ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти / Ўрта махсус таълим /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 17.08.2019 й. 682-сон "Самарқанд давлат университети ҳузурида аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаб ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

17.08.2019 й.

N 682




САМАРҚАНД ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ

ҲУЗУРИДА АНИҚ ВА ТАБИИЙ ФАНЛАРГА

ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН МАКТАБ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА



2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, умумий ўрта таълим сифатини тубдан ошириш, физика, математика, кимё, биология каби муҳим ва талаб юқори бўлгаи фанларни чуқурлаштирилган тарзда ўргатиш ҳамда истеъдодли ёшлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг Самарқанд давлат университети ҳузурида аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаб (кейинги ўринларда ихтисослаштирилган мактаб деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Қуйидагилар ихтисослаштирилган мактабнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

физика, математика, кимё ва биология фанлари бўйича иқтидорли ўкувчиларни танлаш, уларга замон талаблари даражасида чуқурлаштирилган билим бериш, олий таълим тизими учун юқори интеллектуал салоҳиятли ёшларни тайёрлаш;

ҳар бир иқтидорли ўкувчининг индивидуал камол топиши хусусиятларини инобатга олиб уларга профессор-ўқитувчиларни бириктириш, мустақил таълим олиш ҳамда илмий-ижодий иш билан шуғулланиш кўникмаларини шакллантириш ва истиқболда ривожлантириш;

иқтидорли ўқувчиларнинг республика ва халқаро танловларда муваффақиятли иштирок этишини ҳамда совринли ўринларни эгаллашини таъминлаш;

ихтисослаштирилган мактабда ўқувчилар учун юқори сифатли таълим жараёнини ташкил этиш;

таълим жараёнига ўқитишнинг инновацион ва самарали усулларини, ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасини, илғор педагогик ва ахборот технологияларини кенг жорий этиш;

юқори касб маҳоратига эга бўлган профессор-ўқитувчиларни жалб этган ҳолда ўқитиладиган умумтаълим фанлари бўйича махсус дарсликлар, электрон ўқув адабиётлари, методик ишланмалар яратиш, ўкувчиларнинг фан сирларини чуқур ўрганишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш.


3. Белгилаб қўйилсинки:

ихтисослаштирилган мактаб Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимидаги давлат умумтаълим муассасаси ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилик бўлинмасида шахсий ғазна ҳисобварағига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, штампга, бланкаларга эга бўлади;

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб ихтисослаштирилган мактабнинг 7-синфига физика-математика йўналиши бўйича 60 нафар ва кимё-биология йўналиши бўйича 60 нафар ўқувчи тегишлича физика-математика ва кимё-биология фанларидан ўтказиладиган танлов асосида қабул қилинади;

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирига ихтисослаштирилган мактабнинг моддий-техник базаси, имкониятлари, педагог кадрларнинг салоҳияти ҳамда мавжуд талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўкувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади;

ихтисослаштирилган мактаб битирувчиларига давлат намунасидаги умумий ўрта таълим тўғрисидаги расмий ҳужжатлар (шаҳодатнома, аттестат) берилади;

ихтисослаштирилган мактаб директори Самарқанд давлат университети ректорининг тавсиясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигининг:

Самарқанд шаҳар, Даҳбед кўчаси, 45-уй манзилида жойлашган Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан биргаликда ихтисослаштирилган мактабга;

Самарқанд шаҳар, Профессорлар кўчаси, 51-уй манзилида жойлашган Самарқанд молия ва иқтисодиёт коллежининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан биргаликда Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бериш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Белгилаб қўйилсинки:

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалининг биноларида таҳсил олаётган Самарқанд банк коллежининг ўқувчилари ўқишни битиргунларига қадар ихтисослаштирилган мактабга берилаётган биноларда;

Самарқанд молия ва иқтисодиёт коллежининг ўқувчилари ўқишни битиргунларига қадар Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалининг биноларида ўқув жараёнини давом эттирадилар.


5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тақдим этилган асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ 2020 йил ва келгуси йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантиришда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ ихтисослаштирилган мактабнинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш лойиҳалари ушбу дастурларга белгиланган тартибда киритилишини назарда тутсин.


6. Ихтисослаштирилган мактабнинг бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишлари бўйича:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси - буюртмачи этиб белгилансин;

бош лойиҳа ва бош пудратчи ташкилотлар белгиланган тартибда тендер (танлов) савдолари натижасида аниқлансин.


7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда:

икки ой муддатда ихтисослаштирилган мактабнинг уставини тасдиқласин ҳамда уни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш;

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб ихтисослаштирилган мактабни зарур ўқув-методик мажмуалар, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар, бадиий адабиётлар билан таъминлаш;

ихтисослаштирилган мактабга олий таълим муассасаларини тамомлаган иқтидорли педагог кадрларни жалб этиш чораларини кўрсин.


8. Самарқанд вилояти ҳокимлиги 2019 йил маҳаллий бюджет параметрларида 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб ихтисослаштирилган мактабни жорий сақлаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш учун зарур маблағларни назарда тутсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Самарқанд филиалини ташкил этиш тўғрисида" 2019 йил 28 майдаги 438-сон қарорининг 8-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов ҳамда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                             А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 17 август



































Время: 0.2123
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск