язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Июль, 2019 й./ Ижтимоий таъминот/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 17.07.2019 й. 596-сон "Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчи ва ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

17.07.2019 й.

N 596




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МИЛЛИЙ ГВАРДИЯСИ ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИ

ВА ХОДИМЛАРИНИ ИЖТИМОИЙ ҚЎЛЛАБ-

ҚУВВАТЛАШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-

ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси контракт бўйича ҳарбий хизматчи ва махсус унвонга эга ходимларининг жамоат тартибини сақлаш ва қўриқланадиган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлашдаги фаолиятининг тезкорлиги ва самарадорлигини ошириш, шунингдек, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ҳамда Миллий гвардиянинг контракт бўйича ҳарбий хизматчилари ва махсус унвонга эга ходимларига мамлакатда ишлаб чиқарилган енгил автотранспорт воситалари сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар берилишини ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси (кейинги ўринларда Миллий гвардия деб аталади), "Ўзавтосаноат" АЖ ва Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Миллий гвардиянинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликда ўрнак кўрсатган контракт бўйича ҳарбий хизматчи (кейинги ўринларда ҳарбий хизматчи деб аталади) ва махсус унвонга эга ходимларига (кейинги ўринларда ходимлар деб аталади) мамлакатда ишлаб чиқарилган енгил автотранспорт воситаларини (кейинги ўринларда автотранспорт воситалари деб аталади) сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Миллий гвардия томонидан бериладиган тақдимномаларга мувофиқ Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ходимларига йилига 300 тагача автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун қуйидаги шартларда имтиёзли кредитлар ажратиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:

кредит муддати - 5 йилгача;

дастлабки бадал - сотиб олинадиган автотранспорт воситаси қийматининг камида 20 фоизи миқдорида;

кредит бўйича фоиз ставкаси - Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг кредит бериш санасида амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкаси плюс 2 (икки) фоиз миқдорида;

кредит бўйича таъминот - кредит бўйича сотиб олинадиган автотранспорт воситасини гаровга қўйиш.

Кредитнинг бошқа шартлари мазкур банкнинг кредит сиёсати ва амалдаги қонунчиликка асосан амалга оширилади.


3. "Ўзавтосаноат" АЖга Миллий гвардиянинг тақдимномалари бўйича Миллий гвардиянинг автотранспорт воситаларини сотиб олишни хоҳловчи ҳарбий хизматчилари ва ходимларига банкларнинг кредитлари ҳисобига ушбу автотранспорт воситаларини сотиб олишда кўмаклашиш тавсия этилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси:

автотранспорт воситаларини сотиб олиш учун имтиёзли кредит олишга тавсия этиладиган ҳарбий хизматчи ва ходимларни танлаб олиш ҳамда тақдимномалар бериш мезонларини ишлаб чиқсин;

Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва ходимлари ўртасида кредитларни олиш шартлари ва тартиби тўғрисида кенг тушунтириш ишлари олиб борилишини ташкил этсин.


5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров ва Миллий гвардия қўмондони Б.Х. Ташматов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                          А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 18 июль