ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси (Парламент) / Олий Мажлис Қонунчилик палатаси. Депутатлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг депутатлик одоби Қоидалари (ЎзР ОМ Қонунчилик палатасининг 30.04.2015 й. 122-III-сонли қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

ОМ Қонунчилик палатасининг

2015 йил 30 апрелдаги

122-III-сонли қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик

палатаси депутатларининг депутатлик одоби

ҚОИДАЛАРИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг депутатлик одоби қоидалари (бундан буён матнда қоидалар деб юритилади) "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, умумий қабул қилинган одоб нормаларига мувофиқ ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати (бундан буён матнда депутат деб юритилади) учун унинг ўз депутатлик ваколатларини амалга ошириш чоғида мажбурий бўлган хулқ-атворнинг маънавий ва ахлоқий принципларини, шунингдек хулқ-атвор қоидаларини белгилайди.


2. Ушбу Қоидалар депутатнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини чекламайди.


3. Депутат ўз депутатлик ваколатларини амалга ошириши чоғида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунига, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, бошқа қонунларга, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламентига, шунингдек ушбу Қоидаларга амал қилади.


4. Депутат ўз фаолиятида жамиятда умумий қабул қилинган ахлоқ-одоб принципларига қатъий риоя этиши, фуқароларнинг, мансабдор шахсларнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини ҳурмат қилиши, шунингдек депутат номига доғ туширадиган ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) нуфузига, умуман давлат манфаатларига путур етказадиган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши лозим.


5. Депутат ўз вазифаларини виждонан ва ҳалол бажариши, ўз малакасини юқори даражада тутиб туриши, ўзининг назарий билимлари ва амалий кўникмаларини такомиллаштириб бориши керак.


6. Депутат ўз ваколатлари даврида илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари бошқа ҳақ тўланадиган фаолият турлари билан шуғулланиши мумкин эмас.

Депутатнинг илмий ва педагогик фаолият билан шуғулланиши депутатнинг асосий касбий вазифаларини бажаришга зарар етказмаслиги керак.


7. Депутат ўз касбий фаолиятини қуйидаги принциплар асосида амалга ошириши керак:

фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари устуворлиги;

қонун ҳужжатларига риоя этиш;

сайловчиларнинг манфаатларини ифодалаш;

депутатлик фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралиги.



II. ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ, СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР

ФРАКЦИЯЛАРИ, ЎЗБЕКИСТОН ЭКОЛОГИК ҲАРАКАТИ

ДЕПУТАТЛАР ГУРУҲИ, ҚЎМИТАЛАР ВА КОМИССИЯЛАР

МАЖЛИСЛАРИДА ДЕПУТАТЛИК ОДОБИ


8. Депутат Қонунчилик палатасининг, сиёсий партиялар фракцияларининг (бундан буён матнда фракциялар деб юритилади), Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг (бундан буён матнда депутатлар гуруҳи деб юритилади), ўзи таркибига сайланган қўмиталар ва комиссияларнинг мажлисларида иштирок этиши шарт. Мажлисда иштирок этиш имконияти бўлмаган тақдирда, депутат бу ҳақда тегишинча Қонунчилик палатаси Спикерига, фракция, депутатлар гуруҳи, қўмита ва комиссия раҳбарига олдиндан хабар қилиши шарт.


9. Қонунчилик палатасининг, фракциянинг, депутатлар гуруҳининг, қўмитанинг, комиссиянинг мажлисида депутат:

ўз нутқида депутатларнинг ёки бошқа шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган қўпол, ҳақоратомуз ибора ва сўзларни қўлламаслиги, шунингдек мажлисларни ўтказишга халақит берадиган ҳаракатларга йўл қўймаслиги - нотиқларнинг сўзини бўлмаслиги, Қонунчилик палатаси тўғрисидаги қонунларда назарда тутилган тартибга хилоф равишда ўз фикрини баён қилишга уринмаслиги, ўтирган жойидан бақирмаслиги, муҳокама этилаётган масала юзасидан нотиқларнинг ўз нуқтаи назарини эркин баён этишига бошқа тўсиқлар вужудга келтирмаслиги, турли узрсиз сабабларга кўра мажлислар залидан намойишкорона чиқиб кетмаслиги, кун тартибидаги мавзудан чиқиб сўзламаслиги;

бирор кишининг шаънига қаратилган асоссиз айбловга йўл қўймаслиги;

сўзга чиқишлар, парламент фаолиятининг бошқа шаклларини амалга ошириш чоғида била туриб ёлғон ва нотўғри ахборотдан фойдаланмаслиги керак.

Қонунчилик палатасининг, фракцияларнинг, депутатлар гуруҳининг, қўмиталарнинг ва комиссияларнинг мажлисларида депутат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Регламентининг ва ушбу Қоидаларнинг талабларини бузадиган бошқа хатти-ҳаракатларни ҳам содир этмаслиги керак.


10. Депутат ушбу Қоидаларнинг 9-бандида кўрсатилган хатти-ҳаракатларни содир этган тақдирда, мажлисда раислик қилувчи:

бундай қоидабузарликларга йўл қўйиб бўлмаслиги тўғрисида депутатни огоҳлантиришга;

депутатни сўзлаш ҳуқуқидан маҳрум қилишга;

депутатдан мажлислар залини тарк этишни талаб қилишга;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Одоб комиссиясидан (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) тегишли депутатнинг хатти-ҳаракатига баҳо беришни сўрашга ҳақли.


11. Депутат овоз бериш карточкасининг лозим даражада сақланиши ва фойдаланилишини таъминлаши шарт. Овоз беришни бошқа депутат ёки ўзга шахс зиммасига юклашга йўл қўйилмайди.



III. БОШҚА ДЕПУТАТЛАР ВА САЙЛОВЧИЛАР

БИЛАН ЎЗАРО МУНОСАБАТЛАРДА

ДЕПУТАТЛИК ОДОБИ


12. Депутатлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар сиёсий мансублиги, ижтимоий мақомидан қатъи назар тенг ҳуқуқлилик, бир-бирини ўзаро ҳурмат қилиш асосида йўлга қўйилади.


13. Депутатлар танқидга сабр-тоқат билан ёндашиши, ўзига нисбатан билдирилган танқидий фикрларга қўполлик билан муносабат билдиришга йўл қўймаслиги керак.


14. Депутатлар ўз ишини масалаларни эркин жамоавий муҳокама қилиш, фикрлар хилма-хиллигини ҳурмат қилиш принциплари асосида олиб бориши, низоларга йўл қўймаслиги, келишмовчиликларни баҳслар ва очиқ фикрлар алмашиш орқали бартараф этиш йўлларини биргаликда излаши керак.


15. Депутат ўз округидаги сайловчилар билан доимий алоқада бўлиб туради. Депутатнинг сайловчилар билан ўзаро муносабатлари ўзаро ҳурмат қилиш, сайловчилар томонидан кўтариладиган муаммолар ва масалаларга депутатнинг эътибор билан муносабатда бўлишига асосланади.


16. Депутат:

ўз сайловчиларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш чора-тадбирларини кўради;

сайловчилардан тушган таклифлар, аризалар, шикоятларни кўриб чиқади, уларда кўрсатилган масалаларнинг тўғри ва ўз вақтида ҳал этилишига ўз ваколатлари доирасида кўмаклашади;

жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилади.


17. Депутат сайловчилар билан ишлашга виждонан ва ҳалол ёндашиши шарт. Депутатнинг хулқ-атвори сайловчиларнинг парламент вакилларига ва умуман давлат ҳокимиятига бўлган ишончини мустаҳкамлашга ёрдам бериши керак. Сайловчилар билан шахсан мулоқот қилганда депутат касбий лаёқатлилик, ҳалоллик ва адолатлилик тимсоли бўлишга ҳаракат қилиши лозим.


18. Депутат ўз иши ҳақида сайловчиларни белгиланган тартибда вақти-вақти билан, шу жумладан оммавий ахборот воситаларидан фойдаланган ҳолда хабардор қилади. Депутат томонидан сайловчиларга тақдим этиладиган ахборот тўлиқ, тўғри ва холисона бўлиши керак.



IV. ОММАВИЙ ЧИҚИШЛАР ЧОҒИДАГИ

ДЕПУТАТЛИК ОДОБИ


19. Депутат оммавий ахборот воситаларида, матбуот конференцияларида, бошқа жамоат тадбирларидаги чиқишларида, омма олдидаги баёнотларида давлат органлари ва бошқа органларнинг, ташкилотларнинг, мансабдор шахсларнинг ва фуқароларнинг фаолиятини шарҳлаганда ўз нутқида уларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган қўпол, ҳақоратомуз ибора ва сўзларни қўллашга, асоссиз айбловларга йўл қўйишга, била туриб ёлғон ва нотўғри ахборотдан фойдаланишга, қонунга хилоф хатти-ҳаракатларга даъват этишга ҳақли эмас.


20. Агар депутатнинг омма олдидаги баёнотларида фуқароларнинг шаъни ҳамда қадр-қимматини камситадиган фикрлар мавжуд бўлса, депутат ўз фикрларининг янглишлиги ёки нотўғрилигини ошкора тан олиши ҳамда шаъни, қадр-қимматига ва ишчанлик обрўсига дахл қилинган фуқародан, агар қонун ҳужжатларида бошқа оқибатлар назарда тутилмаган бўлса, кечирим сўраши шарт.


21. Депутат бошқа депутатларнинг касбий ва шахсий жиҳатларини ошкора шубҳа остига қўймаслиги, танқид қилмаслиги лозим.


22. Депутат ўзига расман ваколат берилган ҳоллардагина Қонунчилик палатаси номидан сўзлаши мумкин.


23. Депутат расмий делегациялар таркибида чет давлатларда бўлган пайтида хизмат сафарининг мақсад ва вазифаларини рўёбга чиқаришга, Қонунчилик палатасининг нуфузи ва умуман давлат манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашиши, ўзи борган мамлакатнинг қонун ҳужжатларига ҳамда расмий ва норасмий тадбирларни ўтказиш чоғида умумий қабул қилинган одоб нормаларига риоя этиши керак.



V. ДЕПУТАТНИНГ МАҚОМИДАН ҒАЙРИҚОНУНИЙ

РАВИШДА ФОЙДАЛАНИШГА ЙЎЛ ҚЎЙИЛМАСЛИГИ


24. Депутатнинг ўз мақомидан фуқаролар, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларига зарар етказадиган тарзда фойдаланишига йўл қўйилмайди.


25. Депутат ўз мақомидан ўзи учун, шунингдек ўзининг қариндошлари ва ўзига яқин бошқа шахслар учун манфаат, хизматлар, тижоратга оид ёки бошқа наф олиш мақсадида, шахсий масалалар бўйича турли давлат органларига ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга мурожаат қилишда фойдаланмаслиги, касбга оид фаолиятни бажарганлигига боғлиқ ҳақ олмаслиги лозим.


26. Депутат депутатлик бланкаларидан фақат депутатлик ваколатларини амалга ошириш учун зарур бўлган расмий сўровлар ва бошқа ҳужжатлар учун фойдаланиши шарт.



VI. ДЕПУТАТЛИК ВАКОЛАТЛАРИНИ АМАЛГА

ОШИРИШИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ДЕПУТАТ

ТОМОНИДАН ОЛИНГАН МАЪЛУМОТЛАРНИНГ

ОШКОР ЭТИЛМАСЛИГИ


27. Депутат депутатлик ваколатларини амалга ошириши муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган маълумотларни, агар ушбу маълумотлар:

Қонунчилик палатаси, фракция, депутатлар гуруҳи, қўмита ва комиссиянинг ёпиқ мажлисларида кўриб чиқилган масалаларга тааллуқли бўлса;

давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирга тааллуқли бўлса;

депутатнинг дахлсизлигини чеклашга ёки депутат томонидан ушбу Қоидаларнинг бузилганлиги билан боғлиқ бўлса;

сайловчининг ёки бошқа шахснинг шахсий ҳаётига оид сири бўлса ва депутатга уларни ошкор этмаслик шарти билан ишониб маълум қилинган бўлса, ошкор этмаслиги лозим.


28. Депутат давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар томонидан ўзига тақдим этилган расмий хизматга оид маълумотдан шахсий наф кўриш учун фойдаланишга ҳақли эмас.



VII. ХИЗМАТДАН ТАШҚАРИ ВАҚТДАГИ

ДЕПУТАТЛИК ОДОБИ


29. Депутат хизматдан ташқари вақтда депутатнинг юксак номига доғ туширадиган, ўзининг шаъни, қадр-қиммати ва касбий обрўсига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг нуфузига ва умуман давлат манфаатларига путур етказадиган хатти-ҳаракатлардан тийилиши шарт.

Шахсий ўзаро муносабатларда депутат ўзини камтар, ҳалол, хушмуомала тутиши ва ҳеч кимга нисбатан қўпол муносабатда бўлмаслиги лозим.


30. Кундалик турмушда одоб нормаларига риоя этиш ушбу Қоидаларнинг ажралмас қисмидир.

Депутат кийиниши услубининг сиполиги ва камтароналиги билан ажралиб туришига ҳаракат қилиши шарт. Депутат айниқса депутатлик ваколатларини амалга ошириш чоғида ортиқча ғашга тегадиган кийим-бош киймаслиги, безаклар ва бошқа аксессуарлар тақмаслиги керак.



VIII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


31. Ушбу Қоидалар бузилган тақдирда депутатнинг хулқ-атвори тўғрисидаги масала Комиссия томонидан кўриб чиқилиши ёки Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун киритилиши мумкин.

Комиссия ушбу Қоидаларни бузган депутатга нисбатан қуйидаги таъсир кўрсатиш чораларини қўллашга ҳақли:

депутатга ушбу Қоидаларни бузишга йўл қўйилмаслигини кўрсатиб ўтган ҳолда огоҳлантириш бериш;

депутатдан Комиссиянинг ёки Қонунчилик палатасининг мажлисида узр сўрашни талаб этиш.

Комиссия депутат томонидан ушбу Қоидаларнинг бузилишига йўл қўйилганлиги фактини Қонунчилик палатаси мажлисида ўқиб эшиттириши мумкин.


32. Қонунда назарда тутилган алоҳида ҳолларда депутатнинг ваколатлари Қонунчилик палатасининг қарори билан муддатидан илгари тугатилиши мумкин. Бундай масалани кўриб чиқиш учун депутатнинг юксак номига доғ туширадиган хулқ-атвор асос бўлиши мумкин.


33. Депутат томонидан умумий қабул қилинган одоб нормаларини, депутатлик одобини қўпол тарзда бузадиган, депутатнинг юксак номига доғ туширадиган ва давлат ҳокимияти вакиллик органларининг обрўсига путур етказадиган хатти-ҳаракатлар, ножўя ишлар содир этилган тақдирда, у қонунда белгиланган тартибда чақириб олиниши мумкин.



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси",

2015 йил, 4-сон, 150-модда









































Время: 0.0084
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск