язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2019 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Транспорт/ Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг Маъмурий регламенти (ЎзР ВМ 30.07.2019 й. 636-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 30 июлдаги

636-сон қарорига

1-ИЛОВА



Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни

шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро

йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш

юзасидан давлат хизматлари кўрсатишнинг

МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Регламент автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш юзасидан давлат хизматлари кўрсатиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Регламентда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


лицензия варақаси - лицензия талаблари ва шартларига мажбурий тарзда риоя қилинган ҳолда йўловчилар ва юкларни ташишда фойдаланиладиган ҳар бир автотранспорт воситасига лицензияланадиган фаолият турини амалга ошириш учун бериладиган рухсатнома (лицензия);


тижорат асосида йўловчиларни ва юкларни ташиш - тижорат асосида, яъни тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш йўли билан автотранспорт воситаларида йўловчиларни ва юкларни ташиш хизматини кўрсатиш натижасида даромад олиш.


3. Тижорат асосида амалга ошириладиган йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолияти лицензияланади.

Тижорат асосида йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолияти юридик шахслар томонидан амалга оширилади.


4. Аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйган табиий офатлар, эпидемиялар, йирик авариялар оқибатларини тугатиш ҳамда Ҳукуматнинг қарорлари бўйича авария-қутқариш ва тиклаш ишлари амалга оширилиши ва мурувват юклари етказиб берилиши талаб этилиши билан боғлиқ ташишларни амалга оширишга, электрон тижорат орқали реализация қилинган товарларни сотувчига ва етказиб берувчига шахсий мулк, ижара ва бошқа фойдаланиш ҳуқуқига асосан тегишли бўлган автомобиль транспортида Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб етказиб беришга, аэропортдан, темир йўл вокзаллари ва автостанциялардан меҳмонхонага ва ундан қайтишга, ўз эҳтиёжлари учун юкларни технологик ташиш учун, шунингдек, туризм объектларига ўзининг ижарачиларига транспорт хизматини кўрсатиш учун ҳамда "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддасида назарда тутилган ташкилотларга лицензия олиш талаб этилмайди, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.


5. Лицензия бериш, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, шунингдек, уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармалари (кейинги ўринларда лицензияловчи органлар деб аталади) томонидан тегишли қарорлар қабул қилиш йўли билан амалга оширилади.

Бунда:

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан (кейинги ўринларда Вазирлик деб аталади) - йўловчиларни ва юкларни халқаро ташиш бўйича лицензиялар бериш, лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, шунингдек, уларни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш амалга оширилади;

Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар транспорт бошқармалари (кейинги ўринларда Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари деб аталади) томонидан - йўловчиларни ва юкларни шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ташиш бўйича лицензиялар бериш, лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш, шунингдек, уларни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш амалга оширилади.


6. Вазирликка лицензияловчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш, лицензиялаш тартибини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги лицензияларнинг йиғма реестрини юритиш, лицензияловчи органлар томонидан автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни ташиш фаолиятини лицензиялаш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш вазифалари юкланади.


7. Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш ҳуқуқи учун ушбу Регламентга 1-иловага мувофиқ намунавий (оддий) лицензиялар берилади.


Ариза берувчининг сўровномасига кўра лицензия қуйидаги фаолият турлари учун берилади:

а) йўловчиларни шаҳарда автобусларда ташиш;

б) йўловчиларни шаҳарда микроавтобусларда ташиш;

в) йўловчиларни шаҳарда енгил автомобилларда ташиш;

г) йўловчиларни шаҳар атрофида автобусларда ташиш;

д) йўловчиларни шаҳар атрофида микроавтобусларда ташиш;

е) йўловчиларни шаҳар атрофида енгил автомобилларда ташиш;

ж) йўловчиларни шаҳарлараро автобусларда ташиш;

з) йўловчиларни шаҳарлараро микроавтобусларда ташиш;

и) йўловчиларни шаҳарлараро енгил автомобилларда ташиш;

й) йўловчиларни халқаро автобусларда ташиш;

к) йўловчиларни халқаро микроавтобусларда ташиш;

л) йўловчиларни халқаро енгил автомобилларда ташиш;

м) юкларни автомобиль транспортида шаҳарда ва шаҳар атрофида ташиш;

н) юкларни автомобиль транспортида шаҳарлараро ташиш;

о) юкларни автомобиль транспортида халқаро ташиш.


Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олинган юк автомобили ёки шатакчи автомобиль ҳамда хорижий давлат ҳудудида рўйхатга олинган тиркама ёки ярим тиркамадан иборат транспорт воситалари таркибидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган халқаро ташишда юк автомобили ёки шатакчи автомобилга олинган лицензия варақаси транспорт воситаларининг бутун таркиби учун амал қилади.

Лицензиат лицензияловчи органга мурожаат қилганда бир ариза билан ушбу лицензияловчи орган томонидан бериладиган лицензия турларининг бир неча қисмини олиш ҳуқуқига эга.

Халқаро йўналишлар бўйича юкларни ташишни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия варақасига эга бўлган автомобилда миллий юк ташувчилар унга мувофиқ шаҳарлараро йўналишларда юк ташишни амалга ошириш ҳуқуқига ҳам эгадирлар.

Юкларни автомобиль транспортида ташишда фойдаланиладиган шатакчи автомобилларга лицензия варақалари берилиши учун давлат божи тўлаш талаб этилмайди.

Шаҳарлараро йўналишлар бўйича йўловчиларни автобусларда ёки микроавтобусларда ташиш ҳуқуқини берувчи лицензия варақасига эга бўлган автотранспорт воситаларидан маҳаллий ва хорижий фуқароларни шаҳарда ва шаҳар атрофида туристик-экскурсия қилиш йўналишларида (номунтазам йўналишларда) йўловчи ташишни амалга ошириш учун қўшимча лицензия варақаси олиш талаб этилмайди.


8. Лицензиянинг амал қилиш муддати чекланмайди.


9. Лицензия асосида ҳар бир автотранспорт воситасига ушбу Регламентга 2-иловага мувофиқ лицензия варақаси берилади.

Лицензия варақасининг амал қилиш муддати ашёвий ҳуқуқлар ёки ижара шартномасининг амал қилиш муддати билан чекланади. Лицензия варақасининг амал қилиши лицензия варақаси берилган кундан бошлаб ҳисобланади.

Лицензия варақалари билан таъминланмаган автомобиль транспорти воситасидан фойдаланган ҳолда тижорат асосида йўловчиларни ва юкларни ташишга йўл қўйилмайди. Ушбу ҳолатлар юзасидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилади.


10. Қуйидагилар:

ариза берувчининг сўровномасига кўра лицензияловчи орган қарорига биноан - фаолият турига лицензия;

ариза берувчининг сўровномасига кўра автотранспорт воситаларининг ҳаракатдаги таркибига фаолият турига берилган лицензия асосида - лицензия варақалари;

мазкур Регламентнинг 32-бандида назарда тутилган ҳолатларда қайта расмийлаштирилган ариза берувчининг сўровномасига кўра - лицензия/лицензия варақалари;

автотранспорт воситасининг давлат рақами белгиси ўзгарганда, автотранспорт воситасининг юк кўтариш ёки йўловчи сиғими кўпайганда (камайганда), бир автотранспорт воситаси шу турдаги бошқа автотранспорт воситасига алмаштирилганда ушбу автотранспорт воситасидаги мавжуд лицензия варақалари асосида ариза берувчининг лицензия варақаларини қайта расмийлаштириш бўйича аризасига кўра - қайта расмийлаштирилган лицензия варақалари берилади.

Ушбу бандда белгиланган ҳар бир ҳолатда ариза берувчи (ёки лицензиат) автотранспорт воситалари мавжуд бўлган тақдирда, уларнинг мулк ҳуқуқи, ашёвий ҳуқуқлар ёки ижара асосида тегишлилиги тўғрисидаги маълумотлар билан бирга автотранспорт воситаларининг рўйхатини сўровномада кўрсатади.



2-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


11. Қуйидагилар автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни ташиш фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:

а) лицензиат томонидан автотранспорт воситаларидан фойдаланишда, уларни шайлашда қонун ҳужжатларига, ташиш қоидаларига мажбурий риоя қилиниши, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш чора-тадбирларининг амалга оширилиши;

б) юридик шахс штатида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва автотранспортлардан фойдаланиш учун масъул бўлган, белгиланган тартибда аттестациядан ўтган мансабдор шахсларнинг мавжуд бўлиши;

в) лицензиат фойдаланаётган ҳар бир автотранспорт воситаси учун лицензия варақаси мавжуд бўлиши;

г) автотранспорт воситасининг белгиланган тартибда техник кўрикдан ўтганлигини ва техник жиҳатдан созлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг мавжуд бўлиши;

д) қонун ҳужжатларига мувофиқ фуқароларнинг айрим тоифалари имтиёзли ташилиши;

е) тендерлар натижалари бўйича, ваколатли органлар билан шартнома асосида йўловчиларни йўловчилар ҳуқуқларига, ҳаракатланишнинг белгиланган жадвалларига, транспортда юриш тарифларига риоя этган, йўловчиларнинг белгиланган тоифаларини бепул ва имтиёзли тарзда ташишни таъминлаган, қоида бузиш, антисанитария ҳолатларига, хизмат кўрсатиш сифатининг паст бўлишига йўл қўймаган ҳолда автомобилда мунтазам ташиш (йўналишсиз таксилардан ташқари);

ж) ташиш ва ёнғин хавфсизлиги талабларини бажариш, автотранспорт воситасини техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаш, уни асраш, техник кўрикдан ўтказиш, техника хавфсизлигини таъминлаш, автотранспорт воситаларини йўлга чиқишдан олдин техник кўрикдан ўтказиш ва ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш;

з) янгидан олинаётган ва тўлдирилаётган автотранспорт воситаларига лицензиатлар томонидан қўшимча лицензия варақаларининг ўз вақтида олиниши;

и) шаҳарлараро, вилоятлараро ва халқаро йўналишда автомобилда ташишларни амалга ошираётган автотранспорт воситаларида сервис устахонасининг тамғаси қўйилган назорат приборлари (тахографлар) мавжуд бўлиши;

к) йўналишсиз таксиларнинг техник ҳолати ва асбоб-ускуналарнинг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига, ташқи кўринишига ва анжомларига, ягона таниш белгилари билан жиҳозлашга қўйиладиган талабларга мувофиқлиги.



3-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ОЛИШ УЧУН ЗАРУР

БЎЛГАН МАЪЛУМОТЛАР


12. Лицензия олиш учун ариза берувчи давлат хизматлари марказига қуйидаги маълумотларни тақдим этади:

а) юридик шахс учун - юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисобрақами; жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) учун юк ташиш ҳуқуқига лицензия олишда - фамилияси, исми, отасининг исми, паспортга ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномасига оид маълумотлар; фаолиятнинг лицензияланадиган тури (ёхуд унинг бир қисми) кўрсатилган ҳолда лицензия бериш тўғрисидаги сўровнома ва/ёки лицензия варақалари олиш учун корхона ихтиёрида бўлган автотранспорт воситаларининг рўйхати билан бирга автотранспорт воситаларининг мулк ҳуқуқи, ашёвий ҳуқуқлар ёки ижара асосида тегишлилиги тўғрисидаги маълумотлар;

б) ариза берувчида ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ва автотранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш ёхуд ариза берувчининг тегишли ихтисосликдаги ташкилот билан унга тиббий кўрик ва техник кўрикдан ўтиш имконияти яратиб берилиши тўғрисидаги шартномаси мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар.

Ариза берувчидан мазкур Регламентда назарда тутилмаган ҳужжатлар ва маълумотлар тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Ариза берувчи тақдим этган маълумотларининг тўғрилиги ва ҳақиқийлиги учун жавоб беради.



4-БОБ. ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ

КЎРСАТИШ ТАРТИБИ


13. Давлат хизматлари кўрсатиш жараёни ушбу Регламентнинг 3-иловасидаги схемага мувофиқ амалга оширилади.


14. Ариза берувчи давлат хизматларидан фойдаланиш учун давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда - ЯИДХП) рўйхатдан ўтади.


15. Ариза берувчи шахсан ўзи борган тақдирда давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан мазкур Регламентга:

4-иловага мувофиқ шаклда автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятига лицензия бериш бўйича давлат хизматларидан фойдаланиш учун сўровнома;

5-иловага мувофиқ шаклда лицензия варақаларини олиш учун корхона ихтиёрида бўлган автотранспорт воситалари тўғрисида маълумотлар тўлдирилади.

ЯИДХП орқали мурожаат қилинган тақдирда эса, ариза берувчи мазкур банднинг иккинчи-учинчи хатбошиларида белгиланган шаклларда сўровнома ва маълумотларни шахсан ўзи тўлдиради.

Ариза берувчидан мазкур бандда кўрсатилмаган маълумотлар ва ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади.


16. Ариза берувчи маълумотларни расмийлаштиргандан ва сўровномага киритгандан сўнг уни ўз электрон рақамли имзоси (кейинги ўринларда - ЭРИ деб юритилади) билан тасдиқлайди.

Ўзи келиб мурожаат этган тақдирда сўровномани ЭРИ билан тасдиқлаш имконияти бўлмаган ҳолларда тегишли имзолар идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан ҳам тасдиқланиши мумкин.


17. Давлат хизматларини кўрсатганлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида йиғим ва автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини амалга ошириш юзасидан лицензия варақаларини бериш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорларда давлат божи ундирилади.

Давлат хизматларини кўрсатганлиги учун йиғим ва давлат божи тўланганлигини тасдиқлаш ахборот-коммуникация тизимлари орқали амалга оширилади.


18. Давлат хизматларидан фойдаланиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда 17-бандда кўрсатилган тўлов суммасининг 90 фоизи ундирилади.


19. Давлат хизматларини кўрсатганлиги учун йиғим суммаси тўлиқ миқдорда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт ва логистикани ривожлантириш жамғармасининг махсус ғазначилик ҳисобрақамига (кейинги ўринларда Транспорт жамғармаси деб аталади) ўтказилади ва қуйидаги тартибда тақсимланади:


20 фоизи - Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобрақамига ўтказилади;

10 фоизи - "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази" ДУКнинг ваколатли банкдаги махсус ҳисобрақамига ўтказилади (агар давлат хизмати ЯИДХП орқали кўрсатилса);

қолган маблағлар Транспорт жамғармасида қолади.


20. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишнинг ҳар қандай босқичида бош тортишга ҳақлидир.

Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишдан бош тортган тақдирда, унинг сўровномаси кўриб чиқилмайди ва тўланган йиғимлар миқдори қайтарилмайди.


21. Давлат хизматлари марказига шахсан бориб мурожаат қилинганда сўровнома тўлдирилгандан кейин бир соат мобайнида сўровнома лицензияловчи органга юборилади.

ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда сўровнома автоматик тарзда лицензияловчи органга келиб тушади.


22. Лицензияловчи орган сўровнома тушган пайтдан бошлаб бир иш куни мобайнида:

электрон ҳамкорлик йўли билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасидан лицензия варақаси олиш учун тақдим этилаётган автотранспорт воситаси(лар)га тегишли маълумотларни электрон сўров орқали олади;

электрон ҳамкорлик йўли билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан мулк ҳуқуқи, бошқа ашёвий ҳуқуқ ёки ижара шартномаси асосида мавжуд автотранспорт воситалари тўғрисида маълумотларни олади;

лицензияловчи орган мазкур Регламент асосида ариза берувчи томонидан тақдим этилган маълумотларнинг тўлиқлигини ва лицензия талабларига мувофиқлигини ўрганиб чиқади.


23. Ариза берувчи давлат хизмати кўрсатганлиги учун белгиланган миқдорда тўловлар амалга оширилишини таъминлайди.

Давлат хизматлари марказлари (ўзи шахсан келиб мурожаат қилганда) ёки ЯИДХП орқали (электрон шаклда мурожаат қилган тақдирда) тушган сўровномада маълумотлар тўлиқ тақдим қилингандан ҳамда йиғим ва давлат божлари тўлиқ тўланганлиги тасдиқлангандан кейин лицензия/лицензия варақалари расмийлаштириб берилади.


24. Лицензияловчи орган давлат божи тушган вақтдан бошлаб бир иш кунида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган лицензия/лицензия варақаларини расмийлаштиради ҳамда уни лицензияловчи орган ваколатли шахсининг ЭРИси билан тасдиқлаб, тегишли давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон равишда юборади.

Давлат хизматлари маркази, QR-код (матрик штрихли код) қўйилган лицензия/лицензия варақалари тушгандан сўнг 10 дақиқада уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва ариза берувчини бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. давлат хизматлари маркази ариза берувчи ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда ариза берувчининг сўровига кўра, унга QR-код (матрик штрихли код) қўйилган лицензия/лицензия варақаларини электрон шаклда ёки қоғоз шаклда муҳрини босиб бериш йўли билан тақдим этиши мумкин.


25. Лицензия/лицензия варақаларини бериш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 17-моддасида назарда тутилган асослар бўйича рад килинади.

Бунда ариза берувчи томонидан сўровнома ЭРИ ёки имзолар идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан тасдикланмаганлиги, сўровномада, лицензия варақалари олиш учун корхона ихтиёрида бўлган автотранспорт воситалари тўғрисида ва ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ва автотранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш ёхуд ариза берувчининг тегишли ихтисосликдаги ташкилот билан унга тиббий кўрик ва техник кўрикдан ўтиш имконияти берилиши тўғрисидаги шартномаси мавжудлиги ҳақидаги маълумотларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар қайд этилганлиги, лицензия даъвогарининг лицензия талаблари ва шартларига, шунингдек, танлов (тендер) шартларига номувофиқлиги ҳамда аризани кўриб чиққанлик учун йиғим тўланмаганлиги, давлат хизмати кўрсатилганлиги ва давлат божи учун тўловлар амалга оширилмаганлиги давлат хизматини кўрсатилишига рад этиш учун етарли асос бўла олади.

Лицензия варақаларини беришни бошқа асосларда рад этиш қатъий тақиқланади.

Ариза берувчи лицензия бериш рад этилиши тўғрисидаги қарор, шунингдек, лицензияловчи орган мансабдор шахсининг хатти-ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.


26. Лицензия варақаларини бериш учун тўловлар белгиланган муддатларда тўланмаган тақдирда, ариза берувчи лицензия варақаларини бериш юзасидан умумий тартибда қайта мурожаат қилишга ҳақли.


27. Ариза берувчига автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни ташишга лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза берувчининг сўровномаси барча зарур ҳужжатлар билан биргаликда олинган кундан бошлаб икки иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади.

Лицензияловчи орган давлат хизматлари марказини қарор қабул қилингани тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин бир иш куни мобайнида хабардор қилади.


28. Агар лицензияловчи орган лицензия бериш тўғрисидаги сўровномани кўриб чиқиш муддати мобайнида лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисида қарор қилмаса, у ҳолда кўрсатиб ўтилган муддат тамом бўлгандан кейин ариза берувчи ўзи сўровнома берган фаолиятни, бу ҳақда лицензияловчи органни ёзма равишда хабардор қилиб, амалга ошириш ҳуқуқига эга.


29. Лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда рад этиш тўғрисидаги билдиришнома давлат хизматлари марказига рад этишнинг аниқ сабаблари ва ариза берувчи кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни такроран кўриб чиқишга тақдим этиши учун етарли бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилади.

Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.


30. Ариза берувчи томонидан лицензия/лицензия варақаси бериш рад этилишига асос бўлган сабаблар бартараф этилган тақдирда, лицензия олиш учун ариза берувчи томонидан тақдим этилган маълумотларни такроран кўриб чиқиш ариза берувчининг рад этиш сабаблари бартараф этилгани тўғрисидаги аризаси ва рад этиш сабаблари бартараф этилганини тасдиқловчи ҳужжатлар олинган кундан бошлаб икки иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Лицензия олиш учун ариза берувчи томонидан тақдим этилган маълумотларни такрорий кўриб чиқишда лицензияловчи орган томонидан ариза берувчига илгари ахборот тизими орқали электроншаклда баён қилинмаган рад этиш сабаблари кўрсатилишига йўл қўйилмайди. Рад этиш сабаблари бартараф этилганини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ бўлган рад этиш сабабларини кўрсатиш бундан мустасно.

Ариза берувчининг аризасини қайта кўриб чиқишда илгари лицензия/лицензия варақаси беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия/лицензия варақаси беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия/лицензия варақаси бериш рад этилганлиги тўғрисидаги билдиришномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин берилган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади.



5-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ШАРТНОМАСИ,

ЛИЦЕНЗИЯ ВА ЛИЦЕНЗИЯ ВАРАҚАСИНИ

ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ


31. Лицензияловчи орган билан лицензиат ўртасидаги ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгиловчи лицензия шартномаси оммавий оферта шаклида ЯИДХПга жойлаштирилади ва ариза бериш жараёнида акцептланади.


32. Лицензиат - юридик шахс қайта ташкил этилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли маълумотларни кўрсатган ҳолда лицензия/лицензия варақасиниқайта расмийлаштириш тўғрисида давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали лицензия/лицензия варақасини қайта расмийлаштириш учун ариза бериши шарт.

Лицензиат - жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор)нинг фамилияси, исми, отасининг исми ёки яшаш жойи ўзгарган тақдирда лицензиат қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин бир ой муддатда кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли маълумотларни кўрсатган ҳолда лицензия/лицензия варақасини қайта расмийлаштириш тўғрисида давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали лицензия/лицензия варақасини қайта расмийлаштириш учун ариза бериши шарт.

Лицензия/лицензия варақасини қайта расмийлаштирилгунга қадар лицензиат унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия/лицензия варақаси асосида амалга оширади.


33. Лицензияловчи орган лицензия/лицензия варақасини қайта расмийлаштиришда лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Лицензияларни қайта расмийлаштириш тегишли маълумотлар кўрсатилган ҳолда лицензия/лицензия варақаларини қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза лицензияловчи орган томонидан қабул қилинган кундан бошлаб бириш куни мобайнида амалга оширилади.

Лицензиялар/лицензия варақаларини қайта расмийлаштиришда ариза берувчининг лицензия/лицензия варақасини бериш тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилганлиги учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади.



6-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯ ТАЛАБЛАРИ ВА

ШАРТЛАРИГА РИОЯ ЭТИЛИШИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


34. Лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширишда лицензияловчи орган:

лицензия талаблари ва шартлари бузилиши ҳолатлари тўғрисида жисмоний шахс(якка тартибдаги тадбиркор)ва юридик шахслар мурожаатлари асосида текширувлар ўтказади ёки лицензиат фаолияти хавф-таҳлил натижалари бўйича текширув ўтказиш ташаббуси билан чиқади;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўлувчи масалалар юзасидан лицензиатдан зарур ахборотни сўрайди ва олади;

текширишлар натижалари асосида лицензия талаблари ва шартларининг аниқ бузилишини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузади;

аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқаради, бундай қонун бузилишларини бартараф этиш муддатларини белгилайди;

қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ёхуд уларни бекор қилиш масаласи бўйича қарор чиқаради ва/ёки судга мурожаат қилади;

автомобиль транспортида йўловчилар ҳамда юкларни ташиш фаолиятини лицензия/лицензия варақаларисиз амалга оширишнинг аниқланган ҳоллари тўғрисидаги материалларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган чора-тадбирлар кўриш учун белгиланган тартибда суд органларига юборади.



7-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯНИНГ/ЛИЦЕНЗИЯ

ВАРАҚАСИНИНГ АМАЛ ҚИЛИШИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ,

ЛИЦЕНЗИЯНИ БЕКОР ҚИЛИШ


35. Лицензиянинг/лицензия варақасининг амал қилишини тўхтатиб туриш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.

Бунда лицензияловчи орган лицензиянинг/лицензия варақасининг амал қилиш муддатини ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туради. Лицензиянинг/лицензия варақасининг амал қилиш муддатини ўн иш кунидан ортиқ муддатга тўхтатиб туриш лицензияловчи органнинг аризасига кўра суд томонидан амалга оширилади.

Лицензиянинг/лицензия варақасининг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор суд ёки лицензияловчи орган томонидан лицензиатга ёзма шаклда, қарор қабул қилинган (чиқарилган) кундан бошлаб уч иш кунидан кечикмай, лицензиянинг/лицензия варақасининг амал қилиши тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолатларнинг лицензиат томонидан бартараф этиш муддати кўрсатилган ҳолда етказилади.

Лицензиянинг/лицензия варақасининг амал қилиши тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолатлар лицензиат томонидан бартараф этилган тақдирда, лицензиянинг/лицензия варақасининг амал қилишини тўхтатиб турган лицензияловчи орган ёки ўзининг аризасига кўра лицензиянинг/лицензия варақасининг амал қилиши суд томонидан тўхтатиб турилган орган кўрсатиб ўтилган ҳолатларнинг бартараф этилгани тўғрисидаги тасдиқнома олинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида унинг амал қилишини тиклаш ёки тиклашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиши керак.

Лицензияловчи орган ёки суднинг лицензиянинг/лицензия варақасининг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори юзасидан белгиланган тартибда шикоят берилиши мумкин.


36. Лицензиянинг/лицензия варақасининг амал қилишини тўхтатиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддасида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.

Бунда лицензиянинг/лицензия варақасининг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда лицензияловчи орган томонидан қабул қилинади:

лицензиат лицензиянинг/лицензия варақасининг амал қилишини тўхтатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганда;

юридик шахс тугатилганда - тугатилган вақтдан бошлаб ёки унинг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тўхтатилганда - қайта ташкил этиш вақтидан бошлаб, унинг ўзгартирилиши бундан мустасно;

автомобиль транспортида шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташишни амалга оширувчи жисмоний шахс(якка тартибдаги тадбиркор)нинг - лицензиатнинг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тугаганда;

автомобиль транспортида шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташишни амалга оширувчи жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор)нинг - лицензиатнинг муомалага лаёқатлилиги чекланганда ёки у муомалага лаёқатлсиз деб топилганда.

Лицензиянинг/лицензия варақасининг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда фақат суд томонидан қабул қилинади:

лицензия талаблари ва шартлари мунтазам ёки бир марта қўпол тарзда бузилганда;

лицензиянинг/лицензия варақасининг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар лицензияловчи орган ёки суд белгилаган муддатда лицензиат томонидан бартараф этилмаганда;

лицензияловчи органнинг лицензия/лицензия варақаси бериш тўғрисидаги қарорининг ноқонунийлиги аниқланганда қабул қилинади.

Лицензиянинг/лицензия варақасининг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарор суд ёки лицензияловчи орган томонидан лицензиатга ёзма шаклда, қарорни пухта асослаган ҳолда қарор қабул қилинган (чиқарилган) санадан бошлаб уч иш кундан кечикмай етказилади. Лицензиянинг/лицензия варақасининг амал қилиши уни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан бошлаб тўхтатилади.

Лицензияловчи орган ёки суднинг лицензиянинг/лицензия варақасининг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори юзасидан белгиланган тартибда шикоят берилиши мумкин.


37. Қуйидагилар лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларининг қўпол тарзда бузилиши ҳисобланади:

лицензиатнинг штатида Вазирлик томонидан белгиланган тартибда тегишли лавозимни эгаллаш учун аттестациядан ўтган, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун масъул бўлган мансабдор шахсларнинг бўлмаслиги;

лицензиат томонидан ишлатиш учун белгиланган тартибда рухсат этилмаган ва йўлга чиқишдан олдин техник кўрикдан ўтмаган автотранспорт воситаларидан фойдаланилиши;

даврий тиббий кўрикдан ва йўлга чиқишдан олдин тиббий кўрикдан ўтмаган ҳайдовчиларнинг ишлашига йўл қўйилиши;

лицензия варақалари билан таъминланмаган автотранспорт воситаларига йўл варақаларининг берилиши.


38. Лицензияни/лицензия варақасини бекор қилиш "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасида назарда тутилган тартибда ва ҳолатларда амалга оширилади.

Лицензияловчи органнинг лицензияни/лицензия варақасини бекор қилиш тўғрисидаги қарори лицензиатга ёзма (электрон) шаклда, асосланган ҳолда қарор қабул қилинган кунидан бошлаб уч иш кундан кечикмай етказилади. Суднинг лицензияни/лицензия варақасини бекор қилиш тўғрисидаги қарори лицензиатга ва лицензияловчи органга қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади.

Бекор қилиш тўғрисидаги қарор лицензия/лицензия варақасини берилган санадан бошлаб амал қилади.

Лицензияни/лицензия варақасини бекор қилишда тўланган давлат божи қайтарилмайди.



8-БОБ. ЛИЦЕНЗИЯЛАР РЕЕСТРИ


39. Лицензияловчи орган белгиланган тартибда лицензиялар реестрини юритади. Лицензиялар реестрида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

юридик шахснинг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефони;

жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) - юк ташишни амалга ошириш бўйича лицензиат учун - фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи;

лицензия ва лицензия варақасининг берилган санаси ва тартиб рақами;

лицензия варақасининг амал қилиш муддати;

автотранспорт воситасининг русуми ва давлат рўйхатидан ўтказилган рақами;

фаолият турига берилган лицензиялар тўғрисидаги маълумотлар;

лицензия/лицензия варақаларини қайта расмийлаштириш, амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асослари ва санаси;

лицензия/лицензия варақаларининг амал қилишини тўхтатиш асослари ва санаси;

лицензия/лицензия варақаларнинг бекор қилишнинг асослари ва санаси.


40. Лицензия/лицензия варақаларининг реестрларида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтида жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ бўлади.



9-БОБ. ДАВЛАТ БОЖИ ТЎЛАШ ТАРТИБИ


41. Автомобиль транспортида йўловчиларнива юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташишга лицензия варақалари берилганлиги учун давлат божи миқдорлари ва уларнинг тақсимланиши ҳамда қайси мақсадларда ишлатилиши Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Автотранспорт воситалари сони тўлдирилган (кўпайтирилган) тақдирда давлат божи ҳар бир лицензия варақаси учун қўшимча равишда ундирилади.

Автотранспорт воситасининг юк кўтариш ёки йўловчи сиғими кўпайиши муносабати билан лицензия варақасини қайта расмийлаштиришда давлат божи ундирилмайди.



10-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


42. Давлат хизматлари марказлари ва лицензияловчи орган ўз фаолиятини амалга ошириши натижасида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлайди.


43. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ва давлат хизматлари марказлари ушбу Регламент талаблари ижроси бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти устидан, шу жумладан, ЯИДХП орқали, доимий назоратни амалга оширади ва мониторин олиб боради.


44. Ариза берувчилар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.


45. Мазкур Регламент талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Маъмурий регламентга

1-ИЛОВА

O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI

THE REPUBLIC OF UZBEKISTAN

                                      

Seriyasi:

Serial:

Серия:

LITSENZIYA

LICENCE

ЛИЦЕНЗИЯ

АТ N ________


Faoliyat turi:

Type of activity:

Вид деятельности:

Litsenziya egasi:

Licence owner:

Владелец лицензии:

Pochta manzili:

Postal adress:

Почтовой адрес:

Bank rekvizitlari va STIR:

Bank reference and TIN:

Банковские реквизиты и ИНН

Berilgan sanasi:

Date of issue:

Дата выдачи:

Amal qilish muddati:

Date of issue:                 from

Срок действии лицензии: с

dan

till

по

Litsenziya beruvchi organ:

Licence issued authority:

Орган выдавший лицензию

Qaysi hujjatga asosan berilgan:

Issued on the basis of:

Выдано на основание:

Litsenziya reyestrida:

The licence is registered in Register Board under N

Лицензия зарегистрирована в реестре за N

-sonli raqami bilan qayd etildi

QR-код






Маъмурий регламентга

2-ИЛОВА


O'ZBEKISTON RESPUBLIKASI

THE REPUBLIC OF UZBEKISTAN

                                      

Seriyasi:

Serial:

Серия:

LITSENZIYA VARAQASI

LICENCE CERTIFICATE

ЛИЦЕНЗИОННАЯ КАРТОЧКА

АТ N ________


Ruhsat etilgan faoliyat turi:

Permitted actives:

Разрешенная деятельность:

Egasi va manzili:

Owners address:

Владелец и адарес:

Transport vositasi:

Transport means:

Транспортное средство:

(rusumi) (model) (марка)

(davlat raqami) (federal number) (гос.номер)

Berilgan sanasi:

Date of issue:

Дата выдачи:

Amal qilish muddati:

Date of issue:                 from

Срок действии лицензии: с

dan

till

по

gacha

Litsenziya varaqasini bergan organ:

The organization, each issue the licence:

Орган выдавший лицензионную карточку:

Asos:

The basis

Основания:

litsenziyaga asosan berilgan

licence the issue

выдана на основания


(berilgan vaqti)

(date issue)

(seriyasi)

(serial)

(серия)

(raqami)

(number)

(номер)

QR-код



Маъмурий регламентга

3-ИЛОВА



Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни

ташиш фаолиятини лицезиялаш жараёнига ахборот-

коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда

лицензия ва лицензия варақаларини электрон шаклда

расмийлаштириш бўйича ишларни амалга ошириш

СХЕМАСИ


Босқичлар


Субъектлар

Тадбирлар

Бажариш муддатлари

1-босқич


Ариза берувчи

1. Лицензия ва лицензия варақалари олиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат қилиш ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтиш.


2. Маъмурий регламент ва оммавий оферта билан танишиб чиқиш.


3. Давлат хизматини кўрсатиш учун йиғим тўлаш.

1. Хоҳишига кўра

2. Мурожаат қилганда




2-босқич


1. Давлат хизматлари маркази


2.Ягона интерактив давлат хизматлари портали

Сўровномани лицензияловчи орган (Транспорт вазирлиги)га юбориш.

1. 1 соат мобайнида


2. Автоматик тарзда







3-босқич


Лицензияловчи орган

(Транспорт вазирлиги ва ҳудудий бошқармалари)

1. Ариза берувчини лицензия талаб ва шартларига мослигини ўрганади.


2. Ариза берувчини лицензия талаб ва шартларига номувофиқ деб топилган тақдирда давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали лицензия беришни рад этиш тўрисида қабул қилган қарори юзасидан хабар юбориш.

1.1 иш куни



2.1 иш куни







4-босқич


Давлат хизматлари маркази

Ариза берувчини (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) қабул қилинган қарор ҳақида ҳамда лицензия/лицензия варақалари бериш учун ўрнатилган тартибда давлат божи тўловларини амалга ошириш тўғрисида хабардор қилиш.

1 соат мобайнида







5-босқич


Ариза берувчи

Лицензия/лицензия варақалари бериш ҳақида қарор келиб тушгандан сўнг, лицензия варақалари бериш учун давлат божи тўловлари амалга оширилади.

3 ой

мобайнида







6-босқич


Лицензияловчи орган

(Транспорт вазирлиги ва ҳудудий бошқармалари)

1.Ижобий қарор мавжудлиги ва лицензия/лицензия варақалари бериш учун тўловлар тўланганидан сўнг QR код билан химояланган лицензия/лицензия варақаларини ўзининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлаб расмийлаштириш.


2. Лицензия/лицензия варақаларини (ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) Давлат хизматлари марказига ёки ариза берувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юбориш.

1 иш кунида







7-босқич


Давлат хизматлари маркази

Лицензия/лицензия варақасини талабгорга ўзи шахсан келганда унга ўз муҳрини қўйиш йўли билан бериш.


1 соат мобайнида







Маъмурий регламентга

4-ИЛОВА


(сана)


(рақам)

Автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни

шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро

йўналишлар бўйича ташиш фаолиятига лицензия

бериш юзасидан давлат хизматларидан

фойдаланиш учун

СЎРОВНОМА

  

I. Ариза берувчи тўғрисида маълумот - жисмоний шахс

(якка тартибдаги тадбиркор):

  

1. Лицензияланадиган фаолият тури


2. Ф.И.Ш.


3. Паспорт маълумотлари (серия ва рақами)


4. Хайдовчилик гувохномаси (серия, рақамива категория)


5. СТИР


6. МФО


7. Ҳисобрақами


8. Хизмат кўрсатаётган банк номи


9. Манзил


10. Телефон рақами


11. Электрон почта манзили


12. Ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ва автотранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш бўйича маълумотлар

Ўз ҳудудида борлиги

Шартнома асосида

N

Санаси

Шартнома тузилган ташкилот номи




II. Ариза берувчи тўғрисида маълумот - юридик шахс:

1. Лицензияланадиган фаолият тури


2. Ташкилотнинг тўлиқ номи


3. Мулкчилик шакли


4. СТИР


5. МФО


6. ОКЭД


7. Ҳисобрақами


8. Хизмат кўрсатаётган банк номи


9. Асосий фаолият тури


10. Юридик манзили


11. Телефон рақами


12. Электрон почта манзили


13. Ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ва автотранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказишбўйича маълумотлар

Ўз ҳудудида борлиги

Шартнома асосида

N

Санаси

Шартнома тузилган ташкилот номи




14. Штатда белгиланган тартибда аттестациядан ўтган мансабдор шахсларнинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумот


Автомобиль транспортида йўловчиларни ва

юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро

ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятига

лицензия варақасини бериш юзасидан давлат

хизматларидан фойдаланиш учун

СЎРОВНОМА

I. Ариза берувчи тўғрисида маълумот - жисмоний шахс

(якка тартибдаги тадбиркор):


1. Лицензияланадиган фаолият тури


2. Лицензия рақами


3. Берилган сана


4. Телефон рақами


5. Электрон почта манзили


II.Ариза берувчи тўғрисида маълумот - юридик шахс:

1. Лицензияланадиган фаолият тури


2. Ташкилотнинг тўлиқ номи


3. Мулкчилик шакли


4. Лицензия рақами


5. Берилган сана


6. Телефон рақами


7. Электрон почта манзили


8.Штатда белгиланган тартибда аттестациядан ўтган мансабдор шахсларнинг мавжудлиги тўғрисидаги маълумот






Маъмурий регламентга

5-ИЛОВА



Лицензия варақаларини олиш учун ташкилот

ихтиёрида бўлган автотранспорт

воситалари тўғрисида

МАЪЛУМОТ

N

Автотранспорт воситасининг

русуми

Давлат

рақами

Ишлаб чиқарил-

ган йили

Юк кутариши қуввати, йўловчи сиғими

Авто-

транспорт

тури

Фаолият

тури

Фаолият кўрсатиш муддати

Автотранспорт воситасининг

техник ҳолати

Мулкчилик тўғрисида маълумотлар, ижара шартномаси муддати,

санаси, ижарага берувчи номи

Авторанспорт

воситасининг қайд этиш гувоҳномаси рақами

Берилган санаси

Техник ҳолати
















Маъмурий регламентга

6-ИЛОВА


Ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ва автотранспорт

воситаларини техник кўрикдан ўтказиш ёхуд ариза

берувчининг тегишли ихтисосликдаги ташкилот

билан унга тиббий кўрик ва техник кўрикдан

ўтиш имконияти берилиши тўғрисидаги

шартномаси мавжудлиги ҳақидаги

МАЪЛУМОТ

     

_________________________ ҳудудида автотранспорт воситаларига ТХ-1, ТХ-2 ва жорий таъмирлаш ишларини бажариш учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Ташкилотнинг тиббий хонаси барча тиббий жихозлар билан таъминланган.

Ташкилотда автотранспорт воситасини техник жиҳатдан соз ҳолда сақлаш, уни асраш, техник кўрикдан ўтказиш, техника хавфсизлигини таъминлаш учун барча шароитлар мавжуд, автотранспорт воситаларини йўлга чиқишдан олдин техник кўрикдан ташкилот механиги ўтказади ва ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ташкилот тиббий ходими ўтказади.

Автотранспорт воситасиларини кундалик техник кўрикдан ўтказиш ва ҳайдовчиларни кундалик тиббий кўрикдан ўтказиш учун яратилган шарт-шароитлар лицензия шартномаси шартларига мос келади.




Ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ва автотранспорт

воситаларини техник кўрикдан ўтказиш ёхуд ариза

берувчининг тегишли ихтисосликдаги ташкилот

билан унга тиббий кўрик ва техник кўрикдан

ўтиш имконияти берилиши тўғрисидаги

шартномаси мавжудлиги ҳақидаги

МАЪЛУМОТ

______________га тегишли автомобилларни техник кўрикдан ўтказиш ва ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш учун _____________ билан ____ йил ___ ойида ____-сонли шартнома тузилган.

Ушбу тузилган шартномага асосан______________________ гаражи ҳудудуда __________________ ходимлари томонидан автотранспорт воситаси кундалик техник кўрикдан ва ҳайдовчи кундалик тиббий кўрикдан ўтказилади.

Автотранспорт воситасини кундалик техник кўрикдан ўтказиш ва ҳайдовчиларни кундалик тиббий кўрикдан ўтказиш учун яратилган шарт-шароитлар лицензия шартномаси шартларига мос келади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 31 июль