ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Солиқлар. Мажбурий тўловлар / Солиққа тортишнинг умумий қоидалари / Солиқ органлари фаолиятини тартибга солиш /

Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш Стратегияси (ЎзР Президентининг 10.07.2019 й. ПҚ-4389-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019йил 10 июлдаги

ПҚ-4389-сон қарорига

1-ИЛОВА



Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш

СТРАТЕГИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Солиқ тизими иқтисодиётнинг ажралмас қисми бўлиб, мамлакатни ижтимоий ва иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига эришишда муҳим механизм сифатида намоён бўлади.

2018 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси солиқ юкини камайтириш ва солиқ тизимини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай муҳитни шакллантириш вазифаларини амалга оширишни давом эттириш имконини берди.

Шу билан бирга, солиқ тизимида ишбилармонлик ва инвестициявий фаолликни ошириш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, шунингдек, солиқ ислоҳотларини самарали амалга оширишга тўсқинлик қилаётган қуйидаги камчилик ва муаммолар мавжуд:

биринчидан, солиқ маъмуриятчилигини ташкил этиш принциплари эскирган бўлиб, солиқ тўловчиларга комплекс хизматлар кўрсатишни, шунингдекулар томонидан солиқ мажбуриятларининг ихтиёрий бажарилишини таъминламаяпти;

иккинчидан, солиқ мажбуриятларини бажаришда маъмурий харажатлар (сарфланадиган вақт ва маблағ) даражаси юқори бўлиб қолмоқда;

учинчидан, солиқ соҳасида имтиёзлар бериш борасида аниқ мезон ва механизмлар мавжуд эмас;

тўртинчидан, хуфиёна иқтисодиёт даражасини қисқартиришга қаратилган, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштириш жараёнларини рағбатлантирувчи жамоатчилик назорати механизмлари мукаммал эмас;

бешинчидан, солиқ тўловчи билан солиқ органлари ўртасида маълумот алмашинувини таъминловчи ягона стандарт ва дастурий маҳсулотлар мавжуд эмас;

олтинчидан, солиқ ҳисоби сифатини пасайтирадиган, солиқ базасининг кенгайиши ва барқарор солиқ тушумларини таъминлашга тўсқинлик қиладиган идоралараро ахборот ҳамкорлиги суст йўлга қўйилган;

еттинчидан, юқори малакали кадрларни тайёрлаш соҳасида ҳамда солиқ органлари ходимлари фаолиятини баҳолашда тизимли камчиликлар мавжуд.

Ушбу камчилик ва муаммолар солиқ тизимини жадал ривожлантириш, солиқ маъмуриятчилиги самарадорлигини ошириш ҳамда солиқлар ва мажбурий тўловларнинг талаб даражасида йиғилишига тўсқинлик қилмоқда.

Шу муносабат билан қуйидаги мақсад, вазифа ва асосий йўналишларни назарда тутувчи Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш алоҳида аҳамият касб этмоқда.



2-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ МАҚСАД

ВАВАЗИФАЛАРИ


1. Стратегиянинг асосий мақсади иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишнинг муҳим омили сифатида тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, солиқ солиш жараёнларини автоматлаштирган ҳолда, давлат солиқ органларида замонавий йўналтирилган сервис солиқ хизматлари кўрсатишни ташкил қилиш ҳисобланади.


2. Қуйидагилар Стратегиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Давлат бюджетига солиқ тушумларининг барқарорлигини таъминлаш;

солиқ органлари ходимларининг касбий маҳоратини ошириш ва солиқ маъмуриятчилигига рақамли технологияларни жорий этиш орқали кўрсатилаётган солиқ хизматлари сифатини яхшилаш;

барча тоифадаги солиқ тўловчилар томонидан солиқ мажбуриятларининг ихтиёрий равишда бажариш асосида уларнинг эҳтиёжларини қаноатлантириш учун солиқ органлари ва солиқ тўловчилар ўртасида ишончли муносабатларни яратиш;

солиқ мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ бўлган харажатларни қисқартириш, барча тоифадаги тадбиркорлик субъектларига қулай шароитларни таъминлайдиган транспарент ва барқарор солиқ тизимини шакллантириш;

солиқ тўловчилар фаолиятига аралашишни, шунингдек, давлат солиқ хизмати органларида “инсон омили”ни ҳамда коррупция ҳолатларининг салбий кўринишларини камайтириш имконини берадиган таваккал-таҳлил ва масофавий таҳлилий ишлар тизими асосида солиқ назорати тизимини шакллантириш.

Белгиланган вазифаларнинг бажарилиши бизнес фаоллигини ошириш ва солиқ мажбуриятини бажариш бўйича маъмурий харажатларни камайтириш имконини беради ва бу, ўз навбатида, Жаҳон банкининг бизнес юритиш рейтингида республика позицияларига ижобий таъсири кўрсатади.



3-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ АСОСИЙ

ЙЎНАЛИШЛАРИ


3.1. Солиқ сиёсатини такомиллаштириш ва иқтисодиётда хуфиёна айланма даражасини қисқартириш

1. Солиқ ва солиқ режимларини бирхиллаштириш, шунингдек, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш.

2. Солиқ юкини (камайтириш ва бараварлаштириш) оптималлаштириш.

3. Солиқ имтиёзларининг самарадорлик даражасини баҳолаш асосида уларни тақдим этишнинг аниқ мезон ва механизмларини белгилаш.

4. Солиқ ва бухгалтерия ҳисоби ўртасида фарқни имкон қадар камайтириш.

5. Жойлардаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг бюджетнинг даромад қисмини шакллантиришда ролини кучайтириш ва ҳиссасини ошириш.

6. Хорижий давлатлар тажрибаси ҳисобга олинган ҳолда, таваккалчиликларни баҳолашнинг замонавий усулларини жорий қилиш ва иқтисодий фаолият соҳасида хуфиёна айланма ҳамда назорат қилинмайдиган даромадлар кўламини қисқартириш.

7. Солиқ қонунчилиги соҳасидан ташқарида фаолиятни амалга оширадиган шахсларни норасмий сектордан чиқишига (қонунийлашишига) кўмаклашиш.

8. Трансферт нархни белгилаш соҳасида солиқ маъмуриятчилигининг янги услубларини жорий этиш.

9. 2021йилга келиб жисмоний шахсларнинг даромад солиғини тўловчиларни 1,5 баравар, қўшилган қиймат солиғини тўловчиларни 2 баравар ҳамда ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғи тўловчиларни 2 баравар кўпайтириш.


3.2. Хизмат кўрсатишга йўналтирилган солиқ хизматларини ривожлантириш

1. Солиқ тўловчилар солиқ мажбуриятларини ихтиёрий равишда бажариши учун уларга қулай шарт-шароитларни яратиб бериш.

2. Бирламчи ҳисоб ҳужжатларини рақамлаштириш ва бирхиллаштириш ҳамда солиқ ҳисоботлари шаклларини соддалаштириш.

3. Солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатишнинг экстерриториал принципини ривожлантириш.

4. Солиқ хизматлари сифатини ва солиқ органлари фаолиятини жамоатчилик томонидан мустақил баҳолаш (тескари алоқа) механизмини яратиш.

5. Солиқ органлари фаолиятининг шаффофлиги ва солиқ солиш соҳасидаги маълумотларнингочиқлиги.

6. Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш тизимини ривожлантириш.

7. Корхоналарнинг тўловга лаёқатсизлигини ва уларни тугатишни ҳал этиш тартиб-таомилларини соддалаштириш (харажатлар, вақт ва қоидалар аудити).

8. Солиқ маслаҳатчилари институтини такомиллаштириш.

9. Солиқ тўловчиларга маслаҳат кўрсатиш хизматларини кўрсатиш фаолиятини марказлаштириш ва стандартлаш.


3.3. Солиқ таваккалчиликларини баҳолаш тизимини жорий қилиш ва солиқ ҳисобини такомиллаштириш

1. Назорат фаолиятини амалга оширишда таваккалчиликларни таҳлил қилиш ва бошқаришнинг замонавий тизимини жорий этиш.

2. Солиқ назоратининг шаффофлигини таъминлаш, коррупция омилларини камайтириш.

3. Ҳудудларнинг солиқ имкониятларини баҳолаш усулларини жорий қилиш ва бюджет даромадларини прогнозлаштириш.

4. Умумий овқатланиш ва савдо соҳасида, шунингдек, кўчмас мулк бўйича солиқ солинадиган объектларни тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлаш.

5. Солиқ мажбуриятини ихтиёрий бажариш даражасини 90 фоизгача етказиш.


3.4. Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини янада такомиллаштириш

1. Солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш ва маслаҳатлар беришга йўналтирилган солиқ органлари ташкилий тузилмасини яхшилаш.

2. Солиқ тўловчиларни сегментациялаш асосида давлат солиқ хизмати органларининг энг мақбул моделини жорий этиш.

3. Солиқ хизмати органларида замонавий бизнес-таҳлил (Business Intellegence) тизимини, шунингдек, стратегик ва процессуал бошқарувни жорий этиш.

4. Солиқ хизмати ходимлари фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги кўрсаткичларидан (KPI) келиб чиққан ҳолда уларни рағбатлантириш.

5. Кадрларни тайёрлаш ва танлаш тизимини такомиллаштириш.

6. Солиқ органлари ходимлари мотивациясини мустаҳкамлаш.

7. Солиқ маъмуриятчилиги жараёнини автоматлаштириш.


3.5. Давлат солиқ хизмати органларида коррупцияга қарши курашиш механизмларини ривожлантириш

1. Кадрлар сиёсатида коррупцияга қарши компонентларни кучайтириш.

2. Солиқ соҳасида коррупция хавфларини назорат қилиш ва уларнинг олдини олиш тизимини жорий этиш.

3. Коррупцияга қарши қонунчилик талаблари асосида норматив-ҳуқуқий базани қайта кўриб чиқиш (тафтиш қилиш).

4. Солиқ органларида шаффофлик (ошкорлик) ва ҳисобдорликни кенгайтириш, коррупция кўринишларига жамоатчиликда муросасизлик ҳиссини шакллантириш.



4-БОБ. КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


1. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар суръати ўсишига эришилади.


2. Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги позициялари, шунингдек, ишбилармонлик фаоллигининг индекс кўрсаткичлари яхшиланади.


3. Солиқларнинг иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари бўйича ялпи ички маҳсулот, даромад, қўшилган қийматга нисбатан улуши ўзгаради.


4. Маҳаллий ва хорижий инвесторлар ўртасидаги солиқ имтиёзлари ҳажми бўйича тафовути қисқариши таъминланади.


5. Солиқ тўловчиларнинг маълумотлардан фойдаланишда ҳамда кўрсатилаётган сервис хизматларидан қаноат ҳосил қилиш даражаси ошади.


6. Низоларни судга қадар ҳал этиш кўлами кенгаяди.


7. Солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликлар сони камайишига эришилади.


8. Солиқ тўловчиларнинг ҳақиқатдаги ва тақдим этилган кўрсаткичлари ўртасидаги фарқлар камаяди.


9. Солиқ текширувлари сони қисқаради.


10. Назорат тадбирлари натижасида қўшимча ҳисобланган солиқлар миқдори пасаяди.


11. Солиқларнинг ундирилиш даражаси ошади.


12. Солиқ идоралари ўртасида ҳужжатларнинг айланиши камаяди, ижро интизоми ошади, кадрларнинг қўнимсизлиги бартараф этилади ва кадрлар билан таъминланганлик даражаси яхшиланади.


13. Солиқ органлари ходимлари томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этиш ҳоллари бартараф этилади.


14. Солиқ хизматларини стандартлаштириш ва тартибга солиш даражаси ортади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 11 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 15 июль, 28-сон, 506-модда







































Время: 0.1508
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск