язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2019 й./ Соғлиқни сақлаш/ Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.08.2019 й 641-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 1 августдаги

641-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш

вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини

ривожлантириш  агентлигининг  Фармацевтика

тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш

жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг (фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш ҳамда фаолиятини бошқариш тартибини белгилайди.


2. Жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ва унинг маблағлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида очилган шахсий ғазна ҳисобварағида жамланади.



2-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ВА УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ТАРТИБИ


3. Жамғарма маблағлари қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

импорт дори воситалари (дори субстанциялари бундан мустасно) ва тиббиёт буюмларини "эркин муомалага чиқариш (импорт)" божхона режимига расмийлаштиришда божхона расмийлаштируви учун йиғимнинг 1,0 фоизи;

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан ажратиладиган 25 млн АҚШ доллари эквивалентидаги миллий валютадаги маблағлар;

халқаро молия институтлари ҳамда бошқа хорижий донорлар, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


4. Жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

а) фармацевтика маҳсулотларининг янги турларини яратиш бўйича илмий ишланмаларни ташкил этиш учун Агентлик қошидаги илмий-тадқиқот институтлари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга грантлар тақдим этиш;

б) Агентлик қошидаги илмий-тадқиқот институтлари ва фармацевтика маҳсулотларининг сифатини назораг қилувчи давлат лабораторияларини зарур асбоб-ускуна ва техника билан жиҳозлаш;

в) республикада ишлаб чиқарилмайдиган янги турлардаги фармацевтика маҳсулотларининг клиник олди ва клиник тадқиқотларини маҳаллий муассасаларда ўтказиш учун маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарининг сарф-харажатларини базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баробари миқдорида қоплаш;

г) маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарининг фармацевтика маҳсулотларини хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказиш харажатларининг 50 фоизини улар рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан сўнг қоплаш;

д) маҳаллий фармацевтика маҳсулотларини таклиф этиш бўйича, шу жумладан хорижда кўргазма ва ярмаркалар ташкил қилиш, семинарлар ўтказиш, тақдимот материаплари, кўргазма стендларини тайёрлаш, Агентлик ва унга идоравий мансуб ташкилотлар мутахассисларининг мазкур тадбирларда иштирок этиши;

е) Агентликнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, унинг ходимлари ва жалб этиладиган мутахассисларни моддий рағбатлантириш, шунингдек, Агентлик ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

ж) маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан мамлакатимизда аввал ишлаб чиқарилмаган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб этиладиган қиймати 1 млн АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган кредитларнинг фоизларини икки йил мобайнида қоплаш харажатларини молиялаштириш.

з) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган Агентлик фаолияти билан боғлиқ бошқа мақсадларда ҳам фойдаланилиши мумкин.



3-БОБ. ЖАМҒАРМА ФАОЛИЯТИНИ БОШҚАРИШ


5. Жамғарма маблағларини Агентлик директори томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган даромадлар ва харажатлар сметасига мувофиқ бошқарилади ва тақсимланади.


6. Ушбу Низомнинг 4-банди "а" - "г" ва "ж" - "з" кичик бандларида кўрсатилган мақсадларга Жамғармадан маблағлар ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ таркибда шакллантирилган Жамғарма маблағларини бошқариш кенгаши (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) хулосасига кўра ажратилади.


7. Қуйидагилар Кенгаш аъзоларининг вазифалари ҳисобланади:

Кенгаш мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал этишда иштирок этиш;

Кенгаш томонидан кўриб чиқиладиган масалалар бўйича овоз бериш.

Кенгаш аъзолари мажлисда шахсан қатнашадилар, агар қатнашиш имкони бўлмаган тақдирда, мажлис кун тартиби бўйича ўз фикрини ёзма равишда тақдим этишга ҳақлидир.


8. Кенгаш раиси:

Кенгаш мажлиси кун тартибини белгилайди ва уни чақиради;

Кенгаш қарорларини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилишини назорат қилади;

Кенгаш аъзоларига юкланган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан уларнинг ишини мувофиқлаштиради;

Кенгашнинг самарали ишлашини таъминлаш учун бошқа ваколатларни амалга оширади.


9. Кенгаш котиби:

Жамғармадан маблағ ажратишга оид мурожаатларни Кенгаш мажлисида кўриб чиқишга тайёрлаш учун Агентликнинг тегишли бўлинмасига тақсимлайди;

Кенгаш мажлисига барча зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

мажлисни ўтказиш муддатлари ва жойи бўйича Кенгаш раисига таклифлар киритади;

кун тартибидаги масалалари бўйича Кенгаш мажлислари ўтказилишини ташкил этади;

Кенгаш аъзолари ва таклиф этилган шахсларни мажлиснинг санаси, вақти, жойи ва кун тартиби лойиҳаси бўйича хабардор қилади;

Кенгаш баённомаларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённомаларни Кенгаш аъзоларига ва бошқа манфаатдор ташкилотларга юборади.

Кенгаш котиби Кенгаш аъзоси ҳисобланади.


10. Кенгаш ўз мажлисларини заруратга кўра, бироқ ҳар ойда камида бир марта ўтказади.


11. Кенгаш мажлисини Кенгаш раиси, у бўлмаган тақдирда зса Кенгаш раисининг ўринбосари бошқаради.


12. Кенгаш мажлиси унда Кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашганда ўтказилган ҳисобланади.


13. Мажлисни ўтказиш учун кворум ёки раис ва унинг ўринбосари бўлмаганда, Кенгаш мажлисини ўтказишнинг янги санаси эълон қилинади.


14. Кенгаш мажлисида кўриб чиқиладиган масалаларнинг хусусиятига кўра, манфаатдор вазирлик ва идораларнинг вакиллари, фармацевтика соҳасида фаолият кўрсатувчи ташкилот вакиллари таклиф этилиши мумкин.


15. Кенгаш қарори Кенгашнинг мажлисда қатнашган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, Кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


16. Кенгаш қарорлари Кенгаш мажлисининг баённомаси билан расмийлаштирилади. Кенгаш мажлисининг баённомаси Кенгаш раиси томонидан тасдиқланади.


17. Агентликнинг Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси Жамғарманинг ишчи органи ҳисобланади.


18. Ишчи орган қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Жамғарманинг даромадлари ва харажатларининг йиллик молиявий режасини ишлаб чиқади;

даромадлар ва харажатлар сметаларини тайёрлайди, шунингдек, уларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритади;

Жамғарма тушумларини кўпайтириш ва унинг маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

Агентлик директорининг розилиги билан Фармацевтика тармоғи моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларпи моддий рағбатлантириш учун қўшимча даромадларни жалб этиш мақсадида вақтинча бўш маблағларни белгиланган тартибда тижорат банклари депозитларига жойлаштиради;

Жамғарманинг тушумлар манбалари бўйича даромадлари ҳамда асосий харажатлари йўналишлари бўйича ҳисобини юритади;

ҳар чорак якуни бўйича Жамғарма маблағларидан фойдаланиш тўғрисида ҳисобот тайёрлайди ҳамда Агентлик директорига кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун тақдим этади.


19. Жамғарма маблағларининг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш ҳамда жорий хизмат кўрсатиш ишлари Агентликнинг Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси томонидан амалга оширилади.


20. Агентлик директори:

Жамғарма маблағларини ушбу Низомга ҳамда Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметасига мувофиқ тасарруф этади;

хар йили 25 декабргача Жамғарманинг келгуси йил учун даромадлари ва харажатлари сметаларини белгиланган тартибда тасдиқлайди;

зарур ҳолларда, тасдиқланган даромадлар ва харажатлар сметаларига белгиланган тартибда тегишли ўзгартиришлар киритади;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Жамғарма маблағларидан молиялаштириладиган шартномаларни тузади;

Жамғарма томонидан ажратилган маблағлар бўйича, шу жумладан шартномани узайтириш ва ўзгартириш бўйича қарорларни қабул қилади, агар Жамғарма маблағлари Кенгаш қарорига асосан ажратилган бўлса, Кенгаш билан келишган ҳолда тегишли ўзгартиришлар киритади;

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилади;

Ташкилотлар томонидан Жамғарма уларга ажратган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши мониторингини таъминлайди;

Жамғарманинг чорак якуни бўйича даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқади ва тасдиқлайди;

Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасини бажариш бўйича чораклик ва йиллик ҳисоботларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим қилади;

Агентлик директори Жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.



4-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ЙЎНАЛИШЛАР БЎЙИЧА АЖРАТИШНИНГ

УМУМИЙ ШАРТЛАРИ


21. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасидан маблағ ажратиш учун мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ушбу Низомга 2-иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.



1-§. Фармацевтика маҳсулотларининг янги турларини яратиш

бўйича илмий ишланмаларни ташкил этиш учун Агентлик

қошидаги илмий-тадқиқот институтлари ва маҳаллий

ишлаб чиқарувчиларга грантлар тақдим этиш


22. Фармацевтика маҳсулотларининг янги турларини яратиш бўйича илмий ишланмаларни ташкил этиш учун грантлар ажратишда қуйидаги талабларга жавоб берувчи лойиҳалар танлаб олинади:

фармацевтика маҳсулотларининг ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош, юқори сифатли ва янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга кўмаклашишга асосланган;

республика иқтисодиётининг рақобатбардошлигини янада ошириш мақсадида илмий-тадқиқот фаолияти натижаларини жадал ва кенг жорий қилиш;

илмий-тадқиқот фаолиятини иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг аниқ вазифаларини ҳал этишга, шунингдек, ички ва ташқи бозорлар эҳтиёжларини қондиришга қаратилган амалий натижалар олишга йўналтириш;

юқори технологияли ишлаб чиқаришларни яратишга хизмат қиладиган юқори технологияларни ишлаб чиқиш соҳасида инновацион тадқиқотларни олиб бориш;

тадқиқотларни мамлакатда изчил ривожлантириш бўйича замон талабларига жавоб берадиган, талаб юқори бўлган фармацевтика маҳсулотлари ва технологияларини жадал ишлаб чиқишга йўналтириш;

доривор ўсимликларнинг янги турларини республикамиз ҳудудида маҳаллийлаштириш.


23. Доривор ўсимликлар плантациясини ташкил этиш, доривор ўсимликлар хомашёси асосида дори воситаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, импорт ўрнини босувчи дори воситаларини кенг тарғиб қилиш ва сотишга кўмаклашишга асосланган илмий ишларни жорий этиш.


24. Грантлар тақдим этишда Агентлик қошидаги илмий-тадқиқот институтлари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тақдим этилган лойиҳа ва илмий-тадқиқот ишлари Агентлик илмий-техник кенгаши томонидан берилган ижобий хулоса асосида Кенгашга кўриб чиқиш учун киритилади.



2-§. Агентлик қошидаги илмий-тадқиқот институтлари

ва фармацевтика маҳсулотларининг сифатини назорат

қилувчи давлат лабораторияларини зарур асбоб-ускуна

ва техника билан жиҳозлаш учун маблағ ажратиш


25. Агентлик қошидаги илмий-тадқиқот институтлари ва фармацевтика маҳсулотларининг сифатини назорат қилувчи давлат лабораторияларини зарур асбоб-ускуна ва техника билан жиҳозлаш учун маблағ ажратишда қуйидагиларга эътибор қаратилади:

таклиф этилаётган асбоб-ускуна ва техниканинг сотиб олиш зарурати асослантирилгани;

таклиф этилаётган асбоб-ускуна ва техниканинг халқаро стандартлар талабига мослиги;

таклиф этилаётган асбоб-ускуна ва техниканинг ишлаб чиқариш самарадорлигига таъсирининг техник-иқтисодий асослантирилгани;

лабораториялардаги мавжуд бўлган асбоб ускуналарнинг функционал ҳолатини яхшилаш мақсадида жорий таъмирлаш зарурлиги.


26. Агентлик қошидаги илмий-тадқиқот институтлари ва фармацевтика маҳсулотларининг сифатини назорат қилувчи давлат лабораториялари томонидан сотиб олиниши таклиф этилаётган асбоб-ускуна ва техникалар нархлари "Давлат харидлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларидан келиб чиқиб, аукцион (тендер) савдолари асосида шакллантирилади ва Кенгашга тақдим этилади.

Зарур асбоб-ускуна ва техника билан жиҳозлашга маблағ ажратиш учун Кенгаш томонидан берилган ижобий қарорга асосан Агентлик қошидаги илмий-тадқиқот институтлари ва фармацевтика маҳсулотларининг сифатини назорат қилувчи давлат лабораторияларига Агентлик томонидан маблағлар молиялаштириб берилади. Бунда нархларнинг тўғри ва шаффоф шакллантирилгани, ажратилган маблағларнинг тўғри ва мақсадли ишлатилиши бўйича Агентлик қошидаги илмий-тадқиқот институтлари ва фармацевтика маҳсулотларининг сифатини назорат қилувчи давлат лабораториялари раҳбарлари шахсан жавобгар ҳисобланади.



3-§. Республикада ишлаб чиқарилмайдиган янги турдаги

фармацевтика маҳсулотларининг клиник олди ва клиник

тадқиқотларни маҳаллий муассасаларда ўтказиш учун

маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарининг сарф-

харажатларини базавий ҳисоблаш миқдорининг

100 баробаригача миқдорида қоплаш

учун маблағ ажратиш


27. Республикада ишлаб чиқарилмайдиган янги турдаги фармацевтика маҳсулотларининг клиник олди ва клиник тадқиқотларини маҳаллий муассасаларда ўтказиш учун маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарининг сарф-харажатларини базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баробаригача миқдорда қоплаш учун маблағ ажратишда ташаббускор томонидан фармацевтика маҳсулотларининг клиник-олди ва клиник тадқиқотларини (ҳар бири учун алоҳида) маҳаллий муассасаларда ўтказиш учун тузилган шартноманинг асл нусхасини тақдим этадилар.



4-§. Маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналарининг

фармацевтика маҳсулотларини хорижий давлатларда

рўйхатдан ўтказиш харажатларининг 50 фоизини улар

рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжат

тақдим этилгандан сўнг қоплаш


28. Маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари ўзларининг фармацевтика маҳсулотларини хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказиш харажатларининг 50 фоизини Жамғарма маблағлари ҳисобидан қоплаш учун Агентликка мазкур фармацевтика маҳсулотларининг хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказганлигини тасдиқловчи ҳужжат, шу жумладан хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказганлиги учун тўловни амалга оширганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этадилар.



5-§. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан

мамлакатимизда аввал ишлаб чикарилмаган дори воситалари

ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни

амалга ошириш учун жалб этиладиган қиймати 1 млн АҚШ

доллари эквивалентидан ошмаган кредитларнинг фоизларини

икки йил мобайнида қоплаш харажатларини молиялаштириш


29. Агентлик томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан мамлакатимизда аввал ишлаб чиқарилмаган дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун жалб этиладиган эквиваленти 1 млн. АҚШ долларидан ошмаган кредитларнинг фоизларни икки йил мобайнида Жамғарма маблағлари ҳисобидан, тижорат банки томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 25 фоизи миқдорида, бироқ 5 фоизли пунктдан ошмаган миқдорида қоплаб берилади.


30. Бунда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар Агентликка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси;

банк ва кредит ташкилотлари билан тузилган шартноманинг асл нусхаси.


31. Жамғарманинг жорий молия йилида фойдаланилмаган (ўзлаштирилмаган) маблағлари кейинги молия йилига ўтади.



5-БОБ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШНИ

ҲИСОБГА ОЛИШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ


32. Жамғарма маблағларининг тушуми ва улардан фойдаланишнинг бухгалтерия ҳисобини юритиш, шунингдек, ҳисоботларни тузиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Агентлик томонидан амалга оширилади.


33. Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланиш устидан назорат белгиланган тартибда ваколатли давлат органлари томонидан назорат қилинади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


34. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.


35. Ушбу Низомни амалга оширишда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.






Низомга

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш

вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини

ривожлантириш агентлигининг Фармацевтика

тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш

жамғармаси маблағларини бошқариш кенгаши

ТАРКИБИ

1. С. Кариев

-

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори, кенгаш раиси


2. Б.Усмонов

-

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазирининг ўринбосари


3. Б. Низомов

-

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари


4. Б. Ашрафхонов

-

Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари


5. Ю. Мансуров

-

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари


6. У. Бўтаев

-

Савдо саноат палатаси раисининг ўринбосари


7. Н. Бердяев

-

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, кенгаш котиби


       

Изоҳ. Кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёхуд зиммасига тегишли визифаларни бажариш юкланган шахслар киритилади.






Низомга

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш

вазирлиги хузуридаги Фармацевтика тармоғини

ривожлантириш агентлигининг Фармацевтика

тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш

жамғармасидан маблағ ажратиш учун

мурожаатларни кўриб чиқиш

ТАРТИБИ

Босқичлар

Субъектлар


Чора-тадбирлар


Муддатлар



I босқич

Лойиҳа ташаббускори


Тегишли йўналиш бўйича зapyp ҳужжатларни илова қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) мурожаат қилиш.



Лойиҳа ташаббускори ихтиёрига кўра









II босқич

Кенгаш котиби


Жамғарма маблағларини бошқариш бўйича Кенгаш (кейинги ўринларда Кенгаш деб аталади) котиби томонидан келиб тушган мурожаатни Кенгаш мажлисида кўриб чиқишга тайёрлаш учун Агентликнинг тегишли бўлинмаси ёки Агентлик илмий-техник кенгашига кўриб чиқиш учун тақсимлаш.


2 кун муддатда









III босқич

Кенгаш котиби (Агентлик ёки Агентлик илмий-техник кенгаши)


Мурожаатни дастлабки тарзда ўрганиб чиқиш; ташаббускор томонидан тақдим этилган ҳужжатларда камчиликлар аниқланган тақдирда ташаббускорга ҳужжатларни қайтариш;

ҳужжатлар Кенгашда кўриб чиқиш учун тайёрлаш.


Мурожаат келиб тушган кундан бошлаб 3 кун ичида

белгиланган муддатларда









IV босқич

Кенгаш


Кенгашда мурожаатларни муҳокама қилиш ва Кенгаш қарорини қабул қилиш.

Бунда, Жамғарма маблағларидан ажратиш ёки ажратмаслик ва унинг миқдори белгиланади.


Мурожаат келиб тушган кундан бошлаб 1 ой муддатда









V босқич

Агентлик


Кенгаш томонидан қабул қилинган қарор юзасидан мурожаат эгасини хабардор қилиш.


Кенгаш қарори қабул қилингандан сўнг 3 кун ичида









VI босқич

Агентлик, лойиҳа ташаббускори


Лойиҳани амалга ошириш учун белгиланган тартибда Жамғарма маблағини ажратиш тўғрисидаги шартномани расмийлаштириш.


Кенгаш қарори қабул қилингандан сўнг 10 кун муддатда



       

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 2 август