ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Нодавлат нотижорат ташкилотлар. Сиёсий партиялар / Болалар, ёшлар ва аёллар ташкилотлари /

Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси Маслаҳат кенгаши тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.08.2019 й. 649-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 5 августдаги

649-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси

Маслаҳат кенгаши тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси Маслаҳат кенгашининг (кейинги ўринларда Маслаҳат кенгаши деб аталади) асосий мақсади ва вазифаларини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шунингдек, фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Маслаҳат кенгаши Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясига (кейинги ўринларда Ассоциация деб аталади) юкланган вазифаларни амалга оширишда яқиндан кўмаклашувчи, унинг тизимли фаолиятини йўлга қўйишда ҳар томонлама қўллаб-қувватловчи коллегиал орган ҳисобланади.


3. Маслаҳат кенгаши ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.



2-БОБ. МАСЛАҲАТ КЕНГАШИНИНГ

АСОСИЙ МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


4. Маслаҳат кенгашининг асосий мақсади - Ассоциацияга юклатилган вазифаларни амалга оширишда яқиндан кўмаклашиш, фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан амалий ёрдам кўрсатиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва зарур маслаҳатлар беришдан иборат.


5. Қуйидагилар Маслаҳат кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ассоциацияни хорижий мамлакатларга таълим олиш ва меҳнат қилиш учун чиқиб кетган ҳамда чиқишни режалаштирган ўзбекистонлик ёшларнинг кўмакчиси ва таянчига айлантириш;

Ассоциацияга ўз фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир методик тавсиялар бериш, унинг фаолиятида юзага келаётган муаммо ва камчиликларни бартараф этишда кўмаклашиш;

Ассоциацияга давлат органлари ва муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари, шунингдек, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш режаларини белгилашда, тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишда амалий ёрдам кўрсатиш;

Ассоциациянинг фаолияти борасида кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш, таҳлил қилиш, ушбу соҳадаги ишларни янада такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш;

Ассоциациянинг хорижий мамлакатларга таълим олиш ва меҳнат қилиш учун чиқиб кетган ҳамда чиқишни режалаштирган ўзбекистонлик ёшлар билан ишлашга оид дастурларининг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини назорат қилиш, шунингдек, ижроси юзасидан ахборотларини эшитиш;

соҳага оид қонун ҳужжатларининг масъул идора ва ташкилотлар томонидан ижро этилиши юзасидан жамоатчилик назорати амалга оширилиши ҳолатини таҳлил қилиш;

соҳага оид чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш учун ўзбекистонлик ёшларнинг эҳтиёжи мониторинги олиб борилишини ва баҳоланишини ташкил этиш.

Маслаҳат кенгаши ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига ҳар олти ойда ахборот киритади.



3-БОБ. МАСЛАҲАТ КЕНГАШИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


6. Маслаҳат кенгаши қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ассоциациянинг фаолияти самарадорлигини оширишга доир қарорлар қабул қилиш;

соҳадаги ишларнинг ҳолатини ўрганиш учун ишчи (эксперт) гуруҳлар ташкил этиш, шунингдек, ушбу гуруҳлар фаолиятига тегишли мутахассисларни Ассоциациянинг молиявий манбалари ҳисобига шартнома асосида жалб қилиш;

хорижий мамлакатларга таълим олиш ва меҳнат қилиш учун чиқиб кетган ҳамда чиқишни режалаштирган ўзбекистонлик ёшлар билан ишлашда фаоллик кўрсатаётган шахсларни рағбатлантириш ташаббуси билан чиқиш;

соҳага доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар бериш.

Маслаҳат кенгаши қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


7. Маслаҳат кенгаши ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



4-БОБ. МАСЛАҲАТ КЕНГАШИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Маслаҳат кенгаши раиси ва аъзоларидан иборат Маслаҳат кенгашининг таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


9. Маслаҳат кенгаши ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади.

Маслаҳат кенгашининг мажлислари ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади ва уларда аъзоларнинг учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.


10. Маслаҳат кенгаши раиси:

Маслаҳат кенгаши фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

Маслаҳат кенгаши аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

Маслаҳат кенгаши йиғилишларини чақиради ва уларга раислик қилади;

Маслаҳат кенгаши йиғилишлари кун тартибини тасдиқлайди.

Маслаҳат кенгашининг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа вазифаларни амалга оширади.


11. Маслаҳат кенгаши аъзолари кўриб чиқилаётган масалалар бўйича муҳокамада қатнашиш ва қарор қабул қилишда овоз бериш ҳуқуқига эга.


12. Маслаҳат кенгаши масъул котиби функциясини лавозимига кўра Ассоциация раиси бажаради.


13. Масъул котиб:

Маслаҳат кенгаши жорий фаолиятини ташкил этади;

Маслаҳат кенгаши йиғилишлари кун тартибига киритиладиган масалалар бўйича материалларнинг тайёрланишини ташкил қилади;

Маслаҳат кенгаши ўз ваколати доирасига кирувчи масалалар юзасидан қарорлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлайди;

Маслаҳат кенгаши фаолиятини ташкилий-техник таъминлашни амалга оширади.


14. Маслаҳат кенгаши таркибига кирувчи вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар вакиллари Маслаҳат кенгаши йиғилишларида белгиланган вазифалар юзасидан масъул котиб сўровига мувофиқ амалга оширилган ишлар тўғрисида зарур маълумотларни тақдим этиб боради.


15. Маслаҳат кенгаши мажлисларида заруратга қараб бошқа давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари иштирок этиши мумкин.


16. Маслаҳат кенгаши қарорлари кенгаш аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, Маслаҳат кенгаши раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.


17. Маслаҳат кенгаши қарорлари йиғилишда иштирок этган аъзолар томонидан имзоланадиган ва Маслаҳат кенгаши раиси томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади. Баённомани имзолашда Маслаҳат кенгаши аъзолари ўзларининг алоҳида фикрларини ёзма равишда билдириш ҳуқуқига эга.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


18. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 6 август





































Время: 0.0046
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск