язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2019 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Қишлоқ хўжалиги/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясини ривожлантириш жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.07.2019 й. 575-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 12 июлдаги

575-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат

қилиш инспекциясини ривожлантириш

жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида очилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг (кейинги ўринларда Инспекция деб аталади) бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади ва ушбу Низомда белгиланган мақсадларга сарфланади.


3. Жамғарма маблағларининг шакллангтирилиш ва сарфланиши ҳисоби миллий валютада амалга оширилади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ


4. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

"Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази" давлат унитар корхонаси томонидан кўрсатилган хизматлардан тушган тушумларининг 30 фоизи;

қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилганлиги учун Инспекциянинг ваколати доирасида қўлланиладиган умумий жарима санкцияларининг 40 фоизи;

Инспекция ходимлари томонидан солинадиган жарималар миқдорларининг 50 фоизи;

тракторлар, трактор тиркамалари, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари, ўзиюрар машиналар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаларини техник кўрикдан ўтказиш, давлат рақам белгилари, техник паспортлар ва гувоҳномалар бериш учун ундириладиган йиғимлар миқдорининг 80 фоизи;

Жамғарманинг вақтинчалик бўш турган маблағларини тижорат банкларига депозитга қўйишдан олинган фоиз тарзидаги даромадлар;

ҳомийлик хайриялари, халқаро ташкилотларнинг грантлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


5. Жамғарманинг вақтинчалик бўш турган маблағлари Инспекция томонидан Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларининг депозит ҳисобварақларига жойлаштирилиши мумкин.


6. Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари кейинги йилга ўтади.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


7. Жамғарма маблағлари қуйидаги мақсадларга йўналтирилади:

Инспекциянинг вазифаларини самарали амалга ошириш;

Инспекция ходимларини моддий рағбатлантириш;

Инспекция ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

маъмурий бинолар, спорт иншоотлари ва бошқа инфратузилма объектларида қурилиш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларини (лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш харажатларини инобатга олган ҳолда) амалга оширишга, уларнинг моддий ҳолатини яхшилаш, шу жумладан зарур замонавий ускуналар, мебель, инвентарлар билан жиҳозлаш, кузатув, назорат ва идентификация тизимлари, воситалари ва қурилмалари билан таъминлаш ва бошқа товар-моддий қимматликлар харид қилишга;

ахборот-коммуникация, мультимедиа ва тармоқ қурилмалари, техникалари воситалари ҳамда дастурий таъминотларни харид қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш, маълумотлар базасини шакллантириш;

қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларига давлат рақам белгилари, техник паспортлар ва гувоҳномалар беришга;

Инспекция ходимларига уй-жой ва автотранспорт воситаларини сотиб олиш бўйича кредитларнинг дастлабки бадалини киритиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фоизсиз қарз бериш;

Инспекция раҳбар ва ходимларини хорижий бошқарув идоралари, таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларга тажриба ўрганиш ва ҳамкорлик ўрнатиш мақсадларида хорижий хизмат сафарига юбориш;

Инспекцияда ташкил этиладиган эксперт-таҳлил гуруҳларига ҳақ тўлаш;

қонунчиликда тақиқланмаган Инспекция фаолиятини ривожлантиришга йўналтирилган бошқа тадбирлар.


8. Жамғармадан маблағ ажратишга оид мурожаатлар ушбу харажатларни асословчи тегишли ҳужжатлар билан бирга тақдим этилади.

Ҳужжатларнинг асосланганлиги ва сифати, келтирилган маълумотларнинг тўғрилиги юзасидан мурожаат этувчи жавобгардир.


9. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш унинг тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаси асосида амалга оширилади.

Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметаси бюджетдан ташқари маблағлар бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади, Инспекция томонидан тасдиқланади ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида рўйхатдан ўтказилади.


10. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасига йил давомида белгиланган тартибда Инспекция томонидан ўзгартиришлар киритилиши мумкин.



4-БОБ. ЖАМҒАРМАНИ БОШҚАРИШ


11. Жамғарма фаолиятини бошқариш ва унинг маблағларини тақсимлаш учун жамғармани бошқариш кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) ташкил этилади.

Кенгаш иштирок этишнинг ихтиёрийлиги ва кенгаш ваколатига тегишли масалаларни ҳал этишда унинг барча аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги тамойиллари асосида шакллантирилади.

Кенгаш, қоидага кўра, кенгаш раиси, раиснинг ўринбосари, котиб ва аъзоларидан иборат таркибда шакллантирилади.

Кенгаш 7-9 нафар Инспекция раҳбарияти ва масъул ходимларидан иборат таркибда шакллантирилади. Кенгашнинг шахсий таркиби, қоидага кўра, бир йилда бир марта Инспекция бошлиғи томонидан тасдиқланади.

Инспекция бошлиғи лавозимига кўра кенгаш раиси ҳисобланади.


12. Кенгаш аъзоларининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

кенгаш мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этишда иштирок этиш;

Инспекция фаолиятини ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича кенгашга таклифлар киритиш;

кенгаш томонидан кўриб чиқиладиган масалалар бўйича овоз бериш;

кенгаш аъзолари мажлисда шахсан қатнашадилар. Бундай қатнашишнинг имкони бўлмаган тақдирда кенгаш аъзоси мажлиснинг кун тартиби бўйича ўз фикрини ёзма равишда тақдим этишга ҳақлидир.


13. Кенгаш раиси:

кенгаш мажлиси кун тартибини белгилайди ва уни чақиради;

кенгаш қарорларини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилишини назорат қилади;

кенгаш аъзоларига юкланган вазифалар бажарилиши юзасидан уларнинг ишини мувофиқлаштиради;

кенгашнинг самарали ишлашини таъминлаш учун бошқа ваколатларни амалга оширади;

Жамғарма Кенгаши томонидан белгиланган лимитлар доирасида дастурлар бўйича харажатлар сметаларини тасдиқлаш ва тузатиш, шунингдек Жамғарманинг захира маблағларидан фойдаланиш Инспекция бошлиғи зиммасига юклатилади.


14. Кенгаш котиби:

кенгаш мажлисига барча зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

мажлисни ўтказиш муддатлари ва жойини Кенгаш раиси билан келишади;

кун тартиби масалалари бўйича Кенгаш мажлислари ўтказилишини ташкил этади:

кенгаш аъзолари ва таклиф этилган шахсларни мажлиснинг санаси, вақти, жойи ва кун тартиби лойиҳасидан хабардор қилади;

кенгаш қарорлари бажарилиши мониторингини юритади;

кенгаш баённомаларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённомаларни кенгаш аъзоларига ва бошқа манфаатдор ташкилотларга юборади.

Кенгаш котиби кенгаш аъзоси ҳисобланади.


15. Кенгаш ўз мажлисларини заруриятга кўра, бироқ ҳар чоракда камида бир марта ўтказади.


16. Кенгаш мажлисини кенгаш раиси, у бўлмаган тақдирла эса - кенгаш раисининг ўринбосари бошқаради.


17. Кенгаш мажлиси унда кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашганда ўтказилган ҳисобланади.


18. Мажлисни ўтказиш учун кворум ёки раис ва унинг ўринбосари бўлмаганда, кенгаш мажлисини ўтказишнинг янги санаси эълон қилинади.


19. Кенгаш қарори кенгашнинг мажлисида қатнашган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Жамғарманинг даромадлари ва харажатларининг йиллик молиявий режасини, шунингдек кенгаш маблағларидан фойдаланилишини тасдиқлаш масалалари бўйича қарор кенгашнинг мажлисда қатнашган аъзолари учдан икки қисмининг овози билан қабул қилинади.

Кенгаш қарорлари кенгаш мажлисининг баённомаси билан расмийлаштирилади. Кенгаш мажлисининг баённомаси кенгаш раиси томонидан тасдиқланади ҳамда Инспекция бошлиғи буйруғи асосида амалга оширилади.


20. Қуйидагилар кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ҳисобот йили якуни бўйича жамғарма маблағларининг даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилиш.


21. Инспекциянинг Ишлар бошқармаси жамғарманинг ишчи органи ҳисобланади.


22. Ишчи орган қуйидаги функцияларни амалга оширади:

жамғарманинг даромадлари ва харажатларининг йиллик молиявий режасини ишлаб чиқади;

даромадлар ва харажатлар сметаларини тайёрлайди, шунингдек уларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритади;

жамғарма тушумларини кўпайтириш ва унинг маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

жамғармадан маблағ ажратишга оид мурожаатларини умумлаштиради ва кенгашга кўриб чиқиш учун материаллар тайёрлайди;

жамғарманинг тушумлар манбалари бўйича даромадлари хамда асосий харажатлар йўналишлари бўйича ҳисобини юритади;

ҳар чорак якуни бўйича жамғарма маблағларидан фойдаланилиши тўғрисида ҳисобот тайёрлайди ҳамда кенгашга кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун тақдим этади;


23. Жамғарма маблағларини тўплаш ва сарфлаш операцияларига техник хизмат кўрсатиш бўйича амалий ишлар Инспекциянинг Ишлар бошқармаси томонидан амалга оширилади. Бу мақсадларда мустақил ташкилотлар тузилмайди.


5-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШНИ ҲИСОБГА ОЛИШ

ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ


24. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича ҳисоб ва ҳисоботлар Инспекциянинг бюджетдан ташқари бошқа маблағларидан алоҳида юритилади.


25. Жамғарманинг даромадлар ва харажатлар сметасининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот кенгаш томонидан кўриб чиқилади ҳамда хар йили Инспекция ҳайъати йиғилишида 15 мартгача тасдиқланади.


6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


26. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


27. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 13 июль