ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Турли соҳалар бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида ҳужжатлар / Қонунлар ва Олий Мажлис палаталари қарорлари / 2019 й. /

Ўзбекистон Республикасининг 28.08.2019 й. ЎРҚ-558-сон "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 17.08.2019 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 24.08.2019 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

28.08.2019 й.

N ЎРҚ-558



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

АЙРИМ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА ЎЗГАРТИШ

ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 17 августда қабул қилинган

Сенат томонидан 2019 йил 24 августда маъқулланган


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 3 сентябрда қабул қилинган "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги 938-ХII-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, N 9, 338-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 12, 269-модда; 1997 йил, N 4-5, 126-модда; 1998 йил, N 9, 181-модда; 1999 йил, N 5, 112-модда; 2001 йил, N 5, 89-модда; 2002 йил, N 4-5, 74-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 5, 152-модда; 2007 йил, N 12, 590, 608-моддалар; 2008 йил, N 12, 640-модда; 2010 йил, N 5, 178-модда, N 9, 334-модда, N 12, 472-модда; 2012 йил, N 1, 4-модда; 2013 йил, N 10, 263-модда; 2014 йил, N 12, 341-модда; 2016 йил, N 4, 125-модда, N 12, 383, 384-моддалар; 2018 йил, N 1, 1-модда, N 10, 676-модда, N 12, 783-модда; 2019 йил, N 5, 265-модда) қуйидаги қўшимчалар ва ўзгартиш киритилсин:


1) 43-модда:

қуйидаги мазмундаги олтинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Манзил-колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга пенсия тайинлаш тўғрисидаги ариза бевосита манзил-колония жойлашган ердаги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига берилади";

олтинчи - тўққизинчи қисмлари тегишинча еттинчи - ўнинчи қисмлар деб ҳисоблансин;


2) қуйидаги мазмундаги 53-1-модда билан тўлдирилсин:


"53-1-модда. Озодликдан маҳрум этилган

шахсларга пенсиялар тўлаш


Манзил-колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга пенсиялар тўлаш манзил-колония жойлашган ердаги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тегишли пенсиялар суммаларини маҳкумларнинг шахсий ҳисобварақларига ўтказиш орқали амалга оширилади";


3) 62-модда "бундан манзил-колонияларда жазони ўтаётган шахслар мустасно" деган сўзлар билан тўлдирилсин.


2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2013-XII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 2, 5-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 12, 269-модда; 1997 йил, N 2, 56-модда, N 9, 241-модда; 1998 йил, N 5-6, 102-модда, N 9, 181-модда; 1999 йил, N 1, 20-модда, N 5, 124-модда, N 9, 229-модда; 2000 йил, N 5-6, 153-модда, N 7-8, 217-модда; 2001 йил, N 1-2, 11, 23-моддалар, N 9-10, 165, 182-моддалар; 2002 йил, N 9, 165-модда; 2003 йил, N 5, 67-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда, N 9, 171-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 12, 418-модда; 2006 йил, N 6, 261-модда; 2007 йил, N 4, 166-модда, N 6, 248, 249-моддалар, N 9, 422-модда, N 12, 594, 595, 607-моддалар; 2008 йил, N 4, 177, 187-моддалар, N 9, 482, 484, 487-моддалар, N 12, 636, 641-моддалар; 2009 йил, N 1, 1-модда, N 4, 136-модда, N 9, 335-модда, N 12, 469, 470-моддалар; 2010 йил, N 6, 231-модда, N 9, 334, 336, 337, 342-моддалар, N 12, 477-модда; 2011 йил, N 4, 103, 104-моддалар, N 9, 252-модда, N 12/2, 363-модда; 2012 йил, N 1, 3-модда, N 9/2, 244-модда, N 12, 336-модда; 2014 йил, N 9, 244-модда; 2015 йил, N 8, 310, 312-моддалар, N 12, 452-модда; 2016 йил, N 4, 125-модда, N 9, 276-модда, N 12, 385-модда; 2017 йил, N 3, 47-модда, N 6, 300-модда, N 9, 506, 510-моддалар, N 10, 605-модда; 2018 йил, N 1, 1, 5-моддалар, N 4, 218, 224-моддалар, N 7, 430, 431-моддалар, N 10, 679-модда; 2019 йил, N 1, 3, 5-моддалар, N 3, 161-модда, N 5, 259, 267-моддалар, N 7, 386-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилсин:


1) 29-модданинг биринчи қисми "протестни эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида ажрим чиқарган судни албатта хабардор қилган ҳолда кўриб чиқиш" деган сўзлардан кейин "паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


2) 36-модданинг:

биринчи қисми "шунингдек эҳтиёт чорасини ушбу Кодекснинг 240 ва 243-1-моддаларига мувофиқ бекор қилишга ёки ўзгартиришга" деган сўзлардан кейин "паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида илтимоснома беришга" деган сўзлар билан тўлдирилсин;

учинчи қисми "уй қамоғи бўйича қўшимча тақиқ (чеклов) белгилаш" деган сўзлардан кейин "паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


3) 38-1-модданинг:

биринчи қисми "шунингдек эҳтиёт чорасини ушбу Кодекснинг 240 ва 243-1-моддаларига мувофиқ бекор қилишга ёки ўзгартиришга" деган сўзлардан кейин "паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида илтимоснома беришга" деган сўзлар билан тўлдирилсин;

учинчи қисми "уй қамоғи бўйича қўшимча тақиқ (чеклов) белгилаш" деган сўзлардан кейин "паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


4) қуйидаги мазмундаги 28-1-боб билан тўлдирилсин:


"28-1-боб. Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг)

амал қилишини тўхтатиб туриш


254-1-модда. Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг)

амал қилишини тўхтатиб туриш мақсади ва асослари


Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш айбланувчи, судланувчи суриштирувдан, дастлабки терговдан ва суддан бўйин товлашининг олдини олиш, унинг бундан кейинги жиноий фаолиятининг олдини олиш, ҳукмнинг ижро этилишини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.

Айбланувчи ёки судланувчи паспортдан (ҳаракатланиш ҳужжатидан) фойдаланиб, Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетиши ёки хорижда ҳаракатланиши мумкин, деб ҳисоблашга етарли асослар мавжуд бўлса, мазкур паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиши тўхтатиб турилиши мумкин.

Айбланувчи паспортининг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги масала ушбу бобда белгиланган тартибда, судланувчи паспортининг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақидаги масала эса, ушбу Кодекснинг 423-моддасида назарда тутилган тартибда суд томонидан ҳал қилинади.

Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш фақат давлатлараро ёки халқаро қидирув эълон қилинган айбланувчига ёки судланувчи шахсга нисбатан қўлланилади.

Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тугатишга ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳуқуқий мақомини бекор қилишга сабаб бўлмайди.

Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш деганда паспортнинг, биометрик паспортнинг, хорижга чиқиш учун биометрик паспортнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахс ҳаракатланиш ҳужжатининг амал қилишини вақтинчалик тўхтатиб туриш тушунилади.


254-2-модда. Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг)

амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида

илтимоснома қўзғатиш


Прокурор, терговчи, суриштирувчи паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида мазкур процессуал мажбурлов чорасини қўллаш асосларини баён этган ҳолда қарор чиқаради.

Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорда паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш зарурияти юзага келишига сабаб бўлган асослар баён қилинади. Қарорга илтимосномани асословчи зарур материаллар илова қилинади.

Суриштирувчининг, терговчининг паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарори ва зарур материаллар прокурорга юборилади.

Прокурор паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимосноманинг асослилигини текшириб, унга рози бўлган тақдирда, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарорни ва зарур материалларни судга юборади.


254-3-модда. Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг)

амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги

илтимосномани кўриб чиқиш


Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома суриштирув ёки дастлабки тергов юритилаётган жойдаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси томонидан, мазкур судларнинг судьяси бўлмаган ёхуд паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги материални кўриб чиқишда унинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда эса, жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисининг кўрсатмасига биноан бошқа тегишли суднинг судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан қирқ саккиз соатдан кечиктирмай ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.

Суд мажлисида прокурор, шунингдек, агар ишда қатнашаётган бўлса, ҳимоячи ва қонуний вакил иштирок этади. Зарур ҳолларда суриштирувчи, терговчи судга чақирилиши мумкин.

Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш прокурорнинг маърузаси билан бошланиб, у давлатлараро ёки халқаро қидирув эълон қилинган айбланувчи ёки судланувчи паспортининг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиш заруриятини асослаб беради. Сўнгра ҳимоячи, судда ҳозир бўлган бошқа шахслар эшитилади, тақдим этилган материаллар текширилади. Шундан кейин судья ажрим чиқариш учун алоҳида хонага (маслаҳатхонага) чиқади.


254-4-модда. Суд ажрими


Судья паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиб, қуйидаги ажримлардан бирини чиқаради:

1) паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида;

2) паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туришни рад этиш ҳақида.

Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги судьянинг ажримида: қидирув эълон қилинган айбланувчи ёки судланувчи ҳақидаги маълумотлар; паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш асослари кўрсатилади.

Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туришни рад этиш ҳақидаги судьянинг ажрими асослантирилган бўлиши керак.

Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги ёки паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туришни рад этиш ҳақидаги судьянинг ажрими у ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради. Судьянинг ажрими ижро этиш учун прокурорга, маълумот учун эса, ҳимоячига юборилади.

Судьянинг ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ажрими устидан у чиқарилган кундан эътиборан қирқ саккиз соат ичида айбланувчининг ёки судланувчининг ҳимоячиси ва қонуний вакили томонидан шикоят берилиши ёхуд апелляция тартибида прокурор томонидан протест билдирилиши мумкин. Шикоят, протест ажримни чиқарган суд орқали берилиб, мазкур суд қирқ саккиз соат ичида уларни материаллар билан бирга апелляция инстанцияси судига юбориши шарт.

Шикоят ёки протест бериш паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги судьянинг ажрими ижросини тўхтатиб туради.

Апелляция инстанцияси суди мазкур материалларни шикоят ёки протест билан бирга улар келиб тушган пайтдан эътиборан қирқ саккиз соатдан кечиктирмай кўриб чиқиши керак.

Апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятини, протестини кўриб чиқиб, ўз ажрими билан:

судьянинг ажримини ўзгаришсиз, шикоятни ёки протестни эса, қаноатлантирмасдан қолдиришга;

судьянинг ажримини бекор қилишга ва паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туришга ёки паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туришни рад этишга ҳақли.


254-5-модда. Паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг)

амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги

судажрими устидан шикоят бериш


Паспортининг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиши тўхтатиб турилган шахс паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги судьянинг ажрими устидан у тегишли ваколатли органга келтирилган пайтдан эътиборан етмиш икки соат ичида суд тартибида шикоят қилишга ҳақли.


254-6-модда. Амал қилиши тўхтатиб турилган паспорт

(ҳаракатланиш ҳужжати) ўрнига янги паспорт

(ҳаракатланиш ҳужжати) бериш


Айблов ҳукми чиқарилганда ёки ушбу Кодекснинг 84-моддаси асосида айбдорлик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят иши тугатилганда суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки суднинг қарорига кўра қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда янги паспорт (ҳаракатланиш ҳужжати) берилиши билан паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиши тикланади";


5) 302-модданинг биринчи қисми "ёки уй қамоғига жойлаштирилгани" деган сўзлардан кейин "паспортининг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиши қонунга хилоф равишда тўхтатиб турилгани" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


6) 310-модда қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Қонунга хилоф равишда ҳукм қилинганлиги ёки ишда айбланувчи, судланувчи сифатида иштирок этишга жалб қилинганлиги муносабати билан паспортининг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиши тўхтатиб турилган шахсга янги паспорт (ҳаракатланиш ҳужжати) бериш йўли билан паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиши тикланади";


7) 345-модданинг иккинчи қисми "175" рақамидан кейин "моддаларида, 177-моддаси учинчи ва тўртинчи қисмларида" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


8) 381-2-модда биринчи қисмининг 3-бандидаги "177" рақами "177-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


9) 382-модданинг учинчи қисми:

қуйидаги мазмундаги тўққизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида судга илтимоснома киритади ёки илтимосномага розилик беради";

тўққизинчи - ўн олтинчи хатбошилари тегишинча ўнинчи - ўн еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;


10) 423-модданинг иккинчи қисми "Суд эҳтиёт чораларини қўллаш (ўзгартириш, бекор қилиш) тўғрисидаги" деган сўзлардан кейин "паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақидаги" деган сўзлар билан тўлдирилсин.


3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 3, 6-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси,1995 йил, N 9, 193-модда, N 12, 269-модда; 1996 йил, N 5-6, 69-модда, N 9, 144-модда; 1997 йил, N 2, 56-модда, N 4-5, 126-модда, N 9, 241-модда;1998 йил, N 3, 38-модда, N 5-6, 102-модда, N 9, 181-модда; 1999 йил, N 1, 20-модда, N 5, 124-модда, N 9, 229-модда; 2000 йил, N 5-6, 153-модда, N 7-8, 217-модда; 2001 йил, N 1-2, 23-модда, N 9-10, 165, 182-моддалар; 2002 йил, N 1, 20-модда, N 9, 165-модда; 2003 йил, N 1, 8-модда, N 5, 67-модда, N 9-10, 149-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда, N 5, 90-модда, N 9, 171-модда; 2005 йил, N 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 9, 312-модда, N 12, 413, 417, 418-моддалар; 2006 йил, N 6, 261-модда, N 9, 498-модда, N 10, 536-модда, N 12, 656, 659-моддалар; 2007 йил, N 4, 158, 159, 164, 165-моддалар, N 9, 416, 421-моддалар, N 12, 596, 604, 607-моддалар; 2008 йил, N 4, 181, 189, 192-моддалар, N 9, 486, 488-моддалар, N 12, 640, 641-моддалар; 2009 йил, N 1, 1-модда, N 9, 334, 335, 337-моддалар, N 10, 380-модда, N 12, 462, 468, 470, 472, 474-моддалар; 2010 йил, N 5, 175, 179-моддалар, N 6, 231-модда, N 9, 335, 339, 341-моддалар, N 10, 380-модда, N 12, 468, 473, 474-моддалар; 2011 йил, N 1, 1-модда, N 4, 104, 105-моддалар, N 9, 247, 252-моддалар, N 12/2, 365-модда; 2012 йил, N 4, 108-модда, N 9/1, 242-модда, N 12, 336-модда; 2013 йил, N 4, 98-модда, N 10, 263-модда; 2014 йил, N 1, 2-модда, N 5, 130-модда, N 9, 244-модда, N 12, 341, 343-моддалар; 2015 йил, N 6, 228-модда, N 8, 310, 312-моддалар, N 12, 452-модда; 2016 йил, N 1, 2-модда, N 4, 125-модда, N 9, 276-модда, N 12, 383, 385-моддалар; 2017 йил, N 4, 137-модда, N 6, 300-модда, N 9, 510-модда, N 10, 605-модда; 2018 йил, N 1, 1, 4, 5-моддалар, N 4, 224-модда, N 7, 430, 431, 432-моддалар, N 10, 671, 673, 679-моддалар; 2019 йил, N 1, 1, 3, 5-моддалар, N 3, 161, 165, 166-моддалар, N 5, 259, 261, 267, 268-моддалар, N 7, 386-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилсин:


1) 17-1-модда қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситалари, шунингдек улар кузатиб келаётган транспорт воситалари томонидан йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ имтиёздан фойдаланган ҳолда содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар махсус фото- ва видео қайд этишнинг автоматлаштирилган техник воситалари орқали қайд этилган тақдирда ҳамда кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда ҳайдовчиларнинг маъмурий қоидабузарлиги охирги зарурат ҳолатларида содир этилган деб топилади ва маъмурий иш ушбу Кодекснинг 271-моддасига мувофиқ тугатилади";


2) 49 - 49-3-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"49-модда. Меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш

тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш


Мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, -

энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, бундан била туриб ғайриқонуний ишдан бўшатиш мустасно, -

энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни вояга етмаган шахсга нисбатан содир этиш, -

энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


49-1-модда. Вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан

фойдаланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги

талабларни бузиш


Вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлиғига, хавфсизлигига ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш, -

энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, -

энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


49-2-модда. Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини

мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун

ҳужжатлари талабларини бажармаслик


Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бажармаслик, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг етти бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса - ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


49-3-модда. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик,

ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш

бўйича мажбуриятдан бўйин товлаш


Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда тўлаш бўйича мажбуриятдан бўйин товлаш, -

энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, -

энг кам иш ҳақининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади";


3) қуйидаги мазмундаги 49-4-модда билан тўлдирилсин:


"49-4-модда. Хорижий ишчи кучини Ўзбекистон Республикасига

жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартибини бузиш


Хорижий ишчи кучини Ўзбекистон Республикасига жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартибини бузиш, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса - ўн бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, -

фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади";


4) 50 - 51-моддалар қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"50-модда. Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги

қонун ҳужжатларини бузиш


Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг давлат қўшимча кафолатларни таъминлайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини яратишга доир қарорларини бажармаслик, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Маҳаллий меҳнат органлари томонидан корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ишга юборилган шахсларни ишга қабул қилишни бўш иш ўринлари (вакант лавозимлар) мавжуд бўлгани ҳолда асоссиз равишда рад этиш, шунингдек иш ўринларининг белгиланган энг кам сони ҳисобидан иш ўринларига ишга жойлаштиришни асоссиз равишда рад этиш, худди шунингдек аввал талабнома берилган, касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва малакасини оширишга юборилган шахсларни ишга қабул қилишни асоссиз равишда рад этиш, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этиш, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.


51-модда. Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш


Меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, -

энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, -

энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни вояга етмаган шахсга нисбатан содир этиш, -

энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, -

энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади";


5) 229-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"229-модда. Бўш иш ўринларини яшириш


Бўш иш ўринларини (вакант лавозимларни) яшириш, бўш иш ўринлари (вакант лавозимлар) ёки ҳар бир ходим бўшатиб олиниши кутилаётганлиги тўғрисидаги ахборотни ўз вақтида тақдим этмаслик, Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармасига ажратмаларни тўлашдан бўйин товлаш, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, -

мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади";


6) 245-модданинг биринчи қисмидаги "49-1, 51-1" рақамлари "49-1, 49-4, 51-1" рақамлари билан алмаштирилсин;


7) 255-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"255-модда. Давлат меҳнат инспекциясининг мансабдор шахслари


Давлат меҳнат инспекциясининг мансабдор шахслари ушбу Кодекс 49, 49-2, 49-3, 50, 51, 229-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ва маъмурий жазо чораларини қўллашга қуйидагилар ҳақлидир:

меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун - меҳнат бўйичадавлат инспекторлари, меҳнат бўйича давлат ҳуқуқий инспекторлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун -меҳнат бўйича давлат инспекторлари, меҳнат бўйича давлат техник инспекторлари, меҳнат шароитлари бўйича давлат экспертлари".


4-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 25 апрелда қабул қилинган 409-I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, N 6, 175-модда; 2003 йил, N 9-10, 149-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, N 6, 248-модда, N 9, 422-модда, N 12, 595-модда; 2008 йил, N 4, 187-модда, N 12, 636, 641-моддалар; 2009 йил, N 4, 136-модда, N 12, 470-модда; 2010 йил, N 9, 334-модда; 2012 йил, N 9/1, 238-модда; 2014 йил, N 9, 244-модда; 2015 йил, N 8, 310-модда; 2017 йил,N 3, 47-модда, N 10, 605-модда; 2019 йил, N 3, 165-модда, N 5, 267-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 45-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Жазони ижро этиш муассасалари жумласига қуйидагилар киради:

жазони ижро этиш колониялари, шу жумладан даволаш ҳуқуқи асосидаги колониялар;

тарбия колониялари;

турмалар;

маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналар";


2) қуйидаги мазмундаги 52-1-модда билан тўлдирилсин:


"52-1-модда. Маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналар


Маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналар бемор маҳкумларни сақлаш ва уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун мўлжаллангандир";


3) 54-модда:

қуйидаги мазмундаги иккинчи - тўртинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

"Ушбу муддат давомида маҳкум:

қариндошлари ёки бошқа шахслар билан бир марта қисқа муддатли учрашиш;

ўз шахсий маблағлари ҳисобидан тўланадиган, ўн беш дақиқа давом этадиган бир марта телефон орқали сўзлашиш ҳуқуқига эга.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар суд ҳукми билан белгиланган режимнинг турига мувофиқ жазони ижро этиш муассасаларига жўнатилади.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларни жўнатиш ушбу Кодекснинг 58-моддаси талабларига риоя этган ҳолда амалга оширилади";

иккинчи қисми бешинчи қисм деб ҳисоблансин;


4) 59-модданинг биринчи қисмидаги "Ихтисослашган даволаш муассасаларида" деган сўзлар "Даволаш ҳуқуқи асосидаги колонияларда ва маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналарда" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


5) 60-модда қуйидаги мазмундаги саккизинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Жазони ўташ жойига бораётган ёки бир жазони ижро этиш муассасасидан бошқа жазони ижро этиш муассасасига кўчирилаётган маҳкумларни вақтинча сақлаш учун жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари ҳузурида транзит-жўнатиш участкалари ташкил этилиши мумкин. Маҳкумлар транзит-жўнатиш участкаларида режимининг тури суд ҳукми билан белгиланган жазони ижро этиш муассасасида ўзининг жазони ўташига оид шартлар асосида, ушбу Кодекснинг 58-моддаси талабларига риоя этган ҳолда сақланади. Маҳкумларни транзит-жўнатиш участкаларида сақлашнинг энг кўп муддати кўпи билан 20 суткани ташкил этади";


6) 69-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Жисмоний куч ишлатилиши натижасида маҳкумнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилган ҳар бир ҳолат тўғрисида прокурорга дарҳол хабар берилади";


7) қуйидаги мазмундаги 69-1-модда билан тўлдирилсин:


"69-1-модда. Маҳкум овқат ейишни рад

этганда қўлланиладиган чоралар


Маҳкумнинг овқат ейишни рад этганлиги факти аниқланганда муассаса бошлиғи ёхуд унинг ўрнини босувчи шахс бу ҳақда зудлик билан прокурорни хабардор қилади.

Овқат ейишни рад этадиган маҳкум имкон қадар бошқа маҳкумлардан алоҳида сақланади ва тиббиёт ходимининг кузатуви остида бўлади.

Овқат ейишни рад этган маҳкумнинг соғлиғини сақлаб туришга қаратилган мажбурлов йўсинидаги (сунъий ва мажбурий овқатлантириш тарзидаги) чоралар, агар унинг ҳаётига ёки соғлиғига хавф таҳдид солса, шифокорнинг ёзма хулосаси асосида ҳамда тиббиёт ходими ҳозирлигида амалга оширилади.

Маҳкумнинг овқат ейишни рад этганлиги уни бошқа жазони ижро этиш муассасаларига ўтказишга ёхуд тергов ҳаракатларида ва суд мажлисларида иштирок этиш учун бошқа ерга кўчиришга тўсқинлик қилмайди. Зарур ҳолларда, маҳкумни бошқа ерга кўчириш тиббиёт ходими кузатувида амалга оширилади.

Маҳкумлар овқат ейишни рад этганда қўлланиладиган мажбурлов йўсинидаги чораларни қўллаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади";


8) 71-модданинг еттинчи қисмидаги "прокурорга хабар қилинади" деган сўзлар "дарҳол прокурорга хабар қилинади" деган сўзлар билан алмаштирилсин;


9) 76-модданинг олтинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

қумли касалликларга чалинган ва стационар даволанишда бўлган маҳкумларга учрашувлар шифокор рухсати билан берилади";


10) 77-модда:

биринчи қисмидаги "бундай сўзлашувлар муассаса маъмурияти назорати остида ўтказилади ва уларнинг ҳақи маҳкумнинг шахсий ҳисоб-варағидан тўланади" деган сўзлар чиқариб ташлансин;

қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Умумий, қаттиқ, махсус тартибли колонияларда, тарбия колонияларида, турмаларда ва маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналарда жазони ўтаётган маҳкумларнинг телефон орқали сўзлашувлари муассаса маъмурияти назорати остида ўтказилади ҳамда уларнинг ҳақи маҳкумнинг шахсий ҳисобварағидан тўланади";

иккинчи - бешинчи қисмлари тегишинча учинчи - олтинчи қисмлар деб ҳисоблансин;


11) 85-модда:

биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга организмнинг энергияга ва озуқавий моддаларга бўлган физиологик эҳтиёжини таъминлайдиган овқат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда республика бюджети ҳисобидан берилади, бундан манзил-колонияларда жазони ўтаётганлар мустасно";

қуйидаги мазмундаги тўртинчи ва бешинчи қисмлар билан тўлдирилсин:

"Манзил-колонияларда жазони ўтаётган ҳомиладор аёлларга ва эмизикли оналарга ишдан озод этилган даврида республика бюджети ҳисобидан овқат берилади.

Манзил-колонияларда жазони ўтаётган, касаллиги туфайли ёки интизомий бўлинмага киритилиб ишдан озод қилинган маҳкумларга манзил-колонияларнинг корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари ҳисобидан овқат берилиб, овқатнинг қиймати кейинчалик маҳкумларнинг ойлик иш ҳақидан ушлаб қолинади";


12) 96-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:


"96-модда. Маҳкумларнинг ижтимоий

суғуртаси ва пенсия таъминоти


Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг иш ҳақидан давлат ижтимоий суғуртасига ажратмалар амалга оширилмайди.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга тайинланган пенсияни тўлаш озодликдан маҳрум қилинган вақтда тўхтатиб турилади, бундан манзил-колонияларда жазони ўтаётган маҳкумлар мустасно.

Манзил-колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар пенсияни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олиши мумкин.

Манзил-колонияларда жазони ўтаётган озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга пенсия тайинлаш ва тўлаш манзил-колония жойлашган ердаги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тегишли пенсия суммаларини маҳкумларнинг шахсий ҳисобварақларига ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлади";


13) 114-модданинг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги саккизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"ўз шахсий маблағлари ҳисобига харид қилинган озиқ-овқат маҳсулотларидан ва йўқловлардаги маҳсулотлардан мустақил равишда овқат тайёрлашни амалга оширади";


14) 117-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Маҳкумлар йил мобайнида:

олти марта қисқа муддатли ва олти марта узоқ муддатли учрашув;

ўн икки марта телефон орқали сўзлашув;

ўн иккита посилка ёки йўқлов;

ўн иккита бандерол олиш ҳуқуқига эга";


15) 119-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Маҳкумлар йил мобайнида:

беш марта қисқа муддатли ва беш марта узоқ муддатли учрашув;

саккиз марта телефон орқали сўзлашув;

саккизта посилка ёки йўқлов;

саккизта бандерол олиш ҳуқуқига эга";


16) 121-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Маҳкумлар йил мобайнида:

тўрт марта қисқа муддатли ва тўрт марта узоқ муддатли учрашув;

олти марта телефон орқали сўзлашув;

олтита посилка ёки йўқлов;

олтита бандерол олиш ҳуқуқига эга";


17) 123-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Турмаларда маҳкумлар ҳар куни муддати бир соатлик сайр қилиш ҳамда йил мобайнида:

тўрт марта қисқа муддатли ва бир марта узоқ муддатли учрашув;

тўрт марта телефон орқали сўзлашув;

тўртта посилка ёки йўқлов;

тўртта бандерол олиш ҳуқуқига эга";


18) 125-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Тарбия колонияларида маҳкумлар йил мобайнида:

йигирма тўрт марта қисқа муддатли ва саккиз марта узоқ муддатли учрашув;

йигирма тўрт марта телефон орқали сўзлашув;

ўн иккита посилка ёки йўқлов;

ўн иккита бандерол олиш ҳуқуқига эга";


19) 164-модда:

қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Маҳкумни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилишга ёки жазони енгилроғи билан алмаштиришга тақдим этиш масаласини маъмурият томонидан қайта кўриб чиқиш жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг ёки жазони ижро этувчи органнинг жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилишни ёки жазони енгилроғи билан алмаштиришни рад этиш ҳақидаги қарори чиқарилган кундан эътиборан уч ой ўтгач, башарти маҳкум белгиланган режимга ва меҳнатга виждонан муносабатда бўлса, амалга оширилади";

тўртинчи - бешинчи қисмлари тегишинча бешинчи - олтинчи қисмлар деб ҳисоблансин.


5-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган 598-I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, N 5-6, 82-модда; 2003 йил, N 9-10, 149-модда; 2004 йил, N 5, 90-модда; 2005 йил, N 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, N 12, 608-модда; 2009 йил, N 1, 1-модда, N 12, 472-модда; 2011 йил, N 1, 1-модда; 2014 йил, N 1, 2-модда, N 9, 244-модда; 2015 йил, N 8, 312-модда; 2017 йил, N 9, 510-модда; 2018 йил, N 1, 1-модда, N 4, 224-модда, N 7, 432-модда, N 12, 781-модда; 2019 йил, N 1, 1-модда, N 3, 161-модда, N 4, 199-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимча киритилсин:


1) 48-модданинг 8-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"ерларни муҳофаза қилиш юзасидан, шу жумладан суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик юзасидан ушбу Кодексга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўришлари шарт";


2) 90-модданинг иккинчи қисми қуйидаги мазмундаги ўн тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаганликда".


6-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган 607-I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, 5-6-сонга илова; 2003 йил, N 1, 8-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, N 4, 157-модда; 2008 йил, N 4, 189-модда; 2009 йил, N 9, 328-модда; 2010 йил, N 9, 334, 335-моддалар; 2011 йил, N 9, 252-модда, N 12/2, 363-модда; 2013 йил, N 4, 98-модда; 2014 йил, N 1, 2-модда; 2016 йил, N 9, 276-модда; 2017 йил, N 9, 510-модда, N 10, 605-модда; 2018 йил, N 1, 1, 4-моддалар, N 4, 224-модда) 15-моддасининг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун ўн саккиз ёш этиб белгиланади".


7-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 29 августда қабул қилинган "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги 258-II-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 йил, N 9-10, 169-модда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, N 8, 367-модда, N 12, 598-модда; 2008 йил, N 4, 184, 187-моддалар; 2009 йил, N 1, 1-модда; 2010 йил, N 9, 337, 340-моддалар; 2012 йил, N 12, 336-модда; 2014 йил, N 5, 130-модда; 2015 йил, N 8, 312-модда; N 12, 452-модда; 2016 йил, N 9, 276-модда; 2017 йил, N 9, 510-модда; 2018 йил, N 1, 1, 4, 5-моддалар; 2019 йил, N 5, 267-модда, N 7, 389-модда) 67-моддасининг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Жазони ижро этиш колонияларида, тарбия колонияларида ва қамоқхоналарда жазони ўтаётган шахслардан, шунингдек тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини ижро этувчи муассасаларда сақланаётган шахслардан ундирув Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексида белгиланган тартибда бутун иш ҳақидан амалга оширилади".


8-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 29 сентябрда қабул қилинган "Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида"ги ЎРҚ-298-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 йил, N 9, 251-модда; 2012 йил, N 9/1, 238-модда; 2019 йил, N 5, 267-модда) 44-моддаси қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилсин:

"Ушлаб турилганлар ёки қамоққа олинганлар овқат ейишни рад этганда қўлланиладиган мажбурий тусдаги чораларни қўллаш тартиби тегишинча Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ёки Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади".


9-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;

ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.


10-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ушбу Қонуннинг 6-моддаси 2019 йил 1 сентябрдан эътиборан амалга киритилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                     Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 29 август


"Халқ сўзи", 2019 йил 29 август


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 31 август, 35-сон, 623-модда












































Время: 0.1660
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск