ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ёнғин хавфсизлиги. Ёнғинга қарши тадбирлар /

Республиканинг туманлари, шаҳарлари ва бошқа аҳоли пунктларида, ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ёнғин-қутқарув бўлинмаларини ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 21.08.2019 й. 700-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 21 августдаги

700-сон қарорига

1-ИЛОВА



Республиканинг туманлари, шаҳарлари ва бошқа аҳоли

пунктларида, ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки

ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар

вазирлигининг ёнғин-қутқарув бўлинмаларини

ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Республиканинг туманлари, шаҳарлари ва бошқа аҳоли пунктларида, ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг (кейинги ўринларда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги деб аталади) ёнғин-қутқарув бўлинмаларини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Ёнғин-қутқарув бўлинмалари республиканинг туманлари, шаҳарлари ва бошқа аҳоли пунктларида ҳамда ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда ёнғинлар ва фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, уларнинг олдини олиш тадбирлари самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган ҳарбий хизматчи ёки қутқарувчи мақомига эга бўлган ходимлар ва ишчи-хизматчилар билан жамланган ёнғин-қутқарув отрядлари, қисмлари ва постларини ўз ичига олади.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ёнғин-қутқарув отряди - кўп тармоқли қутқарув ишларини (радиацион-кимёвий, тиббий-биологик, тоғда ва сувда қутқарув, ёнғин ўчириш ва бошқа турдаги) бажаришга мўлжалланган ҳамда ушбу ишларни бажариш учун махсус ва бошқа турдаги автомобиллар ҳамда асбоб-анжомлар билан жамланган бўлинма;


ёнғин-қутқарув қисми - икки ва ундан ортиқ ёнғин-қутқарув ва бошқа турдаги автомобиллар билан жамланган ҳамда ёнғинни ўчириш ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган қутқарув ишларини бажаришга мўлжалланган бўлинма;


ёнғин-қутқарув пости - битта ёнғин-қутқарув автомобили билан жамланган ҳамда ёнғин ўчириш ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган қутқарув ишларини бажаришга мўлжалланган бўлинма;


ҳарбий хизматчи мақомига эга бўлган ходимлар билан жамланган ёнғин-қутқарув бўлинмалари - оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркибидан иборат бўлган, контракт асосида ҳақиқий ҳарбий хизматчилар билан жамланган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлинмалари;


қутқарувчи мақомига эга бўлган ишчи-хизматчилар билан жамланган ёнғин-қутқарув бўлинмалари - меҳнат шартномаси асосида меҳнат муносабатларини олиб борадиган ва қутқарувчи мақомига эга бўлган хизматчилар билан жамланган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлинмалари;


ёнғин-қутқарув депоси (ёнғин ўчириш депоси) - ёнғин-қутқарув бўлинмаларига юклатилган вазифаларни бажариш учун ёнғин-қутқарув техникаларини сақлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш, шахсий таркибни жойлашуви учун хизмат хоналари, фавқулодда вазиятлар тўғрисида келиб тушган ҳабарларни қабул қилиш хонаси, техник ва ёрдамчи хоналардан ташкил топган Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг объекти.


4. Республиканинг туманлари, шаҳарлари ва бошқа аҳоли пунктларида, ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда ёнғин-қутқарув бўлинмаларини ташкил этиш ушбу Низомга иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. ЁНҒИН-ҚУТҚАРУВ БЎЛИНМАЛАРИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


5. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳарбий хизматчи мақомига эга бўлган ходимлар ва қутқарувчи мақомига эга бўлган хизматчилар билан жамланган ёнғин-қутқарув отрядлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар юзага келиши хавфи юқори бўлган айрим шаҳарлар ва туманларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан ташкил этилади.


6. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳарбий хизматчи мақомига эга бўлган ходимлар билан жамланган ёнғин-қутқарув қисмлари аҳоли сони 50 минг ва ундан ортиқ бўлган шаҳарларда ҳамда туманлар марказларида, шунингдек, ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда ташкил этилади.

Ташкил этилаётган ҳарбий хизматчи мақомига эга бўлган ходимлар билан жамланган ёнғин-қутқарув қисмларининг ташкилий тузилмаси ва штат бирликлари, уларни сақлаш учун ажратиладиган маблағлар доирасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан белгиланади.


7. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарувчи мақомига эга бўлган хизматчилар билан жамланган ёнғин-қутқарув қисмлари ва постлари аҳоли сони 50 мингдан кам бўлган туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида ташкил этилади.


8. Ёнғин-қутқарув бўлинмалари ва уларнинг штатлари сони муҳофаза қилинаётган худуднинг (объектнинг) ҳусусиятидан келиб чиқиб, ёнғин-қутқарув ва бошқа турдаги автомобилларнинг сонини ва турини ҳисобга олган ҳолда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг идоравий ҳужжатлари асосида белгиланади.


9. Қутқарувчи мақомига эга бўлган хизматчилар билан жамланган ёнғин-қутқарув қисмлари ва постлари ташкил этилиши лозим бўлган туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг рўйхати ва ходимлари (хизматчилари) сони Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ҳар йили бир марта 1 июлгача Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.


10. Ёнғин-қутқарув қисмлари ва постлари ташкил этилиши лозим бўлган туманлар ва шаҳарлар рўйхати, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳарбий хизматчи ёки қутқарувчи мақомига эга бўлган ходимлар ва хизматчилар билан жамланган ёнғин-қутқарув бўлинмалари сони ва уларнинг штатдаги ходимлари сони амалдаги нормалар ва қоидаларга мувофиқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан аниқланади ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланади.


11. Ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда ёнғин-қутқарув қисмлари ва уларнинг бошқарув органлари Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг идоравий ҳужжатларига мувофиқ манфаатдор вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тегишли бошқармалари (марказлари) вакилларидан иборат таркибдаги идоралараро комиссияларининг далолатномалари, шунингдек, ушбу объектлар ёки уларнинг юқори турувчи ташкилотлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тегишли бошқармалари (марказлари) ўртасида тузиладиган шартномалар асосида ташкил этилади.


12. Ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда:

битта ёнғин-қутқарув қисми ва/ёки ёнғин назорати ва профилактика гуруҳи учун - ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси;

иккита ва ундан ортиқ ёнғин-қутқарув қисмлари ва/ёки ёнғин назорати ва профилактика бўлинмалари учун - ёнғин хавфсизлиги бўлими;

иккита ва ундан ортиқ ёнғин хавфсизлиги бўлимлари учун - юридик шахс мақомига эга бўлган ёнғин хавфсизлиги бошқармаси (маркази) ташкил этилади.

Ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектлардаги ёнғин хавфсизлиги бошқармаси (маркази), бўлими ва бўлинмасининг намунавий ташкилий тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан белгиланади.



3-БОБ. ЁНҒИН-ҚУТҚАРУВ ДЕПОЛАРИНИ

ЖОЙЛАШТИРИШ


13. Ёнғин-қутқарув деполарининг жойлашуви туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган ҳолда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ белгиланади.


14. Ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда қуриладиган ёнғин-қутқарув деполарининг жойлашуви амалдаги стандарт, норма ва қоидаларга мувофиқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган ҳолда лойиҳачи ташкилотлар ёки манфаатдор ташкилотлар (буюртмачилар) томонидан белгиланади.



4-БОБ. ЁНҒИН-ҚУТҚАРУВ АВТОМОБИЛЛАРИ

СОНИНИ БЕЛГИЛАШ


15. Туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларидаги ёнғин-қутқарув бўлинмалари учун ёнғин-қутқарув ва бошқа турдаги автомобилларнинг сони ҳамда йиллик моторесурс лимитлари стандарт, меъёр, қоида ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг идоравий ҳужжатлари асосида белгиланади.


16. Ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектлардаги ёнғин-қутқарув бўлинмалари учун ёнғин-қутқарув ва бошқа турдаги автомобилларнинг сони Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган ҳолда лойиҳачи ташкилотлар томонидан белгиланади.



5-БОБ. ЁНҒИН-ҚУТҚАРУВ БЎЛИНМАЛАРИНИ

МОЛИЯВИЙ ВА МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ


17. Ёнғин-қутқарув бўлинмаларини сақлаш харажатлари:

республиканинг туманлари, шаҳарлари ва бошқа аҳоли пунктларида ташкил этилган Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ёнғин-қутқарув бўлинмалари учун - Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети;

ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда шартномалар асосида ташкил этилган ёнғин-қутқарув қисмлари ва уларнинг бошқарув органлари учун - ушбу ташкилотларнинг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Ташкилотлар билан тузилган шартномалар асосида ташкил этилган ёнғин-қутқарув қисмлари ва уларнинг бошқарув органларининг молиявий ва моддий-техник таъминоти Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан сақланадиган бўлинмалар учун белгиланган меъёрлар асосида амалга оширилади (икки томонлама тузилган шартномага мувофиқ бериладиган қўшимча имтиёзлар бундан мустасно).


18. Республиканинг туманлари, шаҳарлари ва бошқа аҳоли пунктларида ташкил этилган ёнғин-қутқарув бўлинмалари (ташкилотлар билан тузиладиган шартномалар асосида ташкил этиладиган ёнғин-қутқарув бўлинмалари бундан мустасно) учун бинолар ва иншоотларни қуриш ва реконструкция қилиш ҳаражатлари Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини тегишли йиллар учун шакллантиришда назарда тутилган марказлаштирилган капитал қўйилмалар лимитлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар доирасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан амалга оширилади.

Ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда ташкил этилган ёнғин-қутқарув қисмлари ва уларнинг бошқарув органлари учун бинолар ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ушбу объектларнинг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


19. Ёнғин-қутқарув деполарнинг бинолари ва иншоотларидан фойдаланиш ва уларни жиҳозлаш, ёнғин-қутқарув бўлинмалари учун ёнғин-қутқарув техникаси, автотранспорт ва ёқилғи-мойлаш материаллари, махсус кийим-бош, алоқа воситалари, диагностика аппаратлари, инвентарь ва ёнғин-техник мол-мулк, ташкилий техника, эҳтиёт қисмлар ва сарфлаш материалларини сотиб олиш:

республиканинг туманлари, шаҳарлари ва бошқа аҳоли пунктларида ташкил этилган ёнғин-қутқарув бўлинмалари учун - Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари;

ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда ташкил этилган ёнғин-қутқарув қисмлари ва уларнинг бошқарув органлари учун - тузилган шартномаларга мувофиқ объектларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


20. Ёнғин-қутқарув бўлинмалари бошқарув органларининг тасдиқланган штатларига давлат ёнғин назоратини амалга ошириш ҳамда уларга раҳбарлик қилиш учун қўшимча лавозимларни киритиш тегишли равишда, ёнғин-қутқарув қисмларининг белгиланган штатлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида, бироқ ушбу бўлинмалар штатларининг тасдиқланган умумий сонининг тўрт фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда амалга оширилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


21. Республиканинг туманлари, шаҳарлари ва бошқа аҳоли пунктларида ҳамда ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда ёнғин-қутқарув бўлинмалари қонун ҳужжатларига мувофиқ қайта ташкил этилади ва тугатилади.


22. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Республиканинг туманлари, шаҳарлари ва бошқа

аҳоли пунктларида, ўта муҳим давлат аҳамиятига молик

ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда

ёнғин-қутқарув бўлинмаларини ташкил этиш

СХЕМАСИ

Ёнғин-қутқарув

бўлинмалари

Ташкил этиладиган жой


Ташкил этиш учун асос


Молиялаштириш

манбаи

Ҳарбий хизматчи мақомига эга бўлган ходимлар ва қутқарувчи мақомига эга бўлган хизматчилар билан жамланган ёнғин-қутқарув отрядлари

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар юзага келиши хавфи юқори бўлган айрим шаҳарлар ва туманларда


Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари









Ҳарбий хизматчи мақомига эга бўлган ходимлар билан жамланган ёнғин-қутқарув қисмлари

Аҳоли сони 50 минг ва ундан ортиқ бўлган шаҳарларда ҳамда туманлар марказларида


Қўшимча штат ажратилиши талаб этилганда - Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг белгиланган штатлари доирасида - Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг буйруғи


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари








Ўта муҳим давлат аҳамиятига молик ёки ёнғин ва портлаш хавфи юқори бўлган объектларда


Объектлар ёки уларнинг юқори турувчи ташкилотлари ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тегишли бошқармалари (марказлари) ўртасида тузиладиган идоралараро комиссиялар далолатномалари ҳамда шартномаларга мувофиқ қабул қилинадиган Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг буйруғи


Объектлар маблағлари



Қутқарувчи мақомига эга бўлган хизматчилар билан жамланган ёнғин-қутқарув қисмлари ва постлари

Аҳоли сони 50 мингдан кам бўлган туманлар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида


Қўшимча штат ажратилиши талаб этилганда - Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг белгиланган штатлари доирасида - Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг буйруғи


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 21 август







































Время: 0.0286
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск