ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Шахснинг ҳуқуқий мақоми / Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлари ва муҳофазаси. Омбудсман /

Ўзбекистон Республикасининг 02.09.2019 й. ЎРҚ-561-сон "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 17.08.2019 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 23.08.2019 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

02.09.2019 й.

N ЎРҚ-561



ХОТИН-ҚИЗЛАРНИ ТАЗЙИҚ ВА ЗЎРАВОНЛИКДАН

ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 17 августда қабул қилинган

Сенат томонидан 2019 йил 23 августда маъқулланган


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан

ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


жинсий зўравонлик - хотин-қизларга нисбатан уларнинг розилигисиз шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатларни содир этиш орқали жинсий дахлсизликка ва жинсий эркинликка тажовуз қиладиган зўравонлик шакли, шунингдек зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан таҳдид қилиш ёхуд аёл жинсидаги вояга етмаган шахсларга нисбатан ахлоқсиз ҳаракатлар содир этиш орқали учинчи шахс билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаш;


жисмоний зўравонлик - хотин-қизларга нисбатан оғирлиги турли даражада бўлган тан жароҳатлари етказиш, хавф остида қолдириш, ҳаёти хавф остида қолган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, зўравонлик хусусиятига эга бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этиш, жисмоний таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказишнинг ўзга чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қиладиган зўравонлик шакли;


зўравонлик - хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик);


иқтисодий зўравонлик - хотин-қизларга нисбатан турмушда, иш жойларида ва бошқа жойларда амалга оширилган зўравонлик шакли, хотин-қизларнинг нормал яшаш ва камол топиш учун озиқ-овқат, уй-жой ҳамда бошқа зарур шарт-шароитлар билан таъминланишга бўлган ҳуқуқини, мулк ҳуқуқини, таълим олиш ҳамда меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишни чеклашга олиб келадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик);


иш жойи - ўзи билан тузилган шартномага мувофиқ меҳнат мажбуриятларини амалга ошириш ёки хизмат вазифаларини бажариш учун бўлиши ёки бориши лозим бўлган, иш берувчи томонидан бевосита ёки билвосита назорат қилинадиган жой;


руҳий зўравонлик - хотин-қизларни ҳақоратлаш, уларга туҳмат қилиш, таҳдид қилиш, уларнинг шаънини, қадр-қимматини камситиш, шунингдек уларнинг хоҳиш-иродасини чеклашга қаратилган бошқа ҳаракатларда ифодаланадиган зўравонлик шакли, шу жумладан репродуктив соҳада назорат қилиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчида ўз хавфсизлиги учун хавотир уйғотган, ўзини ҳимоя қила олмасликка олиб келган ёки руҳий соғлиғига зарар етказган ҳаракат (ҳаракатсизлик);


тазйиқ - содир этилганлиги учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик назарда тутилмаган, хотин-қизларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик), шилқимлик, таъқиб этиш;

тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи - ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилиши таҳдиди остида бўлган ёки тазйиқ ва зўравонлик натижасида жабрланган аёл жинсидаги шахс;


тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш - хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи учун пайдо бўлган хавфни бартараф этиш, тезкор чора-тадбирларни талаб қиладиган ҳаётий вазиятлар юз берганда хотин-қизларнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек жабрланувчига нисбатан тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг такроран ғайриқонуний хатти-ҳаракатларига йўл қўймаслик мақсадидаги иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий, ташкилий, психологик ва бошқа тусдаги кечиктириб бўлмайдиган тадбирлар тизими;


тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш - хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этишга олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этишга, жамиятда хотин-қизларнинг зўравонликдан холи бўлиш ҳуқуқларидан хабардорлигини оширишга қаратилган иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий ва бошқа чора-тадбирлар тизими;


таъқиб этиш - жабрланувчининг хоҳиш-иродасига қарши, унинг икки ёки ундан ортиқ марта қаршилик кўрсатганлигига ёхуд огоҳлантирганлигига қарамай содир этиладиган, жабрланувчини қидиришда, у билан оғзаки, телекоммуникация тармоқлари воситасида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ёки бошқа усулларни қўллаш йўли билан мулоқотга киришишда, унинг иш, ўқиш ва (ёки) яшаш жойига боришда ифодаланган ҳамда жабрланувчида ўз хавфсизлиги учун хавотирлик қўзғатадиган ҳаракатлар;

ҳимоя ордери - тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан ушбу Қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат.



4-модда. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳуқуқлари


Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги  ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисидаги ариза билан тегишли ваколатли органларга ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш;

махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали текин ҳуқуқий маслаҳат, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш;

ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда эса, уларни бу ҳақда хабардор қилиш;

содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсация қилиниши тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиш.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилинади.



5-модда. Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан

ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг

асосий йўналишлари


Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги гендер сиёсатини, давлат дастурларини ҳамда стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка доир муросасизлик муҳитини яратиш;

хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилинишини таъминлаш;

жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш;

хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш учун самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратиш;

хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилишига олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш;

тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамкорлигини таъминлаш.



6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш

соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ва стратегияларни тасдиқлайди;

тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг хавфсизлигини, жисмоний ва руҳий реабилитациясини ҳамда мослашувини таъминлаш бўйича тузилмаларни ташкил этади;

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органларнинг ҳамкорлигини мувофиқлаштиради.



7-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан

ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари


Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини ҳамда стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳудудий дастурларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ҳамда амалга оширади;

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасида давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлик қилади;

хотин-қизларни ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.



8-модда. Ички ишлар органларининг хотин-қизларни

тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш

соҳасидаги ваколатлари


Ички ишлар органлари:

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий дастурларни ҳамда қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, шу жумладан уларнинг сабабларини ҳамда шарт-шароитларини аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўради, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ва уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахслар билан мунтазам асосда профилактика ишларини олиб боради;

хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги  ёки содир этилиши таҳдиди мавжудлиги тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқади;

тазйиқ ёки зўравонлик содир этишга мойил бўлган шахсга расмий огоҳлантириш беради;

ҳимоя ордерини беради;

зўравонлик содир этган шахсларни жавобгарликка тортиш юзасидан ўз ваколатлари доирасида чоралар кўради;

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.



9-модда. Меҳнат органларининг хотин-қизларни тазйиқ

ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари


Меҳнат органлари:

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий дастурларни ҳамда қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

ишга жойлаштирилмаган хотин-қизларни ҳисобга олиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;

хотин-қизларга нисбатан иш жойларидаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолларининг олдини олиш ҳамда хотин-қизлар билан ўзаро муносабатлар маданиятини юксалтириш бўйича мулк шаклларидан қатъи назар ташкилотларда профилактика тадбирларини ўтказади;

иш қидираётган ва оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан оилавий муаммоларга ва зўрлик ишлатилишига дуч келган хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва касбга йўналтиришга кўмаклашиш чораларини кўради;

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.



10-модда. Таълимни давлат томонидан бошқариш органларининг

ҳамда таълим муассасаларининг хотин-қизларни тазйиқ ва

зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари


Таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари:

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий дастурлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

хотин-қизларни мажбурий меҳнатга ва ғайриижтимоий хулқ-атворга жалб қилиш ҳоллари аниқланганлигига доир фактлар тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар қилади;

таълим муассасаларида таҳсил олувчилар орасидан хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ўтказиш ва зўравонлик содир этишга мойил шахсларни аниқлайди ҳамда уларнинг хулқ-атворини тузатиш, шунингдек тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш ҳамда мослаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;

таълим муассасаларида бўш вақтни мазмунли ўтказишни таъминлаш мақсадида тадбирлар ташкил этади;

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.



11-модда. Давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш

органларининг ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларининг

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш

соҳасидаги ваколатлари


Давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари:

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий дастурларни ва қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

тазйиқ ва зуравонликдан жабрланувчиларга ҳамда уларнинг болаларига, шу жумладан аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига келтирилган тазйиқ ва зуравонликдан жабрланувчиларга ҳамда уларнинг болаларига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш, шунингдек тазйиқ ва зуравонликдан жабрланувчиларни бепул даволаш чора-тадбирларини амалга оширади;

тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга тиббий ва руҳий ёрдам кўрсатиш юзасидан услубий тавсиялар ишлаб чиқади ҳамда уларни соғлиқни сақлаш муассасаларининг иш амалиётига жорий этади;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хотин-қизларнинг ҳаётига ёки соғлиғига хавф солувчи фактлар ва аниқланган сабаблар тўғрисида хабардор қилади;

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.



12-модда. Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни

қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва

хотин-қизлар қўмитасининг хотин-қизларни тазйиқ ва

зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси:

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий дастурларни ва қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш бўйича тадбирларда иштирок этади ва бундай ҳолатларни бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўради;

хотин-қизларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларида ижтимоий реабилитация қилишга ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олишга доир тадбирлар ўтказади;

хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ўтказганлиги ва зўравонлик содир этганлиги учун профилактик ҳисобда турадиган шахслар билан якка тартибдаги профилактика тадбирларини ўтказишда иштирок этади;

низоли вазиятларни профилактика қилишга, тазйиқ ва зўравонликнинг олдин олишга доир дастурлар ҳамда услубий тавсияларни ишлаб чиқади ва амалга оширади.

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни  амалга оширувчи тегишли ваколатли органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.



13-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг,

нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик

жамияти бошқа институтларининг хотин-қизларни

тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишда

иштирок этиши


Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари:

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиши;

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга доир тадбирларни амалга оширишда давлат органларига кўмаклашиши;

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши;

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни ҳамда мазкур соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиши;

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиши мумкин.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги, оилада маънавий-ахлоқий муҳитни шакллантиришдаги, ёш авлодни тарбиялашдаги ролини оширишга қаратилган чора-тадбирлар кўради.



14-модда. Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан

ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли

органлар ҳамда ташкилотларнинг ҳамкорлиги


Ваколатли органлар ва ташкилотлар хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги тадбирларни амалга оширишда қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик қилади:

аниқланган тазйиқ ва зўравонлик фактлари тўғрисида ўзаро  бир-бирини хабардор қилиш;

тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларига муносабат билдириш чораларини келишиш ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга амалий ёрдам кўрсатиш;

тазйиқ ва зўравонликни бартараф этиш ҳамда уларга қарши курашиш ва тажриба алмашиш соҳасидаги чора-тадбирларни биргаликда амалга ошириш;

тазйиқ ва зўравонликни бартараф этиш ҳамда уларга қарши курашиш соҳасидаги тадбирларни амалга оширадиган мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш, қонунчиликни ва уларнинг қўлланилиш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


15-модда. Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик

ҳолатларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда

уларга чек қўйишнинг умумий чора-тадбирлари


Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга чек қўйишнинг умумий чора-тадбирлари қуйидагилардан иборат:

хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

тазйиқ ва зўравонликнинг сабаблари ҳамда шарт-шароитлари бўлган омилларни таҳлил қилиш, ўрганиш ва баҳолаш;

аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот олиб бориш;

хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолларининг статистик ҳисоби ва ҳисоботини юритиш ҳамда уларни давлат статистика органларига тақдим этиш;

фуқароларни, айниқса хотин-қизларни ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари тўғрисидаги, шунингдек ҳимоя қилиш кафолатлари ҳақидаги ахборот билан таъминлаш мақсадида ахборот-маърифий фаолиятни амалга ошириш;

хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини аниқлашнинг самарали ҳуқуқий механизмларини жорий этиш;

тазйиқ ва зўравонлик содир этиш хавфи бўлган гуруҳларга мансуб шахсларга ёки уларни содир этган шахсларга нисбатан олдини олиш чораларини амалга ошириш;

тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатишга ва уларни ҳимоя қилишга доир тадбирларни амалга ошириш;

хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларга нисбатан таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш;

айбдорларни қонунда белгиланган жавобгарликка тортиш.



16-модда. Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик

ҳолларининг статистик ҳисоби ва ҳисоботи


Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчилар, шунингдек зўравонлик содир этган ёки зўравонлик содир этишга мойил бўлган шахслар ҳақидаги маълумотлар ваколатли органлар ва ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг ягона электрон маълумотлар базасига киритилади.



17-модда. Тазйиқ ва зўравонликдан

жабрланувчини хабардор қилиш


Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчини ижтимоий ҳамда ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизмлари, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганга кўрсатиладиган ёрдам турлари ва хизматлар тўғрисидаги ахборот билан таништиради.

Зарур бўлган тақдирда ваколатли органлар ва ташкилотлар содир этилган тазйиқ ва зўравонлик факти муносабати билан ариза беришда амалий ёрдам кўрсатади.

Жазони ижро этиш муассасалари тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганга унга нисбатан зўравонлик содир этган шахс жазони ижро этиш жойидан озод этилганлиги, озодликдан маҳрум қилиш жойидан ташқарига қисқа муддатга чиқарилганлиги ёки қочиб кетганлиги ҳақида зудлик билан хабар беради.



18-модда. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчилар

учун ишонч телефони


Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш механизми ҳамда чора-тадбирлари, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш тўғрисида ахборот олишни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида туну кун ишлайдиган, бепул телефон линияси тармоғи (ишонч телефони) ишлаб туришини таъминлайди.

Телефон линияси тармоғи махфийликка риоя этган ҳолда фаолият кўрсатади. Ишонч телефони орқали олинган ахборотни ошкор этишга йўл қўйилмайди, бундан қонунчиликда белгиланган ҳоллар мустасно.


19-модда. Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва

зўравонликнинг олдини олишга доир

якка тартибдаги чора-тадбирлар


Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотларнинг хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этишга мойил бўлган ёки уни содир этган ғайриижтимоий хулқ-атворли шахсларни аниқлаш ҳамда уларга профилактик таъсир кўрсатиш билан боғлиқ фаолияти хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирлардир.

Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирлар муайян шахснинг, унинг ижтимоий муҳитининг ўзига хос хусусиятлари, ижтимоий-маиший шароитлари ва турмуш тарзи, унинг ғайриижтимоий хулқ-атвори, тазйиқ ва зўравонлик содир этишга мойиллиги, шунингдек у содир этган тазйиқ ва зўравонликнинг ижтимоий хавфлилик даражасини тавсифловчи бошқа омиллар ҳисобга олинган ҳолда қўлланилади.



20-модда. Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ

ва зўравонликнинг олдини олишга доир якка

тартибдаги чора-тадбирларни қўллаш учун асослар


Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирларни қўллаш учун қуйидагилар асос бўлади:

тазйиқ ва зўравонлик қурбонининг мурожаати;

жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари;

тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш фактларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши;

давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан келиб тушган материаллар.

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар тазйиқ ва зўравонлик фактлари аниқланган тақдирда бу ҳақда тегишли ички ишлар органларига дарҳол хабар қилиши шарт.

Ички ишлар органлари тазйиқ ва зўравонлик тўғрисида оғзаки ёки ёзма хабар олганда бундай ҳаракатларга чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган якка тартибдаги чора-тадбирлар кўриши шарт.



21-модда. Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва

зўравонликнинг олдини олишга доир якка

тартибдаги чора-тадбирлар турлари


Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирлар турлари жумласига қуйидагилар киради:

профилактика суҳбатини ўтказиш;

ҳимоя ордерини бериш;

тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказларга жойлаштириш;

зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш.



22-модда. Профилактика суҳбати


Муайян шахсни жамиятда умум қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этишга ишонтириш, ғайриижтимоий хулқ-атворнинг ижтимоий ҳамда ҳуқуқий оқибатларини тушунтириш, шунингдек қонунда белгиланган жавобгарлик тўғрисида огоҳлантириш мақсадида профилактика суҳбати ўтказилади.

Тазйиқ ва зўравонлик ҳолларини аниқлаган ваколатли орган вакили томонидан профилактика суҳбати тазйиқ ўтказиш ва зўравонлик содир этишга мойил шахслар билан қонунда белгиланган тартибда ўтказилади.



23-модда. Ҳимоя ордерини бериш

Ҳимоя ордери тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига берилади. Тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга ҳимоя ордерининг нусхаси берилади.

Ҳимоя ордерини берган ички ишлар органининг мансабдор шахси тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахсни ҳимоя ордерининг шартлари ҳамда уни бажармаслик оқибатлари ва зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш зарурлиги тўғрисида хабардор қилади.

Шахс ҳимоя ордерини олиш тўғрисидаги тегишли ҳужжатни имзолашни рад этган тақдирда, ҳимоя ордерини топшираётган ички ишлар органининг мансабдор шахси томонидан холислар иштирокида далолатнома тузилади.

Тегишли ҳудудда тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга ошириш учун масъул бўлган ички ишлар органининг мансабдор шахси тазйиқ ва зўравонлик факти ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида ҳимоя ордерини ўттиз кун муддатгача беради ва ушбу ордер расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради.

Агар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи ҳамда тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс бир жойда ишласа ёки ўқиса, тегишли ҳудудда тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга оширувчи ички ишлар органининг мансабдор шахси томонидан жабрланувчига ҳимоя ордери берилганидан кейин бир иш куни ичида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг иш ёки ўқиш жойига, агар тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс ташкилот раҳбари бўлса, юқори турувчи органга, жабрланувчи ва тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс ўртасидаги бевосита алоқани тақиқлаш тўғрисида тақдимнома юборилади.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи ишлаётган ёки таълим олаётган ташкилот раҳбари тақдимномани олганидан кейин, уч иш куни ичида жабрланувчи ҳамда тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс ўртасидаги бевосита алоқани бартараф этишга қаратилган ҳаракатларни амалга оширади.

Агар хавф ҳали бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг аризасига кўра кўпи билан бир йилгача муддатга жиноят ишлари бўйича суд томонидан узайтирилиши мумкин.

Ҳимоя ордерини бериш ёки ҳимоя ордерини беришни ёхуд узайтиришни рад этиш устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Ҳимоя ордери талабларининг ижроси устидан назорат ички ишлар органи томонидан амалга оширилади.

Ҳимоя ордерининг шакли ва уни бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.



23-1-модда. Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш

Тазйиқ ва зўравонлик ёки уларни содир этиш хавфи бартараф этилмаган тақдирда, тегишли ҳудудда тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга ошириш учун масъул бўлган ички ишлар органининг мансабдор шахси томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг аризасига кўра, бир иш куни ичида ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш бўйича материаллар тайёрланади ҳамда ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома расмийлаштирилган ҳолда жабрланувчининг яшаш жойидаги жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига юборилади.

Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома материаллар келиб тушган пайтдан эътиборан йигирма тўрт соат ичида ёпиқ суд мажлисида жабрланувчи ҳамда тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс ҳозирлигида кўриб чиқилади.

Илтимосномани судда кўришда адвокат иштирок этиши мумкин.

Жабрланувчининг ҳамда тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахснинг суд мажлисига келиши ички ишлар органи ходими кузатуви остида амалга оширилади.

Тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахснинг суд мажлисида узрсиз сабабларга кўра ҳозир бўлмаганлиги ишни кўриб чиқишга монелик қилмайди. Агар суд мазкур шахснинг судда ҳозир бўлишини шарт деб топса, суд уни мажбуран олиб келиш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.

Судья иш материаллари билан танишиб чиққанидан кейин ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида ёки ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш ҳақида қарор чиқаради.

Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарорда қуйидагилар кўрсатилади:

ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор қабул қилинган вақт ва жой ҳақидаги маълумотлар, қарорни қабул қилган суднинг номи, судьянинг, тарафларнинг, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳамда тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган санаси ва жойи, машғулотининг тури ҳамда яшаш жойи;

ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар;

тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга нисбатан қўлланилган, ушбу Қонуннинг 26-моддасида назарда тутилган чекловларнинг рўйхати.

Суднинг ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарори ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради ва ички ишлар органлари томонидан дарҳол ижро этилади.

Судья тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга қарор устидан шикоят қилиш тартиби ва муддатини, шунингдек ҳимоя ордери талабларини ҳамда уларни бажармаслик оқибатларини тушунтиради.

Қарорнинг кўчирма нусхаси тазйиқ ва зўравонликнинг якка тартибдаги профилактикасини амалга ошириш учун масъул бўлган ички ишлар органининг мансабдор шахсига, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига, шунингдек тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга дарҳол топширилади.

Агар улар суд мажлисига келмаган бўлса, қарорнинг кўчирма нусхаси бир сутка ичида почта орқали тарафларга юборилади.

Суднинг ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ёки ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантиришни рад этиш ҳақидаги қарори устидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи, тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс, агар ишда иштирок этган бўлса, уларнинг адвокати, қонуний вакили томонидан 72 соат ичида апелляция тартибида шикоят қилиниши мумкин.

Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиниши унинг ижро этилишини тўхтатиб турмайди.

Ҳимоя ордери талабларининг бажарилиши устидан назорат ички ишлар органи томонидан амалга оширилади.



24-модда. Ўн саккиз ёшга тўлмаган, тазйиқ ва зўравонликдан

жабрланувчиларга нисбатан ёки суд томонидан муомалага

лаёқатсиз деб топилган шахсларга нисбатан ҳимоя ордери


Ўн саккиз ёшга тўлмаган, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчилар, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларнинг қонуний вакили ёки васийлик ва ҳомийлик органи уларнинг номидан ҳимоя ордерини бериш ҳамда уни узайтириш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчилар ҳимоя ордерини олиш тўғрисидаги ариза билан шахсан мурожаат қилишга ҳақли.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига ҳимоя ордерини бериш ҳамда уни узайтириш тўғрисидаги ариза уларнинг қонуний вакили ёки васийлик ва ҳомийлик органининг вакили ҳозирлигида кўриб чиқилади.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга нисбатан ёки суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга нисбатан ҳимоя ордери уларнинг қонуний вакилига ёки васийлик ва ҳомийлик органига берилади.

Ҳимоя ордери берилганлиги ва узайтирилганлиги тўғрисидаги ахборот васийлик ва ҳомийлик органига, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига 24 соат ичида юборилади.



25-модда. Ҳимоя ордерининг мазмуни


Ҳимоя ордерида қуйидагилар кўрсатилади:

у расмийлаштирилган сана ва жой;

уни расмийлаштириш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар;

тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳамда тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган санаси ва жойи, касби ҳамда яшаш жойи;

ушбу Қонуннинг 26-моддасида назарда тутилган чекловларнинг рўйхати.

Ҳимоя ордерида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тўғрисидаги, тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлиги ҳақидаги маълумот кўрсатилади.



26-модда. Ҳимоя ордерида назарда тутилган чекловлар


Ҳимоя ордерида қуйидаги чекловлар назарда тутилиши мумкин:

тазйиқ ўтказишни ва зўравонлик содир этишни тақиқлаш;

тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган шахснинг тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчилар билан алоқасини тақиқлаш (иш жойларида ва таълим муассасаларида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахс билан билвосита алоқасига йўл қўйилади);

тазйиқ ўтказилган ва зўравонлик содир этилган тақдирда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳамда тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг бир хонада бирга бўлишини тақиқлаш;

тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг зиммасига тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчини даволаш, унга маслаҳат бериш, уни тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказга жойлаштириш учун харажатларнинг, етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш, шунингдек маънавий зиённи компенсация қилиш мажбуриятини юклатиш;

тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг қуролни (бундан хизмат қуроли мустасно) сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини ҳимоя ордерининг амал қилиши ёки унда кўрсатилган муддат даврида чеклаш ёхуд тақиқлаш, шунингдек қурол сотиб олиш учун рухсатнома олишга доир ҳуқуқини тақиқлаш.

Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини узайтириш масаласини ҳал қилишда, суд мазкур модданинг биринчи қисмида назарда тутилган чекловлардан ташқари қуйидаги чекловларни қўллашга ҳақли:

тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг муайян жойларга боришини тақиқлаш;

наркологик касалликдан амбулатория ёки стационар шароитларда даволаниш каби мажбуриятлардан бирини ёки бир нечтасини тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг зиммасига юклатиш;

тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг жабрланувчи яшайдиган уй-жой майдонидан ёки унинг бир қисмидан фойдаланиш, жабрланувчининг иш жойига ёки у жойлашган бошқа жойларга яқинлашиш ҳуқуқини вақтинчалик чеклаш.

Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати узайтирилган тақдирда ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган талаблардан ташқари, унга тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиши тўғрисидаги шарт мажбурий тартибда киритилади.

Агар ҳимоя ордерини бериш ва унинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш чоғида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида назарда тутилган жиноят белгилари аниқланса, ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш билан бир вақтда иш материаллари жиноий жавобгарликка тортиш масаласини ҳал қилиш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборилади.


27-модда. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга

ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказлар


Тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга иқтисодий, ҳуқуқий, ижтимоий, руҳий, тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказлар (бундан буён матнда махсус марказлар деб юритилади) ташкил этиши мумкин.



28-модда. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларни

махсус марказларга жойлаштириш


Зўравонлик факти мавжуд бўлган тақдирда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ёки унинг қонуний вакилининг бошпана бериш тўғрисидаги талаби бўйича тегишли ваколатли органлар ва ташкилотлар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларнинг махсус марказларга жойлаштирилишини таъминлайди. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг вояга етмаган болалари улар билан бирга махсус марказларга жойлаштирилиши мумкин.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчини махсус марказга жойлаштириш унинг хоҳишига кўра ўттиз кунгача бўлган муддатга амалга оширилади. Зарурат бўлган тақдирда бу муддат махсус марказнинг уставида белгиланган тартибда узайтирилади. Махсус марказга жойлаштириш муддати тугагач, агар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига нисбатан хавф мавжуд бўлса, махсус марказ маъмурияти бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши шарт.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи махсус марказга жойлаштирилган тақдирда, унинг иш жойи сақлаб қолинади.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг махсус марказда бўлиш вақти уни таълим муассасасидан машғулотларни ўтказиб юборганлиги муносабати билан чиқариш учун асос бўлмайди.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга, шунингдек уларнинг ўзи билан бирга махсус марказларга жойлаштирилган вояга етмаган болаларига ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар тазйиқ ўтказганликда ва зўравонлик содир этганликда айбдор деб топилган шахсдан ундирилиши мумкин.


29-модда. Зўравонлик содир этган шахснинг хулқ-атворини

тузатишга қаратилган тадбирлар


Зўравонлик такроран содир этилишининг олдини олиш ҳамда зўравонликдан жабрланганнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида шахснинг зўравонликка мойил хулқ-атворини ўзгартиришда унга руҳий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади.

Зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахс зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтади.

Зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахснинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



30-модда. Маълумотларнинг махфийлиги


Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига ёрдам кўрсатган шахсларга маълум бўлиб қолган барча шахсга доир маълумотлар шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик билан қўриқланади.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг шахсига доир маълумотлари ишониб топширилган ҳамда касбий, хизмат ёки меҳнат мажбуриятларини бажариши муносабати билан бу маълумотлар ўзига маълум бўлиб қолган, ушбу маълумотларни ошкор этишга йўл қўйган шахслар қонунда назарда тутилган жавобгарликка тортилади.



31-модда. Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан

ҳимоя қилиш чора-тадбирларини молиялаштириш

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш чора-тадбирларини молиялаштириш тегишли ваколатли органлар ҳамда ташкилотларнинг маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ажратмалари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.



32-модда. Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан

ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



33-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини,

моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.



34-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



35-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                         Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 3 сентябрь


"Халқ сўзи", 2019 йил 3 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 9 сентябрь, 36-сон, 653-модда

















































Время: 0.2180
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск