ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Мактабгача таълим муассасалари /

Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 25.07.2019 й. 626-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 25 июлдаги

626-сон қарорига

1-ИЛОВА



Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом

овқатлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом талаблари давлат мактабгача таълим ташкилотларига (кейинги ўринларда мактабгача таълим ташкилотлари деб аталади) нисбатан тадбиқ этилади.

2. Тарбияланувчиларнинг соғлом овқатланишини ташкил этиш мактабгача таълим ташкилотларининг ошхоналарида (кейинги ўринларда ошхона деб аталади) санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ шарт-шароитлар яратилган ҳолда амалга оширилади.


2-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИДА

СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНТИРИШНИ ТАШКИЛ

ЭТИШНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ

3. Мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришни ташкил этишнинг мақсади тарбияланувчиларнинг соғлом ва баркамол ўсишини таъминлаш, ошхоналарда сифатли таомлар тайёрлаш, таомларни истеъмол қилиш учун гигиеник талабларга мувофиқ шароитлар яратиш ҳисобланади.

4. Қуйидагилар мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришни ташкил этишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

тарбияланувчиларнинг белгиланган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ҳолда овқатланишни ташкил этиш;

тарбияланувчиларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш;

озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда таомларнинг хавфсизлиги ва сифатини кафолатлаш;

тарбияланувчиларда овқатлантириш билан боғлиқ юқумли касалликларнинг тарқалишига йўл қўймаслик;

тарбияланувчилар ўртасида соғлом овқатлантириш кўникмаларини шакллантириш;

таомларни тайёрлашда, озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилиш ҳамда сақлашда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига қатъий риоя қилиш.



3-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИДА

СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНТИРИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН АСОСИЙ ТАЛАБЛАР

5. Қуйидагилар мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришни ташкил этишга қўйиладиган асосий талаблар ҳисобланади:

тарбияланувчиларни соғлом овқатлантиришни аутсорсинг корхоналари жалб қилинмаган ҳолларда бевосита мактабгача таълим ташкилотлари томонидан ташкил этиш;

тарбияланувчиларни соғлом овқатлантиришни санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар бажарилишига қатъий риоя қилган ҳолда ташкил этиш;

ошпазлар томонидан таом тайёрлаш жараёнида технология ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилиниши;

таом тайёрлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини сифатли қабул қилиш, сақлаш учун зарур шароитлар яратиш;

таомномага мувофиқ маҳсулотлар тўлиқ етказилиши ва сарфланишини таъминлаш чораларини кўриш;

ошпазларнинг ҳар уч йилда бир марта малака ошириши, тиббий кўрикдан ўтган ҳолда ишга қўйилиши.

Тарбияланувчиларни соғлом овқатлантиришни ташкил этиш учун тегишли туман (шаҳар) ҳокимлари, туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари мудирлари ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари масъул ҳисобланади.


4-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИДА

СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНТИРИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

6. Ошхоналарда соғлом овқатлантириш тарбияланувчиларнинг физиологик ёшига мувофиқ равишда тузилган, ушбу Низомга 1-иловада келтирилган таомнома асосида ташкил этилади. Бунда:

кунлик таомномалар Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тузилиб, тасдиқланган ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан келишилган намунавий, мавсумий таомномалар асосида тузилади;

таомнома жорий кундаги тарбияланувчилар сонидан келиб чиқиб, кейинги иш куни учун соат 16.00 га қадар ҳамшира томонидан мактабгача таълим ташкилоти ошпази ва хўжалик мудири иштирокида тузилади;

таомнома асосида кейинги кун учун озиқ-овқат маҳсулотлари хўжалик мудири томонидан ҳамшира ёки навбатчи тарбиячи иштирокида иш куни якунлангунга қадар ошхонага берилади;

таомнома бир кун олдинги тарбияланувчилар сонига мутаносиб равишда ҳар бир тарбияланувчи учун бир кунлик ўртача сарфланадиган озиқ-овқат маҳсулотлари миқдори ва уларнинг қиймати чиқарилган ҳолда икки нусхада тузилади;

жорий кунда эрталаб соат 9.00 га қадар мактабгача таълим ташкилотига келган тарбияланувчилар сони таомномада назарда тутилган тарбияланувчилар сонидан 10 нафар ва ундан кўп бўлса, гуруҳ тарбиячиларининг тарбияланувчилар сони тўғрисидаги билдиришномалари асосида таомномага ўзгартириш киритилиши тўғрисида далолатнома тузилади ва санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативларида белгиланган тартибда маҳсулотлар омборга қайтарилади ёки қўшимча ажратилади;

таомнома санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари асосида тўғри тузилганлиги ҳамшира ва мактабгача таълим ташкилоти директори томонидан имзо билан тасдиқланади;

таомноманинг битта нусхаси ҳамширага, иккинчи нусхаси ошхонага фойдаланиш учун берилади;

кунлик тайёрланадиган таом турлари ва бир тарбияланувчи учун таом миқдори махсус овқат тарқатиш жойига ёзиб қўйилади;

тарбияланувчилар учун таомлар овқатланиш технологияси қоидаларига амал қилган ҳолда тайёрланади, сақланади ва тарқатилади.


7. Кунлик таомномалар тузишда бир нафар тарбияланувчига сарфланадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг кунлик миқдори санитария нормалари, қоидалари ва гигиена нормативлари асосида белгиланиши талаб этилади.


8. Мактабгача таълим ташкилотидаги қисқа муддатли гуруҳлар учун таомнома алоҳида тузилади ва ташкилот директори томонидан тасдиқланади.

9. Мактабгача таълим ташкилоти учун ҳар ўн кунлик таомномалар бланкалари ип ўтказиб боғланган ҳолда олдиндан рақамланади, туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлими мудири ва бош ҳисобчи томонидан рақамланиб имзоланади, муҳрланади ва алоҳида дафтарда рўйхатдан ўтказилади.

10. Мактабгача таълим ташкилотида озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар сифатини ўрганиш бўйича бракераж комиссияси (кейинги ўринларда бракераж комиссияси деб аталади) ташкил этилади.

Мактабгача таълим ташкилоти директорининг бракераж комиссиясини тасдиқлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йил учун алоҳида қабул қилинади.

11. Мактабгача таълим ташкилоти ҳамшираси бракераж комиссиясининг раиси бўлиб, унинг таркибига тарбиячи, ошпаз, ташкилот касаба уюшмаси қўмитаси раиси ва тарбияланувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (кейинги ўринларда ота-оналар деб аталади) вакиллари аъзо сифатида киритилади.

12. Бракераж комиссияси ошхонага қабул қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёрланаётган таомлар сифатини доимий равишда ўрганиб боради. Ўрганиш натижалари алоҳида юритиладиган, ушбу Низомга 2 ва 6-иловаларга мувофиқ шаклдаги бракераж дафтарларида қайд этилади.

13. Бракераж дафтари озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, мазаси, кунлик синама олинганлиги, овқатни тарқатишга рухсат берилганлиги ҳақидаги маълумотлар белгиланган тартибда тўлдирилиб, ҳар куни ҳамширанинг имзоси билан тасдиқланади.

Бракераж комиссияси аъзолари томонидан бракераж дафтари юритилишининг доимий мониторинги олиб борилади.


14. Бракераж дафтари тикилган, рақамланган, ташкилот директори томонидан имзоланган ва муҳрланган бўлиши шарт.

15. Бракераж дафтарининг биринчи саҳифасида бракераж комиссиясини тасдиқлаш ҳақидаги буйруқдан кўчирма бўлиши, дафтар рақамланган, ип ўтказиб тикилган ва мактабгача таълим бўлими мудири томонидан унинг фамилияси, исми, отасининг исми ва сана кўрсатилган ҳолда имзоланиб, муҳрланган бўлиши лозим.


16. Мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчиларни соғлом овқатлантиришни таъминлаш мақсадида ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шаклдаги сифати тез бузилувчи озиқ-овқат маҳсулотларини қайд этиш дафтари ташкилот ҳамшираси томонидан юритилади.

Сифати тез бузилувчи озиқ-овқат маҳсулотларини қайд этиш дафтарида маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилган вақти, мактабгача таълим ташкилотига қабул қилинган вақти ва охирги ишлатиш муддати ҳақидаги маълумотлар қайд этиб борилади.

Дафтар рақамланган, ип ўтказиб тикилган ва мактабгача таълим ташкилоти директори томонидан унинг фамилияси, исми, отасининг исми ва сана кўрсатилган ҳолда имзоланиб, муҳрланган бўлиши лозим. Дафтарнинг биринчи саҳифасида тез бузилувчи маҳсулотларнинг сақланиш муддатлари ҳақидаги жадвал кўрсатилган бўлиши лозим.

17. Сифати тез бузилувчи озиқ-овқат маҳсулотларини қайд этиш дафтарининг юритилиши учун мактабгача таълим ташкилоти директори ва ҳамшира бевосита масъул ҳисобланади.

18. Ошхонада тайёр бўлган таом тарбияланувчиларга тарқатилишидан 15-20 дақиқа олдин ундан мактабгача таълим ташкилоти ҳамшираси томонидан кунлик синама олинади.

19. Олинган синама тоза идишга солиниб, идишнинг устки қисмига таомнинг номи, тайёрланган ва синама олинган вақти ёзилган ёрлиқ ёпиштирилган ҳолда, совутгич ёки бошқа синама сифатига таъсир қилмайдиган шароитда тўлиқ бир сутка сақланади.


20. Давлат мактабгача таълим ташкилотига таъминотчи ташкилотлар томонидан келтирилган озиқ-овқат маҳсулотлари бракераж комиссияси томонидан кўриб чиқилганидан кейин ташкилотнинг хўжалик мудири томонидан омборхонага қабул қилиб олинади.

Омбор китоби ва бракераж дафтари мактабгача таълим ташкилотида 3 йил давомида сақланади.

21. Озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилишда бракераж комиссияси аъзолари томонидан маҳсулотларнинг сифатини кафолатловчи ҳужжатлар (сертификат, маркировка) мавжудлиги, шартномада белгиланган нархи ва маҳсулотнинг тавсифига мувофиқлиги кўриб чиқилади.


22. Қабул қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ҳолда сақланади ва сарфланади.


23. Омборхонага келтирилган ва кунлик таомнома асосида ошхонага берилган озиқ-овқат маҳсулотлари ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ шаклдаги омборхонада сақланаётган озиқ-овқат маҳсулотларини қайд этиш дафтарига ёзиб қўйилади.

Дафтарнинг юритилиши учун хўжалик мудири бевосита масъул ҳисобланади.

24. Омборхонада сақланаётган озиқ-овқат маҳсулотларини қайд этиш дафтарида омборхонага келтирилган ва ошхонага топширилган озиқ-овқат маҳсулотлари номма-ном ёзиб борилади. Бунда ҳар бир озиқ-овқат маҳсулоти учун алоҳида варақ юритилади.

Омборхонада сақланаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг қолдиғи ҳар куни белгилаб борилади.


25. Омборхонада сақланаётган озиқ-овқат маҳсулотларини қайд этиш дафтари рақамланган, ип ўтказиб тикилган ва мактабгача таълим бўлими мудири томонидан, унинг фамилияси, исми, отасининг исми ва сана кўрсатилган ҳолда имзоланиб, муҳрланган бўлиши лозим.


26. Мактабгача таълим ташкилотларида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига нисбатан тарбияланувчиларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш даражаси ойма-ой таҳлил қилиб борилади ҳамда чораклик таҳлил натижалари чорак якунланганидан кейинги ойнинг 5-кунига қадар мактабгача таълим туман (шаҳар) бўлимларига топширилади.

Туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари томонидан муассасаларда тарбияланувчиларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш даражаси тўғрисидаги умумлаштирилган ҳисоботлар чорак якунланганидан кейинги ойнинг 10-кунига қадар тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, вилоятлар мактабгача таълим бошқармаларига ва Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармасига тақдим этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, вилоятлар мактабгача таълим бошқармалари ва Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси томонидан мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларнинг озиқ-овқат билан таъминланиш даражаси тўғрисидаги умумлаштирилган ҳисоботлар чорак якунланганидан кейинги ойнинг 15-кунига қадар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигига топширилади.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш даражаси тўғрисидаги умумлаштирилган ҳисоботларни чорак якунланганидан кейинги ойнинг 25-кунига қадар ўрганиб чиқилади, ўрганиш натижасида аниқланган камчилик ва муаммоларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда бартараф этиш чоралари кўрилади.

27. Давлат мактабгача таълим ташкилотларининг озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш даражаси тўғрисидаги ҳисоботлар ушбу Низомга 5-иловада келтирилган схемага мувофиқ тарзда юритилади.


5-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИДА

ТАРБИЯЛАНУВЧИЛАРНИ КУНЛИК ОВҚАТЛАНТИРИШ

ХАРАЖАТЛАРНИ ҚОПЛАШ

28. Тарбияланувчининг мактабгача таълим ташкилотида бўлган даври учун бадал тўловлари белгиланган тартибда тарбияланувчиларни овқатлантиришни ташкил этишга йўналтирилади. Бунда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини тўлиқ бажариш учун ота-оналар тўловлари билан қопланмаган қисми Ўзбекистон Республикаси бюджети маблағлари ҳисобига қопланади.

29. Мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчиларни овқатлантириш жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ёки муассасанинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига ташкил этилган тақдирда, тарбияланувчилар учун белгиланган бир кунлик овқатланиш рациони санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ белгиланган нормалардан ошмаслиги лозим.


6-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИ

ХОДИМЛАРИНИНГ ОВҚАТЛАНИШИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ

30. Мактабгача таълим ташкилоти ходимларининг ушбу ташкилотда овқатланиши мактабгача таълим ташкилоти директори билан ходим ўртасида тузилган шартномага мувофиқ тўлов асосида ташкил этилади.

Фаолияти болалар тарбияси билан узлуксиз равишда боғлиқ бўлган ходимлар (директор, ҳамшира, тарбиячи ва ёрдамчи тарбиячи) шартнома асосида овқатланади.

31. Мактабгача таълим ташкилоти ходимлари алоҳида таомнома бўйича овқатланадилар.

32. Таомномада овқатланган ходимлар сони, улар учун сарфланган озиқ-овқат маҳсулотларининг миқдори ва қиймати кўрсатилади.

Жорий ойда ходимларнинг мактабгача таълим ташкилоти ҳисобига овқатланиши учун бир ойлик тўлов миқдори олдинги ойда тузилган таомнома бўйича ходимларга сарфланган озиқ-овқат маҳсулотларини овқатланган ходимлар ўртача сонига бўлиш орқали аниқланади.

33. Ходимларнинг мактабгача таълим ташкилотида овқатланганлиги учун тўловлар жорий ойнинг 10-кунидан кечиктирмай банкларга тўланади ҳамда тўлов тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат (квитанция) нусхаси мактабгача таълим ташкилотига тақдим этилади.

Ходимларнинг мактабгача таълим ташкилотида овқатланганлиги учун тўланган маблағлар туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари ҳисоб-варақларида улардан кейинчалик фойдаланиш учун ҳисобга олинади.

34. Ходимларнинг мактабгача таълим ташкилотида овқатланганлиги учун тўловлар миқдорини ҳисоблашда ходимнинг фақат ишда бўлган кунлари эътиборга олинади.

Ходимнинг ишда бўлмаган кунлари учун ундирилган тўловлар кейинги ой учун тўлов амалга оширилаётганида ҳисобга олинади.


35. Ходимларнинг мактабгача таълим ташкилотида овқатланганлиги учун амалга оширган тўловлари тўлиқ озиқ-овқат харажатларига йўналтирилади.


7-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ

ТАШКИЛОТЛАРИ ТАРБИЯЛАНУВЧИЛАРИНИ

СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНТИРИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШДА

ИШТИРОК ЭТАДИГАН ХОДИМЛАРНИНГ ВАЗИФАЛАРИ

36. Туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимининг мудири:

тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларини соғлом овқатлантиришни ташкил этишга ҳамда уларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ишларига умумий раҳбарлик қилади;

тарбияланувчининг ташкилотда бўлган даври учун ташкилот ҳисобрақамига тушган бадал тўловлари ва давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобига озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш юзасидан шартномалар тузади;

харид қилиш учун тузилган шартномаларда озиқ-овқат маҳсулотлари мувофиқлик ва гигиеник сертификатлар асосида тасарруфидаги ташкилотга сифатли етказиб берилишини таъминлайди;

бир нафар тарбияланувчига кунлик овқатланиш нархларини белгилашни, таомнома бланкаларини рақамлаш, муҳрлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берувчилар билан тузилган шартномалар шартлари бажарилишини таъминлайди;

тарбияланувчиларни соғлом овқатлантириш санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларини тўлиқ таъминлаган ҳолда амалга оширилишига шахсан маъсулдир.

Озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиш норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тартибда амалга оширилади.


37. Мактабгача таълим ташкилотининг директори:

тарбияланувчиларни соғлом ва тўлақонли овқатлантиришни ташкил этишга жавобгар ҳисобланади;

мактабгача таълим ташкилотига етказиб берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифат тавсифига мос равишда қабул қилинишини таъминлайди;

тарбияланувчиларнинг ташкилотда бўлган даври учун бадал тўловлари ўз вақтида ва тўлиқ тўлаб борилишини таъминлайди;

ота-оналар йиғилишларида тарбияланувчиларни соғлом овқатлантириш учун тайёрланаётган таомларнинг сифати, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларида белгиланган озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш даражаси тўғрисида ҳар чоракда бир марта ҳисобот бериб боради;

тарбияланувчиларни соғлом овқатлантиришни ташкил этиш даражасини баҳолаш мақсадида ҳар ярим йилда камида бир марта ота-оналар ўртасида сўровномалар ўтказади ва унинг натижаларини муҳокама қилиб боради;

мактабгача таълим ташкилотидаги бракераж комиссиясининг таркибини тасдиқлайди, зарур ҳолларда таркибга ўзгартиришлар киритади, бракераж комиссиясининг ишини мувофиқлаштиради.

38. Мактабгача таълим ташкилоти ҳамшираси:

таомномаларнинг хилма-хиллиги ва санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига асосан тузилиши, ошхона ва омборхонанинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилган ҳолда фаолият юритишини назорат қилади;

озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини, сақланиш қоидаларига амал қилинишини ҳамда истеъмолга берилишини, тайёрланган таомлар сифатини, маҳсулотларнинг таомларни тайёрлашда тўғри тақсимланишини, таом вазнини ва сифатини, озиқ-овқат маҳсулотларининг белгиланган меъёрлар асосида сарфланишини таъминлайди;

тарбияланувчиларни овқатлантиришни мактабгача таълим ташкилоти томонидан тасдиқланган кун тартибига асосан ташкил этади;

асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари бўйича таъминланиши юзасидан ҳар ўн кунлик ҳисоботини юритади;

йиғма ҳисоботлардан келиб чиқиб, таомлар рационига киритилган озиқ-овқат маҳсулотларининг таркибий қисми ва энергетик қийматини доимий равишда таҳлил қилиб боради;

тайёр таомлардан синама олиш, уларнинг органолептик (ҳид билиш, таъм билиш, кўриш) усул асосида баҳоланишини ва журналга қайд этишни ҳамда таомлардан олинган синамалар талаб этилган даражада сақланишини таъминлайди;

хўжалик мудири ва ошпаз билан ҳамкорликда таомнома тузади;

ҳар уч йилда бир марта белгиланган тартибда мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш бўйича малака оширади.

39. Мактабгача таълим ташкилоти ошпази энг камида 3-разрядли ошпаз даражасига оид махсус касбий маълумотга эга бўлиши зарур ва қуйидаги вазифаларни бажаради:

таомларни мактабгача таълим ташкилотидаги таомнома асосида тайёрлаш технологиясига амал қилган ҳолда тайёрлайди;

тарбияланувчиларнинг ёшига мувофиқ тарзда таомларни порцияларга бўлади ва тарқатади;

кунлик таомномани тузишда иштирок этади;

озиқ-овқат маҳсулотларининг белгиланган тартибда сақланиши ва таомнома асосида тўғри сарфланишини таъминлайди;

таомларни тайёрлашда маҳсулотларга дастлабки ва иссиқлик ишлов беришни амалга оширади;

турли хилдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг тавсифи ва биологик қийматини ўрганади ҳамда органолептик усул орқали уларнинг сифат кўрсаткичларини фарқлайди;

иссиқлик ишлов берувчи, вазн ўлчовчи, музлатгич ва бошқа жиҳозлардан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилади;

ҳар уч йилда бир марта мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш бўйича малака оширади.

40. Мактабгача таълим ташкилотининг озиқ-овқат маҳсулотлари хўжалик мудири энг камида ўрта махсус маълумотга эга бўлиши зарур ва қуйидаги вазифаларни бажаради:

озиқ-овқат маҳсулотларини қабул қилишни ташкил этади, омборхонага жойлаштиради ва уларни сақлашда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига амал қилади;

кунлик таомномани тузишда иштирок этади;

озиқ-овқат маҳсулотларининг омборхонадаги қолдиқ миқдоридан келиб чиқиб, етказиб берувчиларга буюртмаларни шакллантиришда иштирок этади;

кунлик таомномада белгиланган барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини ошхонага беради;

етказиб берувчилар томонидан топширилган озиқ-овқат маҳсулотларининг юкхатига мослигини текширади, уларнинг вазнини ўлчайди ва сифатини кўздан кечиради;

омборхонадаги озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳисобини юритади, маҳсулотларни сифат тавсифига, фойдаланиш муддатларига амал қилган ҳолда сақлайди;

омборхонада сақланаётган озиқ-овқат маҳсулотларини қайд этиш дафтарини юритади;

ҳар уч йилда бир марта мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатланишни ташкил этиш бўйича малака оширади.

41. Мактабгача таълим ташкилотида соғлом овқатлантиришни ташкил этишга масъул ходимларнинг малакасини ошириш Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ташкил этилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишган ҳолда ишлаб чиқилган ўқув режаси ва дастури асосида амалга оширилади.


8-БОБ. МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТЛАРИДА

СОҒЛОМ ОВҚАТЛАНТИРИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

МОНИТОРИНГИНИ ОЛИБ БОРИШ

42. Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, вилоятлар мактабгача таълим бошқармалари ва Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси, туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари мактабгача таълим ташкилотида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш мониторингини олиб боришда:

мактабгача таълим ташкилотида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш юзасидан доимий мониторинг олиб боради, жумладан, тарбияланувчиларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланганлик даражасини таҳлил қилиб боради;

тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ошхоналарнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича таклифлар киритади;

мониторинг натижаларини ҳар чоракда ҳудудий туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги йиғилишларда прокуратура, молия, соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим бўлимлари раҳбарлари иштирокида муҳокама қилиб боради;

ошхоналарда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ бўлмаган ҳолатларни зудлик билан бартараф этиш чораларни кўради.


43. Ҳудудий санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлимлари томонидан мактабгача таълим ташкилотлари ошхоналарида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари ҳамда санитария-гигиена ва эпидемияга қарши тадбирларнинг бажарилишига риоя қилиниши юзасидан назорат ишлари амалга оширилади.


9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


44. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА


ТАСДИҚЛАЙМАН

_______-сон мактабгача таълим

ташкилоти мудир(ас)и

____________________________

(Ф.И.О.)

____________________ М.Ў.

(имзо)

ТАОМНОМА

(20___ йил ____________ ______________ учун)

(сана)                        (ой)



__________-гуруҳ

Тарбияланувчилар сони ________ нафар

Таом номи

Бир нафар

тарбияланувчи

учун таом

миқдори


Нон

Чой

...

...

...

...

...

...

...

...

...

Томат

Туз

Нонушта



































































Тушлик















































































Иккинчи тушлик








































Кечки овқат


































































1 нафар тарбияланувчи учун















Жами маҳсулот миқдори















Маҳсулот нархи















Сарфланган маблағ миқдори















Жами сарфланган маблағ миқдори ____________

Бир нафар тарбияланувчи учун сарфланган маблағ миқдори ____________


*) 12 ва 24 соатли иш тартиби жорий этилган мактабгача таълим ташкилотларига нисбатан тадбиқ этилади.

Ҳамшира



Хўжалик мудири



Ошпаз



(имзо)



(имзо)



(имзо)

       





Низомга

2-ИЛОВА



Озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёрланаётган таомлар

сифати ҳақидаги маълумотларни қайд этиш

БРАКЕРАЖ ДАФТАРИ

Тайёр таомнинг

номи


Баҳоланиши


Синама

олинган

вақти

Тиббиёт

ходимининг

рухсати


Имзо

таомноманинг

бажарилиши

сифати


овқат тайёрлаш

технологиясига

риоя қилинганлиги


20___ йил ____ ____________


Нонушта







Тушлик







Иккинчи тушлик







Кечки овқат







20___ йил ____ ____________


Нонушта







Тушлик







Иккинчи тушлик







Кечки овқат







         





Низомга

3-ИЛОВА



Сифати тез бузилувчи озиқ-овқат

маҳсулотларини қайд этиш

ДАФТАРИ

Т/р

Таъминотчи

юридик шахснинг

номланиши


Юкхати рақами,

маҳсулотнинг келган

вақти ва санаси


Сифати тез

бузилувчи

маҳсулотлар ва

уларнинг миқдори


Сифати ҳақида

маълумот


Ишлатиш

муддатининг

охирги санаси

ва вақти


Имзо


1.








2.








3.








4.








5.








...








      





Низомга

4-ИЛОВА



Омборхонада сақланаётган озиқ-овқат

маҳсулотларини қайд этиш

ДАФТАРИ


(гўшт)

Сана

Ишончнома рақами


Юкхати рақами

Нархи

Кирим

Чиқим

Қолдиқ


























(сут)

Сана

Ишончнома рақами


Юкхати рақами

Нархи

Кирим

Чиқим

Қолдиқ


























ғ)

Сана

Ишончнома рақами


Юкхати рақами

Нархи

Кирим

Чиқим

Қолдиқ











   





Низомга

5-ИЛОВА



Давлат мактабгача таълим ташкилотларининг

озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш

даражаси тўғрисидаги ҳисоботларни юритиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Масъуллар


Тадбирлар


Муддати



1-босқич

Мактабгача таълим ташкилоти


Санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига асосан тарбияланувчиларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш даражасини таҳлил қилиб бориш ҳамда чораклик таҳлил натижаларини мактабгача таълим туман (шаҳар) бўлимларига топшириш


Чорак якунланганидан кейинги ойнинг 5-кунига қадар









2-босқич

Туман (шаҳар) мактабгача таълим бўлимлари


Тарбияланувчиларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш даражаси тўғрисидаги умумлаштирилган ҳисоботларни тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигига, вилоятлар мактабгача таълим бошқармаларига ва Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармасига тақдим этиш


Чорак якунланганидан кейинги ойнинг 10-кунига қадар









3-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги, вилоятлар мактабгача таълим бошқармалари ва Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси


Мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш даражаси тўғрисидаги умумлаштирилган ҳисоботларни Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлигига топшириш


Чорак якунланганидан кейинги ойнинг 15-кунига қадар









4-босқич

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги


Мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш даражаси тўғрисидаги умумлаштирилган ҳисоботларни ўрганиб чиқиш, ўрганиш натижасида аниқланган камчилик ва муаммоларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда бартараф этиш чораларини кўриш


Чорак якунланганидан кейинги ойнинг 25-кунига қадар



      





Низомга

6-ИЛОВА


Мактабгача таълим ташкилотларига

келтирилган хом озиқ-овқат маҳсулотлари

сифати ҳақидаги маълумотларни қайд этиш

БРАКЕРАЖ ДАФТАРИ

Маҳсулот

етказиб

берувчи

таъминотчи

ташкилот

номи


Маҳсулот

келти-

рилган

сана


Маҳсулот

номи


Миқдори

(кг, литр,

дона)


Баҳолаш


Бракераж

комиссияси

рухсати


Бракераж

комиссияси

аъзоси

имзоси


Маҳсулот

сифатини

органо-

лептик

усулда

баҳолаш


Сифатсиз-

лик аломат-

ларини

изоҳлаш




















Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 26 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 29 июль, 30-сон, 531-модда





































Время: 0.2037
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск