ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Аҳоли бандлиги / Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет элда ишлаши. Чет эл фуқароларининг Ўзбекистонда ишлаши /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20.08.2019 й. ПФ-5785-сон "Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

20.08.2019 й.

N ПФ-5785



ХОРИЖДА ВАҚТИНЧАЛИК МЕҲНАТ

ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРАЁТГАН

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФУҚАРОЛАРИ ВА

УЛАРНИНГ ОИЛА АЪЗОЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

КАФОЛАТЛАРИНИ ЯНАДА КУЧАЙТИРИШ

ЧОРАЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Кейинги йилларда мамлакатимизда ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга жўнаб кетаётган фуқароларнинг (кейинги ўринларда - меҳнат мигрантлари) ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларга зарур ҳуқуқий, ижтимоий, ахборот-маслаҳат ёрдами кўрсатиш ва моддий қўллаб-қувватлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари учун ишончли, шу жумладан уй-жой ва маиший шароитларни яхшилаш, молиявий ёрдам, ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш масалаларида ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларини яратишни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш талаб этилмоқда.

Бундан ташқари, меҳнат мигрантлари ва улар оила аъзоларининг яшаши ва меҳнат фаолияти учун муносиб шароитлар яратиш учун ваколатли идоралар билан республиканинг ҳамда хорижий давлатлар маҳаллий ҳокимият органларининг раҳбарлари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, мазкур йўналишда мувофиқлашган фаолиятни таъминлаш зарур.

Меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, давлат томонидан уларнинг кундалик эҳтиёжлари ва орзу-умидлари тўғрисида ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, мамлакат ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ишончли ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя кафолатларини кучайтириш мақсадида, шунингдек, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг таклифларини ҳисобга олиб:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига 2020 йилда уй-жой қурилиши бўйича давлат дастурларининг ижроси доирасида кўп квартирали уйлардан 3 462 та хонадонни 1-иловага мувофиқ ажратсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг қуйидагилар тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:

меҳнат мигрантлари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олинган кредит тўловларини "Азия инвест банк" акциядорлик жамияти ва Россиядаги бошқа ҳамкор-банклар орқали Россия рублида, шу жумладан электрон тўлов тизимлари орқали амалга ошириш механизмини жорий қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида Ўзбекистон Республикасидан кетган меҳнат мигрантлари кўпроқ йиғилган Россия Федерацияси ҳудудларида "Азия инвест банк" акциядорлик жамиятининг банк инфратузилмасини ва мижозларга хизмат кўрсатишнинг масофавий каналларини кенгайтириш чораларини кўриш.

3. 2019 йил 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳамда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан:

меҳнат мигрантларига - хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун бир банк куни давомида тез расмийлаштирилган ҳолда энг кам талаб қилинадиган ҳужжатлар (паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта, ариза ва меҳнат органининг илтимосномаси) асосида 2 млн. сўм миқдорида бир йил муддатга 2019 йилда тақдим этилаётган кредит фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдоридаги тижорат банкининг маржасини ўз ичига олган ҳолда 10 фоизлик ставкада 2020 йил 1 январдан - Ўзбекистон Республикаси Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасида, 2021 йил 1 январдан - тижорат банклари томонидан бозор тамойиллари асосида мустақил равишда ўрнатиладиган ставкаларда микроқарзлар бериш;

суғурта компанияларига - йилига бир маротаба хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини ҳамда бошқа таваккалчиликларни суғурталаш бўйича суғурта мукофоти суммасини қоплаш учун суғурталанган ҳар бир меҳнат мигранти учун 50 минг сўм миқдорида бир марталик субсидиялар тақдим этиш амалиёти жорий этилсин.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини ҳамда бошқа таваккалчиликларни суғурталаш бўйича суғурта мукофоти суммасини қоплаш учун бир марталик субсидиялар тақдим этиш тартибини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


4. Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда - Республика комиссияси) 2-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг уюшган меҳнат миграцияси, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, уларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкиллаштириш, мазкур соҳадаги миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш;

хорижий мамлакатларнинг ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро шартномаларга Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши (ратификация қилиши) бўйича таклифларни кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига уларнинг хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш, адолатли ва хавфсиз меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда кўмаклашиш, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясини, шунингдек, Ватанга қайтганларидан сўнг жамиятга қўшилишини таъминлаш;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларининг ташқи меҳнат миграцияси соҳасида қилинган ишлар бўйича ҳисоботларини тинглаш, шу асосда уларни рағбатлантириш ёки жавобгарликка тортиш бўйича қарорлар қабул қилиш;

ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ишларнинг аҳволини тизимли таҳлил ва мониторинг қилиш ҳамда унинг якунлари бўйича меҳнат мигрантларига ҳуқуқий, молиявий ва моддий кўмаклашиш воситаларининг самарадорлигини оширишга йўналтирилган аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.

Белгилансинки, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, шунингдек, ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳар олти ойда камида бир марта меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилган ишлар тўғрисида Республика комиссиясига ҳисобот беради.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари хорижий мамлакатларнинг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари билан меҳнат мигрантларининг меҳнат фаолиятини амалга ошириш ва истиқомат қилиши учун рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш, ишга қабул қилишда уларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши, меҳнат мигрантлари учун муносиб яшаш ва маиший шарт-шароитларни яратиш, соғлиқни сақлаш ва таълим муассасалари хизматларидан фойдаланиш, шунингдек, меҳнат мигрантларининг хорижда бўлиши билан боғлиқ эҳтимолий муаммоларни ҳал қилиш масалалари бўйича доимий асосда яқин ҳамкорлик муносабатларини ўрнатсин.


9. Шундай тартиб амалиётга жорий этилсинки, унга кўра:

Агентлик ўзида мавжуд маълумотлар ҳамда хусусий бандлик агентликлари ва Агентликнинг хориждаги ваколатхоналаридан олинган маълумотлар асосида ҳар ойнинг 5-санасига қадар ташқи меҳнат миграцияси соҳасида қилинган ишлар ва аниқланган муаммолар тўғрисидаги ахборотни, уларни ҳал этиш бўйича аниқ таклифлар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига киритади;

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда ҳар ойнинг 10-санасига қадар ташқи меҳнат миграцияси ҳолати, меҳнат мигрантларини кўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилган ишлар ҳақида йиғма-таҳлилий маълумотни кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига ахборот бериш ва Республика комиссияси мажлисларида кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади.

10. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ишлаб чиқилаётган "Ягона миллий меҳнат тизими" ахборот тизими доирасида, шу жумладан қуйидагиларни назарда тутувчи "labor-migration" дастурий мажмуасини 2019 йил 1 октябрга қадар жорий этсин:

хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагини билдирган фуқароларга иш берувчи мамлакатда бўлиш қоидалари, меҳнат, ижтимоий, уй-жой ва маиший таъминот шароитлари, хорижий иш берувчилар билан меҳнат шартномаларини тузишнинг ҳуқуқий жиҳатлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган молиявий ёрдам чоралари тўғрисидаги маълумотларни онлайн тарзда тақдим қилиш;

Агентлик ва хусусий бандлик агентликлари фаолияти тўғрисида, шу жумладан улар кўрсатадиган хизматларнинг турлари ва нархлари, хорижий иш берувчиларда мавжуд бўлган бўш иш ўринлари, шунингдек, ушбу иш ўринларига ишга жойлашиш тартиби тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижда вақтинчалик меҳнат фаолияти мониторинги, шу жумладан касбий таълим, қайта тайёрлаш ва малака ошириш, тақдим этилган молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари, кўрсатилган ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам, шунингдек, хорижий иш берувчилар билан тузилган меҳнат шартномалари тўғрисидаги ахборотлар;

чет элда оғир вазиятга тушиб қолган ва ёрдамга муҳтож меҳнат мигрантлари томонидан масофадан туриб мурожаат йўллаш имконияти;

меҳнат мигрантлари, ишга жойлашиш географияси, уларнинг фаолият йўналишлари ва турлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш.

Белгилаб қўйилсинки, ушбу Фармонда назарда тутилган кредитлар, субсидиялар, микроқарзлар ва кўп квартирали уйлардаги хонадонлар "labor-migration" дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган меҳнат мигрантларига тақдим этилади.


11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги:

а) 2019 йил 1 октябрга қадар қуйидагиларни:

уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантлари учун 2020 йилда уй-жойлар қуриш параметрлари;

Уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига кўп квартирали уйлардан хонадонлар ажратиш тартиби тўғрисида, шу жумладан ипотека кредитлари олиш ҳуқуқига эга талабгорларни саралаб олиш тартибини кўзда тутувчи низомни Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин;

б) 2021 йил ва кейинги йилларда уй-жойлар қуриш параметрларини шакллантиришда уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантлари учун кўп квартирали уйлардан хонадонлар киритилишини белгиланган тартибда назарда тутсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, иштирокчи тижорат банклари, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда меҳнат мигрантлари учун кўп квартирали уйларда уй-жой қуриш бўйича давлат дастурида назарда тутилганидан ортиқ миқдорда хонадонлар қурилишига халқаро молиявий институтлар ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг узоқ муддатли имтиёзли кредитларини жалб қилиш чораларини кўрсин.

13. Ташқи меҳнат миграцияси тизимини янада такомиллаштириш, унинг уюшган шаклларини тубдан кенгайтириш, республикадан ташқарига ишлаш учун кетаётган фуқароларнинг меҳнат, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларини тадбиркорлик ва меҳнат фаолиятига жалб этиш Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири биринчи ўринбосарининг асосий вазифаси этиб белгилансин.

14. Меҳнат мигрантларининг ишлаш ва яшаш шароитлари билан танишиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари бошчилигидаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа давлат органларининг раҳбарияти ва вакилларидан таркиб топган делегацияларнинг хорижий давлатларга, энг аввало Россия Федерациясига тизимли равишда сафар қилиши амалиёти жорий этилсин.

15. Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, Агентликнинг хориждаги ваколатхоналари мансабдор шахслари ва масъул ходимлари меҳнат мигрантларининг мурожаатлари билан ишлашда, айниқса кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўришни талаб қилувчи масалаларда ва уларга зарур ёрдам кўрсатиш борасида совуққонлик, буйруқбозлик ва сансалорликка йўл қўйганлик учун шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилсин.


16. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси оммавий ахборот воситаларида ушбу Фармоннинг мақсад ва вазифалари кенг миқёсда ёритилишини ташкил этсин.


17. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасига ўзгартиришлар киритиш юзасидан таклифлар тайёрласин;

ушбу Фармонда белгиланган вазифаларнинг амалий ижросини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорини қабул қилсин.


18. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                        Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 20 августдаги

ПФ-5785-сон Фармонига

1-ИЛОВА



Уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд

меҳнат мигрантларига 2020 йилда ажратиладиган

кўп квартирали уйлардаги хонадонлар сони

  

Т/р

Ҳудудлар номи

хонадонлар сони

1.

Қорақалпоғистон Республикаси

210

2.

Андижон вилояти

420

3.

Бухоро вилояти

240

4.

Жиззах вилояти

120

5.

Қашқадарё вилояти

300

6.

Навоий вилояти

60

7.

Наманган вилояти

300

8.

Самарқанд вилояти

450

9.

Сурхондарё вилояти

270

10.

Сирдарё вилояти

90

11.

Тошкент вилояти

180

12.

Фарғона вилояти

420

13.

Хоразм вилояти

240

14.

Тошкент шаҳри

162

Жами:

3 462





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 20 августдаги

ПФ-5785-сон Фармонига

2-ИЛОВА


Ташқи меҳнат миграцияси масалалари

бўйича республика комиссияси

ТАРКИБИ

1. А.Н. Арипов

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Республика комиссияси раиси


2. П.Р. Бобожонов

-

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, Республика комиссияси раиси ўринбосари


3. Б.А. Мусаев

-

Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири, Республика комиссияси раиси ўринбосари


4. А.З. Саъдуллаев

-

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар ишлари агентлиги директори


5. Келишувга кўра

-

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари


6. Лавозими бўйича

-

Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари


7. А.Ш. Иноятов

-

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири


8. Лавозими бўйича

-

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари


9. Б.И. Закиров

-

Ўзбекистон Республикаси қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири


10. А.Я. Ҳайдаров

-

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари


11. Ф.Ф. Эшматова

-

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)


12. А.Х. Саидов

-

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори


13. К.М. Рафиков

-

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси


14. Лавозими бўйича

-

Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари, Республика комиссияси масъул котиби

        

Изоҳ: Республика комиссияси аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки зиммасига тегишли функцияларни бажариш юкланган шахслар киритилади.


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 21 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 26 август, 34-сон, 593-модда








































Время: 0.0050
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск