язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2019 й./ Тадбиркорлик/ Инвестициялар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 13.08.2019 й. 671-сон "Ғиждувон" эркин иқтисодий зонаси ҳудудини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

13.08.2019 й.

N 671




"ҒИЖДУВОН" ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ

ЗОНАСИ ҲУДУДИНИ КЕНГАЙТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


"Ғиждувон" эркин иқтисодий зонаси ҳудудини кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий қилиш, тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратиш ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини зарур муҳандислик-коммуникация ва инфратузилмага эга бўлган ҳудудларда жойлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг Бухоро вилояти Когон шаҳри ва Когон туманидан 200 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган бўш турган ер участкаларини ажратиш ҳисобига "Ғиждувон" эркин иқтисодий зонаси ҳудудини кенгайтириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси, "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ, "Ўзтрансгаз" АЖ, "Ғиждувон" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси билан биргаликда Когон шаҳри ва Когон тумани ҳудудини, шунингдек, "Ғиждувон" эркин иқтисодий зонаси иштирокчиларининг ишлаб чиқариш майдонларини ташқи йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан кафолатли таъминласин.


3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Молия вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси, "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ, "Ўзтрансгаз" АЖ, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ, Бухоро вилояти ҳокимлиги билан биргаликда:

икки ой муддатда "Ғиждувон" эркин иқтисодий зонасининг Когон шаҳри ва Когон тумани ҳудудида транспорт, ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурининг параметрларини шакллантиришда "Ғиждувон" эркин иқтисодий зонасининг тасдиқланган бош режаси асосида транспорт, ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда "Ғиждувон" эркин иқтисодий зонаси дирекцияси маъмурий биносини қуриш учун капитал қўйилмалар лимитларини ҳамда зарур марказлаштирилган инвестициялар ажратилишини назарда тутсин.


4. "Ғиждувон" эркин иқтисодий зонасининг бош режасини ишлаб чиқиш бўйича қуйидагилар:

Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати" ИК" ДУК - буюртмачи этиб;

танлов асосида аниқланган лойиҳа ташкилоти - бош лойиҳа ташкилоти этиб;

Бухоро вилоятининг маҳаллий бюджети маблағлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар - молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.


5. Бухоро вилояти эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг маъмурий кенгаши Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва тижорат банклари билан биргаликда:

икки ой муддатда Бухоро вилояти иқтисодиётининг эҳтиёжлари, шунингдек, мавжуд минерал-хомашё, қишлоқ хўжалиги ресурсларини ва инфратузилмани инобатга олган ҳолда, "Ғиждувон" эркин иқтисодий зонаси ҳудудида импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар турларини ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш бўйича манзилли дастурни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

"Ғиждувон" эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ўзлаштириш учун таклиф қилинаётган импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар турлари тўғрисидаги маълумотларнинг мунтазам равишда тадбиркорлик субъектларига етказилишини таъминласин;

"Ғиждувон" эркин иқтисодий зонаси ҳудудида лойиҳаларни амалга ошириш учун тадбиркорлик субъектларини жалб этиш, улар билан тизимли ишларни олиб бориш, шунингдек, "Ғиждувон" эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ишлаб чиқаришларни жойлаштириш бўйича инвестиция буюртманомаларини сифатли ва ўз вақтида кўриб чиқсин;

"Ғиждувон" эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳаларининг бизнес-режаларини ишлаб чиқишда тадбиркорлик субъектларига кўмаклашиш бўйича тегишли чоралар кўрсин.

Амалга оширилган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ва натижадорлиги тўғрисида ахборот Вазирлар Маҳкамасига 2019 йил 15 октябрь ва 2020 йил 15 январга қадар берилсин.


6. Бухоро вилояти ҳокимлиги "Ғиждувон" эркин иқтисодий зона дирекцияси учун Когон шаҳар ҳокимлиги маъмурий биносидан текин фойдаланиш ҳуқуқи билан зарур инвентарлар билан жиҳозланган хизмат хоналари ажратилишини таъминласин.


7. Вазирлар Маҳкамасининг "Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлар тўғрисида" 2017 йил 10 апрелдаги 196-сон қарорига иловага мувофиқ ўзгартириш киритилсин.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари Э.М. Ганиев ва Бухоро вилояти ҳокими Ў.И. Барноев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                              А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 13 августдаги

671-сон қарорига

ИЛОВА



Вазирлар Маҳкамасининг "Эркин иқтисодий зоналар

фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлар тўғрисида"

2017 йил 10 апрелдаги 196-сон қарорига

киритилаётган ўзгартиришлар


Вазирлар Маҳкамасининг "Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлар тўғрисида" 2017 йил 10 апрелдаги 196-сон қарорига 1-иловасининг II бўлими қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:


"II. "Ғиждувон" ЭИЗга кирувчи ҳудудлар рўйхати:


1. Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидаги Ғиждувон шаҳри.

2. Когон тумани "Беклар" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ер майдонлари қуйидаги чегаралар билан:

шимолий томондан - Когон шаҳридаги аҳоли пункти, Когон туманидаги Зиработ тўлиқ ширкати ерлари, "Эдгар Реал Плюс" фермер хўжалигига қарашли ерлар;

шарқий томондан - Когон шаҳри темир йўллари билан Бухоро-Қарши темир йўл тармоғи;

жанубий томондан - Когон туманидаги "Юсуф ота" фермер хўжалигига қарашли, 39004-сон ҳарбий қисм ва "Қосимбобо" фермер хўжалигига қарашли ерлар;

ғарбий томондан - Когон туманидаги захира ерлари ва ва коллектор (захкаш).

3. Когон шаҳри ер майдонлари қуйидаги чегаралар билан:

шимолий томондан - Когон шаҳридаги аҳоли пунклари ;

шарқий томондан - Когон шаҳардаги ички йўл орқали аҳоли пункти;

жанубий томондан - Когон тумани захирасидаги ерлар;

ғарбий томондан - Когон шаҳридаги аҳоли пунклари.

Жами: 267,5 гектар"



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 14 август