Внимание!

NB! Айни вактда мазкур хужжатга ўзгартишлар киритилмокда.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Олий таълим / Қишлоқ ва сув хўжалиги тармоғи олий ўқув юртлари /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.08.2019 й. ПҚ-4421-сон "Тошкент давлат аграр университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

19.08.2019 й.

N ПҚ-4421



ТОШКЕНТ ДАВЛАТ АГРАР

УНИВЕРСИТЕТИ ФАОЛИЯТИНИ

ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳудудларни ривожлантириш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали кадрлар тайёрлаш, соҳага халқаро таълим стандартлари ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Амалга оширилган ислоҳотлар ўқув-тарбиявий жараён сифатини ошириш, уни инновацион мазмун билан тўлдириш, талабаларда мустақил равишда янги билимларни эгаллаш кўникмасини шакллантиришга имкон яратди.

Шу билан бирга, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг узвий интеграцияси, кадрлар тайёрлашда аграр соҳа тармоқлари билан яқин ҳамкорликни кучайтириш, илмий-тадқиқот натижаларини тарғиб ва жорий қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш талаб этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 апрелдаги ПФ-5708-сон "Қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонининг ижросини таъминлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳаси ва тармоқларида малакали кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциясини таъминлаш мақсадида:


1. Тошкент давлат аграр университети (кейинги ўринларда - Университет) ва унинг филиалларида қишлоқ хўжалиги таълими ва илм-фанини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:

қишлоқ хўжалигида инновацион ресурстежамкор технологияларни қўллаш, "ақлли қишлоқ хўжалиги" (Smart agriculture) ва рақамлаштирилган агротехнологияларни жорий қилиш бўйича замонавий билимларга эга бўлган кадрлар тайёрлаш;

ўқув-лаборатория базасини модернизациялаш, фан дастурларида соҳа бўйича замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, юқори унумли ва ресурстежамкор илғор технологиялар соҳасидаги билимларни шакллантиришга қаратилган вазифаларни акс эттириш;

хорижий илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчилар, илмий ва илмий-педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва стажировкаларини ташкил этиш;

илмий-тадқиқот институтлари, манфаатдор вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш;

Университет ва унинг филиаллари ахборот-маслаҳат марказлари орқали қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришидаги тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича "ахборот - маслаҳат маркази - кафедра - қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиси" тизимини жорий этиш;

профессор-ўқитувчилар, илмий-тадқиқотчилар ва талабаларнинг инновацион технологияларни яратиш ҳамда жорий этиш борасидаги ташаббускорлиги ва моддий манфаатдорлигини ошириш;

ўқув машғулотлари, малакавий амалиётларни ўтишда талабаларни инновацион ва янгича фикрлашга йўналтирадиган янги ўқитиш технологиялари ҳамда интерфаол услубларни, шу жумладан талабаларнинг мустақил изланишини таъминловчи механизмларни кенг жорий этиш;

қишлоқ хўжалиги ва унинг тармоқлари учун кадрлар тайёрлашнинг узвий тизимини яратиш, бириктирилган академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари таълим дастурларининг узлуксизлиги ва изчиллигини таъминлаш.


2. Қуйидагилар:

Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиаллари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича "йўл харитаси" 1-иловага мувофиқ;

Тошкент давлат аграр университети, унинг филиаллари ва Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ташкил этиладиган янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари рўйхати 2-иловага мувофиқ;

Тошкент давлат аграр университети, унинг филиаллари ва Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтидаги таълим йўналишлари, мутахассисликларига бириктирилаётган илмий-тадқиқот муассасалари рўйхати 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Қишлоқ хўжалиги соҳасида фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш таркиби 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин ҳамда унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

маъмурий бўйсунишидан қатъий назар қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳамда унинг тармоқлари бўйича изланишлар олиб бораётган, кадрлар тайёрловчи илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;

қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этиш;

қишлоқ хўжалиги соҳасидаги талаб ва илғор хорижий тажрибалар асосида олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида Давлат таълим стандартлари, ўқув режа ва дастурларини тизимли равишда такомиллаштирилишини таъминлаш.

Белгилансинки, Университет қишлоқ хўжалиги соҳасида юқори малакали илмий-педагог кадрлар ва мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича таянч олий таълим муассасаси ҳамда Қишлоқ хўжалиги соҳасида фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади.


4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:

тажриба-синов тариқасида Университетнинг 5411500 - Ўсимликлар ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари карантини бакалавриат таълим йўналишида таълимнинг кредит тизимини босқичма-босқич жорий этиш;

Университетнинг 2-босқич талабалари орасидан саралаб олинган иқтидорли талабалар учун таълимнинг алоҳида дастурлари асосида ўқитиладиган махсус гуруҳлар ташкил этиш. Бунда давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурлари хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқилади;

қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирларнинг мавсумийлигини инобатга олиб, диссертацияларда икки йиллик илмий-амалий дала тажрибаси натижаларининг қамраб олинишини таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги магистратура мутахассисликлари ўқув жараёнини январь ойидан бошлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Бунда таълимнинг кредит тизимида талабалар учун ҳафтада беш кунлик ўқиш ҳамда ҳафтанинг шанба куни мустақил ўзлаштириш куни деб белгилансин.


5. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан унинг асосланган таклифлари асосида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг ишлаб чиқилган Давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режалари ва фан дастурларини тасдиқлаш ҳамда ўқув жараёнига босқичма-босқич жорий этиш Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади;

Университет ва унинг филиаллари профессор-ўқитувчилари ўқув, илмий-тадқиқот, маънавий-маърифий, ташкилий-методик ишлардан ташқари вазирлик ҳамда идораларнинг бошқа ишларига жалб этилмайди, шартнома доирасида кўрсатиладиган хизматлар бундан мустасно.


6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

а) Тошкент давлат аграр университети ва Нукус, Андижон, Термиз филиаллари тузилмасини қайта кўриб чиқиб, тасдиқланишини таъминласин;

б) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда икки ой муддатда Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиалини ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

в) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда:

Университет қошидаги Қибрай академик лицейи ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимига ўтказилаётган қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежлари негизида олий таълим тизими билан интеграциялашган техникумлар ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;

2020 йил 1 августга қадар техникумларни тамомлаган битирувчилар учун бакалавриатнинг 3 йиллик махсус таълим дастурларини ишлаб чиқсин ва амалиётга жорий этсин;

г) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

Университет ва унинг филиаллари талабаларининг малакавий амалиётларини етакчи корхона, ташкилот ва қишлоқ хўжалиги кластерларида сифатли ўтказилишини таъминласин ва мониторингини олиб борсин;

икки ой муддатда агросаноат мажмуи таркибидаги корхона, ташкилот ва муассасаларни раҳбар кадрлар билан таъминлаш мақсадида Университетда "Агробизнес ва бошқарув" йўналишида захира кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;

бир ой муддатда Университет ва унинг филиалларида кириш учун белгиланган қабул чегарасидан кам балл тўплаган абитуриентлар учун оширилган тўлов-контракт миқдорини икки бараварга камайтириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига таклиф киритсин.


7. Белгилаб қўйилсинки, техникумда:

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими даражасида кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида кадрлар тайёрланади ва олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишлари билан интеграциялашган кичик бакалаврлар (Associate degree) тайёрлаш бўйича таълим дастурлари амалиётга жорий этилади;

кичик бакалавр (Associate degree) таълим дастурларини тамомлаган битирувчилар 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш синовларисиз суҳбат ўтказиш орқали бакалаврлар тайёрлашнинг махсус уч йиллик дастури бўйича ва ўқиш тугаганидан сўнг тақсимотга мувофиқ уч йил давомида узлуксиз ишлаб бериш мажбуриятини олган ҳолда Университет ва унинг филиалларига ўқишга кириш ҳуқуқига эга бўлади;

фаолиятни молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети, вазирлик, идоралар, йирик иш берувчилар ҳамда буюртмачиларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, халқаро молия институтларининг маблағлари ва ўқувчиларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар ҳисобланади;

якуний давлат аттестациясидан муваффақиятли ўтган битирувчиларга давлат намунасидаги диплом ва тегишли касблар бўйича белгиланган тартибда разрядлар берилади;

ўқувчиларни қабул қилиш параметрлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.


8. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг давлат-хусусий шериклик шартлари асосида, ташаббускорлар маблағлари ҳисобига Университет ва унинг филиалларида "Кичик инновацион корхона"ларни тажриба-синов тариқасида ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


9. Университет:

хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасаларида синовдан ўтган тажрибаларни ўрганган ҳолда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб университетда раҳбар кадрлар ҳамда профессор-ўқитувчилар фаолияти самарадорлигининг баҳолаш тизимини жорий этсин;

уч ой муддатда Университетни 2025 йилга қадар дунёнинг нуфузли 1000 та олий таълим муассасалари рўйхати (QS рейтинг тизими)га киритиш бўйича "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этсин;

бир ой муддатда Университет ва унинг филиаллари уставларини тасдиқланишини ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда университетнинг 5411500 - Ўсимликлар ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари карантини таълим йўналишида таълимнинг кредит тизимини жорий қилиш тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда тажриба-синов тариқасида Агробиология факультетини Тошкент давлат аграр университети таркибида мустақил фаолият юритадиган юридик шахс сифатида ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;

Университет ва унинг филиаллари ҳузурида ташкил этиладиган "Кичик инновацион корхона"лар ўртасида тузиладиган шартноманинг намунавий шаклини ишлаб чиқсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Д. Вахабов зиммасига - қарордаги вазифаларнинг ижроси ва мониторинги олиб борилишини таъминлашга, маъмурий бўйсунишидан қатъий назар илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев, Университет ректори Б.А. Сулаймонов зиммасига - қарор ижросини бевосита таъминлаш, университетга замонавий таълимнинг кредит тизимини татбиқ этиш, илмий изланишлар натижаларини тижоратлаштириш, фан-таълим ва ишлаб чиқаришни узвий интеграциялаш, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тажриба-синов тариқасида "Кичик инновацион корхона"ларни ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев, Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига - таълимнинг кредит тизимидаги ва Университетнинг 2-босқич талабалари орасидан саралаб олинган иқтидорли талабалар учун таълимнинг алоҳида дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда Университет қошидаги Қибрай академик лицейи ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимига ўтказилаётган қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежлари негизида техникумлар ташкил этиш чора-тадбирларини кўриш бўйича жавобгарлик юклансин.

11. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 19 августдаги

ПҚ-4421-сон қарорига

1-ИЛОВА



Тошкент давлат аграр университети ва

унинг филиаллари фаолиятини янада

такомиллаштириш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"

Тадбирлар номи

Амалга

ошириш шакли

Ижро муддати

Масъул ижрочилар

I. ТОШКЕНТ ДАВЛАТ АГРАР УНИВЕРСИТЕТИ ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ, ТАЪЛИМ СИФАТИНИ ОШИРИШ ВА

МОДДИЙ-ТЕХНИКА БАЗАСИНИ МУСТАҲКАМЛАШ

Тошкент давлат аграр университети (кейинги ўринларда Университет деб аталади) ва унинг Нукус, Андижон, Термиз филиаллари тузилмасини ва уставларини янгидан тасдиқлаш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

2019 йил

сентябрь

Университет ва унинг филиаллари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Университетни республикамиз қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича етакчи олий таълим муассасасига айлантириш ва келгусида ривожлантириш.

Бунда, қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда Университетнинг 2024-2030 йилларга мўлжалланган Инновацион ривожланиш стратегиясини тасдиқлашни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритиш:

қишлоқ хўжалиги соҳаси учун юқори малакали рақобатбардош кадрлар тайёрлаш;

қишлоқ хўжалигида инновацион ресурс тежамкор технологияларни қўллаш, "ақлли қишлоқ хўжалиги" (Smart agriculture) ва рақамлаштирилган агротехнологияларни жорий қилиш;

республикамиз тупроққлим шароитига мос қишлоқ хўжалиги экинларининг селекцияси ва уруғчилиги бўйича марказни ташкил этиш;

стартап-лойиҳаларни амалга ошириш орқали қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантириш;

илғор ва илмий ҳажмдор технологияларни жорий этиш учун технопарклар ва илмий ишлаб чиқариш кластерларини ташкил этиш;

илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик и технологик ишлар натижаларни кенг жорий этиш учун амалдаги таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси механизмини такомиллаштириш.

Вазирлар Маҳкамаси

қарори лойиҳаси

2020 йил

апрель

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар, Университет ва унинг филиаллари

Буюртмачилар талаби ва хорижий тажриба асосида мавжуд ҳамда янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг малака талаблари, ўқув режаларини ишлаб чиқиш ва ўқув жараёнига татбиқ этиш.

Комплекс

чора-тадбирлар

2019 йил

сентябрь

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Университет ва унинг филиаллари

Университет ва унинг филиаллари ахборот-маслаҳат марказлари (extension center) орқали қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришидаги тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича "ахборот-маслаҳат маркази - кафедра - қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиси" тизимини жорий этиш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

2019 йил

сентябрь

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Университет ва унинг филиаллари

Таълим жараёни учун ўқув адабиётларининг янги авлодини яратиш ва жорий этиш ҳамда ахборот-ресурс марказлари фондларини мунтазам янгилаб бориш. Бунинг учун ўқув, илмий, услубий адабиётларни тайёрлаш, таҳрир қилиш ва нашрдан чиқариш бўйича тартибни ишлаб чиқиш.

Бунда, қуйидагиларни назарда тутиш:

ўқув, илмий, услубий адабиётлар муаллифларини муносиб моддий рағбатлантириш ва улар учун тегишли шарт-шароитлар яратиш;

дарслик ва ўқув қўлланмалар, илмий, услубий адабиётларни нашр қилиш учун Университет ва унинг филиаллари харажатлари сметасига мунтазам маблағ ажратиш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

2019 йил

ноябрь

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Университет ва унинг филиаллари

Профессор-ўқитувчилар, ёш тадқиқотчилар, талабалар учун илғор бадиий, илмий ва ўқув адабиётлар электрон каталогларидан ҳамда жаҳон таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш.

Бунда:

халқаро (РФ, Корея Республикаси, Япония, Германия, Хитой ва ушбу соҳада етакчи бошқа мамлакатлар) илғор тажрибаларни ўрганиш асосида Университетнинг Ахборот-ресурс маркази фойдаланувчилари учун комплекс электрон хизматлар кўрсатувчи замонавий автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиш;

веб ва булутли технологиялар асосида кутубхонанинг рақамли ресурсларини электрон каталогини яратиш;

RFID технологияси асосида кутубхона фондини рўйхатга олиш, ҳисобга қўйиш, тарқатиш ва ҳимоялаш тизимини яратиш;

китобларни ҳисобга қўйиш, тарқатиш ва қайтариш учун автоматлаштирилган электрон киоскларни жорий этиш;

китобларни тезкор рақамлаштириш технологиясини жорий этиш;

хорижий кутубхона ресурсларидан эркин фойдаланиш шароитларини яратиш, жумладан республика олий таълим муассасалари учун;

электрон ва қоғоз шаклидаги халқаро илмий ва ўқув нашрларига обуна бўлишни ташкил қилиш.

Комплекс

чора-тадбирлар

2020 йил

август

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Университет ва унинг филиаллари

Таълим сифатини ва илмий тадқиқотлар натижадорлигини ошириш мақсадида олий таълим муассасалари ва унинг филиалларини замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

Режа-график

асосида

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар, Университет ва унинг филиаллари

Қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган халқаро лойиҳалар ҳисобидан олиб келинадиган қишлоқ хўжалик техникалари, ўқув-лаборатория жиҳозлари, автотранспорт воситаларини божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод қилиш чораларини кўриш.

Вазирлар Маҳкамаси

қарори лойиҳаси

2020 йил

январь



Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Молия вазирлиги, Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиаллари

Университет ва унинг филиалларида таҳсил олаётган талаба магистрларни келишув асосида Германия, Корея Республикаси, Хитой, Россия каби ривожланган давлатларнинг олий таълим муассасалари ва халқаро молия ташкилотлари орқали ишлаб чиқариш амалиётларига ҳамда стажировкаларга юбориш.

Комплекс

чора-тадбирлар

2020 йил

февраль

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Университет ва унинг филиаллари

Таълим сифатини ва илмий тадқиқотлар натижадорлигини ошириш мақсадида университет ва унинг филиалларини ўқув-лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш. Бунда, Университетнинг 7 та ўқув лабораториясини, Андижон филиалининг 9 та, Нукус филиалининг 11 та, Термиз филиалининг 10 та ўқув лабораторияларини жиҳозлар билан таъминлаш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

Режа-график асосида

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар, Университет ва унинг филиаллари

Хориждаги рейтинги юқори бўлган энг яхши олий таълим муассасаларининг малакали профессор-ўқитувчилари ва мутахассисларини ўқув жараёни ва малака ошириш курсларига жалб этиш.

Комплекс чора-тадбирлар

2020 йил

февраль

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Университет ва унинг филиаллари

Хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш ҳамда илмий-педагогик фаолият бўйича ҳамкорлик шартномалари тузиш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

Режа-график

асосида

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Университет

Хорижий олий таълим муассасаларидан ўқув жараёни ва малака ошириш курсларига жалб этиладиган педагог-ходимлар ва мутахассислар рўйхатини аниқлаш ҳамда уларни белгиланган муддатларда ўқув жараёни ва малака ошириш курсларига жалб этиш, улар иштирокида онлайн видео-семинарлар, вебинарлар ўтказиш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

Режа-график

асосида

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Университет ва унинг филиаллари

Масофавий ўқитиш шаклини жорий этиш орқали тингловчилар ва педагог кадрларнинг мустақил таълим олиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш.

Университет томонидан халқаро стандартларга асосланган Ягона интеграллашган масофавий ўқитиш аппарат-дастурий комплексини ишлаб чиқиш. Бунда:

масофавий таълим хизматлари портали (веб илова);

онлайн ўқув смарт аудиториялари;

назарий ва амалий машғулотларни масофавий ўтказиш учун виртуал кабинет;

Университетнинг етакчи профессор-ўқитувчилари маърузаларининг аудиовизуал таълим контентини ҳамда мультимедиа таълим маҳсулотларини (аудиокитоблар, 3D, VR ва бошқалар) ишлаб чиқарувчи махсус студиялар ва мутахассислар штати белгиланган медиа марказ;

2021 йилдан бошлаб Университет профессор-ўқитувчилари томонидан ўтказиладиган машғулотларни (маъруза, лаборатория машғулотлари, семинарлар ва бошқалар) марказлашган каталогини серверларда шакллантириш ва умумий фойдаланиш учун онлайн трансляция қилишга мўлжалланган электрон платформа ишлаб чиқиш назарда тутилади.

Комплекс

чора-тадбирлар

2020 йил

сентябрь

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Университет ва унинг филиаллари

Хорижий етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда илмий адабиётлар яратиш, халқаро грант лойиҳаларида иштирок этиш.

Комплекс чора-тадбирлар

доимий

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Университет

Университет ва унинг филиаллари илмий салоҳиятини ошириш мақсадида таянч докторантурага ихтисосликлар бўйича қабул квотасини ошириш ҳамда филиаллар учун мақсадли қабулни ташкил этиш юзасидан Инновацион ривожланиш вазирлигига асосланган таклифларни тақдим этиш.

Университет ва унинг филиалларида илмий-педагог кадрлар томонидан PhD ва DcS диссертацияларини ҳимоя қилиш режасини ишлаб чиқиш ҳамда 2025 йилга қадар илмий салоҳиятини 55-60 фоизга етказиш.

Комплекс

чора-тадбирлар

2019 йил

ноябрь

Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Университет ва унинг филиаллари

Халқаро алоқалар ўрнатилган хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда тор ихтисосликлар бўйича мақсадли докторант ва магистрлар тайёрлашни йўлга қўйиш. Бунда 2019-2021 йилларда 18 нафар PhD, 45 нафар магистратура йўналишига профессор-ўқитувчилар ва талабаларни ўқишга юбориш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

Режа-график

асосида

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди" жамғармаси, Университет

Университет ва унинг филиаллари фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқарув ва статистик маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш ҳамда мониторинг қилишга мўлжалланган ахборот тизимини яратиш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

2020 йил

май

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Университет ва унинг филиаллари

Университет томонидан коммунал тўловлар (иссиқ сув, иситиш тизими, ичимлик сув)ни иқтисод қилиш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида Университет ҳудудида замонавий 7 та қозонхона ҳамда 4 та ер остидан сув чиқариш иншоотларини қуриш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

2020 йил

февраль-ноябрь

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Университет

II. ТОШКЕНТ ДАВЛАТ АГРАР УНИВЕРСИТЕТИНИНГ НУКУС, АНДИЖОН,

ТЕРМИЗ ФИЛИАЛЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ,

ТАЪЛИМ СИФАТИНИ ОШИРИШ ВА МОДДИЙ-ТЕХНИКА

БАЗАСИНИ МУСТАҲКАМЛАШ

Университетнинг филиалларига қарашли ер майдонлари ва биноларда давлат-хусусий шериклик асосида "Eco agro indastrius nou hau МЧЖ томонидан замонавий ноу-хау технологияларни қўллаган ҳолда "Агроэкотуризм" базасини ҳамда анор, узум, қулупнай ва малина етиштириш бўйича кластерларни ташкил этиш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

2019 йил

ноябрь

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, "Eco agro indastrius nou hau МЧЖ, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Университет ва унинг филиаллари

Университетнинг Андижон филиалида "Тупроқ остидан суғоришни қишлоқ хўжалиги экинларига қўллашни илмий асослаш" лойиҳасини амалга ошириш.

Комплекс

чора-тадбирлар

2020 йил

март

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Университетнинг Андижон филиали, Андижон вилояти ҳокимлиги

Университетнинг Андижон филиалида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг фонди билан ҳамкорликда қишлоқ хўжалигида қиймат занжири лойиҳаси доирасида интенсив мевали боғ ташкил этиш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

2020 йил

март

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги, Университетнинг Андижон филиали

Университетнинг Андижон филиалида Белоруссия йўл-қурилиш ва қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарувчи "Блюминг" корхонаси билан ҳамкорликда халқаро замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари намойишини ташкил қилиш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

2019 йил

15 сентябрь

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Андижон вилояти ҳокимлиги, Университет


Университетнинг Нукус филиалида Япониянинг OYO корпорацияси билан ҳамкорликда "Ўзбекистонда чўлнинг олдини олиш мақсадида кўкаламзорлаштириш" лойиҳасини амалга ошириш.

Комплекс

чора-тадбирлар

Режа-график

асосида

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Университетнинг Нукус филиали

Чорвачилик, балиқчилик маҳсулотлари, мева-сабзавот, мойли экинлар, доривор ўсимликларни қайта ишлаш, қадоқлаш бўйича замонавий мини цехларни ташкил этиш.

Ташкилий

чора-тадбирлар

Режа график

асосида

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Университет ва унинг филиаллари

Изоҳ. "Йўл харитаси"да назарда тутилган тадбирлар заруратга қараб ўзгартирилиши, бошқа бандлардаги ҳужжатлар билан бирлаштирилиши ёки бир неча турдаги ҳужжатларга бўлиниши мумкин.

Икки ва ундан ортиқ тадбирлар бирлаштирилган ҳолатларда ушбу тадбирлар учун белгиланган энг кечки муддат умумлаштирилган тадбирнинг ижро муддати ҳисобланади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида "йўл харитаси"да белгиланган тадбирларнинг мазмунига мос келадиган бошқа масалалар ҳам назарда тутилиши мумкин.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 19 августдаги

ПҚ-4421-сон қарорига

2-ИЛОВА



Тошкент давлат аграр университети, унинг филиаллари

ва Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар

институтида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ташкил

этиладиган янги бакалавриат таълим йўналишлари

ва магистратура мутахассисликлари

РЎЙХАТИ

I. Бакалавриат таълим йўналишлари


1. Қишлоқ хўжалигида рақамли технологиялар


2. Агротуризм


3. Қишлоқ хўжалигида кооператив бошқарув


4. Гидробиология


5. Ихтиология


6. Асаларичилик


7. Ветеринария медицинаси (ҳайвонот турлари бўйича)


8. Зооинженерия (қорамолчилик)


9. Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти


10. Тупроқ бонитировкаси ва ер ресурсларидан фойдаланиш


11. Агросаноатда технологик жараёнларни автоматлаштириш ва техник сервис


12. Агробизнес ва маркетинг



II. Магистратура мутахассисликлари


1. Агрологистика


2. Агробизнес ва инвестицион фаолият


3. Агросаноатда бухгалтерия ҳисоби ва иқтисодий таҳлил


4. Қишлоқ хўжалигида экологик хавфсизлик


5. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини стандартлаштириш ва сертификатлаштириш


6. Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти


7. Органик деҳқончилик ва озиқ-овқат хавфсизлиги


8. Ўсимликлар ҳимоясида мониторинг ва башорат


9. Субтропик ва цитрус мева экинлари


10. Қишлоқ хўжалиги биотехнологияси


11. Мева-сабзавот экинлари селекцияси ва уруғчилиги


12. Кластерларни бошқариш


Изоҳ. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиши мумкин.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 19 августдаги

ПҚ-4421-сон қарорига

3-ИЛОВА



Тошкент давлат аграр университети, унинг филиаллари

ва Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар

институтидаги таълим йўналишлари, мутахассисликларига

бириктирилаётган илмий-тадқиқот муассасалари

РЎЙХАТИ

Т/р

Таълим йўналишлари ва

мутахассисликлари номи

Бириктирилган илмий-тадқиқот

муассасалари номи

1.

5410200 - Агрономия (деҳқончилик маҳсулотлари турлари бўйича)

Пахта селекцияси, уруғчилиги ва

етиштириш агротехнологиялари ИТИ

5410400 - Қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилиги

5А410201 - Агрономия

5А410401 - Селекция ва уруғчилик (экин гуруҳлари бўйича)

2.

5410200 - Агрономия (деҳқончилик маҳсулотлари турлари бўйича)

Ўсимликшунослик ИТИ

5А410202 - Ўсимликшунослик (экин гуруҳлари бўйича)

3.

5411600 - Сабзавотчилик, полизчилик ва картошкачилик

Сабзавот, полиз экинлари ва

картошкачилик ИТИ

5411700 - Иссиқхона хўжалигини ташкил этиш ва юритиш

5А411001 - Сабзавотчилик ва полизчилик

5А411004 - Картошкачилик

5А411701 - Ҳимояланган ер мева-сабзавотчилиги

4.

5410200 - Агрономия (деҳқончилик маҳсулотлари турлари бўйича)

Шоличилик ИТИ

5А410202 - Ўсимликшунослик (экин гуруҳлари бўйича)

5.

5410300 - Ўсимликларни ҳимоя қилиш (экин турлари бўйича)

Ўсимликларни ҳимоя қилиш ИТИ

5411500 - Ўсимликлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари карантини

5А410301 - Ўсимликлар ҳимояси (усуллари бўйича)

5А410302 - Энтомология

5А410303 - Фитопатология

5А411501 - Ўсимликлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари карантини

6.

5411000 - Мевачилик ва узумчилик

М. Мирзаев номидаги боғдорчилик,

узумчилик ва виночилик ИТИ

5410500 - Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва дастлабки ишлаш технологияси (маҳсулот турлари бўйича)

5А411002 - Мевачилик

5А411003 - Узумчилик ва узумни дастлабки қайта ишлаш

5А410501 - Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва дастлабки ишлаш технологияси (маҳсулотлар турлари бўйича)

7.

5410100 - Агрокимё ва агротупроқшунослик

Тупроқшунослик ва агрокимё ИТИ

5А410101 - Агротупроқшунослик ва агрофизика (соҳалар бўйича)

5А410102 - Агрокимё

8.

5410900 - Ипакчилик ва тутчилик

Ипакчилик ИТИ

5А410901 - Ипакчилик

5А410902 - Тутчилик

9.

5410600 - Зооинженерия (балиқчилик)

Балиқчилик ИТИ

5А410606 - Балиқчилик

10.

5630300 - Қишлоқ хўжалигида экологик хавфсизлик

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ИТИ

11.

5410400 - Қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилиги

Генетика ва экспериментал биология ИТИ

5А410401 - Селекция ва уруғчилик (экин гуруҳлари бўйича)

12.

5411900 - Агробиотехнология

Геномика ва биоинформатика ИТИ

5А411005 - Мева-сабзавотчиликда биотехнология

13.

5410800 - Ўрмончилик

Ўрмончилик ИТИ

5411100 - Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш технологияси

5411200 - Манзарали боғдорчилик

5А410801 - Ўрмончилик

5А411101 - Доривор ўсимликларни етиштириш технологияси

5А411201 - Аҳоли яшаш жойларини кўкаламзорлаштириш ва ландшафтли дизайн

5А411202 - Манзарали боғдорчилик

14.

5233100 - Агросаноатда бухгалтерия ҳисоби

Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти ИТИ

5233200 - Агрологистика

5233300 - Агробизнес ва инвестицион фаолият

15.

5411800 - Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини стандартлаштириш ва сертификатлаштириш

Стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва

техник жиҳатдан тартибга солиш ИТИ





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 19 августдаги

ПҚ-4421-сон қарорига

4-ИЛОВА



Қишлоқ хўжалиги соҳасида фан, таълим ва

ишлаб чиқаришни интеграциялаш бўйича

мувофиқлаштирувчи кенгаш

ТАРКИБИ

    

1. Ш.М. Ғаниев

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, Кенгаш раиси

2. Ж.А. Ходжаев

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири, Кенгаш раисининг ўринбосари

3. У.Ш. Бегимкулов

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари

4. С.З. Мирзаев

Ўзбекистон Фанлар академиясининг вице-президенти

5. И.Ю. Абдурахмонов

Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири

6. Б.Ш. Усманов

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазири ўринбосари

7. А.Э. Равшанов

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари котибияти мудири

8. А.Х. Абдуллаев

Ўзбекистон Республикаси ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси

9. А.Ш. Хаитов

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси

10. Б.Т. Норқобилов

Ўзбекистон Республикаси ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси

11. Н.Ж. Бакиров

Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси

12. Б.Т. Қўчқоров

Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси

13. Б.А. Сулаймонов

Тошкент давлат аграр университети ректори

14. Б.Қ. Шарипов

"Ўзбекипаксаноат" уюшмаси раиси

15. О.М. Мусаев

"Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси раиси

16. Н.З. Фахрутдинов

Лимон етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси раиси

17. Э.А. Тошпўлатов

Картошка етиштирувчилар уюшмаси раиси

18. О.С. Мустафаев

Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги директори

19. Н.Э. Нажимов

Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги директори

20. Лавозим бўйича


Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази бош директори ўринбосари

21. А.И. Максудов

"Ўзпахтасаноат" АЖ бошқаруви раиси

23. Ф.Ж. Пулатов

"Ўздонмаҳсулот" АК бошқаруви раиси

24. Я.М. Абдураззоқов

"Ўзпаррандасаноат" уюшмаси раиси

25. Ш. Суярқулов

"Ўзбекистон асаларичилари" уюшмаси раиси

27. З.О. Файзиев

"Ўзбекозиқовқатзахира" уюшмаси раиси

28. Лавозими бўйича


Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги бош директори

29. К. Абдуллаев

Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси раиси

30. Р.Ў. Маматкулов

"Агробанк" АТБ бошқаруви раиси

31. Э.Ш. Торениязов

Тошкент давлат аграр университети Нукус филиали директори

32. Лавозим бўйича

Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ректори

33. Ч.Р. Бегимкулов

Тошкент давлат аграр университети Термиз филиали директори

34. Д.У. Мамадияров

Тошкент давлат аграр университети Буюртмалар портфелини шакллантириш, битирувчиларни ишга тақсимлаш ва мониторинг бўлими бошлиғи, Кенгаш котиби

  

Изоҳ. Кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар ёхуд зиммасига тегишли функциялар юкланган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 19 август


"Халқ сўзи", 2019 йил 20 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 26 август, 34-сон, 594-модда
















































Время: 0.2045
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск