ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Олий таълим / Бошқалар /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 09.07.2019 й. 573-сон "Тошкент кимё-технология институтининг Янгиер филиалини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

09.07.2019 й.

N 573




ТОШКЕНТ КИМЁ-ТЕХНОЛОГИЯ

ИНСТИТУТИНИНГ ЯНГИЕР ФИЛИАЛИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Сирдарё вилоятида кимё саноати ва қишлоқ ҳўжалигини диверсификация қилиш, маҳсулот етиштириш салоҳиятини янада ошириш ва иқтисодиётнинг базавий тармоқларида олий маълумотли кадрлар тайёрлашни кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. "Ўзкимёсаноат" АЖ, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва Сирдарё вилояти ҳокимлигининг Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида Тошкент кимё-технология институтининг Янгиер филиалини (кейинги ўринларда Филиал деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Белгилансинки, Филиал Тошкент кимё-технология институтининг юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бўлинмаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.


2. Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ҳудудда кимё саноати ва қишлоқ ҳўжалиги соҳасининг ривожланиш истиқболлари ва устувор вазифаларини, замонавий техника ҳамда технологик тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда эҳтиёж юқори бўлган мутахассисликлар бўйича амалий кўникмаларни эгаллаган малакали кадрларни тайёрлаш;

кимёвий технологиялар соҳасининг тегишли йўналишлари бўйича малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, корхоналарнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган инновацион тадқиқотларни фаол ривожлантириш;

ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълим ва илмий изланишлар жараёнига малакали мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш соҳаларида республика ва хорижий етакчи олий таълим муассасалари ва илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш;

республика ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларга истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали Филиалнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш;

Филиалнинг минтақа ва халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш мақсадида чет эл фуқаролари учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш ва илғор халқаро тажрибани татбиқ қилиш;

вебинар таълим усулларини жорий этиш ва ривожлантириш.


3. Белгилансинки:

2019/2020 ўқув йилида Филиалга давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг қарорига асосан тасдиқланади;

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Филиалга талабаларни қабул қилиш сони белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.


4. Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалининг Васийлик кенгаши таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Васийлик кенгаши қуйидаги йўналишлар бўйича Филиал фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашувчи жамоатчилик органи этиб белгилансин:

Филиални техник ривожлантириш ва унинг самарали фаолиятини таъминлаш учун молиявий ёрдамни ташкил этиш, бюджетдан ташқари маблағларни жалб этиш;

ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар соҳа ташкилотлари объектларида талабаларнинг амалиётини ташкил этиш;

таълим муассасалари ва ташкилотлардан тайинланган малакавий амалиёт раҳбарларини Филиалнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига моддий қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш ҳамда иқтидорли талабаларнинг ривожланган хорижий мамлакатлардаги таълим муассасаларида амалиётини ташкил этиш;

кимё, кимёвий технологиялар, қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш соҳаларида Филиални ривожлантиришга кўмаклашувчи янги усуллар, дастурлар ва истиқболли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятига илмий ишланмалар натижаларини самарали жорий этиш;

Филиал профессор-ўқитувчилари ва ёш олимларининг Scopus ва Web of science каби маълумотлар базасига кирган халқаро илмий журналларда илмий мақолалар чоп этиш борасидаги сарф-харажатларини молиялаштириш, шунингдек, ўқув-методик ва илмий-тадқиқот ишларининг бажарилишидан келиб чиққан ҳолда моддий рағбатлантириб боришни ташкил этиш;

Филиалда ўқув жараёнини ташкил этиш учун малакали профессор-ўқитувчиларни, жумладан, хориждан ўқитувчилар, олимлар ва мутахассисларни жалб этиш ҳамда ёш олимлар, таянч докторантларнинг хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказларга стажировкага юборилишини таъминлаш;

Филиал педагог ва бошқа ходимларининг меҳнат шароитларини ҳамда уларнинг ижтимоий таъминотини яхшилаш ва қўллаб-қувватлашни ташкил этиш;

Филиал биноларининг қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш учун зарур молиявий маблағлар йўналтирилишини, замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер ва бошқа ташкилий техника, кутубхона фонди билан жиҳозланишини таъминлаш.


5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги икки ой муддатда:

Филиалнинг тузилмасини олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативларга мувофиқ тасдиқласин;

Филиалнинг уставини белгиланган тартибда тасдиқласин ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

Филиални танлов асосида юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш чораларини кўрсин;

Филиалда ўқув-методик жараён ташкил этилишини таъминлаш, штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлаш, уни ўқув-лаборатория жиҳозлари ва компьютер техникаси билан таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширсин;

Филиал ахборот-ресурс марказини таянч олий таълим муассасаси томонидан қўшимча ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.

Филиални малакали педагог кадрлар ва ходимлар билан таъминлашда Гулистон давлат университети ҳамда Жиззах политехника институти захира кадрларини назарда тутиш ҳамда ушбу олий таълим муассасалари билан Филиалнинг ҳар томонлама манфаатли ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш белгилаб қўйилсин.


6. Қуйидагилар Филиал фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


7. Белгилаб қўйилсинки:

а) Филиални сақлаш харажатлари 2019 йилда "Маориф" соҳаси бўйича тасдиқланган бюджет параметрлари доирасида, 2020 йилдан бошлаб эса мазкур соҳага ҳар йили ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади;

б) Филиалнинг бошланғич фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида:

ташкил этилган кундан бошлаб зарур сақлаш харажатлари, шу жумладан, маъмурий бошқарув, техник ва ўқув ёрдамчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштирилади;

унга ажратилган бино ва иншоотларни жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш (мебель, компьютер техникаси, ўқув адабиётлари ва бошқа моддий-техника воситаларини харид қилиш) ишлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига қопланади.


8. Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Янгиер шаҳри, Тинчлик кўчаси, 1-уй манзилида жойлашган Янгиер қурилиш ва коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотларини Филиалга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бериш тўғрисидаги таклифи мақуллансин.

Белгилаб қўйилсинки, Янгиер қурилиш ва коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежининг ўқувчилари ўқишни битиргунларига қадар Филиал биноларида ўқув жараёнини давом эттирадилар.


9. Филиалга 2 та, шу жумладан, 1 та хизмат ва 1 та навбатчи енгил автотранспорт воситаларини сақлашга лимит ажратилсин.


10. Сирдарё вилояти ҳокимлиги республика олий таълим муассасаларидан Филиалга фаолият юритиш учун таклиф этилган профессор-ўқитувчиларни уй-жой билан, шу жумладан, 2 та икки хонали хизмат уйи билан таъминлаш чораларини кўрсин.


11. Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва "Ўзкимёсаноат" АЖ 2019/2020 ўқув йили бошлангунига қадар:

Филиалда манфаатли, соҳанинг инновацион ривожланишдаги истиқболларини ҳисобга олган ҳолда ўқув ва илмий лабораторияларни ташкил этиш, унинг моддий-техника базасини шакллантириш, замонавий ўқув адабиётлари, лаборатория ва ишлаб чиқариш тренажёрлари билан таъминлаш чораларини кўрсинлар;

Филиалнинг моддий-техника ва илмий-лаборатория базасини мустаҳкамлаш, илмий ишланмаларни жорий этиш, илмий-педагог ходимларни моддий рағбатлантириш ва малакасини оширишда молиявий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ сарф-харажатлар Вазирлар Маҳкамасининг "Илмий-инновацион ишланма ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишнинг самарали механизмларини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 12 январдаги 24-сон қарорининг 3-бандига, "Хўжалик бошқаруви органлари ва йирик давлат корхоналаридаги инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида" 2018 йил 12 мартдаги 195-сон қарорига биноан инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармалари маблағлари ҳисобига амалга оширилишини таъминласинлар.


12. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Филиални юқори малакали, илмий ва илмий педагогик кадрлар билан таъминлаш мақсадида Филиал учун илмий-тадқиқот институтлари ва республиканинг етакчи олий таълим муассасаларида таянч докторантурага 2020 йилдан мақсадли квоталар ажратилишини таъминласинлар.


13. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Филиални юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлаш мақсадида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Филиал учун республиканинг етакчи олий таълим муассасаларида тегишли магистратура мутахассисликлари бўйича мақсадли қабул параметрларига таклифларни 2019 йил 1 ноябрга қадар шакллантирсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


14. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси, "Ўзкимёсаноат" АЖ, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:

талабаларнинг амалий кўникмаларини шакллантириш мақсадида соҳа мутахассисларини дарс жараёнларига жалб этиш;

талабалар танишув ва малакавий амалиётларни республикадаги замонавий технологиялар билан жиҳозланган "Ўзкимёсаноат" АЖ, "Ўзқурилишматериаллари" ассоциацияси ва озиқ-овқат саноати корхоналарида ташкил этиш;

профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг илмий-тадқиқот институтлари ва етакчи ташкилотларнинг лабораторияларидан фойдаланиши учун тегишли шарт-шароитлар яратиш чораларини кўрсин.


15. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тақдим этилган асосланган ҳисоб-китобларга биноан 2022 ва келгуси йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантиришда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ Филиалнинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш лойиҳалари ушбу дастурларга белгиланган тартибда киритилишини назарда тутсинлар.


16. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


17. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов, олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов ҳамда Сирдарё вилояти ҳокими Г.Г. Мирзаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                      А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 9 июлдаги

573-сон қарорига

ИЛОВА



Тошкент кимё-технология институти

Янгиер филиалининг Васийлик кенгаши

ТАРКИБИ

1. Г. Мирзаев

-

Сирдарё вилояти ҳокими, Васийлик кенгаши раиси


2. У. Бегимкулов

-

Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари, Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари


3. Ш. Муталов

-

Тошкент кимё-технология институти ректори


4. О. Темиров

-

"Ўзкимёсаноат" АЖ бошқаруви раиси


5. Зельвио Кзомперо

-

"Margraf" холдинг компанияси раҳбари


6. Л. Раимов

-

"Ховосдонмаҳсулотлари" АЖ раиси


7. Ш. Хўжабеков

-

қолтиндонмаҳсулотлари" АЖ раиси


8. Б. Зупаров

-

"Guliston ekstrakt yog`" АЖ бош директори


9. лавозими бўйича

-

Тошкент кимё-технология институтининг Янгиер филиали директори, Васийлик кенгаши котиби


            

Изоҳ: Васийлик кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтганда унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки зиммасига тегишли вазифаларни бажариш юкланган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 11 июль





































Время: 0.0305
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск