиришномаларни ўз вақтида ўқимагани учун жавоб бермаслигини тасдиқлайди.

Закалат пулини қайтариш учун иштирокчининг банк реквизитлари:


(банк номи)


(банк МФО)


(банк ҳисоб рақами)


(иштирокчининг СТИР)

Илова: Иштирокчи электрон онлайн-аукцион ўтказиш ҳақидаги билдиришномада кўрсатилган банк ҳисобрақамига закалат пулини ўтказганини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг, давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномага мувофиқ тўлиқ номи, раҳбар паспорти ва мўлжалланаётган йиллик қазиб олинадиган норуда фойдали қазилмалар ҳажми ҳақида маълумот электрон (сканер қилинган) нусхалари.



Тўлдирилган сана: 20___ йил "___" __________


Иштирокчининг ЭРИ






Низомга

4-ИЛОВА



Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига

олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш

ҳуқуқига лицензияларни тўғридан-тўғри

музокаралар асосида бериш

СХЕМАСИ


Босқичлар

Субъектлар

Тадбирлар


Бажариш муддатлари


1-босқич

(лицензия

олгунга қадар)


Ариза берувчи

1. Давлат геология қўмитасига норуда фойдали қазилма конларида қазиш ишларини олиб бориш учун буюртма беради (ер қаърини геологик ўрганишга оид ишларни молиялаштирган ер қаъридан фойдаланувчи).


Зарур бўлганда






2. Давлат геология қўмитасининг инвестиция лойиҳалари доирасида тузилган шартномалар асосида ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига Давлат геология қўмитасига буюртма беради.


Инвестиция лойиҳаларига асосан






3. Ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш учун Давлат геология қўмитасига уч томонлама келишувни тайёрлаш учун буюртма беради.


Келишувга асосан











Давлат геология қўмитаси

Буюртмаларни кўриб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларга ташрифлари вақтидаги топшириқлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг топшириқлари, хорижий давлатлар билан келишувлар доирасида тасдиқланган "йўл хариталари", Ҳукумат қарорлари ва баённомаларини ҳисобга олган ҳолда амалга ошириш мақсадга мувофиқлиги бўйича хулоса тайёрлайди (Тадбирнинг 3-қисмига биноан).


10 кун







"Ўзсаноатқурилиш-материаллари" уюшмаси

Буюртмаларни кўриб чиқади ва ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида мўлжалланаётган қувватлар, технологик параметрлар ва чуқур қайта ишлаш даражаси бўйича хулоса тайёрлайди (Тадбирнинг 3-қисмига биноан).


10 кун







Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари

Буюртмаларни кўриб чиқади ва инвестициялар жалб қилиниши мақсадида лойиҳанинг ҳудуд учун юқори даражада аҳамиятлилиги бўйича хулоса тайёрлайди (Тадбирнинг 3-қисмига биноан).


10 кун







Давлат геология қўмитаси

Буюртмаларни кўриб чиқиш ва уч томонлама келишувни тасдиқлаш натижалари бўйича тегишли хулосаларни мавжудлиги ҳисобга олган ҳолда, норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига тўғридан-тўғри музокаралар асосида лицензия олиш учун буюртма берувчиларга сўралаётган ер қаъри участкаси бўйича геологик ёки бошқа маълумотлар тўпламини тақдим этади.


20 кун







2-босқич

(лицензия

олишга буюртма

топшириш ва

уни кўриб

чиқиш)


Ариза берувчи

Илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати билан Давлат геология қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларига буюртма беради.


Зарур бўлганда







Давлат геология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари*

Маҳаллий ижро ҳокимияти органлари билан биргаликда фойдаланиш имкониятини аниқлаш учун сўралаётган ер қаъри участкасини текширадилар;

Глобал позицион тизим асбобларидан фойдаланган ҳолда бурчак нуқталарини тушириш йўли билан ер қаъри участкасининг жойлашиш ўрнини аниқлаштирадилар;

Фойдали қазилмалар рухсатсиз қазиб олинган бўлиши мумкинлиги изларини аниқлаштирадилар;

тақдим этган ҳужжатлари бўйича буюртма берувчининг техник ва технологик имкониятларини ўрганадилар;

техник-иқтисодий асосларда келтирилган, хомашёни қазиб олиш таннархи тўғри ҳисобланганлигини текширадилар;

олиб борилган ишлар натижалари бўйича тегишли ахборотни тайёрлайдилар ва буюртма билан бирга Давлат геология қўмитасига йўллайдилар.


10 кун







3-босқич

(лицензия

бериш)


Давлат геология қўмитаси

Буюртмани ва ҳудудий бўлинмаларнинг тегишли ахборотларини ўрганиб чиқади ҳамда норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензия бериш ёки уни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.


5 кун







Давлат геология қўмитаси

Ариза берувчи:

лицензия бериш ва ер қаъри участкасидан фойдаланиш шартларини имзолаш зарурлиги;

лицензия берилишини рад этиш тўғрисида қабул қилинган қарор бўйича хабардор этиш.


1 кун







Ариза берувчи

Ер қаъри участкасидан фойдаланиш шартларини имзолайди.


3 кун


Давлат геология қўмитаси

Ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензияни расмийлаштиради ва топширади.


1 кун

           

*) Давлат геология қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ҳакидаги маълумот Давлат геология қўмитасининг расмий веб-сайтида жойлаштирилган.






Низомга

5-ИЛОВА

O`ZBEKISTON RESPUBLIKASI

DAVLAT GEOLOGIYA VA MINERAL

RESURSLAR QO`MITASI


Noruda foydali qazilmalarni o`z ichiga olgan yer

qa`ri uchastkasidan foydalanish huquqi uchun

LITSENZIYA

SERIYASI

TARTIB RAQAMI

LITSENZIYA TURI

Litsenziya



ga berildi.

(ushbu litsenziyani olgan yuridik yoki jismoniy shaxs)


Litsenziya


uchun yer qa`ri uchastkasidan foydalanish huquqini tasdiqlaydi.

Yer qa`ri uchastkasi



da joylashgan.

(Qoraqalpog`iston Respublikasi yoki viloyat tumani, aholi punkti nomi)


Yer qa`ri uchastkasi chegaralarining tavsifi, burchak nuqtalari koordinatalari, topografiya plani, kesimlar nusxalari va boshqalar ilovada keltiriladi

      

               

(tegishli hujjatning turi, nomi, tartib raqami va qabul qilingan sanasi)


- son

(davlat organi nomi, hujjatning turi, sana, tartib raqami)


qarori asosida yer qa`ridan foydalanish bilan bog`liq ishlarni olib borish uchun yer uchastkasi berish kafotlangan.

Litsenziyaning amal qilish muddati



(kun, oy, yil)

Quyidagilar litsenziyaning ajralmas tarkibiy qismlari hisoblanadi:

Yer qa`ridan foydalanish shartlari



(ilovaning tartib raqamlari, varaqalar soni)

Matnli ilovalar



(ilovalar nomi, varaqlar soni)

Chizma ilovalar



(ilovalar ro`yxati, varaqlar soni)

Litsenziya berilgan sana ________ y. "____" ______________

Litsenziya olgan shaxs yoki

uning vakolatli vakili

O`zbekiston Respublikasi

Davlat geologiya va mineral

resurslar qo`mitasi Raisi

    

  

М.O`.




М.O`.





(imzo)


(F.I.SH.)


(imzo)


(F.I.SH.)

      

     

20 ____ y. "____" ____________

20 ____ y. "____" ____________

(Litsenziya uning ajralmas tarkibiy qismi hisoblangan zarur ilovalar mavjud bo`lgan taqdirda haqiqiy hisoblanadi).

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 5 июль