язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Август, 2019 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Алоҳида соҳалар фаолиятини ташкил этиш/ Давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқариладиган кино маҳсулотлари учун танлов ташкил этиш ва уни ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.08.2019 й. 695-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 19 августдаги

695-сон қарорига

1-ИЛОВА



Давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқариладиган

кино маҳсулотлари учун танлов ташкил этиш

ва уни ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқариладиган кино маҳсулотлари учун танлов ташкил этиш ва уни ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Давлат буюртмаси бўйича кино маҳсулотларини ишлаб чиқариш танлови "Ўзбеккино" Миллий агентлигининг (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) Бадиий кенгаши томонидан ушбу Низом талаблари асосида 1-иловадаги схемасига мувофиқ амалга оширилади.


3. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


давлат буюртмачиси - Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва бошқа давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан донор мамлакатлар, халқаро, хорижий ташкилотлар билан тузилган шартномалар доирасида тақдим этиладиган хорижий грантлар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида жалб этиладиган хорижий кредитлар ҳисобидан молиялаштириладиган кино маҳсулотлари;


шартнома - давлат харидлари бўйича ҳуқуқлар ва мажбуриятларни белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида давлат буюртмачиси ва давлат харидларининг ижрочиси ўртасида тузиладиган битим;


танлов - шартномани бажариш бўйича энг яхши шартларни таклиф қилган иштирокчи ғолиб деб топиладиган харид қилиш тартиб-таомилини амалга ошириш тури;


эълон - давлат харидларини амалга ошириш усули, ушбу харидларнинг талаблари ва шартлари, таклифларни тақдим этиш муддатлари ҳамда тартиби кўрсатилган, буюртмачи томонидан оммавий ахборот воситалари ва "Давлат харидлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган махсус ахборот порталида (кейинги ўринларда махсус ахборот портали деб аталади) жойлаштириладиган бўлажак харидлар тўғрисидаги ахборот;


режа-жадвал - кинолойиҳани амалга ошириш босқичлари, ҳажмлари ва муддатларини назарда тутувчи ҳужжат;


танлов комиссияси - харид қилиш тартиб-таомилига асосан ғолибни танлаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколатига эга бўлган коллегиал орган - "Ўзбеккино" Миллий агентлигининг Бадиий кенгаши;


ишчи орган - "Ўзбеккино" Миллий агентлигининг Бадиий кенгаши қарорига асосан танловларни ўтказишни (тушадиган таклифларни қабул қилиш, эълонларни бериш ёки ташкил этиш ва шу кабиларни амалга оширишни) амалда ташкил этувчи гуруҳ;


фильм - бадиий, бадиий-публицистик, хроникал-ҳужжатли, илмий-оммабоп, ўқув, анимацион ёки бошқа шаклларда ижодий ғоя асосида яратилган, бир-бири билан боғлиқ бўлган тасвирларнинг овоз жўрлигида ёки овоз жўрлигисиз ёзиб олинган туркумдан иборат бўлган, тегишли техника воситалари ёрдамида қайд этилган, кўриб ва эшитиб идрок этиш учун мўлжалланган аудиовизуал асар (киномаҳсулот);


ишчи гуруҳ - танлов комиссияси қошида танловларда ғолиб деб топилган иштирокчи томонидан фильм (киномаҳсулот)ларнинг режиссёрлик сценарийсини тайёрлаш ҳамда фильмни ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлган харажатлар сметасини белгиланган талаблар асосида тайёрланганлигини кўриб чиқиб, тасдиқлаш учун танлов комиссиясига тақдим этишни амалга оширувчи гуруҳ;


кинолойиҳа - фильмнинг адабий сценарийси, синопсиси, режиссёрлик сценарийси, фильм учун яратилган матнли ёки матнсиз мусиқа асари, тасвирга олиш жойи ва объектлар тўғрисида маълумотлар, тасвирга олиш гуруҳи, актёрлар таркиби, сарф-харажатлар сметаси, фильмнинг ишчи материаллари ва фильмни яратиш билан боғлиқ бўлган бошқа жараёнларни қамраб олувчи материаллар мажмуаси;


адабий сценарий - фильм эпизодларидаги кўриш ва овозли тасвирлар матнда ифода этиладиган, фильм ишлаб чиқариш талабларига мувофиқ бўлган ўзига хос тугал бадиий асар;


режиссёрлик сценарийси - фильмни тасвирга олиш учун зарур бўлган барча деталлар акс эттирилган, режиссёрнинг тасвирга олиш майдончасида қулай ишлашига мослаштирилган сценарий;


иштирокчи - қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда харид қилиш тартиб-таомилига асосан давлат харидларида иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентлари (кейинги ўринларда иштирокчи деб аталади).



2-БОБ. ТАНЛОВ КОМИССИЯСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ


4. Иштирокчиларнинг таклифларини буюртмага мувофиқлик даражаси бўйича ҳамда давлат харидлари рақобатлашув усуллари орқали холис баҳолаш мақсадида танлов комиссияси фаолият кўрсатади.


5. Танлов комиссияси раиси танлов комиссиясининг ишига раҳбарлик қилади.

Танлов комиссиясининг раиси:

танлов комиссиясининг иш регламентини тасдиқлайди;

танлов комиссияси мажлисларини чақиради ва олиб боради;

кун тартибидаги масалаларни овозга қўйишни ва танлов комиссияси томонидан қабул қилинган қарорларни эълон қилади;

танлов комиссияси мажлисларининг баённомаларини ва бошқа тегишли ҳужжатларни имзолайди ва тасдиқлайди.


6. Танлов комиссиясининг раиси бўлмаганда, унинг вазифаларини танлов комиссияси аъзоларидан бири бажаради.


7. Танлов комиссиясининг ҳар бир аъзоси овоз беришда ёқлаб овоз бериши, қарши овоз бериши ёки унда иштирок этишдан бош тортиш ҳуқуқига эга. Танлов комиссиясининг раиси овоз беришда иштирок этишдан бош тортиш ҳуқуқига эга эмас.


8. Танлов комиссиясининг аъзолари холис бўлиши ва харид қилиш тартиб-таомили ғолибини танлашдан шахсан манфаатдор бўлмаслиги керак.


9. Қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг беш минг бараваридан ортиқ миқдордаги давлат харидлари ўтказилганда, танлов комиссияси таркибига давлат буюртмачисининг вакилларидан ташқари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Ўзинжиниринг" республика лойиҳалаштириш институтининг вакиллари киритилади.


10. Танлов комиссиясининг мажлиси унинг аъзолари умумий сонининг ярмидан кўпи иштирок этганда ваколатли ҳисобланади.

Қарор танлов комиссияси мажлисида қатнашаётган аъзоларнинг умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.


11. Танлов комиссияси аъзоларида иштирокчилар билан аффилланганлик хусусиятига эга алоқалар мавжуд бўлган тақдирда, танлов комиссиясининг бундай аъзоси бу масала кўтарилган мажлисда ўзини ўзи рад этиши ва мазкур масала бўйича овоз беришда иштирок этмаслиги керак, бу ҳақда баённомада қайд этилади.

Агар танлов комиссиясига мазкур комиссия аъзосининг аффилланганлиги мавжудлиги тегишли масала юзасидан қарор қабул қилингунига қадар маълум бўлса ҳамда у ўзини ўзи рад этмаган бўлса, бундай аъзонинг мазкур масала бўйича овоз беришига йўл қўйилмайди.

Агар танлов комиссиясига тегишли масала бўйича овоз берган мазкур комиссия аъзосининг аффилланганлиги мавжудлиги қарор қабул қилинганидан кейин маълум бўлса, бундай аъзонинг овози мазкур масала бўйича овоз бериш натижаларидан чиқариб ташланади.


12. Танлов комиссияси қуйидаги вазифаларни бажаради:

танлов ҳужжатларини шакллантиради;

таклифлар қабул қилинадиган муддатларни белгилайди;

таклифларни очиш тартиб-таомилларини белгилайди;

таклифларни баҳолаш мезонларини белгилайди;

таклиф киритиш тартибини, ҳажмини ва уни таъминлаш шаклини белгилайди;

харид қилиш тартиб-таомилига асосан иштирокчиларнинг таклифларини кўриб чиқишни амалга оширади;

танлов ҳужжатлари шартларида назарда тутилган ҳолларда малака танловини ўтказади;

харид қилиш тартиб-таомилини Низомга мувофиқ амалга оширади;

харид қилиш тартиб-таомилига ва баҳолаш мезонларига асосан ғолиб иштирокчини ва ғолиблик учун захира иштирокчи белгилайди ёки танловни амалга ошмаган деб топади;

ғолиб иштирокчи кинолойиҳасининг режиссёрлик сценарийсини тайёрлаш ҳамда фильмни яратиш билан боғлиқ бўлган харажатлар сметаларини ушбу мақсадларга ажратилган маблағлар доирасида тасдиқлайди.

Танлов комиссияси ваколати доирасидаги бошқа вазифаларни амалга оширишиши мумкин.


13. Танлов комиссияси ғолиб иштирокчини аниқлашда ушбу Низом талабларига риоя этилганлиги ҳамда қабул қилаётган қарорларининг асослилиги ва холислиги учун жавобгар бўлади.


14. Танлов комиссияси томонидан ўз ваколати доирасида қабул қилинадиган қарорлар барча иштирокчилар учун мажбурийдир.



3-БОБ. ТАНЛОВНИ ЎТКАЗИШ

ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИ


§ 1. Танлов ўтказилиши тўғрисида эълон қилиш


15. Танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълон танлов иштирокчиларининг таклифларини қабул қилиш муддати тугашидан камида ўттиз кун аввал давлат буюртмачиси томонидан оммавий ахборот воситалари ва махсус ахборот портали орқали жойлаштирилади.

Қоида тариқасида, танлов тўғрисидаги эълон ҳар йили 10 февраль кунига қадар оммавий ахборот воситалари ва махсус ахборот порталида жойлаштирилади.


16. Танлов ўтказилиши тўғрисидаги эълонда қуйидаги ахборотлар бўлиши керак:

кинолойиҳаларнинг мавзуси, қисқача аннотацияси;

танлов ўтказиладиган жой манзили;

танловда иштирок этувчи иштирокчиларга қўйиладиган талаблар;

танлов таклифларини расмийлаштиришга доир талаблар;

буюртмачининг иштирокчилар билан алоқада бўлиш учун боғланувчи шахслар сифатида белгиланган бир ёки бир нечта мансабдор шахснинг ёки бошқа ходимларининг телефон рақами ва электрон почта манзили;

танлов ҳужжатлари қоидаларини изоҳлаш учун сўров бериш шакли;

таклифларни бериш муддати тугайдиган сана ва вақт.

Танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонда қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ахборот ҳам бўлиши мумкин.


17. Танлов ҳужжатларида давлат буюртмачиси ҳар бир фильм (киномаҳсулот) харид қилиш тартиб-таомилининг алоҳида бирлиги сифатида кўриб чиқилишини эълон қилиши мумкин. Танлов натижаларига кўра ҳар бир лот бўйича фақат битта ғолиб иштирокчи аниқланиши лозим.


18. Танлов ҳужжатларига уларнинг ажралмас қисми бўлган шартнома лойиҳаси илова қилинади.


19. Давлат буюртмачиси танлов ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида танловда иштирок этиш учун таклифлар бериш муддати тугайдиган санадан камида уч кун олдин қарор қабул қилишга ҳақли. Кинолойиҳалар мавзусини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

Бунда ушбу танловда таклифлар бериш тугайдиган муддат танлов ҳужжатларига ўзгартишлар киритилган санадан эътиборан камида ўн кунга узайтирилиши керак. Шу билан бир вақтда, агар эълонда кўрсатилган ахборот ўзгартирилган бўлса, танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонга ўзгартишлар киритилади.


20. Иштирокчи танлов ҳужжатлари қоидаларини танлов ўтказиш учун эълонда белгиланган шаклда тушунтириш талаби билан давлат буюртмачисига сўров юборишга ҳақли. Сўров келиб тушган санадан эътиборан икки иш куни ичида давлат буюртмачиси, агар мазкур сўров давлат буюртмачисига таклифлар бериш муддати тугайдиган санадан камида икки кун олдин келиб тушган бўлса, ушбу сўровга белгиланган шаклда жавоб юбориши шарт. Танлов ҳужжатларининг қоидаларига доир тушунтиришлар уларнинг мазмун-моҳиятини ўзгартирмаслиги керак.


21. Фильм (киномаҳсулот) қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг икки минг беш юз бараваридан ошган ҳолларда, танлов ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" давлат унитар корхонаси билан келишилади.



§ 2. Танлов иштирокчиларининг

таклифларини бериш тартиби


22. Оммавий ахборот воситалари ва махсус ахборот порталида эълон қилинган танлов иштирокчиларининг таклифлари танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонда кўрсатилган манзил бўйича муҳрланган конвертларда тақдим этилади.


23. Таклифда давлат хариди объекти бўлган кинолойиҳанинг таркибий қисмлари мазкур Низомнинг 26-31-бандларига мувофиқ бўлиши лозим.


24. Мулкчилик шаклидан қатъи назар, асосий фаолият тури фильмларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган юридик шахслар танловда қатнашиш ҳуқуқига эга.


25. Танловда қатнашиш учун иштирокчига қуйидаги малака талаблари қўйилади:

ишлар (хизматлар)ни бажариш учун зарур бўлган киноаппаратура ва мутахассисларнинг мавжудлиги;

ижодий гуруҳ таркибида камида бир нафар профессионал киноижодкорнинг мавжудлиги;

иштирокчининг кинолойиҳада ўз маблағлари ҳисобидан бажарадиган ишлари ҳажми (фоизда).

Иштирокчиларга буюртмачи томонидан белгиланадиган бошқа талаблар ҳам қўйилиши мумкин. Бунда буюртмачи томонидан белгиланадиган қўшимча талаблар ҳам танлов тўғрисидаги ахборотда у эълон қилинган пайтда кўрсатилади.


26. Иштирокчи танлов комиссияси йиғилишида кинолойиҳани тақдимот шаклида ҳимоя қилади. Биринчи босқичда иштирокчилар томонидан танловда қатнашишга қуйидаги ҳужжатлар (кейинги ўринларда материаллар деб аталади) тақдим қилинади:


а) тўлиқ метражли бадиий фильмлар учун:

ушбу Низомга 2-иловасига мувофиқ шакл бўйича танловда иштирок этиш учун ариза;

адабий сценарийнинг босма ва электрон вариантлари;

фильм аннотациясининг босма ҳамда электрон вариантлари;

ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шакл бўйича фильм ишлаб чиқариш учун сарфланадиган маблағ бўйича ҳисоб-китоблар;

ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ шакл бўйича фильмни ишлаб чиқариш бўйича дастлабки календарь-саҳналаштириш режаси;

кинолойиҳанинг декорацияси ва либослари эскизлари;

кинолойиҳа бўйича тайёрланган тақдимот (электрон ахборот ташувчида).

Тақдимотда қуйидагилар акс эттирилиши лозим:

кинолойиҳанинг концептуал ғоясини тасвирий ифода этувчи постер;

танланган ижодий-техник гуруҳ таркиби ва улар ҳақида қисқача маълумот;

кинолойиҳанинг асосий персонажлари роллари учун тахминий мўлжалдаги актёрлар ва улар ҳақида қисқача маълумот;

кинолойиҳанинг техник-иқтисодий асослари;

кинолойиҳанинг тижорат самарадорлиги.

Кинолойиҳа ижодкорлари томонидан қўшимча маълумотлар (синопсис, фотоальбом, халқаро доирадаги таклифлар ва бошқалар) тақдим этилишига ижозат берилади.


б) қисқа метражли бадиий фильмлар учун:

ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича танловда иштирок этиш учун ариза;

адабий сценарийнинг босма ва электрон вариантлари;

кинолойиҳа аннотациясининг босма ҳамда электрон вариантлари;

ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шакл бўйича фильм ишлаб чиқариш учун сарфланадиган маблағ бўйича ҳисоб-китоблар;

танланган ижодий-техник гуруҳ таркиби ва улар ҳақида қисқача маълумот;

кинолойиҳанинг асосий персонажлари роллари учун мўлжалдаги актёрлар ва улар ҳақида қисқача маълумот;

кинолойиҳанинг декорацияси ва либосларининг эскизлари (зарурат бўлганда);

кинолойиҳанинг техник-иқтисодий асослари;

кинолойиҳанинг тижорат самарадорлиги.


в) ҳужжатли фильмлар учун:

ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича танловда иштирок этиш учун ариза;

адабий сценарийнинг босма ва электрон вариантлари;

кинолойиҳа аннотациясининг босма ҳамда электрон вариантлари;

ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шакл бўйича фильм ишлаб чиқариш учун сарфланадиган маблағ бўйича ҳисоб-китоблар;

танланган ижодий-техник гуруҳ таркиби ва улар ҳақида қисқача маълумот;

кинолойиҳанинг декорацияси ва либослари эскизлари (зарурат бўлганда);

кинолойиҳанинг техник-иқтисодий асослари;

кинолойиҳанинг тижорат самарадорлиги.


г) анимацион (мультипликацион) фильмлар учун:

ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича танловда иштирок этиш учун ариза;

адабий сценарийнинг босма ва электрон вариантлари;

ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ шакл бўйича фильм ишлаб чиқариш учун сарфланадиган маблағ бўйича ҳисоб-китоблар;

танланган ижодий-техник гуруҳ таркиби ва улар ҳақида қисқача маълумот;

мультфильм асосий персонажларининг эскизлари;

кинолойиҳанинг техник-иқтисодий асослари;

кинолойиҳанинг тижорат самарадорлиги.


27. Иштирокчи, фильм ишлаб чиқаришни зиммасига олган юридик шахс(лар) фаолиятига оид қуйидаги ҳужжатларни тақдим қилади:

охирги 2 йилда ишлаб чиқарган фильмлари (киномаҳсулотлари) ҳақида маълумот;

охирги 2 йиллик молиявий натижалар тўғрисидаги тасдиқланган маълумотнома (ҳисобот);

иштирокчининг кинолойиҳада ўз маблағлари ҳисобидан бажарадиган ишлари ҳажмига (фоизда) тегишли маблағларнинг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат;

ҳомийлар ва инвестор (сармоядор)лар билан тузилган шартномалар нусхаси ёки инвесторнинг кафолат хати (ариза берувчилар томонидан қисман молиялаштириладиган лойиҳалар бўйича);

ариза берувчиларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат (вакил иштирок этган ҳолатларда).


28. Иштирокчи танловда иштирок этиш учун тақдим қилинадиган материалларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулкий (номулкий) ҳуқуқларга эга бўлиши шарт.


29. Материаллар давлат тилида, ўзбек тили имло қоидаларига амал қилган ҳолда тайёрланади.


30. Адабий сценарий А4 форматдаги, варақнинг бир тарафига ёзилган қоғозда тақдим қилинади. Матн ёзишда қоида тариқасида, Microsoft Word редакторидан ва қуйидаги параметрлардан фойдаланилади:

варақнинг чап ҳошияси 30 мм, ўнг ҳошияси 15 мм, юқори ва паст ҳошияси 20 мм;

Times New Roman шрифти ва сценарийнинг ҳажмидан келиб чиқиб 14 ўлчамли шрифт, қаторлараро интервалсиз.

Бир серияли тўлиқ метражли бадиий ва бадиий-публицистик фильм учун тақдим этиладиган сценарийнинг ҳажми 40 бетдан кам бўлмаслиги ҳамда 60 бетдан ошмаслиги шарт.

Катта тарихий мавзуларда ва бошқа махсус буюртма асосида суратга олиш мўлжалланган фильмлар учун белгиланган ҳажмдан 25 фоиз кўпроқ ҳажмга эга бўлган сценарийга рухсат берилади.


31. Тақдим қилинадиган адабий сценарий 2 (икки) нусхада тақдим қилинади. Тақдим қилинган сценарийнинг ҳар бир нусхаси тикилган, варақлари рақамланган бўлиши ва муаллифнинг имзоси ва иштирокчининг муҳри билан тасдиқланган (агар мавжуд бўлса) бўлиши лозим. Электрон кўринишдаги адабий сценарий рақамли электрон ташувчи воситаларда, pdf форматида ҳам тақдим қилиниши мумкин.


32. Иштирокчиларнинг таклифлари танловни ташкил этиш ва ўтказишга масъул шахс томонидан рўйхатга олиш китобида топширувчи ва қабул қилувчи шахслар имзоси билан, аниқ сана ва вақтни қайд этган ҳолда қабул қилинади. Рўйхатга олиш китоби тикилган, рақамланган ва муҳрланган бўлиши керак.


33. Иштирокчи тақдим этилган таклифларни бериш муддати тугагунига уч кун қолганга қадар берилган таклифни чақириб олишга ёки унга ўзгартишлар киритишга ҳақли.


34. Танловда қуйидаги мезонларга мувофиқ бўлган иштирокчилар қатнаша олади:

шартномани бажариш учун зарур техник, молиявий, моддий, кадрлар ресурсларининг ҳамда бошқа ресурсларнинг мавжудлиги;

шартнома тузиш учун қонуний ҳуқуққа эгалик;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича қарздорликнинг мавжуд эмаслиги;

ўзига нисбатан жорий этилган банкротлик тартиб-таомилларининг мавжуд эмаслиги;

"Давлат харидлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрида қайд этилмаганлиги.


35. Танлов ҳужжатларининг шартлари ўзгартирилган ҳолда такроран танлов ўтказиш танлов комиссияси қарори асосида буюртмачи томонидан амалга оширилади.


36. Кинолойиҳага нисбатан баҳолаш шартлари, мезонлари ва талабларни ўзгартириш зарурати пайдо бўлганда, танлов комиссияси асослантирилган қарор қабул қилади.


37. Иштирокчи тақдим этилаётган ахборот ва ҳужжатларнинг ҳақиқийлиги ва тўғрилиги учун жавобгар ҳисобланади.


38. Иштирокчи ҳар бир лот учун фақат битта таклиф беришга ҳақли.


39. Танловга таклифларни қабул қилиш оммавий ахборот воситалари ва махсус ахборот порталида чоп этилган эълонда кўрсатилган муддат келиши билан тугатилади.

Агар таклифлар бериш муддати тугаган пайтда танлов комиссияси томонидан иштирокчилардан танлов ҳужжатларида кўрсатилган талабларга мос келадиган камида иккита таклиф олинган бўлса, танлов ўтказилган деб топилади.

Танловда битта иштирокчи қатнашган ёки бирорта иштирокчи қатнашмаган тақдирда танлов ўтказилмаган деб топилади. Бундай ҳолатда давлат буюртмачиси харид қилиш тартиб-таомилини айни ўша шартларда ҳамда фильм (киномаҳсулот)га доир айни ўша мезонларга ва талабларга мувофиқ такроран амалга оширади.



§ 3. Иштирокчиларнинг таклифларини

кўриб чиқиш ва баҳолаш


40. Иштирокчилар берган таклифлар Ишчи орган томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилгани нуқтаи назардан эълонда кўрсатилган таклифларни бериш муддати тугайдиган санадан бошлаб беш иш куни давомида кўриб чиқилади.

Белгиланган тартиб бўйича расмийлаштирилган таклифлар танлов комиссияси аъзоларига танишиш ҳамда тегишли хулоса ва тавсиялар тайёрлаш учун юборилади.


41. Баҳолаш пайтида танлов комиссияси иштирокчилардан таклифлари бўйича тушунтиришлар сўрашга ҳақли.


42. Танлов ҳужжатларида ва таклифда кўрсатилган мезонлар асосида шартномани бажаришнинг энг яхши шартларини таклиф қилган иштирокчи ғолиб деб топилади.

Танлов комиссияси муайян бир лот бўйича талабгор бўлган иштирокчилар таклифларини битта йиғилишда кўриб чиқади ҳамда ғолиб иштирокчи ва ғолиблик учун захира иштирокчини белгилайди.

Талабгор иштирокчилар орасидан ушбу лот бўйича ғолиб деб топилган иштирокчи томонидан таклиф қилинган шартларга нисбатан кейинги ўринда шартномани бажаришнинг яхши шартларини таклиф қилган иштирокчи танлов комиссияси қарорига кўра ғолиблик учун захира иштирокчи этиб белгиланади.


43. Қуйидаги алоҳида ҳолатларда танлов комиссияси:

кинолойиҳа учун асос бўлган адабий сценарийни қайта ишлаш зарурати бўлса;

кинолойиҳанинг техник-иқтисодий асослари белгиланган бюджет ҳажмидан кўп бўлса;

адабий сценарийнинг мазмун-моҳияти Агентлик томонидан эълон қилинган устувор мавзуларга мос келмаган бўлса;

кинолойиҳани ўрганиб чиқиш мезонларига мос келмайдиган ҳолатлар аниқланса, иштирокчилардан тушган таклифларни кўриб чиқмайди.


44. Таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш натижалари бўйича танлов комиссиясининг қарори баённома билан расмийлаштирилади ҳамда танлов комиссияси аъзолари томонидан имзоланади ва танлов комиссияси раиси томонидан тасдиқланади. Баённомадан кўчирма у имзоланган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмасдан иштирокчиларга юборилади.


45. Таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш баённомасида қуйидаги ахборотлар бўлиши керак:

танлов таклифлари кўриб чиқиладиган ҳамда баҳоланадиган сана ва вақт;

танлов комиссияси аъзоларининг ва иштирокчилар ваколатли вакилларининг таркиби;

таклифлари кўриб чиқилган иштирокчилар;

таклифлари рад этилган ҳамда рад этишнинг аниқ сабаблари кўрсатилган иштирокчилар;

танлов ғолиби тўғрисида қабул қилинган қарор;

танлов ғолибининг номи, турган жойи (почта манзили);

комиссия қарори устидан шикоят қилиш тартиби.



§ 4. Танлов натижалари бўйича шартнома тузиш


46. Буюртмачи ғолиб бўлган таклиф акцептига қадар исталган вақтда танловни бекор қилиш ҳуқуқига эга. Танлов бекор қилинган тақдирда буюртмачи махсус ахборот порталида мазкур қарорнинг асослантирилган сабабларини эълон қилади.

Буюртмачи танлов бекор қилинганлиги учун жавобгар бўлмайди, танлов буюртмачининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибатида бекор қилинган ҳоллар бундан мустасно.


47. Буюртмачи ўтказилган танлов якунлари бўйича ғолиб бўлган таклифнинг акцепти тўғрисида бир иш куни ичида қарор қабул қилади.


48. Ғолиб бўлган таклифнинг акцепти қуйидаги ҳолларда амалга оширилиши мумкин, агар:

давлат харидлари бекор қилинмаган бўлса;

ғолиб бўлган таклифни юборган иштирокчи четлатилмаган бўлса;

харид қилиш тартиб-таомили бузилмаган бўлса.


49. Танлов натижалари бўйича шартнома танлов ҳужжатларида ва ўзи билан шартнома тузилаётган иштирокчи томонидан берилган таклифда кўрсатилган шартлар асосида ғолиб аниқланган вақтдан эътиборан ўн кундан кечиктирилмаган муддатда тузилади.

Шартнома тузиш учун белгиланган ўн кун муддат давомида танлов натижалари бўйича аниқланган фильм (киномаҳсулотлар)нинг режиссёрлик сценарийси ва уларни яратиш билан боғлиқ харажатлар сметаси тайёрланади, кўриб чиқилади ва тасдиқланади.

Мазкур Низомнинг 15-21-бандларида белгиланган тартибда 2 марта (такроран) эълон берилган тақдирда ҳам фақат битта иштирокчи қатнашган бўлса, танлов комиссиясининг қарорига асосан давлат буюртмачиси иштирокчи билан тўғридан-тўғри шартнома тузиши мумкин.


50. Танлов натижалари тўғрисидаги ахборот буюртмачи томонидан оммавий ахборот воситалари ҳамда махсус ахборот порталида эълон қилинади ва буюртмачилар билан тузилган шартномалар реестрига киритилади.


51. Танлов ғолиби танлов шартлари асосида шартнома тузишдан бош тортган ҳолларда, шартнома тузиш ҳуқуқи ғолиблик учун захира иштирокчига ўтади. Бунда ғолиблик учун захира иштирокчиси танлов ғолиби таклиф қилган қийматда шартнома тузиши ёки шартнома тузишдан бош тортиши мумкин.


52. Иштирокчилар танлов шартлари ва танловни ўтказиш тартиб-таомиллари бузилган ҳолатларда танлов натижалари устидан белгиланган тартибда шикоят қилишлари мумкин.



4-БОБ. ТАНЛОВ НАТИЖАЛАРИ БЎЙИЧА

АНИҚЛАНГАН ФИЛЬМ (КИНОМАҲСУЛОТЛАР)НИНГ

РЕЖИССЁРЛИК СЦЕНАРИЙСИ ВА УЛАРНИ ЯРАТИШ

БИЛАН БОҒЛИҚ ХАРАЖАТЛАР СМЕТАСИНИ

ТАЙЁРЛАШ ТАРТИБИ


53. Танловда ғолиб деб топилган иштирокчи фильми (киномаҳсулоти)нинг режиссёрлик сценарийси ва уларни яратиш билан боғлиқ харажатлар сметаси (кейинги ўринларда Режиссёрлик харажатлар сметаси деб аталади) танлов комиссияси қошидаги Ишчи гуруҳ томонидан белгиланган талаблар асосида кўриб чиқилади.

Ишчи гуруҳ таркиби Агентликнинг масъул ходимларидан иборат таркибда шакллантирилади. Зарур ҳолларда, Ишчи гуруҳ таркибига соҳадаги етук мутахассис ва экспертлар (шу жумладан, халқаро) киритилиши мумкин.


54. Ғолиб деб топилган иштирокчи фильми (киномаҳсулоти)нинг режиссёрлик харажатлар сметаси иштирокчи ғолиб деб топилган кундан эътиборан ўн иш куни давомида иштирокчи томонидан тайёрланади ва кўриб чиқиш учун Ишчи гуруҳга асосланган ҳисоб-китоблар ва тегишли маълумотлар билан биргаликда тақдим этилади.

Ишчи гуруҳ ғолиб иштирокчи томонидан тақдим этилган режиссёрлик харажатлар сметасини у тақдим этилган санадан бошлаб ўн иш куни мобайнида белгиланган тартибда кўриб чиқади.

Тақдим этилган режиссёрлик харажатлар сметаси амалдаги норматив-хуқуқий ҳужжатларга мос келмаган ҳолларда, Ишчи гуруҳ ушбу ҳужжатни кўриб чиқишни рад этади ва ёзма равишда қайтаради. Бунда қайтарилган режиссёрлик харажатлар сметасини ғолиб иштирокчи амалдаги норматив-хуқуқий ҳужжатларга қатъий амал қилган ҳолда ҳамда ушбу мақсадлар учун ажратилган маблағлар доирасида қайта тайёрлаб, тасдиқланган ҳолда Ишчи гуруҳга қайта киритади.

Ишчи гуруҳ қайта киритилган режиссёрлик харажатлар сметасини ўрганиб чиқиб, асосланган ҳисоб-китоблар ва тегишли маълумотлар билан биргаликда тасдиқлаш учун Танлов комиссиясига тақдим этади.

Танлов комиссияси ишчи гуруҳ томонидан тақдим этилган кинолойиҳа режиссёрлик харажатлар сметасини мавжуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлигини кўриб чиқади ва овоз бериш натижаларига кўра тасдиқлайди.


55. Ғолиб деб топилган иштирокчи фильм ишлаб чиқаришнинг режиссёрлик даврида фильмнинг режиссёрлик сценарийси, шунингдек умумий харажатлар сметасини тайёрлайди ҳамда уларни асосланган ҳисоб-китоблар ва тегишли маълумотлар билан биргаликда Ишчи гуруҳга тақдим этади.

Ишчи гуруҳ фильмнинг режиссёрлик сценарийси ҳамда умумий харажатлар сметасининг мувофиқлигини ва асосланганлигини ўрганиб чиқади.

Ишчи гуруҳ томонидан ижобий хулоса берилган режиссёрлик сценарийси ҳамда умумий харажатлар сметаси Танлов комиссиясига тақдим этилади.


56. Танлов комиссияси режиссёрлик сценарийсини муҳокама қилади ва унга ижобий хулоса берганидан сўнг ушбу режиссёрлик сценарийси асосида тайёрланган сарф-харажатлар сметасини ўрганиб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлайди.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


57. Давлат харидларини расмийлаштириш, тузилган шартномалар бўйича ҳисоб-китоб қилиш, шартномавий мажбуриятлар бажарилишини мониторинг қилиш ва шикоятларни, низо ва келишмовчиликларни кўриб чиқиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


58. Харид қилиш тартиб-таомили натижаси бўйича тузилган шартномага қўшимча келишув унинг муҳим шартларини ўзгартирмаса, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилиши мумкин.


59. Буюртмачи томонидан харид қилиш тартиб-таомилига оид барча ҳужжатлар, видеоёзувлар қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда сақланиши лозим.


60. Давлат буюртмаси асосида фильм (киномаҳсулот)ларни ишлаб чиқариш ушбу мақсадларга ажратилган маблағлар доирасида амалга оширилиши шарт.


61. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.






Низомга

1-ИЛОВА



Давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқариладиган

кино маҳсулотлари учун танлов ташкил

этиш ва уни ўтказиш

СХЕМАСИ

    

Босқичлар

Масъуллар

Амалга ошириладиган тадбирлар

Амалга ошириш муддати

1-босқич


"Ўзбеккино" Миллий агентлиги

1. Танлов ҳужжатлари ва эълон матни лойиҳасини ишлаб чиқиш, устувор мавзуларни белгилаш.


2. Танлов тўғрисидаги эълонни ўз расмий веб-сайти ҳамда бошқа оммавий ахборот воситаларида жойлаштириш.

Ҳар йили

10 февралга қадар

  


2-босқич

Иштирокчи


Таклифларни эълонда белгиланган тартибда танлов ўтказиш тўғрисидаги эълонда кўрсатилган манзил бўйича тақдим этиш.


Танлов эълон қилингач

30 кун давомида






3-босқич

Ишчи орган


1. Талабгорлар томонидан берилган таклифларни қабул қилиш.


2. Таклифларни белгиланган тартибда расмийлаштирилгани нуқтаи назардан кўриб чиқиш ва танлов комиссиясига киритиш.


Танлов эълон қилингач

30 кун давомида

5 иш куни



  

4-босқич

Танлов комиссияси


1. Ҳар бир кинолойиҳа бўйича ғолибни аниқлаш ёки танловни ўтказилмаган деб топиш.


2. Баённомадан кўчирмани иштирокчиларга юбориш.


3. Қарорни баённома билан расмийлаштириш ва "Ўзбеккино" Миллий агентлигига киритиш.


3 кун



5-босқич

"Ўзбеккино"

Миллий агентлиги


1. Танлов якунлари бўйича ғолиб бўлган таклифнинг акцепти тўғрисида қарор қабул қилиш.


2. Танлов натижалари бўйича танлов ғолиби билан шартнома расмийлаштириш.


1 иш куни

10 кунда









Низомга

2-ИЛОВА

ФИЛЬМЛАР УЧУН НАМУНА

(тўлиқ метражли бадиий, қисқа метражли,

ҳужжатли, анимацион)



"Ўзбеккино" Миллий

агентлиги Бадиий кенгашига

(корхона-ташкилот номи, сана, чиқиш рақами)


АРИЗА

Давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқариладиган кино маҳсулотлари учун

ўтказиладиган танловда иштирок этиш учун


Давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқариладиган кино маҳсулотлари учун ўтказиладиган танловда (кейинги ўринларда Танлов деб аталади) қатнашиш бўйича материаллар билан танишиб чиқиб,

(танлов иштирокчиси - юридик шахснинг тўлиқ номи)

тимсолида

(раҳбарнинг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми)


"Ўзбеккино" Миллий агентлиги томонидан давлат буюртмаси асосида кино маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича ташкил этиладиган танлов тўғрисидаги Низом (кейинги ўринларда Низом деб аталади) белгиланган шартларга асосан танловда қатнашишини маълум қилади.

Танлов иштирокчиси (корхона-ташкилот)


(лойиҳага қўшадиган шахсий маблағи

миқдори рақамда ва матнда кўрсатилади)

сўм, яъни лойиҳанинг умумий баҳосига нисбатан ____ фоиз миқдордаги шахсий маблағи ҳисобидан ҳамда "Ўзбеккино" Миллий агентлиги

томонидан молиялаштириладиган

(маблағнинг миқдори рақамда ва матнда кўрсатилади)

сўм (______ фоиз), жами


(лойиҳанинг умумий баҳоси кўрсатилади)

миқдордаги маблағ ҳисобидан фильм ишлаб чиқаришни мустақил ёки бошқа фильм яратилишини ташкил этувчи шахслар (продюсерлар) билан амалга ошириш мажбуриятини олади.


Аризага қуйидагилар илова қилинади:

адабий сценарийнинг босма ва электрон вариантлар;

фильм аннотациясининг босма ҳамда электрон вариантлари;

фильм ишлаб чиқариш учун сарфланадиган маблағ бўйича ҳисоб-китоблар;

фильмни ишлаб чиқариш бўйича дастлабки календарь-саҳналаштириш режаси;

кинолойиҳанинг декорацияси ва либослари эскизлари;

кинолойиҳа бўйича белгиланган тартибда тайёрланган тақдимоти электрон ахборот ташувчида (тўлиқ метражли бадиий фильмлар учун);

танланган ижодий-техник гуруҳ таркиби ва улар ҳақида қисқача маълумот;

кинолойиҳанинг асосий персонажлари роллари учун мўлжалдаги актёрлар ва улар ҳақида қисқача маълумот;

кинолойиҳанинг декорацияси ва либосларининг эскизлари (анимацион фильмлар бундан мустасно);

мультфильм асосий персонажларининг эскизлари (анимацион фильмлар учун);

кинолойиҳанинг техник-иқтисодий асослари;

кинолойиҳанинг тижорат самарадорлиги;

охирги 2 йилда ишлаб чиқарган фильмлари (киномаҳсулотлари) ҳақида маълумот;

ҳисобот даври учун молиявий натижалар тўғрисидаги маълумотнома;

ҳомийлар ва инвесторлар (сармоядор) билан тузилган шартнома нусхаси ёки инвесторнинг кафолат хати (ариза берувчилар томонидан қисман молиялаштириладиган лойиҳалар бўйича);

ариза берувчиларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат (вакил иштирок этган ҳолатларда).


Ушбу ариза билан тақдим этилган ҳужжатларнинг ишончлилигини тасдиқлаймиз.


Аризага иловага қилинадиган ҳужжатлар ____ варақда.

Юридик шахс раҳбари



(имзо)

(фамилия, исми, отасининг исми)

Бош ҳисобчи



(имзо)

(фамилия, исми, отасининг исми)

м.ў.






Низомга

3-ИЛОВА



Фильм ишлаб чиқариш учун сарфланадиган

маблағнинг дастлабки ҳисоб-китоби

томонидан ишлаб чиқариладиган

(танлов иштирокчисининг номи)


номли

(фильмнинг номи)

(фильмнинг тури)

                

фильм баҳосининг дастлабки ҳисоб-китоби

        

Харажатлар тури

Суммаси

(минг сўм)

Сценарий ва мусиқа харажатларига (иш ҳақи ҳисобланган ҳолда) - жами

шу жумладан:


Иш ҳақи ва мукофотлашга - жами

шу жумладан:


Товар моддий қимматликларга - жами

шу жумладан:


Ишлар ва хизматларга - жами

шу жумладан:


Транспорт-экспедиция харажатларига - жами

шу жумладан:


Бошқа харажатларга - жами

шу жумладан:


Бевосита харажатлар - жами

Қўшимча харажатлар - _______ фоиз

Фильм ишлаб чиқариш харажатлари - жами

шу жумладан:


буюртмачи (давлат гранти) маблағлари ҳисобидан


танлов иштирокчисининг шахсий маблағлари ва қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан


Солиқ _______ фоиз


Фойда _______ фоиз


Фильмнинг баҳоси - жами

шу жумладан:


буюртмачи (давлат гранти) маблағлари ҳисобидан ________


танлов иштирокчисининг шахсий маблағлари ва қонун

ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан _______






Низомга

4-ИЛОВА



Фильмни ишлаб чиқариш календарь-саҳналаштириш

РЕЖАСИ

  

Т/р

Ишларнинг номланиши

Ойлар

1.

Тайёргарлик даври


2.

Консервация (вазият тақозо қилган ҳолларда)


3.

Тасвирга олиш даври


4.

Монтаж-ранглаш даври


5.

Фильм бирламчи материалларини тайёрлаш ва топшириш даври


Жами:


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 20 август