ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ёқилғи-энергетика комплекси / Нефть ва газ соҳасида бошқарув /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 09.07.2019 й. ПҚ-4388-сон "Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

09.07.2019 й.

N ПҚ-4388



АҲОЛИ ВА ИҚТИСОДИЁТНИ

ЭНЕРГИЯ РЕСУРСЛАРИ БИЛАН БАРҚАРОР

ТАЪМИНЛАШ, НЕФТЬ-ГАЗ ТАРМОҒИНИ

МОЛИЯВИЙ СОҒЛОМЛАШТИРИШ ВА УНИНГ

БОШҚАРУВ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Сўнгги йилларда ёқилғи-энергетика тармоғини комплекс ривожлантириш ҳамда энергия ресурсларига тобора ошиб бораётган эҳтиёжни таъминлашнинг муҳим омили бўлган энергия манбаларини диверсификация қилиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, геология қидирув ишлари, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва нархларни шакллантириш ишларининг самарасизлиги республика иқтисодиёти ва аҳолисининг энергия ресурслари билан тўлиқ таъминланмаслигига, нефть-газ тармоғи корхоналари молиявий ҳолатининг ёмонлашувига олиб келди.

Жумладан, сўнгги 20 йилда табиий газ қазиб олиш ҳажми 8 фоизга ошгани ҳолда мамлакат корхоналари томонидан уни қазиб олиш ҳажми 29 фоизга пасайди, 2008-2018 йилда тасдиқланган табиий газ захиралари 4 фоизга қисқарди, ўтган 5 йил давомида табиий газнинг табиий захиралари ўрнини тўлдириш бўйича ўртача кўрсаткич 70 фоизга яқин ҳажмни ташкил этди.

2017-2018 йилларда молиявий маблағларнинг етишмаслиги ва моддий-техник ресурсларнинг тақчиллиги натижасида табиий газ қазиб олишнинг ўсиши прогноз кўрсаткичларига нисбатан 42 фоизни ташкил этган холос.

Тартибга солиш функциялари ва тижорат фаолиятини ўзида бирлаштирган бошқарувнинг эскирган ва шаффоф бўлмаган тизими нефть-газ тармоғи корхоналарида замонавий менежментни жорий этишга, уларнинг молиявий барқарорлиги ва рентабеллигини оширишга тўсқинлик қилмоқда.

Республика иқтисодиёти ва аҳолисининг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш, нефть-газ тармоғи корхоналарини молиявий соғломлаштиришни таъминлаш, қабул қилинган халқаро амалиёт асосида соғлом рақобатни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, замонавий рақамли технологияларни ва илғор бошқарув усулларини жорий этиш мақсадида:


1. Халқаро консалтинг компаниялари ва халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг нефть-газ тармоғини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикасининг нефть-газ тармоғини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича республика ишчи комиссияси (кейинги ўринларда - Республика ишчи комиссияси) 1-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.

Республика ишчи комиссияси (А.Н. Арипов) бир ой муддатда:

а) амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг нефть-газ тармоғини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича "йўл хариталари"ни тасдиқласин ва бунда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратсин:

углеводород хом ашёсини қазиб олиш ҳажмларини кўпайтириш;

газ-транспорт тизимини модернизация қилиш;

табиий газни қазиб олиш, қайта ишлаш, етказиб бериш ва сотишни ҳисоб-китоб ва назорат қилиш ишларини такомиллаштириш;

инвестициявий лойиҳаларни танқидий ўрганиш ва мақбуллаштириш, шунингдек, уларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш;

нефть-газ тармоғи корхоналарида молиявий интизомни мустаҳкамлаш ва нарх шаклланишини такомиллаштириш;

б) Ўзбекистон Республикасининг нефть-газ тармоғини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясининг ҳар бир йўналиши бўйича ишчи комиссиялар таркибини тасдиқласин;

в) ташкил қилинаётган ишчи комиссиялари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасининг нефть-газ тармоғини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини амалга ошириш учун халқаро молия институтлари, хорижий ҳукуматлар молия ташкилотлари (кейинги ўринларда - ХМИ/ХҲМТ) ва консалтинг компанияларини жалб қилиш чораларини кўрсин;

г) Энергетика вазирлигида бошқарув ходимлари сони 20 штат бирликдан ошмаган, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Ёқилғи-энергетика тармоғини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, ХМИ/ХҲМТ техник кўмаклашиш маблағлари (грантлари) ҳисобидан молиялаштириладиган нефть-газ тармоғини ислоҳ қилишни мувофиқлаштириш бўйича лойиҳа офиси ташкил қилинишини таъминласин.


3. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлигининг Осиё тараққиёт банкининг техник кўмагида тайёрланган ва қуйидагиларни назарда тутувчи "Ўзбекнефтгаз" АЖ бошқаруви тизимини такомиллаштириш ва самарали ташкилий тузилмасини шакллантириш бўйича таклифларига розилик берилсин:

"Ўзбекнефтгаз" АЖга "Ўзбурғунефтгаз" АЖ, "Ўзнефтгазқазибчиқариш" АЖ, "Ўзнефтмаҳсулот" АЖ, "Ўзнефтгазмаш" АЖларни қўшиш, "Ўзбекнефтгаз" АЖ ижро этувчи аппарати таркибида тугатилаётган бўғинларнинг вазифалари ва функцияларини бажарувчи тегишли бўлинмаларни ташкил этиш орқали тизим бошқарувида ортиқча бўғинларни қисқартириш;

"Ўзтрансгаз" АЖни "Ўзбекнефтгаз" АЖ таркибидан чиқариш ва "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг "Ўзтрансгаз" АЖ устав капиталидаги улушини Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига (кейинги ўринларда - Агентлик) бериш;

"Ўзтрансгаз" АЖнинг газ таъминоти бўйича ҳудудий филиаллари негизида "Ҳудудгазтаъминот" АЖни ташкил қилиш ва Агентликни унинг акциядори этиб белгилаш.


4. Қуйидагиларга:

а) "Ўзтрансгаз" АЖга:

табиий газни кейинчалик ягона оператор сифатида етказиб бериш, жумладан, экспорт ва импорт қилиш учун газ қазиб олувчи ва қайта ишловчи ташкилотлар, шу жумладан, маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битимлар асосида фаолият юритувчи қўшма корхоналар ва хорижий компаниялардан харид қилиш;

тўғридан-тўғри шартномалар бўйича "Ҳудудгазтаъминот" АЖ ва магистрал газ узатиш тизимига уланган истеъмолчиларга табиий газни сотиш;

б) "Ҳудудгазтаъминот" АЖга:

газ тақсимлаш тармоқларини ва тегишли ускуналарни хавфсиз эксплуатация қоидаларининг норматив талабларига риоя қилган ҳолда эксплуатация қилиш;

суюлтирилган газни харид қилиш, етказиб бериш, сақлаш ҳамда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига сотиш;

табиий газни кейинчалик газ тақсимлаш тармоғига уланган республика ички истеъмолчиларига, шу жумладан аҳолига сотиш мақсадида магистрал газ узатиш тизими орқали етказиб берилганда - "Ўзтрансгаз" АЖдан, шунингдек, тўғридан-тўғри газ тақсимлаш тармоғига етказиб берилганда - табиий газ ишлаб чиқарувчиларидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси томонидан тасдиқланадиган тарифлар бўйича олди-сотди шартномаси асосида харид қилиш функциялари юклансин.


5. Ишлаб чиқариш бўлинмалари устидан тўғридан-тўғри бошқарув ўрнатиш мақсадида нефть-газ қазиб чиқариш ва газни қайта ишлаш ташкилотлари юридик шахс ташкил этмасдан, 2-иловага мувофиқ "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг таркибий бўлинма (бошқарма, завод)лари этиб қайта ташкил қилинсин.


6. Айрим ташкилотлар "Ўзбекнефтгаз" АЖга ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларга қўшиш йўли билан 3-иловага мувофиқ қайта ташкил этилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Агентлик, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

"Ўзнефтмаҳсулот" АЖ тасарруфидаги фермер хўжаликларига хизмат кўрсатувчи 1 381 та автомобилга ёқилғи қуйиш шохобчаларини тадбиркорлик субъектларига аукцион савдолари орқали сотиш ҳамда олис, етиб бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида ёқилғи маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятини таъминлашнинг муқобил тизимини жорий қилиш;

газ таъминоти бўйича вилоят, туманлараро (шаҳар) филиалларига ёки уларнинг участкаларига бириктирилган газ таъминоти объектларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида газ тақсимлаш тармоқлари ва тегишли ускуналарни эксплуатация қилиш ва истеъмолчиларга табиий газни сотиш функцияларини бажариш учун хусусий операторлар бошқарувига босқичма-босқич бериш;

"Ўзбекнефтгаз" АЖ ва унинг таркибига кирувчи корхоналарнинг асосий фаолият тури билан боғлиқ бўлмаган, шу жумладан, аввал қабул қилинган ҳукумат қарорларига мувофиқ сотиш кўзда тутилган активларини, сотувга қўйилган пайтдан бошлаб бир ой давомида талабгорлар бўлмаган тақдирда бошланғич нархни қадам-бақадам пасайтириш йўли билан сотиш;

"Ўзбекнефтгаз" АЖ таркибига кирувчи ташкилотларнинг бозорлар, савдо ва чорвачилик комплекслари устав капиталидаги улушларини 4-иловага мувофиқ маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига бериш;

"Ўзбекнефтгаз" АЖ ва унинг таркибига кирувчи корхоналарнинг сервис ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар устав капиталидаги улушларини 5-иловага мувофиқ Агентликка бериш;

табиий газни ва суюқ углеводородларни қазиш, қайта ишлаш, ташиш, узатиш ва сотишнинг барча босқичларида ресурслар ҳисобини юритиш бўйича электрон ускуналарни қўллаш орқали уларнинг алоҳида ҳисоби юритилишини жорий этиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига углеводород хом ашёси янги конларини аниқлаш, захираларни кўпайтиришни таъминлаш мақсадида республика углеводород хом ашёси захираларини жадал ривожлантириш ва қайта тиклаш, геология қидирув ишларининг самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш бўйича функцияларни бериш.


8. Ҳозирги босқичдаги энг муҳим вазифа сифатида қуйидагилар белгилансин:

а) "Ўзбекнефтгаз" АЖ учун - 2024 йилга келиб углеводород хом ашёси, шу жумладан, табиий газ қазиб олиш ҳажмини 42,3 миллиард метр кубга ва суюлтирилган газни 1,5 миллион тоннага етказиш, шу билан иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг эҳтиёжларини тўлиқ қондиришни, шунингдек, компаниянинг даромади ортишини, шу жумладан, қуйидагилар ҳисобидан таъминлаш:

инвестиция киритишнинг хорижий амалиётда кенг тарқалган шартлари ва механизмлари асосида қазиб олиниши қийин бўлган конларда углеводород хом ашёсини қазиб олишга дунёнинг йирик нефть-газ компанияларини жалб қилиш;

мустақил хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда нефть-газ тармоғи корхоналарининг операцион самарадорлигини ошириш ва харажатларини мақбуллаштириш, шунингдек, уларнинг қарз юкламасини камайтириш;

ишлаб чиқилган конларда замонавий технологиялар асосида углеводород хом ашёси қазиб олишнинг унумдорлигини ошириш;

2020-2022 йилларда миллий нефть-газ ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари бўйича халқаро тендер савдоларида иштирок этиш учун камида 6 та хорижий нефтсервис ташкилотларини жалб қилиш;

хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, шу жумладан, "Рақамли кон" концепциясини амалга ошириш асосида иш фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш;

халқаро консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда нефть-газ тармоғидаги инвестиция лойиҳаларини танқидий ўрганиш ва маҳаллий нефть-газ қазиб олувчи корхоналарнинг реал молиявий имкониятларига қараб мақбуллаштириш;

б) "Ўзтрансгаз" АЖ учун - шу жумладан, қуйидагилар ҳисобига газ транспорт тизимининг "заиф" жиҳатларини бартараф этиш ва унинг транзит салоҳиятини ривожлантириш:

газ қувурлари ва компрессор станцияларини, шу жумладан, ХМИ/ХҲМТ маблағларини жалб этиш орқали қуриш, реконструкция қилиш;

ер ости газни сақлаш станцияларида табиий газни сақлаш ҳажмларини ошириш;

юқори босимли газ тақсимлаш пунктларида табиий газ оқимларининг мониторинги ва бошқаруви тизимини (SCADA) ҳамда автоматлаштирилган назорат тизимларини жорий этиш;

в) "Ҳудудгазтаъминот" АЖ учун - табиий газни истеъмолчиларга етказишда йўқотишларни, шу жумладан, қуйидагилар ҳисобига камайтириш:

фаолият кўрсатаётган газ тақсимлаш пунктлари ҳамда тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш;

2022 йилга қадар Табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини барча турдаги истеъмолчилар учун тўлиқ жорий этиш;

давлат-хусусий шериклик шартлари асосида газ тақсимлаш тармоқлари ва тегишли ускуналарни эксплуатация қилиш, шунингдек, истеъмолчиларга табиий газни сотиш функцияларини бажариш учун газ таъминоти объектларини хусусий операторлар бошқарувига босқичма-босқич бериш.


9. Агентлик Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда:

акциядорлик жамиятларининг вазифалари ва функцияларини батафсил баён қилган ҳолда "Ўзбекнефтгаз" АЖ, "Ўзтрансгаз" АЖ, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ устав капиталлари шакллантирилиши ва таъсис ҳужжатлари тасдиқланишини;

"Ўзбекнефтгаз" АЖ, "Ўзтрансгаз" АЖ, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ ташкилий тузилмалари ва ижро этувчи аппарати тузилмалари тасдиқланишини, уларнинг бошқарув органи шакллантирилишини белгиланган тартибда таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги:

а) Агентлик билан биргаликда икки ой муддатда "Ўзтрансгаз" АЖ, "Ўзбекнефтгаз" АЖ ва унинг таркибига кирувчи ташкилотларни қайта ташкил қилиш бўйича ҳар бир тадбирнинг аниқ амалга ошириш муддати ва масъул шахслар кўрсатилган чора-тадбирлар режаларини тасдиқласин, бунда қайта ташкил қилинаётган "Ўзтрансгаз" АЖ, "Ўзбекнефтгаз" АЖ ташкилотларининг активлари ва мажбуриятларини хатловдан ўтказиш, корпоратив бошқарувнинг замонавий шаклларини жорий қилиш, ушбу акциядорлик жамиятлари кузатув кенгаши таркибига мустақил аъзоларни жалб қилиш назарда тутилсин;

б) Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 октябрга қадар ХМИ/ХҲМТ ва халқаро консалтинг компанияларининг техник кўмагида "Ўзбекнефтгаз" АЖ, "Ўзтрансгаз" АЖ ва "Ҳудудгазтаъминот" АЖдаги раҳбарлик лавозимларига нефть-газ тармоғидаги йирик хорижий компанияларда ёки халқаро бошқарув компанияларида ишлаш тажрибасига эга бўлган менежерларни жалб қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

в) 2019 йил 1 сентябрга қадар Газ тақсимлаш тармоқлари ва тегишли ускуналарни эксплуатация қилиш, шунингдек, истеъмолчиларга табиий газни сотиш функцияларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бажариш учун газ таъминоти объектларини хусусий операторларга бериш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқсин, бунда, шу жумладан, инвесторларни танлаш, шартномани тузиш ва бекор қилиш, шунингдек, воситачилик тўловлари миқдорини белгилаш ва тўлаш, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг бошқарувга бериладиган ҳудудда табиий газ учун тўловларни йиғиш бўйича вазифаларини уларга бериш тартиби ва инвесторларга қўйиладиган бошқа талаблар кўзда тутилсин;

г) 2019 йил 1 сентябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда амалга оширилаётган ва ишлаб чиқилаётган инвестиция лойиҳаларининг доимий мониторинги, фойдаланилаётган конлар ва қудуқлар супервайзингини амалга ошириш учун халқаро муҳандислик-маслаҳат компанияларини жалб қилишни кўзда тутувчи тартибни ишлаб чиқсин;

д) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, "Ўзбекнефтгаз" АЖ билан биргаликда 2019 йил 1 октябрга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига углеводород хом ашёсининг янги конларини аниқлаш, захираларни кўпайтириш мақсадида республика углеводород хом ашёси захираларини жадал ривожлантириш ва қайта тиклаш, геология қидирув ишларининг самарадорлиги ва унумдорлигини ошириш бўйича функцияларни бериш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига геология-қидирув ишларини олиб бориш бўйича амалдаги лойиҳаларни, хатловдан ўтказиш натижалари бўйича истиқболли участкалар, инвестицион блоклар ва углеводород хом ашёси конларига доир мавжуд фонд ва бошқа материалларни бериш;

мавжуд геофизик ва бурғулаш ускуналари, чуқур илмталаб қиладиган технологиялар, дастурий маҳсулотлар ҳамда зарур махсус ва автотранспорт техникасини босқичма-босқич модернизация қилишни ҳисобга олиб, 2020 йилдан бошлаб углеводород хом ашёси бўйича олиб бориладиган геология-қидирув ишларини молиялаштириш манбалари этиб Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағларини белгилаш.


11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан биргаликда ҳамда ХМИ/ХҲМТ ва халқаро консалтинг компанияларининг техник кўмагида 2019 йил 1 ноябрга қадар қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш ва сотиш бўйича асослантирилган эксплуатацион, операцион ва инвестициявий харажатлар тўлиқ қопланишини назарда тутган ҳолда, нефть маҳсулотлари, табиий ва суюлтирилган газ тарифларини белгилаш услубини такомиллаштириш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


12. "Ўзбекнефтгаз" АЖ ва "Ўзтрансгаз"АЖ:

а) 2019 йил якунидан бошлаб молиявий ҳисоботлар мажбурий тартибда молиявий ҳисобот юритишнинг халқаро стандартларига мувофиқ тузилишини ва халқаро аудиторлик компанияларини жалб қилган ҳолда мустақил ташқи аудит ўтказилишини таъминласин;

б) 2020 йил якунидан бошлаб қуйидагиларни:

Ҳисоб ва ҳисобот бўйича халқаро стандартлар (ISAR)нинг тамойиллари ва талабларига мувофиқ ҳисобот эълон қилишнинг корпоратив стандартларини жорий этиш;

Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (IFRS)ни қўллаш ҳамда ҳар чоракда фаолиятнинг асосий йўналишлари бўйича молиявий ҳисобот тузиш ва эълон қилиш;

Глобал ҳисобот ташаббуси (GRI)га мувофиқ, шу жумладан, иқтисодий, ижтимоий ва экологик масалалар бўйича ҳисобот чоп этиш;

халқаро рейтинг агентликлари, молиявий ва юридик консультантлар билан ҳамкорликда корпоратив кредит рейтингини олиш;

савдолар, активлар рентабеллиги, активлар ва мажбуриятларнинг айланиши даражаси ҳамда бошқа кўрсаткичлар бўйича халқаро амалиёт асосида белгиланадиган минимал талабларни амалиётга жорий этиш;

Углеводород ресурсларини бошқариш тизими (PRMS) талабларига мувофиқ углеводород ва унинг захираларининг ҳисобини олиб бориш, таснифлаш ва бошқариш халқаро тизимини жорий этиш;

халқаро стандартларга мувофиқ углеводород хом ашёси захираларининг аудитини ўтказишни таъминласин;

в) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Агентлик билан биргаликда ХМИ/ХҲМТ ва халқаро консалтинг компаниялари кўмагида 2024 йилдан кечиктирмасдан устав капиталларида давлат улушини 51 фоиздан кам бўлмаган миқдорда сақлаб қолган ҳолда, маҳаллий ва халқаро фонд бозорларида акцияларни бирламчи ва иккиламчи оммавий жойлаштириш орқали "Ўзбекнефтгаз" АЖ ва "Ўзтрансгаз"АЖга инвесторлар жалб қилиш бўйича чора-тадбирлар кўрсин.


13. Белгилаб қўйилсинки:

"Ўзбекнефтгаз" АЖ ва унинг таркибига кирувчи корхоналарнинг мазкур қарорнинг 4 ва 5-иловаларида кўрсатилган улушини маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва Агентликка бериш ҳамда "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг "Ўзтрансгаз" АЖ устав капиталидаги улушини Агентликка бериш давлатнинг "Ўзбекнефтгаз" АЖ устав капиталларидаги улушини ва "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг ўз таркибига кирувчи ташкилотлардаги улушини камайтириш ҳисобига баланс қийматида амалга оширилади;

мазкур қарорга мувофиқ бир ташкилотдан бошқа ташкилотга, шу жумладан, уларнинг қайта ташкил этилиши ва ёпилиши пайтида топширилаётган ва олинаётган мулклар, мулкий ҳуқуқлар, хусусан, акциялар ва устав капиталларидаги улушлар қиймати барча турдаги солиқлар бўйича солиққа тортиш объекти ҳисобланмайди;

"Ўзбекнефтгаз" АЖ, "Ўзтрансгаз" АЖ, "Ҳудудгазтаъминот" АЖ ва уларнинг ташкилотлари қимматли қоғозлар эмиссияси чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш йиғимларини ва топширилаётган автотранспорт воситаларини қайта рўйхатдан ўтказишда автотранспорт йиғимларини тўлашдан озод этилади;

"Ўзбекнефтгаз" АЖ тузилмасига кирувчи ташкилотларнинг қайта ташкил қилиниши натижасида уларга қарашли юридик шахсларнинг 50 фоиз ва ундан ортиқ акцияларига Агентлик ва "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг эга бўлиши янгидан сотиб олинган акциялар пакети ҳисобланмайди;

"Ўзбекнефтгаз" АЖ "Ўзбурғунефтгаз", "Ўзнефтгазқазибчиқариш", "Ўзнефтмаҳсулот" ва "Ўзнефтгазмаш" акциядорлик жамиятларининг шартномалари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади;

"Ўзтрансгаз" АЖнинг амалдаги шартномалари бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар ўзида сақланиб қолади;

"Ўзтрансгаз" АЖ ва "Ҳудудгазтаъминот" АЖ ўртасидаги тақсимлаш чегараларида газ ҳисоблаш асбобларининг кўрсаткичлари ва техник ҳолатини назорат қилиш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси ва "Ўзстандарт" агентлиги зиммасига юклатилади.


14. Агентлик 2020 йил 1 апрелга қадар мазкур қарорнинг 5-иловасида кўрсатилган ташкилотларнинг устав капиталидаги улушларининг сотувга чиқарилишини таъминласин, бунда улар оммавий сотувга чиқарилган кундан бошлаб уч ой ичида сотилмаган тақдирда, айрим ҳолларда кузатув кенгашининг қарорига кўра тўловларни уч йилдан беш йилгача муддатда бўлиб тўлаш имконияти назарда тутилсин.


15. 2020 йил 1 июлга қадар қуйидагилар:

республика ташқарисига "божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш" божхона режими бўйича олиб чиқиб кетилган ускуналар (газ генераторлари, двигателлар, куч турбиналари ва бошқалар) уларни қайта олиб киришда божхона тўловларидан (божхона йиғимлари бундан мустасно);

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 ноябрдаги "2017-2021 йилларда "Ўзбекнефтгаз" АЖ минерал-хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш бўйича давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги 3372-сон қарорига мувофиқ "Ўзбекнефтгаз "АЖ ва унинг ташкилий тузилмасига кирувчи корхоналар томонидан амалга ошириладиган геологик қидирув ишлари қўшилган қиймат солиғидан озод қилинсин.


16. Қуйидагиларга:

газ таъминоти ташкилотларининг мулкига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 269-моддаси 1-бандида кўзда тутилган юридик шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича солиқ имтиёзлари;

2021 йилнинг 1 январига қадар муддатга "Ўзбекнефтгаз" АЖ таркибидан чиқариладиган ташкилотларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикасининг "Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3953-сон қарорига илованинг 9-банди татбиқ этилсин.


17. Қазиб олиниши қийин захираларга эга ишланаётган конларни танловлар ўтказиш орқали, тўғридан-тўғри инвестицияларни углеводород хом ашёсини қазиб олиш ҳажмларидан қайтариш шарти билан, тақсимланмайдиган таваккалчиликларга эга шартномалар асосида углеводород хом ашёси қазиб олиш бўйича юқори технологияли хизматлар кўрсатиш соҳасида тажрибага эга бўлган компаниялар бошқарувига топшириш амалиётга жорий этилсин.


18. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

а) бир ҳафта муддатда тақсимланмайдиган таваккалчиликларга эга шартномалар тузиш асосида углеводород хом ашёсини қазиб олиш учун хусусий инвесторлар жалб этиладиган Нефть ва газ конлари рўйхатини тасдиқласин;

б) уч ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи 2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида энергия самарадорлигини ошириш дастурини қабул қилсин:

қуёш панеллари ва сув иситкичлар, шунингдек, истеъмолчилар учун энергия самарадор қозонлар ўрнатишни, шу жумладан, уларни харид қилиш харажатларини қисман субсидиялаш йўли билан рағбатлантириш;

бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергия тежаш жамғармасини шакллантириш манбаларини кенгайтириш;

ностандарт газ горелка жиҳозларини замонавий ва энергия самарадор газ горелка жиҳозлари билан алмаштириш;

иқтисодиётнинг энг кўп энергия сарфловчи соҳаларида энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва энергия самарадорлиги дастурларини ишлаб чиқиш мақсадида мажбурий равишда энергоаудит ўтказиш.


19. Энергетика вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, ёқилғи-энергетика корхоналари томонидан ишлаб чиқилган 2019-2021 йилларда ёқилғи-энергетика тармоғи эҳтиёжлари учун ўзлаштиришга тавсия этиладиган тайёр маҳсулотлар, ускуналар, бутловчи маҳсулотлар, эҳтиёт қисм ва материаллар турлари, шунингдек, уларни таъмирлаш ва модернизациялаш бўйича ишлар ва хизматларнинг рўйхати 6-иловага* мувофиқ маъқуллансин.

Белгилансинки, ушбу рўйхатга киритилган лойиҳаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 майдаги "Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4302-сон қарорида кўзда тутилган амалга ошириш механизмлари ва қўллаб-қувватлаш чоралари татбиқ этилади.


20. Белгилансинки, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб:

Ўзбекистон Республикасининг "Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонунидаги мониторинг, назорат, шаффофлик, самарадорлик ва натижадорлик таҳлилини таъминлаш борасидаги талаблар стратегик аҳамиятга эга бўлган, товарлар (ишлар, хизматлар)ни харид қилишнинг алоҳида тартиби белгиланган хўжалик жамиятлари ва корхоналар томонидан амалга ошириладиган давлат харидларининг барча турларига нисбатан татбиқ этилади;

давлат буюртмачилари томонидан тузилган шартномалар реестрига қўйилган талабларга мувофиқ, давлат буюртмачисига ўзининг ёки юқори турувчи органнинг расмий веб-сайтида давлат харидларининг тўлиқ тавсифини келтирган ҳолда, уларнинг натижаларини эълон қилиш мажбурияти ҳам юкланади;

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси доимий равишда давлат харидлари самарадорлиги ва натижадорлигининг масофавий таҳлилини, зарур ҳолларда жойларга чиқиб олиб боради ҳамда махсус давлат харидлари ахборот портали ва ўз расмий веб-сайтларида таҳлил хулосаларини жойлаштиради;

етказиб берувчиларнинг иштирок этишига имкон бериш мақсадида, шу жумладан, импорт товарлар, ишлар ва хизматларни энг яхши таклифларни танлаб олиш ва тўғридан-тўғри шартномалар билан харид қилиш учун контрактлар тузиш аввалдан давлат харидлари махсус ахборот порталида тегишли маълумотлар жойлаштирилган ва кейин саралаш натижалари акс эттирилган ҳолда амалга оширилади.


21. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ой муддатда барча давлат буюртмачилари томонидан амалга оширилаётган давлат харидларининг шаффофлигини таъминлаш бўйича талабларни кучайтиришни, назорат қилишнинг аниқ механизмларини ва унда жамоатчиликнинг фаол иштирокини рағбатлантириш чора-тадбирларини, шунингдек, халқаро ташкилотларнинг, шу жумладан, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ҳамда Жаҳон банкининг коррупцияга қарши курашиш ва ҳар йилги "Бизнес юритиш" ҳисоботи борасидаги тавсияларини жорий этишни назарда тутган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг "Давлат харидлари тўғрисида"ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


22. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қуйидагиларни:

2019 йил 1 декабрга қадар Ўзбекистон Республикасининг "Маҳсулот тақсимотига оид битимлар тўғрисида"ги ва "Ер ости бойликлари тўғрисида"ги қонунларининг, шу жумладан, хорижий инвесторларга ер ости бойликлари майдонларини тақдим этиш бўйича танлов (аукцион) савдоларини ўтказишнинг шаффоф механизмларини, маҳсулот тақсимотига оид битимлар тузишнинг шартларини, хусусан, қазиб олинган углеводород хом ашёсининг Ўзбекистон Республикасига тегишли бўлган қисмини ички бозорга етказиб бериш бўйича талабни кўзда тутувчи янги таҳрирдаги лойиҳаларини;

икки ой муддатда халқаро мутахассис ва экспертларни жалб этган ҳолда, тақсимланмайдиган таваккалчиликларга эга шартномалар асосида углеводород хом ашёсини қазиб олишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


23. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 июндаги "Нефть-газ тармоғини бошқариш тизимини такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-3107-сон қарорининг 1-4, 7 ва 8-бандлари ҳамда 1-16-иловалари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


24. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига 7-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


25. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифларни киритсин.


26. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш. Мирзиёев



*) 6-илова рус тилидаги матнда берилган.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 9 июлдаги

ПҚ-4388-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг нефть-газ тармоғини

2030 йилгача ривожлантириш концепциясини амалга

ошириш бўйича республика ишчи комиссияси

ТАРКИБИ

1. А.Н. Арипов

-

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Комиссия раиси

2. Ж.А. Қўчқоров

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси молия вазири

3. А.С. Султанов

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси - Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири

4. Б.М. Мавлонов

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари

5. Г.К. Саидова

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари

6. М.П. Оллоёров


Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари

7. М.Р. Абдуллаев

-

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раисининг ўринбосари

8. Б.А. Ходжаев

-

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазири

9. Р.К. Давлетов

-

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири

10. Б.Ф. Исламов

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси

11. Ж.Т. Мирзамахмудов

-

Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирининг биринчи ўринбосари

12 Т.А. Ишметов

-

Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг биринчи ўринбосари

13. А.Я. Хайдаров

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги директори

14. Ш.Ш.Шарахметов

-

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси

15. Ш.А. Вафаев

-

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ижрочи директори

16. Н.Т. Агзамов

-

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи

17. Б.Б. Сидиқов

-

"Ўзбекнефтгаз" АЖ бошқаруви раиси

18. Ш.С. Саматов

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг котибияти мудири, Комиссия масъул котиби

Изоҳ: Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 9 июлдаги

ПҚ-4388-сон қарорига

2-ИЛОВА



Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда

"Ўзбекнефтгаз" АЖ таркибий бўлинмалари

(бошқарма, завод) этиб қайта ташкил қилинадиган

нефть-газ қазиб олиш ва газни қайта

ишлаш ташкилотлари

РЎЙХАТИ

    

Т/р

Ташкилотнинг номланиши

Таркибий бўлинманинг

номланиши

1.

"Муборакнефтгаз" МЧЖ

Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси

2.

"Шўртаннефтгаз" МЧЖ

Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси

3.

"Устюртгаз" МЧЖ

Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси

4.

"Газлинефтгазқазиболиш" МЧЖ

Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси

5.

"Андижоннефть" АЖ

Андижон нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси

6.

"Муборак ГҚИЗ" МЧЖ

Муборак газни қайта ишлаш заводи

Изоҳ:

қайта ташкил этилаётган ташкилотларда 2020 йилнинг 1 январига қадар ушбу қарор чиқишига қадар статистика органларига топширилиши кўзда тутилган ҳисоботларни топшириш мажбурияти сақлаб қолинади.

2020 йилнинг 1 январидан бошлаб, 2019 йил ва ундан кейинги йилларда ҳудудларда ишлаб-чиқарилган саноат маҳсулотларни ҳисоблаш базасига юқорида кўрсатилган ташкилотларнинг қайта ташкил этилганлигини ҳисобга олиб, тузатишлар киритилади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 9 июлдаги

ПҚ-4388-сон қарорига

3-ИЛОВА



"Ўзбекнефтгаз" АЖга ва унинг таркибига

кирувчи ташкилотларга қўшиш йўли билан қайта

ташкил этиладиган айрим ташкилотлар

РЎЙХАТИ

Т/р

Қайта ташкил этилаётган хўжалик жамиятларнинг номланиши

Активларни қабул

қилувчи ташкилот

Изоҳ

1.

"Нефтгазэкспорт" МЧЖ

"Ўзбекнефтгаз" АЖ

"Ўзбекнефтгаз" АЖда ташқи бозорларда маҳсулотни сотиш вазифаларини амалга ошириш бўйича таркибий бўлинма ташкил этилганлиги муносабати билан.

2.

"O'ZNEFTEGAZGEOLOGIYA" МЧЖ

"Ўзбекнефтгаз" АЖда геологик-қидирув, бурғулаш ишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинма ташкил этилганлиги муносабати билан.

3.

"Neftgazqazibolish-Injiniring" МЧЖ

"Ўзбекнефтгаз" АЖда қурилиш-монтаж ишларини ташкил қиладиган ва олиб борадиган таркибий бўлинма ташкил этилганлиги муносабати билан.

Оқчалак шаҳарчасида жойлашган, "Устюрт ГКМ дирекцияси" УК балансидаги учта кўп қаватли 30 та хонадонли турар жойларнинг Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги балансига ўтказилишини ҳисобга олган ҳолда.

4.

"Устюрт ГКМ дирекцияси" УК

5.

"Жарқўрғоннефть" АЖ

"Жарқўрғоннефть" АЖнинг активлари (конлар ва бошқа объектлар) "Ўзбекнефтгаз" АЖга ўтказилиши муносабати билан.

6.

"Геобурнефтегазсервис" МЧЖ

"Ўзбекнефтгаз" АЖда активлар ва сервис хизматларни бошқариш функцияларни амалга оширадиган таркибий бўлинма ташкил этилганлиги муносабати билан.

7.

"Нефтегазинвест" МЧЖ

"Ўзбекнефтгаз" АЖда инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишни мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинма ташкил этилганлиги муносабати билан.

8.

"Тармоқлараро ўқув-курс комбинати" МЧЖ

"Тасис-ўқув" таълим

маркази МЧЖ

Тармоқ мутахассисларининг малакасини ошириш мақсадида бирлаштирилаётган хўжаликлар негизида "UNG training" МЧЖ ягона таълим марказини ташкил қилиш.





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 9 июлдаги

ПҚ-4388-сон қарорига

4-ИЛОВА



Устав капиталидаги "Ўзбекнефтгаз" АЖ

таркибига кирувчи ташкилотларнинг улуши маҳаллий

ижро этувчи ҳокимият органларига берилаётган

бозорлар, савдо ва чорвачилик комплекслари

РЎЙХАТИ


Т/р

Ташкилот номланиши

Активлар балансига эгалик

қилувчи ташкилот

1.

"MURUVVAT-CНORVADOR" МЧЖ*

"Ўзбекнефтгаз"АЖ

2.

"Buxoro Markaziy dehqon bozori" АЖ

"Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи" МЧЖ

"Бухорогазсаноатқурилиш" АЖ

3.

"Neftagrokompleks" МЧЖ*

"Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи" МЧЖ

4.

"FAR-AGRO" МЧЖ**

"Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи" МЧЖ

5.

"Табиий тоза" МЧЖ*

"Муборак газни қайта ишлаш заводи" МЧЖ

6.

"Yangi bozor" dehqon bozori" АЖ

"Андижоннефтбаза" МЧЖ

"Андижоннефть" АЖ

7.

"Navoiy Savdo Kompleksi" АЖ

"Навоийнефтбаза" МЧЖ

8.

"Ёрқўрғон" деҳкон (озиқ-овқат) бозори АЖ

"Қаршинефтбаза" МЧЖ

9.

"МНГ-Агрокомплекс" МЧЖ*

"Муборакнефтгаз" МЧЖ

10.

"МНГ-Паррандакомплекс" МЧЖ*

"Муборакнефтгаз" МЧЖ

11.

"MNG-CНORVA" МЧЖ*

"Муборакнефтгаз" МЧЖ

12.

"Жарқўрғон Агро техно" МЧЖ*

"Жарқўрғоннефть" АЖ

13.

"Imperium Agro Tur" МЧЖ*

"Устюртгаз" МЧЖ

    

*) Вилоятлар ҳокимларининг қарорига асосан белгиланган тартибда тадбиркорлик субъектларига сотиш учун маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига бепул берилади.


**) Вилоятлар ҳокимларининг қарорига асосан белгиланган тартибда тадбиркорлик субъектларига сотиш учун маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига бепул бериш тўғрисидаги қарор инвестор билан музокаралар якуни асосида қабул қилинади.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 9 июлдаги

ПҚ-4388-сон қарорига

5-ИЛОВА



Устав капиталидаги "Ўзбекнефтгаз" АЖ ва

унинг таркибидаги ташкилотларнинг улуши

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини

бошқариш агентлигига берилаётган ташкилотлар

РЎЙХАТИ

   

Т/р

Ташкилотларнинг номланиши

Активлар балансига эгалик

қилувчи ташкилот

1.

"Муборакнефтгазмонтаж" АЖ

"Ўзбекнефтгаз" АЖ

2.

"Жанубгазқурилиш" АЖ

"Ўзбекнефтгаз" АЖ

3.

"Тошнефтгазқурилиш" АЖ

"Ўзбекнефтгаз" АЖ

4.

"Бухорогазсаноатқурилиш" АЖ

"Ўзбекнефтгаз" АЖ

5.

"Ўзташқинефтгаз" АЖ

"Ўзбекнефтгаз" АЖ

6.

"Автогазтаъминот" МЧЖ

"Ўзбекнефтгаз" АЖ

7.

"Қашқадарёнефтгазсаноатқурилиш" АЖ

"Ўзбекнефтгаз" АЖ

8.

"Фарғона нефтбаза" МЧЖ

"Ўзнефтмаҳсулот" АЖ

9.

"Гулистон нефтбаза" МЧЖ

"Ўзнефтмаҳсулот" АЖ

10.

"Нефттаъминот" АЖ

"Ўзнефтмаҳсулот" АЖ

11.

"Қўқон нефтгаз пармалаш ишлари" АЖ

"Ўзбурнефтгаз" АЖ

12.

"Бухоронефтгазпармалаш" АЖ

"Ўзбурнефтгаз" АЖ

"Ўзнефтгазқазибчиқариш" АЖ

13.

"Qashqadaryoparmalash ishlari" АЖ

"Ўзбурнефтгаз" АЖ

"Ўзнефтгазқазибчиқариш" АЖ

14.

"Surxon parmalash ishlari" АЖ

"Ўзбурнефтгаз" АЖ

15.

"Minora qurish ekspeditsiyasi" АЖ

"Ўзбурнефтгаз" АЖ

16.

"Ўзпартампонаж" АЖ

"Ўзбурнефтгаз" АЖ

17.

"Neft va gaz quduqlarini sinash" АЖ

"Ўзбурнефтгаз" АЖ

18.

"Косон нефтгазқидирув экспедицияси" МЧЖ

"Ўзбурнефтгаз" АЖ

19.

"Олот нефтгазқидирув экспедицияси" МЧЖ

"Ўзбурнефтгаз" АЖ

20.

"Устюрт қидирув бурғулаш бошқармаси" МЧЖ

"Ўзбурнефтгаз" АЖ

21.

"Texnik ta'minlash va butlash" МЧЖ

"Ўзбурнефтгаз" АЖ

22.

"Ўзпаравтотранс" АЖ

"Ўзбурнефтгаз" АЖ

23.

"Qashqadaryo texnologik transport" АЖ

"Ўзбурнефтгаз" АЖ

24.

"Sarbon-Neftеgaz" АЖ

"Ўзбурнефтгаз" АЖ

25.

"Ўзпартаъминот" АЖ

"Ўзбурнефтгаз" АЖ

26.

"Қашқадарё нефт-газ қурилиш ва таъмирлаш" АЖ

"Ўзбурнефтгаз" АЖ

27.

"Ўзпарқурилиш" АЖ

"Ўзбурнефтгаз" АЖ

28.

"Бухоронефтгазавтонақл" АЖ

"Ўзбурнефтгаз" АЖ

29.

"Ўзбеккимёмаш заводи" АЖ

"Ўзбекнефтгаз" АЖ

"Ўзнефтгазмаш" АЖ

30.

"Қўқон механика заводи" АЖ

"Ўзнефтгазмаш" АЖ

31.

"Андижон синов-тажриба заводи" АЖ

"Ўзнефтгазмаш" АЖ

32.

"Бухоро механика-таъмирлаш заводи" АЖ

"Ўзнефтгазмаш" АЖ

"Ўзнефтгазқазибчиқариш" АЖ

33.

"Хўжаобод технологик транспорт бошқармаси" АЖ

"Ўзнефтгазқазибчиқариш" АЖ

34.

"Тўйтепа металл қурилмалари" АЖ

"Ўзбекнефтгаз" АЖ

35.

"Нефтгазтаъмирлаш" АЖ

"Ўзнефтгазқазибчиқариш" АЖ

36.

"Нефтгазқуриштаъмирлаш" АЖ

"Ўзнефтгазқазибчиқариш" АЖ

37.

"Нефтгазқидирув" АЖ

"Ўзнефтгазқазибчиқариш" АЖ

38.

"Ўзнефтгазинформатика" АЖ

"Ўзнефтгазқазибчиқариш" АЖ

39.

"Muborakneftgaztrans" АЖ

"Ўзнефтгазқазибчиқариш" АЖ

40.

"Texnik ta'minlash va butlash boshqarmasi" МЧЖ

"Ўзнефтгазқазибчиқариш" АЖ

41.

"Neftgazmontaj" МЧЖ

"Ўзбекнефтгаз" АЖ

"Ўзтрансгаз" АЖ

42.

"NEFTGAZDEPOZIT" МЧЖ

"Ўзбекнефтгаз" АЖ

"Ўзтрансгаз" АЖ

43.

"Bentonite" МЧЖ

"Ўзбекнефтгаз" АЖ

"Ўзбурнефтгаз" АЖ

44.

"Neftgazme'yor" МЧЖ

"Ўзнефтгазқазибчиқариш" АЖ

45.

"Андижоннефтгазқудуқтаъмирлаш" МЧЖ

"Ўзнефтгазқазибчиқариш" АЖ

46.

"Махсусбутлашгаз" МЧЖ

"Ўзнефтгазқазибчиқариш" АЖ

47.

"Муборак уй-жойдан фойдаланиш кўп тармоқли" МЧЖ

"Ўзнефтгазқазибчиқариш" АЖ

48.

"Водийнефтгазавтотранс" МЧЖ

"Андижоннефть" АЖ

49.

"Яккабоғ воха текс" МЧЖ

"Шўртан газ кимё комплекси" МЧЖ

50.

"Yangiariq plast" МЧЖ

"Шўртан газ кимё комплекси" МЧЖ

"Neftеgazinvest" МЧЖ

51.

"Mebellar uyi" МЧЖ

"Шўртан газ кимё комплекси" МЧЖ

52.

"Нукус Полимер" МЧЖ

"Шўртан газ кимё комплекси" МЧЖ

"Neftеgazinvest" МЧЖ

53.

"Muborakeko-hayot" МЧЖ

"Муборак газни қайта ишлаш заводи" МЧЖ

54.

"Муборак текс" МЧЖ

Муборак газни қайта ишлаш заводи" МЧЖ

55.

"Мўмин текстиль" МЧЖ

Муборак газни қайта ишлаш заводи" МЧЖ

56.

"Mng-quruvchi" МЧЖ

"Муборакнефтгаз" МЧЖ

57.

"Косон махсус механизациялашган" МЧЖ

"Ўзнефтмаҳсулот" АЖ

58.

"Вилоят мониторинг марказлари" МЧЖ

"Ургенч нефтбаза" МЧЖ

59.

"Neftеgazmineral" МЧЖ

"Ўзбурнефтгаз" АЖ

60.

"Ungm-Biogaz" МЧЖ

"Ўзнефтгазмаш" АЖ

61.

"Ўзнефтгазалоқа" МЧЖ

"Ўзбекнефтгаз" АЖ

62.

"Polietilen Quvurlar" УК

"Шўртан газ кимё комплекси" МЧЖ

63.

"Ko'prikyo'lqurilish бошкармаси" УК

"Шўртан газ кимё комплекси" МЧЖ

64.

"Шўртаннефтгаз-текстил" УК

"Шўртаннефтгаз" МЧЖ

65.

"Polipropilen Quvurlar" ШК

"Шўртан газ кимё комплекси" МЧЖ

66.

МТП "Агромаш-сервис"

"Жиззах нефтбаза" МЧЖ

67.

"Kultakneftgaz" ҚК МЧЖ

"Ўзбекнефтгаз" АЖ

"Шўртаннефтгаз" МЧЖ

68.

"UNG Econn" ҚК МЧЖ

"Neftgazinvest" МЧЖ

69.

"Uz-Prista" ҚК МЧЖ

"Ўзнефтмаҳсулот" АЖ

70.

"Ўзмалойл" ҚК МЧЖ

"Ўзнефтгазқазибчиқариш" АЖ

71.

"Uztatgeoservis" ҚК МЧЖ

"Ўзбекгеофизика" АЖ

72.

"Uz-PristaReсycling" ҚК

"Ўзнефтмаҳсулот" АЖ





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 9 июлдаги

ПҚ-4388-сон қарорига

7-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси

Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 14 октябрдаги "Денгизкўл газ-конденсат конининг (ГКК) Хўжасаят участкаси, Хўжадавлат ГКК ва Шарқий Олот ГККни ўзлаштириш" инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини тасдиқлаш тўғрисида"ги ПҚ-2633-сон қарорининг рус тилидаги матни 4-бандининг учинчи хатбоши қуйидаги мазмундаги учинчи ва тўртинчи хатбошилар билан алмаштирилсин:

таможенных платежей (за исключением сборов за таможенное оформление) ввозимые оборудование, материалы, запасные части, комплектующие изделия, инструменты и механизмы, программное обеспечение, не производимые в республике, а также горюче-смазочные материалы, по перечням, формируемым в установленном порядке;

периодических таможенных платежей (за исключением сборов за таможенное оформление) ввозимые строительную и специальную технику, оборудование, комплектующие изделия, специальные транспортные средства, сборные строительные конструкции в таможенном режиме "временный ввоз", по перечням, формируемым в установленном порядке.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 26 январдаги "2017 йилда республикамизда нефть, нефть маҳсулотлари, табиий газ ва суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳамда истеъмол қилиш тўғрисида"ги ПҚ-2745-сон қарори 8-бандида:


а) биринчи хатбошидаги "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган" сўзлари "Белгиланган тартибда шакллантириладиган" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) тўртинчи хатбошидаги "2019 йилнинг 1 январига" сўзлари "2020 йилнинг 1 июлига" сўзлари билан алмаштирилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 майдаги "Ўзбекистон Мустақиллиги" инвестиция блокида геологик қидирув ишлари ва "Мустақилликнинг 25 йиллиги" конида қўшимча қидирув ва ўрганиш ишларини олиб борган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Сурхондарё вилоятида газ-кимё комплексини қуриш тўғрисида"ги ПҚ-2948-сон қарори қуйидаги мазмундаги 4-1-банд билан тўлдирилсин:

"4-1. Битимни амалга оширилишини жадаллаштириш мақсадида "Surhan Gas Chemical Operating Company" МЧЖ ХКга:

2020 йилнинг 1 январига қадар лойиҳа ва пудратчи ташкилотлари билан, тўғридан-тўғри муҳокамалар асосида, ишларни амалга ошириш бўйича битимларни тендер ўтказмасдан тузишга;

2022 йилнинг 1 январига қадар лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда қурилиш-монтаж ишларини ҳам амалга оширишга;

лойиҳа-смета ҳужжатлари тасдиқлангунига қадар лойиҳа доирасидаги ишларни олдиндан молиялаштиришга истисно тариқасида рухсат берилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 майдаги "Тошкент шаҳрида кўп тармоқли муз комплексини қуришни ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-2964-сон қарорининг 1 ва 5-бандларидаги "2018" рақамлари "2019" рақамлари билан алмаштирилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4067-сон қарори рус тилидаги 12-иловасининг 20-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


6. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 июндаги "Нефть-газ тармоғида лицензиялаш тартиботларини қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнесни юритишни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 444-сон қарори 1-иловасининг 11-банди "г" кичик банди "техника воситалари" сўзларидан кейин "шу жумладан замонавий ўлчов асбобларини Табиий газни назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига улаш орқали" сўзлари билан тўлдирилсин.


7. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 декабрдаги "Сув хўжалиги ташкилотлари томонидан саноат ва энергетика ташкилотларига техник сув етказиб бериш бўйича кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 1008-сон қарорида:


а) 2-банд қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Энергетик қурилмаларни совутиш учун ишлатиладиган техник сув ўз манбасига қайтарилиши ҳамда табиий оқим ва гидроэлектростанциялар каналларидаги сув ишлатилишини инобатга олган ҳолда "Тошкент иссиқлик электр станцияси" унитар корхонаси, "Тошкент иссиқлик электр маркази" унитар корхонаси ҳамда "Янги-Ангрен иссиқлик электр станцияси" акциядорлик жамияти томонидан техник сув етказиб бериш бўйича кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўланмайди";


б) 2-илованинг 5-7-бандлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 10 июль


"Халқ сўзи", 2019 йил 10 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 15 июль, 28-сон, 505-модда















































Время: 0.1413
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск