ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Кинематография /

Давлат буюртмаси бўйича ишлаб чиқарилган ва хориждан олиб кириладиган фильмлар дистрибуциясини амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.08.2019 й. 695-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 19 августдаги

695-сон қарорига

3-ИЛОВА



Давлат буюртмаси бўйича ишлаб чиқарилган

ва хориждан олиб кириладиган фильмлар

дистрибуциясини амалга ошириш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Давлат ижтимоий гранти асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва "Ўзбеккино" Миллий агентлиги ҳузуридаги Миллий кинематографияни ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағлари ҳисобига ишлаб чиқарилган ва хориждан олиб кириладиган фильмларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги дистрибуциясини амалга ошириш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


дистрибьютерлик фаолияти - фильмларни республика кинопрокат тармоғидаги кинотеатрларда ҳамда бошқа жой ва объектларда намойиш этиш учун ҳар қандай усул ва воситаларда етказиш;


дубляж - фильмнинг овозли нутқ қисмини асл тилдан бошқа тилга таржима қилиш орқали алмаштириш;


кинопрокат - фильмларнинг асл нусхасини ёки нусхаларини даромад олиш мақсадида вақтинчалик намойиш этиш учун бериш;


кинотеатр - фильмнинг оммавий намойиши учун кинотехнологик ускуналар билан жиҳозланган бино ёки унинг бир қисми;


пиар-компания - фильмга нисбатан жамоатчиликнинг ижобий фикри ва қизиқишларини оммавий ахборот воситалари орқали шакллантиришга қаратилган турли тадбирлар;


репертуар режа - республика кинопрокат тармоғидаги кинотеатрларда маълум бир даврда намойиш этилиши белгиланган фильмларнинг тасдиқланган рўйхати;


республика кинопрокат тармоғи - "Республика кинопрокат маркази" давлат унитар корхонаси базасидаги "Ўзбеккино" Миллий агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) тасарруфидаги давлат кинотеатрлари ва ихтиёрийлик асосида кинотеатрларидан ташкил топган кинотеатрлар тармоғи;


субтитр - асл тилдаги ёки дубляж қилинган фильмдаги овозли нутқ матнини кетма-кетликда бошқа тилда ёзувдаги таржимаси;


фильм - кинотеатр ва кинозалларда оммавий намойиш қилишга мўлжалланган аудиовизуал асар, телевидениеда намойиш қилишга мўлжалланган телефильм ёки телесериал бундан мустасно.


3. "Республика кинопрокат маркази" давлат унитар корхонаси, унинг Тошкент шаҳар ва вилоятлардаги филиаллари (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) давлат ижтимоий гранти асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Жамғарма маблағлари ҳисобига ишлаб чиқарилган ҳамда хориждан олиб кириладиган фильмларнинг кинопрокати бўйича дистрибьютерлик фаолиятини амалга оширувчи ваколатли ташкилот ҳисобланади. Тадбиркорлик субъектлари дистрибьютерлик фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириш ҳуқуқига эга.


4. Марказ тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар томонидан ишлаб чиқарилган ва хориждан олиб кириладиган фильмларнинг республика кинопрокат тармоғидаги кинопрокати бўйича дистрибьютерлик фаолиятини улар билан тузиладиган шартномалар асосида амалга ошириши мумкин.


5. Марказ Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 декабрдаги 1012-сон қарори билан тасдиқланган Фильмнинг оммавий намойишини амалга ошириш учун бир марталик рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ бериладиган тегишли рухсатномага эга фильмларнинг дистрибуциясини амалга оширади.


6. Фильмлар дистрибуциясини марказлашган ҳолда ва ягона репертуар режа асосида амалга ошириш мақсадида Марказ базасидаги давлат кинотеатрларининг бирлашишидан ва хусусий кинотеатрларнинг ўзаро манфаатли шартларга мувофиқ ихтиёрий қўшилишидан Республика кинопрокат тармоғи ташкил этилади.

Вазирлар Маҳкамасининг "2018-2019 йилларда замонавий кинотеатрлар тармоғини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 18 майдаги 372-сон қарорига мувофиқ қурилган кинотеатрлар Марказ базасида ташкил этиладиган Республика кинопрокат тармоғига киради.


7. Республика кинопрокат тармоғига кирмайдиган, мулкчилик шаклидан қатъий назар барча кинотеатрлар фильмлар намойишини кинокомпаниялар, кинопродюсерлар, дистрибьютерлар ва фильмга нисбатан бошқа ҳуқуқ эгалари билан тузилган шартномалар асосида мустақил амалга оширади.


8. Республика кинопрокат тармоғида давлат буюртмаси бўйича ишлаб чиқарилган ва хориждан олиб кириладиган фильмлар дистрибуциясини амалга ошириш иловадаги схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. РЕСПУБЛИКА КИНОПРОКАТ ТАРМОҒИДА

ДИСТРИБЬЮТЕРЛИК ФАОЛИЯТИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ


9. Республика кинопрокат тармоғидаги кинотеатрларда намойиш этиладиган фильмлар Марказ ҳузуридаги Методик кенгашнинг (кейинги ўринларда Методик кенгаш деб аталади) тавсияси асосида шакллантириладиган репертуар режага мувофиқ амалга оширилади.


10. Республика кинопрокат тармоғидаги кинотеатрларда намойиш этиладиган фильмларнинг репертуар режаси Агентлик бош директори билан келишилган ҳолда кинопрокати амалга ошириладиган фильмлар сонига қараб, ҳар чоракда камида 1 марта Методик кенгаш томонидан тасдиқланади. Зарурат бўлганда, репертуар режага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.


11. Методик кенгаш Республика кинопрокат тармоғидаги кинотеатрларда намойиш этиладиган фильмларнинг репертуар режадаги мақбул нисбатини белгилаш ва фильмларни профессионал баҳолаш мақсадида тузилади.

Методик кенгашнинг таркиби Марказ тавсиясига мувофиқ Агентлик бош директори томонидан тасдиқланади.


12. Методик кенгашнинг таркибига Марказнинг мутахассислари, кинотанқидчилар, кинокомпаниялар, кинотеатрлар вакиллари, дистрибьютерлар ва мустақил экспертлар жалб этилади.


13. Агентлик тизимидаги "Республика кинофонди" давлат унитар корхонасининг (кейинги ўринларда Республика кинофонди деб аталади) сақловида бўлган, давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқарилган фильмлар нусхаси Марказнинг буюртмасига асосан Республика кинопрокат тармоғида намойиш қилиш учун бепул берилади.


14. Республика кинофонди фонд сақловидаги фильмлар кинопрокатини амалга ошириш мақсадида учинчи шахсларга бериши ёки кинопрокати давом этаётган фильмларнинг Республика кинофондида сақланаётган оригинал ахборот ташувчиларидан кўчирган ҳолда тарқатиши ва (ёки) тижорат мақсадларида бошқа ҳар қандай усулда фойдаланиши мумкин эмас.


15. Марказ Республика кинофондидан белгиланган тартибда қабул қилиб олган фильмлар нусхасини репертуар режада белгиланган саналарда Республика кинопрокат тармоғидаги кинотеатрларга марказлашган ҳолда электрон ахборот ташувчиларда ва (ёки) оптик толали алоқа линияси орқали рақамли форматда етказиб беради.


16. Марказ фильмлар нусхасини Республика кинопрокат тармоғига кирмайдиган кинотеатрлар, телеканаллар, кабель ва сунъий йўлдош телевидениеси, Интернет, ижтимоий тармоқлар, йўловчи ташиш транспорт воситалари ва бошқа жой ва объектларда намойиш этиш учун ўзаро тузилган шартномаларда назарда тутилган шаклда ва воситаларда етказиб бериши мумкин.



3-БОБ. ФИЛЬМЛАР КИНОПРОКАТИ БЎЙИЧА

ДИСТРИБЬЮТЕРЛИК ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА

ОШИРИШДА РЕСПУБЛИКА КИНОПРОКАТ

МАРКАЗИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


17. Марказ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фильмлар кинопрокати бўйича дистрибьютерлик фаолиятини эркин ва тенг ҳуқуқлилик асосида амалга ошириш;

фильмлар кинопрокатини амалга ошириш учун юридик ва жисмоний шахслар билан дистрибьютерлик шартномалари тузиш;

кинопрокати амалга ошириладиган фильмларнинг реклама материаллари (постерлари, ТВ-роликлари, тизерлари, трейлери ва бошқа реклама маҳсулотлари) тайёрланишини ташкил қилиш;

фильмлар кинопрокати бўйича дистрибьютерлик фаолиятини амалга оширишда фильм материалларида ўзининг исми (номи)ни кўрсатиш;

фильмга нисбатан ҳуқуқ эгалари ёки фильмни прокатга бериш ҳуқуқига эга бўлган юридик ва жисмоний шахсларга фильмнинг оммавий намойишидан йиғилган маблағлар суммаси тўғрисида маълумот бериш;

кинопрокати амалга ошириладиган хорижий фильмларни ўзбек тилига, зарурат бўлганда, Ўзбекистонда яшаётган бошқа тилларга дубляж ёки субтитр қилиш.

Марказ қонун ҳужжатларида ва шартномаларда назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


18. Марказ қуйидагиларга мажбурдир:

фильмлар нусхасининг етарлилигини ва техник сифатини таъминлаш;

фильмни унинг оммавий намойиши ўтказиладиган кунга қадар оммавий намойиш билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахсларга етказиб бериш;

кинотеатрларда томошабинлар сонидан қатъий назар, фильмларнинг белгиланган миқдор ва сеансларда намойиш этилишини кузатиб бориш;

кинопрокати якунланган фильмлар нусхаларини шартномаларда назарда тутилган муддатларда фильмларнинг ҳуқуқий эгаси ёки бошқа сақловчиларга (архив фондларига) қайтарилишини таъминлаш;

дистрибьютерлик фаолиятини амалга оширишда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги ва бошқа қонун ҳужжатларига риоя этиш;

зўравонлик, порнографияни тарғиб қилувчи, шунингдек, мамлакатда хавфсизлик ва ижтимоий-сиёсий барқарорлик, фуқаролар тинчлиги, миллатлараро ва динлараро тотувликни ҳамда Ўзбекистон ҳақида нотўғри ахборот тарқатишни ва унинг тарихий, маданий ва маънавий қадриятларини бузиб кўрсатувчи фильмлар тарқалишига йўл қўймаслик.

Марказ қонун ҳужжатларида ва ўзлари тузган шартномаларда назарда тутилган бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.


19. Марказ давлат ижтимоий гранти асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Жамғарма маблағлари ҳисобига ишлаб чиқарилган фильмлар кинопрокати бўйича уларнинг рейтингини юритади. Паст рейтингга эга бўлган фильмлар бўйича Агентлик ҳузуридаги Бадиий кенгашга маълумот ва таклифлар киритади ҳамда оммавий ахборот воситаларида (интернет тармоқлари, газета, ва журналлар ва бошқаларда) белгиланган тартибда эълон қилиб боради.



4-БОБ. ДИСТРИБЬЮТЕРЛИК ФАОЛИЯТИНИ

АМАЛГА ОШИРИШДА ФИЛЬМЛАРНИНГ

РЕКЛАМА-ТАРҒИБОТИНИ АМАЛГА ОШИРИШ


20. Давлат ижтимоий гранти асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Жамғарма маблағлари ҳисобига ишлаб чиқарилган ва республика кинопрокат тармоғида кинопрокати амалга ошириладиган фильмларнинг рекламаси ҳамда телевидение, радио ва Интернет тармоқларидаги пиар-компанияси Марказ томонидан марказлашган ҳолда ташкил этилади.

Марказ фильмларнинг реклама-тарғиботи фаолиятини "Реклама тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларига мувофиқ амалга оширади.


21. Кинопрокати амалга ошириладиган фильмлар рекламасида, шу жумладан, фильм афишасида, кириш чипталарида ёшга доир чекловлар кўрсатилиши, фильмда алкоголь ва тамаки истеъмолидан фойдаланилганлиги ҳамда унинг зарари тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзувлар бўлиши шарт.


22. Марказ оммавий намойишни амалга ошириш учун тегишли рухсатномага эга бўлмаган фильмларнинг кинопрокати тўғрисидаги маълумотларни оммавий ахборот воситалари орқали ёки бошқа усулларда эълон қилишга ҳамда кинопрокатини ташкил этишга ҳақли эмас.



5-БОБ. ФИЛЬМЛАР КИНОПРОКАТИ БЎЙИЧА

ДИСТРИБЬЮТЕРЛИК ФАОЛИЯТИДАН ЙИҒИЛГАН

МАБЛАҒЛАРНИНГ ҲИСОБИ ВА ҲИСОБОТИ


23. Марказ Давлат ижтимоий гранти асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Жамғарма маблағлари ҳисобига ишлаб чиқарилган фильмларнинг кинопрокати бўйича шартномаларда назарда тутилган улушидан йиғилган маблағларни Жамғарма ҳисобига ўтказади.


24. Фильмлар кинопрокатидан йиғилган маблағлар бўйича бухгалтерлик ҳисоби ва ҳисоботи Марказ томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


25. Марказ Давлат ижтимоий гранти асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Жамғарма маблағлари ҳисобига ишлаб чиқарилган фильмларнинг кинопрокатидан тушган маблағлар тўғрисида ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 15-санасига қадар Агентликка белгиланган тартибда ҳисобот тақдим этади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


26. Марказ Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ушбу Низом талабларига риоя этилиши учун жавоб беради.


27. Ушбу Низом талабларига риоя этилиши Агентлик томонидан белгиланган тартибда назорат қилинади.






Низомга

ИЛОВА



Республика кинопрокат тармоғида давлат

буюртмаси бўйича ишлаб чиқарилган ва

хориждан олиб кириладиган фильмлар

дистрибуциясини амалга ошириш

СХЕМАСИ


Босқичлар

Масъуллар

Амалга ошириладиган тадбирлар

Амалга ошириш муддати

1-босқич


"Ўзбеккино" Миллий агентлиги

Давлат буюртмаси бўйича ишлаб чиқарилган ва хориждан олиб кириладиган фильмлар рўйхатини уларнинг дистрибуциясини амалга ошириш учун "Республика кинопрокат маркази" ДУКка (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) бериш.

Мунтазам








2-босқич

Марказ ҳузуридаги Методик кенгаш

Республика кинопрокат тармоғидаги кинотеатрларда намойиш этиладиган фильмларнинг репертуар режасини ишлаб чиқиш ва келишиш учун "Ўзбеккино" Миллий агентлигига киритиш.

Кинопрокати амалга ошириладиган фильмлар сонига қараб - ҳар чоракда








3-босқич

"Ўзбеккино" Миллий агентлиги

Республика кинопрокат тармоғидаги кинотеатрларда намойиш этиладиган фильмларнинг репертуар режасини кўриб чиқиш ва келишиш.

3 иш куни








4-босқич

Марказ

1. Юридик ва жисмоний шахслар билан дистрибьютерлик шартномалари тузиш.


2. Реклама материалларини тайёрлаш ва рекламани ташкил қилиш.


3. Фильмларни етарли нусхада тайёрлаш ва уларнинг техник сифатини таъминлаш.


4. Фильмни оммавий намойиши билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахсларга етказиб бериш.

Келишувга мувофиқ


Шартномада кўрсатилган муддатларда








5-босқич

Юридик ва жисмоний  шахслар

Дистрибьютерлик шартномасига мувофиқ фильмни оммавий намойиш қилиш.

Шартномада кўрсатилган муддатларда



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 20 август










































Время: 0.0053
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск